ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Одил судловга юбориш. Процессуал қонунчилик / Умумий қоидалар /

Суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки судга узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортган шахсларни мажбурий келтириш бўйича топшириқларни ижро этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.12.2018 й. 1024-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 15 декабрдаги

1024-сон қарорига

ИЛОВА



Суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки

судга  узрсиз  сабабларга  кўра  келишдан  бош

тортган шахсларни мажбурий келтириш бўйича

топшириқларни ижро этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки судга узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортган шахсларни мажбурий келтириш (кейинги ўринларда мажбурий келтириш деб аталади) бўйича топшириқларни ижро этиш тартибини белгилайди.


2. Мажбурий келтириш учун суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг мажбурий келтириш тўғрисидаги қарори ҳамда жиноят, маъмурий ёки фуқаролик ишлари бўйича суднинг ажрими асос ҳисобланади.


3. Мажбурий келтириш гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи, гувоҳнинг жиноят ишлари бўйича процессуал ҳаракатларда ёки суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун, башарти улар узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортганлиги аниқланган тақдирда, қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 313-моддасига мувофиқ суд муҳокамасида иштирок этиши шарт бўлган ёки судга келиши ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда суд томонидан шарт деб топилган, тегишли тарзда хабардор қилинган шахс судга узрсиз сабабларга кўра келмаса ёхуд келмаганлиги сабабларини маълум қилмаса, суд томонидан унга нисбатан мажбурий келтириш тўғрисида ажрим чиқарилиши мумкин.


4. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 144-моддасига мувофиқ мажбурий келтириш вояга етмаганларга, ҳомиладор аёлларга, касаллиги, ёши ёки бошқа узрли сабабларга кўра суд мажлисига кела олмайдиган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Жиноят ишлари бўйича вояга етмаган шахсларни мажбурий келтириш уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар орқали амалга оширилади Ички ишлар органи ходими мажбурий келтиришни амалга ошираётганида келтирилиши лозим бўлган вояга етмаган шахснинг ота-онасини ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) билан таништириб, бу ҳақда имзо чектиради.


5. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчини олдиндан чақирувсиз мажбурий келтириш улар суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниб юрган ёки аниқ яшаш жойи бўлмаган тақдирда қўлланилиши мумкин.

Судланувчининг судга келмаганлиги сабабини олдиндан аниқламасдан туриб, мажбурий келтиришга алоҳида ҳолларда, ишни кўриш судланувчи бўлмаганлиги сабабли кейинга қолдирилаётган ва бунда унинг турган жойи тўғрисида маълумот бўлмаган тақдирда ҳам йўл қўйилади.



2-БОБ. МАЖБУРИЙ КЕЛТИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ

ҚАРОР (АЖРИМ)НИ ИЖРО ЭТИШ ТАРТИБИ


6. Мажбурий келтириш тўғрисидаги суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими ушбу қарор ёки ажримда кўрсатилган муддатда ижро этилиши шарт.

Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) иш юритиладиган жойдаги ёки мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахснинг яшаш жойи, турган жойи, иш, хизмат ёхуд ўқиш жойидаги ҳудудий ички ишлар органига ижро учун юборилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 263-моддасига мувофиқ мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)да мажбурий келтирилиши керак бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг процессуал мавқеи, яшаш ёки иш жойи, мажбурий келтириш учун асослар, шахсни қаерга ва қачон олиб келиш кераклиги, мажбурий келтириш кимга топширилганлиги кўрсатилган бўлиши лозим.


8. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 144-моддасига мувофиқ мажбурий келтириш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

ажримнинг чиқарилган вақти ва жойи;

суднинг номи, судьянинг фамилияси, исми ва отасининг исми, суд мажлисининг котиби;

ишда иштирок этувчи шахслар;

низо предмети ва ажрим билан ҳал қилинадиган масаланинг моҳияти;

суднинг хулосасига олиб келган асослар ва суд амал қилган қонунлар ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар;

суднинг ҳал этилаётган масала юзасидан хулосаси;

ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) тартиби ва муддати.

Мажбурий келтириш тўғрисидаги ажримда ушбу банднинг иккинчи - саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотлардан ташқари шахс мажбурий келтирилиши лозим бўлган сана, вақт ва жой, шунингдек мажбурий келтириш қайси ҳудудий ички ишлар органига топширилганлиги кўрсатилади.


9. Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) унда ушбу Низомнинг 7 ёки 8-бандларида кўрсатилган талаблардан бири мавжуд бўлмаган тақдирда, мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) ижрога қабул қилинмасдан, камчиликларни бартараф этиш учун йўлланма хат билан қарор (ажрим) чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга дарҳол юборилади.


10. Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) келиб тушган куннинг ўзида ички ишлар органининг котибиятида юритилган махсус журналда рўйхатга олиниши ва ички ишлар органи бошлиғи, у бўлмаганда унинг вазифасини вақтинча бажарувчи шахс томонидан ижро этиш учун профилактика (катта) инспектори ёки жиноят қидирув ходимига топширилиши ва ижроси назорат қилиниши лозим.

Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)нинг ижросини таъминлаш мақсадида бошқа туман ёки вилоятга бориб келиш зарурати туғилганда бириктирилган ҳудудни ташлаб кетиш лозим бўлган ҳолатларда профилактика (катта) инспекторларига қарор (ажрим)ни ижро этиш учун топширилиши қатъиян тақиқланади.


11. Ички ишлар органи ходими мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахсни мажбурий келтириш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган вақтда ва жойга олиб бориш чораларини кўриши шарт.

Ички ишлар органи ходими мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)ни ижро этишда шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига амал қилиши, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши ҳамда мажбурий келтирилаётган шахсга унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши шарт.


12. Шахсни мажбурий келтириш соат 06:00 дан 22:00 гача бўлган вақт оралиғида амалга оширилади, ушбу Низомнинг 5-банди биринчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.


13. Мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахс топилган тақдирда, ички ишлар органи ходими унга мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)ни таништириб, тилхат олиши ва мазкур қарор (ажрим)ни чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга олиб келиши шарт. Бунда қарор (ажрим)га шахс топилган вақт ва жой, уни олиб келиб топширилган вақт, шунингдек унинг мажбурий келтирилиши билан боғлиқ ариза, шикоят ва илтимослар ҳақидаги маълумотнома илова қилиниши лозим.


14. Мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахс ўқиса ёки ишласа мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) унинг ўқиш ёки иш жойидаги маъмуриятига маълум қилинади ва ижросини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиши юзасидан кўрсатма берилади.


15. Мажбурий келтиришни ижро этиш вақтида қонуний талабларга қаршилик кўрсатилганда ички ишлар органи ходими қаршилик кўрсатган шахсга нисбатан "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ жисмоний куч, махсус восита ва ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга.

Мазкур ҳолда баённома тузилади ва унда ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, вақти ва жойи ҳамда шахсга нисбатан қўлланилган чоралар кўрсатилади. Жисмоний куч ва махсус восита қўлланилганлиги ҳақида икки кун муддатда, ўқотар қурол қўлланилганлиги ҳақида 24 соатда билдирги билан бирга баённома ички ишлар органи бошлиғига тақдим этилади. Бу ҳақда мажбурий келтириш тўғрисида қарор (ажрим) чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд хабардор қилинади.

Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига, шунингдек, юридик шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек ўқотар қурол қўлланилган барча ҳолатлар тўғрисида прокурорга дарҳол хабар берилади.


16. Мажбурий келтирилган шахс суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга топширилганда улар томонидан шахс қабул қилиб олинганлиги ҳақида маълумотнома (баённома) нусхасига имзо қўйиб, тасдиқлайди.


17. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 264-моддасига мувофиқ ички ишлар органи шахснинг қочиб кетганлиги, таътилда, хизмат сафарида эканлиги, оғир касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра йўқлиги оқибатида мажбурий келтиришга имкон бўлмаганлигини аниқласа, бу ҳақда маълумотнома тузади ҳамда қарорни ёки ажримни чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурорга ёхуд судга хабар беради.

Ушбу маълумотномада шахсни мажбурий келтиришга имкон бермаган ҳолатлар батафсил ёритилиб, мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)ни ижро этаётган ходим, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, холислар ва бошқа иштирок этган шахслар томонидан имзоланади.


18. Мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахс, чақирилган жойга оғир касаллиги туфайли бора олмаслигини маълум қилган тақдирда, унинг касаллиги ҳудудий соғлиқни caқлаш муассасаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланиши шарт.

Ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган тиббий маълумотнома шахсни мажбурий келтиришга имкон бўлмаганлиги муносабати билан тузилган маълумотномага илова қилиниши лозим.


19. Мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахсни яшаш ёки иш жойидан топишнинг имкони бўлмай, ҳақиқий турар жойини аниқлаш учун вақт талаб этиладиган ҳолларда, мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья бу ҳақида 5 кун муддатда хабардор қилинади.



4-БОБ. МАЖБУРИЙ КЕЛТИРИШ УЧУН

ҚИЛИНГАН ПРОЦЕССУАЛ ЧИҚИМЛАРНИ

УНДИРИШ ТАРТИБИ


20. Мажбурий келтириш билан боғлиқ харажатлар мажбурий келтирилган шахсдан суд тартибида давлат фойдасига ундирилади.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга чақирилганда келмаган процесс иштирокчисидан - ишнинг судда кўрилиши ёки тергов ҳаракатлари ўтказилиши унинг узрсиз сабабларга кўра келмаслиги оқибатида кечиктирилган ҳолларда ҳам процессуал чиқимлар суд тартибида давлат фойдасига ундирилади.


21. Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарорни ижро этган ички ишлар органи ходими қилинган харажатлар ҳақидаги маълумотномани икки кун ичида ички ишлар органларининг молия бўлинмаларидан олиши ва ундириш чорасини кўриш учун суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга тақдим этиши шарт.

Мажбурий келтириш учун қилинган харажатлар ҳақидаги маълумотнома ички ишлар органларининг молия бўлинмалари томонидан имзоланган ва гербли муҳр қўйилган бўлиши лозим.


22. Фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича суд муҳокамасига мажбурий келтирилаётган шахснинг, шу жумладан жиноят ишлари бўйича жабрланувчи ёки гувоҳнинг келиб кетиш, турар жойни ижарага олиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш имкониятига эга эмаслиги тўғрисида тасдиқланган ҳужжатлар асосида ушбу харажатлар суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажримига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланади.


23. Мажбурий келтириш билан боғлиқ харажатлар назоратни олиб борувчи прокурор томонидан берилган даъво аризаси асосида ҳам ундирилиши мумкин.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


24. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 17 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 24 декабрь, 51-сон, 979-модда








































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск