язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Коидалар расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Декабрь, 2018 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Аудиторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари (АВ томонидан 15.12.2018 й. 3101-сон билан рўйхатга олинган 14.11.2018 й. Молия вазирлигининг 145-сон Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 45-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 15 декабрда 3101-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги ва

Бош прокуратура ҳузуридаги

Иқтисодий жиноятларга қарши

курашиш департаментининг

2018 йил 14 ноябрдаги 145-сон ва

45-сонли қарорига

1-ИЛОВА



Аудиторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан

олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни

молиялаштиришгава оммавий қирғин қуролини тарқатишни

молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги ва "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатувчи аудиторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга,ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги аудиторлик ташкилотларига улар бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатаётганида татбиқ этилади.


2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:


бенефициар мулкдор - якуний натижада мулк ҳуқуқига эгалик қилувчи ёки мижозни ҳақиқатда назорат қилувчи жисмоний шахс, шу жумладан манфаатини кўзланган ҳолда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция амалга оширилаётган юридик шахс;


ички назорат - мижозлар номидан битимлар тайёрлаш ва уларни амалга оширишда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи аудиторлик ташкилотларининг, мижозни лозим даражада текшириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш, шубҳали операцияларни аниқлаш ҳамда террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришда иштирок этувчи ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар билан боғлиқ бўлган операцияларни аниқлашга доир фаолияти;


ички қоидалар - аудиторлик ташкилотлар ва унинг филиалларида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилаб берувчи ички ҳужжат;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатлар - жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳининг расмий баёнотларида халқаро молиявий тизимга хавф туғдирувчи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизимларида стратегик камчиликлари мавжуд деб белгиланган давлатлар ва ҳудудлар;


мижозни идентификациялаш - мижозни лозим даражада текшириш мақсадида мижоз тўғрисидаги маълумотларни унинг томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида аниқлаш;


мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш - қонун ҳужжатлари билан белгиланган таъсис ҳужжатлари (устав ва/ёки таъсис шартномаси, низом) асосида мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш орқали мижознинг мулкдори ёки уни назорат қилувчи юридик шахсни аниқлаш;


мижоз - қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда аудиторлик ташкилоти билан бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган юридик шахс;


террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган, террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс;


оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган, оммавий қирғин қуролини тарқатишнинг олдини олишга қаратилган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциялари ҳамда бошқа халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган жисмоний ёки юридик шахс;


мижозни лозим даражада текшириш - мижозни ва у қайси шахслар номидан иш кўраётганини текшириш, мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш, шунингдек мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва операцияларни, уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганишларни ўтказиш;


хабар қилиниши лозим бўлган операциялар - ички назоратни ўтказиш давомида аудиторлик ташкилотлари томонидан шубҳали деб топилган, содир этилаётган ва тайёрланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


масъул ходим - ички назоратни ташкил қилиш ва амалга ошириш учун масъул бўлган шахс;


оффшор ҳудуд - имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудлар;


Рўйхат - терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;


шубҳали операция - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, тайёрлаш, содир этиш жараёнида бўлган ёки содир этиб бўлинган, аудиторлик ташкилотларида мазкур Қоидаларни амалга ошириш жараёнида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлган операция;


операцияни тўхтатиб туриш - мижознинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялари бўйича, шунингдек юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқномалари ижросини тўхтатиб туриш;


юқори мансабдор шахслар - чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида ёхуд халқаро ташкилотда доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ташкилий-бошқарув функцияларни бажарадиган ва юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни амалга оширишга ваколат берилган шахслар;


таваккалчилик - мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ёки терроризмни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга ошириш таваккалчилиги;


ички назорат тизими - мазкур Қоидалар ва ички қоидалар билан белгиланган мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажаришга қаратилган масъул ходим ва аудиторлик ташкилотнинг хатти-ҳаракатлари йиғиндиси;


махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;


операция иштирокчилари - мижозлар (шу жумладан, таъсисчилар, акционерлар ва бошқа иштирокчилар) ва уларнинг вакиллари ҳамда мижознинг операцияда иштирок этувчи ҳамкорлари.


3. Қуйидагилар ички назоратнинг мақсади ҳисобланади:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қаратилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш;

аудиторлик ташкилотларини жиноий фаолиятга қасддан ёки қасддан бўлмаган ҳолда жалб этилишига йўл қўймаслик;

таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатларда қайд қилиш ва камайтириш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш.


4. Қуйидагилар ички назоратнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўз таваккалчиликларини аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатлаштириш ва камайтиришга доир тегишли чораларни кўриш;

мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларини ва идентификациялаш жараёнларини амалга ошириш, шу жумладан мижозлар ва уларнинг бенефициар мулкдорлари ҳақидаги маълумотларни мунтазам янгилаш ва верификациялаш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш, уларнинг шахсини ўрганиш бўйича имкон қадар чоралар кўриш;

юқори мансабдор шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан амалга оширилаётган операцияларни чуқур мониторинг қилиш;

мазкур Қоидалар ва ички қоидаларда белгиланган тартибда шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган шубҳали операциялар тўғрисидаги ахборотни (ҳужжатларни) махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида тақдим этиш;

Рўйхат билан солиштириш орқали операция иштирокчилари орасида террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;

операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материалларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар давомида сақланишини таъминлаш;

аудиторлик ташкилоти раҳбариятини тегишли қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган ишончли ахборот ва материаллар билан тезкор ва мунтазам равишда таъминлаб бориш;

шубҳали операцияларни амалга ошириш ёки амалга оширишга уринишлар, шубҳали операцияларни амалга оширган операция иштирокчилар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бундай ахборотни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алмашиб бориш;

сўровлар бўйича мижозлар базасидан Рўйхат билан солиштириш орқали террорчилик фаолиятини молиялаштиришга ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқадор шахсларни аниқлаш.



2-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ

ТАШКИЛЛАШТИРИШ


5. Аудиторлик ташкилотнинг ички назорат тизими унинг фаолият кўрсатиш хусусиятлари, фаолиятининг асосий йўналишлари, мижозлар базаси ва мижозлар ҳама уларнинг операциялари билан боғлиқ бўлган таваккалчилик даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади. 


6. Масъул ходим аудиторлик ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан тайинланади. Мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ аудиторлик ташкилоти ўзининг масъул ходими ва мазкур Қоидалар талабларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумотни ҳар йили 10 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юборади.


7. Масъул ходим раҳбарлик лавозимини эгаллаган ва аудиторлик ташкилотининг штатдаги аудитори бўлиши лозим.


8. Масъул ходим лавозимига тайинланувчи шахс аудиторлик фаолияти ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу соҳадаги халқаро стандартларни билиши шарт.


9. Ўз фаолияти ва шахсий хулқ атворида ишониб топширилган бўлинмани нотўғри бошқарган, шунингдек иқтисодиёт соҳасидаги жинояти учун аввал суд томонидан жиноий жавобгарликка тортилган шахслар масъул ходими лавозимига тайинланиши мумкин эмас.


10. Масъул ходимларнинг сўнгги янгиликларга, жумладан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришнинг, терроризмни молиялаштиришнингва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг замонавий усуллари, услублари ва йўналишлари ҳақидаги ахборотга эга бўлишларини таъминлаш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги қонун ҳужжатлари ва мажбуриятларнинг барча жиҳатларини аниқ тушунтириб бериш мақсадида аудиторлик ташкилотлари мунтазам равишда ходимларни қайта тайёргарликдан ўтказишлари шарт.


11. Масъул ходим қуйидаги функцияларни бажаради:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва/ёки терроризмни молиялаштириш учун аудиторлик ташкилоти хизматларидан фойдаланиш хавфининг олдини олиш учун қонун ҳужжатларида, мазкур Қоидаларда ва ички қоидаларда кўзда тутилган чораларни кўриш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонун ҳужжатлари, ушбу Қоидалар ва ички қоидалар талабларига риоя қилиниши назоратини амалга оширади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга оид қонун бузилиш ҳолатлари тўғрисидаги ахборотни аудиторлик ташкилотнинг раҳбарига тақдим этади;

аудиторлик ташкилоти фаолиятида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, мазкур Қоидалар ва ички қоидалар талабларига риоя қилинмаганлиги бўйича аниқланган камчилик ва қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан аудиторлик ташкилотининг раҳбарига кўриб чиқиши учун таклифлар киритади;

аудиторлик ташкилотнинг раҳбарига ушбу Қоидалар бажарилиши натижалари тўғрисидаги ҳисоботни камида бир йилда бир маротаба тақдим этади;

шубҳали операциялар, уларни бажаришга уринишлар тўғрисидаги хабарларни махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида узатилишини, шунингдек махсус ваколатли давлат органининг қўшимча ахборотни тақдим этиш тўғрисидаги сўровларининг бажарилишини таъминлайди;

ички назоратни ташкил қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва махсус ваколатли давлат органининг масъул шахслари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;

Рўйхатни аудиторлик ташкилоти ходимларига етказади.


12. Масъул ходим қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ички назоратни амалга ошириш мақсадида аудиторлик ташкилоти ходимларидан керакли бошқарувчилик, бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

аудиторлик ташкилотининг раҳбарига хабар қилиниши лозим бўлган операцияга нисбатан келгуси хатти-ҳаракатлар бўйича таклифлар киритиш.

Масъул ходим қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. Масъул ходим қуйидагиларга мажбур:

ўз ваколати доирасида мазкур Қоидалар ва ички қоидалар билан юклатилган мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажариш учун зарур чораларни кўриш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга оид ўз таввакалчиликларини аниқлаш ва баҳолаш бўйича тегишли чораларни кўриш, бу таваккалчиликларни ҳужжатларда қайд қилиш ва уларни камайтириш чораларини кўриш;

мижозларни лозим даражада текшириш ва идентификациялаш ҳамда Рўйхат билан солиштиришни таъминлаш бўйича чораларни кўриш;

бенефициар мулкдорларни аниқлаш ва идентификациялашни таъминлаш бўйича тегишли чораларни кўриш;

махсус ваколатли давлат органига белгиланган тартибда шубҳали операциялар тўғрисида, шу жумладан улар аниқланган кундан кейинги бир иш кунидан кечиктирмай уларни амалга оширишга уринишлар тўғрисида хабарларни бериб бориш;

олинган ахборотнинг махфийлигига риоя қилиш;

ички назоратни амалга ошириш давомида олинган ҳужжатларнинг сақланишини ва қайтарилишини таъминлаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни бажариш.


14. Аудиторлик ташкилотлар мазкур Қоидалар талабларидан келиб чиққан ҳолда, қуйидагилар акс этган ички қоидаларни ишлаб чиқишлари лозим:

таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, камайтириш ва ҳужжатлаштиришга доир чораларни амалга ошириш тартиби;

мижозларни ва уларнинг бенефициар мулкдорларини лозим даражада текшириш, шунингдек мижозлар операцияларининг мунтазам назоратини амалга ошириш қоидалари;

керакли ахборотни расмийлаштириш ва унинг махфийлигини таъминлаш тартиби;

шубҳали операцияларни аниқлаш тартиби, шунингдек бундай операциялар тўғрисидаги хабарларни тайёрлаш ва махсус ваколатли давлат органига юбориш тартиби;

кадрларни тайёрлаш ва ўқитишга қўйиладиган малакавий талаблар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган чоралар;

юқори мансабдор шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш ҳамда улар томонидан ўтказиладиган операцияларини мониторинг қилиш тартиби;

юқори таваккалчилик даражаси тоифасига киритилган мижозларнинг ҳисобини юритиш ва мониторинг қилиш ҳамда бундай мижозлар операцияларини мониторинг қилиш тартиби;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар.


15. Ички қоидалар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришнинг ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонун ҳужжатлари, мазкур Қоидалар талабаларига мувофиқ бўлиши ва аниқланган таваккалчиликлар ва уларнинг баҳосидан келиб чиқиб тузилиши лозим. Ички қоидалар, уларга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар аудиторлик ташкилотининг раҳбари томонидан тасдиқланади.


16. Чет эл аудиторлик ташкилоти алоҳида бўлинмалари (агар мавжуд бўлганда) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришнинг ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда улар жойлашган мамлакат талабларига риоя қилишлари лозим, мазкур талаблар Ўзбекистон қонунчилиги талабларидан фарқ қилган тақдирда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартларни қўллаши лозим.


17. Аудиторлик ташкилоти ўзининг хориждаги алоҳида бўлинмаларидан мазкур ажратилган бўлинмалар жойлашган мамлакат қонунчилигидаги тақиқлар туфайли жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тегишли тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳолатлар тўғрисида бош офисни хабардор қилишни талаб қилишга мажбурдир.



3-БОБ. МИЖОЗЛАРНИ ЛОЗИМ

ДАРАЖАДА ТЕКШИРИШ


18. Аудиторлик ташкилотлари мижозларни лозим даражада текшириш чораларини кўришлари керак.

Мижозни лозим даражада текшириш чоралари барча янги мижозлар ҳамда таваккалчилик даражасидан келиб чиқиб бор мижозларга нисбатан кўрилади.


19. Мижозни лозим даражада текшириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

мижоз билан амалий иш муносабатлари амалга оширилаётганда;

бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатиш учун мижозлар билан шартномалар тузишда;

шубҳали операциялар амалга оширилаётганда;

аудиторлик фаолияти стандартлари талабларига мувофиқ ажратиб бўлмайдиган ва назорат таваккалчилигини баҳолашда;

мижоз ҳақида аввал олинган маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа мавжуд бўлганда;

операция амалга ошириш кунидаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 400 баравари миқдоридан ортиқ бўлган бир марталик операциялар амалга оширилганда.


20. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

тегишли ҳужжатлар асосида мижознинг ва у қайси шахслар номидан иш кўраётганлигини текширишни;

мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялашни;

мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва операцияларни уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш ўтказишни.


21. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича мазкур Қоидаларнинг 20-бандида кўрсатилган чораларни кўриш билан бирга, операция иштирокчиси ёки бенефициар мулкдор сифатида қатнашаётган юқори мансабдор шахсларга ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан аудиторлик ташкилотлари:

юқори мансабдор шахснинг мавқеи тўғрисидаги маълумотларни текшириш ва ўтказилаётган операциядаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни манбаларини аниқлаш бўйича тегишли чораларни кўриш;

юқори мансабдор шахс билан амалий иш муносабатларига фақатгина аудиторлик ташкилотларининг раҳбарияти рухсати билан ўрнатиш;

амалий иш муносабатларини мониторинг қилиб бориши лозим.


22. Мижозларни лозим даражада текшириш бўйича кучайтирилган чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:

мижоз ҳақида очиқ манбалар ва маълумотлар базаларидан қўшимча тасдиқланган маълумотларни тўплаш ва қайд этиш;

мижоздан у томонидан амалга оширилаётган операциялар бўйича пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг манбалари ҳақидаги маълумотларни олиш;

мижоз томонидан амалга оширилаётган операциялар устидан доимий мониторинг юритиш.


23. Мижознинг бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш учун мурожаат қилишида аудиторлик ташкилоти қуйидагиларни бажаришга мажбур:

ушбу Қоидалар ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ операция бўйича мижозни ва/ёки бенефициар мулкдорни идентификациялаш;

аввалги ҳисобот даври (ой, йилнинг чораги, ярим йиллик, йил) давомида мижознинг илгари ўтказган операцияларини ўрганиш, агар ихтиёрида бундай операциялар тўғрисида маълумотлар бўлса;

операциянинг турини ва унинг мижознинг таъсис ҳужжатларида белгиланган фаолияти мақсади ва турларига мувофиқлик даражасини аниқлаш;

аниқ иқтисодий моҳиятга эга бўлмаган, мижознинг лозим даражада текшириш материалларига илова қилинадиган мижознинг таъсис ҳужжатларида ёки давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўзда тутилган унинг фаолияти мақсадларига ва турларига мос келмайдиган барча операциялар бўйича лозим даражада текшириш натижалари ва хулосаларини ёзма қайд қилиш.


24. Мижоз ва мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш мазкур Қоидаларнинг 2-иловасида назарда тутилган ахборот асосида амалга оширилади.

Идентификация натижаси фамилияси, исми ва отасининг исмини кўрсатган ҳолда масъул ходим томонидан алоҳида журналга киритилади.


25. Мижозни идентификациялашда давлат рўйхатига олинганлиги, раҳбарлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек таъсис ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар текширилиши керак.

Кўрсатилган ҳужжатларни тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш автоматлаштирилган тизими орқали ёки ушбу тизимдан ахборот олишнинг имкони бўлмаган ҳолда бевосита мижоздан олиш мумкин.


26. Мижозни ва операциянинг бошқа иштирокчиларини идентификациялаш имконини берувчи барча ҳужжатлар улар тақдим этилган санада амалда бўлиши шарт.

Мижоз ёки бенефициар мулкдорни идентификациялаш билан бир қаторда амалий иш муносабатлар тўғрисидаги маълумотлар ўрганилади.


27. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш чора-тадбирларининг ўтказилиши талаб қилинмайди.


28. Аудиторлик ташкилотлари қуйидаги ҳолларда мижозга бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатишни рад этади:

мижозни лозим даражада текшириш чораларини кўллаш имкони бўлмаганда;

идентификациялашни тугатиш имкони бўлмаган ёки лозим даражада текшириш натижалари бўйича у билан ишга оид муносабатларни ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи маълумотлар олинган ҳолда;

атайин нотўғри бўлган ҳужжатлар тақдим этилганда ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ сўраладиган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Мижозларга рад этилган ҳолларда аудиторлик ташкилотлари махсус ваколатли давлат органига хабар юборишлари керак.



4-БОБ. ТАВАККАЛЧИЛИК ДАРАЖАСИНИ

АНИҚЛАШ ВА БАҲОЛАШ


29. Аудиторлик ташкилотлари таваккалчилик даражасини аниқлаши, шунингдек уни пасайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши ва амалга ошириши керак.

Таваккалчилик даражаси мижознинг фаолияти ва амалга оширадиган операциялари турларини инобатга олган ҳолда мижоз тақдим қилган маълумотлар, мазкур Қоидаларда белгиланган мезонлар ва мижозни лозим даражада текшириш натижалари асосида масъул ходим томонидан аниқланади ва баҳоланади.

Мазкур банднинг иккинчи хатбошида белгиланган талаблар асосида мижозга жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни бажаришнинг тегишли (юқори ёки қуйи) таваккалчилик даражаси берилади.


30. Юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига олдиндан қуйидаги мезонларга тўғри келадиган операция иштирокчилари киритилиши керак:

а) Рўйхатга киритилган шахслар ёхуд Рўйхатга киритилган шахснинг эгалиги ёки назоратидаги шахслар ёхуд Рўйхатга киритилган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёки уни назорат қилувчи шахслар;

б) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда ёхуд оффшор ҳудудда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар;

в) чет эл корхоналарининг ваколатхоналари ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлмаган жисмоний шахслар;

г) оффшор ҳудудларда ҳисобвараққа эга бўлган шахслар;

д) бенефициар мулкдори мазкур банднинг "а" ва/ёки "б" кичик бандларида кўрсатилган шахс ҳисобланган ташкилотлар;

е) мунтазам равишда (уч ой ичида кетма-кет) шубҳали операцияларни амалга оширган мижозлар;

ж) юқори мансабдор шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари;

з) ички қоидаларда белгиланадиган бошқа шахслар.


31. Операция юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритилган тақдирда, аудиторлик ташкилотлари ушбу мижозга нисбатан лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларини кўришлари ва доимий мониторинг қилиб боришлари шарт.


32. Мижоз томонидан амалга оширилаётган операцияларнинг хусусияти ўзгаришига қараб, аудиторлик ташкилотлари мижозни лозим даражада текшириш натижалари бўйича тўпланган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда таваккалчилик хавфи даражасини қайта кўриб чиқишлари лозим.


33. Аудиторлик ташкилотлари ички қоидаларда белгиланган тартибда юқори таваккалчилик даражаси тоифасига киритилган барча мижозларнинг (операция иштирокчиларнинг) ҳисобини юритишлари керак. Юқори таваккалчилик даражаси тоифасига киритилган барча мижозлар (операция иштирокчилар) тўғрисидаги маълумотлар махсус журналга киритилади.


34. Аудиторлик ташкилотлари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган чораларни кўришлари керак. Ушбу мақсадда аудиторлик ташкилотлари хизматларини кўрсатиш учун янги ёки ривожланаётган технологиялардан фойдаланилиши сабабли юзага келиши мумкин бўлган таваккалчилик даражаларини аниқлашлари ва баҳолашлари керак. Таваккалчиликни бундай баҳолаш янги ёхуд ривожланаётган технологиялардан фойдаланишдан аввал ўтказилиши керак.



5-БОБ. ШУБҲАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАР МЕЗОНЛАРИ

ВА АЛОМАТЛАРИ, ҲАМДА УЛАРНИ

АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


35. Қуйидаги мезон ва аломатлар мавжуд бўлганда операция шубҳали деб топилади:

операцияни амалга ошириш учун тақдим қилинган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигига (ишончлилигига) гумон туғилиши ва (ёки) операция тўғрисидаги, шу жумладан операция бажарувчи томонларнинг бири ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган маълумотларга мувофиқ келмаслиги;

операция аниқ иқтисодий моҳиятга эга эмаслиги ва мижоз фаолиятининг тавсифи ва фаолият турига мувофиқ келмаслиги;

мижоз томонидан зарурат туфайли сўралаётган, шу жумладан ишонч билдирувчи (агар мижоз ишончли вакил сифатида иш юритаётган бўлса) ҳақидаги маълумотларни тақдим этишнинг сабабсиз рад этилиши;

ҳисобга олинмаган молия-хўжалик операциялари мавжуд бўлганда ва ҳисоб-китоб ҳужжатлари белгиланган муддатлардан олдин йўқ қилинганда;

мижозга нисбатан мазкур Қоидаларда кўрсатилган чоралар асосли қўлланилаётганда, мижоз ташаббуси билан дарҳол амалий иш муносабатларининг тўхтатилиши;

идентификациялашни якунлашнинг имкони бўлмаслиги ёки лозим даражада текшириш натижаларига кўра, мижоз билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатиб турадиган маълумотларнинг олиниши;

мижоз хизмат кўрсатишнинг фойдалироқ шартларига нисбатан эътиборсиз бўлиши, шунингдек мижоз томонидан айни турдаги хизматлар кўрсатишдаги оддий тўловдан фарқ қиладиган юқори мукофотнинг таклиф қилиниши;

пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига оффшор ҳудудларда доимий яшовчи ёки рўйхатга олинган шахсларнинг фойдасига ўтказилиши;

операциянинг иштирокчиларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса;

қонун ҳужжатлари билан белгиланган назорат жараёнидан қочишга қаратилган деган хулосани чиқаришга асос бўладиган операциялар ёки битимларнинг бир неча бор амалга оширилганлиги аниқланганда;

операцияни амалга оширишда фойдаланилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулклар жиноий йўл билан топилган деган ҳар қандай шубҳанинг мавжуд бўлиши.


36. Идентификациялаш жараёнида олинган маълумотлар, шунингдек мижозга берилган таваккалчилик даражаси операцияни мониторинг қилишга асос бўлиб ҳисобланади.


37. Мижозни идентификациялаш ва улар операцияларининг жорий текшируви лавозим мажбуриятларига мувофиқ аудиторлик ташкилотининг ходими томонидан ўтказилади, у шубҳали операциялар аломатлари мавжуд операцияларни аниқлаган тақдирда бундай операциялар ҳақида бевосита масъул ходимига зудлик билан хабар бериши лозим.


38. Мижоз операцияларининг кейинги текшируви масъул ходим томонидан жорий текширув жараёнида аниқланмайдиган шубҳали операцияларни аниқлаш мақсадида, мижознинг ўтган давр мобайнида бажарган операцияларини таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.

Асосли шубҳалар мавжуд бўлган тақдирда масъул ходим мижоз операциясини шубҳали деб ҳисоблаш тўғрисида ёзма қарор қабул қилади.


39. Операцияни шубҳали деб тан олиш ҳар бир аниқ ҳолатда ушбу Қоидалар билан ўрнатилган шубҳалилик мезонларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган комплекс таҳлил асосида, шунингдек мижознинг туридан, операция мақсадлари ва ҳажмидан аниқланадиган таваккалчиликдан келиб чиқган ҳолда ва шубҳали операцияни тўғри аниқлаш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар асосида амалга оширилади.


40. Мижоз операцияси шубҳали деб тан олингандан сўнг масъул ходим қуйидаги чораларни кўриши керак:

мижознинг операциялари устидан мониторингни кучайтириш;

мижоз тўғрисида қўшимча маълумот олиш;

мижознинг таваккалчилик даражасини қайта кўриб чиқиш;

операция ҳақидаги маълумотларни махсус журналга қайд этиш;

шубҳали операция тўғрисида махсус ваколатли давлат органига хабар берилишини таъминлаш;

қонун ҳужжатларига ва мижоз билан тузилган шартномага мувофиқ у билан муносабатларни тўхтатиш бўйича аудиторлик ташкилотининг раҳбарига таклиф киритиш.


41. Шубҳали операция ҳақидаги хабар аудиторлик ташкилоти томонидан шубҳали операция аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 октябрдаги 272-сон қарори билан тасдиқланган Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ махсус ваколатли давлат органига берилади.


42. Аудиторлик ташкилотлари тегишли операцияга нисбатан шубҳали эканлигини тасдиқловчи ёки олиб ташловчи ҳар қандай маълумотни дарҳол махсус ваколатли давлат органига хабар қилиши зарур.



6-БОБ. ТЕРРОРЧИЛИК ФАОЛИЯТИ ЁКИ ОММАВИЙ

ҚИРҒИН ҚУРОЛИНИ ТАРҚАТИШДА ҚАТНАШАЁТГАН

ЁКИ ҚАТНАШИШДА ГУМОН ҚИЛИНАЁТГАН ШАХСЛАР,

РЎЙХАТИГА КИРИТИЛГАН ШАХСЛАР ИШТИРОКИДАГИ

ОПЕРАЦИЯЛАР АНИҚЛАНГАНДА АМАЛГА

ОШИРИЛАДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР


43. Бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатувчи аудиторлик ташкилотлари мижоз, мижознинг бенефициар мулкдори ва операция иштирокчиларининг идентификация маълумотларини Рўйхат билан солиштиришлари шарт.

Агар мижоз билан амалий иш муносабатларни ўрнатиш даврида ёки пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширишда аудиторлик ташкилоти ходимлари томонидан мижоз, мижознинг бенефициар мулкдори ёки операция иштирокчиларидан бирининг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан тўлиқ мос келганлиги аниқланган тақдирда, улар бу ҳақда зудлик билан ва мижозни хабардор қилмасдан масъул ходимга хабар беришлари керак.

Ўз навбатида масъул ходим операция иштирокчиларидан бири ва амалга оширилаётган операциянинг идентификация маълумотларини махсус журналга киритиши, шунингдек махсус ваколатли давлат органига хабар юбориши лозим.


44. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар кечиктирилмасдан ва олдиндан хабар қилинмасдан махсус ваколатли давлат органига хабар берилиши лозим, агарда:

мижоз ёки операция иштирокчиларидан бирининг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан тўлиқ мос келса;

мижоз Рўйхатга киритилган шахс номидан ёки унинг топшириғига биноан фаолият кўрсатаётган бўлса;

операцияни амалга оширишда фойдаланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк тўлиқ ёки қисман Рўйхатга киритилган шахсга тегишли бўлса;

мижоз Рўйхатга киритилган жисмоний ёки юридик шахснинг мулкида ёки назорат остида бўлса.


45. Операцияни тўхтатиш ва тиклашни Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб қўйилган, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 2833, 2016 йил 11 октябрь) белгиланган тартибда амалга оширади.



7-БОБ. МАХСУС ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ

ОРГАНИНИНГ СЎРОВЛАРИНИ БАЖАРИШ


46. Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ махсус ваколатли давлат органи жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш чораларини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни ёзма равишда сўрашга ва бепул олишга ҳақлидир, шу жумладан аудиторлик ташкилотларининг автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари орқали олишга ҳақлидир.


47. Махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операциялар бўйича қонун ҳужжатларига ва мазкур Қоидаларга мувофиқ махсус журналга ёзган ҳолда қуйидагилар расмийлаштирилади:

операция тури ва уни амалга ошириш асослари;

операцияни амалга ошириш санаси ва суммаси;

операцияни амалга оширувчи мижозни идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар.



8-БОБ. АХБОРОТ ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ, САҚЛАШ,

МАХФИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


48. Аудиторлик ташкилотлар пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек мижозларни лозим даражада текшириш бўйича идентификациялаш маълумотлари ҳамда материалларини, шу жумладан иш ёзишмаларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида, лекин операция амалга оширилганидан ёки мижоз билан муносабатлар тўхтатилганидан кейин беш йилдан кам бўлмаган муддатда сақлашлари шарт.

Сақлаш муддатлари тугаши билан ҳужжатлар белгиланган тартибда архивига топширилади.


49. Мижозни лозим даражада текшириш жараёнида олинган мижоз тўғрисидаги маълумотлар мазкур Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ шакл бўйича тузиладиган мижоз сўровномасида қайд этилади. Аудиторлик ташкилоти ички қоидаларга мувофиқ мижоз сўровномасига бошқа маълумотларни киритиш ҳуқуқига эга.


50. Электрон шаклда тўлдирилган мижоз сўровномаси қоғоз шаклида чиқарилганда масъул ходим имзоси билан тасдиқланади.


51. Мижозлар сўровномалари хронологик тартибда алоҳида жилдларда тикиб борилади ва масъул ходимда сақлаб борилади.


52. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг билан боғлиқ операцияларва мижозларни лозим даражада текширишга доир ахборот, зарурат туғилган тақдирда, операция тафсилотларини қайта тиклаш ва ахборотдан махсус ваколатли давлат органи фойдаланиши мумкин бўлган тарзда расмийлаштирилиши лозим.


53. Мижозни лозим даражада текшириш ва идентификациялаш натижасида олинган маълумотлар, аудиторлик ташкилотлари мижоз томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришни амалга ошириш таваккалчилиги юқори деб баҳолаган тақдирда камида бир йилда бир маротаба, бошқа ҳолларда камида уч йилда бир маротаба ва мижоз маълумотларида ўзгаришлар бўлганда янгиланиб борилиши лозим.


54. Масъул ходим фаолиятида фойдаланилган барча ҳужжатларга кириш имкониятини чеклаш мақсадида бундай ҳужжатлар ва уларнинг рўйхати бевосита масъул ходим томонидан махсус жиҳозланган хонада ёки ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши керак.


55. Электрон шаклдаги ҳужжатлар дастурлаш йўли асосида архивлаштирилиши, электрон ахборот ташувчи воситаларга ёзилиши ва масъул ходим томонидан уларнинг рўйхати билан бирга ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши керак.


56. Аудиторлик ташкилотлари:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга,терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришгақарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотга кириш имкониятини чеклайдилар, унинг тарқалиб кетмаслигини таъминлайдилар ҳамда юридик шахсларга уларнинг операциялари ҳақида махсус ваколатли давлат органига хабар берилганлиги тўғрисида маълум қилиш ҳуқуқига эга эмаслар;

ички назорат функцияларини амалга ошириш жараёнида олинган ахборотни ўз ходимлари томонидан ошкор қилмасликни (шахсий мақсадлари ёхуд учинчи шахслар манфаатлари учун фойдаланмаслигини) таъминлайдилар.



9-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


57. Аудиторлик ташкилотлари томонидан мазкур Қоидалар талабларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.


58. Аудиторлик ташкилоти раҳбари ва масъул ходими мазкур Қоидаларни бузганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


59. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолларини яширишда, шунингдек мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.






Қоидаларга

1-ИЛОВА



Аудиторлик ташкилоти масъул ходими ва ички

Қоидаларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги

МАЪЛУМОТЛАР


(аудиторлик ташкилоти номи)

1. Исми, шарифи, отасининг исми, лавозими, телефон.


2. Масъул шахс этиб тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ санаси ва рақами


3. Аудиторлик ташкилоти томонидан ўтган йил учун бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича кўрсатилган хизматлари тўғрисида маълумот

а) мижоз номи;

б) хизмат кўрсатиш даврининг муддати;

в) хизмат суммаси;

г) хизмат кўрсатишда аудиторлик ташкилотининг функциялари;

д) бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хўжалик операцияларини амалга оширишга кўрсатиладиган хизматларни қонунийлигини ва хизмат кўрсатиш ички назоратни таъминлан учун қўлланиладиган асосий чоралар;


4. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назоратни таъминлаш бўйича аудиторлик ташкилотларнинг тасдиқланган ҳужжати номи ва санаси;


5. Аудиторлик ташкилотининг масъул шахс ва ходимининг доимий равишда қайта тайёргарликдан ўтказишларни амалга ошириш тўғрисидаги маълумот.


6. Махсус ваколатли давлат органига юборилган хабарлар сони.






Қоидаларга

2-ИЛОВА



Мижоз ва унинг бенефициар мулкдорини

идентификациялашда зарур бўлган

МАЪЛУМОТ


Мижоз ва унинг бенефициар мулкдорини идентификациялашда зарур бўлган маълумотлар:

а) тўлиқ, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган бўлса, қисқартирилган номи;

б) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот: сана, рақам, рўйхатга олувчи орган номи;

в) солиқ тўловчининг идентификация рақами;

г) жойлашган жойи (почта манзили);

д) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган бошқа маълумотлар;

е) лицензияланиши лозим бўлган фаолият турларини амалга ошириш учун мавжуд бўлган лицензиялар тўғрисида маълумотлар: фаолият тури, лицензиянинг рақами ва берилган санаси, ким томонидан берилганлиги, амал қилиш муддати;

ж) мижоз номидан иш кўрувчи жисмоний шахсни идентификацияси тўғрисидаги маълумотлар;

з) мижознинг таъсисчилари (акциядорлари, иштирокчилари) ҳақидаги ҳамда уларнинг устав фонди (капитали)даги улушлари тўғрисидаги маълумотлар;

и) рўйхатга олинган ва тўланган устав фонди (капитали) миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

к) мижознинг бошқарув органлари (юридик шахснинг бошқарув органларининг тузилмаси ва шахсий таркиби) тўғрисидаги маълумотлар;

л) телефон рақамлари.






Қоидаларга

3-ИЛОВА



Мижоз сўровномасида кўрсатиладиган

МАЪЛУМОТ


1. Мижозни идентификациялаш жараёнида олинган, Аудиторлик ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларининг 1-иловасида кўрсатилган маълумотлар.


2. Таваккалчилик даражаси ҳақида маълумот, шу жумладан таваккалчиликни баҳолаш асослари.


3. Аудиторлик ташкилоти томонидан мижозни идентификациялашда амалга оширилган қўшимча чора-тадбирлар натижалари.


4. Мижоз билан муносабатлар ўрнатилган сана ва аудиторлик хизматлари кўрсатиш муддати давомийлиги.


5. Бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизматлар кўрсатишда Аудиторлик ташкилотлари ходими томонидан бажариладиган функциялар


6. Бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича аудиторлик хизматлари нархи.


7. Мижознинг сўровномасига киритилган ўзгартиришлар ва тўлдириш санаси.


8. Исми, шарифи ва отасининг исми, лавозим, мижоз билан ишлаш учун масъул ходим алоқа телефонлари.


9. Қоғоз шаклида тўлдирилган мижоз сўровномасида ходимнинг имзоси (исми, шарифи, отасининг исми, лавозими кўрсатган ҳолда) ва электрон шаклда тўлдарилган мижоз сўровномасида ходимнинг исми, шарифи ва отасининг исми, лавозими


10. Ички қоидалар билан аниқланадиган бошқа маълумотлар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 17 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 24 декабрь, 51-сон, 980-модда