Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига ўқишга кирувчи номзодларнинг дастлабки танлаш тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 05.12.2018 й. 3096-сон билан рўйхатга олинган 30.10.2018 й. Миллий гвардиянинг 16-сон, Мудофаа вазирлигининг 30-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 5 декабрда 3096-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Миллий гвардияси ва

Мудофаа вазирлигининг

2018 йил 30 октябрдаги

16 ва 30-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

Ҳарбий-техник   институтига   ўқишга   кирувчи

номзодларнинг дастлабки танлаш тадбирларини

ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 141-сон "Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига (бундан буён матнда Институт деб юритилади) ўқишга кирувчи номзодларнинг дастлабки танлаш тадбирларини ўтказиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Институтга ўқишга кириш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 14 январдаги ПҚ-257-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талабларга жавоб бериши зарур.


2. Институтга ўқишга киришни хоҳлаган номзодлар ва уларнинг ота-оналари Ҳарбий хизматчиларни олий ҳарбий таълим муассасалари ва сержантларни тайёрлаш мактабларида ўқитишга сарфланган бюджет маблағларини давлатга ундириш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2024, 2009 йил 27 октябрь) асосан мудофаа ишлари бўйича бўлимлари ҳамда ҳарбий қисмлар (муассасалар) томонидан моддий масъуллиги тўғрисида мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда ёзма равишда огоҳлантирилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан ҳар йилнинг 1 декабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига келгуси йил учун Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтига қабул қилинувчи номзодлар сони тўғрисида маълумот тақдим қилинади.


4. Мудофаа вазирлиги томонидан Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтига номзодларни дастлабки танлаш учун топшириқ мудофаа ишлари бошқармаларига тақсимланади.


5. Институтга ўқишга киришни хоҳлаган фуқаролар ўзларининг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўйича бўлимларга мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза билан, ҳарбий хизматчилар ўз хизмат ўташ жойига мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги билдирги билан мурожаат қилади. "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейлари ва Миллий гвардия Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи битирувчилари орасидан Институтга ўқишга кириш учун номзодларнинг шахсий йиғма жилдлари улар жойлашган ҳудуддаги мудофаа ишлари бўйича бўлимлари томонидан расмийлаштирилади. Қабул қилинган аризалар (билдиргилар) асосида мудофаа ишлари бўйича бўлимлар ва ҳарбий қисмлар (муассасалар) томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Ўқишга кириш учун аризалар (билдиргилар) қабул йилининг1 февралидан 1 апрелига қадар қабул қилинади.


6. Институтга ўқишга киришни хоҳлаган номзодлар томонидан мудофаа ишлари бўйича бўлимларга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ариза (билдирги);

паспорт нусхаси;

туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси;

чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси;

таржимаи ҳол (қўлда ёки компьютерда ёзилган);

номзод тўғрисидаги маълумотлар анкетаси;

ўқиш, иш, хизмат ўташ жойидан тавсифнома (агар ўқиётган, ишлаётган, хизматни ўтаётган бўлса);

ота-онасининг иш жойидан маълумотнома (агар ишлаётган бўлса);

маълумоти тўғрисидаги (умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар) ҳужжатлар ҳамда рейтинг дафтарчаси (баҳолар табели) нусхаси;

олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (ҳужжатларни топшириш вақтида асли кўрсатилади);

яқин қариндошлар орасида вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлими ҳақида гувоҳноманинг нусхаси;

3 х 4 см ўлчамдаги 6 та рангли фотосурат (бош кийимсиз ва бурчаксиз) ҳамда 4,5 х 6 см ўлчамдаги 4 та рангли фотосурат (бош кийимсиз);

номзоднинг яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар органидан судланмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома (контракт бўйича ҳарбий хизматчилар мазкур маълумотномани тақдим қилиши талаб этилмайди).

Номзодлар томонидан ҳужжатларни тақдим этишда номзоднинг паспорти, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси, чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёхуд чақирилувчининг ҳарбий гувоҳномасининг асли кўрсатилади.


