язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик/ Ер ости бойликларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни бошқариш/ Фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун кон ажратмаси бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.12.2018 й. 983-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 4 декабрдаги

983-сон қарорига

2-ИЛОВА



Фойдали қазилмаларни қазиб олиш

билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун

кон ажратмаси бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотлари, шу жумладан, нефть, газ ҳамда бошқа моддалар ва материалларни ер остида сақлаш, иншоотлар қуриш ва улардан фойдаланиш, зарарли моддалар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини кўмиш, оқова сувларни (коммунал-маиший мақсаддагидан ташқари) чиқариб юбориш учун кон ажратмалари беришнинг ягона тартибини белгилайди.


2. Лицензияга мувофиқ ва ер ости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияда кўрсатилган мақсадларда фойдаланишга берилган майдони ва чуқурлигига кўра чекланган ер қаърининг геометриклаштирилган участкаси кон ажратмаси деб аталади.


3. Фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш учун кон ажратмаси (кейинги ўринларда кон ажратмаси деб аталади) фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун фойдаланувчиларга бериладиган ер қаърининг фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан бевосита тегишли ёки тегишли бўлмаган бир қисмини назарда тутилади.

Кон ажратмаси лицензияга мувофиқ ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланган ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича кон ажратиш далолатномаси асосида берилади.


4. Ушбу Низом мулкчилик шаклларидан қатъи назар фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотларини лойиҳалаштирувчи, қурувчи, фойдаланувчи ва реконструкция қилувчи барча ер қаъридан фойдаланувчилар учун бажарилиши шарт ҳисобланади.


5. Кон ажратмалари олинган лицензияларга мувофиқ фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотлари қуришни амалга ошириш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган корхоналарга ушбу қорхоналарда махсус лойиҳалар ва кон-техника хизматлари мавжуд бўлган тақдирда берилиши мумкин.


6. Ишланган кон иншооти ёки ер қаърининг бир қисмидан фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш ёхуд конларда объектларни жойлаштириш учун фойдаланишни мўлжаллаётган қазилма бойликларни қазиб олиш бўйича ер қаъридан фойдаланувчи кўрсатиб ўтилган ишлар бошлангунга қадар унга олдин берилган фойдали қазилма конига ишлов беришга кон ажратмаси бор ёки йўқлигидан қатъи назар ушбу Низомга мувофиқ кон ажратмасини расмийлаштириши шарт.


7. Фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш учун кон ажратмаси, шу жумладан, фойдали қазилмаларни қазувчи тугатилган, консервация қилинган ёки ишлаб турган корхоналарнинг ишланган конларида ҳам, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) томонидан берилади.

Ер ости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш ёки фойдали қазилмаларни қазиб олувчи ишлаб турган корхонанинг ишлов берилган конларидаги объектларга жойлаштириш учун кон ажратмасини беришга фойдали қазилмаларни қазувчи корхона ихтиёрида бўлган ер қаъридан фойдаланувчининг розилиги билан йўл қўйилади.


8. Зарарли моддаларни ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини кўмиш, оқова сувларни чиқариб юбориш учун кон ажратмаси беришга фақат истисно ҳолларда ҳамда ҳар бир аниқ ҳолатда махсус талаблар ва шартларга риоя қилинган тақдирда йўл қўйилади. Ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот ташкилотининг зарарли моддаларни, ишлаб чиқариш чиқиндилари ва оқова сувларни зарарсизлантириш ва фойдали суратда ишлатишнинг техник имконияти йўқлиги, шунингдек, зарарли моддалар, ишлаб чиқариш чиқиндиларини кўмиш ёки оқова сувларни чиқариб ташлаш мўлжалланаётган горизонтларнинг аралашиб кетувчи жинслари ва қатлам сувлари билан бирга қўшилиши ҳақидаги хулосаси мавжудлиги мана шундай шартлардан бири ҳисобланади.


9. Фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган янгидан қурилаётган ер ости иншоотлари учун, шунингдеқ, мавжуд кон ажратмасига ер қаърининг бир қисмини кесиш (қўшиш) зарурлигини келтириб чиқарувчи бундай иншоотларни реконструкция қилиш учун кон ажратмаси лойиҳа ҳужжатлари тасдиқлангандан кейин бир ой муддатда кўрсатиб ўтилган иншоотлар қурилиши (реконструкция қилиниши) бошланишидан олдин расмийлаштирилиши керак.


10. Мавжуд кон ажратмасига нисбатан ер қаърининг бир қисмини кесиш (қўшиш) ушбу Низом билан белгиланган тартибда янги кон ажратмаси сифатида расмийлаштирилади.


11. Ер ости иншооти қўрилиши фойдали қазилмалар қатлами мавжуд бўлган майдонда ёки илгари кон иншоотлари билан ишланган жинс қатламида бошланган тақдирда, уни сўровчи корхона ёки ташкилот кон ажратмаси расмийлаштирилгунга қадар фойдали қазилмалар жойлашган майдонда иморат қуриш учун белгиланган тартибда рухсатнома олиши зарур.


