Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат) /

Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.09.2017 й. 755-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 24 сентябрдаги

755-сон қарорига

2-ИЛОВА



Коммунал соҳа, транспорт, капитал

қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари

ахборот-таҳлил департаменти тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


2. Департаментнинг фаолияти Вазирлар Маҳкамасини, унинг Раёсатини, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппаратини коммунал хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, транспорт ва транспорт коммуникациялари, капитал қурилиш ва пудрат ишлари дастурларини амалга ошириш, қурилиш ишлари ва архитектура ишлари сифатини назорат қилиш, қурилиш индустриясини ривожлантириш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш масалалари бўйича ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлашга йўналтирилган.


3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Департамент ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади.

Департамент ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси - Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбарига (кейинги ўринларда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари деб аталади) бўйсунади, айни пайтда унинг фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштириб борилади.


5. Департамент ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



2-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) коммунал хўжалиги соҳасида:

коммунал хўжалиги соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилишини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ривожлантиришнинг прогнозлари ва энг муҳим дастурлари ишлаб чиқилишини ва уларнинг бажарилишини ташкил этиш;

коммунал соҳада мониторингни таъминлаш, ушбу соҳадаги ҳолат ва вазиятни таҳлил этиш, коммунал хизмат кўрсатишдаги сифат ўзгаришларини ва уни ривожлантириш тенденцияларини баҳолаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш, коммунал хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ижро этиш бўйича фаолияти самарали мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга ва коммунал хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантиришга доир вазифаларнинг комплекс ҳал этилишини ташкил қилиш;

коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида бошқарув тузилмасини такомиллаштириш, тармоққа хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органлари билан биргаликда коммунал хизмат кўрсатиш учун тарифлар ошганда аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи механизмларни ишлаб чиқиш;

сув таъминоти ва канализация тизимини янада ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этиш, аҳоли пунктларини ривожлантириш схемаларига ва бош режаларга мувофиқ сув таъминоти, канализация объектларини ривожлантириш, модернизациялаш ва реконструкция қилишга доир дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш, сув таъминоти ташкилотлари фаолияти мувофиқлаштирилиши ва бошқарилишини таъминлаш;

сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти ва коммунал соҳа ташкилотларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашга доир ташкилий-техник тадбирлар ва энергия сарфини камайтириш тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органлари билан биргаликда уй-жой-коммунал хўжалиги объектларини замонавий ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлашни, қурилиш-монтаж ишлари таннархини пасайтиришни таъминловчи замонавий ва сифатли маҳаллий қурилиш материалларини кенг қўллашни назарда тутувчи механизмларни ишлаб чиқиш;

арзон кўп квартирали уй-жойлар, сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш давлат дастурларини амалга ошириш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштириш, кўп квартирали, шу жумладан эскириб кетган ва авария ҳолатидаги уй-жойлар ҳолатини хатловдан ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш;

кўп квартирали уй-жойларнинг ёндош ҳудудларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиеник нормативларга мувофиқ сақлаш ишларини ташкил этиш, кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш, улардан фойдаланиш, мажбурий бадаллар ва фойдаланиш харажатларини, кўп квартирали уйлардан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидалари ва нормаларини белгилашга доир талабларга риоя этилишини назорат қилиш;

иссиқлик таъминоти тизимларини ривожлантириш, ҳудудларни ободонлаштиришга доир дастурий ҳужжатларнинг сифатли бажарилишини назорат қилиш, ушбу соҳа ташкилотлари фаолияти мувофиқлаштирилиши ва бошқарилишини таъминлаш;

ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини, уй-жой-коммунал хўжалиги методологиясини ҳисобга олган ҳолда уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

уй-жой-коммунал соҳа учун кадрлар тайёрлаш, хорижда ўқув стажировкалари ташкил этишни ҳисобга олган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, дастурий маҳсулотларни, идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базасини жорий этиш юзасидан таклифлар киритиш;

б) транспорт соҳасида:

транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши тизимли ва комплекс ўрганилишини ташкил этиш;

транспорт ва транспорт коммуникацияларининг барча турлари фаолияти мониторингини таъминлаш ҳамда таҳлил этиш ва ушбу соҳаларда давлат сиёсатини, бошқарув шакллари, усуллари ва тузилмасини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

транспорт соҳасининг фаолият кўрсатиши ва транспорт коммуникацияларини ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари бажарилишини ташкил этиш;

