язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қишлоқ хўжалиги/ "Ўзшаробсаноат" АЖнинг Узумчиликни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.10.2018 й 792-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 4 октябрдаги

792-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ўзшаробсаноат" АЖнинг Узумчиликни

ривожлантириш жамғармаси маблағларини

шакллантириш ва улардан фойдаланиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1..Мазкур Низом "Ўзшаробсаноат" АЖнинг Узумчиликни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2.. "Ўзшаробсаноат" АЖ таркибига кирувчи ташкилотлар (кейинги ўринда ташкилот деб аталади) томонидан узумчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни беғараз молиялаштириш Жамғармани ташкил этишнинг мақсади ҳисобланади.


3..Жамғарма юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил этилади ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган "Ўзшаробсаноат" АЖ ғазначилик шахсий ҳисобварағида жамланади ҳамда мазкур Низомда белгиланган тартиб асосида фойдаланилади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНИШИ ВА УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ


4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларининг манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси бюджетидан ҳар йили ажратиладиган беғараз субсидия маблағлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий давлат ташкилотларининг кредит (қарзлар) ва грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга ажратилади:

узум кўчатларини сотиб олиш ва уларни экишни ташкил этиш;

ирригация тадбирларини ўтказиш, шу жумладан далаларга сув етказиб бериш, томчилатиб суғориш ускуналарини сотиб олиш, артезиан қудуқларини, скважина ва сув сақлаш омбори (резервуарлар) яратиш, сув етказиб бериш учун насос ҳамда қувурларни сотиб олиш, сувни сақлаш учун сиғимлар сотиб олиш ва бошқалар;

шпалерлар, симлар ва тўсиқлар сотиб олиш;

электроэнергия ва бошқа ресурсларнинг автоном (трансформатор,газ тақсимловчи ва насос станциялари ва бошқалар) манбалари билан таъминлаш;

қишлоқ ҳўжалиги техникаси ва агрегатларини сотиб олиш;

узумнинг селекцион техник навларини яратиш;

"Ўзшаробсаноат" АЖ таркибидаги ташкилотларнинг узум плантацияларини ташкил этиш ва ривожлантириш учун олинган кредит ва заёмлар бўйича мажбуриятларини сўндириш.

Шунингдек, Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари доирасидаги узумчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришда ҳам фойдаланилиши мумкин.


6..Жамғармадан ажратилган маблағлардан қатъий равишда ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мақсадларда фойдаланилади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

БОШҚАРИШ


7..Жамғарма маблағларини бошқариш ва уларни тақсимлаш Жамғармани бошқариш кенгаши (кейинги ўринда Кенгаш деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Кенгашнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Жамғарма кенгашининг йиғилишини ўтказиш учун иштирокчилар сони Кенгаш аъзоларининг 50 фоизидан кам бўлмаслиги керак. Йиғилишда кўрилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий - кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарорлар баённома билан расмийлаштирилади.

Кенгаш йиғилиши режага асосан ҳар ойда ёки зарурият бўлганда ўтказилади.


8. Кенгаш:

ҳар йили 25 декабрга қадар Жамғарманинг кейинги йил учун даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мақсадларни Жамғарма томонидан молиялаштириш бўйича чора-тадбирлар рўйхатини белгилайди;

зарурият бўлганда Жамғарманинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма маблағларини мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари бўйича ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғармага хорижий кредитлар ва грантларни жалб этишда амалий ёрдам кўрсатади;

Жамғарманинг ташкил этилиши ва маблағлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бошқа ваколатларни амалга оширади.


9. Жамғарманинг ишчи органи - эксперт гуруҳи бўлиб, у Кенгаш томонидан тасдиқланади. Эксперт гуруҳи таркиби "Ўзшаробсаноат" АЖ ходимларидан шакллантирилади.


