Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат) /

Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.03.2016 й. 81-сон қарорига 6-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 23 мартдаги

81-сон қарорига

6-ИЛОВА



Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари

ахборот-таҳлил департаменти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


2. Департаментнинг фаолияти Вазирлар Маҳкамасини, унинг Раёсатини, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек миллий ахборот макони мониторинги, почта, телекоммуникациялар ва телерадиоэшиттиришни (техник қисми бўйича) ривожлантириш, ахборот фаолияти самарадорлигини ошириш, архив иши, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлашга йўналтирилган.


3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Департамент ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади.

Департамент ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосарига бўйсунади, айни пайтда унинг фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштирилади.


5. Департамент ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



II. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасида:

1) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 27 июндаги ПҚ-1989-сон қарорига мувофиқ ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, шу жумладан "Электрон ҳукумат" тизимини жорий этишда, давлат хизматлари кўрсатиш ва маъмурий тартиб-таомилларнинг ахборотлаштирилиши даражасини оширишда давлат сиёсати шакллантирилишида қатнашиш;

2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурининг таркибий қисмлари амалга оширилишини назорат қилиш ва мониторинг олиб боришнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш ва унинг самарали фаолият кўрсатиши ишларини мувофиқлаштириш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиясига ва замонавий халқаро тенденцияларга мувофиқ давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;

давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматларини янада ривожлантириш ва сифатини яхшилашни таъминлаш, тегишли ахборот ресурсларидан, шу жумладан қишлоқ жойларда кенг фойдаланишни таъминлаш;

давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ахборотлаштириш, ахборот тизимлари ва ресурслари масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш;

2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини таъминлаш;

ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни мувофиқлаштириш;

ахборот тизимлари, уларнинг комплекслари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базалари реестрларини, шунингдек давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат хизматларини, шакллари ва бланкаларини шакллантириш ва юритишни мувофиқлаштириш;

кейинчалик аниқ тавсиялар ва таклифлар тайёрланган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларини ва "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш бўйича комплекс дастурлар амалга оширилиши мониторингини олиб бориш, таҳлил қилиш ва самарадорлигини баҳолаш;

давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг маъмуриятчилик тартиб-таомилларини, функционал ва операция жараёнларини тизимли қайта ташкил этиш ва ахборотлаштиришни таҳлил қилиш ва унинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимларини компьютер саводхонлигининг энг кам даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш натижаларини таҳлил қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг Интернет тармоғидаги Ҳукумат порталини ривожлантириш ва такомиллаштириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизмати ягона портали орқали юридик ва жисмоний шахсларга интерактив давлат хизматлари кўрсатиш рўйхатини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида давлат ахборот тизимлари ва ресурсларини, ахборот технологиялари ва хизматлари бозорини ривожлантириш, ахборот тизимларини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

қишлоқ жойларда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришни мақсадли ва манзилли рағбатлантириш механизмларини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;

ҳудудлар ўртасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда ва уларни ривожлантиришдаги тенгсизликни бартараф этиш бўйича амалий ва самарали механизмларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

2) иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида:

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиясига ва замонавий халқаро тенденцияларга мувофиқ иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ахборотлаштириш, ахборот тизимларининг фаолият кўрсатиши ва уларни ривожлантириш масалалари бўйича давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ахборот тизимлари ва ресурсларини, ахборот технологиялари ва хизматлари бозорини янада ривожлантириш, ахборот тизимлари ва тармоқларини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш, модернизация қилиш ва техника билан қайта жиҳозлаш, ушбу соҳага хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 20 сентябрдаги ПҚ-2042-сон қарорига мувофиқ рақобатга бардошли миллий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ва унинг ички бозорини рағбатлантириш соҳасида давлат сиёсати шакллантирилишида қатнашиши;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодиётнинг реал секторида ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2014 йил 3 апрелдаги ПҚ-2158-сон қарорига мувофиқ иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида замонавий дастурий маҳсулотларни, ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий этишни мувофиқлаштириш;

