язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Вазирликлар, қўмиталар фаолиятини ва таркибини тартибга солиш / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.11.2018 й. 940-сон "Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.11.2018 й.

N 940



АГРОСАНОАТ МАЖМУИ ВА ОЗИҚ-ОВҚАТ

ТАЪМИНОТИ СОҲАСИДАГИ ЛОЙИҲАЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ АГЕНТЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 17 апрелдаги ПФ-5418-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида маҳсулдорликни юксалтириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишнинг ягона тизимини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 17 апрелдаги ПФ-5418-сон Фармонига мувофиқ Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалигида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази негизида Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

агросаноат комплекси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасида, шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни, шу жумладан инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва шакллантиришга кўмаклашиш;

агросаноат комплекси ва озиқ-овқат таъминоти, шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида лойиҳаларни, шу жумладан, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвестицияларни, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг (кейинги ўринларда ХМИ ва ХҲМТ деб аталади) кредит, грант ва техник кўмаклашиш маблағларини жалб қилиш;

агросаноат комплекси ва озиқ-овқат таъминоти, шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир лойиҳаларни амалга ошириш;

лойиҳалар ва сублойиҳаларнинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш, уларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи муаммоларни аниқлаш ҳамда ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш;

стартап лойиҳалар ташаббускорлари билан ҳамкорлик қилиш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, энергияни тежайдиган ва юқори самарали лойиҳаларни амалга ошириш, агросаноат комплекси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасида лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюроларини ташкил этишга кўмаклашиш;

агросаноат комплекси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳалар, шунингдек, инвестицион лойиҳалар доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат бошқаруви органларига ҳамда бошқа ташкилотларга ёрдам кўрсатиш.


3. Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг бошқарув ходимларининг чекланган сони 19 кишидан иборат бўлган тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Белгилаб қўйилсинки:

Агентлик фаолиятини молиялаштириш ХМИ ва ХҲМТ томонидан инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

Агентлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси таркибига киради;

Агентликни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг иқтисодиёт тармоқлари, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг бўлинмалари билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бош директор бошқаради;

Агентлик бош директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг инвестициялар, инновацион ривожланиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича комплекси билан келишилган ҳолда Агентлик бош директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Агентлик бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизматлари шароитлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


5. Агентлик бош директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

зарурат бўлганда, бошқарув ходимларининг тасдиқланган чекланган умумий сони доирасида Агентлик тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

Агентликка юкланган вазифаларни, шу жумладан, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослашларини ва техник-иқтисодий ҳисобларини амалга ошириш учун шартнома асосида маҳаллий ва хорижий мутахассисларни, экспертлар ва олимларни жалб этиш.


6. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадовга Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалигида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази қайта ташкил этилаётганлиги ҳамда улар негизида Агентлик ташкил қилинаётганлиги ҳақида ХМИ ва ХҲМТга  хабарномалар юбориш ваколати берилсин.


7. Белгилаб қўйилсинки:

Агентлик томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича тижорат банкларида депозит ҳисобрақамлари очилади, ушбу ҳисобрақамларидан бошқа лойиҳалардаги мажбуриятларни бажариш учун тўловлар амалга оширилишига йўл қўйилмайди;

Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги янги лойиҳаларни шакллантириш ва инвестицияларни жалб этиш учун, шунингдек, иштирок этаётган молия ташкилотлари (тижорат банклари, лизинг ва микрокредит ташкилотлари) билан лойиҳалар ва сублойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, шу жумладан, кредит линияларнинг самарали ўзлаштирилиши учун биргаликда жавоб беришади.


8. Агентлик Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчаси, 1А-уй, А блоки (1 ва 2-қаватлар, ертўласи билан) манзилига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


9. Агентлик иштирок этаётган тижорат банклари билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида сублойиҳаларни молиялаштиришнинг соддалаштирилган тартибини, шу жумладан, тижорат банкларининг ҳудудий филиаллари томонидан Агентликка сублойиҳалар бўйича тегишли маълумот ва ҳужжатларни бевосита тақдим этиш ваколатларини кенгайтириш масаласини бир ой муддатда кўриб чиқсин;


10. Агенлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

бир ой муддатда - Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг Низомини;

икки ой муддатда - қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 21 ноябрдаги

940-сон сон қарорига

ИЛОВА




Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги

лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги

ТУЗИЛМАСИ

       

Бош директор


Бош директорнинг биринчи ўринбосари

Бош директорнинг қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича ўринбосари

Бош директорнинг сув хўжалиги йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича ўринбосари

Бош ҳисобчи



Бош юрисконсульт

Кредит, грант ва техник кўмаклашиш маблағларини жалб қилиш гуруҳи

5


Қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик соҳасидаги лойиҳаларни амалга

ошириш гуруҳлари

Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари

Ишлар бошқарувчиси


Кадрлар бўйича инспектор


Лойиҳларни тайёрлаш, техник-иқтисодий асослашлар ва техник-иқтисодий ҳисобларни ишлаб чиқиш гуруҳи

5

Қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик соҳасидаги лойиҳаларни амалга

ошириш бўйича ҳудудий гуруҳлар

Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳудудий гуруҳлар

АКТ бўйича мутахассис

Изоҳлар:


Бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 19 нафар.

Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ходимларининг, шу жумладан, ҳудудий гуруҳлар ходимлари сони амалга оширилаётган лойиҳалар сонига кўра белгиланади.

Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар сони қонун ҳужжатларида кўрсатилган нормативларга мувофиқ белгиланади.

Лойиҳаларнинг ТИА/ТИҲ ишлаб чиқиш учун мутахассислар, шу жумладан, хорижий мутахассислар шартнома асосида жалб қилиниши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 23 ноябрь