ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 28.11.2018 й. ПҚ-4038-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 28 ноябрдаги

ПҚ-4038-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида миллий

маданиятни янада ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Миллий маданиятни ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб юритилади) мамлакатимизда миллий маданият ва санъатни янада ривожлантиришнинг мақсади, вазифалари, тамойиллари, шунингдек устувор йўналишларини белгилайди. Соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда мазкур Концепция ғояларига эътибор қаратилади.


2. Мазкур Концепцияда миллий маданият ва санъатни янада ривожлантиришга мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг узвий ва ажралмас қисми сифатида қаралади, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси талаблари асосида ҳамда миллий ва жаҳондаги илғор тажрибалар, мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда амалга оширилади.


3. Мамлакатнинг тарихий ривожланиш жараёнида маданият ва санъат халқимизнинг маънавий бойлигини сақлаб, тўплаб авлодларга етказиб келгани, халқимизда бирдамлик, ватанпарварлик ва миллий ғурур ҳиссини тарбиялаганини эътироф этган ҳолда, маданиятнинг устуворлигига урғу бериш, жамият ҳаёти сифатининг янада юқори даражасини таъминлаш, унда фуқароларнинг ҳамжиҳат бўлишига эришиш, маънавиятли, масъулиятли, мустақил фикрловчи ижодкор шахсни шакллантириш Концепциянинг асосий мазмунини ташкил этади.



2-БОБ. МИЛЛИЙ МАДАНИЯТНИ ЯНАДА

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДИ ВА ТАМОЙИЛЛАРИ


4. Маданий ва ижтимоий соҳани такомиллаштириш орқали баркамол шахсни шакллантириш ва жамиятнинг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш миллий маданиятни янада ривожлантиришнинг асосий мақсади ҳисобланади.


5. Қуйидагилар миллий маданиятни янада ривожлантиришнинг асосий тамойиллари ҳисобланади:

ижод эркинлиги, маданиятлараро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик, инсон ҳуқуқлари, миллий ва умумбашарий қадриятларни ҳурмат қилиш ва маданиятлар хилма-хиллигини сақлаш;

маданият ва санъат соҳасида таълим-тарбиянинг тизимлилиги, илмийлиги ва давомийлигини таъминлаш;

маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишларнинг оммавийлиги ва очиқлигига эришиш;

шахс руҳияти ва камолотига салбий таъсир кўрсатувчи ғояларга муросасиз бўлиш кайфиятини шакллантириш.



3-БОБ. МИЛЛИЙ МАДАНИЯТНИ ЯНАДА

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


6. Қуйидагилар миллий маданиятни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:


а) моддий ва номоддий маданий мерос ҳамда музейлар соҳасида:

аждодлар томонидан тўпланган тарихий ва маданий тажриба жамият аъзоларининг индивидуал ва умумий ривожланиши учун зарурий шарт эканлигини жамоатчилик онгига сингдириш, бу борада жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;

тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган кўчмас мулк объектларини аниқлаш ва давлат муҳофазасига олиш, бу борада давлат ва жамоат назорати тизимини такомиллаштириш;

асрашга доир ишларга ва археология тадқиқотларига рухсатнома бериш, объектларни идентификациялаш, археология ашёларини ҳисобга олишга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, объектлар ҳақидаги барча маълумотларни ягона электрон ахборот базага бирлаштириш;

чуқур илмий-тарихий ёндашув асосида объектларнинг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига путур етказмаган ҳолда асрашга доир ишларни бажарилишини йўлга қўйиш, объектларга табиий ва техноген таъсирларнинг салбий оқибатларининг олдини олиш;

номоддий маданий мерос элементларини тўплаш, ҳужжатлаштириш ва муҳофаза қилиш, уларнинг сақловчиларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид хорижий давлатлардаги номоддий маданий мерос элементларини ёзиб олиш ва сақлашга кўмаклашиш;

инсоният тараққиёти ва жаҳон маданиятига муносиб ҳисса қўшган юртимизнинг маданий меросини ЮНЕСКОнинг тегишли рўйхатларига киритиш чораларини кучайтириш;

миллий музей фондидаги музей ашёлари ва коллекцияларини ишончли сақлаш, фондни бойитиб бориш, илмий ўрганиш, кенг тарғиб этиш ва самарали фойдаланиш;

музейларни бошқаришда самарали менежмент ва маркетинг усулларидан фойдаланиш, музейларнинг моддий-техник базасини замон талаблари асосида янада мустаҳкамлаш, уларга замонавий ахборот технологияларини жорий этиш;


б) театр, кино ва цирк соҳасида:

замонавий пьесалар, миллий мумтоз, жаҳон классик асарлари асосида театрларнинг узоқ муддатли репертуарини шакллантириш, театрларнинг маҳаллий ва хорижий давлатлардаги гастроль фаолиятини тизимли амалга ошириш;

тарихий шахслар, замонамиз қаҳрамонлари образларини яратиш, театр ва кино асарларининг ғоявий-бадиий даражасини кўтариш, халқаро майдондаги рақобатбардошлигини ошириш, театр ва кино танқидчилигини кучайтириш;

халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида миллий истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни янада кучайтиришда театр ва кино санъатининг ролини ошириш;

миллий кино маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш ва уларнинг халқаро кинофестивалларда муносиб ўрин эгаллашига эришиш;

тарихий ҳақиқат ва реал воқеликни ёрқин акс эттирувчи ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар яратиш тизимини такомиллаштириш;

цирк дастурларининг бадиий савиясини ошириш ва томошабинлар қамровини кенгайтириш, халқаро майдонда миллий цирк санъати нуфузини янада юксалтириш;

аҳолининг цирк томошаларига қизиқишини инобатга олиб, кўчма цирклар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, циркларда хавфсизлик чораларини кучайтириш;

театр, кино ва цирк муассасаларининг моддий-техник базасини замон талаблари асосида мустаҳкамлаш ва жиҳозлаш;


в) миллий мусиқа санъати соҳасида:

авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий мусиқа меросимизни асраб-авайлаш, янги шароитларда ривожлантириш ва улардан халқимизни баҳраманд қилиш учун кенг имкониятлар яратиш;

композитор, бастакор ва созандалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳаваскорлар орасидан истеъдодли ижрочиларни аниқлаш мақсадида турли даражадаги кўрик-танловларни ўтказиш, анъанавий мусиқа жанрларини янги шарт-шароитларда ривожлантириш мақсадида "устоз-шогирд" анъанасини янада ривожлантириш;

миллий ва жаҳон композиторлари ижодиётини инсоният интеллектуал хазинаси сифатида халқ орасида кенг тарғиб қилиш, замонавий руҳда юксак бадиий асарлар яратиш, катта мусиқий асарлар, жумладан опера, симфония, концерт ва оратория каби мумтоз жанрларни ривожлантириш;

ёш композиторлар, бастакорлар, мусиқашунослар ва ижрочиларнинг ижод билан самарали шуғулланишлари учун барча имконият ва шароитларни кенгайтириш;

Ўзбекистон давлат филармонияси таркибидаги бадиий жамоалар ижросидаги мусиқий асарларнинг бадиий ва тарбиявий аҳамиятини юксалтириш ҳамда халқнинг, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб этиш;


г) миллий эстрада санъати соҳасида:

миллий қадриятлар асосида эстрада қўшиқчилик санъатини янада ривожлантириш ва тарғиботини кучайтириш;

истеъдодли эстрада хонандаларини аниқлаш ва уларнинг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш;

аҳолининг маданий эҳтиёжларини қаноатлантиришга, ёшларни юқори савиядаги миллий эстрада қўшиқлари намуналари асосида тарбиялашга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирлар, концертлар ва гастролларни тизимли ташкил этиш;

"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси ҳузуридаги "Ўзбекистон халқ артистлари клуби" фаолиятини янада ривожлантириш, мусиқа мактабларида таҳсил олаётганлар учун "маҳорат дарслари"ни ўтказиш ва истеъдодли ёшларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратиш;

мусиқа ва санъат мактабларида "устоз-шогирд" анъаналарини ривожлантириш ҳамда таниқли санъаткорлар иштирокида ижодий учрашувлар ташкил этиш;

ижодий бирлашмалар, жамоалар ва яккахон ижрочиларнинг фаолияти, репертуарлари ва сценарийларининг ғоявий ва бадиий савиясини ошириш;


д) миллий рақс санъати соҳасида:

миллий рақс санъатининг ривожланиш босқичларини илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш, жаҳон маданиятида тутган ўрнини мустаҳкамлаш ва унинг янги намуналарини яратиш;

"устоз ва шогирд" анъанаси асосида миллий рақс соҳасидаги етук рақс усталари, истеъдодли ва юқори малакали ижрочиларнинг рақс мактабларини яратиш, уларнинг услубларини тиклаш ва ривожлантириш;

миллий рақс санъатининг ноёб меросини, шу жумладан миллий қадриятларни акс эттирувчи саҳна либосларини сақлаб қолиш, тиклаш ва янгиларини яратиш;

миллий ва умуминсоний қадриятлар билан уйғунликда миллий рақс ва хореография санъатини бадиий жиҳатдан ривожлантириш;

авлоддан авлодга ноёб мерос сифатида ўтиб келаётган жозибали рақс намуналарини тўплаш, бойитиш, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига бу бебаҳо бойликларга чуқур ҳурмат ва ҳавас туйғуларини сингдириш;

мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги рақс йўналишларини асраш, авайлаш, халқимизга эстетик завқ бағишловчи замонавий ўзбек рақс мактабини яратиш;


е) тасвирий ва амалий санъат соҳасида:

тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва халқ ҳунармандчилиги соҳаларида истеъдодли ижодкорларни барвақт аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, ижодкорларнинг бадиий салоҳиятини ошириш тизимини такомиллаштириш;

халқ усталарининг ўзига хос услуби ва мактабини давом эттириш, атоқли маданият ва санъат арбоблари билан тажриба алмашишда "устоз-шогирд" анъанасидан самарали фойдаланиш, шунингдек ижодий устахоналар фаолиятини кучайтириш;

халқ амалий санъати анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, халқ ҳунармандчилигини қўллаб-қувватлаш;

юртимиз ва хорижда кенг кўламдаги кўргазмалар ташкил этиш орқали миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш;

буюк рассомлар, халқ усталари ва рассомлари, санъат арбоблари ва истеъдодли ёш ижодкорларнинг сара асарларини оммалаштириш;


ё) маданият ва истироҳат боғлари ҳамда маданият марказлари соҳасида:

маданият ва истироҳат боғлари ҳамда маданият марказларининг моддий-техник базасини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш;

истироҳат боғларининг қиёфасини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларда халқ сайилларини доимий ўтказиш тизимини яратиш, аттракцион ва ўйин қурилмаларининг техник хавфсизлигини таъминлаш.

маданият марказларида халқ бадиий ҳаваскорлик ва ижрочилик санъатини ривожлантириш, уларнинг шакл ва усулларини такомиллаштиришга кўмаклашиш;

жойларда маданий-маърифий фаолиятнинг самарали усулларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларни умумлаштириш ва тарғиб қилишга кўмаклашиш;


ж) илм-фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида:

соҳада профессионал малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан педагог кадрларнинг салоҳиятини ошириш тизимини такомиллаштириш;

мактабгача таълим ташкилотларида бошланғич мусиқа тушунчаларини шакллантирувчи (фольклор мусиқа, академик мумтоз мусиқа, эстрада мусиқаси) махсус адабиётлар яратиш ва болалар ижро репертуарини шакллантириш;

соҳадаги бошланғич, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида таълимнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш, унинг пировардида истеъдодли ижодкорларни етиштириш;

соҳада илмий тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, илмий натижаларни амалиётга жорий этиш ҳамда санъат аҳлининг меҳнат ва ижод шароитини яхшилаш;

жаҳоннинг машҳур маданият ва санъат муассасалари билан тажриба алмашиш ва малака ошириш тизимини кенгайтириш;

хорижий ва миллий анъанавий таълим тизимининг энг яхши ютуқларидан, шунингдек соҳада таълимни ривожлантиришга асосланган технологиялардан кенг фойдаланиш;


з) маданият туризми соҳасида:

маданият ва санъат муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва уларга мос янги кўнгилочар марказлар, маданият ва истироҳат боғларини барпо этиш;

маҳаллий маданият ва санъат муассасаларини жаҳон маданий маконига пухта интеграция қилиш, мамлакатимизнинг ижобий қиёфасини шакллантиришда бой тарихий-маданий меросдан ҳамда маданият ва санъатнинг замонавий йўналишларидан самарали ва тўлиқ фойдаланиш;

юртимизда ва жаҳонда маданий меросимизга бўлган қизиқишни янада кучайтириш, уларни оммалаштириш ва маданиятнинг турли йўналишлари бўйича туризмнинг имкониятларини кенгайтириш;

мамлакатнинг ноёб маданият объектлари, хусусан тарихий-маданий мажмуаларини ёрқин намоён этган ҳолда сайёҳларни оммавий жалб этадиган жозибали кўринишини яратиш;

республикамиз ҳудудларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиб, туризмни ривожлантириш борасидаги лойиҳалар доирасида муҳим ўрин тутадиган янги маданий сайёҳлик йўналишларини яратиш ва ривожлантириш;

маданият ва санъат соҳасида миллий брендларни яратиш ва уларнинг халқаро туризм бозорларига кириб боришига комплекс ёндашиш, маданият соҳасида халқаро танлов ва фестиваллар ўтказишни қўллаб-қувватлаш.



4-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШДАН КУТИЛАЁТГАН

НАТИЖАЛАР


7. Концепцияни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришилади:

маданият соҳасига оид норматив-ҳуқуқий база, ушбу соҳадаги институционал тизим ва маданият муассасалари фаолияти такомиллаштирилади;

ёш авлод онгида анъанавий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳисси шаклланади, этник маданий анъаналарни асраш ва уларга асосланган халқ ижодиёти ривожланади;

аҳоли, жумладан ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратилади;

маданият соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади, маданият ва санъатни янада кенг тадқиқ ва тарғиб этиш жараёнида инновацион ғоялар ва технологиялардан самарали фойдаланилади;

маданият ва санъат муассасалари фаолиятининг самарадорлиги ортади, моддий маданий мерос объектларини ишончли сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш йўлга қўйилади;

узвий таълим тизими яратилади ҳамда маданият соҳасида фан ва тадқиқот ишлари янада юқори поғонага кўтарилади;

соҳада маҳоратли ижрочи ва ижодкорлар, профессионал кадрларни тайёрлаш тизими такомиллаштирилади;

мамлакатимизнинг тарихини ўрганиш, уни тарғиб қилиш ва сайёҳлик салоҳиятини оширишда музейларнинг роли ортади;

соҳада хизмат кўрсатишнинг сифати оширилади ва яратилаётган асарларнинг бадиий савияси юксалади;

маданият ва санъат соҳасида фаолият юритаётган кенгашларнинг ўрни янада ортади;

етакчи халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорлик кенгаяди ва мустаҳкамланади;

миллий санъат анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳамда уларнинг жаҳон саҳнасида эътироф этилиши учун шароитлар яратилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


8. Мазкур Концепция давлат ва жамият фаолиятининг барча соҳаларини модернизация қилиш, маданият соҳасида ислоҳотлар ўтказиш, мамлакатнинг инновацион ривожланиш йўлига ўтиши, жамиятни ривожлантиришнинг мақсад ва аҳамиятини англашга хизмат қилувчи маданий муҳитда интеллектуал ва маданий ривожланган кадрларни тайёрлаш учун услубий асос бўлиб хизмат қилади.


9. Концепциянинг амалга оширилиши маданиятнинг устуворлигига урғу бериш орқали жамият ҳаёти сифатининг янада юқори даражасига эришиш, халқимизда ватанпарварлик ва миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, фуқароларни аҳил, маънавиятли, масъулиятли, мустақил фикрловчи, ижодкор шахс сифатида шакллантириш, маданият соҳасидаги хизматлар бозорини кенгайтириш имконини беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 30 ноябрь








































Время: 0.2250
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск