язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Транспорт/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.11.2018 й. ПФ-5584-сон "Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

27.11.2018 й.

N ПФ-5584



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРО АВИАЦИЯСИНИ ТУБДАН

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз фуқаро авиациясини ривожлантириш, шу жумладан ҳаво кемалари паркини янгилаш, парвозларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш, аэропортлар инфратузилмасини, ҳаво ҳаракатини бошқариш ва малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича изчил чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг фуқаро авиациясида унинг жаҳон авиаташишлар бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш ва ушбу тармоққа инвестицияларни фаол жалб қилиш учун таркибий ислоҳотларни янада амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Хусусан, ўзида давлат томонидан тартибга солиш ҳамда тижорат фаолиятига оид функцияларни мужассамлаштирган бошқарувнинг эскирган ва шаффоф бўлмаган тизими тармоқ корхоналарида менежментнинг замонавий тизимини жорий этиш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва рентабеллигини таъминлаш имконини бермаяпти.

Фуқаро авиаташишларининг, шу жумладан ердаги инфратузилмадан фойдаланишнинг ҳаддан зиёд монополлашуви ушбу соҳада хизматлар кўрсатишнинг жаҳон даражасидан анча ортда қолиб кетишига, шунингдек мамлакатдаги айрим аэропортларнинг норентабеллигига сабаб бўлди.

Фуқаро авиацияси соҳасидаги бошқарувнинг замонавий шакллари ва усулларини жадал жорий этиш, тармоқдаги корхоналарни жаҳон тенденциялари ва стандартларига мувофиқ таркибий ўзгартириш, авиаташишлар бозорида рақобатни ривожлантириш ва тармоққа инвестицияларни фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясини (кейинги ўринларда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК деб юритилади) қуйидаги усулларда қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК дирекцияси, шунингдек, "Учувчилар мажмуаси", "Ҳаво алоқалари бош агентлиги" ва "Ўзавиатехтаъминот" моддий-техник таъминот мажмуаси" давлат унитар корхоналари негизида "Uzbekistan Airways" акциядорлик жамиятини (кейинги ўринларда "Uzbekistan Airways" АЖ деб юритилади) ташкил этиш;

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК таркибига кирадиган давлат унитар корхоналарини масъулияти чекланган жамиятларга 1-иловага мувофиқ айлантириш;

"Uzbekistan Airports" акциядорлик жамиятини (кейинги ўринларда "Uzbekistan Airports" АЖ деб юритилади) унга 2-иловага мувофиқ хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги давлат улушини ўтказиш йўли билан ташкил этиш;

"Махсус авиация ишлари авиакомпанияси" ДУК негизида "Uzbekistan Helicopters" масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш;

"Ўзаэронавигация" маркази" давлат корхонасини (кейинги ўринларда "Ўзаэронавигация" ДК деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ихтиёрига ўтказиш.


2. Қуйидагилар:


а) "Uzbekistan Airways" АЖнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ҳаво кемалари паркидан, шу жумладан парвозларнинг янги йўналишларини ўзлаштириш ва географиясини кенгайтириш йўли билан самарали фойдаланиш;

ишлаб чиқариш жараёнларини бошқаришнинг замонавий тизим ва технологияларини жорий этиш, шунингдек, авиапаркни модернизациялаш, технологик қайта жиҳозлаш ва янгилаш;

ҳаво кемалари бортида йўловчиларга кўрсатилаётган сервис хизматлари, авиация техникасига, шу жумладан хорижий авиакомпанияларнинг авиация техникасига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари сифатини ошириш;

компаниянинг рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида йўловчилар, юк, почта ва багаж ташиш соҳасида қулай тариф сиёсатини олиб бориш;

инвестициялар, энг аввало, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини, шу жумладан акциялар ва корпоратив облигациялар чиқариш орқали жалб қилиш;

парвозларни амалга оширишда юқори даражадаги хавфсизликни, шунингдек, ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш сифатини таъминлаш;

авиакомпанияни халқаро авиаташувчилар ҳамжамиятига интеграция қилиш, авиаташишлар соҳасида минтақавий етакчи даражасига эришиш.


б) "Uzbekistan Airports" АЖнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

аэропортларни узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

аэропортлар инфратузилмасини такомиллаштириш учун инвестицияларни, шу жумладан аэропортларни бошқариш соҳасида давлат-хусусий шериклик ва етакчи халқаро компаниялар билан ҳамкорлик қилиш механизмларидан фойдаланган ҳолда жалб қилиш;

аэропортларда авиаташувчилар йўловчиларига юқори даражада хизмат кўрсатилишини таъминлаш, улар учун барча зарур қулай шарт-шароитларни яратиш;

аэропортлар тегишли хизматларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, йўловчилар, юк, почта ва багажга хизмат кўрсатиш жараёнини оптималлаштириш;

аэродромларни парвозларга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш, парвозларнинг мунтазамлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш, аэродромларни таъминлаш ва уларни таъмирлашнинг замонавий усулларини жорий этиш;

ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш ва хизмат кўрсатиш учун фойдаланиладиган ёқилғи ва бошқа ёқилғи-мойлаш материаллари билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, уларнинг сифатини қатъий назорат қилиш;

логистика соҳасида хизматларни сифатли кўрсатиш учун инфратузилмани такомиллаштириш ва қулай шарт-шароитлар яратиш;

аэропортларда савдо, овқатланиш, йўловчиларга банк ва бошқа хизматлар кўрсатувчи замонавий объектлар тармоғини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кенгайтириш.


3. "Uzbekistan Airways" АЖ Жаҳон банки гуруҳи ва бошқа халқаро маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда авиакомпаниянинг рентабеллигини таъминловчи активларнинг мақбул тузилмасини ҳисобга олган ҳолда ўз фаолиятининг барқарор бизнес-модели ишлаб чиқилишини таъминласин.


4. Белгилаб қўйилсинки:

"Uzbekistan Airways" АЖ шартномалар, ҳуқуқлар ва мажбуриятлар бўйича "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК дирекцияси, "Учувчилар мажмуаси", "Ҳаво алоқалари бош агентлиги" ва "Ўзавиатехтаъминот" моддий-техник таъминот мажмуаси" давлат унитар корхоналарининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамиятлар шартномалар, ҳуқуқлар ва мажбуриятлар бўйича тегишли равишда қайта тузилаётган давлат корхоналарининг ҳуқуқий ворислари ҳисобланади;

"Ўзаэронавигация" ДК шартномалар, ҳуқуқлар ва мажбуриятлар бўйича "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКнинг аэронавигация қисми доирасида ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

"Uzbekistan Airways" АЖ устав капитали қайта тузилаётган "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК дирекцияси, "Учувчилар мажмуаси", "Ҳаво алоқалари бош агентлиги" ва "Ўзавиатехтаъминот" моддий-техник таъминот мажмуаси" давлат унитар корхоналарининг мол-мулкини қолдиқ қиймати, шунингдек, ташкил этилаётган "Uzbekistan Helicopters", "Uzbekistan Air technics", "Ўқув-машғулот маркази" ва "Кетринг" масъулияти чекланган жамиятларининг давлат улушини номинал қиймат бўйича ўтказиш ҳисобига шакллантирилади;

"Uzbekistan Airports" АЖ устав капитали мазкур Фармоннинг 2-иловасида кўрсатилган корхоналарнинг устав капиталидаги номинал қиймат бўйича ўтказиб бериладиган давлат улушлари ҳисобига шакллантирилади;

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК ва қайта ташкил этилаётган давлат унитар корхоналарининг қонун ҳужжатларига мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган мол-мулки қайта ташкил этилаётган ва янги ташкил этилаётган корхоналарга тасарруф этиш ҳуқуқисиз бепул фойдаланиш учун ўтказиб берилади.


5. Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти тузилмасида 7 та штат бирлигидан иборат таркибда авиация тармоғини ислоҳ қилиш масалалари бўйича шўъба тузилсин, унинг зиммасига қуйидагиларни ўз ичига олган Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини ривожлантириш сиёсатини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш вазифалари юклансин:

маҳаллий ва хорижий ташувчиларнинг ҳаво қатновлари миллий бозорига кириш қоидалари;

аэропортлар инфратузилмасини ва аэронавигациявий хизмат кўрсатишни ривожлантириш дастури;

давлат томонидан қўллаб-қувватлашни талаб қилувчи субсидияланадиган авиайўналишларни танлаш сиёсати;

аэропортлар хизматларини кўрсатишда хусусий сектор иштироки ва рақобат муҳитини таъминлашга доир механизмлар;

аэропортларнинг авиация ва ноавиация хизматлари нархларини тартибга солиш;

фуқаро авиацияси соҳасида истеъмолчилар ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар;

халқаро авиация ташувлари соҳасидаги халқаро шартномаларни тузиш ва уларнинг шартлари бажарилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар.


6. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКни қайта ташкил этишга доир комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва амалий кўмаклашиш бўйича ишчи комиссия (кейинги ўринларда - Ишчи комиссия) 3-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Ишчи комиссия (А.Н. Арипов):

а) икки ҳафта муддатда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК ва унинг таркибига кирадиган давлат корхоналарини қайта ташкил этиш бўйича тадбирлар режасини унда ҳар бир тадбир ўтказиладиган аниқ муддатлар ва масъул шахсларни кўрсатган ҳолда тасдиқласин;

б) 2019 йил 15 январга қадар транспорт тармоғини ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солишга оид барча комплекс масалалар учун масъул Транспорт вазирлигини ташкил этиш юзасидан таклиф киритсин;

в) 2019 йил 1 майга қадар "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК ва унинг таркибига кирадиган корхоналарнинг:

қайта ташкил этилаётган ва янги ташкил этилаётган корхоналар устав капитали (фонди)га ўтказиладиган;

қонун ҳужжатларига мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган ҳамда қайта ташкил этилаётган ва янги ташкил этилаётган корхоналарга тасарруф этиш ҳуқуқисиз бепул фойдаланиш учун ўтказиладиган мол-мулки рўйхатини тасдиқласин;

г) 2019 йил 1 июнга қадар авиаташишлар бозоридаги қўшимча компаниялар, шунингдек, кам бюджетли авиакомпаниялар (лоукостерлар) ва тижорат авиацияси хизматларини кўрсатувчи корхоналар фаолияти учун қулай шарт-шароитларни, шу жумладан тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилган ҳолда яратиш бўйича чора-тадбирларни кўрсин.


7. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига - "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКни қайта ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, шунингдек, ушбу Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини мувофиқлаштириш учун;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига - авиаташишлар бозорини босқичма-босқич либераллаштириш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясини бошқаришнинг янги тармоқ сиёсатини ишлаб чиқиш учун;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р. Холмурадов зиммасига - потенциал инвесторларни излаш ва авиация транспорти соҳасига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига - авиация транспорти соҳасидаги лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириш механизмларининг сифатли ишлаб чиқилишини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК билан биргаликда Ишчи комиссия томонидан мазкур Фармоннинг 6-бандида кўрсатилган рўйхатлар тасдиқланганидан кейин олти ой муддатда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК ва унинг таркибига кирадиган корхоналар қайта ташкил этилишини охирига етказишни, шунингдек, уларнинг устав капиталлари шакллантирилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасида Авиация транспортини ислоҳ қилиш ва мазкур соҳага инвестицияларни жалб қилишга доир узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга кўмаклашиш тўғрисида битим тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 1 майга қадар Жаҳон банки гуруҳи томонидан ўтказилган ишлар якунлари бўйича 2019-2030 йилларда авиация транспорти соҳасини ислоҳ қилиш ва аэропортларни ривожлантиришга хусусий, шу жумладан тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш бўйича "Йўл харитаси"ни тасдиқласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва "Uzbekistan Airports" АЖ Жаҳон банки гуруҳини жалб қилган ҳолда:

2019 йил 1 апрелга қадар давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳалар амалга ошириладиган аэропорт ёки аэропортлар гуруҳи аниқланишини;

2020 йил 1 январга қадар танланган аэропорт ёки аэропортлар гуруҳида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун танловлар ўтказилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

а) Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясига (кейинги ўринларда - Дававианазорат):

ҳаво кемалари эксплуатантларига бир марталик парвозларни амалга ошириш;

аэродром атрофидаги парвозлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолиятни амалга ошириш учун рухсатномалар беришга оид ваколатларни ўтказиш;

б) Ишчи комиссия томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ, "Махсус авиация ишлари авиакомпанияси" ДУК томонидан фойдаланилаётган АН-2 ҳаво кемаларини ва тегишли авиация мол-мулкини қолдиқ қиймати бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига ўтказиш;

в) "Ўзаэронавигация" давлат корхонасига Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудидан транзит фойдаланишда кўрсатилган аэронавигация хизматлари учун хорижий авиакомпанияларнинг кечиктирилган дебитор қарздорлигини аэронавигация хизматлари кўрсатилганлиги тасдиқланган вақтдан бошлаб 12 ой давомида ундириш ҳуқуқини бериш.


12. Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясининг ташкилий тузилмаси ва бошқарув ходимларининг чекланган штатлари сони 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


13. Белгилаб қўйилсинки:

мазкур Фармонга мувофиқ тузиладиган хўжалик жамиятлари (кейинги ўринларда - хўжалик жамиятлари) ижро этувчи органларининг аъзолари етакчи авиакомпанияларда етарлича иш тажрибасига ҳамда корпоратив бошқарув, менежмент ва молия соҳасида зарур малакага эга бўлган мутахассислар, шу жумладан чет эл фуқаролари орасидан танлаб олинади;

мазкур Фармонга мувофиқ ташкил этиладиган акциядорлик жамиятлари устав капиталларидаги акциялари давлат пакети бўйича акциядорнинг ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси амалга оширади;

мазкур Фармонга мувофиқ ўтказиладиган ва қабул қилинадиган мол-мулкнинг қиймати солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқишда солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди;

2020 йилдан бошлаб хўжалик жамиятларининг молиявий ҳисоботи халқаро стандартлар асосида шакллантирилади, етакчи халқаро аудиторлик ташкилотларини жалб қилган ҳолда йиллик мустақил ташқи аудитдан ўтказилиши лозим.


14. Дававианазорат, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг 2019 йил 1 январдан бошлаб юридик шахс ташкил этмасдан Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясини ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки:


а) Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

қонун ҳужжатларига мувофиқ пулли хизматлар кўрсатишдан, шу жумладан аэродром атрофидаги парвозлар хавфсизлигига хавф солиши мумкин бўлган фаолиятни амалга ошириш учун рухсатномалар беришдан тушадиган маблағлар суммасининг 100 фоизи;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги учун Дававиназорат ходимлари томонидан солинадиган жарималар суммасининг 80 фоизи;

"Ўзаэронавигация" ДК соф фойдасининг 5 фоизи;

авиация хавфсизлиги учун ундириладиган йиғимлар суммасининг 3 фоизи;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ва кредитлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


б) Жамғарманинг маблағларидан фақат:

Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясини моддий-техник таъминлаш, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимларини моддий рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш, ўқитиш ва малакасини ошириш;

Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тадбирлар учун фойдаланилади.


15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2019 йил 1 майга қадар хорижий кредитлар (қарзлар) бўйича "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК дирекциясининг тўлов мажбуриятлари юзасидан аввал тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси давлат кафолатларини қайта расмийлаштирсин;

2019 йил 1 июнга қадар аэропортларни ривожлантириш ва ҳаво транспорти қатновини бошқариш учун аввал жалб қилинган кредитларни "Uzbekistan Airports" АЖ ва "Ўзаэронавигация" ДКга қайта расмийлаштирсин;

2019 йил 1 майга қадар чегирмаларнинг қулай тизимини назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг резидент авиакомпанияларига аэронавигация ва аэропорт хизматларини кўрсатиш учун ягона ставкалар ҳамда йиғимларни тасдиқласин;

2019 йил 1 мартга қадар рентабеллиги паст бўлган ички йўналишлар бўйича ташишларни амалга оширувчи авиакомпаниялар учун зарарларни компенсация қилишни молиялаштиришнинг барқарор механизмини шакллантиришга оид таклифлар киритсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Дававиназорат Адлия вазирлиги, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:

сиртқи бўлимларда таълим олган фуқаро авиацияси мутахассисларининг маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилишга рухсат бериш;

илғор хорижий, шу жумладан ишлаб чиқарувчилар сертификатларини тан олишни назарда тутувчи тажрибадан келиб чиқиб, ҳаво кемалари ва авиадвигателларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш учун олиб кириладиган бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлари, деталларни сертификатлаштириш тартибини соддалаштириш бўйича таклифлар киритсин.


17. Қуйидагиларга:

а) Ўзбекистон Республикасининг резидент авиакомпанияларига Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси тизими (IATA Clearing House) ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг бошқа халқаро тизимлари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишга;

б) "Ўзаэронавигация" давлат корхонасига Европа аэронавигация хавфсизлигини таъминлаш ташкилоти (EUROCONTROL) орқали хорижий авиакомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси самовий ҳудудидан транзит фойдаланишда кўрсатилган аэронавигация хизматлари учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга рухсат берилсин.


18. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК ва унинг таркибига кирадиган корхоналарга тақдим қилинган имтиёз ва преференциялар мазкур Фармонга мувофиқ ташкил этилаётган хўжалик жамиятларига татбиқ этилсин.


19. Ўзбекистон Республикасининг резидент авиакомпаниялари Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган:

самолётлар (ТИФ ТН бўйича коди: 8802, 8803 ва 8805), шу жумладан олиб кирилган вақтга қадар ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган самолётлар;

белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича йўловчиларга хизмат кўрсатиш учунгина фойдаланиладиган сервис инвентари ва жаҳон брендидаги алкоголь ичимликлари учун 2023 йил 1 январга қадар божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун ундириладиган йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод этилсин.


20. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси:

қайта ташкил этилаётган ва тузилаётган корхоналарнинг автотранспорт воситалари;

қайта ташкил этилаётган ва тузилаётган корхоналарнинг кўчмас мулкига оид кадастр ҳужжатлари;

қайта ташкил этилаётган корхоналарнинг таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказишга йиғимлар ва божларни ундирмасдан таъминласин.


21. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:


а) икки ой муддатда:

ҳаво кемалари эксплуатантларига бир марталик парвозлар учун рухсатномалар бериш;

Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясини ривожлантириш жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясининг ходимларини уч баравар тариф коэффициентини жорий этишни назарда тутувчи моддий рағбатлантириш тартибини тасдиқласин;


б) уч ой муддатда:

корпоратив бошқарув ва фуқаро авиацияси соҳасидаги мустақил, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, "Uzbekistan Airways" АЖ ва "Uzbekistan Airports" АЖ ижро этувчи органлари ташкилий тузилмалари, шунингдек, кузатув кенгашлари таркибларининг тасдиқланишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига фуқаро авиацияси соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш функцияларини давлат органларига ўтказишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.


22. Дававианазорат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


23. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 ноябрдаги

ПФ-5584-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Масъулияти чекланган жамиятларга айлантириладиган

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК давлат

унитар корхоналарининг

РЎЙХАТИ

1. "Uzbekistan airways technics" авиакорхонаси" ДУК


2. "Кетринг" ДУК


3. "Ўқув-машқ маркази" ДУК


4. "Андижон" халқаро аэропорти" ДУК


5. "Бухоро" халқаро аэропорти" ДУК


6. "Қарши" халқаро аэропорти" ДУК


7. "Навоий" халқаро аэропорти" ДУК


8. "Наманган" халқаро аэропорти" ДУК


9. "Нукус" халқаро аэропорти" ДУК


10. "Самарқанд" халқаро аэропорти" ДУК


11. "Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропорти" ДУК


12. "Термиз" халқаро аэропорти" ДУК


13. "Урганч" халқаро аэропорти" ДУК


14. "Фарғона" халқаро аэропорти" ДУК






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 ноябрдаги

ПФ-5584-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Устав жамғармаларидаги давлат улуши

"Uzbekistan airports" акциядорлик жамиятига

ўтказиладиган  масъулияти чекланган жамиятлар

РЎЙХАТИ

1. "Андижон" халқаро аэропорти" МЧЖ


2. "Бухоро" халқаро аэропорти" МЧЖ


3. "Қарши" халқаро аэропорти" МЧЖ


4. "Навоий" халқаро аэропорти" МЧЖ


5. "Нукус" халқаро аэропорти" МЧЖ


6. "Наманган" халқаро аэропорти" МЧЖ


7. "Самарқанд" халқаро аэропорти" МЧЖ


8. "Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропорти" МЧЖ


9. "Термиз" халқаро аэропорти" МЧЖ


10. "Урганч" халқаро аэропорти" МЧЖ


11. "Фарғона" халқаро аэропорти" МЧЖ






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 ноябрдаги

ПФ-5584-сон Фармонига

3-ИЛОВА



"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКни қайта

ташкил этишга доир комплекс чора-тадбирлар

амалга оширишни мувофиқлаштириш ва амалий

кўмаклашиш бўйича ишчи комиссия

ТАРКИБИ

1.

Арипов А.Н.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ишчи комиссия раиси

2.

Раматов А.Ж.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари

3.

Қўчқоров Ж.А.

-

Бош вазир ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси молия вазири

4.

Холмуродов С.Р.

-

Бош вазир ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси

5.

Абдухакимов А.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари

6.

Рахматов Ф.К.

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими

7.

Мақсудов Д.С.

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими

8.

Давлетов Р.К.

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири

9.

Игамов Д.Х.

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари

10.

Абдуллаев А.Х.

-

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси

11.

Шарипов Н.Ш.

-

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

12.

Бурханов А.Ж.

-

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари

13.

Маҳкамов И.Р.

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудири

14.

Мусаев Б.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари


15.

Аккулов А.У.

-

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи

16.

Мамаджанов Ш.Т.

-

Тошкент авиация транспорт прокурори

17.

Улжаев Т.Э.

-

Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи

18.

Хакимов Б.И.

-

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК бош директори вазифасини бажарувчи

19.

Обидов А.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари, Комиссия котиби

   

Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 ноябрдаги

ПФ-5584-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини

назорат қилиш давлат инспекциясининг

ТУЗИЛМАСИ

  












Бошлиқ



Ёрдамчи





















































































Бошлиқ ўринбосари










































































Сертификатлаш ва парвозлар

хавфсизлигини назорат қилиш

бошқармаси



Авиация ходимларига

гувоҳномаларни бериш ва узайтириш бўлими


Авиация ҳодисаларини ва

инцидентларини текшириш

бўлими



Молия-иқтисод бўлими






































Бош юрисконсульт


Сертификатлаш ва парвозлар

амалга оширишини назорат

қилиш бўлими



Авиация тиббиёти бўлими


Авиация хавфсизлиги бўлими







































Кадрлар бўйича

бош мутахассис


Аэродромларни сертификатлаш ва аэродромлар атрофида объектларни жойлаштириш учун рухсатномалар бериш бўлими



Хорижий эксплуатанталар эксплуатация текшируви

бўлими


Халқаро муносабатлар ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими








































Канцелярия


Ҳаво кемаларининг учишга яроқлилиги бўлими



Учувчисиз учуиш аппаратларидан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилиш бўлими


Парвозларни амалга ошириш

учун бир марталик

рухсатномалар бериш

бўлими







































Ижро интизоми назорати

бўйича мутахассис


Аэронавигация ва ҳаводаги ҳаракатни бошқаришни назорат қилиш бўлими



ИКАО стандартларини жорий этиш ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўлими


Ахборот-коммуникация технологиялари бўлими







































Биринчи бўлим

















Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси муҳандиси



















































Хўжалик хизмати





























  

Бошқарув ходимларининг чекланган сони - 65 нафар.

*) Ёрдамчи ходимларнинг сони белгиланган меъёрларга мувофиқ аниқланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 28 ноябрь


"Халқ сўзи", 2018 йил 29 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 3 декабрь, 48-сон, 915-модда