рақобатбардошли миллий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни, шунингдек истиқболли лойиҳаларни ва инновацион технологияларни яратишда банд бўлган иқтидорли ёш дастурчиларни қўллаб-қувватлашни рағбатлантиришни таҳлил қилиш ва таклифлар тайёрлаш;

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини, уларни халқаро стандартлар ва талабларга мувофиқ ўзаро боғлиқ ҳолда мутаносиб ривожлантиришни таҳлил қилиш;

иқтисодиётнинг турли тармоқлари ўртасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ва ривожлантиришдаги тенгсизликни бартараф этиш ҳамда қишлоқ жойларда ахборотлаштиришни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича амалий ва самарали механизмларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ахборотлаштириш, ахборот тизимлари масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида, бошқарув тизимида, банк ва молия тизимларида, ишлаб чиқариш корхоналарида ахборот-коммуникация технологияларини, Интернет тармоғи ва ахборот тизимларидан фойдаланишнинг самарадорлигини ривожлантириш ишларининг ҳолати мезонлари ва таҳлили тизимларини ишлаб чиқишга доир ишларни ташкил этиш;

хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборотлаштириш, ахборот тизимларининг фаолият кўрсатиши ва уларни ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

молия, банк ва суғурта секторларида, тўлов тизимларида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш ва ташкил этиш, электрон тижоратни ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, фан ва таълим, молия, тиббиёт, ахборот ва банк хизматлари, транспорт соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш мониторингини олиб бориш, таҳлил қилиш ва таклифлар тайёрлаш, аҳоли кенг қатламларининг замонавий компьютер ва ахборот тизимларидан кенг фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш;

сифатли дастурий маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва уларни экспорт қилишни рағбатлантиришнинг самарали механизмини яратиш, компьютер техникаси ва унга бутловчи буюмларни яратиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш, эркин илм-фан ва технология зоналари ташкил этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

ахборот тизимлари соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг ҳолати мониторингини олиб бориш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш борасида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

б) миллий ахборот маконини мониторинг қилим ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг миллий ахборот маконининг яхлитлигини сақлаш, ахборот ресурслари ва тизимларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат сиёсати амалга оширилишини ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг ахборот тизимларидан фойдаланишда ахборотлаштириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ахборот ресурсларининг ишлаб чиқилиши ва фойдаланилиши, техник талаблар, қоидалар ва стандартларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш, таҳлил қилиш, мақсадли ўрганишни ташкил этиш;

оммавий ахборот воситалари, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, йўлдош тизимлар, Интернет тармоғи, ахборотларни, шунингдек босма маҳсулотларни етказиб бериш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситалари миллий ахборот макони ва фаолиятининг тизимли мониторингини амалга ошириш;

миллий ахборот маконини таҳлил қилиш, унинг мониторингини ташкил этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш шакллари ва усулларини такомиллаштириш, ахборот ресурслари ва хизматлари бозорини ривожлантириш, ахборотлар алмашишнинг ҳимояланган электрон шаклларига изчил равишда босқичма-босқич ўтиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг ахборот тизимларига рухсатсиз кириш ҳолларини бартараф этишни таъминлайдиган дастурий-техник воситаларини қўллаш бўйича Интернет тармоғи ахборот ресурсларига, ахборот тизимларини бошқаришга ягона талабларни шакллантиришда қатнашиш;

ташкилий-техник ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, операторлар ва провайдерларнинг давлат ваколатли тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш;

миллий ахборот макони мониторингини олиб бориш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг миллий ахборот макони мониторингини олиб бориш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг ахборот тизимлари ва компьютер тармоқларини ахборот хавфсизлигини таъминлаш талаблари бўйича мажбурий тартибда аттестациядан ўтказиш тизимини жорий этиш ва ривожлантириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

объектларни таснифлаш ва баҳолашни ташкил этиш, ахборот хавфсизлигига таҳдидларни, шунингдек ушбу таҳдидларга қарши ҳаракат тизимларини прогноз қилиш, электрон тўлов тизимларининг ишончли ва узлуксиз ишлашини таъминлаш;

ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг техник инфратузилмаси ривожланишини назорат қилиш, шу жумладан Интернет-оқимлар. веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникациялар тармоқлари мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш тизимини яратиш;

ахборот хавфсизлиги бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг ҳолати мониторингини олиб бориш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

в) почта ва телекоммуникацияларни ривожлантириш, архив иши, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида:

почта, телекоммуникациялар ва телерадиоэшиттириш тармоқларини ривожлантириш, архив иши ва иш юритиш, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалаларида давлат сиёсати шакллантирилиши ва амалга оширилиши таъминланишида қатнашиш;

почта, телекоммуникациялар ва телерадиоэшиттиришни (техник қисми бўйича) ривожлантиришда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни, сифат ўзгаришлари ва тенденцияларни баҳолашни, архив иши ва иш юритиш, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишни тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида" 2015 йил 11 февралдаги ПҚ-2298-сон қарорига мувофиқ телекоммуникациялар соҳасида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш даражасини янада чуқурлаштиришни таъминлаш, импортнинг ўрнини босишни ва маҳаллий хомашё ресурслари базасида ички бозорни зарур истеъмол товарлари ва бутловчи буюмлар билан таъминлайдиган замонавий юқори технологик рақобатбардошли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 24 апрелдаги ПФ-4720-сон Фармонига мувофиқ почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги ташкилотларда корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишни ташкил этиш, ишлаб чиқариш, инвестицион, моддий-техник, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

почта, телекоммуникациялар, телерадиоэшиттириш (техник қисми бўйича), архив иши ва иш юритиш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари бажарилишини ташкил этиш;

почта, телекоммуникациялар, телерадиоэшиттириш (техник қисми бўйича), архив иши ва иш юритиш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизациялаш дастури тўғрисида" 2015 йил 6 мартдаги ПҚ-2313-сон қарорига мувофиқ телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш ва модернизациялаш, шу жумладан Интернет тармоғининг ахборот тизимлари ва ресурсларидан, мобил ва йўлдош алоқа тармоқларидан кенг полосали фойдаланишни кенгайтириш, телефон алоқаси ва телерадиоэшиттиришнинг рақамли тизимларига тўлиқ ўтишни таъминлаш;

умумий қабул қилинган халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ ахборот-коммуникация технологиялари ва телекоммуникациялар, почта алоқаси, ахборотлаштириш ва радиочастота спектори соҳасида қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

почта ва телекоммуникациялар корхоналарини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш;

почта, телекоммуникациялар ва телерадиоэшиттириш (техник қисми бўйича) соҳаларида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ушбу соҳаларда бошқарув шакллари, усуллари ва тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ва бошқа ташкилотларда архив иши ва иш юритишнинг аҳволи мониторингини олиб бориш ва уларни таҳлил қилиш, архив иши тизими ишларининг самарадорлигини ошириш ва такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси миллий архив фонди ҳужжатлари сақланишини таъминлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ва бошқа давлат ташкилотларида иш юритишнинг, шу жумладан, электрон ҳужжатлар айланиши тизимини қўллаган ҳолда иш юритишнинг самарадорлиги ва функционаллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг самарали тизими фаолият кўрсатиши мониторингини олиб бориш ва уни таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда ушбу тизим ишлари самарадорлигини ошириш ва уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ЭҲМ учун аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва дастурлар тарқатиш масалалари бўйича, шу жумладан лицензиялаш, сохта маҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш усулларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш орқали давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

почта ва телекоммуникациялар ташкилотларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича мониторинг олиб борилишини ташкил этиш ва уни таҳлил қилиш ва таклифлар тайёрлаш;

почта ва телекоммуникациялар ва телерадиоэшиттириш тармоқлари ва воситаларини, матбаа корхоналарини модернизация қилиш ва техника билан қайта жиҳозлаш ҳамда архив иши, ушбу соҳага хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб этиш масалалари бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

почта ва телекоммуникациялар хизматлари сифатини ошириш, уларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш, почта ва телекоммуникациялар хизматларидан фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек почта алоқа воситалари орқали пенсияларни ўз вақтида етказиб бериш масалаларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва улар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

почта ва телекоммуникациялар соҳаси, шунингдек мутасаддилик қилинадиган бошқа тармоқлар учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг ҳолати мониторингини олиб бориш, уларнинг зарур ихтисосдаги кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

инновация технологиялари ва ихтиролар, илмий-техника ва саноат ишланмалари, бадиий конструкторлик ва ижодий ишларнинг бошқа турларини мониторинг қилиш, таҳлил қилиш ва уларга кенг жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва унга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, архив иши ва иш юритиш соҳасига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилишини ташкил қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда архив иши ва иш юритиш самарадорлигини ошириш ва ривожлантириш вазифаларини комплекс ҳал этишни ташкил қилиш;

почта, телекоммуникациялар ва телерадиоэшиттириш (техник қисми бўйича) соҳаларида, ахборот бозорини тартибга солиш, архив иши ва иш юритиш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш мониторингини олиб бориш ва уни таҳлил қилиш, ушбу соҳаларда халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишни янада кенгайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


7. Департамент ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ўзи юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича ахборотларни тўплайди ва умумлаштиради;

мутасаддилик қилинадиган соҳалар ва ҳудудларда ишларнинг аҳволини ўрганади, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари учун тегишли материалларни тайёрлайди;

тегишли тармоқлар ва соҳаларни, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек тегишли тармоқларда корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш усуллари дастурлари амалга оширилиши мониторингини олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг топшириқлари бажарилишини назорат қилади;

тегишли соҳалар бўйича тизимлаштирилган маълумотлар базаси яратилиши ва юритилишини, уларнинг мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминлайди;

Вазирлар Маҳкамасининг кўриб чиқиши учун таҳлилий, маълумотнома ва бошқа материалларни, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқлари лойиҳаларини тайёрлайди;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказади ва уларни пухта ишлайди, улар юзасидан зарур таҳлилий ва маълумотнома материаллар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари томонидан ўтказиладиган йиғилишларга материаллар тайёрлашда ҳамда уларда қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштиришда қатнашади;

материаллар, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари комплекс ва сифатли ишлаб чиқилиши ва тайёрланишини, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқлари лойиҳаларининг манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмалари билан келишилишини таъминлайди;

Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этилишини ва ҳимоя қилинишини ташкил қилади;

юкланган вазифаларга мувофиқ мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

Департаментнинг ваколатларига кирувчи масалалар бўйича халқаро шартномаларни тайёрлашда қатнашади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари бошчилик қиладиган тегишли Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ва кенгашлар иши самарадорлигини таъминлайди, улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади ва уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлайди, кўриб чиқиш ва чора-тадбирлар кўриш учун ушбу мурожаатларни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига юборади, уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилади, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни амалга оширади;

Департамент ўзига юкланган бошқа функцияларни ҳам белгиланган тартибда амалга оширади.



III. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Департамент ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш ва сўраш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар коллегиал органлари мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, Бош вазирнинг биринчи ўринбосарининг топшириғига биноан давлат бошқа органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг Департамент юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни пухта ишлаб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакилларини зарурат бўлганда белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилган ҳолда тушган ҳужжатларни зарурат бўлганда қайтариб юбориш.

Департаментнинг зарур материаллар, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг топшириқларида бошқа бажариш муддатлари белгиланмаган бўлса, Департамент белгилаган муддатларда бажарилиши керак.


9. Департамент:

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши учун;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган ҳужжатлар лойиҳалари, таклифлар ва масалаларнинг эксперт жиҳатидан сифатли ишлаб чиқилиши ташкил этилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун;

Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизоми мустаҳкамланиши учун жавоб беради.



IV. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ТУЗИЛМАСИ


10. Департаментнинг тузилмасига қуйидагилар киради:

ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масалалари шўъбаси;

миллий ахборот макони мониторинги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари шўъбаси;

почта ва телекоммуникацияларни ривожлантириш, архив иши, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси.

Ҳар бир шўъба таркибига шўъба мудири, бош ва етакчи мутахассислар киради.

Департамент тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


11. Департаментнинг ишларига Департамент мудири раҳбарлик қилади.


12. Департамент мудири, шўъбалар мудирлари ва мутахассислари белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



V. ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Департаментнинг ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати тўғрисидаги низомга, ушбу Низомга, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратида иш юритиш бўйича йўриқномага, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари, Департаментнинг иш режалари, Департамент мудири, шўъбалар мудирлари ва мутахассисларнинг шахсий иш режалари асосида ташкил этилади.

Департаментнинг иш режаси Комплекснинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати тасдиқлаган иш режаси асосида шакллантирилади.

Департаментнинг иш режаси ва Департамент мудирининг шахсий иш режаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишилади ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Шўъбалар мудирлари ва мутахассисларнинг шахсий иш режалари Департамент мудири томонидан тасдиқланади.

Департаментнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида, бошқа органлар ва ташкилотларда бажарилишининг тизимли мониторингини олиб бориш бўйича фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг иш режасига мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири биринчи ўринбосарининг топшириқларига биноан Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати, Комплекс мажлисларида ҳисоботларни эшитган ҳолда комплекс ўрганиш йўли билан таъминланади.


14. Департамент мудири;

Департаментга бевосита раҳбарликни амалга оширади, шўъба мудирлари ва мутахассислар ишларини ташкил қилади, Департаментга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган Департамент мутасаддилик қиладиган соҳага кирувчи масалалар бўйича таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, уларнинг эксперт жиҳатидан пухта ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳаларида ва республика ҳудудларида иқтисодий ислоҳотларнинг ҳолати ва натижадорлиги тўғрисида тизимли мониторинг ташкил этилишини ҳамда маълумотлар банки шакллантирилишини, шунингдек муаммоли масалаларни ҳал этиш, республика тармоқлари ва ҳудудларини ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва бажарилишини таъминлайди;

Департаментнинг тасдиқланган тузилмаси ва штатлар жадвалига мувофиқ лавозимга тавсия этилаётган номзодлар, шўъбалар мудирлари ва мутахассисларнинг касбий даражаси ва иш малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ва жазолаш чоралари бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишган ҳолда Комплекс раҳбарига кўриб чиқиш учун киритади;

шўъба мудирлари ва мутахассислар ўртасида вазифаларнинг тақсимланишини, шунингдек Комплекснинг ярим йиллик учун иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ва Комплекс раҳбарига келишиш ҳамда тасдиқлаш учун киритади, Департамент шўъба мудирлари ва мутахассисларининг иш режаларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тушган республика Ҳукумати қарорини талаб қилмайдиган ҳужжатларни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш учун юборади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ва кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан Департамент юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

Департаментнинг кадрлар захираси шакллантирилишини ва янгилаб борилишини, кадрлар захирасига киритилган шахслар билан тизимли ишларнинг ташкил этилишини таъминлайди;

Ижро этувчи аппаратда амалда бўлган Йўриқномага мувофиқ иш юритишни таъминлайди;

чиқувчи хат-хабарларни имзолайди.


15. Департамент мудири вақтинчалик бўлмаганда унинг вазифасини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари томонидан белгиланадиган Департаментнинг шўъба мудирларидан бири бажаради.


16. Шўъба мудири:

шўъба мутахассислари ишларини мувофиқлаштиради ва шўъбага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

шўъбага бириктирилган масалалар бўйича маълумотнома, таҳлилий, статистик ва бошқа материаллар, шунингдек қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мутахассислар томонидан сифатли ва ўз вақтида тайёрланишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикасининг қабул қилинган қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Ҳукумат қарорларини амалга ошириш бўйича мутахассислар томонидан ташкилий чора-тадбирлар ёки назорат режалари тайёрланишини, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланишини мувофиқлаштиради, эришилган натижаларнинг мониторингини доимий равишда таъминлайди;

масалаларни ўрганиб чиқишни мувофиқлаштиришни ва тегишли давр учун мутахассислар, Департамент ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқланган иш режаларидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди, танқидий таҳлил асосида тегишли таклифларни кўриб чиқиш учун Департамент мудирига ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосарига киритади;

иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари, соҳалари ва секторлари, шунингдек республика ҳудудлари бўйича туркумланган маълумотлар базасининг мутахассислар томонидан яратилиши ва юритилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

маълумотнома материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига, Бош вазирнинг биринчи ўринбосарига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

ислоҳотларни чуқурлаштириш, шунингдек Департамент ваколатига кирувчи масалалар бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва уларни Департамент мудирига тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ҳамда идоралараро комиссиялар ва кенгашлар мажлисларида, шўъба юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда қатнашади;

Департамент мудири топшириғига биноан чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи органлар, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун ўзига бириктирилган масалалар бўйича йиғилишлар ўтказади, шунингдек ижродаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


17. Департаментнинг бош мутахассиси:

ўз функционал вазифаларига мувофиқ таклифларнинг ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифати, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши, функционал вазифаларга мувофиқ топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

давлат ва хўжалик бошқарувининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятнинг тегишли органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар юзасидан зарур таҳлилий материалларни ва эксперт хулосаларни тайёрлайди, шунингдек улар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ зарур келишувларни таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига ва шўъба мудирига, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосарига ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ҳамда унинг ўринбосарларининг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки республика ҳудудлари бўйича топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро эгувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан тизимли назоратни амалга оширади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича маълумотларнинг туркумланган базасини шакллантиришни ва юритишни, унинг мунтазам равишда тўлдириб ва янгилаб борилишини ташкил қилади;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари марказий аппаратлари (иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий хизматлари)нинг таркибий бўлинмалари ишларининг ҳолати ва натижадорлигини доимий равишда ўрганиб боради, уларнинг коллегиал органлари мажлисларида қатнашади, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритади;

ўзига бириктирилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун, шунингдек ижродаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилиш учун ўзига бириктирилган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан йиғилишлар ўтказади;

тегишли масалалар бўйича етакчи мутахассиснинг фаолиятини назорат қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади,


18. Департаментнинг етакчи мутахассиси:

ўз функционал вазифаларига мувофиқ таклифларнинг ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифати, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар юзасидан зарур таҳлилий материалларни ва эксперт хулосаларни тайёрлайди, шунингдек улар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ зарур келишувларни таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, шўъба мудирига ва бош мутахассисга, шунингдек белгиланган тартибда - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосарига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ҳамда унинг ўринбосарларининг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки республика ҳудудлари бўйича топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан тизимли назоратни амалга оширади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича маълумотларнинг туркумланган базасини шакллантиришни ва юритишни, унинг мунтазам равишда тўлдириб ва янгилаб борилишини ташкил қилади;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари марказий аппаратлари (иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий хизматлари)нинг таркибий бўлинмалари ишларининг ҳолати ва натижадорлигини доимий равишда ўрганиб боради, улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритади;

ўзига бириктирилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

шўъба мудири билан келишган ҳолда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан ижродаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


19. Инспектор Департаментда иш юритишни амалга оширади, ҳужжатларнинг Департаментда ўтишини назорат қилади, ҳужжатлар йиғмажилдларининг тайёрланишини ва архивда сақлашга ўз вақтида берилишини таъминлайди, ўзига юкланган бошқа функцияларни бажаради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)





































Время: 0.0234
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск