язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Банк қонунчилиги/ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки облигацияларининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 25.10.2018 й. 3080-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 22.09.2018 й. 30/14-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 25 октябрда 3080-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2018 йил 22 сентябрдаги

30/14-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

облигацияларининг чиқарилиши ва муомалада

бўлиши тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги ва "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3272-сон "Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан банк тизими ликвидлигини тартибга солиш ҳамда пул-кредит сиёсати фоиз инструментлари самарадорлигини ошириш мақсадида Марказий банк облигацияларини муомалага чиқариш, жойлаштириш ва сўндириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


Марказий банк облигациялари (бундан буён матнда облигациялар деб юритилади) - облигация эгасига белгиланган муддатда унинг номинал қиймати ва номинал қийматига нисбатан фоиз ҳисобида купонли даромад олиш ҳуқуқини берувчи Марказий банк томонидан электрон шаклда чиқарилган эмиссиявий қимматли қоғозлар;


купон даври - облигация эгасига фоизли даромад тўлаб бериладиган Марказий банк томонидан белгиланган давр;


валюта биржаси - чет эл валютаси, давлат қимматли қоғозлари, молиявий ҳосила инструментлари (деривативлар) олди-сотдиси ҳамда улар билан боғлиқ бошқа биржа битимлари бўйича биржа савдоларини, шунингдек банклараро пул бозорини ҳамда Марказий банкнинг тижорат банклари билан амалга ошириладиган кредит ва депозит аукционларини ташкил этувчи юридик шахс;


савдо тизими - облигациялар бўйича электрон савдоларни ташкиллаштириш, облигацияларни сақлаш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, тузилган битимлар бўйича клиринг ва ҳисоб-китобларни амалга оширишни таъминловчи валюта биржасининг автоматлаштирилган электрон тизими;


Бош битим - Марказий банк билан тижорат банклари, шунингдек тижорат банклари билан валюта биржаси ўртасида тузиладиган, облигациялар бўйича амалга ошириладиган операцияларнинг умумий шартлари ва тартибини белгиловчи ўзаро ҳаракат;


дилер - Марказий банк ҳамда валюта биржаси билан тузилган Бош битим асосида облигациялар билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи тижорат банклари;


аукцион савдолари - облигацияларни жойлаштириш бўйича Марказий банк томонидан тижорат банклари ўртасида амалга ошириладиган кимошди савдолари;


рақобатли буюртма - аукцион савдоларида иштирок этиш учун тижорат банклари томонидан фоиз ставкаси кўрсатилган ҳолда тақдим этиладиган буюртма;


рақобатсиз буюртма - аукцион савдоларида иштирок этиш учун тижорат банклари томонидан фоиз ставкаси кўрсатилмаган ҳолда тақдим этиладиган буюртма;


чегириш фоиз ставкаси - аукцион савдолари натижаларига кўра тижорат банкларининг қондириладиган рақобатли буюртмаларида таклиф этилган максимал фоиз ставкаси;


РЕПО битими - облигацияларни белгиланган муддат ва нархда уларнинг айнан шу чиқарилиш ва миқдорда қайта сотиб олиш мажбурияти билан сотиш бўйича икки томонлама ҳаракат.



2-БОБ. ОБЛИГАЦИЯЛАРНИ

ЧИҚАРИЛИШИ


2. Облигациялар Марказий банк томонидан муомалага чиқарилади, жойлаштирилади ва сўндирилади, шунингдек уларнинг ликвидлиги Марказий банк тасарруфидаги барча активлар билан таъминланади.


3. Облигациялар кредитлар учун гаров таъминоти ва РЕПО битимларида олди-сотди объекти бўлиб хизмат қилиши мумкин.


4. Облигациялар Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида номинал қиймати кўрсатилган ҳолда чиқарилади.


5. Облигацияларнинг чиқарилиши алоҳида эмиссия тарзида амалга оширилади. Ҳар бир чиқарилган эмиссияга идентификацион рақам берилади ва Глобал сертификат билан расмийлаштирилади.


6. Идентификацион рақам ўн белгили разряддан (Х1Х2Х3Х4Х5Х6Х7Х8Х9Х10) иборат.

Биринчи разряд (X1) - "2" рақами қимматли қоғознинг турини кўрсатади.

Иккинчи разряд (Х2) - қимматли қоғознинг муомала даврини кўрсатади:

"1" - уч ой муддатга муомалада бўлган облигациялар учун;

"2" - олти ой муддатга муомалада бўлган облигациялар учун;

"3" - тўққиз ой муддатга муомалада бўлган облигациялар учун;

"4" - ўн икки ой муддатга муомалада бўлган облигациялар учун.

Учинчи, тўртинчи ва бешинчи разрядлар (Х3Х4Х5) мазкур чиқаришнинг тартиб рақамини кўрсатади.

Олтинчи, еттинчи ва саккизинчи разрядлар (Х6Х7Х8) - "CBU" (Central Bank of Uzbekistan) ҳарфлари эмитентни англатади.

Тўққизинчи разряд (Х9) - "S" ҳарфи ушбу облигация давлат қимматли қоғози эканлигини билдиради.

Ўнинчи разряд (Х10) - "S" ҳарфлари қимматли қоғоз миллий валютада чиқарилганлигини билдиради.


7. Глобал сертификат Марказий банк томонидан ишлаб чиқилиб, унда эмиссияга тегишли асосий параметрлар белгиланади.


8. Облигациялар бўйича барча операциялар валюта биржаси томонидан ишлаб чиқилган биржа савдоларини ўтказиш қоидаларига мувофиқ савдо тизими орқали амалга оширилади.


9. Облигацияларнинг муомалада бўлиш даври аукцион савдолари ўтказилган куннинг кейинги кунидан бошланиб облигацияларнинг сўндирилиш кунидан аввалги кунда тугайди.



3-БОБ. ОБЛИГАЦИЯЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ


10. Марказий банк томонидан чиқарилган облигацияларни тижорат банклари ўртасида жойлаштириш валюта биржасининг савдо тизимида ўтказиладиган аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

Аукцион савдолари иштирокчилар сони икки ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда ўтказилади.


11. Аукцион савдолари Марказий банк томонидан жойлаштириладиган облигацияларнинг максимал миқдори ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.

Аукцион савдоларида облигациялар бўйича максимал фоиз ставкаси ҳам ўрнатилиши мумкин.


12 Аукцион савдолари натижаларига кўра жойлаштирилмай қолган облигациялар навбатдаги аукцион савдолари орқали қўшимча равишда жойлаштирилади.


13. Облигацияларни жойлаштириш бўйича аукцион савдолари шартлари тўғрисидаги маълумотлар аукцион савдоси ўтказиладиган кундан камида 3 иш куни олдин Марказий банкнинг расмий веб-сайтида мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ эълон қилинади.


14. Валюта биржаси Марказий банкнинг эълони асосида ўтказиладиган аукцион савдоси ҳақидаги маълумотни ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.


15. Марказий банк томонидан облигациялар ҳисобини юритиш ва битимларни рўйхатга олиш учун ҳар бир дилерга алоҳида рўйхатга олиш коди берилади.


16. Дилерни рўйхатга олиш коди уч гуруҳга бўлинган ўн белгили разряддан (X0X1X2X3X4X5X6X7X8X9) иборат.

Биринчи гуруҳ (X0) - "2" бозор кодини англатади - "Марказий банк облигациялари.

Иккинчи гуруҳ (X1X2X3X4) дилернинг Марказий банк билан тузган Бош битим асосида берилган тартиб рақамини англатади.

Учинчи гуруҳ (X5X6X7X8X9) доимо 00000 га тенг.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига 2000100000 рўйхатга олиш коди берилади.


17. Дилерлар аукцион савдолари ўтказиладиган куни облигацияларни сотиб олиш учун савдо тизимига электрон шаклда рақобатли ва рақобатсиз буюртмалар киритади.


18. Марказий банк аукцион савдолари бўйича тижорат банклари томонидан сотиб олинадиган облигациялар сонига ва ҳар бир тижорат банкидан аукцион савдоларига қабул қилинадиган буюртмалар сонига лимитлар ўрнатиши мумкин.


19. Рақобатли буюртмаларда сотиб олиниши режалаштирилган облигацияларнинг фоиз ставкаси ва сони кўрсатилади.

Рақобатсиз буюртмаларда сотиб олиниши режалаштирилган облигацияларнинг умумий сони кўрсатилади.


20. Рақобатсиз буюртмалар аукцион савдолари натижалари бўйича аниқланган ўртача тортилган фоиз ставкасида қондирилади.

Ўртача тортилган фоиз ставкаси аукцион савдолари якунлари бўйича тўлиқ ёки қисман қондирилган рақобатли буюртмалар фоиз ставкаси ҳамда сотиб олинган облигациялар миқдорларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.


21. Аукцион савдолари икки хил усулда ўтказилади:

"америкача" усул - рақобатли буюртмалар уларда таклиф этилган фоиз ставкалари бўйича қондирилади;

"голландча" усул - рақобатли буюртмалар чегириш фоиз ставкаси бўйича қондирилади.


22. Савдо тизими тижорат банклари томонидан келиб тушган буюртмалар бўйича мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ рўйхат шакллантиради, ушбу рўйхат валюта биржаси томонидан Марказий банкка тақдим этилади.


23. Марказий банк чиқарилган облигацияларнинг ҳажми доирасида тижорат банкларининг буюртмаларида кўрсатилган фоиз ставкаларидан келиб чиққан ҳолда аукцион савдолари бўйича чегириш фоиз ставкасини белгилайди.


24. Аукцион савдолари натижаларида белгиланган чегириш фоиз ставкасидан юқори фоиз ставкага эга бўлган буюртмалар қондирилмайди.


25. Марказий банк аукцион савдолари натижалари бўйича тижорат банкларининг аввал рақобатсиз буюртмаларини тўлиқ, шунингдек таклиф этилган фоиз ставкаси чегириш фоиз ставкасидан юқори бўлмаган рақобатли буюртмаларни қондириш бўйича валюта биржасига топшириқ беради.

Рақобатли буюртмалар уларда таклиф қилинган минимал фоиз ставкаларидан чегириш фоиз ставкасигача бўлган тартибда қондирилади.


26. Аукцион савдолари натижаларига кўра қондирилиши лозим бўлган буюртмаларнинг жами миқдори Марказий банк томонидан чиқариладиган облигацияларнинг умумий ҳажмидан ошган ҳолларда, таклиф этилган фоиз ставкаси чегириш фоиз ставкасига тенг бўлган рақобатли буюртмалар савдо тизимига киритилган вақтига қараб қондирилади. Бунда аввал киритилган буюртмалар кейин киритилган буюртмалардан олдин қондирилади.


27. Аукцион савдолари натижалари тўғрисидаги маълумотлар Марказий банк ва валюта биржаси расмий веб-сайтларида эълон қилинади.



4-БОБ. ОБЛИГАЦИЯЛАРНИНГ ИККИЛАМЧИ

БОЗОРДА МУОМАЛАДА БЎЛИШИ


28. Облигацияларнинг иккиламчи бозорида аукцион савдолари натижаларига кўра харид қилинган облигациялар бўйича дилерлар ўртасида олди-сотди операциялари амалга оширилади.


29. Марказий банк иккиламчи бозорда дилер сифатида облигациялар билан олди-сотди операцияларида иштирок этиши мумкин.


30. Иккиламчи бозорда облигациялар бўйича операциялар биржа савдоларини ўтказиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.


31. Иккиламчи савдоларда дилерлар савдо тизими орқали облигациялар билан қуйидаги операцияларни амалга оширишлари мумкин:

келишилган нарх ва шартлар асосида облигацияларнинг олди-сотди операциялари;

гаровга олинган облигацияларни савдо тизими орқали сотиш ва сотиб олиш операциялари;

РЕПО битимлари бўйича облигацияларнинг олди-сотди операциялари.


32. Облигацияларнинг иккиламчи бозорида олди-сотди операцияларини амалга ошириш учун дилерлар томонидан сотилиши ёки сотиб олиниши режалаштирилган облигациялар бўйича буюртмалар миқдори ва нархи кўрсатилган ҳолда савдо тизимга киритилади.


