ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Банкротлик / Санация /

Давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича "йўл хариталари" - дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга оширилишини мониторинг қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.12.2018 й. 1013-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 14 декабрдаги

1013-сон қарорига

3-ИЛОВА



Давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий

соғломлаштириш бўйича "йўл хариталари" - дастурларни

ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга оширилишини

мониторинг қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий соғломлаштириш бўйича "йўл хариталари" - дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга оширилишини мониторинг қилиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низом устав фондида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат унитар корхоналарига (кейинги ўринларда корхоналар деб аталади) нисбатан қўлланади.

Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд бўлмаган хўжалик юритувчи жамиятлар бошқарув органларининг қарорига кўра жамиятни молиявий соғломлаштириш бўйича "йўл харитаси" - дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун мазкур Низом қоидаларини қўллаши мумкин.


3. "Йўл харитаси" - дастур замирида иқтисодий таваккалчилик ва тўлов қобилиятини тиклаш имкониятига эга бўлган иқтисодий ночор гуруҳларига мансуб корхоналарнинг қувватларидан тўлиқ фойдаланишга ва уларнинг барқарор молиявий-хўжалик фаолиятини таъминлашга қаратилган молиявий соғломлаштириш дастури тушунилади.



2-БОБ. "ЙЎЛ ХАРИТАЛАРИ" - ДАСТУРЛАРНИ

ИШЛАБ ЧИҚИШ


4. "Йўл хариталари" - дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш мазкур Низом иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси молиявий соғломлаштириш бўйича "йўл хариталари" - дастурларни ишлаб чиқиш таклиф этиладиган корхоналар рўйхатини "йўл хариталари" - дастурларни ишлаб чиқишни ташкил этиш учун ҳар йили 15 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли котибиятларига тасдиқлашга киритади. Бунда, юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган, минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар ва мудофаа саноати масалалари котибиятига тақдим этилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг котибиятлари икки кун муддатда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари шунингдек, ҳудудлар (юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган, минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар) бўйича "йўл хариталари" - дастурларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳларни (кейинги ўринларда ишчи гуруҳлар деб аталади) шакллантиради ва тасдиқлайди.

Ишчи гуруҳлар таркибига:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тегишли ахборот-таҳлил департаментларининг масъул ходими;

юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқарув органи раҳбари (раҳбар ўринбосари). Юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган, минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар бўйича ишчи гуруҳ таркибига тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг биринчи ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари киритилади;

зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор, паст рентабелли ва қувватлардан паст даражада фойдаланаётган корхонанинг раҳбари;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат рақобат қўмитаси деб аталади), Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ахборот-таҳлил департаментлари мудири ишчи гуруҳи раҳбари ҳисобланади.


7. Ишчи гуруҳлар ташкил этилгандан сўнг ўн кун муддатда корхоналарнинг молиявий-иқтисодий аҳволини чуқур таҳлил қилади, зарурат бўлганда, жойига чиқиб ўрганади ва корхоналарнинг молиявий-иқтисодий аҳволининг чуқур таҳлили якуни бўйича ҳар бир корхона учун юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига (юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган, минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар бўйича) юбориш учун маълумотнома ва паспорт тўлдиради.


8. Юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган, минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар бўйича) икки ҳафта муддатда Давлат рақобат қўмитаси ва молиявий соғломлаштиришга ҳамда инқироз ҳолатидан чиқарилишига муҳтож бўлган корхоналар билан биргаликда "йўл хариталари" - дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқади.


9. "Йўл хариталари" - дастурлар лойиҳалари корхонани иқтисодий таваккалчилик ёки иқтисодий ночорлик гуруҳидан чиққунга қадар 1 йилдан кам бўлмаган муддатга ишлаб чиқилади.


10. "Йўл хариталари" - дастурлар лойиҳалари корхонанинг молиявий-иқтисодий аҳволи ва унинг фаолияти хусусиятидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олади:

ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий қилиш;

ишлаб чиқариш қувватларини мукаммал капитал ва жорий таъмирлаш;

соҳага хос бўлмаган активлар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини оптималлаштириш ва мавжуд активлардан самарали фойдаланиш;

ички захираларни сафарбар қилиш;

корхоналарни молиявий жиҳатдан таркибий ўзгартириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларининг таннархини пасайтириш;

маркетинг ишларини олиб бориш ва маркитинг стратегиясини ишлаб чиқиш;

узлуксиз ишлаб чиқариш фаолиятини таъминлаш.

"Йўл хариталари" - дастурлар лойиҳалари корхонани иқтисодий таваккалчилик ёки иқтисодий ночорлик гуруҳидан чиқаришга қаратилган чораларни, шу жумладан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилини қўллашни ўз ичига олиши мумкин.

11. Юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган, минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар бўйича), Давлат рақобат қўмитаси ва корхоналар ишлаб чиқилган "йўл хариталари" - дастурлари лойиҳаларини кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳларга киритади.


12. Ишчи гуруҳлар:

беш кун муддатда ишчи гуруҳ аъзолари томонидан "йўл хариталари" - дастурлари лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этади;

икки кун муддатда "йўл хариталари" - дастурлар лойиҳаларини умумлаштиради ва уларни тасдиқлаш учун Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқади;

Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишишни ташкил этади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритади.



3-БОБ. "ЙЎЛ ХАРИТАЛАРИ" - ДАСТУРЛАР

АМАЛГА ОШИРИЛИШИНИ МОНИТОРИНГ

ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИ


13. "Йўл хариталари" - дастурлар амалга оширилишини мониторинг қилиш Давлат рақобат қўмитаси, юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган, минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар бўйича) томонидан "йўл хариталари" - дастурларнинг бажарилиши бўйича маълумотларни йиғиш ва умумлаштириш орқали амалга оширади.


14. Давлат рақобат қўмитаси "йўл хариталари" - дастурлар амалга оширилишини мониторинг қилиш жараёнида:

юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган, минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар бўйича) томонидан "йўл хариталари" - дастурларнинг бажарилиши бўйича тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилади ва умумлаштиради;

ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмай "йўл хариталари" - дастурлар амалга оширилиши мониторинги натижалари бўйича маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли котибиятларига киритади.

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг "йўл хариталари" - дастурлар амалга оширилаётган корхоналарга кўмаклашиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради.


15. "Йўл хариталари" - дастурлар амалга оширилишини мониторинг қилиш учун қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:


а) ҳар ойда, кейинги ойнинг учинчи кунидан кечиктирмаган ҳолда:

"йўл харитаси" - дастурини амалга ошираётган корхона - тадбирларнинг бажарилиши, шунингдек, "йўл хариталари" - дастурларнинг алоҳида тадбирларини амалга ошириш жараёнида вужудга келаётган муаммолар тўғрисидаги маълумотларни юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига (юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган, минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар бўйича);

тижорат банклари "йўл хариталари" - дастурларни амалга ошириш мақсадида ажратиладиган кредитлар (агар ушбу тадбирлар "йўл хариталари" - дастурларда кўзда тутилган бўлса) тўғрисидаги маълумотларни Давлат рақобат қўмитасига;


б) ҳар ойда, кейинги ойнинг бешинчи кунидан кечиктирмаган ҳолда:

юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган, минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар бўйича) Давлат рақобат қўмитасига:

"йўл хариталари" - дастурларни амалга оширилишини мониторинги натижалари бўйича умумлаштирилган маълумот;

"йўл хариталари" - дастурларини амалга оширилиш жараёнидаги муаммолар мавжуд корхоналар тўғрисидаги маълумот.


16. "Йўл хариталари" - дастурларни амалга ошириш якунида, ушбу дастурни амалга оширган корхона юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган, минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар бўйича) билан биргаликда "йўл хариталари" - дастурлардаги прогоноз кўрсаткичларнинг тўлиқ бажарилганлиги тўғрисидаги маълумотни Давлат рақобат қўмитасига тақдим қилади.


17. "Йўл хариталари" - дастурларнинг бажарилиши юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳайъат мажлисларида, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган, минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар бўйича) мажлисларида ҳар чоракда камида бир марта кўриб чиқилади.



4-БОБ. "ЙЎЛ ХАРИТАЛАРИ" - ДАСТУРЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШДА КОРХОНАЛАРГА

КЎМАКЛАШИШ


18. Давлат рақобат қўмитаси мониторинг жараёнида, шунингдек, "йўл харитаси" - дастур амалга оширилаётган корхонанинг мурожаатига кўра, "йўл хариталари" - дастурларини амалга оширишда тўсқинлик қилувчи масалалар юзага келганда:

давлат органларига ва тегишли ташкилотларга "йўл хариталари" - дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда юзага келаётган масалаларни ўз ваколати доирасида ҳал қилишга кўмаклашиш юзасидан илтимоснома юборади;

илтимоснома йўллангандан кейин масала ҳал этилмаган тақдирда "йўл хариталари" - дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда пайдо бўлаётган масалаларни ўз ваколати доирасида бартараф этиши юзасидан давлат органларига ва тегишли ташкилотларга бажарилиши мажбурий бўлган талабнома юборади;

"йўл хариталари" - дастурларни амалга ошираётган корхоналарга рухсат этувчи ҳужжатларни олишда, коммуникация тармоқларига уланишда ва тижорат банкларининг кредитлари ажратилишида кўмаклашади.


19. Ҳисобот ойи мобайнида юборилган илтимосномалар ва талабномалар, шунингдек, уларга мувофиқ давлат органлари, шунингдек, тегишли ташкилотлар томонидан кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли котибиятларига киритиладиган "йўл хариталари" - дастурларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотномада акс эттирилади.

20. Давлат органлари ва масъул ташкилотлар томонидан Давлат рақобат қўмитаси юборилган илтимоснома ва талабномаларга зарур даражада эътибор берилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритади.


21. "Йўл харитаси" - дастур корхона иқтисодий таваккалчилик ёки иқтисодий ночор гуруҳидан чиққанда амалга оширилган ҳисобланади.


22. Давлат рақобат қўмитаси, зарурият бўлганда, йилига камида бир марта жойига борган ҳолда, амалга оширилган "йўл хариталари" - дастурларнинг самарадорлигини ўрганади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


24. "Йўл хариталари" - дастурларни амалга оширишда пайдо бўлган баҳсли ҳолатлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.






Низомга

ИЛОВА



Давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий

соғломлаштириш бўйича "йўл хариталари" -

дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш

СХЕМАСИ

  

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддати









1-босқич


Давлат рақобат қўмитаси


Молиявий соғломлаштириш бўйича "йўл хариталари" - дастурлар ишлаб чиқиш зарур бўлган корхоналар рўйхатини Вазирлар Маҳкамасининг тегишли котибиятларига тасдиқлаш учун киритиш.


ҳар йили

15 апрелга қадар












2-босқич


Вазирлар Маҳкамасининг котибиятлари

"Йўл хариталари" - дастурлар ишлаб чиқиладиган корхоналар ва ишчи гуруҳлар рўйхатини тасдиқлаш.

икки кун муддатда












3-босқич


Ишчи гуруҳлар

Корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, зарурат бўлганда жойига бориш;

Юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органига, шунингдек юқори турувчи бошқарув органи мавжуд бўлмаган корхоналар бўйича (минтақавий аҳамиятга эга бўлган) маҳаллий давлат ҳокимияти органларига маълумотнома ва паспортлар тўлдириш ва юбориш.

ўн кун муддатда












4-босқич


Юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Давлат рақобат қўмитаси, корхоналар


"Йўл хариталари" - дастурларни ишлаб чиқиш ва ишчи гуруҳларга киритиш.


икки ҳафта муддатда












5-босқич


Ишчи гуруҳлар


"Йўл хариталари" - дастурлар лойиҳаларини кўриб чиқиш.


беш кун муддатда












6-босқич


Ишчи гуруҳлар


"Йўл хариталари" - дастурлар лойиҳаларини умумлаштириш ва Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш.


икки кун муддатда












7-босқич


Ишчи гуруҳлар


Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишиш ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритиш.


белгиланган муддатларда












8-босқич


Давлат рақобат қўмитаси,

юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари


"Йўл хариталари" - дастурлар амалга оширилишини мониторинг қилиш.


ҳар ойда









9-босқич


"Йўл харитаси" - дастурни амалга ошираётган корхона


Юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига (минтақавий аҳамиятга эга бўлган корхоналар):


а) "йўл хариталари" - дастурларнинг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни;


б) "йўл хариталари" - дастурларнинг тўлиқ бажарилганлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш.


а) ҳар ойда

кейинги ойнинг учинчи кунидан кечиктирмаган ҳолда;


б) йўл хариталари" - дастурларнинг бажарилиши тугалланганда












тижорат банклари


Давлат рақобат қўмитасига ажратилган кредитлар тўғрисидаги маълумотларни (агар ушбу тадбирлар "йўл хариталари" - дастурларда кўзда тутилган бўлса) тақдим қилиш.


ҳар ойда

кейинги ойнинг учинчи кунидан кечиктирмаган ҳолда












10-босқич


Юқори турувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари


Давлат рақобат қўмитасига

"йўл хариталари" - дастурлар амалга оширилиши мониторинги натижалари бўйича умумлаштирилган маълумотларни;

"йўл хариталари" - дастурларни амалга ошириш жараёнида муаммолари мавжуд корхоналар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилиш.


ҳар ойда

кейинги ойнинг бешинчи кунидан кечиктирмаган ҳолда












11-босқич


Давлат рақобат қўмитаси


"Йўл хариталари" - дастурларни амалга ошириш натижалари бўйича маълумотларни умумлаштириш ва Вазирлар Маҳкамасининг котибиятларига киритиш.


ҳар чоракда

ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмаган ҳолда








12-босқич


Давлат рақобат қўмитаси


Давлат органларига ва тегишли ташкилотларга юзага келаётган муаммоли масалаларни ҳал қилишга кўмаклашиш юзасидан илтимоснома юбориш.


"йўл хариталари" - дастурларни амалга оширишда тўсқинлик қилувчи масалалар юзага келганда










Давлат органлари ва тегишли ташкилотларга юзага келаётган муаммоли масалаларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган талабнома юбориш.


илтимоснома йўллангандан кейин масала ҳал этилмаган тақдирда










Вазирлар Маҳкамасига давлат органлари ва масъул ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш тўғрисида маълумот киритиш.


юборилган илтимоснома ва талабномаларга зарур даражада эътибор берилмаган тақдирда












13-босқич


Давлат рақобат қўмитаси


Амалга оширилган "йўл хариталари" - дастурларнинг самарадорлигини жойига борган ҳолда ўрганиш.


зарурият бўлганда

йилига камида бир марта





Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 17 декабрь










































Время: 0.1694
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск