язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Соғлиқни сақлаш/ Умумий қоидалар/ 2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 18.12.2018 й. ПҚ-4063-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 18 декабрдаги

ПҚ-4063-сон қарорига

1-ИЛОВА



2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган

касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом

турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний

фаоллиги даражасини ошириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. НОСОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ ВА ЕТАРЛИЧА

БЎЛМАГАН ЖИСМОНИЙ ФАОЛЛИК НАТИЖАСИДА

ЮЗАГА КЕЛГАН АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИНГ

БУГУНГИ ҲОЛАТИ



Юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликлар бутун дунёда ногиронлик ва ўлимларнинг асосий сабабларидир. Улар асосан юқори қон босими, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш, қондаги холестериннинг юқори даражаси, ортиқча тана вазни, мева ва сабзавотларни етарлича истеъмол қилмаслик ва суст жисмоний фаоллик каби хавфли омиллар туфайли юзага келади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, кейинги бир неча ўн йил ичида ортиқча тана вазни ва семизлик муаммоси бутун дунёда кучайиб бормоқда. 2015 йилнинг ўзида юқумли бўлмаган касалликлар 40 миллион одамнинг умрига завол бўлди, бу эса дунё бўйича барча ўлим ҳолатларининг 70 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистонда ҳар йили барча ўлим ҳолатларининг 78 фоизи юқумли бўлмаган касалликлар туфайли юз бермоқда. 2017 йилда жинси ва ёши бўйича стандартлаштирилган ўлим сабаблари умумий тузилмасида биринчи ўринни қон айланиш тизими касалликлари (69 фоиз), шу жумладан юрак ишемик касаллиги, артериал гипертония ва унинг асоратлари (миокард инфаркти, бош мияга қон қуйилиши) эгаллади. Улардан кейин хавфли ўсмалар (8 фоиз), қандли диабет(3 фоиз) ва нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари (3 фоиз) жой олди.

2014-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда республиканинг 18-64 ёшдаги аҳолиси орасида ўтказган тадқиқот натижалари қуйидагиларни кўрсатди:

ҳар куни аҳолининг учдан икки қисми (67 фоиз) сабзавот ва меваларни етарли миқдорда истеъмол қилмайди (400 граммдан кам);

аҳолининг ярми ортиқча вазнга эга (тана вазни индекси > 25 kg/m-2);

катта ёшдаги аҳолининг ҳар бешинчисида семизлик аниқланган (тана вазни индекси > 30 kg/m-2);

аҳолининг 46 фоизида қондаги холестерин даражаси ортганлиги қайд қилинган;

эркакларнинг 42 фоизи ва аёлларнинг 1,5 фоизи тамаки чекади;

аҳолининг деярли учдан бир қисмида юқори артериал босим (> 140/90 mm Hg) қайд қилинмоқда;

аҳолининг 9 фоизи оч қоринга қондаги глюкозанинг ортган даражасига эга (> 6,1 mol/1);

40-64 ёшдаги аҳолининг бешдан бир қисми ўн йил ичида юрак қон-томир касалликлари ривожланиши хавфига эга;

аҳоли орасида бир кунда истеъмол қилинаётган туз миқдори ўртача 14,9 граммни ташкил қилади, бу эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган кўрсаткичдан (кунига кўпи билан 5 грамм) 3 баравар ортиқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг баҳолашига кўра, 2016 йилда юқумли бўлмаган касалликлар етказган иқтисодий зарар тахминан 9,3 триллион сўмни ташкил қилди, бу эса мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 4,7 фоизига тенг.

Мутахассислар хавфли омиллар профилактикаси ва юқумли бўлмаган касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдамни ташкил қилиш ва кўрсатиш тизимини яхшилаш орқали Ўзбекистонда юқумли бўлмаган касалликлар сабабли барвақт ўлим топиш ҳолатлари 31 фоизининг олдини олиш ёки кечиктириш мумкинлигини таъкидламоқда.



2-БОБ. ЮҚУМЛИ БЎЛМАГАН КАСАЛЛИКЛАР

ПРОФИЛАКТИКАСИ, АҲОЛИНИНГ СОҒЛОМ ТУРМУШ

ТАРЗИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА ЖИСМОНИЙ

ФАОЛЛИГИ ДАРАЖАСИНИ ОШИРИШ ТИЗИМИНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШДАГИ МУАММОЛАР

ВА КАМЧИЛИКЛАР


Ҳозирги пайтда республика аҳолисини соғлом овқатланиш билан таъминлаш соҳасида қуйидаги камчиликлар мавжуд:

қанд-шакар ўрнини босувчи табиий маҳсулотлар етарли ҳажмда ишлаб чиқарилмаслиги;

таълим муассасаларида истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги фойдали моддаларнинг сифат ва мутаносиблик талабларига мос келмаслиги;

озиқ-овқат маҳсулотларида зарур витаминлар ва минераллар даражасининг пастлиги;

айниқса, кечки пайтларда ҳаддан ташқари овқатланишнинг ўсиши.

Буғдой унини микронутриентлар билан бойитиш даражаси ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган барча навдаги уннинг 30 фоизини ташкил қилмоқда. Микронутриентлар билан бойитилган буғдой унини аҳолининг тахминан 56 фоизи истеъмол қилади. Темир етишмаслиги анемиясининг профилактикасини таъминлаш учун аҳолининг 90 фоизини қамраб олиш лозим.

Маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг кимёвий таркиби бўйича маълумотлар мавжуд эмас, бу эса аҳоли учун соғлом овқатланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишни қийинлаштиради. Табиий ва иқтисодий шароитлар, миллий анъаналар, демографик ва бошқа хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда касб ва жинс-ёш гуруҳлари бўйича дифференциялаштирилган овқатланиш меъёрлари ишлаб чиқилмаган.

Ўзбекистон Республикасининг "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Қонуни ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш бўйича бошқа қонун ҳужжатлари қоидаларига риоя қилиш паст даражада қолмоқда. 2017 йилда Қашқадарё вилоятида ўтказилган жамоатчилик мониторинги натижалари қуйидагиларни кўрсатди:

74 фоиз ташкилотлар, муассасалар, корхоналарнинг ҳудуди ва биноларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар ташкил қилинмаган;

тамаки маҳсулотларини сотувчи савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида қонунчиликни бузиш ҳолатлари (йигирма ёшга етмаган шахсларга сигарета сотиш ёки сигареталарни доналаб сотиш, йигирма ёшга етмаган шахсларга сигарета сотишга йўл қўйилмаслиги ҳамда сигареталарнинг инсон саломатлигига салбий таъсири ҳақида огоҳлантирувчи ёзувларнинг йўқлиги) аниқланган.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юқумли бўлмаган касалликларнинг хавфли омилларига эга беморларни барвақт аниқлаш тизими етарлича ривожланмаган, беморларга соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилишдан воз кечиш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш лозим даражада ўтказилмайди.

2015-2017 йилларда Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидаги 8 та оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг артериал гипертония ва қандли диабет бўйича клиник протоколи синовдан ўтказилди.

Бунинг натижасида артериал гипертония ва қандли диабет иккинчи турини бирламчи аниқлаш деярли икки бараварга ортди, юрак қон-томир касалликлари хавфи 30 фоиздан юқори бўлган беморлар ҳамда юқумли бўлмаган касалликлар хавфли омилларига эга соғлом беморлар аниқланди, улар учун беморга ёрдам кўрсатиш шахсий режалари тузилди.

Қўлга киритилган ижобий натижаларни ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертлари томонидан мазкур тажриба натижаларини бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг барча муассасалари амалиётига жорий қилиш мақсадга мувофиқлиги асослаб берилди.

Юқумли бўлмаган касалликларнинг мавжуд мониторинг тизими ижтимоий ҳимояланмаган аҳоли гуруҳларининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатларини (этник келиб чиқиши, маълумоти, даромадлар даражаси ва бошқаларни) ўрганиш имконини бермайди. Юқумли бўлмаган касалликлар хавфли омилларининг тарқалганлигини ўрганиш бўйича ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш учун зарур молиявий ресурслар ажратилмаяпти.

Барча даражаларда тиббий маълумотларни йиғиш ва қайд қилишнинг ягона электрон тизими жорий қилинмаган, бу эса мониторингни амалга ошириш жараёнини анча қийинлаштиради ва унинг сифатини пасайтиради. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий ҳужжатлардаги ёзувлар унификациялаштирилмаган ва ихтиёрий шаклда ёзилади, беморларнинг саломатлик кўрсаткичлари турли тиббий ҳужжатларда такрорланади, маълумотларни статистик қайта ишлаш ва таҳлил қилиш қоғозда амалга оширилади.

Натижада, юқумли бўлмаган касалликларнинг мавжуд мониторинг тизими самарали бошқарув қарорлари қабул қилинишини таъминламайди.

Фуқароларни соғлом турмуш тарзини олиб боришга жалб қилиш бўйича тарғибот ишлари етарли даражада амалга оширилмаяпти. Мазкур йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар фақат миқдорий ва статистик аҳамиятга эга (2017 йилда 200 мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилди, лекин улар самаралива таъсирчан натижаларни бермаяпти).

Ахборот-маърифий кампаниялар қисқа давом этади ва мунтазам равишда ўтказилмайди. Халқаро тажриба бундай чора-тадбирлар соғлом муҳитни барпо этиш бўйича қонунчилик базасини такомиллаштириш, соғлом озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишни рағбатлантириш, аҳолини ўз феъл-атворини ўзгартиришга ёки иш берувчиларни ташкилот ходимлари орасида соғлом муҳитни яратишга ундовчи иқтисодий ва маъмурий механизмларни қўллаш каби бошқа чора-тадбирлар билан биргаликда амалга оширилганида самарали бўлишини кўрсатади.

Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллигини кучайтириш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича фаолият йўлга қўйилмаган.

Тошкент тиббиёт академиясининг Жамият саломатлигини сақлаш мактаби ўқув дастурининг мазмуни кўп жиҳатдан соғлиқни сақлаш соҳасини бошқариш бўйича мутахассисларни тайёрлашга қаратилган. Тошкент тиббиёт академияси "Болалар ва ўсмирлар гигиенаси ва овқатланиш гигиенаси" кафедрасининг ўқув дастури санитария-эпидемиология назорати хизматида ишлайдиган овқатланиш гигиенаси бўйича санитар врачларни тайёрлашга мўлжалланган. Натижада, соғлом ва парҳез овқатланиш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш соҳасида замонавий билимлар, кўникмалар ва маҳоратга эга бўлган мутахассисларнинг жиддий етишмаслиги кузатилмоқда.

Тиббий олий таълим муассасаларининг кўпчилик ўқитувчилари етарлича амалий иш тажрибасига эга эмас. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, айни пайтда, хорижда ўқитувчилар ўқитиш жараёнини кўпинча давлат ва хусусий ташкилотларда мутахассис ва эксперт сифатида ишлаш билан биргаликда олиб борадилар.

Мамлакатда юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун республика даражасида ҳам, ҳудудий даражада ҳам масъул муассасалар мавжуд эмас.



3-БОБ. ЮҚУМЛИ БЎЛМАГАН КАСАЛЛИКЛАР

ПРОФИЛАКТИКАСИ, АҲОЛИНИНГ СОҒЛОМ ТУРМУШ

ТАРЗИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА ЖИСМОНИЙ

ФАОЛЛИК ДАРАЖАСИНИ ОШИРИШ МАҚСАДЛАРИ,

УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллик даражасини ошириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2013-2020 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва уларга қарши курашиш бўйича глобал ҳаракатлар режаси, 2015-2020 йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари ва овқатланиш соҳасида ҳаракатлар режаси, 2016-2025 йилларда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақаси учун жисмоний фаоллик соҳасидаги стратегияси, Тамакига қарши курашиш бўйича ҳадли конвенция, 2012-2020 йилларда Европада алкоголни зарарли истеъмол қилишни камайтириш бўйича ҳаракатлар режаси каби ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Концепция Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўйича замонавий ёндашувларни ўз ичига олган.

Концепциянинг мақсади юқумли бўлмаган касалликлар ва уларнинг хавфли омилларининг олдини олиш, даволаш ҳамда назорат қилиш, барвақт ўлим ҳолатлари ва жамият учун касалликлар юкини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш йўли билан мамлакат аҳолиси орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришдан иборат.


