язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Декабрь, 2018 й./ Халқаро алоқалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.11.2018 й. 968-сон "2018-2021 йилларда кимёвий, биологик, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳужжатларни бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳаракатлар режасини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.11.2018 й.

N 968



2018-2021 ЙИЛЛАРДА

КИМЁВИЙ, БИОЛОГИК, РАДИАЦИЯ ВА ЯДРО

ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ СОҲАСИДАГИ

ХАЛҚАРО ҲУЖЖАТЛАРНИ БАЖАРИШ ЮЗАСИДАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МИЛЛИЙ

ҲАРАКАТЛАР РЕЖАСИНИ ТАСДИҚЛАШ

ТЎҒРИСИДА



Мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар миллий давлатчиликни қарор топтириш, хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот, суверенитетни ва давлат чегаралари дахлсизлигини, қонун устуворлигини таъминлаш учун мустаҳкам асос яратди, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини жорий этишга, фуқароларнинг ҳаёти фаолияти учун муносиб шароитлар яратишга кўмаклашди.

Хавфсизликни таъминлашнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, шунингдек, хавфсизликнинг турли соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон атрофида минтақада барқарорлик ҳамда яқин қўшничиликни сақлаш принципларига асосланган хавфсизлик поясини ташкил қилиш, хорижда мамлакатнинг ижобий нуфузини янада мустаҳкамлаш, кимёвий, биологик, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳужжатларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлашга қаратилган пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

2018-2021 йилларда кимёвий, биологик, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳужжатларни бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳаракатлар режаси (кейинги ўринларда Миллий ҳаракатлар режаси деб аталади) 1-иловага* мувофиқ;

2018-2021 йилларда кимёвий, биологик, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳужжатларни бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳаракатлар режасини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Қуйидагилар Миллий ҳаракатлар режасини амалга ошириш доирасида асосий вазифалар этиб белгилансин:

ядро, кимёвий ва биологик қурол-яроғ ҳамда уни етказиб бериш воситаларини ноқонуний кўчириш ва тарқатишнинг олдини олиш;

ваколатли давлат органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

кимёвий, биологик, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

экспорт назоратидаги товарлар рўйхатини тасдиқлаш, шунингдек, кимёвий, биологик, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бошқа вазифаларни ўз вақтида ҳамда сифатли бажариш.


3. Белгилансинки:

қўйилган вазифаларнинг бажарилишини ташкил қилиш, шунингдек, Миллий ҳаракатлар режасининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун масъулият "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига юкланади;

Миллий ҳаракатлар режаси халқаро ташкилотлар, шерик мамлакатлар ёки донорлар томонидан бериладиган маблағлар, шунингдек, Миллий ҳаракатлар режаси доирасида жалб этилган ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


4. "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда белгиланган тадбирларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги фаолиятни йўлга қўйиш мақсадида Миллий ҳаракатлар режасини тегишли халқаро ташкилотларга ўн кун муддатда, белгиланган тартибда юборсин.


5. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларини жалб қилган ҳолда, Миллий ҳаракатлар режасининг амалга оширилишини мунтазам ёритишни ташкил этсинлар.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.С. Султанов ва "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси бошлиғи Б.В. Ғуломов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 28 ноябрь