язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Алоқа ва ахборот-коммуникацион технологиялар/ Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашга доир маъмурий ва ташкилий чора-тадбирлар, дастурий-аппарат ва техника воситаларига доир талабларни белгилаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.10.2018 й. 848-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 22 октябрдаги

848-сон қарорига

3-ИЛОВА



Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи

ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашга доир маъмурий

ва ташкилий чора-тадбирлар, дастурий-аппарат ва

техника воситаларига доир талабларни

белгилаш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ёки болаларнинг ёшга оид тоифалари бўйича таснифланган ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулотининг айланишида маъмурий ва ташкилий чора-тадбирлар, дастурий-аппарат ва техника воситаларига доир талабларни ўрнатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда маркаланмаган ахборот маҳсулоти - ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифа белгиси бўлмаган ахборот маҳсулоти атамаси қўлланади.


3. Алоқа хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар асосида Интернет тармоғи орқали тарқатиладиган ахборотдан фойдаланиш имкониятини тақдим этишни назарда тутадиган алоқа хизматлари кўрсатувчи алоқа операторлари болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик қоидаларининг ижро этилиши учун тегишли шартномаларда мустаҳкамлаб қўйилган даражада жавобгардир.



2-БОБ. БОЛАЛАРНИ УЛАРНИНГ СОҒЛИҒИГА

ЗАРАР ЕТКАЗУВЧИ АХБОРОТДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ

ТАЪМИНЛАГАН ҲОЛДА АХБОРОТ МАҲСУЛОТИНИНГ

АЙЛАНИШИГА ДОИР ТАЛАБЛАР


§ 1. Ахборот маҳсулотининг айланишига

доир умумий талаблар


4. Жамоат жойларида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотнинг болаларни бундай ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашга доир маъмурий ва ташкилий чора-тадбирлар, дастурий-аппарат ва техника воситаларини қўлламасдан айланишига рухсат этилмайди.


5. Томоша тадбири орқали болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулотининг намойишидан аввал бевосита томоша тадбири бошланишидан аввал тегишли ёшга оид тоифалардаги болаларнинг унда бўлишига рухсат этилмаслиги ёки чеклангани ҳақида товушли огоҳлантириш эшиттирилади.


6. Болаларнинг уларнинг ёшга оид тоифасига мос келмайдиган ахборот маҳсулоти намойиш этиладиган томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этишига рухсат этилмайди.


7. Қуйидагилардан ташқари ҳолатларда маркаланмаган ахборот маҳсулотининг айланишига рухсат этилмайди:

Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ таълим жараёнида фойдаланишга тавсия қилинган ёки рухсат этилган дарсликлар ва ўқув қўлланмалари;

олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга узатиладиган теледастурлар, телекўрсатувлар;

ижтимоий-сиёсий ёки ишлаб чиқариш-амалий тусдаги ахборотни тарқатишга ихтисослашган даврий босма нашрлар.


8. Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган реклама маҳсулотларини буклетлар, билбордлар, баннерлар, LED ва LCD экранларда ва болалар оммавий ахборот воситалари ёки Интернет тармоғи ресурсларидан фойдаланмасдан олиши мумкин бўлган бошқа жойларда тарқатиш тақиқланади.



§ 2. Ахборот маҳсулоти айланишининг

ўзига хос хусусиятлари


9. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида Интернет жаҳон тармоғидан фойдаланишда ахборот қуйидагича тарқатилади:

таълим муассасаларида - ҳимоя дастурларининг тўпламидан фойдаланган, шунингдек, "ZiyоNET" таълим тармоғига уланган ҳолда;

Интернет тармоғидан жамоавий фойдаланиш жойларида Интернет тармоғидан, шунингдек, аудиовизуал маҳсулот, шу жумладан, ўйинлардан фойдаланишнинг ҳар бир техник воситасида (шахсий компьютер, ўйин қурилмаси, 3D кўзойнак ва бошқалар) ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгисини кўрсатган ҳолда. Интернет тармоғидан жамоавий фойдаланиш пунктларининг эгалари ўз фойдаланувчиларига ёшга оид тоифага мос келмайдиган ахборотдан ва тақиқланган ахборот маҳсулотидан фойдаланишга имконият бергани учун жавобгар бўлади.

