язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.11.2018 й. ПФ-5577-сон "Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

14.11.2018 й.

N ПФ-5577



ҚУРИЛИШ СОҲАСИНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг замонавий бозор механизмларини жорий этиш, хусусий бизнесга катта эркинлик бериш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини кучайтириш, хорижий инвестицияларни ва замонавий технологияларни жалб қилиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шу билан бирга, қурилиш соҳасидаги ишлар ҳолатини ўрганиш ушбу соҳасида ислоҳотларни жадал амалга оширишга ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммолар борлигини кўрсатди.

Шаҳарсозликни техник тартибга солишнинг бозор воситаларини жорий этишга етарлича эътибор берилмаяпти, қурилиш соҳасида катта миқдорда давлат маъмурий-бошқарув ва назорат функциялари сақланиб қолмоқда.

Объектларни лойиҳалаштириш ва қуришдаги нормалашнинг мавжуд кўрсатма берувчи усули инновацион лойиҳавий ечимлар ва янги илмий-техник ишланмаларни қўллашга тўсқинлик қилмоқда, ички ва хорижий инвестицияларни қурилиш соҳасига жалб қилишни секинлаштирмоқда.

Халқаро савдонинг ҳозирги глобаллашув шартларига жавоб берадиган қурилиш нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш, қўллаб-қувватлаш ва жорий этиш соҳасида кадрларни профессионал тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими мавжуд эмас.

Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш, инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, қурилиш тармоғи кадрларини профессионал тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида:


1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:


а) 2018 йил 1 декабрдан бошлаб:

барча қурилиш объектлари учун лойиҳаларнинг смета қисмини экспертизадан ўтказиш мажбурийдир, қурилиши тўғридан-тўғри инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган объектлар бундан мустасно;

қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси, кадастр органлари, буюртмачи, пудратчи (бош пудратчи) вакиллари иштирокида амалга оширилади, давлат харидлари субъектлари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектларни қуриш бундан мустасно;

пудрат ташкилотлари ва лойиҳа ташкилотлари ўртасида консорциум ташкил этиш ҳамда консорциум иштирокчилари зиммасига лойиҳани сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун солидар жавобгарликни юклаш орқали "fast-track" усули (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари) билан "тайёр ҳолда топшириш" шартлари (Engineering Procurement Construction) асосида лойиҳаларни амалга оширишга йўл қўйилади;


б) 2019 йил 1 январдан бошлаб:

лойиҳалаш ва қурилиш фаолиятини амалга ошириш учун Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг ваколатли органлари, ташкилотлари, жамиятлари ва бирлашмалари томонидан берилган сертификатлар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар (лицензиялар) тан олинади;

қурилиш учун ер участкаларининг ўз вақтида ва тўғри ажратилиши ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тасдиқланган бош режага ёки ер участкаларини жойлаштириш схемаларига (бош режа мавжуд бўлмаганда) боғламасдан амалга оширилиши учун тегишли ҳокимларнинг шахсий жавобгарлиги белгиланади;

қурилиш учун ер участкалари ўз вақтида ажратилмаслиги ёки нотўғри ажратилиши натижасида юзага келган харажатлар маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан, кейинчалик айбдор шахслардан регресс тартибида ундириш орқали қопланади;

миллий қурилиш нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш, шунингдек қурилишга оид хорижий норматив-техник ҳужжатларни мослаштириш фақат танлов асосида амалга оширилади;

миллий қурилиш нормалари ва қоидаларини қайта кўриб чиқишда, шунингдек қурилишга оид хорижий норматив-техник ҳужжатларни мослаштиришда мулкчилик шаклидан қатъи назар миллий ва хорижий юридик шахслар, жамоат ва халқаро ташкилотлар, шунингдек шу соҳага ихтисослашган илмий-тадқиқот муассасалари иштирок этишга ҳақли;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги миллий қурилиш нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш, шунингдек қурилишга оид хорижий норматив-техник ҳужжатларни мослаштириш ва уларни амалиётга жорий этиш бўйича ишларнинг буюртмачиси ҳисобланади;

қурилиш нормалари ва қоидалари ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш натижалари асосида Қурилиш вазирлигининг қарори билан тасдиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт;

белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган қурилиш стандартлари, техник регламентлар, қурилиш нормалари ва қоидаларининг ягона каталогини юритиш, расмий веб-сайтида эълон қилиш ва янгилаб бориш орқали каталогдан бемалол фойдаланишни таъминлаш "Ўзстандарт" агентлигига юкланади;


в) 2019 йил 1 мартдан бошлаб:

малакага эга бўлиши Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий бўлган қурилиш соҳасидаги мутахассисларни сертификатлаш Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси томонидан амалга оширилади;

лойиҳалаш фаолиятини амалга оширишга штатида тегишли сертификатга эга ва доимий асосда ишлайдиган камида икки нафар муҳандис мавжуд бўлган ёхуд Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси аъзоси бўлган юридик шахсларга рухсат берилади;

объектларни қуришнинг барча босқичларида муаллифлик ва техник назорат мажбурийдир ҳамда тегишли равишда лойиҳа муаллифи ва буюртмачи томонидан ёки сертификатга эга эксперт жалб қилиш йўли билан амалга оширилади.

қурилаётган объектлар устидан муаллифлик назорати, техник назорат ва текширув фақат белгиланган тартибда сертификат олган мутахассислар томонидан амалга оширилади;


г) 2020 йил 1 январдан бошлаб уй-жой қурилиши объектлари лойиҳа-тадқиқот ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш босқичида энергия-самарадор ва энергия-тежамкор ускуналар билан мажбурий равишда жиҳозланиши, шунингдек, улар фойдаланишга қабул қилинишидан аввал энергетик аудит паспортини олиши керак, BREEAM (бинолар самарадорлигини экологик баҳолаш усули) ва LEED (энергия-самарадор ва экологик лойиҳалаштириш бўйича қўлланма) халқаро стандартлари бўйича сертификатга эга объектлар бундан мустасно;


2. Адлия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг қурилиш соҳасини техник тартибга солишнинг норматив базасини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:

тайёргарлик даври (2019-2021 йиллар) - Ўзбекистон Республикасининг геологик, табиий-иқлим, сейсмологик ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда амалдаги миллий қурилиш нормаларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек,  қурилишга оид хорижий норматив-техник ҳужжатларни мослаштириш;

ўтиш даври (2022-2026 йиллар) - миллий қурилиш нормалари ва қоидаларига мослаштирилган қурилишга оид хорижий норматив-техник ҳужжатларни амалиётга жорий этиш, қурилиш соҳасига инновациялар жорий этиш, янги технологиялар, материаллар, буюмлар ва конструкцияларни ўзлаштириш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

якуний давр (2027-2028 йиллар) - миллий ва мослаштирилган хорижий қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини қўллаш тажрибасини умумлаштириш асосида қурилиш соҳасини техник тартибга солишнинг ягона норматив базасини яратиш.


3. 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат қурилиш стандартлари, техник регламентлари, қурилиш нормалари ва қоидаларини қайта кўриб чиқиш жадвали (кейинги ўринларда - жадвал) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришда жадвал бўйича ишларни молиялаштириш учун зарур ажратмаларни назарда тутсин.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда жадвалнинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатсин.

Қуйидагиларга шахсий жавобгарлик юклансин:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматовга - қурилиш соҳасига замонавий бозор механизмлари ва халқаро стандартларни, илғор технологиялар ва ноу-хауни жорий этиш, шунингдек, тармоқдаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг инновацион методологик дастурларини ишлаб чиқиш учун;

Бош вазир ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадовга - миллий қурилиш нормалари ва қоидаларини қайта кўриб чиқиш учун халқаро молия институтлари, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлар маблағларини жалб қилиш, шунингдек, хорижий норматив-техник стандартларни мослаштириш учун;

