язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Декабрь, 2018 й./ Тадбиркорлик/ Банкротлик. Санация/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.12.2018 й. 1013-сон "Давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.12.2018 й.

N 1013



ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРНИ

МОЛИЯВИЙ СОҒЛОМЛАШТИРИШ ТИЗИМИНИ

ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш соҳасидаги ишларнинг таҳлили молиявий нобарқарор корхоналар сони ошиб бораётганини, кўрилаётган чоралар эса кутилган самарани бермаётганини кўрсатмоқда. Корхоналарни молиявий соғломлаштиришнинг ҳуқуқий асослари таҳлили қуйидаги бир қатор ечилмаган масалалар мавжудлигидан далолат беради:

биринчидан, тартибга солишда камчиликлар мавжуд. Молиявий соғломлаштириш бўйича тадбирларнинг маълумот йиғишдан мониторинг қилишгача бўлган босқичидаги барча масалаларни қамраб олувчи ягона ҳужжат шу пайтга қадар қабул қилинмаган, мавжуд ҳужжатлар эса жараённинг фақат муайян босқичларини тартибга солади;

иккинчидан, корхоналар томонидан қабул қилинаётган бизнес режаларнинг молиявий соғломлаштиришнинг белгиланган нормативлари билан зарурий боғлиқлиги мавжуд эмас. Корхоналарнинг бошқарув органлари ўз фаолиятида молиявий соғломлаштириш нормативларига мувофиқликни текшириб кўрмаяпти ва корхоналарнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда уларни ҳисобга олишмаяпти;

учинчидан, давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича "йўл харитаси" тушунчаси тавсифи, унинг мазмунига оид талаблар, ишлаб чиқиш ва мониторинг қилиш тартиби мавжуд эмас. Молиявий соғломлаштириш йўл хариталари 2011 йилдан буён ишлаб чиқилаётган бўлишига қарамай, уларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва мониторинг қилиш бўйича норматив база ҳозиргача яратилмаган;

тўртинчидан, "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар жалб қилинмаган. Норматив база йўқлиги сабабли тармоқ идоралари ва ҳокимликлар "йўл хариталари"ни ишлаб чиқишда номигагина иштирок этмоқда ва уларда белгиланган чора-тадбирларнинг ижрочиларидан бири бўлиб қолмоқда;

бешинчидан, молиявий соғломлаштириш бўйича амалдаги ҳуқуқий меъёрларнинг корпоратив бошқарув ва банкротлик жараёнлари доирасида кенг қўлланилиши таъминланмаяпти. Охирги йиллардаги банкротлик тартиботини қўллаш таҳлили динамикаси банкротлик тартиботини жорий қилиш кўлами камайганлагини кўратмоқда. Ҳолбуки, ушбу чора кредиторларнинг қарзларини қайтариш ва корхоналарни молиявий соғломлаштириш нуқтаи назаридан анча самарали ҳисобланади.

Давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштиришнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг молиявий нобарқарорлиги сабабларини тезкор равишда аниқлаш ва барқарор ишлаши учун олдиндан тегишли чора-тадбирлар кўриш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш учун маълумотларни тақдим этиш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолати таҳлилини ўтказиш Регламенти 2-иловага мувофиқ;

Давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича "йўл хариталари" - дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга оширилишини мониторинг қилиш тартиби тўғрисида низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар раҳбарлари, шунингдек, давлат номидан давлат иштирокидаги корхоналарнинг акциядори (улушдори, таъсисчиси) ҳуқуқини амалга оширувчи шахслар зиммасига корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича "йўл хариталари" - дастурларнинг ўз вақтида ишлаб чиқилиши ва уларнинг сўзсиз амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.


3. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзлари акциядор (улушдор) бўлган хўжалик жамиятларида банкротлик аломатлари аниқланган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда ушбу жамиятлар бошқарув органлари таклифи асосида белгиланган тартибда банкротлик тартиботини қўллаш бўйича иқтисодий судларга мазкур корхоналарнинг қарзларини сўндириш ва уларни молиявий соғломлаштириш назарда тутилган мурожаатлар киритилишини таъминласинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Мазкур қарорнинг бжарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Н.Ш. Шарипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                        А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 14 декабрдаги

1013-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Саноат корхоналари ва қурилиш ташкилотларининг барқарор фаолиятини ва уларнинг қувватларидан юқори даражада фойдаланишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2015 йил 26 январдаги 11-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й., 1-сон, 3-модда).


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва қувватлардан паст даражада фойдаланаётган саноат ва қурилиш соҳасидаги корхоналарнинг акциялари давлат пакетларини (улушларини) "ноль" харид қиймати бўйича сотиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2015 йил 27 майдаги 137-сон қарорига 2-илованинг 5-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й., 5-сон, 41-модда).


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Иқтисодий фаолият турларини таснифлашнинг халқаро тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2016 йил 24 августдаги 275-сон қарорига 2-илованинг 14-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й., 8-сон, 81-модда).


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида" 2017 йил 16 августдаги 638-сон қарорига 1-илованинг 76-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 8-сон, 177-модда);


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида" 2017 йил 9 октябрдаги 810-сон қарорига 1-илованинг 27-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 10-сон, 229-модда).



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 17 декабрь