Концепциянинг стратегик устувор йўналишлари:


а) юқумли бўлмаган касалликларнинг қуйидаги хавфли омилларига қарши курашиш:

носоғлом овқатланиш;

етарли бўлмаган жисмоний фаоллик;

ортиқча тана вазни;

тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш, шу жумладан чилим ва электрон сигареталарни чекиш;

артериал босимнинг юқорилиги, қондаги глюкоза ва холестериннинг юқори даражаси;


б) касалликларнинг қуйидаги гуруҳларига қарши курашиш:

юрак-томир касалликлари (артериал гипертония, миокард инфаркти, инсульт);

қандли диабет;

нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари (ўпка сурункали обструктив касалликлари, бронхиал астма);

хавфли ўсмалар (сут бези раки, бачадон бўйни раки, ўпка раки).


Концепциянинг асосий вазифалари:


1. Соғлом муҳитни яратиш ва соғлом турмуш тарзи фойдасига тўғри танлов бўйича ташаббусларни шакллантириш ва омма орасида кенг ёйиш.


2. Таълим, тиббиёт, спорт муассасалари, корхоналар, ташкилотлар ва жамоат жойларида соғлом муҳитни шакллантириш бўйича нодавлат сектор ролини кучайтириш.


3. Аҳоли ўртасида юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш соҳасида давлат-хусусий шериклиги механизмларини жорий қилиш ва унинг имкониятларини кенгайтириш.


4. Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва уларни назорат қилиш бўйича чора-тадбирларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, халқаро молиявий институтлар ва ташкилотлар маблағлари, тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари, грантлар ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан барқарор молиялаштириш.


5. Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича ахборот-маърифий фаолиятни такомиллаштириш;


6. Юқумли бўлмаган касалликларнинг миллий интеграциялашган эпидемиологик назорати ахборот тизимини, шу жумладан хавфли омилларва асосий юқумли бўлмаган касалликлар бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришишни баҳолаш ва мониторинг қилиш тизимини яратиш.


7. Хавф гуруҳига кирувчи ва юқумли бўлмаган касалликларга чалинган беморларга хавфли омилларни барвақт аниқлаш ва назорат қилишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда профилактика, даволаш ва консультатив ёрдам тизимини такомиллаштириш.


8. Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикаси ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш соҳасига жалб этилган барча секторларнинг кадрлар ва илмий-тадқиқот салоҳиятини ривожлантириш.



4-БОБ. 2019-2022 ЙИЛЛАРДА ЮҚУМЛИ БЎЛМАГАН

КАСАЛЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИ, АҲОЛИНИНГ

СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ВА АҲОЛИ ЖИСМОНИЙ ФАОЛЛИК ДАРАЖАСИНИ

ОШИРИШ БЎЙИЧА ФАОЛИЯТНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


1. Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси,

аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш

ва жисмоний фаоллик даражасини ошириш соҳасидаги

қонунчиликни такомиллаштириш


1. Таркибида ёғлар, туз ва қанд миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш тарғиботи ва рекламасини чеклаш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш.


2. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш юзасидан қўшимча чора-тадбирларни ўрнатишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш.


3. Республикага микронутриентлар билан бойитилмаган биринчи нав буғдой унини олиб киришни (импорт қилишни) чеклаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


4. Оммавий истеъмол қилинадиган маҳсулотлардаги калория даражасини камайтириш ва улар таркибидаги ёғлар, туз ва қанд миқдорининг мақсадли даражаларини ўрнатиш ҳамда порцияларининг тавсия қилинувчи миқдорларини аниқлаш мақсадида уларнинг стандартлари ва рецептураларини қайта кўриб чиқиш.


5. Зарарли меҳнат шароитларига эга саноат корхоналари учун профилактик овқатланиш стандартларини қайта кўриб чиқиш.


6. Тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда улар таъмининг жозибадорлигини орттирувчи ингредиентлардан (хушбўй ҳид берувчи моддалар) фойдаланиш тартибини ўрнатиш.



2. Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш

бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш


1. Соғлом озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишни рағбатлантириш ва таркибида ёғлар, туз, қанд миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш (тайёрлаш) ва сотишни чеклаш бўйича бозор механизмларини жорий қилиш.


2. Турли деҳқончилик шароитларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби ва сифатини, шунингдек, миллий таомларнинг фармакодинамик хусусиятларини ўрганиш бўйича илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш.


3. Нутрициология соҳасидаги замонавий ютуқлар асосида аҳолининг ёши, жинси ва касби бўйича турли гуруҳлари учун овқатланишнинг мақбул меъёрларини қайта кўриб чиқиш.


4. Овқатга қўшиладиган қўшимчаларни (ранг, хушбўй ҳид берувчи моддалар, консервантлар ва бошқалар) қўллаш устидан назоратни кучайтириш.


5. Умумий овқатланиш корхоналарининг таомномаларига сабзавотлар, мевалар ва бошқа фойдали озиқ-овқат маҳсулотларининг киритилишини рағбатлантириш.



3. Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш

ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш бўйича

чора-тадбирларни қабул қилиш


1. Таълим муассасаларининг ўқув дастурларига соғлом турмуш тарзини олиб бориш ҳамда ўқувчиларнинг (талабаларнинг) соғлом овқатланиши ва жисмоний фаоллигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни жорий қилиш.


2. Аҳоли хавфсиз ва фаол ҳаракатланиши учун шарт-шароитларни (пиёдалар ва велосипед ҳайдовчилари учун йўлкалар) яратиш.


3. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун ҳудудлар ва спорт иншоотларини, шу жумладан давлат-хусусий шериклиги асосида қуриш ва реконструкция қилиш, турли ёш гуруҳлари фойдаланиши мумкин бўлган спорт секцияларининг қамрови ва турларини кенгайтириш.


4. Иш берувчилар томонидан ходимларнинг иш вақти давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси комплексларини бажаришлари учун махсус танаффуслар белгилаш.


5. Иш берувчилар томонидан ходимларнинг ишлаб чиқариш гимнастикаси комплексларини бажаришлари учун тегишли спорт инвентарлари билан жиҳозланган хоналарни ажратиш.


6. Касаба уюшмаларининг ходимлар бўш вақтларини ташкил қилишдаги ролини ошириш орқали корпоратив спортни ривожлантиришни рағбатлантириш.


7. Жамоат объектларидан (мактаб, тиббиёт, спорт ва кўнгилочар муассасалар, турар жойлар ва кўп квартирали уйлар) фойдаланаётган шахсларнинг жисмоний фаоллигини мажбурий қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий қилиш.


8. Спорт объектларининг туманлар (шаҳарлар) бўйича зоналарга бўлиб ҳамда иш фаолиятининг тавсифлари, машғулотлар нархи, иш вақти ва бошқа маълумотларни келтириб ўтган ҳолда ягона маълумотлар базасини яратиш ва Интернет тармоғига жойлаштириш.


9. Аҳолининг кенг қатламлари орасида "Алпомиш" ва "Барчиной" махсус тестларини ўтказишни ташкил қилиш.



4. Соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан

юқумли бўлмаган асосий касалликлар бўйича

кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш


1. Республика бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг артериал гипертония, қандли диабет, бронхиал астма ва ўпка сурункали обструктив касалликлари ва бошқа юқумли бўлмаган касалликлар бўйича клиник протоколлари, стандартлари ва тавсияларини жорий қилиш.


2. Тиббиётнинг ўрта бўғини ходимлари томонидан аҳолини врачдан олдин кўрикдан ўтказиш пунктларини ташкил қилиш.


3. Юқумли бўлмаган касалликларга чалинган беморларни ўзларини парваришлаш ва саломатлик ҳолатини назорат қилишга ўргатиш.


4. Қўллаб-қувватловчи кураторлик тизими орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида узлуксиз баҳолаш ва хизматлар сифатини ошириш механизмларини жорий қилиш.


5. Ҳар бир бемор учун хавфли омиллар ва юқумли бўлмаган касалликлар бўйича саломатлик профилини (овқатланиш характери, тамакига қарамликнинг мавжудлиги, тана вазни индекси, артериал босим, қондаги қанд ва холестерин даражаси ва бошқалар) яратишни назарда тутувчи дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва уни бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига жорий қилиш.



5. Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси,

аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва

жисмоний фаоллик даражасини ошириш бўйича чора-

тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш

тизимини такомиллаштириш


1. Аҳоли томонидан озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол қилиниши ҳамда истеъмолчиларнинг ушбу овқат маҳсулотларга муносабатини баҳолашни ўз ичига олган кенг кўламли мониторингни амалга ошириш.


2. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида юқумли бўлмаган касалликларнинг эпидемиологик мониторингини амалга ошириш протоколини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш.


3. Тиббиёт муассасаларининг ҳисобга олиш ва ҳисобот ҳужжатларига юқумли бўлмаган касалликларнинг хавфли омиллари бўйича кўрсаткичларни киритиш орқали ушбу касалликлар бўйича тиббий-статистика ҳисоби ва ҳисоботи тизимини такомиллаштириш.


4. Асосий касалликлар бўйича касалликларнинг тобора авж олишини, асоратларнинг ривожланишини кузатиб бориш имкониятини берувчи регистрларни жорий қилиш.


5. Аҳоли орасида халқаро қабул қилинган стандарт методология (HBSC, SТEPS ва бошқалар) асосида кенг кўламли тадқиқотлар ўтказиш.


6. Соғлом атроф-муҳитни яратиш бўйича жамоатчилик мониторинги тизимини жорий қилиш.



6. Кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва

малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш


1. Етакчи хорижий жамият соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорликда олий тиббий таълим муассасалари тиббиёт-профилактика йўналишидаги кафедралари ўқитувчиларининг жамият саломатлиги ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом овқатланиш, диетология масалалари бўйича малакасини ошириш.


2. Олий тиббий таълим муассасаларининг тиббиёт-профилактика йўналишига ихтисослашган кафедралари, шунингдек, Тошкент тиббиёт академиясининг Жамият соғлиғини сақлаш мактаби ҳамда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимининг ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш ва уларни халқаро талабларга мослаштириш.


3. Тиббиёт институтларининг тиббий-профилактика йўналишидаги соҳа кафедралари ҳамда Тошкент тиббиёт академияси Жамият соғлиғини сақлаш мактабининг ўқув дастурларини Европа минтақасининг жамият соғлиғини сақлаш мактаблари ассоциацияси (ASPHER - The Association of Schools of Public Health in the European Region) томонидан аккредитация қилинишини таъминлаш.


4. Ўрта тиббий ходимларни "Диабетик оёқ юзи бўйича тиббий ҳамшира - подиатр", "Соғлом овқатланиш бўйича маслаҳатчи", "Тамакидан воз кечиш бўйича маслаҳатчи", "Бронхиал астма бўйича маслаҳатчи" ҳамда бошқа йўналишларда ихтисослаштириш ва сертификатлаш дастурларини ишлаб чиқиш.



5-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепцияни амалга ошириш натижасида қуйидагилар:

аҳоли томонидан сабзавот ва мевалар истеъмол қилинишини 15 фоизга ошириш;

ош тузи истеъмол қилинишини 15 фоизга қисқартириш;

витаминлар ва зарур минераллар билан бойитилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш улушини ошириш;

аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини 10 фоизга ошириш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини 10 фоизга қисқартириш;

юқори артериал босимга эга беморлар сонининг ўсишини тўхтатиб туриш;

семириш ва қандли диабет касаллигига чалинган беморлар сонининг ўсишини тўхтатиб туриш;

тиббий муассасаларни юқумли бўлмаган асосий касалликларни даволаш учун зарур бўлган базавий диагностик тестлар, жиҳозлар ва асосий дори воситалари билан таъминланганлиги даражасини 50 фоизга етказиш;

инфаркт ва инсультнинг олдини олиш учун юқори хавф даражасига эгава юқумли бўлмаган касалликларга чалинган беморларнинг камида 50 фоизини зарур дори-дармон терапияси ҳамда маслаҳатлар билан таъминлаш;

аҳоли орасида юрак қон-томир касалликлари, хавфли ўсмалар, қандли диабет ва ўпка сурункали обструктив касалликларидан барвақт ўлим ҳолатлари даражасини 10 фоизга қисқартириш кутилмоқда.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 19 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 24 декабрь, 51-сон, 974-модда