12. Фойдали қазилмалар қазиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотларини лицензия олмасдан ва кон ажратмаси далолатномасисиз қуриш ва улардан фойдаланиш, тенг равишда унинг ташқарисида ҳам, ер ости бойликларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланади ва ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланмасдан белгиланган тартибда тўхтатилади.


13. Ер қаъридан фойдаланувчининг унга берилган кон ажратмасини бошқа юридик ва жисмоний шахсларга бериши тақиқланади, ер ости иншоотининг тегишлилиги ўзгарган тақдирда кон ажратмаси ушбу Низомда белгиланган тартибда янги сифатида қайта расмийлаштирилиши керак.

Корхонанинг номи ўзгарган тақдирда фақат кон ажратмаси далолатномаси ва топография режаси нусхасидаги ёзувлар қайта расмийлаштирилади.


14. Фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда ер ости иншоотлари қуриш майдонларини танлаш комиссия томонидан амалга оширилади. Комиссиянинг таркиби ва иш тартиби Қурилиш меъёрлари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан тасдиқланган тегишли низомлар билан белгиланади.


15. Фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда ер ости иншооти ва объектлар қурилиши учун ер участкаси бериш тўғрисидаги илтимоснома ҳамда унинг ажратилиши Ўзбекистон Республикасининг ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда корхона (буюртмачи) томонидан берилади.


16. Фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда ер ости иншоотлари ва объектлари қурилиши (реконструкция қилиниши) бўйича ишларни маблағ билан таъминлашга қон ажратмасини тасдиқловчи лицензия ва далолатнома, шунингдек, давлат экология экспертизасининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади ва улар олиб қўйилиши билан тўхтатилади.



2-БОБ. КОН АЖРАТМАЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


17. Кон ажратмаси фақат ер қаърининг, геологик тузилишнинг, кон-техника ва гидрогеология шароитларининг зарур даражада синчиклаб ўрганилган қисмигагина берилади, ундан фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланиш эса шу яқин орадаги фойдали қазилма конларини қазишни қийинлаштирмайди ҳамда кон ишланмаларига, ер юзаси ва сув объектларига нефть, газ ва бошқа моддалар ва материалларнинг улар сақланишида суқулиб киришини, ер ости бойликларига ташланадиган оқова сувлар, ер қаърига кўмилган зарарли моддалар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини истисно этади.


18. Кон ажратмаси чегаралари тоғ жинсларининг силжиши ва қулаши зоналарини, шунингдек, ушбу иншоотларнинг нормал ишлаб туришини таъминловчи сақловчи ва тўсувчи қисмларни (целикларни) ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилаётган ер ости иншоотининг техник чегаралари билан белгиланади.

Зарарли моддаларни, радиоактив чиқиндилар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини кўмишда, оқова сувларни чиқариб ташлашда кон ажратмаси контури уларни қатъий белгиланган чегараларда локализация қилиш таъминланиши мумкин бўлган ер қаъри қисми билан белгиланади.

Газни ер остида сақлаш учун тақдим этилган кон ажратмаси чегаралари бундай сақлаш жойи қурилиши учун лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ буғ қатламлари билан тугалланадиган газнинг энг кўп ҳажмда тарқалиши контурлари билан, пъезометрик қудуқлар мавжуд бўлган тақдирда эса - ушбу қудуқларни қамраб олувчи контурлар билан белгиланади. Газни ер остида сақлаш омборлари қурилиши учун улар жойлашган бир майдонга тўғриланган бир ёки бир неча буғ қатламларидан, шунингдек, ишланган нефть, газ еки сувли қатламлардан (горизонтлардан) фойдаланиш мумкин.

Нефть, газ ҳамда бошқа моддалар ва материалларни ер остида сақлаш учун тақдим этилган кон ажратмаси чегараларини белгилаш, зарарли моддалар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини кўмиш, оқова сувларни чиқариб юбориш аҳоли яшаш жойлари, халқ хўжалиги объектлари, табиий объектлар ва бошқа объектлар учун белгиланган санитария зоналарини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак.


19. Фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича ишлаб турган корхоналарнинг кон қазилмаларида, шунингдек, фойдали қазилма конлар яқинидаги ер қаъри участкаларида ер ости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш учун кон ажратмаси бериш учун фойдаланилаётган иншоотлар ва ишланаётган конларнинг ўзаро зарарли таъсири истисно этилган ҳолларда йўл қўйилади.


20. Кон ажратмаси муддатсиз ёки муддатли фойдаланишга берилади.

Ер қаъридан муддатли фойдаланишда кон ажратмаси лицензияда кўрсатилган муддатга, газни ер остида сақлаш ва нефтни ер остида сақлаш учун 8 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади. Зарурат бўлганда кон ажратмасининг амал қилиш муддати узайтирилиши мумкин. Кон ажратмасининг амал қилиш муддати узайтирилганда фақат кон ажратмаси далолатномаси ва топография режаларидаги ёзувлар қайта расмийлаштирилади.


21. Корхоналар, бинолар, иншоотлар, аҳоли яшаш пунктлари, маҳаллий ва давлат аҳамиятига эга бўлган шаҳарсозлик фаолияти объектлари, алоҳида қўриқланадиган ҳудудлар (курортлар, ўрмонзорлар, қўриқхоналар, сув таъминоти манбалари), дарёлар, сув ҳавзалари, тарих, маданият ва санъат ёдгорликлари, қимматли қишлоқ хўжалиги экин майдонлари, чегара полосалари, аэродромлар, махсус вазифаларга мўлжалланган полигонлар, ўзгага бериш полосалари, мустаҳкамланган районлар, қабристонлар ва бошқа объектлар жойлашган ҳудудлар қаъридан кон ажратмалари учун манфаатдор маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Давлат экология қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кон ишлари учун берилган ҳудудда ер участкаларидан доимий ва вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар билан келишилгандан кейин амалга оширилади.



3-БОБ. КОН АЖРАТМАСИ ЛОЙИҲАСИНИНГ МАЗМУНИ


22. Ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланиш учун қон ажратмаси лойиҳаси қуйидаги бўлимлардан иборат бўлиши керак:

тушунтириш хати;

кон ажратмасининғ уч ўлчамли чегараларини ва ўлчамлари ҳисоб-китобини асослаш;

сўралаётган кон ажратмаси чегараларида юза топографик режаси, геология хариталари ва кесимлари нусхалари.

Тушунтириш хатида қуйидагиларни кўрсатиш зарур:

кон ажратмаси сўрашдан мақсад, унинг маъмурий жойлашган ўрни, ер ости иншоотини лойиҳалаштирган ва кон ажратмаси лойиҳасини тайёрлаган ташкилотнинг номи;

сўралаётган кон ажратмаси устидаги ҳудуд тўғрисидаги, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон ер майдонлари, дарёлар, кўллар ва бошқа сув объектлари, аҳоли пунктлари ва саноат объектлари алоҳида иморатлар ва иншоотлар, шунингдек, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ер қайси тоифага киритилганлиги тўғрисидаги умумий маълумотлар;

кон ажратмаси доирасида, шунингдек, унга туташиб кетган зоналарда ер қаъри участкасининг қисқача геологик тавсифи, шунингдек, ушбу участканинг геологик тузилиши, кон-техника ва гидрогеологик шароитлар ҳамда уларнинг ўрганилганлиги даражаси акс эттирилиши керак;

унинг учун кон ажратмаси сўралаётган ер ости иншооти қурилиши мўлжалланаётган жойдаги фойдали қазилмалар конлари, шунингдек, фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъридан фойдаланиш учун берилган аралаш кон ажратмаси тўғрисидаги маълумотлар.


23. Агар кон ажратмаси тугатилган, консервация қилинган ёхуд фойдали қазилмаларни қазиш бўйича ишлаб турган корхонанинг ишланган конлари учун сўралаётган ҳолларда қўшимча равишда:

ушбу корхона тўғрисидаги қисқача маълумот, шу жумладан, кон юзасини очиш ва қазиш тизими схемаси, кон ишланмалари ва фойдаланилиши керак бўлган бурғулаш қудуқларининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар;

кон ажратмасини олиш зарурлигини асослаш;

ер ости иншоотидан фойдаланишда бажарилиши керак бўлган асосий талаблар баён қилинади.


24. Кон ажратмаси чегаралари ва ўлчамлари ҳисоб-китобини асослаш, кон ажратмасига киритиладиган ер ости маконининг ҳажми ҳам белгиланган ҳолда ҳам майдон бўйича, ҳам вертикал белгилар бўйича амалга оширилиши керак.

Зарур бўлганда кон ажратмаси чегаралари тузилмали хариталар ва вертикал кесимларда ҳам кўрсатилиши лозим.


25. Юзанинг топография режаси геология хариталари ва кесимлари нусхалари уларни тузиш бўйича амалдаги йўриқномалар талабларига жавоб бериши керак.

Топография режасининг нусхасида таянч геодезия тармоғи пунктлари, ўрмонзорлар ва қишлоқ хўжалиги экинлари, аҳоли пунктлари, кон қазилмалари, сув объектлари, йўллар, юза ва ер ости коммуникациялари, табиат, тарих ва маданият ёдгорликлари, алоҳида иморатлар ва иншоотлар контурлари, уларнинг неча қават эканлиги, кон қазилмалари ва бурғулаш қудуқларининг оғзи, фойдали қазилмалар конлари ва аралаш кон ажратмалари жойлашган чегаралар ҳамда лойиҳадаги ажратма чегаралари кўрсатилиши керак.


26. Нефть, газ ҳамда бошқа моддалар ва материалларни ер остида сақлаш зарарли моддалар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини кўмиш, оқова сувларни чиқариб ташлаш учун кон ажратмаси лойиҳаларида, шунингдек, кўрсатилган мақсадларда фойдаланиш мўлжалланаётган горизонтнинг устқи қатлами ва этаги бўйича таркибий хариталар ҳам бўлиши керак.


27. Варақнинг бўш қисмида режа тўлдирилган сана, горизонтал яссиликда кон ажратмаси проекцияси майдони (минг кв. м), график жиҳатдан режа ва кесимлар билан белгиланадиган сўралаётган кон ажратмаси бурчак нуқталари ёки ўзига хос нуқталарининг Х, У, Z координатлари катталиги кўрсатилади.

Варақнинг юқори ўнг томонида кон ажратмаси берилганлигини тасдиқловчи ёзув учун жой қолдирилади.


28. Топография режаси нусхаси масштаби фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланаётган ер қаъри участкасининг ўлчамига боғлиқ равишда танланади ва у 1:5000 масштабдан кам бўлмаслиги керак. Анча катта майдонга ва узунликка эга бўлган ер ости иншоотлари учун 1:5000 масштабдан 1:25000 масштабгача режалардан фойдаланишга рухсат берилади.


29. Фойдали қазилмалар қазиб олиш бўйича тугатилган, консервация қилинган ёки ишлаб турган корхоналарнинг ишлатилган кон қазилмаларидан фойдаланиш учун кон ажратмаси лойиҳаларига ушбу корхоналар кон қазилмалари режалари қўшимча равишда киритилади ва уларда фойдаланиш мўлжалланаётган кон қазилмалари кўрсатилади.


30. Кон ажратмаси муддатсиз фойдаланиш учун расмийлаштирилганда топография режасининг икки нусхаси синтетик плёнкаларда ёки узок вақт сақлаш учун яроқли бўлган бошқа материалларда тайёрланиши керак.

Кон ажратмасини 10 йилгача бўлган муддатга расмийлаштиришда топография режаси нусхаси қоғозда тайёрланиши мумкин.

Кон ажратмаси чегаралари тушириладиган таркибий хариталар ва вертикал кесимлар нусхаларига ҳам шундай талаблар қўйилади.


31. Кон ажратмаси лойиҳасига қуйидагилар илова қилиниши керак:

ердан фойдаланувчининг кон ажратмаси беришга розилигини тасдиқловчи ҳужжат;

манфаатдор корхона ёки ташкилотнинг фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншооти барпо этилиши зарурлиги ва мумкинлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитасининг маҳаллий органи билан келишилган қарори;

корхона ёки идоранинг ишланган кон иншооти ёки ер қаъри участкаларидан фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан келишилган қарори;

ҳудудий геология ташкилотининг кон ажратиш лойиҳаси бўйича хулосаси унда геологик тузилиш, кон-техника ва гидрогеология шароитлари ўрганилганлиги даражаси акс эттирилади;

юқори турувчи ташкилотнинг (бўйсунувига кўра) кон ажратмаси бериш тўғрисидаги илтимосномаси;

илмий-тадқиқот ташкилотларининг кон ишланмаларининг лойиҳада назарда тутилган мақсадларда фойдаланиш учун яроқлилиги тўғрисидаги хулосаси;

илмий-тадқиқот ташкилотларининг зарарли моддалар, ишлаб чиқариш чиқиндилари ёки оқова сувларни зарарсизлантириш ва фойдали суратда ишлатишнинг техник жиҳатдан имкони йўқлиги ҳақидаги, шунингдек, зарарли моддалар, ишлаб чиқариш чиқиндилари ёки оқова сувларнинг уларни кўмиш ёки чиқариб ташлаш мўлжалланаётган аралашиб кетадиган жинслар ва горизонтларнинг қатлам сувлари билан бирга қўшилиб кетиши тўғрисидаги хулосаси;

юритишида фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича ишлаб турган ёхуд консервация қилинган корхона бўлган ер қаъридан фойдаланувчининг кон қазилмаларидан фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланиш учун бошқа ер қаъридан фойдалувчига беришга розилиги;

санитария назорати органининг хулосаси.

Газ, нефть, бошқа моддалар ва материалларни ер остида сақлаш, зарарли моддалар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини қўмиш, оқова сувларни чиқариб ташлаш учун иншоотлар қурилиши мўлжалланаётганда кон ажратмаси лойихаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитасининг хулосаси илова қилиниши керак.

Инспекция кон ажратмаси тақдим этиш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан, электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.


32. Кон ажратмалари лойиҳалари ва уларга иловалар тегишли ташкилотлар ва корхоналарнинг раҳбарлари томонидан имзоланади.



4-БОБ. КОН АЖРАТМАСИ БЕРИШ ТАРТИБИ


33. Лицензия олган корхона Инспекцияга буюртманома юборади. Буюртманомада корхонанинг номи, унинг қайси идорага бўйсуниши ва манзили, сўралаётган кон ажратмасининг жойлашган жойи ва у нима мақсадда сўралаётганлиги қўрсатилади, шунингдек, фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотлари қурилиши учун экспертиза ўтказилганлиги ва лойиҳа тасдиқланганлиги тўғрисидаги маълумотлар келтирилади.


34. Буюртманомага ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланадиган корхонанинг раҳбари ёки юқори турувчи ташкилот (бўйсунишига кўра) раҳбари имзо чекади.

Буюртманомага иловалар билан биргаликда икки нусхада кон ажратмаси лойиҳаси илова қилинади.

Фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда кон ажратмаси ушбу Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ берилади.


35. Инспекция кон ажратмаси лойиҳасини кўриб чиқади ва буюртманома олинган санадан бошлаб 10 кундан кечиктирмай у бўйича қарор чиқаради.

Зарурат бўлганда кон ажратмаси лойиҳалари кон ажратмасини олишдан манфаатдор корхонанинғ вакили иштирокида кўриб чиқилиши мумкин.


36. Инспекция кон ажратмаси бериш тўғрисидаги масалани ҳал этиш чоғида қуйидагиларни кўриб чиқади ва текширади:

ер ости бойликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом талабларини ҳисобга олган ҳолда топография режасига ёзувлар тўғри ёзилганлиги ва сўралаётган кон ажратмаси чегараларининг асосланганлиги;

кон ажратмаси лойихаси мазмунининг ушбу Низом талабларига мувофиқлиги, лойиҳага илова қилиниши керак бўлган ҳужжатларнинг мавжудлиги;

кон ажратмаси сўралаётган ер ости иншоотининг лойиҳаси унинг берилаётган ер қаъри участкасидан комплекс фойдаланиш билан боғлиқ масалалар бўйича, шунингдек, ишловчиларнинг ва аҳолининг саломатлиги ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, атроф табиий муҳитни, бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни кон ишларининг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалалар бўйича лойиҳа ечимларининг тўлиқлиги ва асосланганлигига оид кисми.


37. Инспекциянинг кон ажратмаси бериш масаласи тўғрисидаги карори манфаатдор ташкилотларга маълум қилинади.

Инспекциянинг қароридан норози бўлинган такдирда ушбу қарор устидан қонун ҳужжатиларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


38. Кон ажратмаси кон ажратмаси ажратилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланадиган далолатнома билан расмийлаштирилади, шунингдек, ушбу Низомга 1 ва 3-иловаларга мувофиқ шакллар бўйича топография режаси нусхасининг юкори ўнг бурчаги ёзув билан расмийлаштирилади.


39. Кон ажратмасини тасдиқловчи далолатнома икки нусхада тузилади. Инспекция раҳбарининг имзоси гербли муҳр билан тасдиқланади.

Кон ажратмаси берилганлигини тасдиқловчи далолатномалар фақат босмахона усулида тайёрланган ва ўчириб-ёзишларсиз тўлдирилган бланкаларда расмийлаштирилади.


40. Кон ажратмасини тасдиқловчи далолатноманинг ва кон ажратмасининг расмийлаштирилган лойиҳаси биринчи нусхалари корхонага берилади, ушбу ҳужжатларнинг иккинчи нусхалари Инспекцияда сақланади.


41. Инспекция томонидан берилган кон ажратмаларини ҳисобга олиш ушбу Низомга 4-иловада мувофиқ шакл бўйича Фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда кон ажратмасини ҳисобга олиш дафтарида (реестр) амалга оширилади.



5-БОБ. КОН АЖРАТМАСИНИ ОЛГАН

КОРХОНАНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


42. Фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда ер қаъридан фойдаланиш учун кон ажратмаси берилган корхона қуйидагиларга мажбурдир:

ер қаъридан фақат улар берилган мақсадларда фойдаланиш;

кон ажратмаси ва унга туташиб кетган зоналар доирасида ер қаъри участкасининг геологик тузилиши, кон-техника, гидрогеологик ва бошқа шароитлар тўлиқ ўрганилишини таъминлаш;

ер ости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш жараёнида кон ишларининг маркшейдер таъминланишини ташкил этиш, шунингдек, геологик ва маркшейдер ҳужжатларини тузиш;

тоғ жинслари силжиши мавжуд ер усти иншоотлари ва объектлари, эҳтимол тутилган деформация зонасида жойлашган қурилаётган ва фойдаланилаётган ер ости иншоотлари деформациясини кузатишни ташкил этиш;

ер ости иншоотлари курилиши ёки реконструкция қилиниши чоғида қўшимча равишда қазиб олинадиган, вақтинча фойдаланилмайдиган қазилма бойликларни сақлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш;

кон қазилмаларининг ҳолати, кон ажратмаси билан белгиланган кўмилган зарарли моддалар ва ишлаб чиқариш чиқиндилари, шунингдек, чиқариб ташланган оқова сувларнинг зарарсизлантирилиши чегараларининг сақланишини мунтазам кузатишни ва назорат қилишни ташкил этиш;

ишловчилар ва аҳолининг соғлиги ва ҳаёти хавфсизлигини, ер қаърини ва атроф табиий муҳитнинг бошқа объектларини, бинолар ва иншоотларни кон ишларининг зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни таъминлаш;

Инспекциянинг рухсатисиз кон ажратмаси ҳудуди устида бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар кўрилишига йўл қўймаслик;

қўриқхоналар, табиат, тарих ва маданият ёдгорликларининг ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишларнинг зарарли таъсиридан сақланишини таъминлаш;

ер қаъридан фойдаланиш чоғида бузилган ер участкаларининг хавфсиз ҳолатга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтирилишини таъминлаш;

ер ости газ омборхоналаридан фойдаланиш чоғида ҳайдалаётган газнинг кон ажратмасидан ташқарига ҳаракат қилишига йўл қўймаслик;

ер ости газ омборхоналари ва қудуқларининг герметиклигини назорат қилишга оид тадбирларни мунтазам равишда бир йилда камида бир марта амалга ошириш;

ногерметик қудуқлардан фойдаланишга, шунингдек, газнинг бошқа горизонтларга оқишига ҳамда унинг ер юзасига оқиб чиқишига йўл қўймаслик.



6-БОБ. ЕР ҚАЪРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ

ТЎХТАТИШНИНГ АСОСЛАРИ ВА ТАРТИБИ


43. Ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлик бўлмаган мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда тўхтатилиши, тўхтатилиб турилиши ёки чеклаб қўйилиши мумкин.


44. Ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлик бўлмаган мақсадларда фойдаланиш қоидалари ва меъёрлари ер қаъридан фойдланувчи томонидан бузилганда, Инспекция кон ажратмасини тасдиқловчи далолатномани бекор қилади ва Давлат геология қўмитасига лицензияни бекор қилиш ташаббуси билан чиқади.


45. Ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлик бўлмаган мақсадлар учун фойдаланувчи корхона консервация килинганда ёки тугатилганида кон ажратмаси далолатномаси корхонани консервация қилиш ёки тугатиш тўғрисидаги далолатнома расмийлаштирилганидан кейин 30 кун муддатда Инспекцияга қайтарилади.



7-БОБ. УШБУ НИЗОМ ТАЛАБЛАРИ ҚАНДАЙ

БАЖАРИЛАЁТГАНЛИГИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


46. Ушбу Низом билан белгиланган кон ажратмасини расмийлаштириш, уни ўз вақтида олиш ва унинг сақланиши тартибига риоя қилиш учун жавобгарлик ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун фойдаланувчи корхона раҳбарлари зиммасига юкланади, корхонани лойиҳалаштиришда эса - лойиҳа бош муҳандисига ва лойиҳалаштириш ташкилоти раҳбарига юкланади.

Ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун фойдаланувчи корхоналарнинг раҳбарлари ва мансабдор шахслари кон ажратмасини тасдиқловчи далолатномада баён қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши учун ҳам жавоб берадилар.

Ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланишда айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


47. Ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлик бўлмаган мақсадларда фойдаланувчиларда кон ажратмаси берилганлигини тасдиқловчи далолатномаларнинг мавжудлиги, кон ажратмаси ҳужжатлари тўлиқ ва тўғрилигини назорат қилиш, шунингдек, кон ажратмаси доирасида ер ости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш чоғида ер ости бойликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш ўз ваколатиларига мувофиқ Инспекция ва Давлат экология қўмитаси томонидан амалга оширади.


48. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун хужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ ГЕРБИ

Ўзбекистон Республикаси

Давлат геология ва минерал

ресурслар қўмитаси ҳузуридаги

Кон-геология фаолиятини назорат

қилиш инспекцияси

Инспекция по контролю за

горно-геологической деятельностью

при Государственном комитете

Республики Узбекистан по геологии

и минеральным ресурсам

КОН АЖРАТИШ ДАЛОЛАТНОМАСИ N _____


20____ йил "____" __________


Тошкент шаҳри


Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси

            

га

(ташкилот ёки корхонанинг тўлиқ номи ва унинг мансублиги)


мақсадларида фойдаланиш учун

(кон ажратмаси берилганлигининг мақсади)


режада бурчак (ўзига хос) нуқталар билан



шунингдек, таркибий хариталар

(нуқталар рақами)


ва вертикал кесимларда



(хариталар ва кесимлар раками)

белгиланган чегараларда кон ажратмаси берди, режада белгиланган кон ажратмаси проекциясининг майдони ва ер ости кенглигининг ҳажми ___________


ни

(минг кв. м, минг куб м - ёзувбилан)


ташкил этади.

Кон ажратмаси



(қишлоқ, туман, вилоят, республика номи)


да жойлашган.

Кон ажратмасининг амал қилиш муддати


Ушбу далолатнома икки нусхада тузилди, _____________ тартиб рақами билан Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси реестрига киритилди.

Корхона кўрсатиб ўтилган мақсадларда ер қаъридан фойдаланиш учун кон ажратмасида қуйидагиларни бажаришга мажбурдир:

ер ости иншоотлари қурилиши, шунингдек, ер қаъридан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар бошланишидан бир ой олдин бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясини хабардор қилиш;

ер қаъридан факат улар берилган мақсадларда фойдаланиш;

кон ажратмаси ва унга туташиб кетган зоналар доирасида ер қаъри участкасининг геологик тузилиши, кон-техника, гидрогеологик ва бошқа шароитларнинг тўлиқ ўрганилишини таъминлаш;

ер ости ишноотлари қурилиши ва улардан фойдаланиш жараёнида кон ишларининг маркшейдер таъминланишини, шунингдек, геологик ва маркшейдер ҳужжатлари тузилишини ташкил этиш;

тоғ жинслари силжиши, мавжуд ер усти иншоотлари ва объектлари, эҳтимол тутилган деформация зонасида жойлашган қурилаётган ва фойдаланилаётган ер ости иншоотлари деформациясини кузатишни ташкил этиш;

ер ости иншоотлари қуриш ёки уларни реконструкция қилиш чоғида қўшимча равишда қазиб олинадиган, вақтинча фойдаланилмайдиган фойдали қазилмаларни сақлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш;

кон қазилмаларининг холати, кон ажратмаси билан белгиланган кўмилган зарарли моддалар ва ишлаб чиқариш чиқиндилари, шунингдек, чиқариб ташланган оқова сувларнинг зарарсизлантирилиши чегараларининг сақлаб қолинишини доимий кузатиш ва назорат қилишни ташкил этиш;

ходимлар ва аҳоли соғлиги ва хаёти хавфсизлигини, ер қаърини ва атроф табиий муҳитнинг бошқа объектларини, бинолар ва иншоотларни кон ишларининг зарарли таъсиридан мухофаза қилишни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг рухсатисиз кон ажратмаси устидаги ҳудудга бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар курилишига йўл қўймаслик;

қўриқхоналар, табиат, тарих ва маданият ёдгорликларининг ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ ишларнинг зарарли таъсиридан сақланишини таъминлаш;

ер қаъридан фойдаланиш чоғида бузилган ер участкаларининг хавфсиз ҳолатга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтирилишини таъминлаш;

ер ости газ омборхоналаридан фойдаланиш чоғида ҳайдалаётган газнинг кон ажратмасидан ташқарига ҳаракат қилишига йўл қўймаслик;

ер ости газ омборхоналари ва қудуқларнинг герметиклигини назорат қилишга оид тадбирларни мунтазам равишда, бир йилда камида бир марта амалга ошириш;

ногерметик қудуқлардан фойдаланишга, шунингдек, газнинг бошқа горизонтларга оқишига ҳамда унинг ер юзасига оқиб чиқишига йўл қўймаслик.

Агар ер қаъридан фойдаланувчи унга кон ажратмаси берилгандан кейин бир йил давомида ер қаъри участкасидан у тақдим этилган мақсадларда фойдаланишга киришмаса кон ажратмаси далолатномаси ўз кучини йўқотади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясига қайтарилиши керак.

Корхона консервация килинганда ёки тугатилганда ер қаъри участкасидан фойдаланиш бўйича ишлар тўхтатилган кунда тўлдирилган геология ва маркшейдер ҳужжатларининг асл нусхалари 10 кун муддатда юқори турувчи ташкилотга топширилиши, маркшейдер рекалари, геология хариталари ва усти очиқ конлар нусхалари эса мана шу муддатда манфаатдор корхоналарга, ташкилотларга, шу жумладан, консервация қилинаётган ёки тугатилаётган корхонанинг ер қаъридан фойдаланувчи қўшни корхоналарга берилиши керак.

Кон ажратмаси далолатномаси кон-геологик ва маркшейдер ҳужжатларининг нусхалари олинганлиги тўғрисида ташкилотларнинг тилхатлари нусхалари билан биргаликда корхона консервация қилиниши ёки тугатилиши ҳақидаги далолатнома расмийлаштирилгандан сунг 15 кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясига топширилади.

Фойдали қазилмаларни қазиб олувчи корхона раҳбарлари ва мансабдор шахслари юқоридаги талабларни бажармаган ҳолда қонун хужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Муҳр ўрни



20__й. "___" __________

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология

ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги

Кон-геология фаолиятини назорат қилиш

инспекцияси бошлиғи

_______________________________________

(имзо, исми ва отасининг исми, фамилияси)

     





Низомга

2-ИЛОВА



Фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ

бўлмаган мақсадлар учун кон ажратмалари бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари




1-босқич


Ариза берувчи


Лицензия олган корхона Инспекцияга буюртманома юборади. Буюртманомада корхонанинг номи, унинг қайси идорага бўйсуниши ва манзили, сўралаётган кон ажратмаси жойлашган жой ва у нима мақсад учун сўралаётганлиги қўрсатилади, шунингдек, фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотлари қўрилиши учун экспертиза ўтказилганлиги ва лойиҳа тасдиқланганлиги тўғрисидаги маълумотлар келтирилади.


Имконият доирасида





Инспекция


      

Инспекция кон ажратмаси бериш тўғрисидаги масалани ҳал этиш чоғида қуйидагиларни кўриб чиқади ва текширади:

- ер ости бойликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом талаблари ҳисобга олинган ҳолда топография режасига ёзувлар тўғри ёзилганлиги ва сўралаётган кон ажратмаси чегараларининг асосланганлиги;

- кон ажратмаси лойихаси мазмунининг ушбу Низом талабларига мувофиқлиги, лойиҳага илова қилиниши керак бўлган ҳужжатларнинг мавжудлиги;

- кон ажратмаси сўралаётган ер ости иншоотининг лойиҳаси, унинг берилаётган ер қаъри участкасидан комплекс фойдаланиш билан боғлиқ масалалар бўйича, шунингдек, ишловчиларнинг ва аҳолининг соғлиги ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, атроф табиий муҳитни, бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни кон ишларининг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалалар бўйича лойиҳа ечимларининг тўлиқлиги ва асосланганлигига оид кисми.

      


10 кун




2-босқич


Инспекция


Кон ажратмасини тасдиқловчи далолатнома икки нусхада тузилади. Инспекция раҳбарининг кон ажратиш далолатномаси ва топография режаси бурчакли штампидаги имзоси гербли муҳр билан тасдиқланади.

Кон ажратмаси берилганлигини тасдиқловчи далолатномалар босмахона усулида тайёрланган ва ўчириб-ёзишларсиз қўлда тушда тўлдирилган бланкаларда берилишига йўл кўйилади.


3 кун





Инспекция



Кон ажратмаси берилганлигини тасдиқловчи далолатнома ва кон ажратмасининг расмийлаштирилган лойиҳаси биринчи нусхалари корхонага берилади, ушбу ҳужжатларнинг иккинчи нусхалари Инспекцияда сақланади.


1 кун





Ариза берувчи


Инспекция томонидан берилган кон ажратмаларини ҳисобга олиш дафтарига имзо қўяди ва кон ажратиш далолатномасини олади.


1 кун





Инспекция


Кон ажратмаси берилганлигини тасдиқловчи далотномани расмийлаштиради ва беради.


1 кун

      





Низомга

3-ИЛОВА



Топографик режа нусхасидаги ёзув

НАМУНАСИ


20___ йил "___" ___________ да Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси томонидан

    


га

(ер қаъридан фойдаланувчининг номи ва унинг қайси идорага бўйсуниши)


        

(кон ажратмаси нима мақсадда берилганлиги)

мақсадларида ер қаъридан фойдаланиш учун кон ажратмаси берилди.

Берилган кон ажратмаси



(кон ажратмасининг маъмурий ҳолати, манзили)

    

да ушбу режада



(нуқталарнинг рақами)

нуқталари билан белгиланган чегараларда жойлашган, бунда қуйидагилардан фойдаланилиши керак:

         

(объектлар саналади, уларнинг ер юзасига чиқувчи проекцияси майдони,

        

кон ажратмасининг юқори ва қуйи чегаралари чуқурлиги)

Кон ажратмаси далолатномаси 20___йил "___" ____________ да ________ тартиб рақами билан Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси реестрига киритилди.

Муҳр ўрни



20__йил "___" __________

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология

ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги

Кон-геология фаолиятини назорат қилиш

инспекцияси бошлиғи

_______________________________________

(имзо, исми ва отасининг исми, фамилияси)

     





Низомга

4-ИЛОВА



Фойдали қазилмалар конларини қазиб олиш билан

боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун кон ажратмаларини

ҲИСОБГА ОЛИШ ДАФТАРИ (РЕЕСТР)

Реестр

рақами


Кон

ажратиш

далолатно-

масининг

тартиб

рақами ва

берилган

вақти


Кон

(қатлам)-

нинг номи


Кон

ажратмаси

жойлашган

жой (қишлоқ,

туман, вилоят,

республика)


Кон

ажрат-

маси олган

ташкилот

ёки корхо-

нанинг

номи ва

манзили


Тизимига

корхона

кирадиган

вазирлик

(идора)


Қазиб

олишга

берилган

фойдали

қазилма-

нинг

номи


Кон

ажрат-

масига

тўғри

кела-

диган

майдон

(га)


Корхонани

тугатиш ёки

консервация

қилиш, кон

ажратмаси

ҳажмларини

ўзгартириш

ва уни олиб

қўйиш тўғри-

сидаги

қайдлар


Изоҳ


1

2


3

4

5

6

7

8

9

10














































        

Изоҳ: Дафтар рақам қўйиб чиқилган, ип ўтказиб боғланган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат геологиява минерал ресурсларқўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 декабрь