язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Саноат/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.11.2018 й. 897-сон "Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.11.2018 й.

N 897



ЁҚИЛҒИ-ЭНЕРГЕТИКА РЕСУРСЛАРИНИНГ

НАРХ ВА ТАРИФЛАРИНИ БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ

ЎЗГАРТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ёқилғи-энергетика ресурсларини реализация қилишнинг бозор механизмларини янада жорий этишни таъминлаш, улардан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкорлигини рағбатлантириш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва ёқилғи-энергетика комплекси корхоналарини балансли ривожлантириш мақсадида, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларининг жаҳон нархлари ўсишини ва товарлар (хизматлар) бозорларида монополияни босқичма-босқич пасайтирилаётганлигини инобатга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2018-2019 йилларда нарх ва тарифларнинг босқичма-босқич ўзгариш графиклари:

табиий ва суюлтирилган газ учун 1-иловага мувофиқ*;

электр энергияси учун 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. 2018 йилнинг 16 ноябридан бошлаб:


а) истеъмол солиғини ҳисобга олган ҳолда автобензин ва дизель ёқилғиси чакана нархлари:

Аи-80 автобензинга - 4 000 сўм/литр;

Аи-91 автобензинга - 4 500 сўм/литр;

дизель ёқилғисига - 4 800 сўм/литр;

ЭКО дизель ёқилғисига - 4 900 сўм/литр этиб;


б) қонунчиликда белгиланган айрим тоифадаги шахсларга автобензин харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ҳар ойлик пул компенсацияси 66 700 (олтмиш олти минг етти юз) сўм этиб;


в) "Ўзтрансгаз" АЖнинг ва "Ўзнефтмаҳсулот" АЖ ҳудудий нефть базалари корхоналарининг табиий газ ва суюлтирилган газ, нефть маҳсулотларининг реализациясидан ягона махсус ва жамғариб бориладиган мақсадли ҳисобрақамларига тушадиган маблағлар (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига ажратмалар чегирилган ҳолда) "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг махсус мақсадли ҳисобрақамларига ўтказиш тартиби белгилансин.


3. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида қуйидагилар жорий этилсин:


а) аҳоли истеъмоли учун электр энергияси базавий нормаси ойига бир абонентга 300 кВт.соат;


б) аҳоли истеъмоли учун табиий газнинг базавий нормаси:

иситиш мавсуми даврида якка тартибда иситиладиган уйлар ва квартираларда яшайдиган бир абонентга ойига 1000 куб.м;

бошқа ҳолатларда бир абонентга ойига 250 куб.м;


в) аҳоли билан электр энергияси ва табиий газ учун ҳисоб-китобларни амалга оширганда:

базавий норма доирасида - белгиланган тариф бўйича;

базавий нормадан ортган қисми учун - белгиланган тарифга 1,2 баравар ошириш коэффициентини қўллаш.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ, "Ўзбекэнерго" АЖ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги 2019 йилнинг 1 июлига қадар электр энергияси ва табиий газ истеъмоли базавий нормаларини амалда қўлланишини ўрганиш натижаларига кўра келгусида истеъмол базавий нормаларини қўллаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин.


4. "Ўзбекнефтгаз" АЖ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги:

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ ва "Ўзнефтмаҳсулот" АЖ билан биргаликда ишлаб чиқариш самарадорлигига эришиш мақсадида 2018 йилнинг 16 ноябридан бошлаб нефть ва газ соҳасида қазиб чиқарувчи ва қайта ишловчи корхоналар маҳсулотларининг тармоқ ичидаги нархлари табиий газ учун - ўртача 2,2 баробарга, нефть учун - ўртача 2 баробарга, газ конденсати учун - 1,6 баробарга ва суюлтирилган газ учун - 2,3 баробарга оширилишини таъминлансин;

"Ўзбекнефтгаз" АЖ барча истеъмолчиларни дизель ёқилғиси билан белгиланган нархларда узлуксиз таъминлаш бўйича 2019 йил 1 январгача таклиф киритсин;

"Ўздавнефтгазинспекция" ДИ ҳамда тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда аҳолига маиший эҳтиёж учун Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 мартдаги 99-сон қарори билан тасдиқланган Газ ҳисоблагичлари бўлмаган тақдирда коммунал-маиший эҳтиёжлар учун аҳолига бериладиган табиий газнинг ойлик нормаларини қайта кўриб чиқиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


5. Белгилансинки, "Ўзбекэнерго" АЖнинг ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг электр энергиясини етказиб бериш ва сотиш хизматлари учун белгиланадиган устамалар тасдиқланадиган тарифлар доирасида ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан мустақил равишда таъсисчилари билан белгиланган тартибда келишилган ҳолда ўрнатилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Ўзнефтмаҳсулот" АЖ, "Ўзбекэнерго" АЖ ва "Ўзтрансгаз" АЖ билан биргаликда жорий этилаётган янги нарх ва тариф прейскурантларини тасдиқласин ҳамда барча манфаатдор вазирликлар, идора ва ташкилотларга етказсин.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 16 ноябрдан бошлаб иссиқлик энергияси тарифларини аҳоли учун кўпи билан 10 фоизгача ошириш ва бошқа истеъмолчилар учун таннархдан келиб чиққан ҳолда ўрнатсин.


8. "Ўзнефтмаҳсулот" АЖ ва унинг ҳудудий корхоналари, шунингдек, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин сотувчи ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларида табиий газ сотувчи хўжалик юритувчи субъектлар, "Ўзтрансгаз" АЖ ва унинг ҳудудий филиаллари "Ўздавнефтгазинспекция" ДИ ва Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2018 йил 16 ноябрдаги ҳолати бўйича автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензиннинг ҳамда газ тўлдириш шохобча ва пунктларида суюлтирилган газнинг қолдиғини қайта ҳисобласинлар.

Белгилансинки, қўшимча баҳолаш суммаси тўлиқлигича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадига киритилади.


9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.С. Султанов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                           А. Арипов



*) 1-2 иловалар рус тилидаги матнда берилган.






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 1 ноябрдаги

897-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартиришлар


1. Вазирлар Маҳкамасининг "2002-2004 йилларда уй-жой фондини газни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2002 йил 28 мартдаги 99-сон қарорига 5-иловада:


а) "Газ приборларининг тури ва газни сарфлаш мақсади" устуни 4-позициясининг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"беш ойлик иситиш мавсуми мобайнида ҳар ойда газ билан иситиш приборининг туридан қатъи назар уйлар, квартираларни якка тартибда иситишда, шунингдек, марказий иситишдан узилган кўп қаватли уйлардаги квартиралар газдан фойдаланганда";


б) изоҳ 1-бандининг иккинчи хатбошидаги "бир ярим баравар миқдорда" сўзлари "1,2 баравар миқдорда" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурслари билан ўз вақтида таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 14 ноябрдаги 913-сон қарори 1-банднинг "а" кичик банди ва 2-бандининг иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин.


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 28 февралдаги 149-сон қарори 4-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошилари чиқариб ташлансин.







Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 1 ноябрдаги

897-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб ҳисобланаётган баъзи қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш ва реализация қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 28 декабрдаги 1025-сон қарори.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳолига кундалик ҳаётда истеъмол қилиш учун сотиладиган суюлтирилган газнинг республика бўйича ягона чакана нархини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида" 2017 йил 29 декабрдаги 1033-сон қарорининг 1-банди ҳамда қарорга 1 ва 2-иловалар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 2 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 5 ноябрь, 44-сон, 863-модда