язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Декабрь, 2018 й./ Таълим/ Мактабгача таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги Намунавий низом (АВ томонидан 03.12.2018 й. 3094-сон билан рўйхатга олинган Мактабгача таълим вазирининг 21.11.2018 й. 2-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 3 декабрда 3094-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

мактабгача таълим вазирининг

2018 йил 21 ноябрдаги

2-мҳ-сонли буйруғига

ИЛОВА



Мактабгача таълим муассасасининг

кузатув кенгаши ҳақидаги

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3955-сон "Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ мактабгача таълим муассасаси Кузатув кенгашининг (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) мақсади, вазифалари, ваколатлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат мактабгача таълим муассасаларига (бундан буён матнда муассаса деб юритилади) татбиқ этилади.

Мазкур Низом нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун тавсиявий хусусиятга эга.


2. Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди ва давлат рўйхатидан ўтказилмайди.

Кенгаш муассасани бошқаришда стратегик орган ҳисобланади.


3. Кенгашнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

муассасанинг устувор вазифаларини белгилаш;

мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлинмаси (бундан буён матнда ҳудудий бўлинма деб юритилади) томонидан тавсия этилган номзодлар таркибидан мактабгача таълим муассасаси раҳбарини сайлаш;

муассасанинг мақсадлари ва вазифаларини ҳамда уларга эришиш режаларини тасдиқлаш;

муассасада амалга оширилиши белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ва мақсадли кўрсаткичларга эришилиши устидан назорат олиб бориш.


4. Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, фармонлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек муассасанинг Устави ҳамда мазкур Низом асосида амалга оширади.



2-БОБ. КЕНГАШНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


5. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ҳудудий бўлинма томонидан тавсия этилган номзодлар таркибидан муассаса раҳбарини сайлаш, шунингдек уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритиш;

муассасани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;

муассаса фаолиятини такомиллаштириш, молиявий-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет ва бюджетдан ташқари ҳамда ҳомийлик маблағларидан фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида муассаса раҳбарининг ҳисоботларини тинглаш;

муассасанинг йиллик молиявий режаларини, кўрсатилаётган пуллик хизматлар нархининг миқдорларини ва муассаса мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи миқдорини, шу жумладан аукциондаги бошланғич нархни муассаса раҳбарининг иштирокида танишиб чиқиш ва таклифлар бериш;

муассаса раҳбари, педагог ва бошқа ходимларининг фаолияти бўйича ижтимоий сўровлар ўтказиш;

муассасада тарбияланувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни яхшилаш бўйича ота-оналар ва жамоатчилик ташкилотлари ва ҳомийлар билан ҳамкорлик қилишда амалий ёрдам кўрсатиш;

муассасани ривожлантиришга доир устувор йўналишларни белгилаш бўйича таълим муассасаси раҳбарининг дастур ва режалари юзасидан ҳудудий бўлинмага таклифлар киритиш;

муассасанинг ходимларини рағбатлантириш бўйича ҳудудий бўлинмага таклифлар бериш.

Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ТАРКИБИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


6. Муассасада болаларнинг сифатли таълим олишлари, уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда таълим-тарбия жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида муассаса раҳбарига кўмаклашиш учун ҳар бир муассасада Кенгаш ташкил этилади.


7. Кенгаш 11 кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат таркибда тузилади. Бунда, Кенгаш таркибига муассасанинг педагоглари орасидан 2 нафар, тарбиячи ёрдамчилари орасидан 2 нафар, муассаса маъмуриятидан 1 нафар, тегишли ҳудудий бўлинмадан 1 нафар, жамоат ташкилотлари ва ҳомийлар орасидан 2 нафар ҳамда ҳар бир гуруҳида тарбияланувчиларнинг ота-оналаридан камида 3 нафар, аъзо киритилади.

Кенгаш аъзоларининг сони чекланмайди.


8. Кузатув кенгаши ҳар бир гуруҳдаги тарбияланувчиларнинг ота-оналариёки уларнинг ўринини босувчи шахслар, педагоглар, тарбиячилар ёрдамчилари, мактабгача таълим муассасаси маъмурияти, ҳудудий бўлинма ходимлари орасидан шакллантирилади.


9. Кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этаётган аъзолар умумий сонининг оддий кўпчилик очиқ овоз бериши орқали Кенгаш раиси ва котиби сайланади. Бунда, Кенгаш раиси ва котиби Кенгаш аъзоси ҳисобланганота-оналар орасидан сайланади.


10. Кенгаш таркиби 3 йил муддатга сайланади. Бунда Кенгаш таркиби ҳар ўқув йили бошида кўриб чиқилиши мумкин.


11. Кенгаш аъзоларининг сайлашда муассасада тарбияланаётган болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (улардан бири) иштирок этиши мумкин.


12. Кенгаш аъзолари муассаса тарбияланувчилари ота-оналарининг умумий йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.


13. Кенгаш аъзоси этиб сайланган ота-оналарнинг фарзандлари муассасада тарбияланувчилар қаторидан чиқарилганда, кенгашнинг ушбу аъзоси кенгаш аъзолари қаторидан чиқарилади ва унинг ўрнига ота-оналар орасидан бошқа аъзо сайланади.


14. Муассаса маъмурияти ходимлари, педагоглар, тарбиячилар, тарбиячи ёрдамчилари Кенгашга яширин овоз бериш орқали сайланади ва муассаса педагогик кенгашининг қарори билан тасдиқланади.


15. Кенгаш аъзолигига ҳудудий бўлинма вакили тегишли туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлинмаси буйруғи билан тайинланади.


16. Муассасанинг раҳбари ёки унинг ўринбосарлари, шунингдек уларнинг яқин қариндошлари Кенгаш аъзолари сифатида сайланишига йўл қўйилмайди.


17. Кенгаш аъзоси Кенгашнинг йиғилишларида сурункали 3 марта узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, у Кенгаш аъзолари таркибидан чиқарилади.



4-БОБ. КЕНГАШ ЙИҒИЛИШЛАРИНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШ ВА ЎТКАЗИШ


18. Кенгашнинг биринчи йиғилиши муассаса раҳбари томонидан ташкиллаштирилади ва ўтказилади.


19. Кенгаш ҳар чоракда камида бир марта йиғилади.


20. Кенгаш йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади.


21. Кенгаш йиғилишида унинг умумий аъзоларидан 60 фоизи иштирок этганда Кенгаш қарор қабул қилиши мумкин.


22. Кенгаш ўз фаолиятини дахлсизлик, ошкоралик, шаффофлилик, адолатлилик тамойилларига мувофиқ амалга оширади.


23. Кенгаш қарорлари аъзоларнинг тенг ҳуқуқлилиги асосида оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


24. Кенгаш йиғилишларига Кенгаш раиси раислик қилади.


25. Кенгаш раиси ўз ваколатини вақтинча бажариш имконияти бўлмаган  ҳолларда (хизмат сафари, таътил ва касаллик даврида), унинг вазифасини бажариш Кенгаш аъзоларидан бирига вақтинча юклатилади. Бунда, муассаса ва ҳудудий бўлинма ходимларига юклатилиши мумкин эмас.


26. Кенгаш йиғилишида муассаса раҳбари ёки унинг ўринбосарлари кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин.


27. Кенгаш йиғилишлари мазкур Низом талабларига мувофиқ ташкиллаштириши ва ўтказилиши ҳамда ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ расмийлаштирилиши учун Кенгаш раиси масъул ҳисобланади.


28. Кенгаш йиғилиши ўтказилишидан камида 10 кун олдин йиғилиш ўтказиладиган кун, вақти, жойи ва муҳокама этиладиган масалалар ҳақида Кенгаш аъзолари хабардор қилиниши лозим. Кенгаш аъзоларини хабардор қилиш учун Кенгаш раиси масъул ҳисобланади.


29. Муассаса раҳбари Кенгаш йиғилишларини ўтказиш ва унинг ишини ташкил қилиш (ҳужжатларни расмийлаштириш ва сақлаш учун зарур бўлган хона, муассаса фаолияти билан боғлиқ маълумотлар ва канцелярия жиҳозлари) учун масъул ҳисобланади.


30. Кенгашнинг фаолияти бўйича маълумотларни ҳар чоракда муассасанинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида ёки муассасанинг барча кўриши мумкин бўлган жойига жойлаштириш тавсия этилади.


31. Кенгаш йиғилишлари ўтказилганлиги ҳақидаги баённомалар Кенгаш йиғилиши ўтказилган кундан бошлаб 3 кундан кўп бўлмаган муддатда ҳудудий бўлинмага тақдим этилиши лозим.



5-БОБ. КЕНГАШНИНГ ҲУҚУҚ

ВА ВАКОЛАТЛАРИ


32. Кенгаш ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

муассасанинг тегишли даврдаги фаолияти бўйича муассаса раҳбаридан маълумотлар сўраш ва олиш;

муассасанинг молиявий ҳисоботлари билан танишиш;

ҳомийлик ва хайрия маблағларининг кирим қилиниши ва сарфланиши ҳақидаги маълумотлар билан танишиш;

муассаса педагог ходимларининг шаъни, қадр-қиммати, обрўсини ҳимоя қилиш бўйича таклифлар киритиш.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


33. Кенгашнинг фаолиятига муассаса раҳбари, ҳудудий бўлинма, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотларнинг аралашувига йўл қўйилмайди.


34. Муассасада тарбияланувчилар ва уларнинг ота-оналаридан турли хил сабаблар билан муассаса раҳбари, Кенгаш аъзолари ва бошқа ходимлари томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.


35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


36. Кенгаш раиси, котиби ва аъзолари жамоатчилик асосида амалга оширадиган кузатув кенгашидаги фаолияти юзасидан интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.


37. Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 4 декабрь