ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Паспорт ва виза тизими /

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.10.2018 й. 845-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 22 октябрдаги

845-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий

яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича

рўйхатга олиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси фуқароларини (кейинги ўринларда - фуқаролар) Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятларда (кейинги ўринларда - вилоятлар) (Тошкент вилоятидан ташқари) доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланади.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


васийлик - ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни таъминлаш, уларга тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли;


даволаш муассасалари - санаторийлар, даволаш пансионатлари, давлат тасарруфидаги ва хусусий клиникалар, шифохоналар, касалхоналар ва бошқа тиббий муассасалар;


жойлаштириш воситалари - меҳмонхоналар, апартотеллар, апартаментлар комплекси (резиденция), спа-меҳмонхоналар, бутик-отеллар, мотеллар, туристик лагерлар, дам олиш уйлари ва зоналари, туристик қишлоқлар, кемпинглар, санаторийлар, пансионатлар, дам олиш зоналари ва уйлари (марказлари), туризм ва спорт базалари, палаткали (кемпинг) лагерлар ва комплекслар, оилавий меҳмон уйлари, ўтов ва палаткали лагерлар ва бошқа объектлар, шунингдек, тунаш учун қайта жиҳозланган ер усти автотранспортлари;


ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари - чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (чақирилувчилар учун), ҳарбий гувоҳнома ва захирадаги офицернинг гувоҳномаси (ҳарбий хизматга мажбурлар учун);


ҳомийлик - ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек, суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни таъминлаш, уларга тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли;


ЯИДХП - Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали;


"E-mehmon" дастури - меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларида яшовчиларни ҳисобга олишнинг махсус электрон автоматлаштирилган дастури.


3. Фуқаролар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш жойлари ва (ёки) вақтинча турган жойлари бўйича рўйхатга олинишлари шарт.

Агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинмаганлиги фуқарога хизмат кўрсатишни рад этиш учун асос деб ҳисобланиши мумкин эмас.

Фуқаролар янги яшаш жойига келган кундан эътиборан ўн беш кун ичида ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (кейинги ўринларда - МваФРБ), Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтишлари шарт.

Туғилган бола Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (кейинги ўринларда - ФҲДЁ) томонидан унга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзилига идоралараро электрон ҳамкорлик орқали маълумотларни киритиш йўли билан доимий рўйхатга олинади.

Ўн олти ёшга тўлмаган фуқаро ота-онаси ёки васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси доимий рўйхатга олинган манзилдга доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниши шарт.


3-1. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар тўғрисидаги маълумотлар "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ушбу Низомга 7-иловага мувофиқ шаклдаги сўровнома тўлдирилиб, "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими орқали МваФРБга юборилади.

Бунда МваФРБ вақтинча рўйхатдан ўтказиш бўйича келиб тушган қарор юзасидан бир иш куни ичида ушбу Низомга 8-иловага мувофиқ фуқарони вақтинча турар жойга рўйхатга қўйиш тўғрисидаги QR-код билан ҳимояланган қайд варағини "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими орқали "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларига тақдим этади.

4. Фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш, доимий рўйхатга олинганликни бекор қилиш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш хизматлари уларга қулай бўлган МваФРБ, Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали амалга оширилади ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, аҳоли миграциясини ҳисобга олиш мақсадида фуқаронинг вилоят ҳудудининг муайян жойида яшаш ёки вақтинча бўлиш ҳолатини аниқлашни назарда тутади.


5. Давлат хизматларини кўрсатиш учун давлат божи "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган миқдорларда ундирилади.

Давлат божи суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи - тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига:

қолган маблағлар - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобига ўтказилади;

б) МваФРБга ўзи келиб мурожаат этганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади;

қолган маблағлар - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобига ўтказилади;

в) Давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, тўланадиган сумманинг 90 фоизи миқдорида ундирилади.

ЯИДХП орқали мурожаат этганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади;

11,25 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади;

қолган маблағлар - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобига ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда ва ходимларни рағбатлантиришда фойдаланилади.



2-БОБ. ФУҚАРОЛАРНИ ДОИМИЙ ЯШАШ ЖОЙИ

БЎЙИЧА РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАРТИБИ


6. Фуқаролар доимий рўйхатга ўтишни расмийлаштириш учун ўзларига қулай бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) МваФРБга ёки Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари ёхуд ЯИДХПдан фойдаланишлари мумкин.

Фуқаро вилоятларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши учун Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) МваФРБга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ мулкдор аризаси ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан бориш имкони мавжуд бўлмаса;

доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга (кейинги ўринларда - доимий рўйхат) олинаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти (кейинги ўринларда - паспорт) ёки идентификация ID-картаси, ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари ёхуд Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари контракт бўйича ҳарбий хизматчисининг шахсий гувоҳномаси (казармалар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);

никоҳ тузилганлиги ёки болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар, шунингдек, васийликни (ҳомийликни) тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишув.