10. Эксперт гуруҳи:

узумчиликни ривожлантириш бўйича Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича ҳужжатларни қабул қилиб, таҳлил қилади ва Кенгаш кўриб чиқиши учун тақдим этади;

Жамғарманинг кейинги йил учун даромадлар ва харажатлар сметаси режа кўрсаткичларини ишлаб чиқади;

Жамғарма маблағларини тушуми миқдорини кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Жамғарма тушум манбалари ҳамда харажатларининг асосий йўналишлари ҳисобини олиб боради;

Жамғарма маблағлари мақсадли фойдаланишининг техник ва молиявий назоратини амалга оширади;

корхоналарда Жамғармадан олинган маблағларни ишлатилиши ва бажарилган ишлар бўйича ҳисоботни қабул қилади ва умумлаштиради;

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳар чоракда ҳисоботлар тайёрлайди ва Кенгашга тақдим этади.



4-БОБ. УЗУМЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

БЎЙИЧА ЛОЙИҲАЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ТАРТИБИ


11..Узумчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни Жамғарма ҳисобидан молиялаштирилиши мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган схема асосида амалга оширилади.


12. Жамғармадан маблағ олиш учун ташкилотлар "Ўзшаробсаноат" АЖга қуйидаги ҳужжатларни ёзма равишда ёки электрон шаклда тақдим этадилар:

маблағ ажратиш учун ариза, унда юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган манзили (почта адреси), банк филиалининг номи ва банкдаги ҳисобрақами кўрсатилган бўлиши лозим;

таъсис ҳужжатлари нусхаси (Устав ёки таъсис шартномаси) ва Давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

узумчиликни ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишда Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича акциядорлик жамияти акциядори ва таъсисчилари (Кузатув кенгаши, Бошқарув), Масъулияти чекланган жамиятлар таъсисчилари (пайчилар, иштирокчилар) розилиги тўғрисидаги умумий йиғилиш баённомаси;

узумчиликни ривожлантириш лойиҳасининг бизнес-режаси;

ташкилотнинг охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботи нусхаси, тўлиқ иловалари билан бирга;

хизмат кўрсатувчи банкдан барча ҳисобрақамларидаги пул маблағлари айланмаси, ҳисоб рақами ҳолати ва 2-сонли картотека мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотнома.

Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.


13..Жамғарма томонидан молиялаштириш масаласи, тақдим этилган лойиҳа қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ташкилотнинг ўз маблағлари ёки уларга тенглаштирилган бошқа молиялаштириш манбалари билан иштироки бўлган тақдирда кўриб чиқилади, Ўзбекистон Республикаси ва Вазирлар Маҳкамаси қарори ва топшириқлари доирасидаги лойиҳалар бундан мустасно.


14..Ташкилотнинг лойиҳадаги иштироки қуйидагилар билан таъминланиши лозим, агротехник тадбирларни молиялаштириш (жумладан ер ҳайдаш ва ерни экишга тайёрлаш, чизеллаш ва бошқалар), қишлоқ хўжалик техникалари учун ёнилғи-мойлаш материаллари сотиб олиш, минерал ўғит ва кимёвий воситалар сотиб олиш ва бошқа моддий активлар (кўчмас мулк, асбоб-ускуналар, пул маблағлари).


15..Жамғармадан лойиҳани молиялаштириш учун маблағ ажратиш ёки маблағ ажратишни рад этиш ҳақидаги қарор, ариза келиб тушган кундан бошлаб 15 кун муддатда қабул қилинади;


16..Ташкилотнинг Жамғармадан маблағ олиш учун тақдим этилган ҳужжатлари эксперт гуруҳининг масъул шахслари томонидан қабул қилинади ва мазкур Низомнинг 12-14-бандларида кўрсатилган талабларга мослиги текширилади.


17..Мазкур Низом талабларига мувофиқ бўлган ташкилот томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, эксперт гуруҳи томонидан 10 кун муддатда Кенгаш томонидан кўриб чиқилиши учун тақдим этилади.


18..Кенгаш Жамғармадан маблағ олиш учун ташкилот томонидан тақдим этилган ҳужжатларни 5 кун муддатда кўриб чиқади ва ушбу маблағларни ажратиш ёки ажратишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.


19.. Эксперт гуруҳи қабул қилинган қарор юзасидан ташкилотни 1 кун муддатда хабардор қилади.


20..Узумчиликни ривожлантириш лойиҳасини Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш бўйича Кенгаш томонидан қабул қилинган қарор асосида беғараз молиявий ёрдам ажратиш тўғрисидаги шартнома "Ўзшаробсаноат" АЖ ва ташкилот ўртасида 3 кун муддатда тузилади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИНГ

ҲИСОБИ, УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


21..Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш "Ўзшаробсаноат" АЖнинг бошқа маблағлари ҳисобидан алоҳида амалга оширилади.


22..Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси қонунчиликда белгиланган тартибда (тушум манбалари ва маблағларни фойдаланиш йўналишлари бўйича чораклар кесимида) тузилади.


23..Жамғарма томонидан ажратилган маблағлардан фойдаланилиши бўйича ва бажарилган ишлар ҳақида ташкилотлар "Ўзшаробсаноат" АЖга ҳисобот тақдим этади.


24..Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Жамғарма даромадлари ва харажатлари ҳақидаги ҳисоботлар ҳар чоракда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасидан, йил якунлари бўйича эса кейинги йилнинг 30 январидан кечиктирмаган ҳолда тақдим этилади.


25..Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари қайтариб олинмайди ва мазкур Низомда белгиланган тартибда кейинги йилда фойдаланиш учун қолдирилади.


26..Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молия назорати бош бошқармаси ва "Ўзшаробсаноат" АЖ билан биргаликда амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


27..Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



"Ўзшаробсаноат" АЖнинг Узумчиликни

ривожлантириш жамғармаси маблағларини

шакллантириш ва улардан фойдаланиш

СХЕМАСИ

    

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар


Бажариш муддатлари




1-босқич

"Ўзшаробсаноат" АЖ таркибига кирувчи ташкилотлар

1..Лойиҳани молиялаштириш масаласини кўриб чиқиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайдилар.


2..Эксперт гуруҳининг масъул шахсига ҳужжатларни тақдим этадилар.

Ихтиёрий тартибда, эҳтиёждан келиб чиқиб

2-босқич

Эксперт гуруҳи

Ташкилотлар мурожаати ва ҳужжатларини кўриб чиқиб Узумчиликни ривожлантириш жамғармасини бошқариш кенгашига қарор қабул қилиш учун тақдим этади.

10 кун муддатда

  

3-босқич

Узумчиликни ривожлантириш жамғармасини бошқариш кенгаши

Эксперт гуруҳи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни маблағ ажратиш ёки рад этиш бўйича қарор қабул қилиш учун кўриб чиқади.

5 кун муддатда

  

4-босқич


Эксперт гуруҳи

Узумчиликни ривожлантириш жамғармасини бошқариш кенгашининг қарори бўйича ташкилотларга хабар беради.

Баённома имзоланган кундан кейин 1 кун муддати


5-босқич

"Ўзшаробсаноат" АЖ ва Жамият таркибига кирувчи ташкилотлар

Узум плантацияларини ривожлантириш учун беғараз молиявий ёрдам ажратилиши тўғрисидаги шартномани тузади.

Бошқарув Кенгашининг ижобий қарори қабул қилинган кундан кейин 3 кун муддатда


6-босқич


"Ўзшаробсаноат" АЖ таркибига кирувчи ташкилотлар

1. Маблағларнинг узумчилик плантацияларини яратиш ва ривожлантириш учун қатъий равишда мақсадли ишлатилишини таъминлайдилар;


2. Лойиҳани ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун барча кучларни сафарбар этадилар.

Шартнома шартларига асосан


7-босқич

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат молия назорати бош бошқармаси, "Ўзшаробсаноат" АЖ

1..Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари бўйича ҳисоботларини ҳар чоракда қабул қиладилар.



2..Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари йиллик ҳисоботларини қабул қиладилар.

1. Ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмасдан.


2. Кейинги йилнинг30 январидан кечиктирмасдан.




8-босқич

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат молия назорати бош бошқармаси, "Ўзшаробсаноат" АЖ

Лойиҳаларнинг амалга оширилишини ва маблағларнинг мақсадли ишлатилишини ўрганадилар ва назорат қиладилар.

Доимий






  


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 октябрь