язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Алоқа ва ахборот-коммуникацион технологиялар/ Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисида Низом (Ўзр ВМ 12.10.2018 й. 821-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 12 октябрдаги

821-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ахборот-коммуникация

технологияларини жорий қилиш ва

ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг

ҳудудий манзилли рўйхатларини шакллантириш

ва молиялаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом белгиланган тартибда тасдиқланадиган устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатлари доирасида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади:


устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхати - ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг ҳар йили ҳудудий кенгашлар томонидан тасдиқланадиган рўйхати;


лойиҳа - вақтинча ҳамда ресурслар чекланган шароитларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш соҳасида маҳсулот (товар, ишлар, хизматлар) яратишга йўналтирилган ўзаро боғланган тадбирлар комплекси ёки алоҳида тадбирлар;


лойиҳа ташаббускори - маҳаллий давлат ҳокимият органлари, вазирликлар ва идораларнинг мансуб ташкилотлари, шунингдек, ҳудудлардаги лойиҳани амалга оширишга инновацион таклифлар тақдим этган тадбиркорлик субъектлари (юридик шахслар);


лойиҳани бажарувчи - лойиҳа ташаббускори томонидан, белгиланган тартибда конкурс ва тендер савдоларини ўтказиш йўли билан аниқланадиган юридик шахс;


ишчи орган - устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритиш учун лойиҳалар рўйхатини шакллантирадиган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг тегишли ҳудудий бошқармаси.


3. Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхати ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ Схема бўйича шакллантирилади.



2-БОБ. ҲУДУДЛАРДА АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ

ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА

УСТУВОР ЛОЙИҲАЛАРНИНГ МАНЗИЛЛИ

РЎЙХАТЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

МАҚСАДЛАРИ ВА ТАРТИБИ


4. Қуйидагилар ҳудудларда устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш мақсадлари ҳисобланади:

ахборотлаштириш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатларини шакллантиришни молиялаштириш ёки лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган маблағларни самарали тақсимлаш ҳамда улардан фойдаланишни таъминлайдиган амалий механизмни жорий қилиш;

давлат органларининг манфаатлари йўлида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги энг муҳим ва устувор идоралараро лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;

"Электрон ҳукумат" тизимини шакллантириш соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ва юридик ҳамда жисмоний шахсларга кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари сифатини оширишни таъминлайдиган лойиҳаларни биринчи навбатда молиялаштириш;

лойиҳаларни шакллантиришда ва молиялаштиришда шаффофликни таъминлаш.


5. Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига қуйидаги йўналишлардаги лойиҳалар киритилади:

телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳолини сифатли мобил алоқа ҳамда Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни таъминлаш;

соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим, коммунал хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларида замонавий ахборот тизимларини, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларини жорий қилиш, шунингдек, "ақлли" ва "хавфсиз" шаҳарлар ва ҳудудларни ташкил қилиш;

давлат-хусусий шериклик асосида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, экспортга йўналтирилган дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш;

жойларда, айниқса, олис жойларда электрон давлат хизматларини тақдим этиш тизимини янада кенгайтириш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникацияларини қўллаш соҳасида аҳоли саводхонлигини ошириш;

почта алоқаси соҳасини ва почта алоқаси миллий оператори бўлган "Ўзбекистон почтаси" АЖ фаолиятини такомиллаштириш.


6. Лойиҳани устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритиш учун юридик шахс-ташаббускорнинг раҳбари томонидан имзоланган ва муҳри билан тасдиқланган лойиҳа паспорти Ишчи органга тақдим этилади. Лойиҳа паспорти:

лойиҳанинг мақсади ва вазифалари;

техник хусусиятини;

эришиладиган натижалар;

ташкилий тадбирлар кўлами ва самарадорлигини баҳолашни;

лойиҳани амалга ошириш учун зарур маблағларга бўлган эҳтиёж ва маблағ ҳажмини ўз ичига олади.


7. Ишчи орган лойиҳалар ташаббускорларининг тақдим этилган таклифлари асосида ҳудудий кенгаш мажлисларида кўриб чиқиш учун дастлабки рўйхатни тузади.


8. Қуйидагилар лойиҳанинг устуворлигини белгилашнинг асосий мезонлари ҳисобланади:

лойиҳанинг ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатига мувофиқлиги;

дастурий маҳсулотлар ва ахборот тизимлари соҳасидаги маҳаллий ишланмалардан фойдаланиш даражаси;

кутиладиган натижаларнинг аҳамиятлилиги ва самарадорлиги;

лойиҳанинг ижтимоий аҳамиятлилиги;

лойиҳанинг амалга оширишга тайёрлик даражаси (зарур инфратузилма, техник ҳужжатлар, техник ҳужжатлар бўйича ваколатли органлар эксперт хулосасининг мавжудлиги).