7. Институтга ўқишга киришни хоҳлаган ҳарбий хизматчилар томонидан ўз хизмат ўташ жойига мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган ҳужжатлар билан бирга қўшимча равишда Институтга ўқишга киришга тавсия этувчи ҳужжатлар (муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга - ҳарбий бўлинманинг умумий йиғилиши баённомасидан кўчирма, контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга эса - ҳарбий қисмнинг аттестация комиссияси йиғилиш баённомасидан кўчирма) тақдим этилади.



2-БОБ. ДАСТЛАБКИ ТАНЛАШ ТАДБИРЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ


8. Дастлабки танлаш давомида қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:

ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;

якка тартибдаги суҳбат;

индивидуал-психологик ўрганиш;

умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

тиббий кўрик.


9. Дастлабки танлаш тадбирлари икки босқичда ўтказилади.

Биринчи босқич фуқаро учун - яшаш жойидаги туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимларида, "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейлари ва Миллий гвардия Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи битирувчилари учун - улар жойлашган ҳудуддаги туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимларида, ҳарбий хизматчилар учун - ўз хизмат ўташ жойида қабул йилининг 1 февралидан 31 мартига қадар амалга оширилади.

Биринчи босқичда қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:

ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;

якка тартибдаги суҳбат;

бирламчи тиббий кўрик.

Иккинчи босқич фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар учун мудофаа ишлари бўйича бошқармаларда қабул йилининг 1 апрелидан 31 майига қадар амалга оширилади.

Иккинчи босқичда қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:

индивидуал-психологик ўрганиш;

умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

такрорий тиббий кўрик.


10. Дастлабки танлаш тадбирларида иштирок этадиган номзодларнинг сони чекланмайди.


11. Номзодларнинг ҳужжатларини тўплаш ва ўрганиш ишлари дастлабки танлаш тадбирларининг биринчи босқичи якунлангунга қадар (31 мартга қадар) амалга оширилади.


12. Тегишли шакл бўйича рухсатномани келишиш учун зарур бўлган материаллар белгиланган тартибда (10 апрелга қадар) расмийлаштирилади.


13. Якка тартибдаги суҳбат фуқаро билан - туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимлар бошлиқлари томонидан, ҳарбий хизматчилар билан - ҳарбий қисмлар (муассасалар), бўлинмаларнинг командирлари (бошлиқлари) томонидан ўтказилади. Бунда якка тартибдаги суҳбат номзод ариза (билдирги) билан мурожаат қилган кундан бошлаб 10 кун ичида ўтказилади. Якка тартибдаги суҳбат натижаси бўйича мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда якка тартибдаги суҳбат варақаси тўлдирилади.


14. Номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ-4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

15. Номзодларни бирламчи тиббий кўрикдан ўтказиш мудофаа ишлари бўйича туман (шаҳар) бўлимлари ҳузуридаги тиббий комиссиялар томонидан амалга оширилади ва 1 февралдан 31 мартга қадар давом этади.


16. Ҳарбий хизматчиларни бирламчи тиббий кўрикдан ўтказиш ҳарбий тиббий муассасаларнинг ҳарбий врачлик комиссиялари томонидан амалга оширилади.


17. Номзодларни такрорий тиббий кўрикдан ўтказиш мудофаа ишлари бўйича бошқармалар ҳузуридаги тиббий комиссиялар томонидан амалга оширилади ва 1 апрелдан 20 майга қадар давом этади, ҳарбий хизматчилар бундан мустасно.


18. Соғлиғининг ҳолатига кўра Институтда ўқишга яроқсиз деб ҳисобланган ва тиббий комиссиянинг ушбу хулосасидан норози бўлган номзодлар назорат тиббий кўрикдан вилоятлар муқобил тиббий комиссияларида 1 майдан 31 майга қадар ўтишлари мумкин.


19. Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича соғлиғига кўра номзоднинг Институтда ўқишга яроқлилиги тўғрисида хулоса чиқарилади. Мазкур хулоса номзоднинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдига қўшиб қўйилади.


20. Соғлиғининг ҳолатига кўра Институтда ўқишга яроқсиз деб ҳисобланган номзодлар кейинги тадбирларига қўйилмайди.


21. Номзодлар билан индивидуал-психологик ўрганиш тадбирлари қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида мудофаа ишлари бўйича бошқармаларда қабул комиссияси таркибига киритилган мутахассис-психологлар томонидан уларни психологик тест синовидан ўтказиш йўли билан мазкур Низомнинг 5-иловасида келтирилган методикага мувофиқ 1 апрелдан 20 майга қадар ўтказилади.


22. Психологик тест синови натижалари бўйича қуйидаги хулосалардан бири чиқарилади:

дастлабки танлашнинг кейинги тадбирида иштирок этишга тавсия этилади;

дастлабки танлашнинг кейинги тадбирида иштирок этишга тавсия этилмайди.

Психологик тест синови натижалари бўйича дастлабки танлашнинг кейинги тадбирида иштирок этишга тавсия этилмаган номзодлар дастлабки танлашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.


23. Номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлиги даражасини баҳолаш қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида мудофаа ишлари бўйича бошқармалар бошлиқлари белгилаган жойларда қабул комиссияси таркибига киритилган мутахассислар томонидан мазкур Низомнинг 6-иловасига мувофиқ методика асосида 1 апрелдан 20 майга қадар ўтказилади.


24. Умумжисмоний тайёргарлик даражаси бўйича белгиланган талабларга жавоб бермаган номзодлар дастлабки танлашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.


25. Дастлабки танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилди тўлиқ расмийлаштирилгандан сўнг тегишли мудофаа ишлари бўйича бошқармалар ва ҳарбий қисмлар (муассасалар) томонидан 20 июнга қадар Институтга юборилади.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


26. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига ўқишга кирувчи номзодларнинг дастлабки танлаш тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга






Низомга

1-ИЛОВА





га



(бошлиқнинг Ф.И.О.)




да



(номзоднинг яшаш манзили)




яшовчи


дан




(номзоднинг Ф.И.О.)




Моддий масъуллик тўғрисида

ОГОҲЛАНТИРИШ


Мен, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига ўқишга киришга номзод, _________________

(Ф.И.О.)


ушбу таълим муассасасига ўқишга қабул қилинсам ва ўқишни тамомлагандан сўнг мен билан тузиладиган шартнома талабларини бажармаганлигим сабабли, захирага бўшатилсам, шартномани муддатидан илгари бекор қилсам ёки содир этган жиноятим учун озодликдан маҳрум этилсам моддий масъуллигим тўғрисида огоҳлантирилдим.

(имзо)

(Ф.И.О.)

20___ йил "____" _____________



Биз, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига ўқишга кирадиган номзоднинг ота-онаси


(Ф.И.О.)

фарзандимиз

(Ф.И.О.)

ушбу таълим муассасасига ўқишга қабул қилинса ва ўқишни тамомлагандан сўнг у билан тузиладиган шартнома талабларини бажармаганлиги сабабли, захирага бўшатилса, шартномани муддатидан илгари бекор қилса ёки содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этилса моддий масъуллигимиз тўғрисида огоҳлантирилдик.

(имзо)

(Ф.И.О.)

(имзо)

(Ф.И.О.)

20___ йил "____" _____________






Низомга

2-ИЛОВА





га



(бошлиқнинг Ф.И.О.)




да



(номзоднинг яшаш манзили)




яшовчи


дан




(номзоднинг Ф.И.О.)




АРИЗА


Мени, ўз хоҳишимга кўра Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига ўқишга кириш учун номзодлар рўйхатига киритишингизни сўрайман.

Тест синовларини

тилида

алифбосида

(ўзбек, қорақалпоқ, рус)


(кирилл, лотин)


топшираман.

Чет тили бўйича тест синовларини (имтиҳонни)

тилида

(ўзбек, қорақалпоқ, рус)


топшираман.

Танловда

мутахассислиги бўйича

(танлаган мутахассисликнинг номланиши)

иштирок этаман.


Ҳарбий хизмат заруратига кўра лозим топилган жойда хизмат қилишга тайёрман. Ҳарбий хизмат бўйича менга маълум бўлган давлат, ҳарбий ва хизматга оид маълумотларни сир сақлашга ваъда бераман.

(имзо)

(Ф.И.О.)

20___ йил "____" _____________






Низомга

3-ИЛОВА



га

(командирнинг (бошлиқнинг) ҳарбий унвони ва Ф.И.О.)


БИЛДИРГИ


Мен

,


(ҳарбий хизматчининг ҳарбий унвони, Ф.И.О., лавозими, туғилган йили, санаси ва жойи, ҳарбий хизматга чақирилган йили ва санаси)

Сиздан ўз хоҳишимга кўра мени Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига ўқишга кириш учун номзод сифатида юқори қўмондонликка тавсия этишингизни сўрайман.

Тест синовларини

тилида

алифбосида

(ўзбек, қорақалпоқ, рус)


(кирилл, лотин)


топшираман.

Чет тили бўйича тест синовларини (имтиҳонни) _________________ тилида топшираман.


Ҳужжатларимни расмийлаштиришга рухсат беришингизни сўрайман.

Тест синовларини

тилида топшираман.

(ўзбек, қорақалпоқ, рус)

Танловда

мутахассислиги бўйича

(танлаган мутахассисликнинг номланиши)

иштирок  этаман.


Ҳарбий хизмат заруратига кўра лозим топилган жойда хизмат қилишга тайёрман. Ҳарбий хизмат бўйича менга маълум бўлган давлат, ҳарбий ва хизматга оид маълумотларни сир сақлашга ваъда бераман.

(имзо)

(лавозими, ҳарбий унвони ва Ф.И.О.)

20___ йил "____" _____________






Низомга

4-ИЛОВА



Якка тартибдаги суҳбат

ВАРАҚАСИ


Номзоднинг Ф.И.О.:

Номзоднинг оилавий аҳволи:

Номзоднинг ота-онаси, яқин қариндошларининг ҳарбий хизматга муносабати:

Офицер касбини танлашининг сабаблари ва асослари:

Номзоднинг таълим муассасасидаги ўзлаштириш даражаси:

Номзоднинг хорижий тилни эгаллаганлик даражаси:

Номзод ҳақидаги қўшимча маълумотлар:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига ўқишга қабул қилиш тартиби батафсил тушунтирилди.


(якка тартибдаги суҳбат ўтказган шахснинг ҳарбий унвони, лавозими ва Ф.И.О.)


(имзо)


20___ йил "____" _____________





Низомга

5-ИЛОВА



Индивидуал-психологик ўрганиш

МЕТОДИКАСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Индивидуал-психологик ўрганиш номзодларни мазкур Методикада белгиланган тартибда психологик тест синовидан ўтказиш орқали амалга оширилади.


2. Психологик тестлар, уларнинг жавоблари, баҳолаш мезонлари ва жавоблар бланклари олий ҳарбий таълим муассасалардаги ўқишнинг ўзига хослиги ҳисобга олинган ҳолда қоида тариқасида, ҳар уч йилда бир маротаба Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ижтимоий-психологик тадқиқотлар маркази томонидан қайта ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда ҳар йили психологик тест синовлари бошлангунга қадар индивидуал-психологик ўрганиш бўйича кичик комиссия раисига юборилади.


3. Психологик тестлар, уларнинг жавоблари, баҳолаш мезонлари ва жавоблар бланклари индивидуал-психологик ўрганиш бўйича кичик комиссия раисида сақланади ва у тестлар ва жавобларининг ошкор бўлиб кетмаслиги учун масъул ҳисобланади.


4. Дастлаб номзодлар индивидуал-психологик ўрганиш бўйича кичик комиссия таркибига киритилган мутахассислар томонидан индивидуал-психологик ўрганишни ўтказиш тартиби, шунингдек ҳар бир вазифа бўйича тайёрланган тестларни ечганлик учун назарда тутилган баҳолаш мезонлари билан таништирилади ҳамда уларга тегишли йўл-йўриқлар берилади.



2-БОБ. ИНДИВИДУАЛ-ПСИХОЛОГИК

ЎРГАНИШНИ ЎТКАЗИШ


5. Индивидуал-психологик ўрганиш якка тартибда ёки гуруҳ бўлиб ўтказилиши мумкин.


6. Индивидуал-психологик ўрганиш гуруҳ бўлиб ўтказилганда, хонада номзодлар 40 нафардан ортиқ бўлмаслиги зарур.


