ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Танловлар. Кўриклар. Фестиваллар. Кўргазмалар. Маданият кунлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.11.2018 й. ПҚ-3990-сон "Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

01.11.2018 й.

N ПҚ-3990



ХАЛҚАРО БАХШИЧИЛИК САНЪАТИ

ФЕСТИВАЛИНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА


Ҳар қайси халқнинг азалий тарихи ва маданияти энг аввало унинг оғзаки ижоди  фольклор санъатида, достон ва эпосларида мужассам топган бўлиб, улар миллатнинг ўзлигини англаш, унинг ўзига хос миллий қадриятлари ва анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришда бебаҳо манба ҳисобланади.

Ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда янада кенгайтириш мақсадида:


1. Маданият вазирлиги ва Фанлар академиясининг ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивалини (кейинги ўринларда - Фестиваль) ташкил этиш ҳамда ушбу фестивални биринчи марта 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб юритилади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида низом ҳамда Халқаро бахшичилик санъати фестивалини 2019 йилда ўтказиш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


3. Ташкилий қўмитага (А. Арипов):

Фестивални ўтказиш бўйича белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

Фестиваль совриндорларига топшириладиган диплом, сертификат, ҳайкалчалар намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш вазифалари юклансин.


4. Маданият вазирлиги ҳамда Фестиваль ўтказиладиган ҳудуд ҳокимлиги Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул этиб белгилансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

Фестивалга хорижий давлатлардан таниқли фольклоршунос олимлар, бахши, шоир, оқин ва жировлар, ижодий жамоалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фахрий меҳмонларни таклиф этишда Маданият вазирлигига амалий ёрдам кўрсатсин;

Фестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Маданият вазирлигининг буюртманомаларига биноан, Ўзбекистон Республикасига кириш визаларининг белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.


6. Маданият вазирлиги Фестивалнинг тантанали очилиш маросимини ҳар томонлама пухта ва бадиий жиҳатдан бетакрор усулда тайёрлаш учун юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорларни кенг жалб этсин.


7. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Термиз шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилишини, Фестиваль ўтказиладиган саҳна майдонлари ва заллар талаб даражасида тайёрланишини таъминласин.


8. Маданият вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, "Олтин мерос" халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Cавдо-саноат палатаси ва "Ҳунарманд" уюшмаси билан биргаликда:

Фестиваль доирасида бахшичилик санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви ташкил этилишини;

Фестиваль дастури ишлаб чиқилиши ва унинг Фестиваль ўтказилишидан уч ой аввал туризм ташкилотларига тақдим этилишини, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини;

Фестиваль веб-сайтини бир ой муддатда тайёрлаб, Интернет тармоғига жойлаштирилишини ҳамда мунтазам равишда янгиликлар, фотосуратлар, аудио ва видео материаллар билан янгилаб борилишини таъминласин.


9. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Фестиваль қатнашчилари ва меҳмонлар учун меҳмонхоналардан жой ажратиш чораларини кўрсин.

10. Белгилаб қўйилсинки, Фестивални тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Фестивални ўтказиш белгиланган ҳудуднинг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда ҳамда ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, "Дунё" ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 1 ноябрдаги

ПҚ-3990-сон қарорига

ИЛОВА



Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик

кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита

ТАРКИБИ

А. Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ташкилий қўмита раиси


А. Абдухакимов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари


Ф. Махмудов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари


Б. Сайфуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири


Б. Пўлатов

-

Сурхондарё вилояти ҳокими в.б.


П. Бобожонов

-

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири


А. Шадманов

-

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири


Д. Ахатов

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари


О. Назарбеков

-

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари


лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмигаси раиси


Б. Юлдашев

-

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти


А. Нуридинов

-

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси


А. Хаджаев

-

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б.


А. Кадиров

-

Республика Маънавият ва маърифат маркази раиси


С. Саидов

-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси


А. Икрамов

-

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси


Ж. Эшонқулов

-

Ўзбекистон Фанлар академияси Адабиёт музейи директори


У. Абдуллаев

-

"Ҳунарманд" уюшмаси раиси


А. Каримов

-

"Олтин мерос" халқаро хайрия жамғармаси раиси


Т. Мирзаев

-

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, фольклоршунос


М. Жўраев

-

Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги ўзбек тили, адабиёти ва фольклор институти бўлим бошлиғи


Ш. Болтаев

-

Ўзбекистон Халқ бахшиси


Қ. Норматов

-

Ўзбекистон Халқ бахшиси


лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари


лавозими бўйича

-

Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари


А. Джурабаев

-

Вазирлар Маҳкамаси Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудири, Ташкилий қўмита котиби


Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



"Халқ сўзи", 2018 йил 3 ноябрь










































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск