язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Нотижорат ташкилотлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.11.2018 й. 896-сон "Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.11.2018 й.

N 896




ҲАДИС ИЛМИ МАКТАБИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сон Фармони ижросини таъминлаш, ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда ислом дини асослари ва ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган олий маълумотли етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сон Фармони билан олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби (кейинги ўринларда Мактаб деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

Мактаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланади;

Мактаб битирувчиларига бериладиган давлат намунасидаги диплом Ўзбекистон Республикасида олий диний таълим соҳасидаги тегишли мутахассисликлар бўйича бакалавр даражасини берувчи олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этилади.


3. Қуйидагилар Мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилангани инобатга олинсин:

Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш;

ҳадисшунослик мактаби шаклланиши ва ривожланиши, унинг илмий-маънавий асосларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ва унинг натижалари асосида ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш.


4. Қуйидагилар:

Мактабда ўқиш муддати беш йил эканлиги, у кундузги таълим шаклида олиб борилиши;

Мактабда "Ҳадисшунослик" таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши;

Мактабга 2018/2019 ўқув йили учун қабул квотаси жами 10 та ўрин этиб ва кейинги йиллар учун қабул квотасини шакллантириш ушбу соҳадаги талаб ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Мактаб муассиси томонидан белгиланиши;

Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари саралаб олиниши;

Мактаб битирувчиси таълимни ўз ихтисослигига кўра Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистратурасида давом эттириши, таянч докторантура ва докторантура босқичларида таҳсил олиши инобатга олинсин.


5. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда белгиланган тартибда Мактабнинг тузилмаси ва уставини тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш;

Мактаб фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида илмий-педагог кадрлар таркибини республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият кўрсатаётган мутахассислардан шакллантириш, шу жумладан, Мактабга хорижий таълим (илмий) муассасаларида малакасини ошириб келган, юқори савияли профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар, соҳанинг салоҳиятли, етук мутахассисларини жалб этиш чораларини кўриш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Мактаб билан хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хорижлик профессор-ўқитувчиларни Мактабга жалб қилиш;

Мактаб профессор-ўқитувчиларини малака ошириш, тажриба алмашиш ва ўқитиш учун чет мамлакатларга юбориш чораларини кўриш;

Мактаб битирувчилари Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистратураси ва докторантурасида илмий ишларини давом эттириши учун уларни пухта ва мукаммал ўқув режалари ҳамда ўқув дастурлари асосида тайёрлаш тавсия этилсин.


6. Мактаб фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобиданамалга оширилиши инобатга олинсин:

Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ва муассис томонидан ажратиладиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Мактабнинг ўқув режаси ва ўқув дастурларини пухта ишлаб чиқиш, унинг ахборот-ресурс марказини диний ва дунёвий фанлар бўйича зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий адабиётлар, даврий нашрлар билан таъминлашда кўмаклашсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг буюртмасига асосан Мактабдаги таълим жараёнида иштирок этувчи хорижий ўқитувчилар ва экспертларга кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимларсиз расмийлаштирилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг буюртмасига асосан Мактабдаги таълим жараёнида иштирок этувчи хорижий ўқитувчилар ва экспертларга давлат божи ундирилмаган ҳолда кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинчалик яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддатининг узайтирилишини таъминласин.


10. Мактаб Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани, Хожа Исмоил шаҳарчасида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази биносида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


11. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, "Зиё" медиа марказига Мактаб билан ҳамкорликда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий ва юртимиздан етишиб чиққан бошқа буюк уламоларнинг сабоқлари рукни остида телекўрсатувлар ҳамда радиоэшиттиришлар тайёрлаш ва мақолалар чоп этиш тавсия этилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ж.К. Акрамов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                            А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 2 ноябрь