язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.11.2018 й. ПҚ-4006-сон "Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.11.2018 й.

N ПҚ-4006



ЖИНОЯТ-ИЖРОИЯ ҚОНУНЧИЛИГИНИ

ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлаш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларни ахлоқан тузатиш бўйича тарбиявий ишларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, жиноят-ижроия амалиётини ўрганиш натижалари маҳкумларнинг ҳуқуқларига риоя этиш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлаш, келгусида жамиятга ижтимоий мослаштириш учун ахлоқан тарбиялаш ва меҳнатга ўргатишнинг шаффоф ва янада самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этиш зарурлигидан далолат бермоқда.

Замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:


1. Қуйидагилар жиноий жазоларнинг ижросини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

жиноят-ижроия қонунчилиги нормаларини унификация қилиш, тизимлаштириш ва уйғунлаштириш;

маҳкумлар ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги механизмларини жорий этиш;

маҳкумлар онгида қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсонга, меҳнатга, ижтимоий турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантириш тизимини такомиллаштириш;

умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда маҳкумлар ҳуқуқлари доирасини янада кенгайтириш;

маҳкумлар, биринчи навбатда, вояга етмаганлар ва ёшларнинг таълим олиши, касбий тайёргарлигини ташкил этиш ҳамда бандлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш;

озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш механизмларини тубдан қайта кўриб чиқиш, шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат самарадорлигини ошириш;

жазони ижро этиш муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, уларнинг озодликдан маҳрум этиш жойлардан озод этилган шахсларни ижтимоий мослаштиришда фуқаролик жамияти институтлари билан узвий ҳамкорлигини таъминлаш.


2. 2019 йил 1 январдан эътиборан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этилишини назорат қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида вазирликнинг Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати ва тегишлича унинг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда - пробация бўлинмалари) ташкил этилсин.

Пробация бўлинмаларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш бўйича фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда самарали ташкил этиш;

шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш;

назорат остидагилар, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаганларнинг ижтимоий мослашуви ва ишга жойлашишига, шу жумладан, уларнинг касбий тайёргарлиги бўйича тадбирларни ташкил этиш орқали ҳар томонлама амалий кўмаклашиш;

назорат остидагиларнинг қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, уларнинг шахсини ижтимоий-психологик портретни тузган ҳолда ўрганиш.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг шахсий таркиби улар зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда, қоида тариқасида, бир нафар ходимга шаҳарларда - 100, туманларда - 75 нафар маҳкум ҳисобидан келиб чиқиб тақсимланади;

пробация бўлинмалари устуворлик асосида ижтимоий, педагогика ва профилактика соҳаларида иш тажрибасига эга бўлган офицерлар таркибидаги малакали ходимлар билан тўлдирилади;

катта амалий иш тажрибасига эга бўлган ва хизматдан салбий ҳолатларга кўра бўшатилмаган ички ишлар органларининг пенсионерлари, пенсияси тўлиқ миқдорда тўланиши сақланган ҳолда, пробация бўлинмалари ходимлари лавозимига аттестациядан ўтган лавозим ҳисобидан тайинланишлари мумкин.


4. Ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларининг ўринбосарлари - жазони ижро этиш бўлими бошлиғи лавозимлари ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларининг пробация ва жазони ижро этиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимларига ўзгартирилсин ва улар зиммасига:

ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш фаолиятининг самарали ташкил этилиши учун шахсий жавобгарлик;

жазони ижро этиш муассасалари ва пробация бўлинмаларининг фаолиятини ҳамкорликда ва самарали таъминлаш бўйича вазифалар юклансин.


5. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари пробация бўлимларининг намунавий ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан келиб тушадиган ушланмаларнинг 50 фоизи ҳисобидан шакллантириладиган Пробация хизматини ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган шахслар сонини ҳисобга олган ҳолда, Жазони ижро этиш бош бошқармасининг асосланган таклифлари бўйича пробация бўлинмалари ходимлари, ишчи ва хизматчиларининг қўшимча штат бирликларини жорий этиш;

пробация бўлинмаларига мутахассис-психологларни, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини меҳнат бозоридаги амалдаги конъюнктурани ҳисобга олиб белгилаган ҳолда, шартнома асосида жалб этиш;

пробация бўлинмалари ходимлари учун, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа устама ва тўловлардан қатъи назар, лавозим маошига рағбатлантирувчи фоизли устамалар белгилаш.

Белгилансинки, Жамғарма маблағлари фақат қуйидагилар учун сарфланади:

пробация бўлинмалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини рағбатлантириш;

пробация бўлинмаларининг бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайдиган қўшимча киритилган штат бирликларини, шунингдек, шартнома асосида жалб этилган мутахассис-психологларни таъминлаш;

озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган маҳкумларни, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаганларнинг касбий тайёргарлиги бўйича тадбирларни ташкил этиш.


7. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинганларнинг ижтимоий мослашуви ва уларни ишга жойлаштиришда пробация бўлинмаларига ҳар томонлама амалий кўмаклашиш ва самарали ҳамкорликни ташкил этиш учун шахсий жавобгарлик юклансин.


8. 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) 3-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

бир ой муддатда Жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро эксперт гуруҳини (кейинги ўринларда - эксперт гуруҳи), батафсил иш режасини тасдиқлаган ва назорат механизмларини белгилаган ҳолда ташкил этсин;

2020 йил 1 июнга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида, Концепцияни амалга ошириш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва ўрнатилган тартибда киритилишини таъминласин.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда пробация бўлинмаларини жойлаштириш, уларни замонавий техника ва қурилмалар билан жиҳозлаш, шунингдек, бажараётган вазифаларини ҳисобга олган ҳолда фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур чораларни кўрсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда Пробация хизматини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомни тасдиқласин;

2019 йил 1 январга қадар пробация бўлинмаларининг штат жадвалини, назорат остидагилар билан ишловчи мутахассис-психолог лавозимларини назарда тутган ҳолда, тасдиқласин;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида "Жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти" мутахассислиги бўйича ўқитишни йўлга қўйсин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 июнга қадар озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинганларнинг ҳисобини юритиш ҳамда назорат қилиш, уларнинг ижтимоий-психологик портретларини умумлаштириш ва фойдаланиш имконини берувчи пробациянинг марказлашган электрон тизимини ишлаб чиқсин ва жорий этсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда жиноят-ижроия соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганиш, шу жумладан, эксперт гуруҳининг хорижий давлатларга ишчи ва танишув сафарларини ташкил этиш, халқаро ташкилотларнинг вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказишни назарда тутувчи дастурни тасдиқласин.


12. Белгилансинки, ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, Жамғарма маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                             Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 7 ноябрдаги

ПҚ-4006-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар

вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси

ҳузуридаги Пробация хизматининг

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

        





Хизмат бошлиғи
































Хизмат бошлиғининг ўринбосари




























Жазоларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш бўлими


Ижтимоий мослаштириш, ҳуқуқий ва психологик ёрдамни таъминлаш бўлими





















Ахборот-таҳлилий таъминлаш бўлими



Молия-иқтисод бўлими

























Канцелярия




















Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 7 ноябрдаги

ПҚ-4006-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги,

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар

ички ишлар бошқармалари пробация бўлимларининг

НАМУНАВИЙ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

      

Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари

































Вазирнинг, Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг пробация ва жазони ижро этиш масалалари бўйича ўринбосари*




























Жазони ижро этиш бўлими*


Пробация бўлими




























Канцелярия


Туман (шаҳар) ички ишлар органлари пробация бўлинмаси (гуруҳи)




















Бухгалтерия


























































         

           

*) Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятлари ички ишлар бошқармаларида мавжуд



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 8 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 12 ноябрь, 45-сон, 875-модда