ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар / Идоралараро комиссиялар /

Идоралараро коллегиал органлар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.11.2018 й. 948-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 22 ноябрдаги

948-сон қарорига

ИЛОВА



Идоралараро коллегиал органлар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом идоралараро коллегиал органларнинг (кейинги ўринларда коллегиал органлар деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, шунингдек, коллегиал органлар фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Коллегиал орган ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажаришда идоралараро ҳамкорликни таъминловчи ҳамда ушбу орган ва ташкилотларга ташкилий-амалий, услубий, илмий ва бошқа жиҳатдан кўмаклашувчи доимий ёки вақтинчалик жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маслаҳатлашув органи ҳисобланади.


3. Коллегиал органлар ҳудудий тегишлилигига қараб республика ва ҳудудий миқёсида, шаклига кўра эса - комиссия, кенгаш, қўмита, ишчи гуруҳ ва бошқа кўринишдаги коллегиал органлар сифатида ташкил этилиши мумкин.

Коллегиал органларнинг шакли ва унинг ишчи органи мазкур органларга юклатилаётган вазифаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб коллегиал органларни ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатларда белгиланади.


4. Коллегиал органлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


5. Коллегиал органлар ўз фаолиятини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро ҳамкорлиги мустақиллик, ўзига бўйсунувчи соҳада самарали фаолият юритиш ва вазифаларнинг лозим даражада бажарилиши учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги тамойилларига асосланади.



2-БОБ. КОЛЛЕГИАЛ ОРГАНЛАРНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


6. Қуйидагилар коллегиал органларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўзига юклатилган масалаларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро келишилган фаолият юритишини таъминлаш;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига юклатилган масалалар ва функцияларни бажариш борасида ташкилий-амалий, услубий, илмий ва бошқа жиҳатдан кўмаклашиш;

идоралараро ҳамкорликни талаб қилган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, комплекс таҳлил қилиш ва ҳал қилиш учун ваколатли давлат органлари ва ташкилотларга асослантирилган таклифлар киритиш.

Коллегиал органларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юклатилиши мумкин.



3-БОБ. КОЛЛЕГИАЛ ОРГАНЛАРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


7. Коллегиал органлар ўзларига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан зарур ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик ахборотни давлат статистика органларидан бепул асосда олиш;

ўз ваколатига кирадиган масалаларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

тармоқлараро, идоралараро ва ҳудудлараро масалаларни ҳал этиш мақсадида таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни ваколатли давлат органлари ҳамда ташкилотларига тақдим этиш;

коллегиал органлар ишига уларнинг фаолият соҳасига бевосита алоқаси бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг вакилларини жалб этиш.

Коллегиал органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Комиссия, кенгаш, қўмита сифатида ташкил этилган коллегиал органлар ўзлари ташкил этилган ҳужжатлар (ва) ёки улар тўғрисидаги низомлар асосида тегишли қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.


9. Коллегиал органлар ўзларига юкланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, шунингдек, тармоқлараро, идоралараро ва ҳудудлараро ҳамкорликнинг самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. КОЛЛЕГИАЛ ОРГАНЛАРНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


10. Республика ва ҳудудлараро миқёсидаги коллегиал органлар қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, топшириқлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан, ҳудудлар миқёсидаги коллегиал органлар эса - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари билан ташкил этилади.


11. Коллегиал органларни ташкил этиш ҳақидаги қарорлар асосланган бўлиши, уларнинг таркиби эса барча аъзоларнинг самарали иштирокини таъминлайдиган даражада шакллантирилиши лозим.

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига коллегиал органларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларни киритишда коллегиал органларни ташкил этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига тушунтириш хатида ташкил этилиши таклиф этилаётган коллегиал органларга юклатилган вазифаларни шундай органни тузмаган ҳолда амалга ошириб бўлмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар тўлиқ асослантирилган бўлиши лозим.