9. Аниқ бир лойиҳа, уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги, иқтисодий ва молиявий самарадорлиги, амалга ошириб бўлишлиги ва давлат органларининг манфаатлари йўлидаги вазифаларга мослиги асосида танлаб олинади.


10. Устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатини шакллантиришда йирик ва ўта муҳим лойиҳалар алоҳида киритилади, унча катта бўлмаган бир турдаги лойиҳалар бир бутун сифатида киритилиши мумкин (масалан, ахборот тизимлари комплексини яратиш, интерактив давлат хизматларини жорий қилиш).


11. Устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатлари ҳар йили ҳудудий кенгашлар қарорлари билан тасдиқланади ва тегишли ҳудудда мобил алоқа хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловдан тушадиган сумманинг 5 фоизигача бўлган миқдорда Жамғарма маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


12. Ҳудудий кенгашларнинг қарорлари лойиҳаларни Жамғарма томонидан белгиланган тартибда молиялаштириш учун асос ҳисобланади.


13. Марказлаштирилган ҳолда ишлаб чиқиладиган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ҳукуматининг тегишли қарорлари доирасида масъул вазирлик ва идоралар ҳисобидан амалга ошириш назарда тутиладиган лойиҳалар устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатлари доирасида қайта молиялаштирилмайди.


14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг баёнлари топшириқлари, қарорларида белгиланган вазифаларга мувофиқ ишчи орган йил давомида, истисно тариқасида, кўриб чиқиш ва кейинчалик ҳудудий кенгашга тасдиқлашга тақдим этиш мақсадида лойиҳаларни устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатига киритиш учун таклиф этиши мумкин.


15. Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун тегишли лойиҳа-техник ҳужжатлар ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади.


16. Жамғарма маблағларини тежаш мақсадида устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритиш назарда тутиладиган лойиҳалар марказлаштирилган ҳолда ишлаб чиқилиши мумкин.



3-БОБ. УСТУВОР ЛОЙИҲАЛАРНИНГ МАНЗИЛЛИ

РЎЙХАТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

МУДДАТЛАРИ


17. Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини шакллантириш жараёни лойиҳаларнинг янгиланган рўйхатини ҳар йил охирида тайёрлашни таъминлайдиган йиллик жараён бўлиб, ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ Схема бўйича амалга оширилади.


18. Ишчи орган ҳар йили 1 августгача маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг мансуб ташкилотларига ахборотлаштиришни ривожлантириш давлат сиёсатидан, "Электрон ҳукумат" тизимини ва интеграциялаштирилган ахборот тизимларини янада жорий қилиш доирасидаги вазифа ва мақсадли йўналишлардан келиб чиққан ҳолда устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатга киритиш учун таклифлар тайёрлаш юзасидан услубий кўрсатмалар юборади.


19. Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритиш учун таклифлар қуйидаги тартибда тайёрланади:

лойиҳа ташаббускорлари ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари асосида жорий йил 15 сентябргача кўриб чиқиш ва кейинчалик танлаш учун лойиҳаларни ишчи органга тақдим этади;

ишчи орган жорий йил 30 сентябргача лойиҳаларни кўриб чиқиш учун ҳудудий кенгашга тақдим этади;

ҳудудий кенгаш жорий йилнинг 20 октябридан кечиктирмасдан тақдим этилган лойиҳаларни ушбу Низомда белгиланган мезонлар асосида самарали танлаш мақсадида кўриб чиқади ва ўрганади.


20. Ҳудудий кенгашлар лойиҳаларни жамлагандан сўнг устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини жорий йилнинг 1 ноябридан кечиктирмасдан ушбу Низомга 2-иловада назарда тутилган намунавий шаклга мувофиқ тасдиқлайди.


21. Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатга бир йилдан ортиқ вақтдан буён амалга оширилаётган ва йиллар ва чораклар бўйича молиялаштириш даври аниқ кўрсатилган лойиҳалар киритилиши мумкин.



4-БОБ. УСТУВОР ЛОЙИҲАЛАРНИНГ МАНЗИЛЛИ

РЎЙХАТЛАРИНИ ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИ

ҲИСОБИДАН МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


22. Лойиҳалар ташаббускорлари ҳудудий кенгашлар томонидан ишчи орган белгиланган тартибда жалб қилинган ҳолда устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатлари тасдиқлангандан сўнг Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатлари доирасидаги янги лойиҳалар бўйича "Давлат харидлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига риоя этилган ҳолда харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширади.

Белгиланган тартибда амалга оширилган харид қилиш тартиб-таомиллари натижалари бўйича ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳалар ташаббускорлари, тизим интеграторлари ва/ёки товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилари ҳамда Жамғарма ўртасида устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун уч томонлама шартномалар тузилади.


23. Жамғарма томонидан устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини амалга оширишни молиялаштириш учун лойиҳа ташаббускорининг буюртманомалари бўйича лойиҳа ташаббускори, лойиҳа ижрочиси ва Жамғарма ўртасида имзоланган уч томонлама шартнома асосида маблағлар ажратилади.


24. Лойиҳалар Жамғарма маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга ошириш юзасидан белгиланган тартибда тасдиқланган жадваллар ҳамда бажарилган ишлар далолатномалари асосида босқичма-босқич молиялаштирилади.


25. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг бажарилган ишларнинг якуний далолатномасини имзолаш учун лойиҳа ташаббускори ва ишчи орган мутахассислардан таркиб топадиган қабул қилиш комиссияси ташкил этилади.


26. Қабул қилиш комиссияси бажарилган лойиҳанинг техник топшириқ, лойиҳа-техник ҳужжатлар ва белгиланган вазифаларга мувофиқлиги бўйича хулосани, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган, харид қилинган ва жорий этилган аппарат-дастурий комплекслар ҳамда дастурий маҳсулотларни қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузади.

Устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритилган ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан лойиҳалар доирасида ишлаб чиқилган, харид қилинган ва жорий этилган аппарат-дастурий комплекслар ва дастурий маҳсулотлар агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача белгиланган бўлмаса, лойиҳалар ташаббускорларига берилади.

Лойиҳалар ташаббускорлари агар қонун ҳужжатларида бошқача белгиланмаган бўлса, устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатлари доирасида реализация қилинган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини кейинчалик кузатиб бориш ва янада қўллаб-қувватлашни таъминлайди.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27. Ишчи орган бажарилган лойиҳалар доирасида жорий этилган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини кейинчалик кузатиб бориш ҳамда қўллаб-қувватлаш ҳолати мониторингини юритади.


28. Мониторинг натижаларидан ҳудудий кенгашга лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва лойиҳадан кейинги мониторинг тўғрисида ҳар чоракда ҳисоботлар тайёрлашда фойдаланилади.


29. Лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли шакллантирилиши ҳамда ҳудудий кенгашга киритилиши учун ишчи орган жавоб беради.


30. Лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланиш, шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш доирасида яратилган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини кейинчалик кузатиб бориш ва қўллаб-қувватлаш, тайёрланадиган лойиҳалар (лойиҳалар гуруҳи) бўйича ахборотнинг ишончлилиги учун лойиҳа ташаббускорлари масъулдир.






Низомга

1-ИЛОВА



Ахборот-коммуникация технологияларини

жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор

лойиҳаларнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш

СХЕМАСИ

    

Босқичлар

Маъсуллар

Тадбирлар

Муддат


1-босқич

Ишчи орган

Ишчи орган маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, вазирлик ва идораларнинг идоравий мансуб ташкилотларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритиш учун таклифларни тайёрлаш юзасидан услубий кўрсатмаларни (кейинги ўринларда манзилли рўйхат деб аталади) юборади.

Ҳар йили

1 августгача

2-босқич

Лойиҳа ташаббускорлари

Лойиҳа ташаббускорлари лойиҳаларни кўриб чиқиш ва танлаб олиш учун Ишчи органга киритади.

15 сентябргача

3-босқич

Ишчи орган

Ишчи орган лойиҳаларни ҳудудий кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим этади.

30 сентябргача

4-босқич

Ҳудудий кенгаш

Ҳудудий кенгаш тақдим этилган лойиҳаларни манзилли рўйхатга киритиш учун мезонлар асосида самарали танлаш мақсадида кўриб чиқади ва ўрганади.

20 октябргача

5-босқич

Ҳудудий кенгаш

Манзилли рўйхат лойиҳаси ҳудудий кенгашларнинг баёнлар қарорлари билан тасдиқланади.

1 ноябргача





Низомга

2-ИЛОВА



Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини

ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг

________ йил__________________________ учун

НАМУНАВИЙ МАНЗИЛЛИ РЎЙХАТИ

   

N

Лойиҳа номи

Амалга ошириш шакли

Амалга ошириш муддатлари

Лойиҳа суммаси (млн.сум)

Молиялаштириш манбаи

Бажарувчилар*

I. Телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш











II. "Электрон ҳукумат" тизимини янада жорий этиш ва замонавий ахборот тизимлари,

дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларини яратиш











III. "Хавфсиз шаҳар" комплексини жорий қилиш ва

ахборот хавфсизлигини таъминлаш тадбирлари











IV. Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрларни тайёрлаш

ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш











    

Изоҳ:


*) улар белгилаб берилган ҳолларда



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 15 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 15 октябрь, 41-сон, 813-модда