ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Аҳоли / қққ /

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси (ЎзР Президентининг 25.10.2018 й. ПҚ-3982-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 25 октябрдаги

ПҚ-3982-сон қарорига

1-ИЛОВА



Хорижда истиқомат қилаётган

ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида

Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция деб юритилади), давлатнинг мазкур йўналишдаги сиёсатининг принциплари, мақсадлари, асосий жабҳалари ва механизмларини намоён этадиган қарашларнинг ягона тизимидир.


2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида доимо истиқомат қиладиган ёки таълим олиш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, оилавий сабаблар ва бошқа шароитлардан келиб чиқиб вақтинчалик чет элда юрган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

хорижга чиққан ва чет эл фуқаролигини олган, Ватанига маънавий ва маданий нуқтаи назардан мансубликни ҳис қилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан маданий-гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган Ўзбекистондан чиқиб кетган шахслар ва уларнинг авлодлари;

этник, тил ва маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзини ўзбеклар ёки қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган ҳамда Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқада бўлиш хоҳишида бўлган хорижда истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар (кейинги ўринларда - ватандошлар) ҳисобланади.


3. Ўз ташаббуслари орқали ташкил этилган ҳамда ватандошларнинг манфаатларини ифода этадиган ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари, нормаларига, истиқомат қилаётган мамлакатнинг ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, ўзининг низомига асосланиб фаолият олиб борадиган жамоавий маданий ва миллий марказлар, ассоциациялар, талабалар жамиятлари, мактаблар, фондлар ва тадбиркорлик тузилмалари ватандошлар ташкилотлари деб тушунилади.


4. Мазкур Концепция Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий актлар ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига асосланади.


5. Концепция ватандошлар билан доимий мулоқотни таъминлаб туришнинг самарали механизмларини шакллантириш ва амалга ошириш, уларни маданий-гуманитар, илмий, маърифий ва ахборот соҳаларда ҳамкорликка жалб қилиш, Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларни ватандошлар билан фаол ҳамкорлик қилиш орқали самарали амалга оширишга қаратилган.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ВАТАНДОШЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИГИНИНГ

АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ


6. Ўзбекистон билан маънавий, маданий ва ҳуқуқий алоқаларни сақлашга ҳамда мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида иштирок этишга интилаётган ватандошлар билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.


7. Ўзбекистон Республикасининг ватандошлар билан ҳамкорлигининг барча шакллари ва йўналишлари очиқлик, шериклик, ихтиёрийлик, қонунийлик, истиқомат қилаётган мамлакатининг қонунларига ҳурмат билан қараш, давлат суверенитети ва мустақиллиги, тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари амал қилиш принципларига асосланади.

Ватандошлар билан мулоқот ўрнатиш ва алоқаларни ривожлантириш масалаларида Ўзбекистон Республикаси ватандошлар истиқомат қиладиган давлатларнинг тегишли давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


8. Мазкур соҳадаги давлат сиёсати барча ватандошлар билан ҳар томонлама дўстона ҳамкорликни мустаҳкамлашга, уларнинг этник, миллий, диний ва ижтимоий мансублигидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси билан маданият, тил, таълим, ахборот соҳалардаги ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга кўмаклашишга, иқтисодий ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган.

Мамлакатлар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ватандошларимизнинг ижтимоий ва маданий эҳтиёжларини қаноатлантиришга кўмаклашиш ва истиқомат қилаётган мамлакатдаги маданий тенглигини ҳимоя қилиш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни сақлаб қолиш мақсадида юртдошларимиз билан ўзаро ҳамкорлик қилишга доимий эътибор қаратилади.



3-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ХОРИЖДАГИ ВАТАНДОШЛАР БИЛАН

ҲАМКОРЛИГИНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДЛАРИ


9. Ўзбекистон Республикасининг ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари, истиқомат қилаётган мамлакатнинг қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида чет эллардаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш;

Ўзбекистон маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, уни дунёда ўрганиш ва оммалаштириш, истиқомат қилаётган мамлакатларида ўзбек тилини, маданиятини ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган ватандошларимизнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг Ўзбекистонда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш;

Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ва унинг хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишни истаган ватандошлар ва улар томонидан тузилган ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;

Ўзбекистон ҳудудида ватандошларнинг касбий, шу жумладан, тадбиркорлик, сармоядорлик, илмий, маърифий ва маданий фаолиятини амалга ошириши учун қулай ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро обрў-эътиборини янада мустаҳкамлашга ватандошлар салоҳиятини жалб қилиш.



4-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ВАТАНДОШЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИГИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


§ 1. Маданий, илмий, маърифий ва ахборот

соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш


10. Ўзбекистон Республикаси маданият, илм-фан, таълим ва ахборот соҳаларида юртдошлар ва уларнинг ташкилотлари билан фаол ҳамкорликни амалга ошириш, улар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг бошқа хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган тадбирларни ташкил қилишни назарда тутмоқда.


11. Ушбу Концепциянинг 10-бандида кўрсатилган ватандошлар билан ҳамкорликнинг асосий соҳалари қуйидагилардир:

илмий, таълим, тиббиёт, маданий-маърифий, спорт ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси учун ёш кадрлар ва мутахассисларни тайёрлашга ватандошларнинг салоҳиятини жалб этиш;

ватандошларнинг таълим олиш ва касбий маҳоратларини ошириш, шунингдек, уларнинг ўз тарихий Ватанининг илмий, маданий ва ижтимоий ҳаётида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;

доимий истиқомат қилаётган мамлакатларда ўзбек тили, маданияти ва урф-одатларини ўрганиш, асраш ва ёш авлодларга етказишда ватандошлар ва уларнинг ташкилотларига кенг кўламли ёрдам кўрсатиш;

хорижий давлатлардаги юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини янада тўлиқроқ ёритиш ва уларни Ўзбекистон ҳақидаги тегишли ахборот билан таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ҳамда ахборот алмашинуви борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш;

чет элда таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари билан доимий алоқани ўрнатиш ва ушлаб туриш, уларнинг Ўзбекистон ҳудудида иш билан таъминлашига зарурий ёрдам кўрсатиш.



§ 2. Иқтисодий соҳада ҳамкорликни

ривожлантириш


12. Ўзбекистон Республикаси молиявий-иқтисодий ва интеллектуал-технологик салоҳиятга эга ишбилармон доира вакилларини, хорижий компания ишчиларини, сармоядорларни, халқаро молия институтлари ходимларини ва бошқа мутахассис ватандошларимизни жалб қилишда қуйидагилардан манфаатдор:

Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш;

тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, иқтисодиётнинг устувор тармоқларига илғор технологияларни фаол жалб қилиш, Ўзбекистонда қўшма корхоналарни ташкил этиш ва экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил қилиш;

маҳаллий маҳсулотлар экспорти ҳажмини оширишга ёрдам бериш ва унинг географиясини кенгайтириш;

хорижий туристларни жалб қилиш, мамлакатнинг туристик салоҳиятини, инфратузилмасини ва Ўзбекистонда туризмнинг янги турларини ривожлантириш;

банк-молия фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принципларини ва механизмларини жорий этиш;

Инвестициявий жозибадорликни ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва хорижий инвесторларнинг Ўзбекистонда фаолият юритишида илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва амалга ошириш;

хорижий мутахассис ходимларни, маслаҳатчиларни илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал инновацион ривожлантиришни таъминлаш учун жалб қилиш, жаҳон илм-фанининг замонавий ютуқларини жорий қилиш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, талабга жавоб берадиган иқтисодий, илмий, техникавий ва бошқа соҳадаги мутахассисларни Ўзбекистонда тайёрлашга кўмаклашиш.



5-БОБ. ВАТАНДОШЛАРНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА РАҒБАТЛАНТИРИШ

ЧОРАЛАРИ


13. Ўзбекистоннинг ривожланишига ҳисса қўшмоқчи бўлган ватандошларимизга ҳар томонлама кўмак кўрсатади, уларнинг истиқомат қилаётган давлатларида юртимизнинг маданий, илмий, маърифий меросларини ва замонавий ютуқларини сақлашга ва оммалаштиришга ёрдам беради.

Иқтисодиёт, илм-фан ва технологиялар, тиббиёт, таълим, маданият, спорт соҳаларида юқори малака ва ютуқларга эга бўлган ва бошқа йўналишларда қобилиятли ватандошлар билан ҳамкорликни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ватандошлар билан ҳамкорликнинг даражаси ва шаклидан келиб чиққан ҳолда, уларга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида давлат томонидан қуйидаги қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари кўрилиши белгилансин:

кириш визаларини, шу жумладан, кўп маротабали ва узоқ муддатли визаларни соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш, вақтинчалик яшашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома бериш;

юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олиш;

ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериш;

давлат тасарруфидаги бўш турган объектларни ва ер майдонларини ватандошларга тадбиркорлик, илмий-тадқиқот, маърифий, инновацион ва бошқа дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиб бериш;

ватандошларнинг ўқиши, иши ва бошқа ижтимоий масалаларини тўлиқ (қисман) молиялаштириш;

ватандошлар орасида юқори малакали мутахассисларни давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, ушбу ташкилотлар раҳбарларининг консультанти (маслаҳатчиси) сифатида жалб қилиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш;

ватандошлар - хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг Олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, кино, маданият, театр санъати, телевидение ва радио йўналишлари бўйича таълим олишлари учун грантлар ажратиш;

ватандошларнинг оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитациядан ўтишини соддалаштириш;

Ўзбекистон Республикасини ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ватандошларни давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирлаш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида давлат томонидан кўрсатиладиган бошқа қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


14. Ўзбекистон Республикасининг ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасидаги давлат сиёсати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.


15. Ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро шартномалар ва бошқа халқаро ҳужжатларни тузади, Ўзбекистон Республикасининг жамоат ташкилотлари ҳамда ватандошларнинг хориждаги ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни, алмашинувини рағбатлантиради ва қўллаб-қувватлайди.


16. Концепциянинг самарали амалга оширилиши ватандошлар билан очиқ мулоқот ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳамда:

ватандошлар билан тизимли ҳамкорликнинг самарали механизмларини шакллантириш ва уларнинг ўзбек тилини, маданиятини ва урф-одатларини сақлаш ва оммалаштиришга қаратилган фаолиятини қўллаб-қувватлашга;

Ўзбекистон Республикасининг устувор йўналишлардаги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда фаол иштирок етиши учун ватандошларнинг интеллектуал, касбий ва ресурс салоҳиятини жалб қилиш инструментларини яратиш ҳамда уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этишга;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга, мамлакатнинг миллий манфаатларини минтақада ва жаҳонда илгари суришга, ватандошлар билан мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатиш орқали хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни йўлга қўйишга имкон беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 26 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 29 октябрь, 43-сон, 844-модда








































Время: 0.2227
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск