язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Соғликни сақлаш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.10.2018 й. ПҚ-3968-сон "Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

12.10.2018 й.

N ПҚ-3968



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ХАЛҚ ТАБОБАТИ СОҲАСИНИ ТАРТИБГА

СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фуқароларнинг замонавий тиббий хизматларга, дори-дармонлар билан таъминланишига бўлган имкониятларини кенгайтирди, шунингдек, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлиги яхшиланишига олиб келди.

Ўткир ва мураккаб касалликларни даволашда халқ табобати муҳим аҳамият касб этади, табибларнинг хизматларига аҳолининг турли қатламларида катта эҳтиёж сезилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳадаги вазиятнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, халқ табобати йўналишида кўрсатилаётган тиббий хизматларда назоратнинг етарли даражада эмаслиги, шунингдек, халқ табобатининг замонавий тиббиёт тизимида тутган мақоми ва роли хусусида қатор саволлар юзага келмоқда, хусусан:

биринчидан, халқ табобати хизматлари кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий база яратилмаган, табибларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқланмаган, халқ табобати усуллари билан даволовчи шахслар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва хавфсизлиги устидан давлат назорати амалга оширилмаяпти;

иккинчидан, халқ табобати усуллари билан тиббий ёрдам кўрсатувчиларнинг мижозлар соғлиғига зарар етказганлик учун масъулияти белгиланмаган, шунингдек, халқ табобати вакилларининг ҳуқуқларини асоссиз аралашувлардан ҳимоя қилиш кафолатланмаган;

учинчидан, касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашда замонавий тиббиёт билан халқ табобати ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва интеграцияни бошқаришнинг тартиб ва механизмлари мавжуд эмас;

тўртинчидан, халқ табобати вакиллари, уларнинг тажриба ва иш натижалари, улар кўрсатадиган хизмат турлари ҳақида ва бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи халқ табобати бўйича тизимлаштирилган ягона маълумотлар базаси мавжуд эмас.

Халқ табобати фаолиятини тартибга солиш, тўпланган тажриба ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ҳамда халқ табобатининг усуллари ва ютуқларидан самарали ва хавфсиз фойдаланиш учун шарт-шароит яратиш мақсадида:


1. Қуйидагилар белгилансин:

халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этилади;

халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда (тиббий таълим маълумоти мавжудлиги талаби бундан мустасно) амалга оширилади;

халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахслар ўз фаолиятининг натижалари бўйича тиббиёт ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳажмда жавобгар ҳисобланадилар;

тиббий хизмат кўрсатишга нисбатан қўйилган талаблар халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган шахсларга ҳам татбиқ этилади;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда тиббий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган талабларни, шунингдек, хизмат кўрсатиш ҳажми ва тартибини белгиловчи ваколатли орган ҳисобланади.


2. Халқ табобатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар эътироф этилсин:

халқ табобати соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш ва назорат қилишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ҳамда халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахсларнинг ҳуқуқий мақомини ва улар томонидан кўрсатилган хизматлар оқибати учун жавобгарлигини белгилаш;

халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва мутахассислар, уларнинг иш тажрибаси, кўрсатадиган хизмат турлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона маълумотлар базасини шакллантириш;

кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда аҳолига тиббий хизматдан фойдаланишда онгли равишда танлаш имкониятини яратиш учун халқ табобатининг кўп йиллик кўникмалари ҳамда амалиётда тасдиқланган ижобий ютуқларини замонавий тиббиётга интеграциялаш орқали унинг салоҳиятидан фойдаланиш;

халқ табобати соҳасида етакчи маҳаллий ва чет эл тиббиёт муассасалари ҳамда соғломлаштириш амалиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик қилиш асосида халқ табобати мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш.


3. Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришнинг устувор чора-тадбирлари дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Қ. Шодмонов - ушбу Дастурда назарда тутилган барча тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини тартибга солиш ва янада ривожлантириш бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов - ушбу қарор асосида вазирлик ва идораларга юклатилган вазифаларнинг самарали ва лозим даражада бажарилишини мувофиқлаштириш бўйича шахсан жавобгарлиги кўрсатиб ўтилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг:

республика тиббиёт олий ўқув юртларининг "Даволаш иши", "Педиатрия иши", "Тиббиёт-педагогика иши" бакалавриат йўналишларидаги ўқув дастурларига халқ табобати бўйича махсус ўқув циклини жорий этиш;

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида халқ табобати кафедраси ва "Халқ табобати" йўналиши бўйича малака ошириш курсини ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ҳафта муддатда Махсус комиссия таркибини шакллантирсин ва тасдиқласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига халқ табобатини ривожлантириш ва халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш фаолиятининг давлат томонидан тартибга солинишини таъминлаш доирасида:

халқ табобати мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув жараёнини ташкиллаштириш, шунингдек, ўзбек халқ табобатининг бой тарихий анъаналари ва ноёб меросини ўрганиш, халқ табобати йўналишларини тизимлаштиришда ташкилий ва услубий ёрдам бўйича чуқур илмий тадқиқотларни ташкил этиш;

бошқа мамлакатларнинг халқ табобатини ифодаловчи таниқли ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифалари юклансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) 2018 йил 15 ноябрга қадар:

давлат таълим стандартларининг талаблари асосида халқ табобати бўйича ўқув дастурини;

халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган биноларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин;

б) 2018 йил 1 декабрга қадар:

халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолиятни амалга оширишда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар, шу жумладан, тиббий техникага нисбатан минимал талабларни;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин;

в) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2018 йил охирига қадар халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва мутахассислар, уларнинг иш тажрибалари, хизмат кўрсатиш турлари, алоқа ва бошқа маълумотларни қамраб олган ягона маълумотлар базасини шакллантиришни, оммабоп фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтига жойлаштиришни, шунингдек, ушбу турдаги ташкилотлар фаолиятини лицензиялаш амалга оширилиши билан базани доимий равишда янгиланиб боришни таъминласин;

г) "Халқ табобати" йўналишини тиббий фаолият амалга ошириладиган тиббий ихтисосликлар турлари номенклатурасига киритсин;

д) икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Белгилансинки, мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад ва вазифаларини ёритиш бўйича мунтазам чиқишлар ҳамда мавзули кўрсатув ва эшиттиришларни ташкиллаштирсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 12 октябрдаги

ПҚ-3968-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини

ривожлантиришнинг устувор чора-тадбирлари

дастури

Т/р

Чора-тадбирлар

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. НОРМАТИВ БАЗАНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2014-2023 йилларда халқ табобати соҳаси стратегиясида назарда тутилган, ушбу ташкилотнинг тавсиялари асосида, шунингдек, ушбу йўналишда ривожланган давлатлар (Хитой, Корея, АҚШ, Россия ва бошқалар) тажрибаси асосида тайёрланган ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, жумладан:

маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимида халқ табобатининг ролини ошириш;

халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда хизмат кўрсатувчи хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

соғлиқни сақлаш тизимининг амбулатор ва стационар муассасаларида халқ табобати усулларини қўллаш билан касалликларни даволаш бўйича махсус бўлимлар ташкил этиш;

халқ табобати дори воситаларини сотиш билан шуғулланувчи дорихоналар тизимини ташкил этиш (ривожлантириш), халқ табобати соҳасида кадрлар тайёрлаш;

халқ табобатини янада оммалаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун шароит яратиш;

халқ табобатидан кенг фойдаланиладиган хорижий мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик қилиш.

Вазирлар Маҳкамаси билан

келишилган комплекс

чора-тадбирлар

2019 йил

1 февралгача

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(А. Шодмонов),

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палата (Р. Изамов),

ТИВ (А. Камилов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2.

Тиббий фаолиятни лицензиялаш учун назарда тутилган тартибда ҳалқ табобати усулларини қўллаш билан кўрсатиладиган хизмат фаолиятини лицензиялаш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 июндаги 405-сонли қарори билан тасдиқланган Тиббий фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

Вазирлар Маҳкамаси

қарори

2018 йил

1 декабргача

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(А. Шодмонов),

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р. Изамов),

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

3.

Ҳалқ табобати воситаларини реклама қилиш, шунингдек, ҳалқ табобати усулларини қўллаш бўйича фаолиятни ҳуқуқий тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Администрациясига таҳлилий маълумотнома киритиш.

Аниқ таклифлар билан

таҳлилий маълумотнома

2018 йил

1 декабргача

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(А. Шодмонов),

Давлат рақобат қўмитаси (Н. Шарипов)

4.

Халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда амалга ошириладиган хизматлар кўрсатувчи шахсларнинг фаолиятига баҳо бериш мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Идоравий ҳужжат

2018 йил

1 декабргача

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(А. Шодмонов),

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р. Изамов)

5.

Ўзбекистон Республикасида ҳалқ табобати соҳаси тартибга солиниши муносабати билан хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва касблар Классификаторига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

Идоравий меъёрий-ҳуқуқий

ҳужжат

2018 йил

1 ноябргача

Меҳнат вазирлиги (Ш. Кудбиев),

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)

II. ҲАЛҚ ТАБОБАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА

ОММАЛАШТИРИШНИНГ ТАШКИЛИЙ ЧОРАЛАРИ

6.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва бошқа идоралар, шу жумладан тиббиёт муассасалари ходимларини Хитой, Корея, Япония давлатларига халқ табобатини ривожлантириш ва рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш ҳамда дори воситалари билан таъминлаш бўйича тажрибасини чуқур ўрганиш учун таништирув сафарини ташкил этиш масаласини ишлаб чиқиш.

Сафар харажатлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси маблағлари, грантлар ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Ташкилий-амалий

чора-тадбирлар

2018 йил

охиригача

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(А. Шодмонов),

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р. Изамов),

Ташқи ишлар вазирлиги (А. Комилов)

7.

Тошкент шаҳрида чет эл экспертлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа тузилмалар вакиллари иштирокида "Ўзбекистон Республикасида ҳалқ табобатини ҳуқуқий тартибга солиш ва ривожлантириш истиқболлари" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш.

Ташкилий-амалий

чора-тадбирлар

2019 йил

1 февралгача

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(А. Шодмонов), Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р. Изамов), Ташқи ишлар вазирлиги (А. Комилов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

8.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожланлириш борасида Халқ табобати фаолиятини тартибга солиш бўйича малакали табиблар, профессионал шифокорлар, халқ табобати соҳасида изланишлар билан шуғулланувчи шахслар, ҳуқуқшунослар ва бошқа касб эгаларидан иборат бўлган Кенгашни ташкил этиш.

Соғлиқни сақлаш

вазирининг буйруғи

2018 йил

20 октябргача

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(А. Шодмонов),

Олий ва ўрта махсус таълимвазирлиги (И. Маджидов), ДБА (Р. Касимов)

9.

Халқ табобати усулларини қўллаш билан хизмат кўрсатувчиларнинг хизматларини илгари суриш, улар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида Ўзбекистон Халқ табобати ассоциацияси (жамияти)ни ташкил этиш масаласини муҳокама қилиш.

Ташкилий амалий

чора-тадбирлар

2018 йил

15 ноябргача

ЎзННТМА (И. Насриев),

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов),

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(А. Шодмонов),

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палата (Р. Изамов)

10.

Халқ табобати усулларини қўллаш билан касалликларни даволаш учун тавсия қилинадиган (ишлатиладиган), аниқ номдаги ўсимликлар, уларни парвариш қилиш ва ўстириш жойи, ўсимликлардан фойдаланиш ва бошқа зарур маълумотларни ўзида жамлаган миллий ўсимлик турлари тўғрисидаги маълумотлар базасини яратиш.

Ташкилий-амалий

чора-тадбирлар

I босқич - 2019 йил

1 январгача

II босқич - 2019 йил

1 майгача

III босқич - 2019 йил

1 октябргача

Фанлар академияси (Б. Юлдашев),

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(А. Шодмонов)

11.

Халқ табобати усулларини қўллаш билан касалликларни даволаш учун тавсия қилинадиган табиий ва ўсимлик доривор воситалари, халқ табобати воситалари тўғрисидаги маълумотлар базасини яратиш, шунингдек, уни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтида жойлаштириш.


Ташкилий-техник

чора-тадбирлар

2019 йил

1 мартгача

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(А. Шодмонов),

Фанлар академияси (Б. Юлдашев)

12.

Халқ табобати усулларини қўллаш орқали касалликларни даволаш ва унинг тарғиботи бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизими марказий телеканалларида доимий асосда ток-шоу (кўрсатувлар) ўтказишни ташкил этиш.

Ташкилий-техник

чора-тадбирлар

мунтазам

МТРК (А. Хаджаев),

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(А. Шодмонов)

13.

Ўзбек халқ табобатининг ноёб мероси ва бой тарихий анъаналарини ўрганишни акс эттирувчи электрон илмий изланишлар рўйхатини шакллантириш, шунингдек, ушбу рўйхатни изланишлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этиш.

Ташкилий-техник

чора-тадбирлар

2018 йил

15 ноябргача

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

ОАК (А. Юсупов),

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

(А. Шодмонов)

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 13 октябрь


"Халқ сўзи", 2018 йил 13 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 15 октябрь, 41-сон, 812-модда