Таълим муассасаларида, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш имконияти таъминланадиган ва (ёки) бошқа ахборот-коммуникация тармоқлари орқали хизмат кўрсатиладиган жойларда кўрсатувларни трансляция қилишда болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг ахборот-дастурий ва техник воситаларини қўллаш ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги (кейинги ўринларда ЎзМАА деб аталади) томонидан белгиланадиган бошқа талабларга риоя қилиш лозим.

Интернет тармоғи ахборот ресурсларининг эгалари ахборот маҳсулотининг уни тарқатиш шаклидан қатъи назар, ёшга оид таснифи тўғрисида хабардор қилишлари шарт.

Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи белгиси Интернет тармоғи ахборот ресурсининг у ёки бу ахборот материалини кўриш мумкин бўлган саҳифасида жойлаштирилиши лозим.

Ахборот-коммуникация тармоқлари, шу жумладан, Интернет тармоғи орқали тарқатиладиган ахборотдан фойдаланиш имконияти болаларнинг бўлиши рухсат этилган жойларда Интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятини таъминлаётган шахс томонидан болаларни ҳимоя қилишнинг маъмурий ва ташкилий чора-тадбирлари, дастурий-аппарат воситаларидан қўлланиш шарти билан тақдим этилади.


10. Телерадиоузатувчилар болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотининг тарқатилишига йўл қўймаслик бўйича зарур чора-тадбирларни кўрадилар. Агар бундай телерадиодастурлар эфирга кодланмаган шаклда (аналог форматда) узатилаётган бўлса, улардан аввал товушли огоҳлантириш эшиттирилиши ҳамда кўрсатув аввалида камида 8 сония давомида визуал (товушли) белги кўрсатилиши лозим.

Болаларнинг бўлишига рухсат этилган жойларда фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари аввалдан ўрнатилган ҳимоя дастурлари тўпламига эга телерадиоузатиш тизимларига уланиш бўйича чора кўришлари лозим.

Болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти теле ва радиоузатиш орқали соат 6 дан 22 гача тарқатилиши тақиқланади, фойдаланиш ёки тинглаш учун фақат пулли асосда, декодлаш техник воситаларини қўллаган ҳолда тақдим этиладиган теле ва радиодастурлар, кўрсатувлар бундан мустасно.


11. Газеталар, шахсларнинг кенг доираси учун, шу жумладан, болаларнинг бўлишига рухсат этилган жойларда тарқатиладиган босма ва бошқа матбаа маҳсулотининг биринчи ва охирги саҳифасида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот бўлмаслиги лозим.

Болалар учун тақиқланган ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулотининг босма маҳсулот кўринишида болалар бўлишига рухсат этилган жойларда маҳкам беркитилган ўрамда тарқатилишига рухсат этилади.

Болалар учун тақиқланган ахборотни улар учун мўлжалланган таълим муассасаларида, тиббиёт, санаторий-курорт, жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларида, маданият, болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш жойларида ёки ушбу ташкилотлар чегарасидан камида 500 метр масофада тарқатилишига рухсат этилмайди.


12. Кутубхоналар, ахборот-ресурс марказлари фойдаланувчиси болалар бўлган ахборотни тарқатишда ахборот тарқатувчилари:

ахборот маҳсулотининг Қонун талабларига мувофиқ берилиши ҳамда ахборот маҳсулоти белгисининг каталогда акс эттирилиши бўйича чора-тадбирлар кўриши;

болалар фойдаланишига рухсат этилган компьютерларда ҳимоя дастурларини ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар кўриши;

ўзлари ўтказаётган томоша, маданий-оммавий тадбирлар тўғрисида эълонлар, афишалар, ахборот материалларининг маркаланишини таъминлаши;

болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир, шу жумладан, кутубхонадан фойдаланувчиларга интернет-ресурслардан фойдаланиш имкониятини яратишда маъмурий, ташкилий, техник ва дастурий-аппарат воситаларининг қўлланишини таъминлаши;

кутубхоналар, ахборот-кутубхона марказлари ва ахборот-ресурс марказларининг ходимлари ва фойдаланувчиларини Қонун билан кенг таништириш бўйича семинарлар, йиғилишлар ва бошқа тадбирлар ўтказиши шарт.


13. Интернет тармоғи ва уяли радиотелефон алоқаси тармоқлари хизматлари провайдерлари, Интернет тармоғидан жамоавий фойдаланиш жойларининг эгалари ва маъмурлари болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир маъмурий ва ташкилий чора-тадбирлар кўришлари, техник, дастурий-аппарат воситаларидан фойдаланишлари лозим.


14. Реклама маҳсулотларини буклетлар, билбордлар, баннерлар, LED ва LCD экранларда ва болалар оммавий ахборот воситалари ёки Интернет тармоғи ресурсларидан фойдаланмасдан олиши мумкин бўлган бошқа жойларда тарқатувчилар болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотнинг тарқатилишига йўл қўймаслик бўйича маъмурий ва ташкилий чора-тадбирлар кўришлари шарт.



3-БОБ. БОЛАЛАРНИ УЛАРНИНГ СОҒЛИҒИГА ЗАРАР

ЕТКАЗУВЧИ АХБОРОТДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШГА

ДОИР МАЪМУРИЙ ВА ТАШКИЛИЙ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР


15. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир маъмурий чора-тадбирларга қуйидагилар киради:

а) қуйидагиларни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш:

Қонуннинг 16-17-моддалари ҳамда Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини аниқлаш мезонлари ҳамда уни экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ ахборот маҳсулотига белги бериш ва уни жойлаштириш ва (ёки) ахборот маҳсулоти тўғрисида матнли огоҳлантиришни жойлаштиришнинг тартиб-тамойиллари;

болаларнинг оммавий намойишда, оммавий ижрода, томоша тадбири орқали болалар учун тақиқланган ахборот маҳсулотини намойиш қилишда, агар улар ташкил этилса ва (ёки) ўтказилса, ҳозир бўлишининг шарт-шароитлари;

Қонуннинг 19-моддасига ва ушбу Низом мезонларига мувофиқ равишда эфир ва кабель, теле ва радиоузатиш, Интернет тармоғи ва ҳаракатчан радиотелефон алоқа тармоқлари орқали, болалар бўлишига рухсат этилган жойларда тарқатиладиган болалар учун тақиқланган ахборот маҳсулоти ва унинг қисмларининг айланишига доир қўшимча талаблар;

болалар учун тақиқланган ахборот маҳсулоти айланаётган жойларда бўлган шахсларнинг болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш зарурлиги тўғрисида хабардорлигини оширишга қаратилган болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари;

болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузишнинг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган тартиб-таомиллар;

б) хизмат мажбуриятларига болалар учун тақиқланган ахборот маҳсулотининг айланишини ташкил этиш ва амалга ошириш кирадиган ходимларни болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш талаблари билан, ушбу соҳага алоқадор қонунчилик ҳужжатлари билан таништириш;

в) болалар учун тақиқланган ахборот маҳсулоти айланишининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир маъмурий ва ташкилий чора-тадбирларни қўллаш учун ҳамда уларни қўллаш тартибини текшириш учун масъул ходимни тайинлаш;

г) болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир қўлланилаётган маъмурий ва ташкилий чора-тадбирлар 15-бандининг "а" кичик бандига асосан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлиги бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи ички назоратни амалга ошириш:

Ўзбекистон Республикасининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилиги бузилгани, шу жумладан, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир қўлланилаётган маъмурий ва ташкилий чора-тадбирлар Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини аниқлаш мезонлари ҳамда уни экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ эмаслиги, шунингдек, болалар улар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборотдан фойдаланиш имкониятига эгалиги тўғрисида ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ва бундай ариза ва шикоятларни Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ кўриб чиқиш натижалари тўғрисида асосланган жавоб йўллаш;

болаларнинг улар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборотдан фойдаланиш имкониятига эгалиги тўғрисида келиб тушган ариза ва шикоятларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш ва уларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар кўриш.


16. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир ташкилий чора-тадбирларга қуйидагилар киради:

ҳамма кириши учун очиқ бинолар ва жойларда ушбу Низом 15-бандининг "а" кичик бандига мувофиқ қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жойлаштириш ҳамда улар ҳақидаги маълумотларни турли воситалар орқали аҳолига етказиш;

болалар учун тақиқланган ахборот маҳсулотининг айланишини амалга оширувчи ишлаб чиқарувчи ва (ёки) тарқатувчининг Интернет тармоғидаги расмий сайтида ушбу Низом 15-бандининг "а" кичик бандига мувофиқ қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек, маъмурий ва ташкилий чора-тадбирларни қўллаш тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ва кўрсатиб ўтилган ҳужжатлардан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлаш;

телекоммуникациялар операторлари ва провайдерлари, оммавий ахборот воситаларининг (кейинги ўринларда ОАВ деб аталади) мажбуриятларини белгилаш билан боғлиқ тадбирлар, тарғибот ва таълим (медиатаълим) тадбирларини ўтказиш, ОАВ учун этика стандартларини жорий қилиш ва уларга риоя этиш, ОАВни болаларнинг ижтимоий, интеллектуал ва маданий жиҳатдан ҳар томонлама ва баркамол ривожланишига хизмат қиладиган ахборот ва материалларни тарқатишга рағбатлантириш ва ҳоказо.



4-БОБ. БОЛАЛАРНИ УЛАРНИНГ СОҒЛИҒИГА ЗАРАР

ЕТКАЗУВЧИ АХБОРОТДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ

ТАЪМИНЛАШНИНГ ДАСТУРИЙ-АППАРАТ

ВА ТЕХНИК ВОСИТАЛАРИ


17. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашнинг Интернет тармоғи, теле ва радиоузатиш, мобил алоқа тармоқлари орқали тарқатиладиган ахборотдан фойдаланиш имкониятини тақдим этишда қўлланадиган дастурий-аппарат ва техник воситаларига қуйидагилар киради:

Интернет тармоғидаги сайтларда жойлаштирилган болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборотдан фойдаланишни чеклаш воситалари;

болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ҳамда теле ва радиоузатиш, мобил алоқа воситалари орқали тарқатиладиган ахборот маҳсулотидан фойдаланишни чекловчи декодлайдиган техник воситалар;

фойдаланишни блоклаш воситалари, фойдаланишни чеклаш воситалари, контентни фильтрлаш воситалари, фойдаланишни назорат қилиш воситалари, шунингдек, ахборотдан фойдаланиш имкониятини тақдим этишда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлайдиган бошқа дастурий ва техник воситалар.

Интернет, телевидение ва радиоэшиттиришлар, уяли алоқа тармоқлари орқали тарқатиладиган ахборотдан фойдаланишни чеклаш шартлари лицензия шартномаларида ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш шартларида назарда тутилади.


18. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашнинг томоша тадбирлари орқали тарқатиладиган ахборотдан фойдаланиш имкониятини тақдим этишда қўлланадиган дастурий-аппарат ва техник воситаларига товушли ёки матнли тарзда ёшга оид чекловлар тўғрисида хабардор қилиш воситалари киради.



5-БОБ. УШБУ НИЗОМНИ АМАЛГА

ОШИРИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ


19. Қонунни, шунингдек, ушбу Низом талабларини амалга ошириш ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини, ахборот маҳсулотининг айланишини ёхуд унинг аҳоли, шу жумладан, болалар кириши учун очиқ бўлган жойларда намойишини амалга оширган субъектлар зиммасига юкланади.


20. Оилаларда қонунчилик талабларини амалга ошириш, шунингдек, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир дастурий-аппарат ва техник воситаларни қўллаш ота-оналар ёки бошқа қонуний вакиллар зиммасига юкланади.


21. Эксперт хулосасига мувофиқ ЎзМАА томонидан ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчиларга болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилса, шунингдек, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш учун кўрсатма юборилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат назорати ЎзМАА, бошқа ваколатли давлат органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.


23. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик, шунингдек, ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 23 октябрь