ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.12.2018 й. ПҚ-4063-сон "Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.12.2018 й.

N ПҚ-4063



ЮҚУМЛИ БЎЛМАГАН КАСАЛЛИКЛАРНИНГ

ПРОФИЛАКТИКАСИНИ, СОҒЛОМ ТУРМУШ

ТАРЗИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА АҲОЛИНИНГ

ЖИСМОНИЙ   ФАОЛЛИГИ  ДАРАЖАСИНИ

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда уларнинг хавф омилларининг олдини олиш, даволаш ва назорат қилиш, аҳолининг барвақт ўлим ҳамда касалланишини камайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида профилактика чора-тадбирларини самарали мувофиқлаштириш тизими мавжуд эмаслиги фуқароларнинг жисмоний фаоллиги даражасини қўллаб-қувватлаш ва соғлом турмуш тарзини юритишда келишилган чоралар кўриш имконини бермаяпти.

Аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасининг пастлигича қолаётганлиги натижасида асосий эътибор профилактикага эмас, касалликлар билан курашишга қаратилмоқда.

Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллигини оширишни ташкил қилиш ва бошқариш механизмларини такомиллаштириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5590-сон Фармонига мувофиқ:


1. Қуйидагилар:

2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) 1-иловага мувофиқ;

2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари Дастури (кейинги ўринларда - чора-тадбирлар Дастури) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Қуйидагилар давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб белгилансин - ходимлар жамоасининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш мақсадида барча зарур шароитларни яратиш, ушбу вазифаларга эришишга қаратилган чора-тадбирларни мунтазам равишда ташкил қилиб бориш.


3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Инновацион ривожланиш агентлигининг:

Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Республика диетология ўқув-илмий маркази негизида давлат муассасаси шаклида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказини (кейинги ўринларда - Марказ);

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳузурида юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда Марказнинг ҳудудий бўлимларини;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ҳузуридаги "Саломатлик" марказлари негизида юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда Марказнинг туман ва шаҳар бўлинмаларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


4. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий йўналишлариэтиб белгилансин:

соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликлар ва уларнинг хавф омилларига қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатини тиббиёт профилактикаси билан интеграциялаштириш бўйича оммавий тадбирларни ўтказиш;

соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

аҳоли саломатлиги ҳолатини мониторинг қилишнинг ягона тизимини яратиш, замонавий ахборот ва инновацион технологияларини жорий этиш билан бирга умрни узайтириш ва саломатликни мустаҳкамлашга оид аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва тавсияларни татбиқ этишда кўмаклашиш;

умумэътироф этилган халқаро услублар асосида доимий популяция текширувлари ва юқумли бўлмаган касалликларнинг хавф омиллари бўйича сўровлар ўтказиш;

нотўғри овқатланиш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва тарқалиши даражасини камайтириш, кенг кўламда тушунтириш ишларини ташкил қилиш ва аҳолининг соғлом турмуш тарзи гарови сифатида тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтириш;

сифатнинг замонавий халқаро стандартларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турларини мамлакатимизда ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш;

таълим муассасалари билан биргаликда юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалалари юзасидан кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва узлуксиз касбий ривожланиши бўйича тадбирларни ташкил қилиш ва уларда иштирок этиш.


5. Белгилансинки:

Марказ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташкилий тузилмасига киради ва унга ҳисобот беради;

Марказ, унинг ҳудудий бўлимлари ва туман (шаҳар) бўлинмалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бўлинмалар) Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Республика диетология ўқув-илмий маркази ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ҳузуридаги "Саломатлик" марказларининг умумий штат бирликлари ва иш ҳақи фонди доирасида ташкил этилади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ва кредитлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ҳузуридаги "Саломатлик" марказлари штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан бўшаган маблағлар Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтирилади ҳамда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришда ушбу мақсадлар назарда тутилади;

Марказ аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Инновацион ривожланиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа давлат бошқаруви органлари, жамоат ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;

Марказ унга юклатилган вазифалар доирасида вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларидан зарур статистик ва таҳлилий маълумотларни сўраш ва бепул олиш ҳуқуқига эга;

Марказни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошқаради;

Марказ директори меҳнатга ҳақ тўлаш шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош бошқарма бошлиғига тенглаштирилади.


6. Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг чекланган умумий сони 838 нафар этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари низомлари ва тузилмаларини тасдиқласин, бунда Марказ директорига, зарур бўлганда, тасдиқланган тузилмаларга ходимларнинг чекланган умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси   2019  йилнинг 1 декабрига қадар кенг доирада ўтказиладиган жамоатчилик муҳокамалари натижасида алкоголь ва тамаки маҳсулотлар истеъмолини чеклаш бўйича, шунингдек, қуйидагиларни ўз ичига олувчи қўшимча чора-тадбирларни қабул қилсин.

Алкоголь маҳсулоти идишининг ёрлиғида ҳамда тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) тиббий огоҳлантиришларни жойлаштириш учун асосий майдон ўлчамини кенгайтириш;

тамаки маҳсулоти қутисида (ўровида) матнли ёзув ва расм тарзидаги тиббий огоҳлантиришларни жойлаштириш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси қоидаларига риоя этилиши устидан назорат олиб борувчи органларни ҳамда шундай назоратни олиб боришнинг механизмларини аниқлаштириш;

жамоат жойлари ва транспортнинг белгиланмаган жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотлар истеъмоли учун жавобгарликни кучайтириш;

жамоат жойларда ва транспортнинг белгиланмаган жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини чеклаш мақсадида ваколатли шахслар томонидан (корхона, ташкилот, муассасаларнинг маъмуриятлари, шу жумладан, жамоат жойларида жойлашган иншоот, бино (иморат), бошқа объектлар ҳамда транспорт воситаларининг эгалари) чоралар кўрилмагани учун жавобгарликни белгилаш.


8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

а) республиканинг барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига:

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг артериал гипертония, қандли диабет, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллиги ва бошқа юқумли бўлмаган касалликлар бўйича клиник протоколлар, стандартлар ҳамда тавсиялар талабларини;

қўллаб-қувватловчи кураторлик тизими орқали тиббий хизматларнинг узлуксиз баҳолаш ва сифатини ошириш механизмларини;

ҳар бир бемор учун юқумли бўлмаган касалликлар ва хавф омиллари бўйича саломатлик профилларини яратишни назарда тутган дастурий таъминотини татбиқ этсин;

б) озиқ-овқат маҳсулотларни таркибида ёғлар, туз ва қанд миқдори юқори бўлган маҳсулотлар тоифасига киритиш мезонлари ва тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

в) таркибида ёғлар, туз ва қанд миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш (тайёрлаш), сотиш ва истеъмолини чеклаш бўйича таклифлар киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент тиббиёт академияси магистратурасининг янги "Нутрициология" йўналишини очиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларида:

иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари;

ҳафтасига камида бир маротаба ходимларнинг жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда (югуриш, сузиш, футбол, волейбол, баскетбол, теннис ва бошқаларда) иштирок этишини назарда тутадиган "Саломатлик куни";

мунтазам равишда ходимлар орасида оммавийлашган спорт турлари бўйича спорт мусобақалари ва бошқа жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар ўтказиб борилиши амалиётга жорий этилсин.


11. Давлат органлари ва ташкилотлари технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларига ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффусларни белгиласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги:

а) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

ишлаб чиқариш гимнастикасининг намунавий машқлар комплексини;

транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлиги ва масофани инобатга олган ҳолда корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ходимларига шуғулланиш учун тавсия этиладиган спорт иншоотлари рўйхатини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

б) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 апрелига қадар туман (шаҳарлар) бўйича зоналарга бўлиб ҳамда иш фаолиятининг тавсифлари, машғулотларнинг нархи, иш вақти ва бошқа маълумотларни келтириб ўтган ҳолда, спорт иншоотларининг ягона базасини яратсин ҳамда Интернет тармоғига жойлаштирилишини таъминласин.


13. Белгилансинки, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари жамоасига соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш учун барча зарур шароитлар яратиш, шу жумладан, спорт объектларига шуғулланиш (қуриш, жиҳозлаш) бўйича тадбирларни молиялаштириш тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


14. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг аҳолининг кенг қатламлари орасида қуйидагиларни ўз ичига олган "Алпомиш" ва "Барчиной"махсус тестларини ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

аҳолининг умумий жисмоний тайёргарлиги даражасига спорт нормативларини ва давлат талабларини белгилаш;

аҳолининг турли ёшдаги гуруҳлари ўртасида спорт мусобақаларини ўтказиш;

юқори кўрсаткичларга эришган фуқароларни "Алпомиш" ва "Барчиной" I, II ва III даражали кўкрак нишонлари билан тақдирлашни жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда "Алпомиш" ва "Барчиной" махсус тестларни ўтказишни ташкил қилиш тўғрисида ҳукумат қарорини қабул қилсин.


15. Қуйидагилар:

Марказнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, шу жумладан, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш бўйича сифатли чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан таъсирчан назорат ўрнатиш - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини талаб даражасида ташкил этиш, жамият соғлиғини сақлашни таъминлаш, аҳолини соғлом турмуш тарзига даъват қилиш бўйича чоралар кўриш, фуқароларда ўзининг ва атрофдагиларнинг саломатлиги учун масъуллик ҳиссини шакллантириш - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.Ш. Иноятов;

аҳоли, айниқса, ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш бўйича тадбирларни ташкиллаштириш ҳамда аҳолининг кенг қатламлари учун спорт иншоотлари ва инвентаридан фойдаланиш имкониятини таъминлаш - Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов;

таълим муассасалари ўқув дастурларига ўқувчиларни соғлом турмуш тарзини олиб бориш ва жисмоний фаоллиги даражасини оширишни таъминлаш тадбирларини киритиш, таълим муассасалари ҳудудида ўқувчиларнинг саломатлигига зиён етказадиган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилишига йўл қўймаслик - Ўзбекистон Республикасининг мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова, олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Ю. Абдурахмонов;

Концепция ва чора-тадбирлар Дастурида белгиланган тадбирларни сифатли, ўз вақтида ва тўлиқ бажариш бўйича шахсий жавобгарлик - давлат органлари ва ташкилотларнинг раҳбарлари зиммасига юклансин.


16. Марказ Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Фаробий кўчаси, 2-уй манзили бўйича жойлаштирилсин.


17. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 18 декабрдаги

ПҚ-4063-сон қарорига

2-ИЛОВА



2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган

касалликлар профилактикаси, аҳолининг

соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва

жисмоний фаоллиги даражасини ошириш

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш механизмлари

Ижро муддатлари

Масъул ижрочилар

I. ЮҚУМЛИ БЎЛМАГАН КАСАЛЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИ, АҲОЛИНИНГ

СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА ЖИСМОНИЙ ФАОЛЛИГИ

ДАРАЖАСИНИ ОШИРИШ СОҲАСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Қуйидагиларни назарда тутувчи "Ўзбекистон Республикасининг "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва хоналарга талаблар ўрнатиш;

савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида тамаки маҳсулотларини қўйиш ва намойиш қилинишига йўл қўймаслик;

алкоголь маҳсулоти идишининг ёрлиғида ҳамда тамаки маҳсулотининг қутисида (қадоғида) тиббий огоҳлантиришларни жойлаштириш учун асосий майдон ўлчамини кенгайтириш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси қоидаларига риоя этилиши устидан назорат олиб борувчи органларни ҳамда шундай назоратни олиб боришнинг механизмларини аниқлаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Қонуни

2019 йил

1 декабрь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Давлат солиқ қўмитаси (Б.Мусаев), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Н.Шарипов), Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), "Ўзстандарт" агентлиги (Д.Саттаров), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Бош прокуратура (А.Мавлонов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2.

Қуйидагиларни назарда тутувчи "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

а) қуйидагилар алкоголь ва тамаки маҳсулотларини жамоат жойларида ва транспортнинг белгиланмаган жойларида истеъмол қилганлик;

этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритганлик учун жавобгарликни кучайтириш;

б) жамоат жойларида ва транспортнинг белгиланмаган жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини чеклаш бўйича ваколатли шахслар томонидан (корхона, ташкилот, муассасаларнинг маъмуриятлари, шу жумладан жамоат жойларида жойлашган иншоот, бино (иморат), бошқа объектлар ҳамда транспорт воситаларининг эгалари) чоралар кўрилмагани учун жавобгарликни белгилаш.

Ўзбекистон Республикаси Қонуни

2019 йил

1 декабрь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов),

Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Давлат солиқ қўмитаси (Б.Мусаев),

Бош прокуратура (А.Мавлонов),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

3.

Тамаки маҳсулоти қутисида (қадоғида) матнли ёзув ва расм тарзидаги тиббий огоҳлантиришларни жойлаштириш талабларини белгилаш.

Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат

2019 йил

1 декабрь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), "Ўзстандарт" агентлиги (Д.Саттаров), манфаатдор вазирлик ва идоралар

4.

Озиқ-овқат маҳсулотларини таркибида ёғлар, туз ва қанд миқдори юқори бўлган маҳсулотлар тоифасига киритиш мезонлари ва тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш

Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат

2020 йил

1 июнь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), "Ўзстандарт" агентлиги (Д.Саттаров), Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК (Т.Жалилов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

5.

Оммавий истеъмол қилинадиган маҳсулотлардаги калория даражасини камайтириш ва улар таркибидаги ёғлар, туз ва қанд миқдорининг мақсадли даражаларини ўрнатиш, шунингдек, уларнинг стандартлари ва рецептураларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек порцияларнинг тавсия қилинувчи миқдорларини белгилаш мақсадида уларнинг стандартлари ва рецептураларини қайта кўриб чиқиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019 йил

1 май

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), "Ўзстандарт" агентлиги (Д.Саттаров), Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК (Т.Жалилов)

6.

Зарарли меҳнат шароитларига эга саноат корхоналари учун профилактик овқатланиш стандартларини қайта кўриб чиқиш.

Санитария қоидалари ва

меъёрлари

2020 йил

1 июнь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Ш.Кудбиев), Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши (К.Рафиков)

7.

Тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда улар таъмининг жозибадорлигини орттирувчи ингредиентлардан (хушбўй ҳид берувчи моддалардан) фойдаланиш тартибини белгилаш.

Норматив ҳужжат

2019 йил

1 апрель

"Ўзстандарт" агентлиги (Д.Саттаров), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов)

8.

Ўзбекистон Республикаси томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тамакига қарши курашиш бўйича доиравий конвенциясининг Тамаки маҳсулотлари ноқонуний савдосини тугатиш тўғрисидаги протоколи ратификация қилиниши бўйича ижтимоий-молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини таҳлил қилиш.

Ўрганиш натижалари бўйича Протоколни ратификация қилиш зарурати бўйича таклифлар киритиш.

Таҳлилий

маълумотнома

2019 йил

1 сентябрь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Молия вазирлиги (А.Хайдаров), Иқтисодиёт вазирлиги (Б.Ходжаев), Давлат божхона қўмитаси (М.Азимов), Давлат солиқ қўмитаси (Б.Мусаев)

9.

Республикага микронутриентлар билан бойитилмаган биринчи нав буғдой унини олиб киришни (импорт қилишни) чеклаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Таҳлилий

маълумотнома

2019 йил

1 июнь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Давлат божхона қўмитаси (М.Азимов), "Ўздонмаҳсулот" АЖ (Ф.Пулатов), Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

10.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази, унинг ҳудудий бўлимлари, туман (шаҳар) бўлинмаларининг фаолиятини ташкил қилиш, шу жумладан:

низомларни тасдиқлаш ҳамда уларни давлат рўйхатидан ўтказиш;

уларни зарур ўқув ва лаборатория ускуналари, мебель ва компьютер техникаси билан жиҳозлаш;

уларни юкланган вазифаларни лозим даражада бажара оладиган юқори малакали кадрлар билан тўлдириш;

уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019 йил

1 февраль

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Молия вазирлиги (А.Хайдаров)


II. АҲОЛИНИНГ СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШИНИ ТАЪМИНЛАШ

БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ

11.

Қуйидагилар бўйича бозор механизмларини жорий қилиш:

а) соғлом озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш (тайёрлаш) ва сотишни рағбатлантириш;

Чора-тадбирлар

комплекси

Тасдиқлаш -

2019 йил

1 апрель

Молия вазирлиги (А.Хайдаров), Давлат солиқ қўмитаси (Б.Мусаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Б.Ходжаев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Давлат божхона қўмитаси (М.Азимов), Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов)

б) таркибида ёғлар, туз, қанд миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни чеклаш, жумладан:

ортиқча калориялар истеъмол қилинишини қисқартириш ва ортиқча вазн (семириш) хавфини камайтириш мақсадида порциялар миқдори ва ўровлар ўлчамларини чеклаш;

истеъмолчиларни соғлом озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишига йўналтириш стратегиясини (соғлом озиқ-овқат маҳсулотларини савдо объектида ўзига жалб қиладиган муҳитда ва пештахталарнинг ) ишлаб чиқиш.

Амалга ошириш -

2019-2021 йиллар

12.

Турли деҳқончилик шароитларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби ва сифатини, шунингдек, миллий таомларнинг фармакодинамик хусусиятларини ўрганиш бўйича илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш.

Чора-тадбирлар

комплекси

Тасдиқлаш -

2019 йил

1 март

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Б.Юсупов), Инновацион ривожланиш вазирлиги, (И.Абдурахмонов), Фанлар академияси (Б.Юлдашев)

Ўрганиш асосида маҳаллий озиқ-овқатларнинг таркибидаги микроэлементлар ва витаминлар бўйича электрон маълумотнома тузиш.

Электрон маълумотномани Интернет тармоғига жойлаштириш.

Амалга ошириш -

2019-2020 йиллар

13.

Нутрициология соҳасидаги замонавий ютуқлар асосида аҳолининг ёши, жинси ва касби бўйича турли гуруҳлари учун овқатланишнинг мақбул меъёрларини қайта кўриб чиқиш.

Санитария қоидалари

ва меъёрларига

ўзгартиришлар киритиш

2020 йил

1 ноябрь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК (Т.Жалилов)

14.

Замонавий инновацион технологияларни қўллаган ҳолда, экспортга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини, шу жумладан:


Чора-тадбирлар

комплекси

Тасдиқлаш -

2019 йил

1 июнь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Б.Юсупов), Иқтисодиёт вазирлиги (Б.Ходжаев), Ташқи савдо вазирлиги (Ж.Ходжаев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК (Т.Жалилов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

таркибида табиий равишда талаб қилинаётган даражада функционал ингредиентлар ёки уларнинг гуруҳлари талаб даражасида мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини;

ҳар қандай функционал ингредиент ёки уларнинг гуруҳлари билан қўшимча бойитилган табиий маҳсулотларни;

таркибидан зарарли компонент олиб ташланган табиий маҳсулотлар;

таркибидаги эҳтимолий функционал ингредиентлар ўз физиологик фаоллигини намоён қила бошлайдиган ёки ушбу фаоллик кучаядиган тарзда модификация қилинган табиий маҳсулотлар;

у ёки бу модификациялар натижасида таркибига кирувчи функционал ингредиентларнинг биологик ўзлаштирилиши ортадиган табиий озиқ-овқат маҳсулотлари;

юқорида кўрсатилган технологиялар мажмуасини қўллаш натижасида инсоннинг жисмоний ва руҳий саломатлигини сақлаб қолиш ва яхшилаш ҳамда касалликлар юзага келиши хавфини пасайтириш қобилиятига эга бўлувчи табиий озиқ-овқат маҳсулотларини;

жисмоний фаолликни ва салбий омилларга турғунликни орттиришга мўлжалланган ихчам ўралган порцияли функционал овқатланиш маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва етиштириш.

Амалга ошириш -

2019-2020 йиллар

15.

Қуйидагиларни амалга ошириш орқали озиқ-овқат қўшимчаларидан (ранг берувчи, хушбўй ҳид берувчи, консервантлар ва бошқалар) фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш:

Чора-тадбирлар

комплекси

Тасдиқлаш -

2019 йил

1 март


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Молия вазирлиги (А.Хайдаров), "Ўзстандарт" агентлиги (Д.Саттаров), "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК (Т.Жалилов), "Ўздонмаҳсулот" АЖ (Ф.Пулатов)

синов лабораторияларини замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;

озиқ-овқат саноатида қўлланиладиган қўшимча моддаларнинг таркибини ўрганиш;

озиқ-овқат қўшимчаларининг йўл қўйилган концентрацияларини аниқлаш.

Амалга ошириш -

2020 йил

1 январь

III. СОҒЛОМ МУҲИТНИ ШАКЛЛАНТИРИШДА ФУҚАРОЛИК

ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИНИНГ ИШТИРОКИ

16.

Таълим ва тиббиёт муассасаларида соғлом турмуш тарзини олиб бориш учун шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан:

мазкур муассасаларнинг ҳудудларида таркибида ёғлар, туз ва қанд миқдори юқори бўлган маҳсулотларни реклама қилиш, тайёрлаш ва сотишга йўл қўймаслик;

таълим муассасаларининг ўқув дастурларига ўқувчиларнинг соғлом турмуш тарзини олиб бориш ва жисмоний фаоллигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни жорий қилиш;

соғлом овқатланиш меъёрларини ишлаб чиқиш ва таълим муассасалари амалиётига жорий қилиш;

шу жумладан турли ёш гуруҳлари фойдаланиши мумкин бўлган спорт секцияларининг қамровини кенгайтириш, давлат-хусусий шериклиги асосида;

ўқувчиларни хавфсиз ва фаол ҳаракатланиши (пиёдалар ва велосипед ҳайдовчилари учун йўлкалар) учун шарт-шароит яратиш;

ўқув машғулотлари бошлангунга қадар ва ўқув машғулотлари вақтида беш дақиқалик гимнастика машғулотларини ташкил қилиш;

ўқувчилар орасида мунтазам ўтказилувчи спорт мусобақаларини ташкил қилиш;

таълим муассасаларида тамаки ва алкоголь маҳсулотларининг истеъмол қилинишига йўл қўймаслик устидан назоратни таъминлаш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

комплекси

2019-2022 йиллар

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Мактабгача таълим вазирлиги (А.Шин), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши (К.Рафиков), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (К.Куранбаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

17.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда пиёдалар, велосипед ҳайдовчилари, ғилдирак ёрдамида ҳаракатланишнинг бошқа усулларидан (шу жумладан, ғилдиракли ўриндиқ, коньки, роликли коньки) фойдаланувчилар ва жамоат транспорти йўловчиларининг шахсий хавфсизлигини таъминлаш.

Чора-тадбирлар

комплекси

Тасдиқлаш -

2019 йил

1 март


Амалга ошириш -

2019-2022 йиллар

Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Автомобиль транспорти агентлиги (Д.Дехканов)

18.

Қишлоқлар, посёлкалар ва овуллар ҳамда шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларида соғлом турмуш тарзини олиб боришга кўмаклашувчи шарт-шароитларни яратиш, шу жумладан:

ҳар бир маҳаллаларда аҳолини соғлом турмуш тарзи юритишига кенг тарғиб қилувчи "Саломатлик мактаби"ни ташкил қилиш, вазифаларини белгилаш ва фаолиятини таъминлаш;

таркибида ёғлар, туз, қанд миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва сотишни чеклаш;

умумий овқатланиш корхоналарининг менюларига сабзавотлар, мевалар ва бошқа фойдали озиқ-овқат маҳсулотларининг киритилишини рағбатлантириш;

ҳаракатланишнинг хавфсиз ва фаол усуллари учун инфраструктурани ривожлантириш, шу жумладан пиёдалар ва велосипед ҳайдовчилари учун йўлкалар қуриш ва (ёки) қайта қуриш;

жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун ҳудудлар ва иншоотларни, шу жумладан давлат-хусусий шериклиги асосида қуриш ва реконструкция қилиш;

парклар ҳудудларида бепул спорт майдончаларини қуриш ва кенгайтириш ;

хавфсиз болалар майдончалари қурилишини ташкил қилиш;

тегишли ҳудудларда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ва истеъмол қилиш қоидалари бузилишига йўл қўймаслик бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун ажратилган махсус белгиланган жойлар ва (ёки) хоналардан ташқари, жамоат жойларида ҳамда жамоат транспортининг барча турларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги огоҳлантирувчи белгиларни жойлаштиришни ташкил қилиш;

уюшмаган аҳолининг турли ёш гуруҳлари учун "Эъзозли аёллар" ижтимоий ҳаракати негизида фаол турмуш тарзини олиб бориш бўйича клублар ташкил қилиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

комплекси

2019-2022 йиллар

"Маҳалла" жамғармаси (Ш.Жавлонов), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Давлат солиқ қўмитаси (Б.Мусаев), Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Қурилиш вазирлиги (А.Тухтаев), "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК (Т.Жалилов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

19.

Иш жойларида соғлом турмуш тарзини олиб боришга кўмаклашувчи шарт-шароитларни яратиш, шу жумладан:

пиёдалар учун йўлкалар қуриш ва жисмоний фаолликни рағбатлантирувчи кўрсаткичларни ўрнатиш;

иш берувчилар томонидан ходимларнинг иш вақти давомида ишчилар ишлаб чиқариш гимнастикаси комплексларини бажаришлари учун махсус танаффуслар белгиланиши;

иш берувчилар томонидан ишчиларнинг ишлаб чиқариш гимнастикаси комплексларини бажаришлари учун спорт инвентарлари билан жиҳозланган хоналар ажратилиши;

ходимлар бўш вақтларини ташкил қилишдаги касаба уюшмаларининг ролини ошириш орқали корпоратив спортни ривожлантиришни рағбатлантириш;

иш жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ва истеъмол қилиш қоидаларининг бузилишига йўл қўймаслик устидан самарали назоратни таъминлаш;

иш жойларини аттестациядан ўтказилишини таъминлаш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

комплекси

2019-2022 йиллар

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Ш.Кудбиев), Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши (К.Рафиков), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов)

20.

Лойиҳа ташкилотлари жамоат объектларини (мактаб, тиббиёт, спорт ва кўнгилочар муассасалар, турар жойлар, кўп квартирали уйлар ва бошқалар) лойиҳалаштиришда ушбу объектлардан фойдаланаётган шахсларнинг жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун имкониятлар яратишни назарда тутишлари шарт бўлган тартибни ўрнатиш.

Идоравий норматив ҳужжатлар

2019 йил

1 июнь

Қурилиш вазирлиги (А.Тухтаев), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов)

21.

Спорт объектларининг туманлар (шаҳарлар) бўйича зоналарга бўлиб ҳамда иш фаолиятининг тавсифлари, машғулотларнинг нархи, иш вақти ва бошқа маълумотларни келтириб ўтган ҳолда ягона маълумотлар базасини яратиш ва Интернет тармоғига жойлаштириш

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019 йил

1 июнь

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

IV. СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ МУАССАСАЛАРИ ТОМОНИДАН ЮҚУМЛИ БЎЛМАГАН

АСОСИЙ КАСАЛЛИКЛАР БЎЙИЧА КЎРСАТИЛАЁТГАН ХИЗМАТЛАР СИФАТИНИ ЯХШИЛАШ

22.

Қуйидагиларни амалга ошириш орқали республика бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг артериал гипертония, қандли диабет, бронхиал астма, ўпка сурункали обструктив касалликлари ва бошқа юқумли бўлмаган касалликлар бўйича клиник протоколлари, стандартлари ҳамда тавсияларининг талабларини жорий қилиш:

соғлиқни сақлаш органларининг бош мутахассислари, умумий амалиёт врачлари ва патронаж ҳамшираларини ўқитишни ташкил қилиш;

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида даволаш-диагностика хизматларини кўрсатиш, лабораторияларни реактивлар билан жиҳозлаш, беморларни асосий дори воситалари билан таъминлаш;

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган асосий дори воситаларини давлат томонидан кафолатланган ҳажмдаги тиббий ёрдам рўйхатига киритиш;

бирламчи-тиббий санитария ёрдами муассасаларининг сифат кўрсаткичлари ва муассасанинг юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси бўйича фаолияти кўрсаткичларини шакллантиришни назарда тутган ҳолда статистик ҳисоботлар юритишни қайта кўриб чиқиш ва мақбуллаштириш;

тиббиёт ўрта бўғини ходимлари томонидан аҳолини врачдан олдин кўрикдан ўтказиш пунктларини ташкил қилиш;

юқумли бўлмаган касалликларга чалинган беморларни ўзларини парваришлаш ва саломатлик ҳолатини назорат қилишга ўқитиш;

соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилишдан воз кечиш бўйича, шу жумладан ишонч телефонлари ва "тезкор алоқа тармоғи" орқали қисқа маслаҳатлар бериш

Ташкилий

чора-тадбирлар

комплекси

2019-2022 йиллар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Молия вазирлиги (А.Хайдаров), Давлат статистика қўмитаси (Б.Бегалов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

23.

Ҳар бир бемор учун хавфли омиллар ва юқумли бўлмаган касалликлар бўйича саломатлик профилини (овқатланиш характери, тамакига қарамликнинг мавжудлиги, тана вазни индекси, артериал босим, қондаги қанд ва холестерин даражаси ва бошқалар) яратишни назарда тутувчи дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига жорий қилиш.

Дастурий таъминот

2022 йил

1 январь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков)


24.

Қуйидагиларни назарда тутувчи қўллаб-қувватловчи кураторлик тизими орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида узлуксиз баҳолаш ва хизматлар сифатини орттириш механизмларини жорий қилиш:

тиббий ходимлар хизматларини баҳолашнинг стандарт усуллари, сифат кўрсаткичлари ва индикаторлар тўпламини ишлаб чиқиш;

тиббий хизматлар сифатини оширишда ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида мутахассис-кураторларни қўллаб- қувватловчи кураторлик тамойилларига ўргатиш;

тиббий ходимлар фаолиятида тизимли ва шахсий муаммоларни, бўшлиқларни аниқлаш ҳамда иш сифатини ошириш ва ўз устида ишлаш бўйича тавсиялар бериш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2020 йил

1 январь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов)

25.

Қуйидагиларни амалга ошириш орқали юқумли бўлмаган касалликлар соҳасида ижтимоий хизматларни кўрсатиш тизимини такомиллаштириш:

фаолият натижалари ва сифатини баҳолаш индикаторлари тўпламини ўз ичига олган ижтимоий хизматлар пакетини ишлаб чиқиш;

тиббий ва ижтимоий соҳа ходимлари учун тиббий-ижтимоий ёрдамнинг янги регламентларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;

тиббий ва ижтимоий соҳа ходимлари ҳамкорлигининг механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан аҳолининг юқумли бўлмаган касалликлар бўйича биргаликда ишлашни ташкил қилиш бўйича қўлланмалар ишлаб чиқиш ва жорий қилиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019 йил

1 декабрь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов)

V. ЮҚУМЛИ БЎЛМАГАН КАСАЛЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИ, АҲОЛИНИНГ СОҒЛОМ ТУРМУШ

ТАРЗИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА ЖИСМОНИЙ ФАОЛЛИК ДАРАЖАСИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАРНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ ВА БАҲОЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

26.

Аҳоли томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини, шу жумладан, муайян номли озиқ-овқат маҳсулотларини амалда истеъмол қилинишини таҳлил қилиш ҳамда истеъмолчиларнинг ушбу озиқ-овқат маҳсулотларига муносабатларини баҳолашни ўз ичига олган кенг кўламли мониторингни амалга ошириш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

комплекси

2020 йил

1 январь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Иқтисодиёт вазирлиги (Б.Ходжаев), "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК (Т.Жалилов)


27.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида қуйидагиларни ўз ичига олувчи юқумли бўлмаган касалликларни эпидемиологик мониторингини амалга ошириш протоколини ишлаб чиқиш:

эпидемиологик мониторинг кўрсаткичлари рўйхати;

кўрсаткичларни жамлаш ва таҳлил қилишда иштирок этувчи муассасалар рўйхати;

кўрсаткичларни таҳлил қилиш методологияси;

кўрсаткичларни тўплашнинг даврийлиги ва бошқалар.

Соғлиқни сақлаш

вазирининг буйруғи

2019 йил

1 сентябрь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов)

28.

Тиббиёт муассасаларининг ҳисобга олиш ва ҳисобот ҳужжатларига юқумли бўлмаган касалликларнинг хавфли омиллари бўйича кўрсаткичларни киритиш орқали ушбу касалликлар бўйича тиббий-статистика ҳисоби ва ҳисоботи тизимини такомиллаштириш.

Асосий касалликлар (қандли диабет, хавфли ўсмалар, онкологик касалликлар, миокард инфаркти, инсульт ва бошқалар) бўйича касалликларнинг тобора авж олишини, уларнинг асоратлари ривожланишини кузатиб бориш имкониятини берувчи регистрларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш.

Чора-тадбирлар

комплекси

Тасдиқлаш -

2019 йил

1 апрель


Амалга ошириш -

2021 йил

1 январь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Давлат статистика қўмитаси (Б.Бегалов)

29.

Ўзбекистон аҳолиси орасида халқаро қабул қилинган стандарт методология асосида кенг кўламли тадқиқотлар ўтказиш, шу жумладан:

HBSC текшируви - мактаб ёшидаги болалар орасида саломатлик соҳасида феъл-атворни ўрганиш;

GYTS текшируви - мактаб ўқувчилари орасида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг тарқалганлигини ўрганиш;

STEPS текшируви - катта ёшдаги аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликлар хавфли омилларининг тарқалганлигини ўрганиш;

анемия (темир моддаси, В12 витамини етишмаслиги), йод етишмаслиги, фолий кислотаси ва А витамини етишмаслигининг тарқалганлиги ва сабабларини ўрганиш;

аҳоли томонидан туз истеъмол қилиш даражасини ўрганиш.

Чора-тадбирлар

комплекси

Тасдиқлаш -

2019 йил

1 июнь


Амалга ошириш -

2019-2022 йиллар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р.Изамов), Иқтисодиёт вазирлиги (Б.Ходжаев), манфаатдор вазирлик ва идоралар

30.

Қуйидагиларни амалга ошириш йўли билан соғлом муҳитни барпо қилиш бўйича жамоатчилик мониторинги тизимини жорий қилиш:

жамоат жойлари ва жамоат транспортида тамаки ва алкоголдан холи бўлган муҳитни яратишга қаратилган қонунчиликка риоя қилинишининг жамоатчилик мониторингини ўтказиш методологияси ва воситаларини ишлаб чиқиш;

жамоатчилик ва ваколатли органларни жамоатчилик мониторинги натижаларидан хабардор қилиш;

соғлом турмуш тарзини олиб боришга кўмаклашаётган савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналари, парк ҳудудлари ва бошқа объектлар ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчиликни бузаётганлар рейтингини тузиш ва Интернет тармоғида эълон қилиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019-2022 йиллар

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти (Р.Камилов), Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси (Т.Нарбаева), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (К.Куранбаев), "Маҳалла" жамғармаси (Ш.Жавлонов), Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши (К.Рафиков), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Миллий телерадиокомпания (А.Ходжаев)

VI. КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ

ОШИРИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

31.

Ўрта тиббий ходимларни тайёрлаш, ихтисослаштириш ва малакасини ошириш дастурларини такомиллаштириш, шу жумладан:

ўқув дастурларининг таркибида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларнинг хавфли омиллари профилактикаси, беморларни ўзларини парваришлаш ва саломатлик ҳолатини назорат қилишга ўргатиш, шунингдек, тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш бўйича ўқув дастурларидаги фанлар улушини кўпайтириш;

ўрта тиббий ходимларни "Диабетик оёқ юзи бўйича тиббий ҳамшира - подиатр", "Соғлом овқатланиш бўйича маслаҳатчи", "Тамакидан воз кечиш бўйича маслаҳатчи", "Бронхиал астма бўйича маслаҳатчи" ва бошқа йўналишларда ихтисослаштириш ва сертификатлаш дастурларини ишлаб чиқиш.

Ўқув дастурларига

ўзгартиришлар киритиш

2020 йил

1 июль

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р.Изамов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов)

32.

Етакчи хорижий соғлиғини сақлаш муассасалари (шу жумладан Қозоғистон Республикаси Жамият соғлиғини сақлаш олий мактаби) билан яқин алоқаларни ўрнатиш орқали олий тиббий таълим муассасалари тиббиёт-профилактика йўналишидаги кафедралари ўқитувчиларининг жамият саломатлиги ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом овқатланиш, диетология масалалари бўйича малакасини ошириш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

комплекси

2020 йил

1 декабрь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев),

Ташқи ишлар вазирлиги (А.Камилов)

33.

Олий тиббий таълим муассасалари тиббиёт-профилактика йўналишидаги соҳа кафедралари ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг Жамият соғлиғини сақлаш мактаби ва тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимининг ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш ва уларни халқаро талабларга мослаштириш.

Ўқув дастурларига

ўзгартиришлар киритиш

2019 йил

1 июль

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов)

34.

Тиббиёт институтларининг тиббий-профилактика йўналишидаги соҳа кафедралари ҳамда Тошкент тиббиёт академияси Жамият соғлиғини сақлаш мактабининг ўқув дастурларини Европа минтақасининг жамият соғлиғини сақлаш мактаблари ассоциацияси (ASPHER - The Association of Schools of Public Health in the European Region) томонидан аккредитация қилинишини таъминлаш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

комплекси

2022 йил

1 январь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов)

35.

Халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда нутрициология, диетология ва жамият соғлиғини сақлаш соҳаларидаги мутахассисларни малака талабларини қайта кўриб чиқиш.

Малака талаблари

2019 йил

1 июль

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев)

VII. ЮҚУМЛИ БЎЛМАГАН КАСАЛЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИНИ ТАЪМИНЛАШ,

АҲОЛИНИНГ СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ, ЖИСМОНИЙ ФАОЛЛИГИНИ

ОШИРИШ СОҲАСИДА АХБОРОТ-МАЪРИФИЙ ФАОЛИЯТНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

36.

Соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик даражасини ошириш, соғлом турмуш тарзини олиб бориш, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилинишидан воз кечиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш ва оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Интернет тармоғи ҳамда ижтимоий тармоқларда жойлаштириш.

Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, жисмоний фаоллик даражасини ошириш бўйича баннерлар, плакатлар, буклетлар ва бошқа ахборот-маърифий материалларни тайёрлаш, шу жумладан, уларни савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналари, тиббий ва таълим муассасалари, шаҳар ва туманларнинг марказий кўчалари, одамлар кўп тўпланадиган жойлар, жамоат транспортида жойлаштириш йўли билан тарқатиш.

Ахборот-маърифий

материаллар

2019-2022 йиллар

Миллий телерадиокомпания (А.Ходжаев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

37.

Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, жисмоний фаоллик даражасини ошириш бўйича видеороликларни тайёрлаш ва телевиденияда (кунига прайм-тайм соатларида камида 1 марта) ҳамда Интернет тармоғи орқали намойиш қилиш, уяли телефон фойдаланувчиларига ҳар куни смс-хабарларни жўнатиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019-2022 йиллар

Миллий телерадиокомпания (А.Ходжаев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

38.

Соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаётган мутахассисларва машҳур инсонлар иштирокида телекўрсатувлар тайёрлаш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019-2022 йиллар

Миллий телерадиокомпания (А.Ходжаев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (К.Куранбаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

39.

Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари, савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналари ва бошқа ташкилотларда соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик даражасини ошириш ва соғлом турмуш тарзини олиб бориш бўйича давра суҳбатлари, семинарлар ўтказиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019-2022 йиллар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (К.Куранбаев), "Маҳалла" жамғармаси (Ш.Жавлонов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

40.

"Соғлом ҳаётга қадам ташла!", "Соғлом муҳитни (тамаки ва алкоголдан холи) танлаймиз!" шиорлари остида концертлар, театр томошалари, спорт мусобақаларини ўтказиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019-2022 йиллар

Маданият вазирлиги (Б.Сайфуллаев), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (К.Куранбаев)


41.

Ҳар йили "Соғлом маҳалла", "Соғлом мактаб", "Соғлом корхона" ва ҳ.к. танловларини ўтказиш.

Танлов ғолибларини аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Танлов натижалари асосида соғлом турмуш тарзини олиб бориш кўрсаткичи бўйича маҳалла, мактаб, ташкилотларнинг рейтингини тузиш ва Интернет тармоғида жойлаштириш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

комплекси

2019-2022 йиллар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (К.Куранбаев), "Маҳалла" жамғармаси (Ш.Жавлонов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Изоҳ. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тегишли ҳуқуқий муносабатларнинг соҳа ва тартибга солиш предметига қараб ягона ҳужжатга бирлаштирилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 19 декабрь


"Халқ сўзи", 2018 йил 19 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 24 декабрь, 51-сон, 974-модда








































Время: 0.2316
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск