ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Шахснинг ҳуқуқий мақоми / Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари ва муҳофазаси. Омбудсман /

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 10.12.2018 й. ПҚ-4056-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 10 декабрдаги

ПҚ-4056-сон қарорига

2-ИЛОВА



Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг (кейинги ўринларда - Марказ) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Марказ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади.


3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, шунингдек, мазкур Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.


5. Марказ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.


6. Марказ давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш масалалари бўйича кўмаклашади.


7. Марказ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, халқаро ташкилотлар ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


8. Марказнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ - Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, қисқартирилгани - Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ;

б) рус тилида:

тўлиқ - Национальный центр Республики Узбекистан по правам человека, қисқартирилгани - Национальный центр по правам человека;

в) инглиз тилида:

тўлиқ - National Centre of the Republic of Uzbekistan for Human Rights, қисқартирилгани - National Centre for Human Rights.


9. Марказ юридик шахс ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ғазна ҳисобрақамларига, миллий ва хорижий валютадаги ҳисобрақамларига эга бўлади.



2-БОБ. МАРКАЗНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, ушбу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш;

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича миллий маърузалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини ("йўл хариталари"ни) ишлаб чиқиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш масалалари бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотларга маслаҳат бериш функциясини амалга ошириш ва уларга амалий кўмаклашиш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш.


11. Марказ ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, ушбу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш соҳасида:

инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

халқаро ташкилотлар, шунингдек, хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳисоботларида тақдим этилган маълумотларга шарҳлар тайёрлайди;

инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотларнинг таклифларини тўплаш ва умумлаштиришни амалга оширади;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя қилиш масалалари бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтларининг ахборотларини тинглайди;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалардан келиб тушадиган индивидуал мурожаатлар бўйича тегишли чоралар кўради;

инсон ҳуқуқлари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларни қўллаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг якдил нуқтаи назарини шакллантиришга кўмаклашади;


б) инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш соҳасида:

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини давлат органлари томонидан бажарилиши масалалари бўйича маълумот тўплашни амалга оширади;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликка, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари қоидаларига давлат органларининг риоя қилиш ҳолатини тизимли таҳлил қилади ва умумлаштиради;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалар тавсияларини, шунингдек, тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг, шу жумладан маълумотлар базасидан фойдаланиш орқали миллий ҳаракат режаларини амалга ошириш бўйича яхлит услубиётни ишлаб чиқади ва мониторингини амалга оширади;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар тавсияларини бажариш бўйича давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолайди;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалардан келиб тушадиган индивидуал мурожаатларни давлат органлари томонидан кўриб чиқишнинг тизимли мониторингини амалга оширади;

жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқади, шунингдек, уларнинг ҳал қилиниши мониторинги ва таҳлилини ўтказишни амалга оширади;


в) Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича миллий маърузалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини ("йўл хариталари"ни) ишлаб чиқиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари таъминланиши ҳолати тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар йили чоп этади;

миллий маърузалар тайёрлаш жараёнларини стандартлаштириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ахборот ва маълумотларини йиғишни мувофиқлаштириш бўйича чоралар кўради;

инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий маърузаларини тайёрлаш ва тақдим этиш жараёнига инсон ҳуқуқлари кўрсаткичларини мослаштириш ва татбиқ қилиш бўйича чоралар кўради;

давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида БМТнинг устав ва шартномавий органлари учун Ўзбекистон Республикасининг асосий, миллий ва даврий маърузаларини ўз вақтида ва сифатли тайёрлашни таъминлайди;

БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини бажариш тўғрисида оралиқ ахборотлар тақдим қилади;

БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маърузалари лойиҳалари муҳокамаси юзасидан давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан мунтазам мувофиқлаштирувчи кенгашлар ўтказади;

давлат органлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маърузалари лойиҳаларининг муҳокамасини ўз вақтида ўтказишни таъминлайди;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмаларга Ўзбекистон Республикасининг миллий маърузаларини юборади ва уларни БМТнинг устав ва шартномавий органларига тақдим қилади;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли миллий ва даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ устав ва шартномавий органларининг якуний таклиф ва тавсияларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ устав ва шартномавий органларининг якуний таклиф ва тавсияларини давлат тилига таржима қилиш ва манфаатдор давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларига ўз вақтида жўнатишни таъминлайди;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг якуний таклиф ва тавсияларини кўриб чиқиш ва бажариш бўйича давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини методик бошқаришни ҳамда уларнинг самарали ҳамкорлигини таъминлайди;

манфаатдор давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан миллий ҳаракат режаларини ("йўл хариталари"ни) ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатлашув ўтказади;

БМТнинг устав ва шартномавий органларининг якуний таклиф ва тавсияларини бажариш бўйича миллий ҳаракат режаларини  ("йўл хариталари"ни) ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тасдиқлаш учун тақдим қилади;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТнинг устав ва шартномавий органларининг якуний таклиф ва тавсияларини бажариш бўйича тасдиқланган миллий ҳаракат режалари ("йўл хариталари") масъул ижрочиларга етказилишини таъминлайди;

БМТнинг устав ва шартномавий органларининг якуний таклиф ва тавсияларини бажариш бўйича миллий ҳаракат режалари ижроси масалалари юзасидан давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари учун методик тавсиялар тайёрлайди;

инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасидаги илғор ўзгаришларни тавсифловчи инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-таҳлил ва статистик маълумотларнинг ягона базасини шакллантиради;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмалар тавсияларининг ягона маълумотлар базасини ишлаб чиқади ва унинг ишлашини таъминлайди;

оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет халқаро ахборот тармоғида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши ҳолати ҳақидаги холис ахборотнинг чоп этилишини ташкиллаштиради;


г) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш соҳасида;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг доимий таҳлилини амалга оширади ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг халқаро стандарт ва тавсияларини, шунингдек, илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилинишини таъминлаш чораларини ишлаб чиқади;

инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларни ратификация қилиш  ва тегишли давлат органлари томонидан уларнинг амалий ижроси бўйича таклифлар тайёрлайди;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва муҳокамасида иштирок этади;

инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича қонун лойиҳаларини тайёрлаш ташаббуслари билан чиқади ва уларнинг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан кенг муҳокамасини ўтказади, шунингдек, уларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларига киритади;


д) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш масалалари бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотларга маслаҳат бериш функциясини амалга ошириш ва уларга амалий кўмаклашиш соҳасида:

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари борасида давлат органлари ходимларининг салоҳиятини ошириш бўйича чоралар кўради;

инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилишига тўсқинлик қилувчи сабаб ва шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш ишлари самарадорлигини оширишга йўналтирилган тадбирларни ташкил этади;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда кўмаклашади;


е) инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, ноширлик фаолиятини амалга ошириш соҳасида:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича маърифат ва таълим тизимини такомиллаштиришга ёрдам кўрсатиб, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга йўналтирилган миллий дастурлар ва ҳаракат режаларини ишлаб чиқади;

инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар тайёрлайди ва тақдим қилади;

инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича давлат органлари ходимларини ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали механизмларини ва тартибини шакллантиради;

БМТнинг устав ва шартномавий органларига инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси миллий маърузаларини, муқобил маърузаларни, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий тузилмалар сўровларига жавобларни тайёрлаш асослари юзасидан давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларини ўқитиш бўйича ўқув курсларини ишлаб чиқади ва олиб боради;

ўқитишни ташкил этиш учун олий таълим муассасалари ўқитувчилари, амалиётчи мутахассислар, хорижий мутахассисларни жалб этади;

инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича ахборот-маърифий кампаниялар, семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари, учрашувлар, жамоат маслаҳатлашувларини ўтказади;

инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказади, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни амалга оширишда халқаро ва хорижий тажриба юзасидан илмий-таҳлилий материалларни ўрганади ва тайёрлайди;

инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича илмий-техник грант ва лойиҳаларнинг амалга оширилишида иштирок этади, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий тузилмалар фаолиятидаги иштироки самарадорлигини илмий таҳлил қилади ва баҳолайди;

ноширлик фаолиятини олиб боради, "Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари" илмий-даврий нашрини ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа босма маҳсулотларни чоп этади;


ж) инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш соҳасида:

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари бошқармаси, БМТ тизимидаги дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалар, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, уларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади;

инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро ва минтақавий тадбирларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради;

инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга йўналтирилган ташаббусларини халқаро ташкилотларда илгари суриш бўйича чораларни ишлаб чиқади;

инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар, бошқа ноҳукумат ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ишида қатнашади;

инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий тузилмалар билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашади;

хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга оширади ва ҳисобот ҳамда келгуси ҳаракатлар масалалари бўйича тажриба алмашади;

давлат органларини инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимояси борасидаги халқаро стандартлар ва илғор амалиёт билан таништириш мақсадида халқаро ва хорижий экспертлар иштирокида халқаро ва (ёки) минтақавий тадбирлар ташкил этади;

инсон ҳуқуқлари соҳасида қонунчилик, таълим ва маърифий масалаларни такомиллаштириш, давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятига халқаро стандартларни жорий этишни ташкиллаштириш юзасидан тажриба алмашиш бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этади.



3-БОБ. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


1-§. Марказнинг ҳуқуқлари


12. Марказ ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил муассасалари, бошқа ташкилотлардан Марказ ваколатига кирувчи масалалар бўйича ахборот, статистик ва бошқа материал ҳамда маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат статистика органларидан Марказ ваколатига кирувчи масалалар бўйича зарур статистик ахборотни бепул асосда олиш;

ўз ваколатларини амалга оширишда давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиш;

инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суди, Олий суди, Бош прокуратураси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан ҳамкорлик қилиш;

инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича Олий Мажлис палаталари, Олий Мажлис қўмита ва комиссиялари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ҳайъатлари, Олий суд Пленуми, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Ўзбекистон Фанлар академияси Президиуми, илмий ва таълим муассасаларининг илмий кенгашлари йиғилишларида иштирок этиш;

инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш муаммолари бўйича давлат органлари, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўтказадиган йиғилишлар, анжуманлар ва семинарларда иштирок этиш учун ўз вакилларини юбориш;

жазони ижро этиш муассасаларига, қамоқда сақлаш жойларига ва махсус қабулхоналарга монеликсиз кириш;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш, шунингдек, Марказ ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Президентига Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўптомонлама халқаро шартномаларда иштироки мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқиш учун таклифлар киритиш;

давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари, шу жумладан жазони ижро этиш муассасалари, илмий ва таълим муассасалари ҳамда бошқа тузилмаларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фаолият амалиётини жойларда бевосита ўрганиш;

инсон ҳуқуқларининг бузилиши аниқланган ҳолатларда ваколатли давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақидаги маълумотлар текширувини уюштириш;

инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва такомиллаштириш мониторингини амалга ошириш, уларни такомиллаштириш ва амалиётга татбиқ этиш шакллари бўйича тавсиялар тақдим этиш;

манфаатдор ташкилотларга инсон ҳуқуқларига риоя этилишини, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари тикланишини таъминлаш бўйича тавсия бериш;

давлат органлари, илмий ва таълим муассасаларининг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш;

давлат органларига фуқароларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини мониторинг қилиш жараёнида аниқланган қонун бузилишини бартараф этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига олиб келадиган ҳолатларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш тўғрисида тавсияларни кўриб чиқиш учун киритиш;

Марказ ваколатига тааллуқли масалалар бўйича халқаро майдонда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифода этиш;

Марказ ваколатига тааллуқли масалаларни ташкил этиш ва ҳал этиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг етакчи олимлар ва юқори малакали мутахассислари орасидан ишчи ва эксперт гуруҳлар тузиш;

инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда комплекс чора-тадбирлар ва дастурлар ишлаб чиқиш, шунингдек, уларни белгиланган тартибда тасдиқлаш учун тақдим этиш;

инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалаларини амалга оширишга оид давлат буюртмасига мувофиқ ушбу масалалар бўйича лойиҳаларни танлаш учун танловлар эълон қилиш ва танлов комиссияларини тузиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг мутахассислари, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлилий муассасалар ходимлари, таълим муассасалари олимлари ва ўқитувчиларини миллий экспертлар сифатида илмий ва инновацион тадқиқотларга жалб этиш;

Марказ ваколатига тааллуқли масалалар бўйича "давра суҳбатлари", конференция ва семинарлар ташкил қилиш ва ўтказиш;

халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳамкорликни амалга ошириш;

ноширлик фаолиятини белгиланган тартибда олиб бориш, даврий илмий-амалий нашрлар чиқариш;

Ўзбекистон Республикаси банкларида ҳисобрақамлар очиш ва улар бўйича тегишли операцияларни ўтказиш;

Марказнинг моддий-техника базасини ва ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

Марказ ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби, миқдори ва шартларини белгилаш;

қонунда белгиланган тартибда бюджет маблағларидан, шу жумладан Марказ томонидан грантлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар сифатида олинадиган валюта маблағларидан фойдаланиш.

Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



2-§. Марказнинг мажбуриятлари


13. Марказ қуйидагилар учун масъулдир:

Марказга юклатилган вазифалар ва функциялар сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича дастурлар, тадбир режалари, "йўл хариталари" ва бошқа ҳужжатларни амалга оширишни ташкил қилиш.



4-БОБ. МАРКАЗ ТУЗИЛМАСИ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Марказнинг асосий таркибий бўлинмалари муайян муаммоларни ҳал этиш учун тузилган бўлимлар ҳисобланади.


15. Марказни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор бошқаради.


16. Директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари Марказ директори тақдимномаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.


17. Директор жойида бўлмаган даврда унинг ваколатларини бажариш Директорнинг биринчи ўринбосари томонидан, у бўлмаганида эса директорнинг буйруғига мувофиқ бошқа ўринбосар томонидан амалга оширилади.


18. Марказ директори мақоми, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича вазирга, директорнинг биринчи ўринбосари вазирнинг биринчи ўринбосарига, директор ўринбосари вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади.


19. Марказ ходимлари Марказ директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


20. Марказ директори, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари, шунингдек, Марказ бўлимлари бошлиқларига тиббий хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Бош тиббий бошқармасининг муассасаларида амалга оширилади.


21. Марказ ходимларига эгаллаган лавозимларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган қуйидаги энг юқори махсус унвонлар - мартаба даражалари берилади:

Ўзбекистон Республикаси Ҳақиқий давлат адлия маслаҳатчиси - Марказ директорига;

1-даражали давлат адлия маслаҳатчиси - Марказ директорининг биринчи ўринбосарига;

2-даражали давлат адлия маслаҳатчиси - Марказ директори ўринбосарига;

2-даражали адлия маслаҳатчиси - Марказнинг бўлим бошлиқларига, директори ёрдамчисига, бош бухгалтерга;

3-даражали адлия маслаҳатчиси - Марказнинг бош мутахассисларига, бош юрисконсультига, кадрлар бўйича бош инспекторига, матбуот котибига;

1-даражали юрист - Марказнинг етакчи мутахассисларига.

Ўзбекистон Республикаси Ҳақиқий давлат адлия маслаҳатчиси, 1 ва  2-даражали давлат адлия маслаҳатчилари мартаба даражалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.

2 ва 3-даражали адлия маслаҳатчилари, шунингдек, 1-даражали юрист мартаба даражалари Марказ директори тақдимномаси асосида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан берилади.

Марказ ходимларига мартаба даражаларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ва Марказ директорининг қўшма буйруғи билан тасдиқланади.


21-1. Юқори касб маҳоратига эга бўлган, Марказ фаолиятининг самарадорлигини оширишга ҳисса қўшаётган ходимларни рағбатлантириш мақсадида Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизи миқдорида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди (кейинги ўринларда - Махсус фонд) ташкил этилади.

Бунда:

Махсус фонд маблағлари Марказ директорининг буйруғига биноан Марказнинг бошқарув, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига уларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 100 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик устамалар белгилаш учун йўналтирилади;

Махсус фонд маблағларидан фойдаланиш тартиби, шунингдек, Марказ ходимларига ҳар ойлик устамалар белгилаш мезонлари Марказ директори томонидан белгиланади.

22. Марказ ходимларига мартаба даражалари учун устама тўлаш Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Марказ ходимлари учун аввалги иш жойида ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака тоифалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун берилган устамалар ва қўшимча тўловлар сақлаб қолинади. Бунда, қонун ҳужжатларига асосан ходимнинг олдинги иш жойи бўйича мазкур Низомда белгиланган миқдордан юқорироқ устамалар ва қўшимча тўловлар белгиланган тақдирда, ушбу тўловларни тўлаш юқорироқ миқдор бўйича амалга оширилади.

Марказда ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни (мартаба даражаларини, малака тоифаларини, дипломатик даражаларни ва бошқаларни) олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.

23. Марказ ходимларига:

Марказда амалда бўлган меҳнат шароитлари ҳисобга олинган ҳамда лавозим маоши ва бошқа тўловлар миқдорлари инобатга олинган ҳолда аввалги иш жойи бўйича ходимлар учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чоралари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 3 июлдаги 339-сон "Давлат хизматчиларининг лавозим маошларига йигирма фоизли устама ҳақ белгилаш тўғрисида"ги қарори билан белгиланган лавозим маошларига 20 фоизли қўшимча ҳақ;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 16 августдаги  ПФ-1213-сон "Пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ҳамда республиканинг бюджет муассасалари ва ташкилотларида иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида"ги Фармони билан белгиланган меҳнат ҳақи йиллик фондининг  15 фоизи миқдоридаги ходимларни моддий рағбатлантириш махсус фонди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил  12 апрелдаги 147-сон "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари,  суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида"ги қарори билан белгиланган икки ойлик меҳнат ҳақи фонди миқдорида йиллик мукофотлаш ва ойлик меҳнат ҳақи миқдорида йиллик моддий ёрдам сақлаб қолинади.


23-1. Марказ ходимларининг, шу жумладан ёрдамчи ходимларнинг лавозим маошига рағбатлантириш коэффициенти ва Махсус фонддан ҳар ойлик устамалар ҳисобга олинган ҳолда, давлат органларидаги кўп йиллик меҳнати учун 2 йилдан 5 йилгача - 0,1; 5 йилдан 10 йилгача - 0,2; 10 йилдан 15 йилгача - 0,3; 15 йилдан 20 йилгача - 0,4; 20 йилдан ортиқ - 0,5 коэффициентларда ҳар ойлик устамалар тўланади. Бунда, қонунчилик ҳужжатларига асосан ходимнинг олдинги иш жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПФ-6012-сон Фармонида белгиланган миқдордан юқорироқ устама белгиланган тақдирда, мазкур устама юқорироқ миқдор бўйича тўланади.

23-2. Марказ ходимларининг лавозим маошига фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга шахслар учун - лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасига эга шахслар учун - лавозим маошининг 60 фоизигача қўшимча ҳақ тўланади.

23-3. Мазкур Низомнинг 23-1, 23-2 ва 24-бандларида назарда тутилган қоидалар "Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари" журнали таҳририяти ходимларига нисбатан ҳам тўлиқ қўлланилади.

24. Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Марказ ходимлари лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари 2 баравар кўпайтирилган миқдорда қўлланилади.

25. Марказ ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, лавозим йўриқномалари, Марказда амалда бўлган низомлар, йўриқномалар, ички меҳнат тартиб қоидаларига, жамоавий ва меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


26. Марказ Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ўз бланкига эга.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 11 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 17 декабрь, 50-сон, 952-модда



































Время: 0.2055
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск