язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.11.2018 й. 946-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 22 ноябрдаги

946-сон қарорига

1-ИЛОВА



Халқаро бахшичилик санъати фестивалини

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Халқаро бахшичилик санъати фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Фестиваль қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:

шарқ халқлари фольклор санъатининг етакчи жанри бўлган бахшичиликни кенг тарғиб қилиш, фольклор анъаналари ва қадриятларини сақлаш, ўрганиш, тарғиб этиш, ривожлантириш ва бахшичилик санъатининг моҳир ижрочиларини рағбатлантириш;

бахшичилик ва достончилик санъатининг тарихи, бахшилар ва достончилар ижодини мукаммал ўрганиш, халқ оғзаки ижоди ёдгорликларини тўплаш, ёш авлод қалбида бахшичилик санъатига бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, ёш авлодни мардлик, ҳалоллик, миллий ва умуминсоний қадриятлар, она юртга ва аждодлар меросига юксак садоқат руҳида тарбиялаш;

бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, бахши-шоир, оқин ва жировлар ижодининг шарқ маданияти ва санъатидаги ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш, ўзбек достончилиги ҳамда бошқа халқларнинг турдош ва номдош фольклор жанрларини қамраб олиш, улар билан илмий, ижодий мулоқотлар ўтказиш ва ҳамкорлик қилиш, маданий-маънавий муносабатларни халқаро миқёсда кенгайтиришдан иборат.


3. Фестиваль ҳар икки йилда бир марта, 5-10 апрель кунлари Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ўтказилади.

Фестивални ўтказишнинг аниқ санаси ва муддати Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) томонидан белгиланади.


4. Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда ташкилотчи деб аталади) томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.



2-БОБ. ФЕСТИВАЛНИ ЎТКАЗИШ

ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


5. Фестиваль доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказилади:

бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, бахши-шоир, оқин ва жировлар ижодининг шарқ маданияти ва санъатидаги ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш ва бошқа масалаларга оид илмий-амалий конференция (кейинги ўринларда илмий-амалий конференция деб аталади);

хорижий ва Ўзбекистон бахшичилик санъати усталарининг якка концертлари;

бахши-шоир, оқин ва жировлар ҳамда фольклор жамоаларининг Халқаро кўрик-танлови (кейинги ўринларда кўрик-танлов деб аталади);

сайиллар, мамлакатимизнинг дунёга машҳур шахслари ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида замонавий усулда саҳналаштирилган дастур намойишлари;

бахшичилик санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари ҳамда илмий-маърифий адабиётлар намойиши.

Фестиваль кўрик-танловнинг ғолиблари ва совриндорлари иштирокида "Сурхондарё санъат саройи" давлат муассасасида тантанали тақдирлаш маросими ва гала-концерт билан якунланади.


6. Фестивалга Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган ҳайъат аъзолари ва иштирокчи сифатида ҳар бир мамлакатдан 8 нафаргача кишидан иборат ижодий делегация (4 нафаргача ансамбль таркиби ва 4 нафаргача ижодий гуруҳ аъзолари) таклиф этилади ва уларнинг яшаш, овқатланиш, Ўзбекистонга келиб-кетиш (учинчи давлат орқали учишлари ҳам), ички транспорт ва йўл харажатлари ташкилотчи томонидан қопланади.

Кўрик-танловда чиқиш учун фонограммалардан фойдаланишга рухсат этилмайди, лекин таркиби 5 нафар мусиқачидан кўп бўлмаган 1 та чолғу ансамбли (жонли) жўр бўлиши мумкин.

Фестивалда ўз ҳисобидан иштирок этиш истагини билдирган (ижодий делегациянинг 8 нафаргача аъзоларидан ташқари) бахшичилик санъати ижодкорлари, хорижий давлатлардан таниқли фольклоршунос олимлар, бахши-шоир, оқин ва жировлар, ижодий жамоалар, мутахассислар ва фахрий меҳмонлар ташкилотчининг таклифи асосида қатнашиши мумкин.


7. Кўрик-танловда иштирок этувчиларга қўйиладиган талаблар:

концертларда чиқиш тажрибасига эга бўлиши;

ўз давлатида ёки бошқа давлатлардаги танлов ва фестивалларда қатнашган бўлиши;

тегишли маданият ва санъат соҳасидаги юқори ташкилотлар ёки Фестиваль дирекцияларининг тавсияномасига эга бўлиши.


8. Кўрик-танловда иштирок этишни истаган санъаткорлар ва жамоалар кўрик-танлов ўтказиладиган йилнинг 1 февралига қадар ташкилотчига қуйидагиларни тақдим этишлари лозим:

иштирок этиш учун маълумотнома (резюме);

2 та МР-3 ёки СD аудио ҳамда 1 та DVD дискда 30 дақиқалик тақдимот ижод намунасидан қўшиқлар;

қўшиқ матни ва асар ноталари;

6 х 9 см. ўлчамдаги 3 дона рангли фотосурат.

Тақдим этиладиган барча ҳужжатлар ўзбек, инглиз ва рус тилларида тайёрланиши зарур.


9. Фестиваль доирасида ўтказиладиган илмий-амалий конференцияда иштирок этувчилар қуйидагиларни тақдим этишлари лозим:

иштирокчи маърузасининг 4-5 бетдан иборат тўла матни ва 300 сўздан кам бўлмаган тезислари;

иштирок этиш учун маълумотнома (резюме);

маъруза тақдимоти (презентация);

маърузанинг ўзбек, инглиз ва рус тилларига таржима қилинган матни;

6 х 9 см. ўлчамдаги 3 дона рангли фотосурат.

Конференцияда иштирок этишни истаган олим ва мутахассислар томонидан ушбу ҳужжатлар Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 февралига қадар ташкилотчига тақдим этилиши зарур.


10. Кўрик-танлов ва илмий-амалий конференцияда иштирок этувчиларнинг рўйхати Ташкилий қўмита томонидан аниқланиб, Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 март кунига қадар иштирокчиларга маълум қилинади.


11. Ўзбек, инглиз ва рус тиллари фестивалнинг ишчи тиллари этиб белгиланади.


12. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар ташкилотчи томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида тенг улушларда:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Сурхондарё вилояти маҳаллий бюджети маблағлари;

ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.


13. Фестивалнинг иштирокчилари ва хорижий меҳмонлари, шунингдек, халқаро ҳайъат аъзолари Ташкилий қўмита томонидан Фестиваль ўтказиладиган давр ва ҳудудда ётоқхона, овқатланиш ва белгиланган маршрут бўйича транспорт билан таъминланадилар.


14. Фестиваль хорижий меҳмонларининг Ўзбекистон ҳудудида алоҳида меҳмонхона ва транспорт харажатлари уларни таклиф этган мезбон ташкилот ва муассасалар ёки меҳмонларнинг ўзлари томонидан қопланади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Фестивалнинг барча хорижий иштирокчилари ва меҳмонлари учун ички қатновлар бўйича авиа ва темир йўл чипталари белгиланган тартибда сотилади, меҳмонхона ҳақи ҳам сўмда қабул қилинади.



3-БОБ. ФЕСТИВАЛЬ ИШТИРОКЧИЛАРИНИ

БАҲОЛАШ ШАРТЛАРИ ВА ХАЛҚАРО

ҲАЙЪАТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаш учун Ташкилий қўмита томонидан етти кишидан иборат халқаро ҳайъат тузилади.

Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари таклиф этилади.

Халқаро ҳайъат аъзолари Халқаро ҳайъат раисини сайлайди.

Халқаро Ҳайъат раисига - 2000 АҚШ доллари, ҳайъат аъзоларига - 1000 АҚШ доллари миқдорида гонорар пули тўланади.


16. Баҳолаш жараёнида достончилик санъати намуналарининг асл миллий хусусиятлари, бадиий ва эстетик пурмаънолиги, ижрочиларнинг ижро маҳорати, кийиниш ва саҳна маданияти, ижро этиладиган куй, нағма ва термаларнинг бадиий қиймати ва ўзига хослигининг акс этиши, халқ ижрочилиги усулларини эгаллаганлик даражаси, ижро услублари ва йўлларининг мутаносиблиги, безакнинг бадиий савияси (кийимлар, реквизит) ва унинг миллий анъаналарга мослиги, анъанавий мусиқа асбобларидан фойдаланиш асосий мезон ҳисобланади.


17. Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари иккита йўналиш бўйича баҳоланади:

Достон ижрочилиги йўналиши;

Чолғу ижрочилиги йўналиши.



4-БОБ. МУКОФОТЛАШ ТАРТИБИ


18. Кўрик-танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:

"Гран-при" - 7 000 АҚШ доллари;

I - ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2 х 5 000 - 10 000 АҚШ доллари;

II - ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича ) 2 х 3 500 - 7 000 АҚШ доллари;

III - ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2 х 2 500 - 5 000 АҚШ доллари;

Халқаро ҳайъат қарорига мувофиқ лойиқ номзод топилмаганда "Гран-при" берилмайди.

Халқаро ҳайъат қарорига мувофиқ фақатгина "Гран-при" мукофоти бўлинмайди. I, II ва III - ўринларнинг пул мукофотлари бўлиниши мумкин.

Кўрик-танловда қатнашган ва совриндор бўлмаган иштирокчига "Халқаро бахшичилик санъати фестивали" Дипломанти дипломи берилади.

Кўрик-танлов совриндорлари "Халқаро бахшичилик санъати фестивали"нинг тантанали ёпилиш маросими концерт дастурида қатнашиши шарт.

Кўрик-танловда совриндор (лауреат) бўлган иштирокчилар кейинги йилларда ўтказиладиган ушбу кўрик-танловда бошқа иштирок этолмайди, фахрий меҳмон сифатида фестивалга таклиф этилиши мумкин. Кўрик-танловда қатнашиб, ўрин эгалламаган иштирокчи кўрик-танловда қайта қатнашиш ҳуқуқига эга.


19. Ташкилотчи, ижодий уюшмалар, жамғармалар ва бошқа ташкилотларнинг мустақил равишда ҳайъат аъзолари ва мухлислар эътирофига сазовор бўлган иштирокчилар "Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси", "Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи", "Энг яхши чолғу ижрочиси" каби номинациялар ва бошқа номинациялар бўйича махсус диплом ва 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Фестивалнинг ҳар бир қатнашчисига "Халқаро бахшичилик санъати фестивали"нинг фаол иштирокчиси сертификати берилади.



5-БОБ. ТАШКИЛОТЧИ ҲУҚУҚЛАРИ


20. Ташкилотчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Фестиваль қатнашчиларининг ижроларини эфирга узатиш ҳамда бошқа ташкилотларга трансляция қилиши учун рухсатнома бериш;

Фестивални ўтказиш ва унинг якуни давомида тайёрланган барча турдаги аудио, видео, босма ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш;

Фестивалда иштирок этишни истаган жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ташкилий қўмитага юбориладиган материаллардан реклама мақсадида фойдаланиш;

Фестивалга жаҳондаги етакчи соҳа мутахассислари ва санъат намоёндаларини жалб этиш.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Фестивалнинг ҳар бир қатнашчиси ўз тиббий суғуртасига эга бўлиши шарт.


22. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилишини ва тўғри тўланишини назорат қилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 23 ноябрь