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири А.Х. Тўхтаевга - 2021 йилнинг охиригача Жаҳон банкининг "Бизнес юритиш" гуруҳи ҳисоботида "қурилиш учун рухсатномалар олиш" кўрсаткичи бўйича республика кўрсаткичларини йилдан-йилга яхшилаб борган ҳолда республикани жаҳоннинг энг илғор 50 мамлакатлари қаторига киришига эришишни қурилиш соҳаси фаолияти самарадорлигининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири этиб белгилаб, ушбу тармоқнинг норматив-ҳуқуқий базасини илғор хорижий тажриба асосида янада такомиллаштириш ва янгилаш учун.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика ҳудудларида "Business city" замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 2 августдаги ПҚ-3895-сон қарори 9-банди "а" кичик бандининг учинчи хатбошиси:

"Business city" марказларини ва "Tashkent city" халқаро ишбилармонлар марказини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида инвесторларга;

"Business city" марказларини ва "Tashkent city" халқаро ишбилармонлар марказини "fast-track" усули (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари) билан "тайёр ҳолда топшириш" шартлари (Engineering Procurement Construction) асосида қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилинадиган, шу жумладан, хорижий пудратчиларга татбиқ этилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:


а) 2018 йил 20 декабрга қадар:

Ташқи ишлар вазирлиги, "Ўзстандарт" агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилишга оид хорижий норматив-техник ҳужжатларни қабул қилиш ва мослаштириш учун ваколатли хорижий органлар ва ташкилотларнинг расмий рухсатини олишни таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси ва Ўзбекистон архитекторлар иттифоқи билан биргаликда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш дастурини ишлаб чиқсин;

Адлия вазирлиги билан биргаликда миллий қурилиш нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш, шунингдек, қурилишга оид хорижий норматив-техник ҳужжатларни мослаштириш учун танлов ўтказиш регламентини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

"Ўзстандарт" агентлиги ва "Ўзқурилишматериаллари" АЖ билан биргаликда "Ўзқурилишматериаллари" АЖ фаолиятини ҳамда қурилиш материаллари ва буюмлари соҳасидаги стандартлаштириш ва сертификатлашнинг амалдаги тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;


б) 2019 йил 1 мартга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига қуйидагилар бўйича таклифлар киритсин:

хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган ҳамда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва мамлакат ҳудудига илк маротаба олиб кирилаётган қурилиш ускунаси, техникаси, материаллари ва буюмларини сертификация қилувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази томонидан белгиланган тартибда аккредитация қилинган синов лабораторияларини ташкил этиш;

давлат органларининг идоравий объектларни қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи функцияларини бажарувчи таркибий бўлинмаларини ташкил этиш;

лойиҳалаш институтлари фаолияти самарадорлигини ошириш, шу жумладан лойиҳа-тадқиқот ишларини молиялаштириш механизмлари ва лойиҳавий ҳужжатларни ишлаб чиқиш муддатларини белгилашни такомиллаштириш;

ҳисобланган қиймати тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига нисбатан ошиб кетган қурилиш объектларини молиялаштириш тартибини аниқлаш;

мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида йирик ихтисослаштирилган қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятини ташкил этиш.


6. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги амалдаги миллий қурилиш нормалари ва қоидаларини қайта кўриб чиқиш, қурилишга оид хорижий норматив-техник ҳужжатларни мослаштириш ва амалиётга жорий этиш бўйича ишларни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлар ва донорларнинг маблағларини жалб қилишда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига кўмаклашсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

а) 2019 йил 1 июлдан бошлаб қурилиш жараёнининг барча иштирокчилари (буюртмачи, лойиҳаловчи, пудратчи) учун BIM технологияларини қўллашга босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи тартибни тасдиқласин;

б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси билан биргаликда қурилиш объектларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва таъмирлаш соҳасидаги фаолиятнинг лицензияланадиган турларини сертификатланганлиги, аккредитациядан ўтказилганлиги ва лицензияланганлигини қайта кўриб чиқсин, қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги фаолиятни аккредитациядан ўтказиш, сертификатлаш ва лицензиялаш тартибини тасдиқласин:

2019 йил 1 мартдан бошлаб лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги фаолиятни сертификатлаш ваколатларини Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмасига, қурилиш соҳасидаги аккредитация ваколатларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация марказига бериш;

Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмасининг лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги сертификатлаш учун масъул ходимларининг малакасига ва тажрибасига талаблар белгилаш;

аниқ, батафсил лицензия талаблари ва шартларини, шунингдек, лицензия даъвогарининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини текширишнинг самарали механизмини кўрсатган ҳолда лицензия битимини имзолашни бекор қилиш.


8. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Қурилиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда қурилиш соҳасини назорат қилувчи инспекциялар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, шу жумладан, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантиришни кучайтириш юзасидан таклифлар киритсин.


9. Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги:

а) 2019 йил 1 январга қадар:

қурилиш объектлари конструкциялари ва функциялари хавф-хатар тоифалари бўйича объектларни таснифлаш юзасидан лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари бўйича объектларнинг мураккаблик тоифалари Классификаторини қайта кўриб чиқсин;

лойиҳа ҳужжатлари экспертизадан ўтказувчи, қурилишнинг олиб борилиши устидан техник ва муаллифлик назоратини амалга оширувчи, қурилаётган объектларни текширувчи шахсларнинг малакасига ва уларни сертификатлашга талаблар қўйиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) 2020 йил 1 январдан бошлаб лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш босқичида уй-жой қурилиш объектларини энергия нуқтаи назаридан самарадор ва энергия тежовчи ускуналар билан жиҳозлашга мажбурий талаблар ўрнатилишини назарда тутувчи тартибни 2019 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

в) 2019 йил 1 апрелга қадар лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги кадрларнинг, шу жумладан, профессор ва ўқитувчиларнинг хорижий мамлакатларда албатта амалиёт ўтказишини ташкил этган ҳолда узлуксиз, шу жумладан, масофавий касбга ўқитиш ва малакасини ошириш учун олий таълим муассасалари ўқув дастурларини ушбу Фармон талабларига мувофиқ кўриб чиқиш юзасидан таклифлар киритсин;

г) 2019 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин, кодекснинг ўзида уни тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларини, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутсин:

қурилишни давлат томонидан тартибга солишнинг асосий принциплари, функциялари ва органлари, норматив-техник ҳужжатларни жорий этиш ва уларнинг каталогларини юритиш, қурилиш соҳасидаги аккредитация тартиби;

бош режаларни, батафсил жойлашув лойиҳаларини, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш учун талабномаларни келишиш, пудрат учун давлат шартномасини ишлаб чиқиш ва тузиш тартиби;

лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, қурилиш объектларининг қурилиш инспекциясини амалга ошириш ва фойдаланишга қабул қилиш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириш тартиби;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида ишлайдиган архитекторлар ва муҳандислар малакасига талаблар қўйган ва уларнинг жавобгарлик, шу жумладан, моддий жавобгарлик даражасини белгилаган ҳолда қурилиш тармоғини профессионал жиҳатдан тартибга солиш;

ўтиш даври қоидалари, шу жумладан, қурилиш назорати сифатини, конструктив хавфсизликни, жавобгарлик тартибга солинишини ва суғуртани таъминлайдиган, қурилиш фаолияти субъектларининг рақобат муҳити ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлайдиган бошқа масалалар;

д) бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                 Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 14 ноябрдаги

ПФ-5577-сон Фармонига

ИЛОВА



2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси

давлат қурилиш стандартлари, техник регламентлари,

қурилиш нормалари ва қоидаларини қайта кўриб чиқиш

ЖАДВАЛИ


N

Норматив-техник ҳужжатларнинг номланиши


Жами

Шундан

2019 йил

2020 йил

2021 йил

1.

Ташкилий-услубий нормалар

29

6

12

11

2.

Лойиҳалашнинг техник нормалари

120

30

50

40

3.

Қурилиш саноатини ташкил этиш қоидалари ва технологияси

43

12

24

7

4.

Иқтисодий нормативлар

145

40

60

45

5.

Умумий техник регламентлар

2

2

-

-

6.

Давлат стандартлари

126

30

50

46

7.

Жами

465

120

196

149

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 15 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 19 ноябрь, 46-сон, 888-модда