7. Индивидуал-психологик ўрганиш давомида номзодларга бир нечта вазифа бўйича психологик тестлар берилади.


8. Психологик тестлар номзодларнинг қуйидаги индивидуал-психологик хусусиятларини аниқлашга йўналтирилади:

ақл заковати, умумий интеллектуал салоҳияти ва хотираси;

мантиқий фикрлаши, зийраклиги, тафаккур шаклларининг ривожланганлик даражаси, фикрлаш тезлиги ва таҳлил қилиш қобилиятлари;

шахсига хос индивидуал хусусиятлари, киришимлилиги, психик турғунлиги, самимийлиги;

касбни танлашининг мақсади ва мақсадининг барқарорлиги.


9. Психологик тест бошлангунга қадар номзоднинг соғлиғи суриштирилади. Ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилган номзодлар ўрганишга қўйилмайди. Бундай ҳолатда далолатнома тузилади ва унга кейинги индивидуал-психологик ўрганишдан ўтиш учун қайта рухсат берилади.


10. Жавоблар варақасининг тўғри тўлдирилиши учун номзод шахсан жавобгар ҳисобланади.


11. Психологик тест синовлари ўтказиладиган хонага микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари олиб кириш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.


12. Психологик тест ўтказиш вақтида ўрганиш ўтказаётган шахслар номзодларни узлуксиз равишда кузатиб туради.


13. Барча топшириқлар бажариб бўлингандан сўнг, номзодлар жавоблар бланкаларини ўрганиш ўтказаётган мутахассислардан бирига топширади. Ўрганиш ўтказган мутахассислар жавоблар бланкларини қабул қилишда уларнинг тўғри тўлдирилганлигига эътибор бериши зарур.


14. Вазифаларнинг барчасини муваффақиятли топширган номзод олий ҳарбий таълим муассасасига кириш учун тавсия этилади ҳамда унга дастлабки танлашнинг кейинги тадбирларида иштирок этиш учун рухсат берилади.


15. Вазифаларни муваффақиятли топшира олмаган номзоднинг такрорий тест синовларидан ўтишига йўл қўйилмайди.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


16. Индивидуал-психологик ўрганиш синовларини топширган номзодларга қайднома расмийлаштирилади.


17. Мазкур қайдномада номзодлар томонидан тўпланган баллар ва индивидуал-психологик ўрганиш бўйича хулоса акс эттирилади.


18. Қайднома индивидуал-психологик ўрганиш бўйича кичик комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.


19. Индивидуал-психологик ўрганиш натижаларидан норози бўлган номзод, унга нисбатан берилган хулосани асослантирувчи маълумот билан танишиш ҳуқуқига эга.






Низомга

6-ИЛОВА



Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш

МЕТОДИКАСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлиги даражаси уларнинг мазкур Методикада назарда тутилган тегишли машқларни бажаришини текшириш орқали баҳоланади.


2. Номзодларга дастлаб машқларни бажаришга қўйиладиган талаблар ва мезонлар ҳамда машқларни бажариш тартиби номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини баҳолаш бўйича кичик комиссияси таркибига киритилган мутахассислар томонидан тушунтирилади.


3. Номзодлар умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тадбирларига:

фуқаролар спорт кийимида;

ҳарбий хизматчилар ҳарбий кийимда келишлари лозим.


4. Номзодлар қуйидаги машқларни бажаради:

турникда тортилиш;

100 метрга югуриш;

3000 метрга югуриш.


5. Машқлар оралиғида номзодларга дам олиш учун камида 10 дақиқа вақт берилади.


6. Белгиланган машқларни узрсиз сабабларга кўра топширмаган ёхуд топширишдан бош тортган номзодлар қониқарсиз баҳоланади.



2-БОБ. МАШҚЛАРНИ БАЖАРИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР ВА МЕЗОНЛАР


7. Турникда тортилиш машқини бажаришда:

бош бармоқ поя ичкарисидан ушланади, тана бироз ростланади, тизза бўғими тўғирланади, оёқ учлари чўзилади, товонлар бирлаштирилади;

ияк турник поясидан ўтгунга қадар қўллар букилади;

ҳаракат тўлиқ амалга оширилиши билан дастлабки ҳолатга қайтилади (осилиш ҳолати 1-2 сония давом этади).

Ушбу машқни бажаришда оёқларни кериш, танани ҳаракатсиз ҳолатда эгиш ҳамда оёқлар билан силтанма ҳаракатлар қилиш тақиқланади.

Жуфт тутилган оёқларни 45° гача букишга рухсат берилади.


8. Номзодларнинг турникда тортилиш машқи тўрт босқичли тизимда қуйидагича баҳоланади:


а) фуқаролар учун:

12 маротаба ва ундан кўп тортилганда - "аъло";

10-11 маротаба тортилганда - "яхши";

8-9 маротаба тортилганда - "қониқарли";

1-7 маротаба ёхуд умуман тортила олмаганда - "қониқарсиз" деб баҳоланади.


б) ҳарбий хизматчилар учун:

14 маротаба ва ундан кўп тортилганда - "аъло";

12-13 маротаба тортилганда - "яхши";

10-11 маротаба тортилганда - "қониқарли";

1-9 маротаба тортилганда ёхуд умуман тортила олмаганда - "қониқарсиз" деб баҳоланади.


9. 100 метрга югуриш машқи:

юқори ёки қуйи стартдан амалга оширилади;

стадионнинг югуриш йўлакчаси ёки қаттиқ қопламли текис жойларда ўтказилади.


10. Номзодларнинг 100 метрга югуриш машқи тўрт босқичли тизимда қуйидагича баҳоланади:


а) фуқаролар учун:

14,0 сония ичида бажарган тақдирда - "аъло";

14,1-14,4 сонияда бажарган тақдирда - "яхши";

14,5-15,0 сонияда бажарган тақдирда - "қониқарли";

15,1 сонияда ва ундан кўп вақтда бажарган тақдирда - "қониқарсиз" деб баҳоланади.


б) ҳарбий хизматчилар учун:

14,0 сония ичида бажарган тақдирда - "аъло";

14,1-14,4 сонияда бажарган тақдирда - "яхши";

14,5-15,2 сонияда бажарган тақдирда - "қониқарли";

15,3 сонияда ва ундан кўп вақтда бажарган тақдирда - "қониқарсиз" деб баҳоланади.


11. 3000 метрга югуриш машқлари стадионнинг югуриш йўлакчалари ёки текис жойларда, умумий ёки алоҳида старт берилган ҳолда ўтказилади. Старт ва марра чизиқлари бир жойда белгиланиши мумкин.


12. Номзодларнинг 3000 метрга югуриш машқи тўрт босқичли тизимда қуйидагича баҳоланади:


а) фуқаролар учун:

12,40 дақиқа ичида бажарган тақдирда - "аъло";

12,40 дақиқадан кўп, бироқ 13,20 дақиқагача бажарган тақдирда - "яхши";

13,20 дақиқадан кўп, бироқ 14,0 дақиқагача бажарган тақдирда - "қониқарли";

14,0 дақиқадан кўп вақтда бажарган тақдирда - "қониқарсиз" деб баҳоланади.


б) ҳарбий хизматчилар учун:

12,40 дақиқа ичида бажарган тақдирда - "аъло";

12,40 дақиқадан кўп, бироқ 13,0 дақиқагача бажарган тақдирда - "яхши";

13,0 дақиқадан кўп, бироқ 13,35 дақиқагача бажарган тақдирда - "қониқарли";

13,35 дақиқадан кўп вақтда бажарган тақдирда - "қониқарсиз" деб баҳоланади.

13. Номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашда камида битта "қониқарсиз" баҳо олган бўлса, умумжисмоний тайёргарлик синовларидан "ўтмаган" деб ҳисобланади.


14. Умумжисмоний тайёргарлик синовларидан ўтмаган номзодларга машқларни такрорий бажаришга рухсат берилмайди.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


15. Умумжисмоний тайёргарлик синовларини топширган номзодларга қайднома расмийлаштирилади.


16. Мазкур қайдномада номзодлар томонидан бажарилган машқлар ва улар учун қўйилган баҳолар кўрсатилади.


17. Қайднома номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини баҳолаш бўйича кичик комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 6 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 10 декабрь, 49-сон, 944-модда








































Время: 0.2130
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск