язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Маданият/ Танловлар. Кўриклар. Фестиваллар. Кўргазмалар. Маданият кунлари/ Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.11.2018 й. 960-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 27 ноябрдаги

960-сон қарорига

1-ИЛОВА



Халқаро ҳунармандчилик фестивалини

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Халқаро ҳунармандчилик фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Фестиваль қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:

Шарқ ва Ғарбни туташтирган Буюк Ипак йўлини очиб берган, барча халқларни бозор иқтисодиётида азалдан муҳим ҳисобланган ҳунармандчиликни кенг тарғиб қилиш, ҳунармандчилик анъаналари ва мактабларини сақлаш, қайта тиклаш, бу соҳадаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ва маҳорат дарслари ташкил этиш, ушбу соҳадаги иқтидорли ҳунармандларни рағбатлантириш;

ҳунармандчилик тарихи, мактаби ва услублари ҳамда мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ўрнини мукаммал ўрганиш, қадимий ҳунармандчилик ва амалий санъатга оид қўлёзма ва сир-асрорларни тўплаш, ёш авлод қалбида ҳунармандчилик санъатига бўлган қизиқишларни шакллантириш;

ҳунармандчилик йўналишларини янада ривожлантириш, ҳунармандчиликнинг шарқ ва ғарб маданияти, иқтисодиётидаги ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш, ўзбек халқи ҳамда бошқа халқларнинг ҳунармандчилик анъаналарини қамраб олиш, улар билан илмий, ижодий мулоқотлар ўтказиш ва ҳамкорлик қилиш.


3. Фестиваль 2019 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир маротаба сентябрь ойида Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ўтказилади.

Фестивални ўтказишнинг аниқ санаси ва вақти Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) томонидан белгиланади.


4. Фестиваль Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси ва Фарғона вилоят ҳокимлиги томонидан (кейинги ўринларда ташкилотчилар деб аталади) ташкил этилади ва ўтказилади.



2-БОБ. ФЕСТИВАЛНИ ЎТКАЗИШ

ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


5. Фестиваль доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказилади:

"Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари" мавзусида илмий-амалий конференция (кейинги ўринларда илмий-амалий конференция деб аталади);

ҳунармандларнинг кўрик-танлови (кейинги ўринларда кўрик-танлов деб аталади);

хорижий ва маҳаллий ҳунарманд усталарнинг маҳорат дарслари;

сайиллар, мамлакатимизнинг замонавий ва креатив усулда саҳналаштирилган дастур намойишлари;

ҳунармандчилик тарихига оид кўргазма, турли тилларда нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари ҳамда илмий-маърифий адабиётлар намойиши;

Фестиваль кўрик-танлови ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш маросими ва гала-концерт.


6. Давлат тили, инглиз ва рус тиллари Фестивалнинг ишчи тиллари ҳисобланади.


7. Фестивалга Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган ҳайъат аъзолари ва иштирокчи сифатида ҳар бир мамлакатдан 15 нафаргача ижодий делегация (12 нафаргача ҳунармандлар ва 3 нафаргача ташкилий гуруҳ аъзолари) таклиф этилади ва уларнинг яшаш, овқатланиш, Ўзбекистонга келиб-кетиш (учинчи давлат орқали учишлари ҳам), ички транспорт ва йўл харажатлари ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Фестивалда ўз ҳисобидан иштирок этиш истагини билдирган (ижодий делегациянинг 15 нафаргача аъзоларидан ташқари) ҳунармандчилик ва амалий санъат ижодкорлари, таниқли олимлар, мутахассислар ва фахрий меҳмонлар ташкилотчилар таклифлари асосида қатнашиши мумкин.


8. Илмий-амалий конференцияда иштирок этишни истаган мутахассислар илмий-амалий конференция ўтказиладиган санадан уч ой аввал Ташкилий қўмитага қуйидаги материалларни тақдим этадилар:

маълумотнома (резюме);

3 дона 6x9 ўлчамдаги рангли фотосурат;

илмий-амалий конференция иштирокчисининг ҳажми 4-5 бетдан ва 300 сўздан кам бўлмаган маърузаси матни (инглиз ёки рус тилларида).


9. Кўрик-танловда иштирок этишни истаган ҳунармандлар кўрик-танлов ўтказиладиган санадан уч ой аввал Ташкилий қўмитага қуйидаги материалларни тақдим этадилар:

маълумотнома (резюме);

3 дона 6x9 ўлчамдаги рангли фотосурат;

ҳунармандчилик соҳасида етарли тажрибага эга эканлиги, ўз давлатида ёки бошқа давлатларда ўтказилган соҳага оид танлов ва фестивалларда иштирок этганлиги тўғрисида тегишли соҳа ташкилотларининг тавсияномаси;

ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг 10 донадан кам бўлмаган фотосуратлари ва уларни ишлаб чиқариш жараёнлари акс эттирилган видеолавҳалар.


10. Кўрик-танлов ва илмий-амалий конференцияда иштирок этувчиларнинг рўйхати Ташкилий қўмита томонидан аниқланиб, Фестиваль ўтказиладиган санадан бир ой аввал иштирокчиларга маълум қилинади.


11. Фестивални тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ташкилий қўмита томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:

50 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобига;

50 фоизи - Фарғона вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига қопланади.



3-БОБ. ХАЛҚАРО ҲАЙЪАТ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳоратларини баҳолаш учун Ташкилий қўмита томонидан етти кишидан иборат таркибда халқаро ҳайъат тузилади.

Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари таклиф этилади.

Халқаро ҳайъат аъзолари Халқаро ҳайъат раисини сайлайди.

Халқаро Ҳайъат раисига ва ҳайъат аъзоларининг ҳар бирига - 2000 АҚШ доллари миқдорида гонорар пули тўланади.


13. Қуйидагилар кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳоратларини баҳолашда асосий мезон ҳисобланади:

ҳунармандчилик маҳсулотларининг анъанавий миллий хусусиятлари;

ҳунармандчилик йўналишининг жозибаси ва таровати, ўзига хос услуб ва мактабга эгалиги;

ҳунармандчилик маҳсулотининг тарихий илдизга эгалиги ҳамда ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги.

Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарслари 5 та номинация ("Энг яхши ҳунарманд", "Энг ёш ҳунарманд", "Энг яхши ҳунармандчилик мактаби устаси", "Қадимий сулола давомчиси" ва "Қадимий ҳунармандчилик турини тиклаган ҳунарманд") бўйича баҳоланади.

Кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳоратларини баҳолаш мезонлари Савдо-саноат палатаси ва "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади ҳамда Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланади.



4-БОБ. МУКОФОТЛАШ ТАРТИБИ


14. Фестиваль доирасида ўтказиладиган кўрик-танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, ҳайкалча ва қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланади:

"Энг яхши ҳунарманд" номинацияси бўйича - 15 000 АҚШ доллари;

"Энг ёш ҳунарманд" номинацияси бўйича - 10 000 АҚШ доллари;

"Энг яхши ҳунармандчилик мактаби устаси" номинацияси бўйича - 10 000 АҚШ доллари;

"Қадимий сулола давомчиси" - 5 000 АҚШ доллари;

"Қадимий ҳунармандчилик турини тиклаган ҳунарманд" - 5 000 АҚШ доллари.


15. Ташкилотчилар, ижодий уюшмалар, жамғармалар ва бошқа ташкилотлар ҳайъат аъзолари ва мухлислар эътирофига сазовор бўлган моҳир ҳунармандларни тақдирлаш учун мустақил равишда махсус мукофотлар таъсис этишлари мумкин.

Фестивалнинг ҳар бир иштирокчисига Халқаро ҳунармандчилик фестивали иштирокчиси сертификати берилади.



5-БОБ. ТАШКИЛОТЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


16. Ташкилотчилар:

Фестивални ўтказиш ва унинг якуни давомида тайёрланган барча турдаги аудио, видео, босма ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш;

Фестивалда иштирок этишни истаган жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ташкилий қўмитага юбориладиган материаллардан реклама мақсадида фойдаланиш;

Фестивалга жаҳондаги етакчи продюсер, менежерларни ва соҳа мутахассисларини жалб этиш ҳуқуқига эга.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Фестивалнинг хорижлик иштирокчиси ўз тиббий суғуртасига эга бўлиши лозим.


18. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун ажратиладиган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилишини ва тўғри тўланишини назорат қилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 28 ноябрь