язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг Бадиий кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.11.2018 й. 947-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 22 ноябрдаги

947-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Ўзбеккино" Миллий агентлигининг

Бадиий кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Бадиий кенгашининг (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) мақоми, мақсади ва вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Кенгаш кинолойиҳаларни кўриб чиқиш, саралаш ва давлат ижтимоий гранти асосида фильмлар яратиш масалалари бўйича хулоса ва тавсия бериш ваколатига эга бўлган доимий фаолият кўрсатувчи коллегиал орган ҳисобланади.

Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди.


3. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


адабий сценарий - фильм эпизодларидаги кўриш ва овозли тасвирлар матнда ифода этиладиган, фильм ишлаб чиқариш талабларига мувофиқ бўлган ўзига хос тугал бадиий асар;


давлат ижтимоий гранти - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан фильмлар яратиш учун йўналтириладиган ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан олинадиган маблағлар ҳисобига танловлар асосида миллий фильмлар ишлаб чиқаришга мақсадли ажратиладиган маблағлар;


кинолойиҳа - фильмнинг адабий сценарийси, синопсиси, режиссёр сценарийси, фильм учун яратилган матнли ёки матнсиз мусиқа асари, тасвирга олиш жойи ва объектлар тўғрисидаги маълумотлар, тасвирга олиш гуруҳи, актёрлар таркиби, сарф-харажатлар сметаси, фильмнинг ишчи материаллари ва фильмни яратиш билан боғлиқ бўлган бошқа жараёнларни қамраб олувчи материаллар мажмуи;


режиссёр сценарийси - фильмни тасвирга олиш учун зарур бўлган барча деталлар акс эттирилган, режиссёрнинг тасвирга олиш майдончасида қулай ишлашига мослаштирилган сценарий;


синопсис - адабий сценарийнинг қисқача баёни ва сюжети мазмун-моҳияти;


талабгор - ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар кинематография соҳасида фаолият кўрсатаётган юридик шахс;


фильм - бадиий, бадиий-публицистик, хроникал-ҳужжатли, илмий-оммабоп, ўқув, анимацион ёки бошқа шаклларда ижодий ғоя асосида яратилган, бир-бири билан боғлиқ бўлган тасвирларнинг овоз жўрлигида ёки овоз жўрлигисиз ёзиб олинган туркумдан иборат бўлган, тегишли техника воситалари ёрдамида қайд этилган, кўриб ва эшитиб идрок этиш учун мўлжалланган аудиовизуал асар.



2-БОБ. КЕНГАШНИНГ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


5. Миллий кинематографиянинг жамият ижтимоий-маданий ҳаётидаги ролини ошириш, ўзбек кино санъати қадриятларини асраш ва ривожлантириш, давлат ижтимоий гранти учун эълон қилинган танловнинг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш, тақдим этилган кинолойиҳаларни бадиий-ижодий мезонлар асосида баҳолашнинг соғлом муҳитини яратиш Кенгашнинг мақсади ҳисобланади.


6. Қуйидагилар Кенгашнинг вазифалари ҳисобланади:

фуқаролар, айниқса ёш авлодни жасорат ва қатъиятлилик руҳида тарбиялаш, ёт оммавий маданиятга қарши иммунитетни шакллантиришга хизмат қиладиган миллий фильмлар яратиш, ғоявий-бадиий даражаси юксак бўлган, сценарийнавислик, режиссёрлик ва актёрлик маҳорати етарли даражада сифатли бўлган кино маҳсулотларини ишлаб чиқиш учун танлов асосида соғлом рақобат муҳитини юзага келтириш;

мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган миллий фильмларнинг ғоявий, маънавий ва бадиий савиясини ошириш чораларини кўриш, киностудияларга зарур тавсиялар бериш ва уларнинг вакиллари учун семинарлар ўтказиш;

болалар ва ўсмир ёшларга мўлжалланган юқори савиядаги бадиий ва мультипликацион ва қисқа метражли фильмлар ва юмористик киножурналлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, киноижодкорларнинг мазкур йўналишдаги фаолиятига ижодий кўмаклашиш;

давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқариладиган бадиий фильмларнинг йиллик ҳажмига нисбатан фоизда жанрлар бўйича квоталарни белгилаш;

давлат ижтимоий грантига мувофиқ яратиладиган фильмлар учун тақдим этилган кинолойиҳаларни ўрганиб чиқиш ва малакали баҳолаш натижасида энг яхшиларини саралаш ва уларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан "Ўзбеккино" Миллий агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) томонидан тўлиқ ёки қисман молиялаштириш бўйича тегишли хулосалар тайёрлаш;

миллий кинематография тизимида шаклланган энг яхши ижодий анъаналарни изчил давом эттириш, ёзувчилар, кинодраматурглар, режиссёрлар, операторлар, актёрлар ва бошқа ижодкорлар фаолияти самарадорлигини оширишда уларнинг хизматларидан унумли фойдаланиш;

кинематография соҳасида фаолият кўрсатаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг ижодий фаолиятига кўмаклашиш;

томошабинларнинг талаб ва истакларини ўрганиш асосида фильмларнинг мавзу ва жанрларини шакллантириб бориш ва уларни киноижодкорларга тавсия этиш;

ҳар йили кейинги календарь йили бошлангунига қадар иқтисодиёт, сиёсат, маданият, санъат, фан, таълим ҳамда ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида амалга оширилаётган янгиланишлар, шунингдек, аҳолининг мазмунли кинофильмларга бўлган реал эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда давлат ижтимоий гранти асосида миллий фильмлар ишлаб чиқариш учун устувор мавзулар рўйхатини шакллантириш ва уларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш.



3-БОБ. КЕНГАШНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


7. Кенгаш ўз ваколати доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Агентликнинг йиллик ижодий режасини белгилаш, уни долзарб ижтимоий мавзулар ва давлат буюртмалари асосида бойитиб бориш;

Кенгаш муҳокамасига қўйилган ҳар бир кинолойиҳа юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдириш, лойиҳаларни рад этиш, уларни қайта ишлашга ёки ишлаб чиқаришга тавсия бериш;

давлат ижтимоий гранти асосида ишлаб чиқишга туширилган фильмларни тасвирга олиш босқичлари ва жараёнларини, шартномада белгиланган ҳар бир босқичи якунида тайёр маҳсулотнинг Кенгаш тасдиғидан ўтган режиссёр сценарийсига, сарф-харажатлар сметаси параметрларига, суратга олиш жараёнининг техник ва технологик талабларига мослигини ҳамда бошқа талабларга риоя этилиши юзасидан баҳолаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари якунланган фильмларни қабул қилиш;

фильмларни ишлаб чиқариш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни тузатиш юзасидан кино ишлаб чиқарувчиларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериш;

фильмни тасвирга олиш жараёнида тасвирга олинаётган материалнинг ҳақиқий мазмуни билан режиссёр сценарийси ўртасида тафовутлар аниқланган ҳолларда Агентлик раҳбариятига тегишли чоралар кўриш масаласида билдиришнома киритиш;

муайян мавзу бўйича икки ёки ундан ортиқ талабгорлар томонидан кинолойиҳа тақдим этилганида, Кенгаш томонидан энг мақбул вариант фойдасига якуний қарор қабул қилиш;

замонавий, тарихий ва турли ижтимоий долзарб мавзуларда фильмлар ишлаб чиқариш бўйича давлат грантларини ажратиш бўйича қарорлар қабул қилиш;

турли мавзуларда сценарийларни ва кинолойиҳаларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан тавсиялар бериш.

Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Кенгаш:

кинематография соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомда белгиланган талабларга риоя этиши;

ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бориши лозим.

Кенгаш ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши ва натижадорлиги учун жавоб беради.



4-БОБ. КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Кенгаш аъзолари таркиби ўн бир кишидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Агентлик бош директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

Кенгаш таркибига продюсерлар, адиблар, тарихчилар, кинооператорлар, режиссёрлар, кинопрокатчилар, кинотанқидчилар, психологлар, кинематография соҳасидаги нодавлат ташкилотлар вакиллари ва бошқа мутахассислар билан бирга Агентлик томонидан эълон қилинадиган танловнинг ишчи гуруҳи раҳбари киритилади. Зарур ҳолларда, Кенгаш ишига бошқа мутахассислар ҳам жалб қилиниши мумкин.

Кенгаш таркибига Кенгаш томонидан қабул қилинадиган қарорлардан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлган шахсларнинг киришига ва уларнинг танловда иштирок этишига йўл қўйилмайди


10. Кенгаш таркиби ҳар йили камида 15 фоиз ротация қилиш йўли билан янгиланиб борилади. Кенгаш йиғилишларида узрли сабабларсиз икки ёки ундан ортиқ маротаба иштирок этмаган, шунингдек, ўзининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги билан Кенгашнинг нормал иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатадиган аъзолар Кенгаш аъзолигидан чиқарилиши мумкин. Кенгаш аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги қарор Кенгаш раисининг билдиришномасига асосан Агентлик бош директори томонидан қабул қилинади.


11. Кенгаш йиғилишига Агентлик бош директорининг биринчи ўринбосари раислик қилади. Кенгаш раиси узрли сабабларга кўра иштирок этолмаган ҳолатларда йиғилишни у ваколат берган Кенгаш аъзоларидан бири бошқаради.


12. Кенгаш кинолойиҳаларни кўриб чиқиш ва баҳолаш учун камида бир ойда бир марта чақирилади. Кенгаш аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда Кенгаш ваколатли ҳисобланади.


13. Кенгаш аъзоси кўриладиган ҳар бир масала бўйича муҳокамада қатнашиш, зарурат туғилганда эксперт сифатида хулосаларини тақдим этиш, қарор қабул қилиш жараёнида овоз бериш ҳуқуқига эга.


14. Танловда қатнашган ижодий гуруҳнинг таркибида Кенгаш аъзоси ҳам қатнашган ҳолларда, у фақат ўзи тақдим қилган кинолойиҳа тақдимотида қатнашади, бироқ кинолойиҳа муҳокамасида ва қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиши мумкин эмас.


15. Кенгаш ва унинг аъзолари томонидан қуйидаги ҳолатлар содир этилишига йўл қўйилмайди:

Кенгашга тақдим қилинган кинолойиҳаларнинг муҳокамасида ижодкорларнинг шахсиятини камситиш;

кинолойиҳаларнинг қийматини сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш;

давлат ижтимоий грантига талабгор бўлган киностудияларга босим ўтказиш, уларни ноқонуний равишда танловдан четлатиш;

Кенгаш томонидан тасдиқланмаган ва расмий тус олмаган нотўғри ахборотларни тарқатиш.


16. Кенгаш аъзолари ҳар ойда Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида рағбатлантириб борилади.



5-БОБ. КЕНГАШ ТОМОНИДАН

КИНОЛОЙИҲАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


17. Кенгаш аъзолари Кенгашнинг навбатдаги йиғилишидан камида беш кун олдин хабардор қилинади ҳамда кўриб чиқиладиган сценарийлар нусхаси билан таъминланади. Бирор узрли сабаб билан йиғилишда қатнаша олмайдиган аъзолар йиғилиш ўтказилиши тўғрисида хабардор қилинганидан сўнг дарҳол бу ҳақда Кенгаш раисини хабардор қилишлари шарт.


18. Кенгаш сценарийлар ва кинолойиҳаларни кўриб чиқишда қуйидагиларни ўрганиб чиқади:

сценарий ёки кинолойиҳаларда зўравонлик ва порнографиянинг тарғиб қилиниши ҳолатларининг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги;

мамлакатда хавфсизлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорликка таҳдид қилувчи, фуқаролар тинчлиги, миллатлараро ва динлараро тотувликка рахна солувчи ҳолатларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги;

Ўзбекистон Республикаси ҳақида нотўғри ахборот тарқатилишини ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари, адабий тил меъёрлари бузиб кўрсатилиши мумкин бўлган ҳамда тақиқланган лексикадан фойдаланилганлиги;

ўзига хос янги ижодий ғоя ва фикрлардан фойдаланилганлиги,

мавзунинг долзарблиги;

бадиий сифати ва сюжетнинг қизиқарлилиги;

кино тилининг ўзига хос услуби;

режиссёрлик топилмалари;

ижтимоий аҳамияти, тарбиявий йўналиши, маънавий ва умуминсоний қадриятларнинг тарғиб қилинганлиги;

Ўзбекистон Республикаси халқларининг тарихи, маданияти, анъаналари ва урф-одатларининг ҳақиқатга мувофиқлиги;

Ўзбекистоннинг ўзига хос ижобий нуфузи кўрсатиб берилганлиги;

мамлакатда эркин демократик жамият қуриш йўлида юз бераётган ўзгаришлар ва реал ютуқлар, миллий мустақиллик ғоясининг моҳияти акс эттирилганлиги;

номзод сифатида кўрсатилган актёрларнинг бош рол ва асосий персонажларга мослиги;

фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган маблағнинг асослантирилганлиги (фильм ишлаб чиқаришнинг тахминий харажатлари);

ариза берувчиларнинг шерикликда (ҳамкорликда) фильм ишлаб чиқаришга йўналтириладиган шахсий маблағлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар улуши;

фильмни ишлаб чиқаришга бошқа фильм яратилишини ташкил этувчи шахслар (продюсерлар) жалб қилинганлиги.


19. Кўриб чиқилган материаллар қайтариб берилмайди.


20. Кенгаш қарори йиғилишда иштирок этаётганларнинг очиқ овоз бериши йўли билан қабул қилинади. Ҳар бир Кенгаш аъзоси битта овоз ҳуқуқига эга.

Овоз бериш жараёнида тарафдорлар ва қаршилар сони тенг бўлган тақдирда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


21. Кўриб чиқилган сценарий ва кинолойиҳалар Кенгаш баёни билан тасдиқланади.

Кенгаш баёнида кўриб чиқилган сценарий ва кинолойиҳалар юзасидан тегишли тавсиялар умумлаштирилади.

Кенгаш қарори баённома билан расмийлаштирилади ва Кенгаш аъзолари томонидан имзоланганидан кейин Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.


22. Кенгаш қарорига асосан ишлаб чиқаришга туширилган кинолойиҳалар Агентликнинг бош директори буйруғи билан расмийлаштирилади.


23. Агентлик бош директори буйруғи ҳамда Кенгаш баёнидан кўчирма тавсиялар илова қилинган ҳолда кинолойиҳани тақдим этган студияга юборилади.


24. Агентлик кинолойиҳаларни танлаш тўғрисида Кенгаш қарор қабул қилганидан кейин ўн кундан кечиктирмасдан ариза берувчиларга танлов натижаси ҳақида хабар беради ва бу ҳақидаги ахборотларни белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.


25. Кенгаш томонидан давлат буюртмаси бўйича киномаҳсулотни ишлаб чиқариш юзасидан шартномада белгиланган киномаҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичи якунида тайёр маҳсулот режиссёр сценарийсига, харажатлар сметаси параметрларига, суратга олиш жараёнининг техник ва технологик талабларига мослиги ҳамда бошқа талабларга риоя этилиши юзасидан баҳолангандан сўнг ушбу киномаҳсулот (унинг қисмлари) қабул қилинади.


26. Талабгорлар Кенгаш қароридан норози бўлган тақдирда, Агентликнинг бош директорига мурожаат қилишлари ёки қонунда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 23 ноябрь