язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Соғлиқни сақлаш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.10.2018 й. 865-сон "Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Халқаро молекуляр аллергология марказини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.10.2018 й.

N 865



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ВАЗИРЛИГИ

ҲУЗУРИДА ХАЛҚАРО МОЛЕКУЛЯР

АЛЛЕРГОЛОГИЯ МАРКАЗИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Етакчи хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда илмий-диагностик, таълим ва ишлаб чиқаришга оид инновацияларни ривожлантириш, аллергик касалликларни диагностика қилиш ва даволашнинг молекуляр ва бошқа илғор усулларини татбиқ қилиш ҳамдакўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фанлар академиясининг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Халқаро молекуляр аллергология марказини (кейинги ўринларда Халқаро марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Халқаро марказ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

ультразамонавий биологик микрочипларни қўллаш орқали аллергик касалликларни диагностика қилиш соҳасида инновацион технологияларни ривожлантириш, шунингдек, шу каби касалликларни даволаш ва профилактика қилиш;

аллергик касаллик ҳақида жамланган маълумотлар, аллерген турлари, шунингдек, шошилинч ҳолатларни ривожланиш риски тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи "аллергик паспорт" яратиш;

аллерген ўсимликлар гулчангининг аэробиологик мониторингини ва чанглатиш прогнозини аниқлаш, келгусида бу ҳақида аҳолини хабардор қилиш, аллергенли ўсимликларнинг гуллаш тақвимини яратиш;

озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалашни анафилактик реакция ривожланиш хавфи мавжудлигини инобатга олган ҳолда жаҳон стандартларига мослаштириш ва уларни озиқ-овқат саноатига босқичма-босқич жорий этиш;

молекуляр аллергология соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этиш ва тадқиқотларни амалга оширилишида кўмаклашиш;

молекуляр аллергология бўйича врачлар малакасини ошириш ўқув дастурларини ва услубий адабиётларни ишлаб чиқиш;

молекуляр аллергология соҳасида мутахассисларни шартнома асосида малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;

молекуляр аллергология соҳасида фаолият юритаётганёш олимлар ва хорижлик экспертларни ҳамкорликка жалб қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

халқаро илмий-техникавий ҳамкорлик шаклларини ривожлантиришда иштирок этиш, жумладан, молекуляр аллергологияни ривожлантириш учун жамғармалар ва халқаро дастурлар грантларини жалбқилиш орқали хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда илмий-техникавий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш.


3. Белгилаб қўйилсинки:

Халқаро марказ директори Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

таркиби Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Халқаро кузатув кенгаши Халқаро марказнинг бошқарув органи ҳисобланади.

Халқаро марказ ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Иммунология ва инсон геномикаси институти ва бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.


4. Халқаро марказ фаолиятини молиялаштириш манбаи сифатида қуйидагилар белгилансин:

Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;

соҳа фаолияти бўйича шартнома асосида бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлардан тушган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грант ва кредитлари;

жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва Халқаро марказ томонидан ўрнатилган тартибда шакллантирилган рўйхат бўйича республикага олиб кириладиган лаборатория асбоб-ускуналари, реагентлар ва сарфланувчи материаллар 2022 йилнинг 1 октябрига қадар божхона тўловларидан озод қилинсин (божхона расмийлаштируви тўловлари бундан мустасно).


6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро марказ талабномасига кўра Халқаро марказда ишлаш учун жалб этилган хорижлик мутахассисларнинг кириш визаларини консуллик ва бошқа тўловларни ундирмаган ҳолда ўрнатилган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро марказ талабномасига кўра Халқаро марказда ишлаш учун жалб этилган хорижлик мутахассислардан давлат божларини ундирмаган ҳолда уларга кўп марталик визаларни бериш ва узайтириб бериш, вақтинча рўйхатга қўйишни ўрнатилган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


8. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Халқаро марказ талабномасига кўра Халқаро марказ зиммасига юкланган вазифаларни ижро этиш учун хорижлик мутахассисларни республикага жалб этишга рухсат бериш (узайтириб бериш) ҳамда уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориш ҳуқуқини ўрнатилган тартибда тасдиқлашни таъминласин.


9. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига - Халқаро марказ фаолиятини самарали ва тўлақонли ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига - вазирликлар ва идоралар томонидан белгиланган вазифаларни бажарилишини мувофиқлаштириш, шунингдек, ушбу қарорнинг бажарилишини мунтазам равишда кўриб чиқиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


10. Халқаро марказ Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги марказий аппаратининг Тошкент шаҳар Олмазор тумани Университет кўчасида қурилаётган биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

бир ой муддатда Халқаро марказ ташкилий тузилмасини тасдиқланишини, унинг Уставининг ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

Халқаро марказда бажариладиган илмий-тадқиқот ишларини амалий йўналтирилганлигини ва натижадорлигини кучайтиришга, шунингдек, илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг самарали мувофиқлаштирилишини, жаҳон илмий ютуқлари даражасига мослигини таъминласин.


12. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмуродов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                         А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 25 октябрь