33. Облигацияларнинг иккиламчи бозорида олди-сотди шартномаларини тузиш учун савдо тизими сотиш ёки сотиб олиш учун киритилган буюртмаларга мос келадиган қарама-қарши буюртмаларнинг параметрлари бир-бирига мувофиқлигини текширади.


34. Савдо тизими параметрлари бир-бирига мос келган буюртмаларни автоматик тарзда рўйхатдан ўтказади.


35. Биржа битими савдо тизимида иккита қарама-қарши буюртмаларнинг рўйхатга олиниши билан тузилган ҳисобланади.


36. Ҳар бир биржа битими тузилганда савдо тизими уни рўйхатга олади, унга рўйхатга олиш рақамини бириктиради ва савдо иштирокчиларига ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга асос бўладиган биржа гувоҳномаларини тақдим этади.


37. Иккиламчи бозорда савдо тизимидаги буюртмалар нархи тенг бўлган ҳолларда, улар тақдим этилган вақтига қараб аввал тақдим этилган буюртма кейин тақдим қилинган буюртмадан олдин қондирилади.

Буюртмалар қисман қондирилган ҳолда, унинг қондирилмаган қисми алоҳида буюртма сифатида кўрилади.


38. РЕПО битимлари бўйича операцияларини ўтказиш ва улар бўйича ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари билан РЕПО битимларини тузиш ва ижро этиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1829, 2008 йил 18 июнь) мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. ОБЛИГАЦИЯЛАР ҲИСОБИНИ

ЮРИТИШ


39. Облигацияларни сақлаш ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг ҳисобини юритиш валюта биржасида очилган "депо" ҳисобварақларида олиб борилади.


40. Облигациялар бўйича ҳисоб-китобларни юритиш савдолар натижаларига кўра шаклланган биржа гувоҳномалари асосида амалга оширилади.


41. Облигацияларнинг сотиб олувчининг "депо" ҳисобварағига ўтказилиши сотувчининг ҳисобварағига пул маблағлари келиб тушганидан сўнг амалга оширилади.


42. Облигацияларни сотиб олувчига унинг "депо" ҳисобварағига тегишли кирим ёзуви амалга оширилгандан сўнг эгалик ҳуқуқи берилади ва "депо" ҳисобварағидан кўчирма билан тасдиқланади.


43. Сотиб олинган облигациялар ҳисоби дилерлар томонидан ҳар бир чиқарилиш бўйича алоҳида ҳисобварақларда юритилади.


44. Облигацияларга доир операцияларнинг бухгалтерия ҳисоби амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



6-БОБ. КУПОН МИҚДОРИНИ ҲИСОБЛАШ ВА

УЛАРНИНГ ТЎЛОВЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


45. Купон тўлови миқдори аукцион савдоларида сотиб олинган облигацияларнинг фоиз ставкаси, уларнинг номинал қиймати ва купон давридан келиб чиққан ҳолда қуйидаги формулага мувофиқ аниқланади:


Ci = N * R * (T / 365)


бунда:

Ci - купон қиймати;

N - облигациянинг номинал баҳоси;

R - фоиз ставкаси;

T - купон даври.

Купон тўловлари облигацияларнинг муомалада бўлиш даври учун ҳисобланиб, ҳар бир купон даври якуни бўйича тўлаб борилади.


46. Валюта биржаси купон даврининг охирги кунида, жорий савдолар якунидан сўнг, "депо" ҳисобварағидаги қолдиқлар юзасидан ҳар бир облигация эгаси бўйича Марказий банкка рўйхат тақдим қилади.


47. Марказий банк купон тўловларини амалга ошириш учун тегишли маблағларни купон даври тугаган кундан кейинги иш кунида валюта биржасининг Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Ҳисоб-китоб касса марказидаги алоҳида ҳисобварағига ўтказиб беради.


48. Валюта биржаси купон тўловлари бўйича келиб тушган маблағларни дилерларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиб беради.


49. Валюта биржаси облигация сақловчисига тегишли бўлган купон тўловлари тўлангани тўғрисидаги маълумотни ушбу тўловлар амалга оширилган кундан кейинги иш кунида Марказий банкка тақдим этади.



7-БОБ. ОБЛИГАЦИЯЛАРНИ СЎНДИРИШ


50. Марказий банк томонидан облигацияларни сўндириш уларнинг муомала даври тугаган кундан кейинги иш кунида амалга оширилади.


51. Марказий банк облигацияларни сўндириш учун савдо тизимига уларнинг тўлиқ ҳажмини номинал қийматда сотиб олиш бўйича буюртма киритади.


52. Марказий банкнинг сўндирилган облигациялари валюта биржаси томонидан савдо тизими орқали Марказий банкнинг "эмиссион ҳисобварағи"га ўтказиб берилади.


53. Облигацияларни сўндириш ҳамда купон тўловларини амалга ошириш куни дам олиш ёки байрам кунларига тўғри келган ҳолларда, тўловлар кейинги иш кунида амалга оширилади.



8-БОБ. МАЪЛУМОТЛАРНИ

ОШКОР ҚИЛИШ


54. Валюта биржасида облигациялар бўйича амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар (облигация номланиши, сони, котировкаси (нархи) ва битим санасидан ташқари) учинчи шахсларга ошкор қилинишига йўл қўйилмайди.


55. Тижорат ва банк сирларидан иборат бўлган барча маълумотларни тақдим этиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.



9-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


56. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

облигацияларини жойлаштириш бўйича аукцион

савдоларини ўтказиш тўғрисида

ЭЪЛОН


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 20__ й. "__" ________ да Марказий банк облигацияларини жойлаштириш бўйича аукцион савдолари ўтказилишини маълум қилади.


1. Облигацияларни жойлаштириш санаси: 20__ й. "__" ________;


2. Эмиссия рақами: __________________;


3. Чиқарилиш ҳажми: _________ млрд. сўм;


4. Облигациянинг номинал қиймати: ______ сўм;


5. Аукцион савдоси ўтказилиш усули ("америкача" ёки "голландча": ______________.


6. Марказий банк томонидан белгиланган максимал фоиз ставкаси (ўрнатилган ҳолларда): _______.


7. Облигацияларни сўндириш санаси: 20__ й. "__" ________;


8. Купон даврининг давомийлиги: ______ кун;


9. Рақобатли буюртмалар максимал сони (ўрнатилган ҳолларда): _______________;


10. Рақобатли буюртмалар бўйича облигацияларнинг максимал сони (ўрнатилган ҳолларда): _________;


11. Рақобатсиз буюртмалар максимал сони (ўрнатилган ҳолларда): _______________;


12. Рақобатсиз буюртмалар бўйича облигацияларнинг максимал сони (ўрнатилган ҳолларда): ____________;


Облигациялар белгиланган номинал нархи бўйича сотилади.


Облигацияларни жойлаштириш бўйича аукцион савдоси Тошкент шаҳрида 20__ й. "__" ________да соат ___ дан ___ дақиқа ўтганда қуйидаги манзилда амалга оширилади:

_________________________________________________________________________________________________________________________________.






Низомга

2-ИЛОВА



Аукцион савдосига қабул қилинган буюртмалар

ЙИҒМА МАЪЛУМОТНОМАСИ


кун/ой/йил


Қимматли қоғоз коди __________________________


Рақобатли буюртмалар сони________________ дона.


Рақобатсиз буюртмалар сони _______________ дона


Рақобатсиз буюртмалар ҳажми _______________ сўм



Эмитент: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки


сўмда

Фоиз ставкаси

(ўсиб бориш тартибида, %да)

Рақобатли буюртмалар ҳажми

Рақобатсиз буюртмалар ҳажми


Буюртмаларнинг умумий ҳажми

(ортиб борувчи якун билан)

Жойлаштиришнинг умумий ҳажми (камайиб борувчи якун билан)

Дилер даромади

(Марказий банк харажати)

1

2

3

4

5

6


























    

   

Валюта биржаси раҳбари __________/ /



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 27 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 29 октябрь, 43-сон, 853-модда