язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Таълим тўғрисида/ Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.10.2018 й. 816-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 10 октябрдаги

816-сон қарорига

1-ИЛОВА



Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун

хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини

шакллантириш, уларни харид қилиш ва

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш ва уларни харид қилиш тартиби ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ.ХОРИЖИЙ ЎҚУВ ВА ИЛМИЙ АДАБИЁТЛАР

РЎЙХАТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ, УЛАРНИ ХАРИД

ҚИЛИШ ВА ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


3. Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш вазифаси таянч олий таълим муассасалари томонидан тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ўқув режаларига киритилган фанлар бўйича қуйидаги тартибда босқичма-босқич амалга оширилади:

таянч олий таълим муассасасида хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш бўйича ректор бошчилигида комиссия ташкил этилади. Комиссия таркибига ўқув ва илмий ишлар бўйича проректорлар, тегишли факультет деканлари, кафедра мудирлари, ахборот-ресурс маркази раҳбари, олий таълим муассасасининг маҳаллий ва хорижий ҳамкор ташкилотларининг вакиллари ҳамда турдош олий таълим муассасалари мутахассислари киритилади;

комиссия томонидан муайян таълим йўналиши ёки мутахассислик ўқув режасига киритилган фанлар бўйича ўн кун муддатда профессор-ўқитувчилар таркибидан мутахассислар гуруҳлари белгиланади;

бир ой муддатда мутахассислар гуруҳлари мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда тегишли ўқув фанига оид замонавий, илғор назарий ва амалий билим, услубиёт, маълумот, илмий ва технологик янгиликларни ўз ичига олган хорижий ўқув ва илмий адабиётларни излаб топади ва аниқлайди;

фанлар бўйича мутахассислар гуруҳлари аниқлаган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар ўн беш кун муддатда комиссия томонидан жамланади, умумий рўйхатга киритилади ва белгиланган талабларга жавоб бериши таҳлил қилинади,зарур ҳолларда умумий рўйхатга ўзгартиришлар киритилади ва ректор томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказига (кейинги ўринларда Марказ деб аталади)белгиланган тартибда тақдим этилади;

Марказ таянч олий таълим муассасалари томонидан киритилган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатларини икки ой муддатда умумлаштиради, умумлаштирилган рўйхатда билим ва таълим соҳалари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг фанлари бўйича такрорланадиган хорижий адабиётларни аниқлайди, такрорланишларни тегишли олий таълим муассасалари билан келишилган ҳолда бартараф қилади, бир хил фанлар бўйича олий таълим муассасалари томонидан рўйхатга киритилган хорижий ўқув ва илмий адабиётларни тегишли олий таълим муассасалари билан келишилган ҳолда оптималлаштиради ва якуний умумлаштирилган рўйхатни ҳамда таянч олий таълим муассасаларидан Марказга тақдим этилган рўйхатларни белгиланган тартибда Вазирликка тақдим этади;

Вазирлик, Марказ томонидан тақдим этилган хорижий ўқув ва илмий адабиётларнинг умумлаштирилган рўйхатини икки ой муддатда тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.


4. Таянч олий таълим муассасаларида хорижий ўқув ва илмий адабиётларнинг умумий рўйхатини шакллантиришда унга фақат чет элдан марказлашган ҳолда харид қилиш зарур бўлган ўқув ва илмий адабиётлар киритилишини, интернет ва бошқа йўллар орқали олий таълим муассасаси томонидан харид қилинадиган, чет элдан якка тартибда олиб келинадиган,ҳомий ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар умумий рўйхатга киритилмаслигини таянч олий таълим муассасасининг комиссияси назорат қилади ва бунга масъул ҳисобланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхати тасдиқланган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда харид қилинади.


6. Хорижий ўқув ва илмий адабиётларни харид қилиш жараёнида улар тижорат мақсадларида ишлатилмаслиги, улардан фақат бакалавриат ва магистратуранинг ўқув жараёнида фойдаланилиши, шунинг учун уларнинг электрон нусхаларини яратиш, уларни ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларга қисман ёки тўлиқ таржима қилиш, электрон нусхада кўпайтириш, улар асосида миллий ўқув адабиётларини яратиш ва нашр қилиш тадбирлари тўловсиз амалга оширилиши хорижий ўқув ва илмий адабиётларни харид қилиш шартномаси шартларида алоҳида белгиланишига эътибор қаратилади.


7. Марказлашган тартибда харид қилиниб олиб келинган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар белгиланган тартибда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига жойлаштирилади.


8. Марказлашган тартибда харид қилинган хорижий ўқув ва илмий адабиётлардан фойдаланиш учун олий таълим муассасалари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига мурожаат қиладилар.


9. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига марказлашган тартибда келтирилган хорижий ўқув ва илмий адабиётлардан фойдаланиш бепул амалга оширилади.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси хорижий ўқув ва илмий адабиётларни харид қилиш шартномаси шартларидан келиб чиқиб, улардан фойдаланиш (таржима қилиш, электрон нусхаларини кўчириш, кўпайтириш, хорижий ўқув ва илмий адабиётлар асосида миллий ўқув адабиётларни яратиш) тартибини белгилайди.


10. Олий таълим муассасасининг раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, мутахассислари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан белгиланган меъёрлар ва берилган кўрсатмаларга тўлиқ амал қилган ҳолда хорижий ўқув ва илмий адабиётлардан белгиланган тартибда фойдаланади.



3-БОБ.ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


11. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Олий таълим муассасаларида фойдаланиш

учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар

рўйхатини шакллантириш ва уларни

харид қилиш тартибининг

СХЕМАСИ

         

Босқичлар

Тадбирлар

Маъсуллар

1-босқич

Таянч олий таълим муассасаларида комиссиялар ташкил қилиш

Таянч олий таълим муассасалари

2-босқич

Комиссиялар томонидан йўналишлар бўйича мутахассислар гуруҳларини белгилаш, хорижий ўқув ва илмий адабиётларни излаб топиш, рўйхатларини шакллантириш ва тасдиқлаш

Таянч олий таълим муассасалари



3-босқич

Таянч олий таълим муассасалари томонидан тасдиқланган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатларини Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказига тақдим этиш

Таянч олий таълим муассасалари

4-босқич

Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази томонидан хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатларини таҳлил қилиш, оптималлаштириш, умумлаштириш ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига киритиш

Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар

таълимини ривожлантириш маркази

5-босқич

Хорижий ўқув ва илмий адабиётларнинг умумлаштирилган рўйхатини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

6-босқич

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган хорижий ўқув ва илмий адабиётларни белгиланган тартибда харид қилиш

Вазирлар Маҳкамаси томонидан

белгиланган ташқи савдо ташкилоти

7-босқич

Марказлашган тартибда харид қилинган хорижий ўқув ва илмий адабиётларни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига жойлаштириш

Вазирлар Маҳкамаси томонидан

белгиланган ташқи савдо ташкилоти

Алишер Навоий номидаги

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 11 октябрь