ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Нодавлат нотижорат ташкилотлар. Сиёсий партиялар / Умумий қоидалар /

Адлия органларининг қонун ҳужжатларини бузаётган нодавлат нотижорат ташкилотларини аниқлаш бўйича бошқа давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.10.2018 йил 854-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 23 октябрдаги

854-сон қарорига

ИЛОВА



Адлия органларининг қонун ҳужжатларини

бузаётган нодавлат нотижорат ташкилотларини

аниқлаш бўйича бошқа давлат бошқаруви органлари,

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни

муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро

ҳамкорлиги тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг (кейинги ўринларда адлия органлари деб аталади) қонун ҳужжатларини бузаётган нодавлат нотижорат ташкилотларини, шу жумладан, диний ташкилотлар, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларини, халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналари ва филиалларини (кейинги ўринларда нодавлат нотижорат ташкилотлар деб аталади) аниқлаш бўйича бошқа давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


нодавлат нотижорат ташкилоти - жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилоти;


диний ташкилот - Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний таълим муассасалари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва шу кабилар).


3. Ўзаро ҳамкорлик қонунийлик, объективлик ва жавобгарлик, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига аралашмаслик принципларига мувофиқ амалга оширилади.


4. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат рўйхатидан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтида эълон қилади.



2-БОБ. АДЛИЯ ОРГАНЛАРИНИНГ БОШҚА ДАВЛАТ

БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ, МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ

ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИ, ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАР БИЛАН ЎЗАРО

ҲАМКОРЛИГИ ТАРТИБИ


5. Адлия органлари билан идоралараро ҳамкорликни таъминлаш доирасида, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг қонунийлигин таъминлаш мақсадида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қуйидагиларни амалга оширади:

нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг бузилиши, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан пул маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича талабларга риоя этилмаслиги ва улар томонидан пул маблағларидан ва бошқа мол-мулкдан, уларни молиялаштиришнинг ноқонуний манбаларидан фойдаланилганлиги тўғрисида адлия органларини хабардор қилади;

адлия органларининг сўровлари бўйича ҳужжатларни ва (ёки) маълумотларни, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг молиявий-хўжалик фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади;

адлия органларининг сўровлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларини белгиланган тартибда тугатиш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сўровлари бўйича чет эл фуқаролари бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимларини, шунингдек, уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларини аккредитация қилиш бўйича материалларни ўрганади;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан пул маблағлари ва бошқа мол-мулкдан уларнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга мувофиқ оқилона ва мақсадли фойдаланилиши бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини ўрганишда адлия органларига кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари аниқланган ёки нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан уларнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга зид хатти-ҳаракатлар амалга оширилган ҳолларда адлия органларига ва (ёки) прокуратурага нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритади;

аккредитация қилинган чет эл фуқаролари бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари, шунингдек, уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзолари томонидан содир этилган Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг бузилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини хабардор қилади;

адлия органларига нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, уларнинг юзага келиши сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган биргаликдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқишни назарда тутувчи таклифларни киритади.


6. Ушбу Низом доирасида:


а) адлия органлари:

нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирларга оид фикр-мулоҳазаларни;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ташкил этилган ва ўтказилган тадбирлар (конференциялар, семинарлар, тренинглар, йиғилишлар ва шу кабилар) якунлари бўйича таҳлилни;

ҳужжатлар ва (ёки) маълумотларни, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларига тақдим этилган маблағлар, грантлар, бошқа молиявий ва моддий ресурсларнинг ишлатилиши бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларининг молиявий-хўжалик фаолиятига оид маълумотларни;

чет эл фуқаролари бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари, шунингдек, уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларини белгиланган тартибда аккредитация қилиш бўйича материалларни ўрганиш якунлари юзасидан фикр-мулоҳазаларни;

нодавлат нотижорат ташкилотларини мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига дахлдор бўлган тармоқ, ҳудудий гуманитар дастурларни амалга оширишга жалб қилиш бўйича таклифларни;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, устав фаолияти ва таъсис ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни назарда тутувчи таклифларни;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларига халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиалларига уларнинг таклифларига кўра ташриф буюраётган чет эл фуқароларига оид маълумотларни сўраб олишга ҳақлидир;


б) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қуйидаги сўровлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини хабардор қилади:

нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига тааллуқли бўлган халқаро шартномалар/битимлар тўғрисида, ёхуд халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиалларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритиши учун асос бўлган битимлар бўйича;

халқаро ва хорижий ноҳукумат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиалларининг бош офиси тўғрисида;

халқаро ва хорижий ноҳукумат нотижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхоналари ва филиалларининг таклифига кўра чет эл фуқароларига берилган визалар тўғрисида;


в) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, божхона ва солиқ органлари ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ноқонуний фаолиятни амалга оширганлик ҳолати аниқланганлиги ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмаганлик тўғрисида у аниқланган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмасдан;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари бузилганлиги, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан уларнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга зид хатти-ҳаракатларнинг содир этилганлиги ушбу ҳолат аниқланганидан бошлаб ўн кундан кечиктирмасдан;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан пул маблағларини мақсадли сарфлаш ва улар томонидан бошқа мол-мулкдан фойдаланиш талабларига риоя этмаслик, шунингдек, ноқонуний молиялаштириш манбалари тўғрисида ушбу ҳолат аниқланганидан бошлаб ўн кундан кечиктирмасдан;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан адлия органларини белгиланган тартибда хабардор қилмасдан ўтказилган тадбирлар (конференциялар, семинарлар, тренинглар, йиғилишлар ва шу кабилар) тўғрисида ушбу ҳолат аниқланганидан бошлаб ўн кундан кечиктирмасдан;

йўл қўйилган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг мансабдор шахслари ва ходимлари ҳақида улар жавобгарликка тортилган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмасдан;

диний хизматчилар ва диний ташкилотларнинг аъзолари томонидан махсус болалар ва ўсмирлар йиғилишларини, шунингдек, диний маросимларга алоқаси бўлмаган меҳнат, адабиёт тўгараклари ва бошқа тўгараклар ва гуруҳларни ташкил этганлиги ва ўтказилганлиги ҳолатлари тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтган халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари орқали Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикасида миссионерлик ва бошқа ҳуқуққа хилоф фаолият амалга оширганлигининг аниқланган ҳолати тўғрисида;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан диний адоват, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, фуқароларни қирғин қилиш ёки зўрлик билан кўчиришга чақириш, аҳоли ўртасида ваҳима уйғотиш ёхуд диний-экстремистик, террористик ташкилотларнинг белгилари ва рамзларини намойиш қилишга оид материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш мақсадида тайёрлаганлик, сақлаганлик, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирганлик ёки тарқатганликнинг аниқланган ҳолатлари ҳақида ушбу ҳолатлар аниқланган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмасдан;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг фуқароларнинг ўз фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишларига ёки фуқаролик бурчларини бажаришларига тўсқинлик қилиш, шу жумладан, диндорлардан мажбурий йиғим ундириш, диний ибодатларда, диний расм-русм ва маросимларда иштирок этиш ёки иштирок этмасликка мажбурлаш билан боғлиқ бўлган ноқонуний фаолиятининг аниқланган ҳолатлари тўғрисида ушбу ҳолатлар аниқланган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмасдан;

аккредитация қилинган чет эл фуқаролари бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари, шунингдек, уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзолари томонидан содир этилган Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини бузганлик ҳолатлари тўғрисида ушбу ҳолатлар аниқланган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмасдан;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва бошқа моддий қимматликлар, шу жумладан, транспорт воситалари олиб кирилганлиги ёки олиб чиқилганлиги тўғрисида;

нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари томонидан божхона ҳақидаги қонунлар бузилганлиги ҳолатлари тўғрисида;

божхона ёхуд солиқ ҳақидаги қонунлар бузилганлиги муносабати билан жавобгарликка тортилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг мансабдор шахслари ва ходимлари тўғрисида;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлигининг аниқланган ҳолатлари тўғрисида;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатга олувчи орган билан келишмаган ҳолда хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар, хорижий давлатларнинг фуқароларидан ёхуд уларнинг топшириқлари билан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олинганлиги тўғрисида;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинмаган рамзлардан фойдаланганлиги тўғрисида;

бош офиси Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари, хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда уларнинг ходимларини ушбу ваколатхоналар ва филиалларнинг уставидаги мақсадлар ва вазифаларига жавоб бермайдиган ҳар қандай сиёсий ва бошқа фаолиятда иштирок этиши, улар томонидан сиёсий партиялар ва оммавий ҳаракатлар ўтказадиган акциялар ва тадбирларнинг молиялаштирилиши, шунингдек, шундай ташкилотларни тузиш ташаббуси билан чиққанлиги ва қўллаб-қувватлаганлиги тўғрисида;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан йиғилишлар, митинглар, кўча йиғилишлари ёки намойишлари, шу жумладан, диний йиғилишлар ва бошқа маросимларни ташкил этиш ёки ўтказиш тартиби бузилганлиги тўғрисида;

диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳамда диний таълим бериш тартиби бузилганлиги тўғрисида;

сўровларга мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг молиявий-хўжалик фаолияти тўғрисида адлия органларини хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, божхона ва солиқ органлари чет эл фуқаролари бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари, шунингдек, уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларини белгиланган тартибда аккредитация қилиш бўйича материалларни ўрганади ҳамда адлия органларига нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, уларнинг юзага келиши сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган биргаликдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқишни назарда тутувчи таклифларни киритади;


г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

нодавлат нотижорат ташкилотлари масалалари бўйича доимий фаолият кўрсатувчи комиссиялар фаолияти тўғрисида;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ноқонуний фаолияти, шу жумладан, ташкилот раҳбарларининг уставни давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаганлиги тўғрисида зудлик билан;

почта манзилини ўзгартирган ва бу ҳақда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилмаган нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида ушбу ҳолат аниқланган кундан бошлаб уч кун мобайнида;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлган фаолиятда иштирок этиши, шунингдек, ноқонуний ташкилотларни ташкил этиш ташаббуси билан чиққанлиги ёки қўллаб-қувватлаганлиги тўғрисида;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан адлия органларини белгиланган тартибда хабардор қилмаган ҳолда тадбирлар (конференциялар, семинарлар, тренинглар, йиғилишлар ва шу кабилар) ўтказилганлиги тўғрисида улар ўтказилганидан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тарқатилганлиги тўғрисида зудлик билан;

диний хизматчилар ва диний ташкилотларнинг аъзолари томонидан махсус болалар ва ўсмирлар йиғилишлари, шунингдек, диний маросимларга алоқаси бўлмаган меҳнат, адабиёт тўгараклари ва бошқа тўгараклар ва гуруҳлар ташкил этилганлиги ва ўтказилганлиги ҳолатлари тўғрисида зудлик билан;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан аҳоли орасида ваҳимани келтириб чиқаришга қаратилган аҳолини қирғин қилиш ёки зўрлик билан кўчиришга чақиришга оид материаллар тарқатилганлиги ҳолатлари тўғрисида зудлик билан;

аккредитация қилинган чет эл фуқаролари бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари, шунингдек, уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатлари тўғрисида адлия органларини хабардор қилади.

Юқорида кўрсатилган ҳолатлар тўғрисидаги хабарлар ва маълумотлар масъул органларга улар аниқланган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмасдан белгиланган тартибда маълум қилинади.


7. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар адлия органлари билан ҳамкорлик доирасида маълумотларни ҳам ёзма, ҳам электрон ахборот алмашинуви йўли билан юборадилар.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


8. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлайдилар.


9. Адлия органлари тушган маълумотларни таҳлил қилади, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари талаблари, устав фаолияти ва таъсис ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган чораларни кўради.


10. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 23 октябрь

















































Время: 0.2122
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск