ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Соғлиқни сақлаш соҳасида бошқарув ва назорат /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.12.2018 й. ПҚ-4055-сон "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.12.2018 й.

N ПҚ-4055



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5590-сон Фармонига мувофиқ:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) ва унинг ҳудудий органларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

аҳолига, шу жумладан, давлат томонидан кафолатланган ҳажмларда тўлиқ ва ўз вақтида тиббий хизматлар кўрсатишни таъминлашда Вазирликнинг органлари ва ташкилотлари роли ва масъулиятини оширишга йўналтирилган фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторнинг ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш;

демографик ўзгаришлар ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш истиқболларини прогнозлаш, аҳолининг саломатлиги ва касалланиши ҳолатини комплекс таҳлил қилиш;

жамоат соғлиғини сақлаш устуворлигини таъминлаш, аҳолини соғлом турмуш тарзини юритишга ундаш, энг аввало, ўз соғлиғи ва атрофидагиларнинг соғлиғи учун масъулият туйғусини тарбиялашда аҳолининг тиббий маданияти ва саводхонлигини ошириш;

миллатнинг генофондини яхшилаш мақсадида соғлом авлод туғилиши ва тарбияланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, оилада тиббий маданиятни, умрнинг сифати ва узоқ давом этишини ошириш, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш;

бевосита бирламчи тиббий-санитария ёрдами ташкилотларида қишлоқ аҳолисига кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳажмларини, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш, жумладан аҳоли ўртасида энг кўп тарқалган касалликларни эрта аниқлайдиган, уларнинг асоратлари олдини оладиган тизимга тўлиқ ўтиш, шунингдек, асосий, тез-тез учрайдиган касалликлар турлари бўйича туман бўғини даражасида ихтисослаштирилган хизматлар тизимини барпо этишда амалий ёрдам беришни ташкил этиш;

тиббий ёрдамни хизмат кўрсатилаётган аҳолига яқинлаштириш, ахборот технологияларини, телетиббиётни, даволашнинг клиник протоколларини кенг жорий этиш ҳамда етакчи хорижий ва маҳаллий мутахассисларнинг тажрибасини ҳудудий тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт ходимларига бериш ҳисобига аҳолига кўрсатилаётган бирламчи, тез, кечиктириб бўлмайдиган ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг қулайлиги ва тезкорлиги даражасини ошириш, шунингдек, ихтисослашган тиббиёт марказлари томонидан ҳудудларда кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини яхшилаш;

дори воситалари муомаласини давлат томонидан тартибга солиш чора-тадбирларини амалга ошириш, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллашга рухсат берилган асбоб-ускуналарни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш;

тиббий таълим муассасалари, олий ўқув юртидан кейинги таълим ва соғлиқни сақлаш мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш устидан услубий раҳбарликни таъминлаш орқали тиббий кадрлар тайёрлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

маҳаллий тажрибани ва энг яхши жаҳон ютуқларини уйғунлаштириш асосида тиббиёт фанини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва прогнозлаштириш, илмий тиббий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, фан, техника ютуқларини ва илғор тажрибани соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш, тиббий таълим ва кадрлар малакасини ошириш тизимини ривожлантириш;

соғлиқни сақлаш тизимида ягона ташкилий-методик раҳбарлик қилишни ва кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати назорат қилинишини таъминлайдиган замонавий, хорижий амалиётда синаб кўрилган соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш усулларини жорий этиш, шунингдек, тиббиётни рақамлаштириш орқали соҳадаги ортиқча қоғозбозликни кескин камайтириш ва коррупцияга оид ҳолатларнинг олдини олиш;

бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаш ва талон-тарож қилиш ҳолатларининг олдини олиш, огоҳлантириш ва аниқлаш.

2. Соғлиқни сақлашда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширишни таъминлаш мақсадида белгилансинки:


а) Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири қуйидагиларга шахсан масъулдир:

фуқароларнинг соғлиғини сақлаш соҳасида ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш, касалликларни профилактика, диагностика қилиш ва даволаш бўйича замонавий ёндашувларни, стандартларни ва нормативларни, шунингдек, бошқа тадбирларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва аҳолининг тиббий маданиятини ошириш;

тиббий ташкилотлар менежменти кўникмасига ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган, ҳар томонлама ривожланган мутахассисларни жалб қилишга қаратилган бошқарув кадрларини тайёрлаш, танлаб олиш ва жой-жойига қўйишнинг мутлақо янги тизимини яратиш;

Вазирлик ва ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органларининг ишини самарали ташкил этиш, тиббиёт ташкилотларини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш, уларнинг фаолияти очиқлигини ва аҳоли билан тўғридан-тўғри манзилли мулоқот ўрнатишини таъминлаш, фуқароларнинг тиббий хизмат кўрсатиш сифатидан қаноатланганлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимини татбиқ этиш;

тиббий таълим ва тиббиёт фанини ривожлантириш, инновация ва "электрон соғлиқни сақлаш" тизимини татбиқ этиш, мажбурий тиббий суғурта дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, тиббий туризм ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;

аҳоли ва тиббиёт ташкилотлари эҳтиёжларини тўлиқ қоплаш мақсадида ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатини шакллантириш ва ўз вақтида янгилаш;


б) ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органлари раҳбарлари қуйидагиларга шахсан масъулдир:

тиббиёт ташкилотларининг ҳудудий тармоқлари фаолиятини самарали ташкил этиш, бирламчи тиббий-санитария, ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдамнинг сифати ва оммабоплиги, идоравий бўйсунувидаги ҳудудда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш;

соғлиқни сақлаш соҳасида ривожланиш ҳудудий дастурларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, тиббиёт ташкилотларини ва аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш, тиббий ва махсус техниканинг самарали ишлаши ва ўз вақтида янгиланиши;

тиббий ёрдамни босқичма-босқич ва изчиллик принципи асосида уларнинг оқимларини оқилона ва асосли маршрутлаш йўли билан беморларни турли даражадаги (турдаги) тиббиёт ташкилотларига йўналтиришнинг холис тизимини ташкил этиш;

соғлиқни сақлаш соҳасида фуқаролар ҳуқуқига риоя қилиш назоратини таъминлаш, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларига сифат менежменти тизимини татбиқ этиш;

соғлиқни сақлаш муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича зарур тадбирларни амалга ошириш;


в) туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари қуйидагиларга шахсан масъулдир:

оила саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, касалликлар профилактикаси, диспансеризация, патронаж ва уйма-уй юриш бўйича тадбирларни самарали амалга ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва фуқароларнинг ўз соғлиғига масъуллигини ошириш;

тиббий хизмат изчиллигини ва бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг туман (шаҳар) ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари билан яқиндан ўзаро алоқасини таъминлаш;

давлат томонидан кафолатланган ҳажмларда аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, пуллик тиббий хизматни амалга ошириш, соғлиқни сақлаш харажатларини молиялаштириш учун ўз манбаларини шакллантириш;

соғлиқни сақлаш ва фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида тадбирларнинг манзиллилиги ва натижадорлигини ошириш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат ташкилотлари билан фаол ҳамкорлик қилиш;

тасарруфидаги ташкилотлардаги бино ва иншоотлар, ускуналар, тиббий техника ва бошқа моддий қийматликларни сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш.


3. Вазирликнинг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

а) Хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш марказини, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш бўлимларини;

"Ўзмединфо" электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш марказини тугатиш;

б) Вазирлик тузилмасида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ҳамда "IT-Med" масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш.

4. Белгилансинки:

б) қуйидагилар мазкур қарорнинг 3-бандига мувофиқ тугатилаётган ташкилотларнинг ҳуқуқий ворислари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги - Хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш маркази ҳамда "Ўзмединфо" электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича;

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси - Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг тегишлича хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш бўлимлари ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича.


5. Вазирлик икки ой муддатда янги ташкил этилаётган бўлинмаларни назарий билимлар ва амалий кўникмаларга эга, топширилган вазифаларни профессионал даражада таъминлайдиган юқори малакали мутахассислар билан тўлдирсин.


6. Қуйидагилар:


а) Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бошқармасининг асосий вазифалари этиб:

вазирлик ва унинг ҳудудий органлари таркибий бўлинмалари билан биргаликда соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида инфратузилма лойиҳаларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

тиббиёт ташкилотларининг мол-мулкини, шу жумладан ер участкаларини муомалага киритиш бўйича таклифларни тайёрлаш, давлат-хусусий шериклик асосида инвестицияларни жалб этиш.

б) "IT-Med" масъулияти чекланган жамиятининг асосий вазифалари этиб:

ахборот тизимлари, ресурслар ва соғлиқни сақлаш миллий маълумотлар базаларини яратиш, ривожлантириш ва кузатиб бориш бўйича ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

корпоратив тармоқларни яратиш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, Вазирликнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

Вазирликнинг ахборот хавфсизлиги таҳдидларини ўз вақтида аниқлаш ва унга қарши курашиш, ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини назорат қилиш ва мониторингини олиб бориш, ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини муҳофаза қилиш бўйича техник инфратузилмани татбиқ этиш ва ривожлантириш;

"электрон соғлиқни сақлаш" норматив ва норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш, интеграциялашган ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш ва кузатиб бориш;

тиббиёт ташкилотларида ахборот тизимлари, илғор ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва кузатиб боришга кўмаклашиш;

вазирликнинг ахборот тизимлари, ресурс ва маълумотлар базасини ривожлантириш, уларнинг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;

вазирлик ходимларининг ахборот тизимлари, ресурслар ва маълумотлар базасидан фойдаланиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгилансин.

9. Вазирликнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари бўйича жаҳон амалиётида қўлланиладиган воситалардан фойдаланган ҳолда соғлиқни сақлаш ҳисобларининг миллий тизимини татбиқ этиш бўйича таклифига розилик берилсин.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 октябрга қадар муддатда соғлиқни сақлаш ҳисобларининг миллий тизимини институтлаштириш ва тиббий хизмат кўрсатишда фойдаланилган хизматлар ва харажатлар ҳақидаги маълумотларни идоралараро тўплаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмасига асосан 2019 йил давомида "Саломатлик - 3" лойиҳаси маблағлари ҳисобидан уй-жой хўжалиги доирасида аҳолининг тиббий харажатлари бўйича ўрганишлар ўтказсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А.А. Абдуҳакимов) уч ой муддатда тиббий ёрдам ва тиббий-ижтимоий хизмат сифатини назорат қилишни кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида, шу жумладан, алоҳида давлат органини ташкил этиш масаласини кўриб чиққан ҳолда кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таклифлар киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг розилигисиз давлат соғлиқни сақлаш муассасаларининг ер участкалари ва кўчмас мулклари бегоналаштирилиши тақиқлансин, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида белгиланган бошқа тартиблар бундан мустасно.

12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Вазирликнинг Тошкент шаҳар, А.Навоий кўчаси, 12-уйда жойлашган биносини реконструкция қилишни Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилдаги ривожлантириш Давлат дастурига киритсин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Вазирлик ходимларини унинг биноси реконструкция қилиниши даврида вақтинча жойлаштириш учун бино ажратилиши бўйича чоралар кўрсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 июндаги "Соғлиқни сақлаш органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3052-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


14. Вазирлик Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б. М. Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш. Мирзиёев


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 8 декабрь


"Халқ сўзи", 2018 йил 8 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 10 декабрь, 49-сон, 936-модда
























































Время: 0.1528
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск