язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Вазирликлар, қўмиталар фаолиятини ва таркибини тартибга солиш / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.10.2018 й. 832-сон "Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар инновация марказини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.10.2018 й.

N 832



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ВАЗИРЛИГИ

ҲУЗУРИДА ЁШЛАР ИННОВАЦИЯ МАРКАЗИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастурини бажариш доирасида Фарғона водийси вилоятларининг иқтисодий, инвестицион ва тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Автомобилсозлик, энергетика, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари саноати, аграр соҳада инновацион технологиялар қўлланиладиган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, олимлар ва тадбиркорларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Фарғона водийси вилоятларининг саноати ва иқтисодиётининг бошқа тармоқлари рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлигининг Фарғона шаҳрида давлат унитар корхонаси шаклида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар инновация марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Фарғона вилоятининг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг талабалари, ёш олимлари ва ўқитувчиларига инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш учун замонавий илмий ва лаборатория асбоб-ускуналари, ахборот-коммуникация технология воситалари билан жиҳозланган технологик ва ишлаб чиқариш майдончаларини тақдим этиш йўли билан уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён этиш учун шарт-шароитлар яратиш;

олий таълим ва илмий муассасалар, тадбиркорлик субъектлари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида инновацион ғоялар ва лойиҳалар, маҳсулотлар ва технологияларнинг истиқболли турларини ишлаб чиқишда ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари ривожланишини мувофиқлаштириш;

илмий ва лаборатория тадқиқотлари олиб бориш, тажриба намуналарини, саноат маҳсулотларининг прототипларини ишлаб чиқиш ва уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш, шунингдек, инновацион фаолият натижаларининг трансфери ва тижоратлаштирилиши, стартап лойиҳаларни амалга ошириш, саноат даражасида уларни тўлақонли жорий этишда амалий ёрдам кўрсатиш йўли билан ёшлар, олимлар ва ўқитувчиларни иқтисодиёт соҳалари ва корхоналарнинг илмий-техник муаммоларини ҳал этишга жалб қилиш;

Марказ тузилмасида ташкил этиладиган коворкинг-марказда ёшлар, олимлар ва тадбиркорларга маслаҳат, молиявий, бухгалтерия хизматлари ва бошқа хизматлар, шунингдек, бизнес-акселератор хизматлари кўрсатиш, ахборот-коммуникация воситалари ва Интернет тармоғига кириш билан таъминлаш;

халқаро ва маҳаллий даражада эътироф этилган компаниялар, ташкилотлар, олимлар ва мутахассислар иштирокида инновациялар соҳасида маҳорат дарслари, тренинглар ва малака ошириш курслари, шунингдек, долзарб илмий-инновацион йўналишлар бўйича илмий-амалий конференциялар ва семинарлар, танловлар ўтказиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги "Ёшлар инновация маркази" давлат унитар корхонасининг тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Марказ директорига Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишган ҳолда ходимларнинг умумий белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида Марказ тузилмасига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

Белгилансинки:

Марказ илмий ва раҳбар ходимларининг лавозим маошлари бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг давлат илмий-техник дастурларини амалга оширишда иштирок этувчи илмий муассасаларнинг илмий ва раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошига, бошқа ходимларнинг лавозим маошлари эса - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган лавозим маошларига тенглаштирилади;

Марказ директори Инновацион ривожланиш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


4. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Инновацион ғоялар ва лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш жамғармасининг маблағлари;

Марказ томонидан шартнома асосида бажарилган ишлар (товарлар, хизматлар)дан тушумлар;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича илмий-техник лойиҳаларни амалга оширишга ажратиладиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги уч ой муддатда Марказ Уставини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек, унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


6. Марказда юридик шахсни ташкил этмасдан Ишлаб чиқаришга инновацион ғоялар ва лойиҳаларни жорий этиш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этилсин, қуйидагилар уни шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

2018 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган 5 млрд сўм миқдоридаги ва Фарғона вилояти маҳаллий бюджетининг 5 млрд сўм миқдоридаги маблағлари;

Инновацион ривожланиш ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Кузатув кенгаши қарорлари билан белгиланадиган миқдорларда Инновацион ривожланиш ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан инновацион лойиҳаларни молиялаштиришга ажратиладиган маблағлар;

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги олий таълим муассасаларининг инновация жамғармаларига йиллик тушумларнинг 10 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг хўжалик бошқаруви органлари ва давлат корхоналарининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар;

Марказ кўмагида яратилган инновацион маҳсулотлар ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, шунингдек, Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан тушган даромад;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, халқаро молия институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Қуйидагилар Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлар этиб белгилансин:

инновацион лойиҳалар ва стартапларнинг амалга оширилишини молиялаштириш, шу жумладан, техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқиш, асбоб-ускуна, хомашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни сотиб олиш, тажриба намуналари, саноат маҳсулотларининг прототипларини ишлаб чиқиш;

Марказни замонавий илмий ва лаборатория ускуналари, ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш, Марказда лаборатория тадқиқотларини ўтказиш учун лаборатория жиҳозлари, реактивлар ва бошқа сарфлаш материалларини сотиб олиш;

Марказ кутубхонасини шакллантириш ва уни халқаро ва маҳаллий илмий-техник адабиётлар билан тўлдириш, шунингдек, инновациялар соҳасида илмий-амалий конференциялар, семинарлар, танловлар ўтказиш.


8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг буюртмалари асосида Жамғарма маблағларини шакллантириш ва Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотларининг имтиёзли заёмлари, грантлари ҳамда техник кўмаклашиш воситаларини жалб қилиш масалаларини ишлаб чиқсин.


9. Фарғона шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Марказни Фарғона вилояти, Фарғона кўчаси, 84-уй (кейинги ўринларда объект деб аталади) манзили бўйича жойлашган Қиргули қурилиш-саноат касб-ҳунар коллежи биносининг бир қисмида (477,4 кв м) ижара тўловининг "ноль" ставкасида жойлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


10. Объектни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва Марказни лаборатория асбоб-ускуналари, мебель, инвентарь, компьютер ва бошқа ташкилий техника билан жиҳозлаш доирасида:

а) Фарғона вилояти ҳокимияти ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси - буюртмачи;

танлов (тендер) савдолари натижалари бўйича белгиланган тартибда аниқланадиган ташкилотлар - бош лойиҳалаштирувчи ва пудратчи ташкилотлар;

б) қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари - Марказ объектини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича ишларни;

Инновацион ғоялар ва лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш жамғармаси маблағлари - Марказ фаолиятини бошлаш учун уни лаборатория асбоб-ускуналари, мебель, инвентарь, компьютер ва ташкилий техника билан жиҳозлаш бўйича харажатларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.


11. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги объект бўйича қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши сифати устидан белгиланган тартибда архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

Буюртмачи бош лойиҳа ташкилоти билан биргаликда лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда ва муддатларда ишлаб чиқилишини, кўриб чиқилишини ва уларнинг ваколатли экспертиза органларида келишилишини таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказнинг буюртмалари бўйича унинг белгиланган тартибда юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини ҳамда уни зарур телефон алоқаси билан таъминласин.


13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва Марказ фаолияти аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида кенг ёритилишини таъминласин.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмурадов ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                        А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 17 октябрдаги

832-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш

вазирлиги ҳузуридаги "Ёшлар инновация маркази"

давлат унитар корхонасининг

ТУЗИЛМАСИ

            


















Директор






































































































Олий таълим муассасалари

аро илмий-тадқиқот

лабораторияси

3


Инновацион ғоялар ва

лойиҳаларни ишлаб

чиқаришга жорий этиш

жамғармаси

2



Архитектура-лойиҳа

бюроси

3


Коворкинг-марказ

4


Ахборот-технология

маркази

3














         

Марказ ходимларининг умумий сони (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) - 16 киши.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 19 октябрь