язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Декабрь, 2018 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Давлат мукофотлари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.12.2018 й. 1004-сон "Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси" кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

11.12.2018 й.

N 1004




"УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ

КЎРСАТИШ АЪЛОЧИСИ" КЎКРАК

НИШОНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 24 апрелдаги ПҚ-2922-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимиз аҳолисининг уй-жой шароитларини яхшилаш, муҳандислик коммуникацияларини ўз вақтида сифатли қуриш ва таъмирлаш, уларнинг атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишларида юқори натижаларни қўлга киритган, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси" кўкрак нишони таъсис этилсин.


2. Қуйидагилар:

"Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси" кўкрак нишони тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;

"Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси" кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари 2 ва 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


3. "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг буюртмасига асосан "Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси" кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.


4. "Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси" кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Х. Салиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                  А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 11 декабрдаги

1004-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси"

кўкрак нишони тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси" кўкрак нишони (кейинги ўринларда кўкрак нишони деб аталади) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Кўкрак нишони билан мамлакатимиз аҳолисининг уй-жой шароитларини яхшилаш, муҳандислик коммуникацияларини ўз вақтида сифатли қуриш ва таъмирлаш, уларнинг атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишларида юқори натижаларни қўлга киритган, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.


3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ

УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ

ВА КЎРИБ ЧИҚИШ


4. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти корхоналари ҳамда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги бошқа ташкилотлар ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифлар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармасига ҳар йили 25 январгача тақдим этилади.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси номзодлар бўйича таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқади ҳамда ҳар йили 25 февралгача Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) тақдим этади.


6. Вазирликка тўғридан-тўғри бўйсунувчи ташкилотлар ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш йўналишида фаолият юритаётган ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 25 февралгача вазирликка тақдим этади.


7. Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича Комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ташкил этилади.

Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 1 апрелгача энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.



3-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ


8. Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 15 апрелгача қабул қилинади.


9. Кўкрак нишони ҳар йили 18 апрель - Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.


10. Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олади.

Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан топширилади.


11. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.


12. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


13. Вазирлик ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларнинг ҳужжатлари холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.






Низомга

ИЛОВА



"Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси"

кўкрак нишони билан тақдирлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Ижрочилар


Тадбирлар


Муддатлар



I босқич

  

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти корхоналари ҳамда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги бошқа ташкилотлар


   

Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармасига ҳужжатларни тақдим этиш

     


ҳар йили

25 январгача





































II босқич

       

1. Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ва Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси


2. Вазирликка тўғридан-тўғри бўйсунувчи ташкилотлар ҳамда бошқа вазирлик, идора ва ташкилотлар

   


       

1. Номзодлар бўйича таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига тақдим этиш


2. Ходимларни кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига тақдим этиш

    


ҳар йили

25 февралгача








































III босқич

   

Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия

    


  

Номзодлар бўйича ҳужжатларни ўрганиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири - комиссия раисига кўкрак нишони билан тақдирлаш юзасидан таклиф киритиш

    


ҳар йили

1 апрелгача




































IV босқич


Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

     


  

Ходимларни кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг буйруғини қабул қилиш

     


ҳар йили

15 апрелгача




































V босқич

   

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

    


     

"Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирлаш

       


ҳар йили

18 апрель куни

арафасида







        





Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 11 декабрдаги

1004-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш

аълочиси" кўкрак нишонининг

ТАВСИФИ


"Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси" кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.

Кўкрак нишонининг олд томони пастки қисмида қуёш нурлари фонида иккита уй биноси кўк рангда ва муқобил электр энергиясини англатувчи томи ва мўриси қизил рангда тасвирланган. Унинг орқасида кўп хонадонли уй бинолари ифодаланган бўлиб, биноларнинг ромлари зарҳалланган.

Пастдан тепага қалинлашиб борувчи радиусга эга бўлган ярим айлана Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи рангларида ишланган.

Кўкрак нишонининг айланаси бўйлаб зарҳал ҳошия билан ўралган оқ эмалли доирада баландлиги 6 миллиметр бўлган "UY-JOY KOMMUNAL XIZMAT KO`RSATISH" сўзлари ҳамда пастдан иккита саккиз қиррали юлдуз ўртасида "A`LOCHISI" сўзлари ёзилган.

Кўкрак нишонининг орқа томони марказида беш қаторда ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр бўлган "Uy-joy kommunal", "xizmat ko`rsatish", "sohasi rivojiga", "qo`shgan hissasi", "uchun" ёзуви жойлашган.

Кўкрак нишонининг қалинлиги 2,2 миллиметр.

Тасвирлар ва ёзувлар қавариқдир.

Кўкрак нишони олд ва орқа томонларининг четлари қавариқ доира билан ўралган.

Кўкрак нишони ҳалқа ва илмоқчалар ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган.

Қадағичнинг эни - 26 миллиметр, бўйи - 17 миллиметрдан иборат. Қадағич эни 22 миллиметрли шойи лента билан қопланган бўлиб, лентанинг марказидан эни 6 миллиметрли кўк йўл ўтган. Унинг ҳар икки тарафидан эни 1 миллиметрли кўк, эни 2 миллиметрли яшил ва эни 5 миллиметр бўлган оқ рангдаги йўллар туширилган.

Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.





Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 11 декабрдаги

1004-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси"

кўкрак нишони гувоҳномасининг

ТАВСИФИ


"Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси" кўкрак нишони гувоҳномаси 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.

Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) мовий рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.

Гувоҳноманинг биринчи бети эни 7,5 миллиметрли, ички бурчаклари айлана шаклида бўлган кўк рангли ҳошия билан ўралган.

Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 3,5 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "UY-JOY KOMMUNAL XIZMAT", иккинчи сатрда "KO`RSATISH A`LOCНISI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 12-кегль), учинчи сатрда "ko`krak nishoni" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 12-кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 6 миллиметр пастда "GUVOHNOMASI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 17-кегль) сўзи ёзилган.

Ёзувлар зарҳал рангида акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) "Тангир" тасвири туширилган оч ҳаво рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда "GUVOHNOMA" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзи ҳамда гувоҳнома тартиб рақами учун "№" белгиси ва 15 миллиметрли чизиқ жойлашган.

"GUVOHNOMA" сўзидан 11 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 6 миллиметр қуйида, марказда, оралиғи 2 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "O`zbekiston Respublikasi", иккинчи сатрда "uy-joy kommunal xizmat ko`rsatish", учинчи сатрда "vazirining" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда оралиғи 4 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "20__ y. "___" ___________ dagi", иккинчи сатрда "____-son buyrug`iga asosan" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 3 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи cатрда "UY-JOY KOMMUNAL XIZMAT", иккинчи сатрда "KO`RSATISH A`LOCНISI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль), учинчи сатрда "ko`krak nishoni bilan mukofotlandi" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Сўнгги сўзлардан 9 миллиметр пастда, чап томонда "Vazir" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзи ёзилган.

"Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси"

кўкрак нишони гувоҳномаси

           

           

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 12 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 17 декабрь, 50-сон, 957-модда