язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Туризм/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.11.2018 й. 931-сон "2018 йил 19 - 21 ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форумини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.11.2018 й.

N 931



2018 ЙИЛ 19 - 21 НОЯБРДА

ТОШКЕНТ ШАҲРИДА БЎЛИБ ЎТАДИГАН ТУРИЗМ

СОҲАСИДАГИ БИРИНЧИ ХАЛҚАРО ИНВЕСТИЦИЯ

ФОРУМИНИ САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШ БЎЙИЧА

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Қулай инвестиция муҳитини яратиш ва туризм соҳасига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, ушбу йўналишда изчил амалга оширилаётган давлат сиёсатига инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек, инвесторлар билан ишлашда давлат тузилмаларининг масъулиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2018 йил 19 - 21 ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форумини (кейинги ўринларда Форум деб аталади) ўтказишга тайёргарлик бўйича ваколатли вазирликлар ва идоралар томонидан амалий ишлар олиб борилаётгани маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг Форумни ўтказиш доирасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун, истисно тариқасида, ер участкалари ажратилишининг алоҳида тартибини белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ва бунда қуйидагилар назарда тутилсин:

туризм инфратузилмаси объектларини қуриш учун инвесторга аниқ инвестиция мажбуриятлари остида ер участкаларини электрон аукцион ўтказмасдан ажратиш;

барча зарур шартлар, шу жумладан, ажратилаётган ер участкаси ва инвестор томонидан бажарилиши лозим бўлган инвестиция мажбуриятлари бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органи раҳбари ва инвестор ўртасида келишувга эришилган тақдирда лойиҳани амалга ошириш тўғрисида инвестиция битимининг имзоланиши;

инвестор томонидан Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларига 15 иш куни мобайнида инвестиция битими суммасининг 25 фоизи миқдоридаги маблағни депонентга ўтказиш ёки 5 фоизи миқдоридаги мажбуриятни бажариш кафолатини (performance bond) бериш шарти билан инвестиция битими тузилиши;

инвестор томонидан пул маблағлари депозитга ўтказилган ёки молиявий мажбуриятларни бажариш бўйича кафолат берилган кундан эътиборан беш кун муддатда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ер участкасини ажратиш тўғрисида қарорни қабул қилиниши.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки кун муддатда хорижий инвесторларга тайёр ҳолатда таклиф этиладиган ҳар бир ер участкаси бўйича инвестиция лойиҳаларининг тақдимот материалларини инглиз ва рус тилларида тайёрласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда уч кун муддатда тақдимот материалларини олдиндан кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун потенциал инвесторлар - Форум иштирокчиларига юборишни таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда уч кун муддатда Форумни ўтказиш доирасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкалари беришнинг алоҳида тартибини ўрнатиш тўғрисида потенциал инвесторлар - Форум иштирокчиларини хабардор қилиш бўйича қўшимча манзилли иш олиб борсин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда:

инвестиция битимлари тузилганидан кейин уч ой муддатда инвесторлар билан биргаликда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг тармоқ жадвалларини ишлаб чиқсинлар, тасдиқласинлар ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар;

инвестиция лойиҳалари белгиланган муддатларда амалга оширилиши мониторинги олиб борилишини ва инвесторларга амалий ёрдам берилишини таъминласинлар.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 15 ноябрь