7. Вояга етмаганлар доимий рўйхатга олинган, бироқ "Манзил" тизимига киритилмаган ҳолларда, ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжат асосида янги яшаш жойидаги МваФРБ томонидан "Манзил" тизимига киритилади.

Доимий рўйхатга олинаётган вояга етмаганлар аввалги яшаш жойи бўйича МваФРБнинг доимий рўйхатга олинмаганлиги тўғрисидаги электрон маълумотномаси асосида рўйхатга олинади.


8. Тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ҳақиқийлиги текширилиб, шу куннинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) МваФРБ ва Давлат хизматлари маркази масъул ходими томонидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ доимий рўйхатга олишни расмийлаштириш юзасидан электрон сўровнома шакллантирилади.

Фуқаронинг сўровига кўра доимий рўйхатга олиш расмийлаштирилганда, ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ QR-CODE билан ҳимояланган қайд варағи тақдим этилади ёки ариза берувчининг электрон манзилига юборилиб, шу куннинг ўзида ариза берувчи бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилинади.


9. Мулкдор ўз оила аъзоларини ва бошқа шахсларни доимий рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга.

Қуйидаги фуқароларни доимий рўйхатга олишда, Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексида белгиланган бир киши учун турар жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидалар қўлланилмайди:

эр-хотин - бир-бирининг доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига;

ота-оналар, фарзандлар - бир-бирининг доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига;

бобо-буви, неваралар - бир-бирининг доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига;

васийликдаги (ҳомийликдаги) ҳамда оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар - васий (ҳомий), тутинган ота ёки она доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига;

вояга етмаган, ота-онаси бўлмаган туғишган ака-укалар,

опа-сингиллар, шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз туғишган ака-укалар,

опа-сингиллар, агар уларнинг ўз оилалари бўлмаса, ёшидан қатъи назар, акаси, укаси, опаси, синглисининг рўйхатга олинган уй-жой майдонига;

доимий рўйхатга олинган туғишган ака-укалар, опа-сингиллар - бир-бирининг доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига;

илгари мазкур аҳоли пунктида яшаган, меҳнат шартномаси билан ишлаш учун вақтинча бошқа жойга кетган шахслар, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ вақтинча бошқа жойга кетганда, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақлаб қолинадиган фуқаролар - олдинги истиқомат жойига ёки қариндошларининг уй-жой майдонига;

озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахслар - олдинги истиқомат жойига, ўз оила аъзоларининг, қариндошлари ёки ҳукм қилингунга қадар яшаб турган бошқа шахсларнинг уй-жой майдонига;

муддатли ҳарбий хизмат тугагандан сўнг Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ҳарбий хизматчилар - олдинги истиқомат жойига, ота-онаси ёки бошқа қариндошларининг уй-жой майдонига.


10. Тарбиялаш, даволаш ва бошқа муассасалардаги етим болалар, ота-оналарининг қаровисиз қолган болалар, шунингдек, қариялар уйларидаги шахслар кўрсатиб ўтилган муассасалар томонидан берилган турар жой майдонига доимий рўйхатга олинади.


11. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган фуқарога тегишли бўлган уй-жой майдонига доимий рўйхатга олиш учун унинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ нотариал тартибда тасдиқланган розилиги талаб этилади.

Фуқаро "Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида"ги Конвенцияга (Минск, 1993 йил 22 январь) ҳамда "Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида"ги Конвенцияга (Кишинев, 2002 йил 7 октябрь) аъзо давлатлар ҳудудида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи икки томонлама халқаро шартнома тузилган давлатлар ҳудудида бўлган тақдирда, унинг розилиги тегишли давлат қонунчилигига мувофиқ тасдиқланиши мумкин.

Фуқаро Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенцияга (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) аъзо давлат ҳудудида бўлганда, унинг розилиги ушбу Конвенция талабларига мувофиқ апостиль белгиси орқали тасдиқланиши мумкин.


12. Доимий рўйхатга олиш учун мулкдор ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ шаклдаги сўровнома электрон шаклда тўлдирилади.

Сўровнома қуйидаги ҳужжатларга асосан тўлдирилади:

мулкдор ва доимий рўйхатга олинаётган фуқаронинг паспорти, идентификация ID-картаси ёки ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари ёхуд Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари контракт бўйича ҳарбий хизматчисининг шахсий гувоҳномаси (Ф.И.О., туғилган санаси ва вақти, ҳужжат серияси ва рақами) ўн олти ёшга тўлмаган шахслар учун - туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки идентификация ID-картаси;

ЯИДХП орқали хизмат кўрсатилганда, зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг мулкдор уни ўзининг электрон рақамли имзоси билан ёки Мобил-ID тизими орқали тасдиқлайди.

Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали хизмат кўрсатилганда, ваколатли орган томонидан зарур бўлган маълумотлар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали олинади.


13. Доимий рўйхатга олиш мазкур Низомга 4 ва 5-иловаларга мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


14. Тақдим этилган ҳужжатларнинг ва сўровномадаги маълумотларнинг тўлиқ бўлмаслиги, уларда нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, доимий рўйхатга олиш учун давлат божи тўламаслик доимий рўйхатга олишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Доимий рўйхатга олишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

Доимий рўйхатга олишнинг рад этилиши юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.



3-БОБ. ДОИМИЙ РЎЙХАТГА ОЛИНГАНЛИКНИ

БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


15. Фуқаронинг доимий рўйхатга олинганлиги қуйидаги ҳолларда МваФРБ томонидан бекор қилинади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бир манзилдан бошқа манзилга доимий рўйхатга олинганда;

мулкдорнинг аризасига кўра - турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки мулкдор билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахслар (ушбу шахсларнинг уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи суд томонидан белгиланган ҳолатлар ёки тарафлар ўртасида бошқача келишув мавжуд бўлган ҳолатлар бундан мустасно) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексида белгиланган бир киши учун турар жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидалар асосида доимий рўйхатга олинган фуқаролар;

мулкдор ўзгарганда, унинг аризаси ва уй-жойга эгалик қилишни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида;

суднинг фуқарони уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, шахсни бедарак йўқолган деб топиш ва кўчириш ҳақидаги қарори асосида;

фуқаро қонунда белгиланган тартибда хорижга доимий яшашга кетганда;

сохта ҳужжатлар ёки ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган ҳужжатлар асосида доимий рўйхатга олинганлиги аниқланганда - суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми асосида;

умрбод озодликдан маҳрум қилинганда - суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми асосида;

вафот этганда - ФҲДЁ органининг ўлим ҳақидаги гувоҳномаси ёки маълумотномаси асосида.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг доимий рўйхатини бекор қилиш маҳкумнинг ишончномаси асосида ёки уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотганлик ҳақидаги суд қарорига мувофиқ амалга оширилади.


16. Мулкдор (мулкдорлар) фуқаронинг доимий рўйхатга олинганлигини бекор қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) МваФРБга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

мулкдор (мулкдорлар)нинг ёки қонунда белгиланган тартибда хорижга доимий яшашга кетган шахснинг эркин тарзда ёзилган аризаси ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан бориш имкони мавжуд бўлмаса;

уй-жойга эгалик қилишини тасдиқловчи ва ушбу Низомнинг 16-бандига асосан рўйхатга олишни бекор қилиш учун асос ҳисобланадиган ҳужжат.

Фуқаро хорижга доимий яшашга кетаётганда, фуқародан қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган ўз ота-онасининг ва турмуш ўртоғининг (биргаликда чиқиш ҳолатлари бундан мустасно), шунингдек, агар биргаликдаги никоҳдан вояга етмаган болалари бўлса, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган собиқ турмуш ўртоғининг нотариал тасдиқланган розилиги, улар вафот этган ёки бедарак йўқолган ҳолларда эса - вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг ёки суднинг шахсни бедарак йўқолган деб эътироф этиш ҳақидаги қарорининг нотариал тасдиқланган нусхаси талаб этилади.

Доимий яшаш мақсадида хорижга чиқиш учун мурожаат қилган фуқаро ёзма равишда огоҳлантирилади.

Фуқаронинг доимий рўйхатга олинганлиги ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг бир кун ичида бекор қилинади.


17. Қуйидаги маълумотлар идоралараро маълумот алмашиш тизими орқали олинади (агар улар тизимда мавжуд бўлса):

туғилганлик, никоҳ тузилганлиги ёки ажрашганлик, ўлим тўғрисидаги гувоҳномалар - "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизимидан;

уй-жой ва фуқаро ҳақидаги маълумотлар - кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри базасидан;

васийлик ва ҳомийликни ҳамда патронатни тасдиқловчи маълумотлар - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг электрон базасидан.


18. Доимий рўйхатга олиш ва доимий рўйхатга олинганликни бекор қилиш учун асос бўлган ҳужжатлар номенклатура бўйича йиғмажилдларга тикилади ҳамда МваФРБда беш йил давомида сақланади.


19. Доимий рўйхатга олишни бекор қилиш рад этилган тақдирда, фуқарога шу куннинг ўзида асослантирилган жавоб хати берилади.


20. Фуқаронинг паспортида мавжуд бўлган олдинги яшаш манзили бўйича доимий рўйхатга олинганлиги мазкур Низомга 6-иловага мувофиқ штамп асосида бекор қилинади.



4-БОБ. ФУҚАРОЛАРНИ ВАҚТИНЧА ТУРГАН

ЖОЙИ БЎЙИЧА РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАРТИБИ


21. Фуқарони вилоятларда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга (кейинги ўринларда - вақтинча рўйхат) олиш фуқаронинг доимий рўйхатини бекор қилмаган ҳолда, мулкдорнинг аризасида ёки солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномасида кўрсатилган, бироқ бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Доимий рўйхатга олинмаганлик вақтинча рўйхатга олишни рад этиш учун асос ҳисобланмайди.


22. Вилоятлардаги жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларига келган фуқарони вақтинча рўйхатга олиш ушбу муассасаларнинг маъмурияти томонидан шу куннинг ўзида бу ерда бўлиш муддатидан ва келишининг даврийлигидан қатъи назар, шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосида "E-mehmon" автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш орқали амалга оширилади.


23. Вилоятларда вақтинча рўйхатдан ўтиш учун фуқаро келган кунидан бошлаб ўн беш кун муддатда хоҳишига кўра, ўзига қулай манзилдаги МваФРБга ёки Давлат хизматлари марказларига ёки ЯИДХП орқали мустақил равишда ҳисобга туриш учун мурожаат қилиши мумкин.


24. Вақтинча рўйхатдан ўтиш учун Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилинган ҳолларда, турар жой эгаси номидан Давлат хизматлари маркази ходими томонидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда ушбу Низомга 7-иловага мувофиқ шаклдаги сўровнома электрон тарзда тўлдирилади.

Сўровнома қуйидаги ҳужжатларга асосан тўлдирилади:

мулкдор ва доимий рўйхатга олинаётган фуқаронинг паспорти ёки идентификация ID-картаси;

ўн олти ёшга тўлмаган шахслар учун - туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки идентификация ID-картаси;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари контракт бўйича ҳарбий хизматчисининг шахсий гувоҳномаси (казармалар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);

ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари.

ЯИДХП орқали хизмат кўрсатилганда, ваколатли орган томонидан лозим бўлган маълумотлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олинади.

Давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда, мулкдорнинг розилиги талаб этилмайди ва сўровнома вақтинча рўйхатдан ўтувчи фуқаро томонидан тўлдирилиши мумкин.


25. Мулкдор (мулкдорлар) номидан нотариал тасдиқланган ишончнома орқали ҳаракатланаётган шахслар фуқарони вақтинча рўйхатга олиш учун МваФРБга мурожаат қилади.


26. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (ЭРИ, дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

27. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши (кадастр рақами, паспорт, ID-карта маълумотлари, нотариал тасдиқланган розилик хати), шунингдек, вақтинча рўйхатга олиш учун давлат божини тўламаслик вақтинча рўйхатга олишни рад этиш учун асос ҳисобланади.


28. Давлат хизматлари марказларида сўровнома тўлдирилгач, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига (кейинги ўринларда - ваколатли орган) электрон тизим орқали юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.


29. Сўровнома ваколатли органнинг электрон тизимига ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига келиб тушган вақтда онлайн тарзда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри базасидан уй-жой ва фуқаро ҳақидаги маълумотлар текширилади.

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри базасидан уй-жой ва фуқаро ҳақидаги маълумотлар аниқланмаган ҳолларда, мазкур маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан бир кун ичида идоралараро маълумот алмашиш орқали тақдим этилади.

Текшириш натижасига кўра ушбу Низомга 8-иловага мувофиқ вақтинча рўйхатга олиш тўғрисида QR-CODE билан ҳимояланган қайд варағини (кейинги ўринларда - вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағи) тегишли Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон тарзда юборилади.


30. Давлат хизматлари маркази вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағи келиб тушгандан сўнг уни фуқаронинг электрон манзилига юборади ва бу ҳақда уни шу куннинг ўзида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

Фуқаронинг сўровига кўра вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағи қоғоз шаклда мурожаат қилинган Давлат хизматлари маркази томонидан тақдим этилади.

Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасида ахборот алмашиш электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат ҳимояланган идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали вақтинча рўйхатга олиш хизмати мазкур Низомга 9-иловага мувофиқ схема асосида кўрсатилади.


31. Вақтинча рўйхатдан ўтиш учун МваФРБга мурожаат қилган фуқаролар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ мулкдор аризаси ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бориш имкони мавжуд бўлмаса;

мулкдор ва вақтинча рўйхатга олинаётган фуқаронинг паспорти ёки идентификация ID-картаси;

ўн олти ёшга тўлмаган шахслар учун - туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки идентификация ID-картаси;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари контракт бўйича ҳарбий хизматчисининг шахсий гувоҳномаси (казармалар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);

ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари.

Солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда мулкдорнинг турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) талаб этилмайди.

Вилоятларга республиканинг бошқа ҳудудларидан мавсумий иш билан шуғулланишга (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар) келган фуқаролар учун мавсумий иш ҳақида шартнома ёки мавсумий иш берувчининг аризаси бўлса, ушбу банднинг иккинчи хатбошидаги ҳужжатлар талаб этилмайди.


32. Ушбу Низомнинг 31-бандида кўрсатилган тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилгандан кейин МваФРБ инспектори тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, шу куннинг ўзида ариза берувчига вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағини беради.

Вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағи фуқаронинг турган жойида вақтинча рўйхатга олинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади ва паспорт ёки идентификация ID-карта, ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (ўн олти ёшга тўлмаган шахслар учун) тақдим этилган тақдирда, унда кўрсатилган муддат мобайнида ҳақиқийдир.

МваФРБ инспектори вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағини расмийлаштириб беришда фуқарога қайта вақтинча рўйхатга олиш тартибини ва ариза топшириш муддатини тушунтиради.

МваФРБ орқали вақтинча рўйхатга олиш мазкур Низомга 10-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


33. Ўн олти ёшга тўлмаган шахсни вақтинча рўйхатга олишни расмийлаштиришда, унинг шахсини тасдиқлаганлик учун жавобгарлик ижарага олинган уй-жойда биргаликда яшайдиган вояга етган шахс зиммасига юкланади.


34. Рўйхатга олинаётган фуқаронинг паспорти ёки идентификация ID-картасига вақтинча рўйхатга олиш тўғрисида белги қўйилмайди.


35. Вақтинча турган жойи бўйича ҳисобга олинган фуқаро рўйхатга олинган манзилида яшаши керак.


36. Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган фуқаролар турар жойи (уй-жой майдони) бўйича вақтинча рўйхатга олинади. Бунда таълим муассасаси томонидан фуқаронинг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатидан нусха (ўн олти ёшга тўлмаган шахслар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, 35х45 мм ўлчамли иккита фотосурат) ва таълим муассасаси томонидан турар жой билан таъминланганлиги тўғрисида маълумотнома ҳудудий МваФРБга тақдим этилади.

Фуқаро таълим муассасасининг турар жойидан бошқа турар жойда яшаш истагини билдирганда, мазкур Низомнинг 31-бандида кўрсатилган тегишли ҳужжатлар асосида фуқаро танлаган жойидаги МваФРБ ва Марказларга мурожаат қилиши ҳамда ЯИДХПдан фойдаланишлари мумкин.

Ўқиш вилоятдан ташқарида жойлашган бошқа таълим муассасасига кўчирилган, фуқаро академик таътил олган ёки таълим муассасасидан ўқишдан четлатилган тақдирда, ушбу муассасалар раҳбарияти тегишли қарор қабул қилинган кунда бу ҳақда фуқаро турар жойи бўйича вақтинча рўйхатга олинган ҳудуддаги МваФРБни хабардор қилиши шарт.


37. Вақтинча рўйхатга олишни қайта расмийлаштириш умумий асосда амалга оширилади.

Ушбу Низомнинг 31-бандида назарда тутилган ҳужжатларда нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги вақтинча рўйхатга олишни расмийлаштиришни рад этиш учун асос бўлади.

Фуқароларни вилоятларда вақтинча рўйхатга олиш рад этилган тақдирда, МваФРБ инспектори томонидан хулоса тузилади. Ушбу хулоса МваФРБ бошлиғи томонидан тасдиқланади, унда рад этишнинг аниқ асослари кўрсатилган бўлиши керак.

Вақтинча рўйхатга олишнинг рад этилиши юзасидан суд тартибида шикоят қилиш мумкин.


38. Вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағи йўқолган ёки бузилган тақдирда, фуқаро тегишли МваФРБга ўз шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатни тақдим этган ҳолда, вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағининг йўқолиш ёки бузилиш ҳолатларини кўрсатиб, вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағининг дубликатини расмийлаштириш ҳақидаги аризани тақдим этади.

МваФРБ инспектори аризада кўрсатилган жойда ушбу фуқаронинг вақтинча рўйхатга олиниши тўғрисидаги маълумотлар мавжудлигини текширади. Улар тасдиқланган тақдирда, ариза берувчига шу куннинг ўзида вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағининг дубликатини расмийлаштиради.

Қайд варағининг дубликати фуқаро томонидан ЯИДХП орқали электрон шаклда ҳам олиниши мумкин.


39. Вақтинча рўйхатга олиш таълим муассасаси раҳбарияти ва иш берувчининг билдиришномаси, мулкдор ёки фуқаронинг аризасига асосан бекор қилинади.

МваФРБ инспектори мулкдорнинг аризаси асосида ёки таълим муассасасининг билдиришномаси асосида фуқаронинг вақтинча рўйхатга олинганлигини бекор қилади.


40. Ички ишлар органи таянч пунктининг профилактика инспекторлари ўзлари хизмат кўрсатадиган ҳудудда паспорт режими қоидаларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширадилар.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


41. Ушбу Низом талабларига риоя этилиши ички ишлар органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан назорат қилинади.


42. Фуқаролардан мазкур Низомда кўрсатилгандан ташқари бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиниши давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш деб ҳисобланади.

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри базасида мавжуд бўлмаган ҳамда кадастр рақами бўлмаган турар жойларга доимий ва вақтинча рўйхатга олиш қатъиян тақиқланади.

Фуқаролардан мазкур Низомда кўрсатилгандан ташқари бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри базасида мавжуд бўлмаган ҳамда кадастр рақами бўлмаган турар жойларга доимий ва вақтинча рўйхатга олиш қатъиян тақиқланади.


43. Фуқарони доимий ва вақтинча рўйхатга олишда, унинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларига оид маълумот давлат реестри базасидан жисмоний шахснинг шахсий идентификация ва (ёки) солиқ тўловчининг идентификация рақамлари орқали олинади. Мазкур рақам орқали тегишли маълумотнинг олиниши имкони бўлмаганда, фуқародан кадастр рақамини тақдим қилиш талаб этилади.


44. Нотурар жой биноларга фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга олиш тақиқланади.

Корхона, ташкилот ёки ўқув муассасаларига тегишли уй-жойлар, ётоқхоналарга фуқароларни доимий рўйхатга олиш ҳамда турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиш мазкур корхона, ташкилот ёки ўқув муассасасининг рухсат хати (розилиги) асосида амалга оширилади.


45. Вилоятларда доимий рўйхатга олинмаган фуқароларнинг яшаши учун турар жой майдони тақдим этадиган мулкдор турар жой майдони берилган кундан бошлаб ўн беш кун мобайнида ушбу шахслар тўғрисида ички ишлар органларини хабардор қилиши шарт.


46. Чегара зонасида жойлашган аҳоли пунктларида доимий ва вақтинча рўйхатга олиниш учун ушбу зонага киришга яшаш жойи бўйича ички ишлар органларидан чегара зонасига киришдан олдин белгиланган тартибда олинган рухсатнома ҳам тақдим этилади.


47. Фуқарони доимий ва вақтинча рўйхатга олиш, доимий рўйхатга олинганликни бекор қилиш белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома асосида ҳам амалга оширилиши мумкин.


48. Бир нечта уйга ёки квартирага эга бўлган мулкдор улардан фақат биттасига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши мумкин.


49. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА


ТШИИБ, ИИО ФМБ МваФРБга

    

 



да

яшовчи



(мулкдорнинг Ф.И.О.)

АРИЗА


Менинг эгалигимда бўлган, ______________тумани (шаҳри), _______кўчаси ____ (квартал) _______ уй, _____ корпусда жойлашган умумий фойдаланиш майдони _________кв/м дан иборат бўлган ______хонадонга

        

фуқаро

ни


(доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинаётган фуқаронинг Ф.И.О)



қуйидаги оила аъзолари билан бирга доимий яшаш (вақтинча турган жойи) бўйича рўйхатга олишингизни сўрайман.

Қариндошлик даражаси

Ф.И.О.

Туғилган йили ва жойи






Мулкдор ёки вакил


(фуқаронинг Ф.И.О.)

Имзо ________


20__ йил "___" __________

Изоҳ. Мулкдор вояга етмаган шахс бўлса, унинг номидан ота-оналар, васий (ҳомий)лар вакил сифатида ҳаракат қилади.






Низомга

2-ИЛОВА



Фуқарони доимий яшаш жойи бўйича

рўйхатга олиш тўғрисида

СЎРОВНОМА

I. Ариза берувчи тўғрисида маълумот:

1. Фамилияси


2. Исми


3. Отасининг исми


4. Туғилган санаси ва жойи


5. Паспорт (ID-карта, контракт бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси) маълумотлари (серияси ва рақами)


6. Ҳарбий хизматга алоқадорлиги:


6.1. Чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (чақирилувчи учун) (серияси ва рақами, қайси туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими томонидан берилгани)


6.2. Ҳарбий гувоҳнома ва захирадаги офицернинг гувоҳномаси (ҳарбий хизматга мажбурлар учун) (серияси ва рақами)


7. Аввалги яшаган манзили


8. Доимий рўйхатга олинаётган манзил


9. Келишдан мақсади


10. Қаерда ва қайси лавозимда ишлайди


11. Телефон рақами


12. Электрон почта манзили (мавжуд бўлганда)


II. Уй-жой мулкдори (мулкдорлари) ёки уй-жой

берган юридик шахс ҳақида маълумот:

1. Ф.И.О.ёки юридик шахс номи


2. Доимий рўйхатга олинаётган манзил ёки юридик манзил


3. Кадастр ёки ордер рақами


III. Вояга етмаган оила аъзолари:

Қариндошлик даражаси

Ф.И.О.

Туғилган йили ва жойи


Ўғли



Қизи



       





Низомга

3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги

Миграция ва фуқароликни

расмийлаштириш

бош бошқармаси

Фуқаро доимий яшаш жойи бўйича

рўйхатга олинганлиги тўғрисида

ҚАЙД ВАРАҒИ

ЖШШИР______________

Қайд варағи рақами__________

Ф.И.О_____________________________

___________________________________

Туғилган санаси_____________


Доимий рўйхат манзили

____________________________

____________________________

____________________________

Доимий рўйхатга олинган сана____________

Ҳужжат рақами

_____________________________________________

(паспорт, ID-карта, туғилганлик тўғрисида

гувоҳнома, ҳарбий ҳужжатлар)


Қайд варағи берган орган


(ТШИИБ, ИИО ФМБ МваФРБ ёки МваФРГ)

Изоҳ.


1. Қайд варағи фуқаронинг яшаш жойида доимий рўйхатга олинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади ва паспорт, ID-карта, ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (ўн олти ёшга тўлмаган шахслар учун) кўрсатилган тақдирда ҳақиқийдир.


2. Ҳарбий ҳисобда туришга мажбур фуқаро уч иш куни ичида доимий рўйхатга олинган туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимида ҳарбий ҳисобдан ўтишга мажбурдир.






Низомга

4-ИЛОВА



Фуқарони яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга олиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари




1-босқич


Ариза берувчи (мулкдор)


1. Доимий рўйхатга олиш учун Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (груҳи)га ўзи келиб мурожаат қилади.


2. Доимий рўйхатга олиниш учун қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган ҳужжатларни тақдим этади.


3. Хизматни кўрсатиш учун давлат божини тўлайди.


Мурожаат қилинганда




2-босқич


Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (гуруҳи)


Тақдим этилган ҳужжатлар асосида сўровнома шаклини тўлдириб, автоматлаштирилган ахборот тизимига юборади.


Ариза тўлдирилгандан кейин 10 дақиқа мобайнида




3-босқич


1. Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси


2. Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги


Сўровнома тушгандан кейин фуқаро ҳақидаги маълумотларни автоматик тарзда тегишли маълумотлар базаларидан текширади.


10 дақиқа давомида





4-босқич


Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (гуруҳи)


Фуқаронинг паспортидаги аввалги яшаш манзилидаги доимий рўйхати штамп босиш йўли билан бекор қилинади ва фуқаронинг хоҳишига кўра доимий рўйхатга олинганлиги ҳақида QR-CODE билан ҳимояланган қайд варағини тақдим этади.


Мурожаат қилинган куннинг ўзида




5-босқич


Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (гуруҳи)


Ҳудудий мудофаа бўлимига фуқаро доимий рўйхатга олинганлиги ҳақида электрон тизим орқали маълумот юборади.


Реал вақт режимида




       





Низомга

5-ИЛОВА



Фуқарони Давлат хизматлари маркази ва Ўзбекистон Республикаси

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фуқарони

яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга олиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари




1-босқич


Ариза берувчи


1. Фуқарони яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга олиш учун туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари (бошқармалари) Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ёки бўлинмаси (гуруҳи) га мурожаат қилади.


1. Хоҳишига кўра



2. Мурожаат қилинганда



2. Хизматни кўрсатиш учун давлат божини тўлайди.


2-босқич


1. Давлат хизматлари маркази


2. ЯИДХП


Сўровнома шаклини тўлдириб, ваколатли органга юборади.


1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 1 соат мобайнида




2. Аниқ вақт режимида

3-босқич


Ваколатли орган


1. Сўровнома тушгандан кейин фуқаро ҳақидаги маълумотларни автоматик тарзда тегишли маълумотлар базаларидан текширади.


2. QR-CODE билан ҳимояланган фуқарони вақтинча турар жой бўйича рўйхатга қўйиш ҳақидаги қайд варағини расмийлаштиради ва Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) юборади


3. Ҳудудий мудофаа бўлимига фуқаро доимий рўйхатга олинганлиги ҳақида электрон тизим орқали маълумот юборади.


1 иш куни мобайнида




4-босқич


1 Давлат хизматлари маркази


Қайд варағи келиб тушгандан сўнг уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

(Фуқаронинг сўровига қайд варағи қоғоз шаклда Давлат хизматлари марказининг муҳри билан тасдиқланган ҳолда тақдим этилади).


1. 10 дақиқа мобайнида


2. Аниқ вақт режимида


2. ЯИДХП



       





Низомга

6-ИЛОВА



Фуқаронинг паспортидаги аввалги доимий рўйхатини

бекор қилиш штампининг

НАМУНАСИ


B E K O R   Q I L I N D I

20___ yil "____" ________


Штамп ўлчами 60х20 мм






Низомга

7-ИЛОВА



Фуқарони вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш учун

СЎРОВНОМА

I. Ариза берувчи тўғрисида маълумот:

1. Фамилияси


2. Исми


3. Отасининг исми


4. Туғилган жойи ва санаси


5. Паспорт (ID-карта) маълумотлари (серияси ва рақами)


6. Ҳарбий хизматга алоқадорлиги*


6.1. Чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (чақирилувчи учун) (серияси ва рақами, қайси туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими томонидан берилгани)


6.2. Ҳарбий гувоҳнома ва захирадаги офицернинг гувоҳномаси (ҳарбий хизматга мажбурлар учун) (серияси ва рақами)


7. Доимий рўйхатга олинган манзили


8. Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинаётган манзили


9. Келишдан мақсади ва муддати


10. Қаерда ва қайси лавозимда ишлайди


11. Телефон рақами


12. Электрон почта манзили


II. Уй-жой мулкдори (мулкдорлари) ёки уй-жой берган

юридик шахс ҳақида маълумот:

1. Ф.И.О. ёки юридик шахс номи


2. Доимий рўйхат манзили ёки жойлашган жойи (почта манзили)


3. Кадастр рақами


4. Уй-жой берган юридик шахснинг алоқа хати


III. Вояга етмаган оила аъзолари:

Қариндошлик даражаси

Ф.И.О.

Туғилган йили ва жойи

Ўғли



Қизи





    

*) Турар жойи бир ярим ойдан ортиқ муддатга ўзгарган, уч ойдан ортиқ муддатга хизмат сафарига, ўқиш, таътил ёки даволанишга борган тақдирда тўлдирилади.






Низомга

8-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги

Миграция ва фуқароликни

расмийлаштириш

бош бошқармаси

Фуқаро вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга

олинганлиги тўғрисида

Қ А Й Д  В А Р А Ғ И

ЖШШИР______________

Рақам________

Фуқаро________________

Туғилган вақти________

Ҳужжат________

Берилган вақти ________

Амал қилиш муддати

________________

Серияси _______________


Вақтинча яшаш манзили

Қўшимча маълумотлар

Кадастр _____________

Келишдан мақсад________________

Вилоят________________

Қаердан келди___________________

Туман (шаҳар) _________

Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниш муддати ______йил "____"________гача

Манзил________________


Уй ______ хона _____

Маълумот________________

     

Қайд варағи берган орган


(ТШИИБ, ИИО ФМБ МваФРБ ёки МваФРГ)

  

Изоҳ. Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганлик тўғрисидаги қайд варағи фуқаронинг вақтинча рўйхатга олинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади ва паспорт, ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (ўн олти ёшга тўлмаган шахслар учун) кўрсатилган тақдирда, унда кўрсатилган муддат мобайнида ҳақиқийдир.






Низомга

9-ИЛОВА



Фуқарони Давлат хизматлари маркази ва

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат

хизматлари портали орқали вақтинча турган жойи

бўйича рўйхатга олиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари




1-босқич


Ариза берувчи


1. Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.



1. Хоҳишига кўра



2. Давлат хизматларини кўрсатиш учун давлат божини тўлайди.


2. Мурожаат қилинганда


2-босқич


1. Давлат хизматлари маркази


Сўровнома шаклини тўлдириб, ваколатли органга юборади.


1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 1 соат мобайнида


2. ЯИДХП



2. Аниқ вақт режимида

3-босқич


Ваколатли орган


1. Сўровнома тушгандан кейин фуқаро ҳақидаги маълумотларни автоматик тарзда тегишли маълумотлар базаларидан текширади.


1 иш куни мобайнида



2. QR-CODE билан ҳимояланган фуқарони вақтинча турар жой бўйича рўйхатга қўйиш ҳақидаги қайд варағини расмийлаштиради ва Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) юборади.



4-босқич


1. Давлат хизматлари маркази


2. ЯИДХП


Қайд варағи келиб тушгандан сўнг уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

(Фуқаронинг сўровига қайд варағи қоғоз шаклда Давлат хизматлари марказининг муҳри билан тасдиқланган ҳолда тақдим этилади).


1. 10 дақиқа мобайнида


2. Аниқ вақт режимида








Низомга

10-ИЛОВА



Фуқарони вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



 

 

 

 

1-босқич


Ариза берувчи


1. Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш учун туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари (бошқармалари) Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлим ёки бўлинмаси (груҳи) га уй эгаси билан бирга мурожаат қилади.


2. Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш учун қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган ҳужжатларни тақдим этади.


3. Хизмат кўрсатиш учун давлат божини тўлайди.


Мурожаат қилинганда




2-босқич


Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (гуруҳи)


Тақдим этилган ҳужжатлар асосида сўровнома шаклини тўлдириб, автоматлаштирилган ахборот тизимига юборади.


Сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқа мобайнида




3-босқич


Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси


1. Сўровнома тушгандан кейин фуқаро ҳақидаги маълумотлар автоматик тарзда тегишли маълумотлар базаларидан текширади.


2. QR-CODE билан ҳимояланган фуқарони вақтинча турар жой бўйича рўйхатга қўйиш ҳақидаги қайд варағини расмийлаштиради ҳамда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига юборади.


10 дақиқа мобайнида




4-босқич


Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (гуруҳи)


Қайд варағи келиб тушгандан сўнг уни расмийлаштириб, ариза тақдим этади.


10 дақиқа мобайнида




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 24 октябрь













































Время: 0.0061
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск