язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Декабрь, 2018 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қишлоқ хўжалиги/ Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.11.2018 й. 972-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 29 ноябрдаги

972-сон қарорига

ИЛОВА



Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрини

шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


кўп тармоқли фермер хўжалиги - қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, саноат ишлаб чиқариши, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва фаолиятнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари билан шуғулланувчи фермер хўжалиги; 


Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестри - қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, саноат ишлаб чиқариши, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва фаолиятнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари билан шуғулланувчи кўп тармоқли фермер хўжаликлари рўйхати.


3. Фермер хўжаликларини Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрига (кейинги ўринларда - Реестр деб аталади) киритиш Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) томонидан бепул амалга оширилади.



2-БОБ. РЕЕСТРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА

ЮРИТИШНИНГ АСОСИЙ МАҚСАД

ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Реестрни шакллантириш ва юритишнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:

кўп тармоқли фермер хўжаликлари ва улар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, саноат ишлаб чиқариши бўйича фаолият амалга оширилиши, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва фоалиятнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турларини амалга ошириш ҳақидаги маълумотларнинг ягона электрон базасини яратиш;

республикадаги фермер хўжаликларининг ҳолати ва салоҳияти тўғрисидаги маълумотларни тизимли жамлаб бориш;

фермер хўжаликларининг қонун ҳужжатларида кўп тармоқли фермер хўжаликлари учун белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотлар мониторингини олиб бориш имкониятини яратиш;

Реестрга киритилган кўп тармоқли фермер хўжаликларига нисбатан улар Реестрга киритилган кундан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият турлари бўйича ягона солиқ тўловини тўлаш бўйича имтиёзларни қўллаш.



3-БОБ. РЕЕСТРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ТАРТИБИ


5. Реестрни шакллантириш ва тизимли юритиш туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари (кейинги ўринларда туман кенгашлари деб аталади) томонидан тақдим этиладиган материаллар асосида Кенгаш томонидан амалга оширилади.


6. Туман кенгашлари фермер хўжаликларини Реестрга киритиш учун ҳужжатларни қабул қилади, дастлабки кўриб чиқишни амалга оширади ва Кенгашга тақдим этади.


7. Фермер хўжалигини Реестрга киритиш ихтиёрий равишда фермер хўжалигининг аризасига асосан ва бепул амалга оширилади.


8. Реестр вилоятлар ва туманлар бўйича электрон маълумотлар базаси шаклида Кенгашнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш (жойлаштириш) орқали юритилади.


9. Реестрнинг шакли ва мазмуни Кенгаш томонидан тасдиқланади.


10. Реестр кўп тармоқли фермер хўжаликларининг ихтисослашувидан келиб чиқиб шакллантирилади.


11. Реестрга киритишда ёки уни янгилашда ҳар бир кўп тармоқли фермер хўжалигига нисбатан қуйидаги маълумотлар ва кўрсаткичлар акс эттирилади (янгиланади):

кўп тармоқли фермер хўжалигининг номланиши;

солиқ тўловчининг идентификацион рақами (ИНН);

корхона ва ташкилотларнинг умумий таснифланиш коди (КТУТ коди);

маъмурий-ҳудудий мансублигини аниқлаш коди (МҲОБТ);

кўп тармоқли фермер хўжалиги жойлашган жой;

кўп тармоқли фермер хўжалигининг ихтисослашуви;

ишлаб турган ўз асосий воситалари рўйхати (ишлаб чиқариш базаси, машина ва механизмлар);

ер участкасининг контурлари;

алоқа воситалари (телефон, факс, мавжуд бўлса электрон почта);

кўп тармоқли фермер хўжалиги Реестрдан чиқарилгани тўғрисидаги маълумотлар (шундай ҳолат кузатилган бўлса).

Реестрда кўп тармоқли фермер хўжалиги тўғрисидаги бошқа маълумотлар, жумладан, туман кенгашига фермер хўжалиги томонидан ихтиёрий тақдим этилган маълумотлар ҳам акс эттирилиши мумкин.


12. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари туман кенгашларини Реестрга киритилиши шарт бўлган маълумотлардаги ўзгаришлар тўғрисида, шундай ўзгаришлар юзага келганидан бошлаб ўн кун муддатдан кечиктирмасдан ҳабардор этишга мажбурдирлар.   


13. Реестрдаги маълумотлар очиқ ҳисобланади, кўп тармоқли фермер хўжаликларининг молиявий кўрсаткичлари бундан мустасно.


14. Фермер хўжалигини Реестрга киритиш ёки уни Реестрдан чиқариш санаси деб Кенгаш томонидан белгиланган тартибда тегишли қарор қабул қилинган сана ҳисобланади.


15. Реестрнинг архив нусхаси қоғозда, 10 январгача якунланган йилнинг 31 декабрдаги ҳолатига кўра шакллантирилади, Кенгаш муҳри билан тасдиқланади ва ўн беш йил давомида Кенгашнинг идоравий архивида сақланиши керак.



4-БОБ. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ

ТОМОНИДАН УЛАРНИ РЕЕСТРГА КИРИТИШ

УЧУН ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР


16. Фермер хўжалиги Реестрга киритиш учун туман кенгашига ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича ариза тақдим этади.


17. Туман кенгаши Реестрга киритилиши зарур бўлган ҳужжатлар ва бошқа ваколатли органлардаги маълумотларни мустақил равишда, белгиланган тартибда ўзаро маълумот ахборот ҳамкорлиги орқали, шу жумладан, электрон шаклда олади, ушбу Низомнинг 16-бандида назарда тутилган ҳужжатлар ва маълумот бундан истисно.


18. Фермер хўжаликларидан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


19. Ҳужжатлар фермер хўжаликлари томонидан ўзи рўйхатдан ўтказилган жой бўйича тегишли туман кенгашига бевосита, почта орқали ёки электрон шаклда туман кенгашининг электрон ёки почта манзилига олинганлиги тўғрисида хабардор қилиш шарти билан тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар фермер хўжалигининг рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.


20. Нотўғри ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун фермер хўжалиги раҳбари қонун хужжатларига мувофиқ жавоб беради.


21. Фермер хўжалиги томонидан тайёрланган ҳужжатларнинг нусхалари фермер хўжалиги раҳбари томонидан лавозими ва имзоланган сана кўрсатилган ҳолда тасдиқланади.

Ҳужжатларга тузатишлар киритишга йўл қўйилмайди.


22. Ҳужжатлар туман кенгашининг ваколатли ходими томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, ҳужжатларнинг иккинчи нусхаси ариза берувчига қабул қилинган сана кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади). Ҳужжатлар электрон тарзда тақдим этилган тақдирда ариза берувчига электорн алоқа воситалари орқали тегишли билдиришнома орқали жавоб юборилади. 


23. Фермер хўжалиги томонидан ушбу Низомнинг 16-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ топширилмаслиги ва (ёки) ушбу Низомнинг 19-бандида белгиланган талаблар бузилган тақдирда, туман кенгаши аризани кўриб чиқиш учун қабул қилмаслик ҳуқуқига эга.

Рад қилингани тўғрисидаги билдиришнома фермер хўжалигига икки кун муддатда рад этилишининг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади), бир нусхаси Кенгашга маълумот учун юборилади.

Фермер хўжалигининг ҳужжатларини бошқа асосларга кўра, жумладан, мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан қабул қилмасликка йўл қўйилмайди.


24. Фермер хўжалиги томонидан Реестрга киритмасликка асос бўлган камчиликлар бартараф этилганда, ҳужжатларни қабул қилишда такроран рад қилинишига йўл қўйилмайди.


25. Туман кенгаши томонидан аризани кўриб чиқиш асоссиз равишда рад этилганда фермер хўжалиги Кенгашга бевосита, зарур бўлган ҳужжатлар ва туман кенгашининг хатини илова қилган ҳолда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. 


26. Фермер хўжалиги томонидан Реестрга киритиш учун тақдим қилинган ҳужжатлар қандай қарор қабул қилинишидан қатъи назар Кенгаш архивида ўн беш йил давомида сақланади.



5-БОБ. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИ

РЕЕСТРГА КИРИТИШ ТАРТИБИ


27. Фермер хўжалигини Реестрга киритиш ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


28. Туман кенгаши берилган аризани кўриб чиқиш учун қабул қилганидан сўнг тақдим қилинган маълумотларнинг ишончлилигини текширади, зарур бўлганда тегишли статистика, солиқ ва бошқа органларни жалб этади.  


29. Фермер хўжалигини Реестрга киритиш учун тақдим этилган ҳужжатлар тўплами туман кенгашига тушган кундан бошлаб икки кундан кечиктирмай Кенгашга юборилади.


30. Кенгаш тақдим этилган материалларни кўриб чиқиш, натижалари бўйича уч кун муддатда фермер хўжалигини Реестрга киритиш ёки киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилади. 


31. Фермер хўжалигининг қонун ҳужжатларида кўп тармоқли фермер хўжаликларига қўйиладиган талабларга мос келмаслиги Кенгашнинг фермер хўжалигини Реестрга киритишни рад этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинишига асос ҳисобланади.


32. Реестрга киритишни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда уч кун муддатда фермер хўжалигига рад қилинишининг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда билдиришнома юборилади (вакилига топширилади).


33. Фермер хўжалигини Реестрга киритиш рад этилиши туман кенгашига шу мақсадда қайта мурожаат қилишига тўсқинлик қилмайди.


34. Реестрга киритиш рад этилишига асос бўлган сабаблар фермер хўжалиги томонидан бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.



6-БОБ. КЎП ТАРМОҚЛИ ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИ

РЕЕСТРДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


35. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари қуйидаги ҳолатларда Реестрдан чиқарилиши мукин:

улар томонидан туман кенгашига Реестрдан ихтиёрий чиқариш тўғрисида ариза берилиши;

кўп тармоқли фермер хўжалигининг тугатилиши;

кўп тармоқли фермер хўжалигининг қонун ҳужжатларида кўп тармоқли фермер хўжалигига қўйилган талабларга мувофиқ эмаслиги.


36. Кўп тармоқли фермер хўжалиги Кенгаш қарорига асосан Реестрдан чиқарилади ва бу тўғрида икки кун мобайнида Реестрга тегишли ўзгартиришлар киритилади.


37. Кўп тармоқли фермер хўжалиги Реестрдан чиқарилган кундан бошлаб ушбу фермер хўжалигининг кўп тармоқли фермер хўжалик мақоми тугатилади.

Кўп тармоқли фермер хўжалигининг Реестрдан чиқарилгани тўғрисидаги маълумот белгиланган тартибда Кенгаш томонидан ҳудудий солиқ органларига юборилади.



7-БОБ. РЕЕСТРНИ ЮРИТИШ ВА МАЪЛУМОТЛАРНИ

ТАҚДИМ ЭТИШДА КЕНГАШНИНГ ДАВЛАТ

БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ БИЛАН

ЎЗАРО МУНОСАБАТИ


38. Кенгаш Реестрни юритишда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлик қилади ҳамда ўзаро ахборот айирбошлайди.

Вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ахборот айирбошлаш бепул асосда, уларга Реестрга кириш ҳуқуқини бериш (зарурат бўлганда) орқали амалга оширилади.


39. Кенгашнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган Реестрдаги очиқ маълумотлар фойдаланувчиларга бепул тақдим этилади.


40. Фермер хўжалигининг Реестрга киритилгани тўғрисидаги кўчирма фойдаланувчиларга Кенгашнинг расмий веб-сайти орқали, ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилади. 



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


41. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



(Фермер хўжалиги бланкасида (агар мавжуд

бўлса) чиқиш рақами ва сана кўрсатилганҳолда)



Ўзбекистон фермер, деҳқон

хўжаликлари ва томорқа ер эгалари

кенгашига

АРИЗА




(фермер хўжалигининг тўлиқ номи)

"Фермер хўжаликлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан кўрсатиб ўтилган фермер хўжалигини Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрига киритишингизни сўраймиз.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинмоқда:

солиқ тўловчининг идентификацион рақами нусхаси (ИНН);

корхона ва ташкилотларнинг умумий таснифланиш коди (КТУТ коди);

кўп тармоқли фермер хўжалигининг ихтисослашуви тўғрисидаги маълумотлар;

ишлаб турган ўз хусусий воситаларнинг асосий рўйхати нусхаси (ишлаб чиқариш базаси, машина ва механизмлар);

молиявий кўрсаткичлар тўғрисидаги ҳисобот нусхаси (фермер хўжалиги томонидан тасдиқланган);

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, саноат ишлаб чиқариши бўйича фаолият, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва фаолиятнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари амалга оширилишини тасдиқловчи (фермер хўжалиги томонидан тасдиқланган) шартномалар ва ҳисоб-фактуралар нусхаси (бажарилган ишлар далолатномаси ва шу кабилар).

Шунингдек, Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом билан танишганлигимизни тасдиқлаймиз ҳамда тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгарликни ўз зиммамизга оламиз.


(Фермер хўжалиги бошлиғи)

(имзо)

(Ф.И.О.)

(сана)





Низомга

2-ИЛОВА



Фермер хўжалигини Кўп тармоқли фермер

хўжаликлари реестрига киритиш

СХЕМАСИ

  






Босқичлар


Субъеклар


Тадбирлар


Муддатлар































1-босқич


Фермер хўжалиги


  

1. Ушбу Низомда келтирилган рўйхатга мувофиқ Реестрга киритиш учун хужжатларни тайёрлайди.


Ариза берувчининг хоҳишига кўра




































2. Ҳужжатларни туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига бевосита ёхуд почта алоқаси воситалари орқали ёхуд туман кенгашининг электрон почтасига электрон шаклда тақдим этади.

   























































2-босқич


Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши


   

1 Ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилинган санасини кўрсатган ҳолда қабул қилади.


1. Ҳужжатлар қабул қилинган кунда.










2. Тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигини текширади.


2. Ҳужжатлар қабул қилинган кунда.



























3. Ариза берувчининг - фермер хўжалигининг ҳужжатларини Кенгашга юбориш учун тайёрлайди ёхуд кўриб чиқишни рад этади.


3. Ариза тушган кундан бошлаб икки иш кунидан ошмаган муддатда.













4. Материалларни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига юборади (олиб боради).

  


4. Ариза тушган кундан бошлаб икки иш кунидан ошмаган муддатда.





























3-босқич


Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши



1. Киритилган ҳужжатларни кўриб чиқади.


Материаллар Кенгашга тушган кундан бошлаб уч иш кунидан ошмаган муддатда.










2. Фермер хўжалигини Реестрга киритиш ёки киритишни рад қилиш  тўғрисида қарор қабул қилади.

   





























4-босқич


Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши


  

1. Фермер хўжалигига у Реестрга киритилганлиги тўғрисидаги қарорни ёки киритиш рад этилганлиги ҳақидаги билдиришномани юборади.


Қарор қабул қилингандан бошлаб уч иш кунидан ошмаган муддатда.
























2. Фермер хўжалигини Реестрга киритиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилиши натижасини Кенгашнинг расмий веб-сайтида эълон қилади.

  































  

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 30 ноябрь