12. Коллегиал органларни ташкил этишда қуйидагилар тақиқланади:

коллегиал органларга давлат-ҳокимият ваколатларини бериш, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

амалий аҳамиятга эга бўлмаган, шунингдек, давлат бошқарувида, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг юзага келишига сабаб бўладиган коллегиал органларни ташкил этиш ва фаолият юритиши;

коллегиал органларга давлат органлари вазифа ва функцияларининг ўрнини эгаллашга, қабул қилинаётган қарорлар ва аниқ натижаларга эришиш учун жавобгарликнинг сусайишига олиб келувчи такрорловчи ва параллел функцияларни юклаш;

коллегиал органлар ишига уларнинг фаолият соҳасига бевосита алоқаси бўлмаган давлат органлари ва ташкилотларини жалб этиш.


13. Ҳукумат қарори билан ташкил этилган ва раҳбари томонидан самарасиз фаолият юритаётган деб ҳисобланган коллегиал органлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уларни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.


14. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарори билан ташкил этилган ва раҳбари томонидан самарасиз фаолият юритаётган деб ҳисобланган коллегиал органлар бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари уларни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.


15. Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан ташкил этилган ва раҳбари томонидан самарасиз фаолият юритаётган деб ҳисобланган коллегиал органлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур коллегиал органларни тугатиш тўғрисида тегишлича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига белгиланган тартибда таклиф киритади.



5-БОБ. КОЛЛЕГИАЛ ОРГАНЛАРНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЗАРУРАТИНИ

АСОСЛОВЧИ МЕЗОНЛАР


16. Қуйидагилар коллегиал органларни ташкил этиш заруратини асословчи мезонлар ҳисобланади:

тармоқлараро, идоралараро ва ҳудудлараро мувофиқлаштиришни талаб этувчи масалаларни кўриб чиқиш ва бажарилишини таъминлаш зарурати;

тармоқлараро, идоралараро ва ҳудудлараро масалаларни ҳал этиш учун таклифлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш зарурати;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш борасида уларга ташкилий-амалий, услубий, илмий ва бошқа жиҳатдан кўмаклашиш зарурати.

Мазкур бандда назарда тутилган мезонлар мавжуд бўлмаган ҳолларда коллегиал органларни ташкил этилишига йўл қўйилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



6-БОБ. КОЛЛЕГИАЛ ОРГАНЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ

САМАРАДОРЛИГИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК ВА

НАТИЖАДОРЛИККА ДОИР ТАЛАБЛАР


17. Коллегиал органлар раҳбарлари мазкур органлар фаолиятини ташкил этиш, юклатилган вазифалар ва функцияларни сифатли бажариш, таркибни янгилаб бориш, шунингдек, юклатилган вазифалар ва функциялар тўлиқ бажарилган ёки самарасиз фаолият юритилган ҳолларда уларни оптималлаштириш ёхуд тугатиш бўйича ўз вақтида тегишли давлат органлари ва ташкилотларига таклиф киритиш юзасидан шахсан жавобгардир.


18. Коллегиал органлар фаолиятининг натижадорлиги улар ташкил этилган пайтдан бошлаб биринчи йил якунлари бўйича қуйидаги мезонларга асосан уларнинг раҳбарлари томонидан баҳоланади:

коллегиал органларни ташкил этиш учун асос бўлган вазифаларнинг бажарилиши сифати;

коллегиал органларнинг ишида уларнинг барча аъзоларини самарали иштирокини таъминлаш.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили фаолият юритаётган идоралараро коллегиал органлар фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиб, баҳолаб боради ва таҳлил натижалари бўйича уларни келгусида қисқартириш ва оптималлаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди. Бунда бир йилдан узоқ муддат давомида фаолият юритмаган коллегиал органларни тугатиш масаласи мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим.


20. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.


21. Республика миқёсидаги коллегиал органлар фаолияти устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, ҳудудлар миқёсидаги коллегиал органлар фаолияти устидан назорат эса - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 23 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 26 ноябрь, 47-сон, 909-модда









































Время: 0.2022
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск