язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Алоқа ва ахборот-коммуникацион технологиялар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.10.2018 й. 847-сон "Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

22.10.2018 й.

N 847



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

МОБИЛ ҚУРИЛМАЛАРНИ ҲИСОБГА

ОЛИШ ТИЗИМИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Республикамизнинг барча ҳудудларида мобил алоқани ривожлантириш, замонавий сервис хизматларини жорий этиш орқали интерактив давлат хизматлари ва электрон тижоратдан фойдаланиш имкониятларини яратиш, шунингдек, мамлакатимизда халқаро стандартларга мос келадиган мобил телефонлар ва мобил алоқа модулига эга қурилмаларни (кейинги ўринларда мобил қурилмалар деб аталади) кенг ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Истеъмолчиларга сифатли мобил қурилмалардан фойдаланиш имкониятини яратиш, ички бозорни контрафакт маҳсулотларнинг олиб кирилиши ва сотилишидан ҳимоя қилиш ҳамда телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг республикада мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари асосида рўйхатга олиш бўйича қуйидагилар имконини берадиган тизимни (кейинги ўринларда Тизим деб аталади) жорий қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

мобил қурилмалардаги ўзига хос идентификация кодлари тўғрилигини текшириш орқали уларнинг мулкдорлари (эгалари) ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш;

мобил қурилмалардан уларнинг мулкдорларини (эгаларини) огоҳлантирмасдан ноқонуний ва рухсатсиз фойдаланишга йўл қўймаслик;

халқаро стандартларга мос келмайдиган сифатсиз мобил қурилмалар сотилишининг олдини олиш.


2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги - мобил қурилмаларнинг идентификация кодларини рўйхатга олиш ва қўллаш, ушбу йўналишда норматив-ҳуқуқий базани яратиш ва такомиллаштириш бўйича ваколатли орган;

"UZINFOCOM давлат ахборот хизматларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор" МЧЖ - Тизим оператори (кейинги ўринларда Тизим оператори деб аталади) этиб;

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари - Тизимни яратиш ва жорий этиш ишларини молиялаштириш манбаи этиб белгилансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги:

а) 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, мобил телефонлар ва мобил алоқа модулига эга қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимини тўлиқ ишга тушириш имконини берадиган ҳамда келишилган ташкилий-техник ва иқтисодий механизмларни назарда тутувчи Тизимни ташкил этиш режа-жадвалини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

б) жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама натижалари асосида қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарорининг тегишли лойиҳасини уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

Тизим операторининг асосий функция ва вазифаларини, вазирлик ва идоралар, телекоммуникация операторлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартибини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб келинадиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби ҳамда шартлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;

в) 2019 йил 1 апрелгача бўлган муддатда:

мобил қурилманинг идентификация кодини Интернет тармоғи орқали онлайн режимида рўйхатга олиш ва унинг мақомини текшириш хизмати жорий этилишини;

мобил қурилмаларни рўйхатга олиш ҳамда маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича ҳудудий пунктларини ташкил этишни ва уларнинг фаолият юритишини таъминласин.


4. Тизим операторига маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар ёки уларнинг расмий дилерлари (дистрибьюторлари) билан Тизимни жорий этиш учун зарур бўлган ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, дастурий таъминот маҳсулотлари, восита ва мосламалар, компьютер ҳамда сервер техникасини энг яхши таклифларни танлаш асосида етказиб бериш бўйича шартномалар тузишга ва кейинчалик шартномаларни "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКда экспертизадан ўтказишга рухсат берилсин.


5. Тизим операторига уни ташкил этиш ва жорий этиш доирасида олиб кириладиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, дастурий таъминот маҳсулотлари, восита ва мосламалар, компьютер ҳамда сервер техникаси учун божхона тўловларини божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб 36 ойгача бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тизимни ишга туширгунча Тизим операторининг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг тегишли таркибий бўлинмалари ҳамда мобил алоқа тармоқларининг телекоммуникация операторлари билан ўзаро ҳамкорлиги бўйича битимлар тузилишини таъминласин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Электрон ҳукумат, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                         А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 24 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 29 октябрь, 43-сон, 846-модда