язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.11.2018 й. 905-сон "Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари"ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.11.2018 й.

N 905




ҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР

ХИЁБОНЛАРИ"НИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ёш авлодни ўқитиш, тарбиялаш ва уларнинг мустақил дунёқарашини шакллантириш ҳамда соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сон қарори билан педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилиш мақсадида 2018-2020 йилларда жойларда "Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари"ни ташкил этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. "Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари"нинг концепцияси иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тегишли лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда уч ой муддатда "Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари"нинг(кейинги ўринларда хиёбонлар деб аталади) намунавий лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига етказилишини таъминласин.

Белгилансинки, хиёбонларнинг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига:

намунавий лойиҳа асосида хиёбонларнинг яхлит меъморий комплекси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

тасдиқланган лойиҳалар асосида барча туман (шаҳар) марказларидаги маданият ва истироҳат боғлари ҳудудларида хиёбонлар ташкил этиш;

хиёбонларни ташкил этишда ўқитувчи ва мураббийларни улуғловчи монументлар, кутубхоналар, илмий-маърифий бинолар, музейлар ва кўргазма залларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш;

хиёбонларни ташкил этиш учун маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисмини, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек,ҳомийлик хайриялари, инвесторлар маблағларини жалб қилиш ва мақсадли йўналтириш;

хиёбонларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ишларни молиялаштиришда тадбиркорлик субъектлари имкониятларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан намунавий лойиҳага мувофиқ хиёбонни ёки унинг ҳудудидаги ерларни танлов савдолари асосида тадбиркорларга ижарага бериш чораларини кўриш вазифалари юклансин.


5. Хиёбонларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ҳамда уларда ишлаётган боғбонларга иш ҳақи тўлаш билан боғлиқ харажатларни, зарур ҳолларда, маҳаллий бюджетлар параметрларида ободонлаштириш харажатлари учун назарда тутиладиган маблағлар доирасида қоплаш белгилансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги хиёбонларни ташкил этиш мақсадида янги бино ва иншоотларни қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш бўйича бажарилаётган ишларнинг сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда хиёбонларда ҳар ой охирги ҳафтасининг шанба куни шоир ва ёзувчилар, фан, таълим ва маданият соҳасининг кўзга кўринган вакиллари билан бадиий кеча ва учрашувларни тизимли равишда ташкил этсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари- "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                          А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 ноябрь