йўловчилар ва юк ташишни мақбуллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш ва уни оқилона ташкиллаштириш, транспорт коммуникацияларини жадал ривожлантириш ҳамда уларнинг барқарор фаолият кўрсатиши, транспортда ташиш ва трансмиллий транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари комплекс ҳал этилишини ташкил этиш;

транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳаси фаолияти масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

рақобат муҳитини шакллантириш, транспорт хизматлари бозоридан тенг фойдаланилишини таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

транспорт хизматларига ҳақ тўлаш бўйича аҳолининг ижтимоий ночор қатламларига бериладиган имтиёзларнинг мавжуд тизимини таҳлил қилиш ва уларни унификация қилишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

транспорт тармоғи корхоналарида фойдаланиладиган, маҳаллийлаштириш даражасини янада оширишни ва саноат маҳсулотларининг янги турлари ўзлаштирилишини таъминловчи бутловчи буюмлар ва деталлар ишлаб чиқаришга доир лойиҳалар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этиш;

транспорт ва транспорт коммуникациялари тизимини янада ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

хусусийлаштириш жараёнларига потенциал инвесторларни жалб этиш, шу жумладан транспорт корхоналари устав капиталларидаги давлат улуши ва активларини потенциал инвесторларга сотиш йўли билан жалб этиш, шу асосда транспорт паркини модернизациялаш ва янгилашни таъминлашни чуқур ўрганиш ва эксперт баҳолашни ўтказиш;

транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасидаги корхоналарда корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишни ташкил этиш, ишлаб чиқариш, инвестиция, моддий-техника, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашга доир ташкилий-техник тадбирлар ва энергия сарфини камайтириш тармоқ дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастури амалга оширилиши мониторингини таъминлаш ва таҳлил қилиш;

автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурлари ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этиш;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати назорат қилинишини мувофиқлаштириш;

автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларининг бажарилиши учун энергия ресурслари билан таъминлашни мувофиқлаштириш;

йўл ишлари молиялаштирилишини мувофиқлаштириш;

кўмир қазиб олиш, сотиш ва уни ташиш дастурлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этиш;

аҳолини, иқтисодиёт тармоқларини ва ижтимоий соҳани кўмир хомашёси билан зарур миқдорда ўз вақтида таъминлаш;

в) қурилиш соҳасида:

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида, шунингдек капитал қурилиш ва пудрат ишлари дастурлари соҳасида ислоҳотларнинг ва сиёсатнинг амалга оширилиши тизимли ва комплекс ўрганилишини ташкил этиш;

шаҳарсозлик фаолиятида ва капитал қурилишда, муҳим халқ хўжалиги объектлари қурилишида, шу жумладан ижтимоий соҳа, уй-жой ва инфратузилма объектлари қурилишида пудрат ишларини ташкил этиш соҳасида мониторингни таъминлаш ҳамда ҳолат ва вазиятни таҳлил қилиш;

шаҳарсозлик фаолиятини ривожлантириш масалалари ва капитал қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари бажарилиши бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарали мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

қурилиш комплексини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш, капитал қурилишда бошқарув тизимига ва хўжалик муносабатларига бозор принциплари ва механизмларини кенг жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

шаҳарсозлик фаолияти ва капитал қурилишнинг норматив-техник ва ахборот базасини янгилаш ва такомиллаштириш, лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларининг замонавий усулларини жорий этиш ишларини ташкил қилиш;

объектларнинг шаҳарсозлик ҳужжатларини шакллантириш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш даражасини ошириш ҳамда тартибини такомиллаштириш;

лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш юзасидан буюртмаларни жойлаштиришда янги самарали механизмларни жорий этиш ва танлов савдолари ўтказиш даражасини ошириш, шунингдек шартномавий муносабатларнинг ролини кучайтириш;

шаҳарларда ва қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича уй-жой қуриш бўйича дастурий ҳужжатларни амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

инновация технологияларини ва монтажнинг илғор тизимларини жорий этиш, шунингдек ихтисослаштирилган қурилиш-монтаж ишларини индустриялаштириш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш асосида уларни ташкил этишни такомиллаштириш йўли билан махсус ва монтаж ишларини ташкил этиш даражасини оширишга доир чора-тадбирларнинг бажарилишини таҳлил қилиш;

йирик ихтисослаштирилган қурилиш пудрат ташкилотларини шакллантириш дастурини амалга ошириш ҳамда Қурилиш-пудрат ташкилотларининг реестрини юритиш ишларини мувофиқлаштириш;

хусусийлаштириш жараёнларига потенциал инвесторларни жалб этиш, шу жумладан пудрат ташкилотлари устав капиталларидаги давлат улуши ва активларини хусусий инвесторларга сотиш йўли билан жалб этишни чуқур ўрганиш ва эксперт баҳолашни ўтказиш;

пудрат ташкилотларида корпоратив бошқарувнинг замонавий методлари жорий қилинишини ташкил этиш, ишлаб чиқариш, моддий-техника, молия ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

капитал қурилиш соҳасида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашга доир ташкилий-техник тадбирлар ва энергия сарфини камайтириш тармоқ дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

капитал қурилиш ва архитектура соҳасида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастури амалга оширилиши мониторингини таъминлаш ва таҳлил қилиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек уларнинг ҳудудий ва идоравий мансуб бўлинмалари томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, Департамент ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ҳукумат комиссиялари ва кенгашлар қарорларига риоя этилишини назорат қилиш;

ваколатли давлат органлари томонидан лойиҳа-қидирув ташкилотларининг объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини сифатли тайёрлаш ва аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишга доир фаолияти мониторинги олиб борилишини ва назорат қилинишини ташкил этиш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан шаҳарсозлик ечимларининг самарадорлигини ошириш, аҳоли пунктлари бош режаларининг асосий параметрларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

белгиланган талаблар бузилган ҳолда амалга оширилаётган шаҳарсозлик фаолиятини белгиланган тартибда чеклаш, тўхтатиб туриш ёки тақиқлаш чораларини кўриш;

шаҳарсозлик субъектлари томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашни амалга оширилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш;

объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашда техник шартлар ва регламентларга риоя этилиши, буюртмачилар (қурувчилар) томонидан лойиҳалаштириш, қурилиш сифати устидан техник назорат, шунингдек муаллифлик назорати амалга оширилиши ҳолатини ўрганиш;

ваколатли давлат органлари томонидан архитектура ва қурилиш соҳасида рухсат берувчи тартиб-таомилларни амалга оширишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

ноқонуний қурилишнинг, шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланишнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

қурилиш-монтаж ишлари ва зарур архитектура-қурилиш назорати сифати юзасидан қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш объектларининг тизимли мониторингини амалга ошириш;

қурилишда илғор технологиялар ва замонавий маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда янги конструктив ечимлар қўлланилишини ўрганиш ва таҳлил қилиш, қурилишнинг юқори сифатини ва таннархини пасайтиришни таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритиш;

ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан қурилиш материаллари, конструкциялар ва буюмларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини ўрганиш;

г) қурилиш индустрияси соҳасида:

қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноатида ислоҳотларнинг амалга оширилиши тизимли ва комплекс ўрганилишини ташкил этиш;

қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноатида мониторингни таъминлаш ва ишларнинг ҳолатини таҳлил қилиш;

қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш соҳасида қабул қилинган қарорлар амалга оширилишини таъминлаш;

қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш, қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноатида бозор принциплари ва механизмларини кенг жорий этиш, шунингдек ушбу соҳаларда хусусий ва кичик тадбиркорликни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қурилиш материаллари саноатини янги технологиялар, қурилиш асбоб-ускуналари, техника, материаллар билан таъминлашнинг комплекс дастурларини шакллантириш;

қурилиш материалларининг илғор турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, қурилиш индустрияси корхоналарида замонавий технологияларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қурилиш индустрияси корхоналарида фойдаланиладиган, маҳаллийлаштириш даражасини янада оширишни ва саноат маҳсулотларининг янги турлари ўзлаштирилишини таъминловчи бутловчи буюмлар ва деталлар ишлаб чиқаришга доир лойиҳалар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этиш;

хусусийлаштириш жараёнларига потенциал инвесторларни жалб этиш, шу жумладан қурилиш индустрияси корхоналари устав капиталларидаги давлат улуши ва активларини потенциал инвесторларга сотиш йўли билан жалб этишни чуқур ўрганиш ва эксперт баҳолашни ўтказиш;

қурилиш индустриясини янада модернизациялаш ва диверсификациялаш, биринчи навбатда, ташқи бозорларда рақобатбардошли экспортбоп ва импортнинг ўрнини босадиган тайёр маҳсулотлар турларини маҳаллий хомашёни қайта ишлаш негизида ишлаб чиқаришни кўпайтириш ишларини ташкил этиш;

потенциал хорижий инвесторларни кенг жалб этган ҳолда ишлаб чиқаришга замонавий илғор, энергиядан самарали фойдаланадиган ва ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш, шу асосда тармоқнинг экспорт потенциалини ошириш, ана шундай маҳсулотларни импорт қилишни босқичма-босқич қисқартириш ишларини ташкил этиш;

қурилиш индустрияси корхоналарида корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишни ташкил этиш, ишлаб чиқариш, инвестиция, моддий-техника, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

қурилиш индустрияси корхоналарида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашга доир ташкилий-техник тадбирлар ва энергия сарфини камайтириш тармоқ дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

қурилиш индустрияси корхоналарини жадал ривожлантириш учун хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф бўйича дастурий маълумотларнинг амалга оширилишини таҳлил қилиш;

д) фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш соҳасида:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш соҳасида ислоҳотларнинг боришини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, иқтисодиёт тармоқларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатишга тайёрлиги ҳолатини тизимли ўрганиш ва таҳлил қилиш;

фавқулодда вазиятлар ва уларнинг оқибатларини тугатиш тўғрисидаги ахборотларни таҳлил қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари бажарилиши назорат қилинишини ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш тизимини такомиллаштириш, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай ҳоллардаги хатти-ҳаракатлар давлат тизими функциялари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикаси фуқаро муҳофазаси бошлиғи сифатидаги фаолиятини ахборот-таҳлилий ва ташкилий жиҳатдан таъминлаш;

гидрометеорология, сейсмология, кичик кемалардан хавфсиз фойдаланиш, шунингдек йирик ва ўта муҳим сув хўжалиги объектлари соҳасида ахборот-таҳлилий таъминотни ўтказиш;

хавфли юклар транзити ҳолати таҳлилини таъминлаш, хавфли юклар транзитини назорат қилиш шакллари ва усулларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

хавфли юклар транзитига рухсатномалар бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишни белгиланган тартибда таъминлаш, хавфли юклар транзитига рухсатномалар беришни ёки рухсатнома беришнинг рад этилишини расмийлаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

хавфли юклар транзити юзасидан назоратни ташкил этиш;

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техника таъминоти масалаларини кўриб чиқиш ва улар бўйича таклифлар тайёрлаш, ушбу йўналишдаги ишларни мувофиқлаштириш.


7. Департамент ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ўзи юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича ахборотларни тўплайди ва умумлаштиради;

ўзи юритадиган соҳага кирадиган ахборотларни умумлаштиради ва таҳлил қилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари учун тегишли маълумотнома, таҳлилий материалларни таклифларни тайёрлайди;

ижтимоий-иқтисодий, таркибий ва маъмурий ислоҳотлар масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари бажарилишини, ҳудудлардаги ишларнинг ҳолатини шу жумладан жойларга борган ҳолда ўрганади, Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятига ахборот бериш учун тегишли таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлайди;

тегишли тармоқларни ривожлантириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, таркибий ўзгартиришларни, ишлаб чиқаришларни модернизациялаш ва диверсификациялаш дастурларини амалга ошириш, тегишли тармоқларда корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш мониторингини олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси топшириқларининг ижросини назорат қилади;

тегишли тармоқлар бўйича тизимлаштирилган маълумотлар базаси яратилиши ва юритилишини, уларнинг мунтазам равишда янгиланишини таъминлайди;

Вазирлар Маҳкамасининг кўриб чиқиши учун таҳлилий, маълумотнома материаллар ва бошқа материалларни, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқлари лойиҳаларини тайёрлайди;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини амалга оширади ва уларни пухта ишлаб чиқади, улар юзасидан зарур таҳлилий ва маълумотнома материаллар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари томонидан ўтказиладиган йиғилишларга материаллар тайёрлашда ва уларда қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштиришда қатнашади;

материалларнинг, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларининг комплекслилиги ҳамда уларнинг сифатли ишлаб чиқилиши ва тайёрланиши, шунингдек уларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви манфаатдор органлари, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари билан келишилишини таъминлайди;

Департамент ваколатига кирувчи масалалар бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини ташкил этади;

ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ давлат ва хўжалик бошқарувининг мутасаддилик қилинадиган органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро шартномалар лойиҳаларини тайёрлашда қатнашади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари бошчилик қиладиган тегишли Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ишлари самарадорлигини таъминлайди, улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади ва уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлайди, кўриб чиқиш ва чора-тадбирлар кўриш учун ушбу мурожаатларни давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига юборади, уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилади, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини қабул қилишни амалга оширади;

Департамент ўзига юкланган бошқа функцияларни ҳам белгиланган тартибда амалга оширади.



3-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Департамент ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

ахборот-таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш учун давлат органлари, илмий-тадқиқот марказлари ва институтлари вакилларини, маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда эксперт гуруҳлар ташкил қилиш;

мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг коллегиал органлари мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, Бош вазир биринчи ўринбосарининг топшириғига биноан эса - давлат бошқа органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг Департамент юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлисларида ва йиғилишларида қатнашиш;

зарурат бўлганда, Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассисларини белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

зарурат бўлганда, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилган ҳолда тушаётган ҳужжатларни қайтариб юбориш.

Департаментнинг зарур материалларни, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг топшириқларида бажаришнинг бошқа муддатлари белгиланмаган бўлса, Департамент томонидан белгиланган муддатларда бажарилиши керак.


9. Департамент:

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши учун;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган ҳужжатлар лойиҳалари, таклифлар ва масалаларни эксперт жиҳатидан сифатли ишлаб чиқишнинг ташкил этилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятининг топшириқлари мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилишининг таъминланиши учун;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизоми таъминланиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ТУЗИЛМАСИ


10. Департаментнинг тузилмасига мудир, Департамент мудирининг ўринбосари, шунингдек:

коммунал хўжалиги шўъбаси;

транспорт шўъбаси;

қурилиш шўъбаси;

қурилиш индустрияси шўъбаси киради.

Ҳар бир шўъба таркибига шўъба мудири, бош мутахассислар ва инспекторлар, етакчи мутахассислар киради.

Департамент тузилмасига бир нафар инспектор киради.

Департамент тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


11. Департамент ишларига Департамент мудири раҳбарлик қилади.


12. Департамент мудири, мудир ўринбосари, шўъба мудирлари ва мутахассислари белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



5-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ.


13. Департамент ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати тўғрисидаги Низомга, ушбу Низомга, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратида иш юритиш бўйича Йўриқномага, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари, Департаментнинг иш режалари, Департамент мудири, унинг ўринбосари, шўъба мудирлари, мутахассислар ва инспекторларнинг шахсий иш режалари асосида ташкил этилади.

Департаментнинг иш режаси Вазирлар Маҳкамасининг Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан тасдиқланган иш режаси асосида шакллантирилади.

Департаментнинг иш режаси, Департамент мудирининг шахсий иш режаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишилади ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Департамент мудири ўринбосарининг, шўъба мудирларининг ва мутахассисларнинг шахсий иш режалари Департамент мудири томонидан тасдиқланади.

Департаментнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари амалга оширилиши тизимли мониторингини олиб бориш бўйича фаолияти мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида, бошқа органлар ва ташкилотларда Вазирлар Маҳкамасининг иш режасига мувофиқ комплекс ўрганишларни ўтказиш йўли билан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири биринчи ўринбосарининг топшириқларига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати, Комплекс мажлисларида ҳисоботларни эшитиш ва тегишли маълумотлар банкини юритиш йўли билан ташкил этилади.


14. Департамент мудири:

Департаментга бевосита раҳбарликни амалга оширади, мутахассислар ва Департамент мудирининг ўринбосари, шўъба мудирлари, мутахассислар ва инспекторларнинг ишларини ташкил қилади, Департаментга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган Департамент мутасаддилик қиладиган соҳага кирувчи масалалар бўйича таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, уларнинг эксперт жиҳатидан ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳалари ва республика ҳудудларида иқтисодий ислоҳотларнинг ҳолати ва натижадорлиги тўғрисида тизимли мониторинг ташкил этилишини ҳамда маълумотлар банки шакллантирилишини, шунингдек муаммоли масалаларни ҳал этиш, республика тармоқлари ва ҳудудларини ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва бажарилишини таъминлайди;

Департаментнинг тасдиқланган тузилмаси ва штатлар жадвалига мувофиқ лавозимга тавсия этилаётган номзодлар, мутахассисларнинг касбий даражаси ва иш малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ва жазолаш чоралари бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишган ҳолда Комплекс раҳбарига кўриб чиқиш учун киритади;

шўъба мудирлари, мутахассислар ва инспекторлар ўртасида вазифаларнинг тақсимланишини, шунингдек Комплекснинг ярим йиллик учун иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ва Комплекс раҳбарига келишиш ҳамда тасдиқлаш учун киритади, Департамент мудири ўринбосари, шўъба мудирлари, мутахассислар ва инспекторларнинг иш режаларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тушган республика Ҳукумати қарорини талаб қилмайдиган ҳужжатларни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш учун юборади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар мажлисларида, Департамент юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

Департаментнинг кадрлар захираси шакллантирилишини ва янгилаб борилишини, кадрлар захирасига киритилган шахслар билан тизимли ишларнинг ташкил этилишини таъминлайди;

Ижро этувчи аппаратда амалда бўлган Йўриқномага мувофиқ иш юритишни таъминлайди;

чиқувчи хат-хабарларни имзолайди.


15. Департамент мудири вақтинчалик бўлмаганда унинг вазифасини унинг ўринбосари бажаради.


16. Департамент мудирининг ўринбосари:

шўъба мудирлари ва мутахассислар ишларини мувофиқлаштиради ҳамда унга бириктирилган масалалар бўйича Департаментга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши ҳамда ижро интизомининг ҳолати учун шахсан жавоб беради;

ўзига бириктирилган масалалар бўйича материаллар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида тайёрланишини ташкил этади, топшириқларнинг бажарилишини назорат қилади;

тегишли масалалар бўйича маълумотларнинг туркумлаштирилган базаси яратилиши ва юритилиши, уларнинг мунтазам тўлдирилиши ва янгиланиши юзасидан назоратни амалга оширади;

материаллар тўғрисида Департамент мудирига, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан Департамент юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

Департамент мудирининг топшириғига биноан чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

Департамент мудирига тегишли мутахассислар ўртасида вазифалар тақсимоти юзасидан таклифлар киритади;

Департамент мудирига мутахассисларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, уларнинг малакасини ошириш, рағбатлантириш ва жазо бериш тўғрисида таклифлар киритади.


17. Шўъба мудири:

шўъба мутахассислари ишларини мувофиқлаштиради ва шўъбага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

шўъбага биркитилган масалалар бўйича маълумотнома, таҳлилий, статистик ва бошқа материаллар, шунингдек қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мутахассислар томонидан сифатли ва ўз вақтида тайёрланишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикасининг қабул қилинган қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларини амалга ошириш бўйича мутахассислар томонидан ташкилий чора-тадбирлар ёки назорат режалари тайёрланишини, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланишини мувофиқлаштиради, эришилган натижаларнинг мониторингини доимий равишда таъминлайди;

масалаларни ўрганиб чиқишни мувофиқлаштиришни ва тегишли давр учун мутахассислар, Вазирлар Маҳкамаси, Департаментнинг тасдиқланган иш режаларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди, танқидий таҳлил асосида тегишли таклифларни кўриб чиқиш учун Департамент мудирига ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосарига киритади;

иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари, соҳалари ва секторлари, шунингдек республика ҳудудлари бўйича туркумланган маълумотлар базасининг мутахассислар томонидан яратилиши ва юритилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

маълумотнома материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, унинг ўринбосарига, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига, Бош вазирнинг биринчи ўринбосарига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

ислоҳотларни чуқурлаштириш, тармоқларни янада ривожлантириш, шунингдек Департамент ваколатига кирувчи масалалар бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва уларни Департамент мудирига тақдим этади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ҳамда идоралараро комиссиялар ва кенгашлар мажлисларида, шўъба юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда қатнашади;

Департамент мудири ва мудир ўринбосари топшириғига биноан чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи органлар, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун ўзига биркитилган масалалар бўйича йиғилишлар ўтказади, шунингдек ижродаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилади;

жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек ўз ваколатларига кирадиган масалалар бўйича уларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


18. Департаментнинг бош мутахассиси:

ўз функционал вазифаларига мувофиқ таклифларнинг ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифати, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар юзасидан зарур таҳлилий материалларни ва эксперт хулосаларни тайёрлайди, шунингдек улар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ зарур келишувларни таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, шунингдек белгиланган тартибда - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ҳамда унинг ўринбосарларининг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки республика ҳудудлари бўйича топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан тизимли назоратни амалга оширади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича маълумотларнинг туркумланган базасини шакллантиришни ва юритишни, унинг мунтазам равишда тўлдириб ва янгилаб борилишини ташкил қилади;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари марказий аппаратлари (иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий хизматлари)нинг таркибий бўлинмалари ишларининг ҳолати ва натижадорлигини доимий равишда ўрганиб боради, уларнинг коллегиал органлари мажлисларида қатнашади, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритади;

Департамент ваколатига кирувчи масалалар бўйича ислоҳотларни чуқурлаштириш, шунингдек мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларнинг ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва Департамент мудирига, унинг ўринбосарига, шўъба мудирига тақдим этади.

ўзига биркитилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун, шунингдек ижродаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилиш учун ўзига биркитилган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан йиғилишлар ўтказади;

тегишли масалалар бўйича етакчи мутахассиснинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


19. Департаментнинг бош инспектори:

шаҳарсозлик, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, Ҳукумат комиссиялари ва кенгашлари қарорларига риоя этилиши юзасидан Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича назоратни амалга оширади;

лойиҳа-қидирув ташкилотларининг объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини сифатли ва ўз вақтида тайёрлаш ҳамда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолияти мониторингини олиб боради;

шаҳарсозлик ечимлари самарадорлигини ошириш, аҳоли пунктлари бош режаларининг асосий параметрларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда қатнашади;

белгиланган талаблар бузилган ҳолда амалга оширилаётган шаҳарсозлик фаолиятини белгиланган тартибда чеклаш, тўхтатиб туриш ёки тақиқлаш чораларини кўради;

шаҳарсозлик субъектлари томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашни амалга оширилишига йўл қўймаслик чораларини кўради;

объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашда техник шартлар ва регламентларга риоя этилиши, буюртмачилар (қурувчилар) томонидан лойиҳалаштириш, қурилиш сифати устидан техник назорат, шунингдек муаллифлик назорати амалга оширилиши ҳолатини ўрганади;

архитектура ва қурилиш соҳасида рухсат берувчи тартиб-таомилларни амалга оширишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан назоратни таъминлайди;

ноқонуний қурилишнинг, шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланишнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширади;

қурилиш-монтаж ишлари ва зарур архитектура-қурилиш назорати сифати юзасидан қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш объектларининг тизимли мониторингини амалга ошириш;

қурилишда илғор технологиялар ва замонавий маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда янги конструктив ечимлар қўлланилишини ўрганиш ва таҳлил қилади, қурилишнинг юқори сифатини ва таннархини пасайтиришни таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритади;

қурилиш материаллари, конструкциялар ва буюмларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини ўрганади;

таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланишининг сифати, ишончлилиги ва ўз вақтидалиги, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатлар бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

тегишли давлат ва хўжалик бошқарувининг органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама ўрганиб чиқади, улар бўйича зарур таҳлилий материаллар ва эксперт хулосаларни тайёрлайди, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига мувофиқ уларнинг зарур тарзда келишилишини таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Инспекция бошлиғига ва Департамент мудирига, унинг ўринбосарига, шўъба мудирига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосарига ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича туркумлаштирилган маълумотлар базаси шакллантирилиши ва юритилишини, унинг мунтазам равишда янгилаб борилишини ташкил этади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


20. Департаментнинг етакчи мутахассиси:

ўз функционал вазифаларига мувофиқ таклифларнинг ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифати, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар юзасидан зарур таҳлилий материалларни ва эксперт хулосаларни тайёрлайди, шунингдек улар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ зарур келишувларни таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, бош мутахассисга, шунингдек белгиланган тартибда - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ҳамда унинг ўринбосарларининг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки республика ҳудудлари бўйича топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан тизимли назоратни амалга оширади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича маълумотларнинг туркумланган базасини шакллантиришни ва юритишни, унинг мунтазам равишда тўлдириб ва янгилаб борилишини ташкил қилади;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари марказий аппаратлари (иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий хизматлари)нинг таркибий бўлинмалари ишларининг ҳолати ва натижадорлигини доимий равишда ўрганиб боради, улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритади;

ўзига биркитилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Департамент мудири, унинг ўринбосари ва шўъба мудири билан келишган ҳолда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан ижродаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


21. Инспектор Департаментда иш юритишни амалга оширади, ҳужжатларнинг ўтишини назорат қилади, ҳужжатлар йиғмажилдларининг тайёрланишини ва архивда сақлашга ўз вақтида берилишини таъминлайди, ўзига юкланган бошқа функцияларни бажаради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)












































Время: 0.0268
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск