язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 07.11.2018 й. ПҚ-4006-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 7 ноябрдаги

ПҚ-4006-сон қарорига

3-ИЛОВА



2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси

жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодекси қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида тарбиялаш ва ахлоқан тузатиш учун ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилди.

Сўнгги йилларда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш бўйича қатор чоралар қабул қилинди. Хусусан, маҳкумларнинг ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, ушбу соҳада коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларига барҳам бериш, жазони ижро этиш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилди.

Жазони ижро этиш тизимида таълим муассасаларининг фаолияти тубдан ислоҳ қилинди, маҳкумларни ўқитиш жараёнига инновацион педагогик технологиялар жорий этилди, биринчи навбатда, вояга етмаганлар ва касб-ҳунарга эга бўлмаган маҳкумларни касбий тайёрлаш механизмлари қайта кўриб чиқилди.

Жазони ижро этиш муассасалари фаолиятида замонавий ахборот- коммуникация технологияларини, маҳкумларни назорат қилишнинг замонавий техника воситаларини, шунингдек, улар учун масофали видео-учрашув ташкил этиш имконини берувчи видеоконференция тизимини жорий этиш ва қўллаш бўйича кенг чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маҳкумларнинг меҳнат билан бандлигини самарали таъминлаш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларида ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг жазони ижро этиш фаолиятини мониторинг қилиш борасидаги ваколатлари кенгайтирилди.

Шу билан бирга, жиноят-ижроия амалиёти таҳлили, шунингдек, жамоатчилик билан бевосита мулоқот натижалари қуйидаги ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда:

маҳкумлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, уларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсон, меҳнат ва ижтимоий турмуш қоидалари ҳамда анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантириш;

озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш, шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан самарали назоратни амалга ошириш;

жазони ижро этиш муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, уларнинг жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий мослаштиришда фуқаролик жамияти институтлари билан узвий ҳамкорлигини таъминлаш.

Юқоридагилар давлат жиноят-ижроия сиёсатининг қуйидаги асосий жиҳатларни назарда тутувчи мутлақо янги устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этади:



I. ЖИНОЯТ-ИЖРОИЯ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ,

ЖИНОЯТ-ИЖРОИЯ ҚОНУНЧИЛИГИ НОРМАЛАРИНИ

ТИЗИМЛАШТИРИШ ВА УЙҒУНЛАШТИРИШ БЎЙИЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАРНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ


1. Жиноят-ижроия қонунчилигини унинг халқаро стандартларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилиш асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини кенгайтириш.


2. Турлича талқин қилинадиган ёки коррупциянинг юзага келишига йўл қўядиган ёхуд уларни қўллаш бўйича тушунтириш талаб этувчи нормалардан воз кечиш, шунингдек, қонун нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш амалиётига тўлиқ ўтиш.


3. Жиноят-ижроия қонунчилигида фойдаланиладиган атама ва тушунчаларнинг ҳуқуқий маъносини аниқ ифодалаш ва уларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш.


4. Жазоларни ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этувчи муассасалар ҳамда органлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш.


5. Жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларининг тамойиллари, тартиби ва шартларини замонавий ёндашувлар, илғор халқаро стандартлар ва хорижий амалиётни ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштириш.


6. Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш.


7. Пробация бўлинмаларининг фаолияти, зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириши бўйича механизмлар ва ваколатларининг норматив-ҳуқуқий тартибини белгилаш.


8. Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларни жамоавий сақлашга муқобил бўлган камера типида сақлаш тартибини жорий этиш.


9. Жазони ижро этиш муассасалари ва пробация бўлинмалари ходимлари фаолиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.


10. Жиноят-ижроия қонунчилиги нормаларини унификация қилиш.



II. МАҲКУМЛАРНИ АХЛОҚАН ТУЗАТИШ ВА

УЛАР ТОМОНИДАН ҚАЙТА ЖИНОЯТ СОДИР

ЭТИЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ


1. Жазо ва бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этувчи органлар фаолиятини маҳкумларни ахлоқан тузатиш ва тарбиявий ишлар самарадорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан такомиллаштириш.


2. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахслар, биринчи навбатда вояга етмаганлар ва ёшларни ижтимоий мослашуви ва ишга жойлашишга ҳар томонлама амалий кўмаклашиш механизмларини жорий этиш.


3. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахсларни қайта касбий тайёрлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш.


4. Озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинганлар томонидан қайта жиноят содир этилиши хавфини аниқлаш ва йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш тизимини жорий этиш.


5. Жазони ижро этиш тизимида психологик иш амалиётини кенг қўллаш, маҳкум шахсини унинг ижтимоий-психологик портретини тузган ҳолда ўрганиш.


6. Маҳкумларни ахлоқан тузатишда корхона, ташкилот, муассаса, жамоатчилик тузилмалари ва фуқаролар иштирокининг таъсирчан механизмларини яратиш.


7. Вояга етган маҳкумларни суд қарори асосида умумий тартибли колония, манзил-колония ва тарбия колониясидан пробация бўлинмалари ваколати доирасига ўтказиш тартибини жорий этиш.


8. Маҳкумларни манзил-колонияларда сақлаш тартиби ва шартларини қайта кўриб чиқиш.


9. Маҳкумларга қўлланилган интизомий жазоларнинг автоматлаштирилган ҳисобини, уларнинг хулқ-атвори ва ҳаракатларини назорат қилиш бўйича замонавий техник воситаларни, биринчи навбатда, пробация бўлинмалари фаолиятига босқичма-босқич жорий этиш.



III. МАҲКУМЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ЭРКИНЛИКЛАРИ

ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ИШОНЧЛИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ ТАЪМИНЛАШ


1. Маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, шу жумладан, тинтув жараёнида жисмоний куч ва махсус воситалар асоссиз қўлланилишига йўл қўймаслик.


2. Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш.


3. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг давлат пенсия таъминоти кафолатини кучайтириш мақсадида, уларнинг иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар ўтказишга бўлган чекловни бекор қилиш.


4. Умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ маҳкумларнинг ҳуқуқлари доирасини янада кенгайтириш.


5. Маҳкумларни олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида масофавий ўқитиш шаклини жорий этиш орқали уларнинг таълим олиши бўйича чекловларни бекор қилиш.


6. Маҳкумларга учрашув бериш ва алмаштиришнинг адолатли ҳамда шаффоф тартиби ва талабларини белгилаш.


7. Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасаларига тақсимлаш, уларни бир муассасадан бошқасига ўтказиш, шунингдек, уларга нисбатан қўлланилган интизомий жазолар ҳисобини юритиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш.


8. Маҳкумларнинг кийим-бошларини иқлим шароитлари ва замонавий талабларга мувофиқ қайта кўриб чиқиш.



IV. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КЎЗЛАНГАН НАТИЖАЛАР


Жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштириш, ундаги ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф этиш, миллий хусусиятлар ва шароитларни эътиборга олган ҳолда халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани имплементация қилиш.

Бунда қуйидаги мақсадларга эришиш алоҳида аҳамият касб этади:

маҳкумларни ахлоқан тузатиш, уларнинг ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашнинг ишончли ва самарали механизмларини яратиш;

жиноят-ижроия тизими фаолиятининг шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш устидан жамоатчилик назоратини такомиллаштириш;

маҳкумларни ахлоқан тузатишда давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхона, ташкилот, муассаса, жамоат бирлашмалари ва фуқароларнинг иштироки институтини кучайтириш;

жазони ижро этиш тизими фаолиятига замонавий шакл ва усулларни ҳамда илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш.

Концепцияни амалга оширишнинг пировард натижаси маҳкумларни ахлоқан тузатиш, уларнинг жиноий фаолиятининг олдини олиш, шунингдек, бошқа шахслар томонидан жиноят содир этилишига чек қўйишнинг самарали тизимини яратиш ҳисобланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 8 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 12 ноябрь, 45-сон, 875-модда