язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Низом расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Декабрь, 2018 й./ Тадбиркорлик/ Лицензиялаш/ Бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.12.2018 й. 1028-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 18 декабрдаги

1028-сон қарорига

3-ИЛОВА



Бож олинмайдиган савдо дўкони

фаолиятини лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


1-боб. Умумий қоидалар

2-боб. Лицензия талаблари ва шартлари

3-боб. Лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар

4-боб. Аризани кўриб чиқиш ва лицензия бериш

ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида

қарор қабул қилиш

5-боб. Лицензияни қайта расмийлаштириш

6-боб. Лицензия талаблари ва шартларига риоя

этилишини назорат қилиш

7-боб. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб

туриш, тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш

8-боб. Лицензиялар реестрини юритиш

9-боб. Давлат божини тўлаш тартиби

10-боб. Якунловчи қоида

1-илова. Бож олинмайдиган савдо дўконларида

товарларни сотиб олишга буюртманома

2-илова. Бож олинмайдиган савдо дўкони

фаолиятини лицензиялаш схемаси



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


бож олинмайдиган савдо дўкони - товарларни бож олинмайдиган савдо божхона режими талабларига ва шартларига мувофиқ божхона назорати остида реализация қилиш учун мўлжалланган савдо объектидир. Бож олинмайдиган савдо дўконининг ҳудуди савдо залларининг, ёрдамчи биноларнинг ва дўкон омборининг ҳудудларини ўз ичига олади.


Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтадиган жисмоний шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўкони - божхона ҳудудига кириб келаётган ва божхона ҳудудидан ташқарига чиқиб кетаётган жисмоний шахсларга божхона ҳудудига олиб кирилган чет эл товарларини ёки Ўзбекистон товарларини Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ва (ёки) чет эл валютасида реализация қилишга, шу жумладан жойнинг ўзида истеъмол қилиш учун чакана сотишга мўлжалланган;


Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган чет эллик шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўкони - чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида белгиланган тартибда аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарига ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга, ушбу ташкилотларнинг чет эллик ходимларига, шунингдек, улар билан бирга яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган оила аъзоларига божхона ҳудудига олиб кирилган чет эл товарларини Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ва (ёки) чет эл валютасида реализация қилишга мўлжалланган;


лицензия даъвогари - лицензияловчи органга бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этган юридик шахс - Ўзбекистон Республикаси резиденти;


лицензия - лицензияловчи орган томонидан берилган, лицензия талаблари ва шартларига сўзсиз риоя этган ҳолда бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома (ҳуқуқ);


лицензияловчи орган - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг марказий аппарати;


лицензиат - бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахс - Ўзбекистон Республикаси резиденти.


3. Республикага жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари солинмайдиган товарларни олиб киришнинг чекланган нормалари жисмоний шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси ташқарисидан олиб кириладиган ва унинг томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига киришда бож олинмайдиган савдо дўконларидан сотиб олинган товарларнинг жамига нисбатан қўлланилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган хорижий шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўконларида акциз остидаги товарларни харид қилишнинг чекланган нормалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.


5. Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини кесиб ўтадиган жисмоний шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўкони халқаро алоқа учун очилган аэропортларда, портларда ва жисмоний шахслар томонидан чегарани кесиб ўтишга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали бошқа ўтказиш пунктларида очилиши ва фаолият кўрсатиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини кесиб ўтадиган жисмоний шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўконини очиш Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида режим белгиланиши тартибига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан келишган ҳолда амалга оширилади.

Бунда келишиш лицензия даъвогари томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига мурожаати орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган хорижий шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўконлари Тошкент шаҳрида ва давлат божхона хизмати органлари томонидан белгиланадиган жойларда очилиши ҳамда фаолият кўрсатиши мумкин.


6. Бож олинмайдиган савдо дўконида товарларни сотиш бож олинмайдиган савдо божхона режими шартлари ва талабларига мувофиқ божхона назорати остида амалга оширилади.

Бож олинмайдиган савдо дўкони фаолият кўрсатишини таъминлаш учун фойдаланиладиган товарлар бож олинмайдиган савдо божхона режимига жойлаштирилмайди.


7. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотилиши чекланган товарлар бож олинмайдиган савдо дўкони режимида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтадиган жисмоний шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўконларида товарларни сотиш фақат харидорнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат тақдим этилгандан кейин амалга оширилади. Бунда назорат-касса машиналари давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машинасининг товар сотилганлигини тасдиқлайдиган чекида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

касса чеки рақами;

рейснинг рақами ва харидорнинг самолётдаги жойи рақами (ҳавода ташишда);

харид қилинган вақт ва сана;

сотиладиган товарнинг номи, нархи ва миқдори;

сотувчи томонидан олинган миллий ва (ёки) хорижий валюта суммаси;

касса аппарати рақами;

бож олинмайдиган савдо дўконининг номи;

бож олинмайдиган савдо дўкони эгаси (кейинги ўринларда лицензиат деб аталади) - солиқ тўловчининг идентификация рақами.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган хорижий жисмоний шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўконида товарларни сотиш фақат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида белгиланган тартибда берилган аккредитация карточкаси тақдим этилгандан кейин амалга оширилади.

Бунда назорат-касса машиналари давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машинасининг товар сотилганлигини тасдиқлайдиган чекида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

касса чеки рақами;

лицензиат - юридик шахснинг номи, унинг юридик манзили;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида берилган аккредитация карточкасининг тоифаси, рақами, ходимнинг ёки унинг оила аъзосининг фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими, карточка ким томонидан берилганлиги ва унинг амал қилиш муддати;

харид қилинган вақт ва сана;

товарнинг номи, миқдори, биттасининг қиймати, умумий қиймати;

касса аппарати рақами;

лицензиат-солиқ тўловчининг идентификация рақами.


8. Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналар бож олинмайдиган савдо дўконларидан ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича икки нусхада тузиладиган буюртманомалар асосида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган хорижий шахслар учун товарларни сотиб олишлари мумкин.

Буюртманоманинг бир нусхаси бож олинмайдиган савдо дўконида сақланади, иккинчи нусхаси харидорга қайтарилади.

Буюртманомада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

хорижий давлатнинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасининг, халқаро ташкилот ваколатхонасининг ва унга тенглаштирилган ваколатхонанинг номи;

хорижий давлатнинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасининг, халқаро ташкилот ваколатхонаси ва унга тенглаштирилган ваколатхонанинг харидни амалга ошириш ваколати берилган шахсининг фамилияси, исми, отасининг исми, тоифаси, шунингдек, аккредитация карточкаси рақами;

товарнинг номи, миқдори, биттасининг қиймати, умумий қиймати;

буюртманома тузилган сана;

хорижий давлатнинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси, халқаро ташкилот ваколатхонаси ва унга тенглаштирилган ваколатхона бошлиғининг фамилияси, исми, отасининг исми, имзоси;

товарларни сотиб олиш мақсади.


9. Бож олинмайдиган савдо дўконида қуйидагиларнинг сотилишига рухсат этилмайди:

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб келиш ва ундан олиб чиқиш тақиқланган товарлар, шу жумладан олиб чиқилишига лицензия талаб этиладиган товарлар, рангли ва қора металлардан тайёрланган юқори даражада қайта ишланган тайёр буюмлар бундан мустасно;

чакана сотиш учун ўралган дори-дармон воситалари (шу жумладан провитаминлар, витаминлар, гормонлар ва антибиотиклар), агар улар врачнинг рецептисиз (тайинловусиз) сотилиши мумкин бўлмаса;

давлат асиллик тамғасига эга бўлмаган қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган буюмлар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида айланиши ва сотилиши тақиқланган товарлар;

бошқа давлат органларининг назоратидан ўтиши керак бўлган товарлар, ушбу органларнинг рухсатномаси мавжуд бўлмаган тақдирда;

жисмоний шахсларнинг шахсий фойдаланиш ёки истеъмол қилиши учун мўлжалланмаган товарлар;

вазни оғир товарлар (20 kg дан ортиқ оғирликда) ва ўлчами катта товарлар (узунлиги, кенглиги ва баландлиги ўлчамлари жами 200 сm дан ортиқ бўлганда).

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтмайдиган жисмоний шахсларга ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинмаган хорижий шахсларга бож олинмайдиган савдо дўконларида товарлар сотишга (сотиб олишга) рухсат берилмайди.


10. Лицензия лицензияловчи орган томонидан амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда, бож олинмайдиган савдо дўкони сифатида фойдаланилиши мўлжалланган ва мазкур Низом талабларига мувофиқ бўлган савдо заллари, ёрдамчи бинолар ва омбор (мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан) эгалигида бўлган лицензия даъвогарига берилади.


11. Бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини амалга оширишга лицензия "Лицензия" ахборот тизимлари комплекси орқали берилади.


12. Лицензия бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА

ШАРТЛАРИ


13. Бож олинмайдиган савдо дўкони ҳудуди савдо заллари ҳудудини, ёрдамчи бинолар ва дўкон омборини ўз ичига олади ҳамда божхона назорати зонаси ҳисобланади.


14. Бож олинмайдиган савдо дўконининг савдо зали, ёрдамчи биноси ва омбори:

а) мазкур Низомда назарда тутилган талаблар ҳисобга олинган ҳолда бож олинмайдиган савдо дўконининг нормал фаолият кўрсатиши учун етарли бўлган майдонга эга бўлиши;

б) бир-бирига бевосита яқин жойга (божхона назорати зонасида) жойлаштирилиши керак;

в) қуйидагилар билан:

товарлар фақат бож олинмайдиган савдо дўконининг савдо залларида сотилишини ҳамда уларга нисбатан божхона назорати ўтказиш имкониятини таъминлайдиган тарзда жиҳозланиши;

божхона органларининг дастурий таъминоти билан мос келадиган товарлар ҳисобини юритадиган автоматлаштирилган тизим;

алоқа воситалари (шу жумладан телефон, маълумот узатиш тармоғи, Интернет);

савдо заллари ҳудудини, ёрдамчи бинолар ва дўкон омборини тўлиқ назорат қилиш ҳамда божхона органларига видеомаълумотларни узатиш, шунингдек, ушбу маълумотларни уч ой давомида сақлаш имконига эга бўлган узлуксиз ишловчивидеокузатув тизими ҳамдалицензияловчи орган томонидан белгиланган жойларда ўрнатилган, куну-тун ишлайдиган видеокузатув воситалари билан жиҳозланиши керак.


15. Агар бож олинмайдиган савдо дўконининг савдо заллари, ёрдамчи бинолари ва омбори мазкур Низомнинг 14-банди талабларига риоя қилинганда бир-биридан йироқда (500 m.дан ортиқ) жойлашган бўлса, товарларни омбордан савдо заллари ва ёрдамчи биноларга олиб ўтиш Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексида белгиланган ҳолатларда божхона кузатувида амалга оширилиши мумкин. Божхона кузатуви учун божхона йиғимлари белгиланган миқдорда ундирилади.

Товарларнинг бир бож олинмайдиган савдо дўконидан бошқа бож олинмайдиган савдо дўконига кўчирилиши фақат товарларнинг бир божхона омборидан бошқа божхона омборига кўчирилиши учун назарда тутилган тартибда давлат божхона хизмати органининг рухсати билан амалга оширилади.


16. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидан ташқарида жойлашган бож олинмайдиган савдо дўконининг омбори қонун ҳужжатларида божхона омборлари учун назарда тутилган тартибга мувофиқ жиҳозланиши керак.


17. Бож олинмайдиган савдо дўконининг савдо заллари шундай жойлашиши ва жихозналиниши керакки, улар товарларни бут ҳолатда сақланишини таъминлаши ҳамда қуйидагиларни:

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтадиган жисмоний шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўконидан сотиб олинган товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида, шу жумладан ушбу ҳудудда қолаётган жисмоний шахсларга бериш йўли билан қолдирилишини;

товарларнинг божхона назоратидан ташқари тушиши ва олиб қўйилишини;

товарларга бегона шахсларнинг яқинлашишини истисно этадиган бўлиши керак.


18. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтадиган жисмоний шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўконининг савдо заллари божхона назорати зонасида жойлаштирилиши керак (паспорт назорати чизиғи ташқарисида божхона назорати чизиғигача алоҳида - Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келадиган жисмоний шахслар учун, шунингдек, паспорт назорати чизиғи ташқарисида - Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган жисмоний шахслар учун).

Кўрсатиб ўтилган бож олинмайдиган савдо дўконининг савдо заллари Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтмайдиган жисмоний шахсларнинг ушбу залларга киришини истисно этадиган тарзда жойлаштирилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган хорижий шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўконининг савдо заллари бож олинмайдиган савдо дўкони жойлашган божхона органи фаолияти зонасида бўлиши керак.


19. Бож олинмайдиган савдо дўконининг савдо зали биноси, ёрдамчи биноси ва омбори Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган техник, санитария, ёнғинга қарши талабларга ва бошқа талабларга жавоб бериши керак.


20. Лицензиат қуйидагиларга мажбур:

божхона қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

мазкур Низомда белгиланган талаблар ва шартларга риоя этилишини таъминлаш;

бож олинмайдиган савдо дўконига сотиш учун тушувчи товарлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш имкониятини истисно этиш;

бож олинмайдиган савдо режимига жойлаштирилган товарларни фақат ёрдамчи биноларда ва бож олинмайдиган савдо дўкони омборларида сақлаш;

бож олинмайдиган савдо дўконига тушувчи ва бож олинмайдиган савдо дўконидан олиб чиқиладиган товарлар ҳисобини юритиш, шу жумладан автоматлаштирилган ҳисобини юритиш ва ушбу товарлар тўғрисида лицензияловчи орган томонидан белгиланган тартибда божхона органларига ҳисобот тақдим этиш;

божхона органининг талаби бўйича бож олинмайдиган савдо дўконидагитоварларни божхона органининг мансабдор шахси иштирокида хатловдан ўтказиш;

божхона назоратини амалга оширишда божхона органлари ходимларига ёрдам бериш;

санитария қоидаларига, омборга жойлаштириш нормаларига, товарларнинг ёнма-ён қўйилиши қоидаларига ва сақлаш режимига, давлат стандартларининг мажбурий талабларига риоя қилиш, мазкур Низомда белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг савдо соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талаблар ва шартларни бажариш;

нақд хорижий (миллий) валюта ва хорижий (миллий) валютадаги банк пластик ва кредит карточкалари ёки хорижий (миллий) валютадаги банк ўтказмалари тўлов ҳужжатлари билан ишлашга мувофиқ касса операциялари юритишнинг амалдаги тартиби талабларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган валюта операцияларини амалга оширишнинг бошқа қоидаларига риоя қилиш;

фаолиятнинг тегишли турига рўйхатдан ўтказиш ёки рухсат бериш ҳужжатларига эга бўлиш, башарти уларни олиш мажбурийлиги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида, жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг норматив ҳуқуқий ҳужжатларида назарда тутилган бўлса;

бож олинмайдиган савдо дўкони омборида товарларни махсус маркалаш ва бож олинмайдиган савдо дўконининг савдо залларида товарларни фақат улар тегишли тарзда маркаланган тақдирда сотиш;

мазкур Низомнинг 21-бандида белгиланган ҳолатларда божхона тўловларини тўлаш;

бож олинмайдиган савдо дўкони ёпилган тақдирда бу ҳақда лицензияловчи органни хабардор қилиш;

таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, шу жумладан, қайта ташкил этилганлиги, номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганлиги тўғрисида лицензияловчи органни ўз вақтида хабардор қилиш;

бож олинмайдиган савдо дўконига кириш учун рухсат берилган ҳамда белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтган (озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишловчи ходимлар учун) ходимларнинг (Ф.И.О. ва лавозимини кўрсатган ҳолда) руйхати мавжудлигини таъминлаш;

бож олинмайдиган савдо дўкони тугатилган тақдирда, унда турган товарларнинг сақланишини таъминлаш, уларни бошқа божхона омборига ўтказилиши ёхуд Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексида белгиланган муддатда бошқа божхона режимига жойлаштирилиши бўйича чоралар кўриш;

Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг қонуний талабларини бажариш, шу жумладан божхона органлари мансабдор шахсларининг дўконининг савдо зали биноси, ёрдамчи биноси ва (ёки) омборида сақланаётган товарлар турган жойга киришини таъминлаш.


21. Лицензиат:

бож олинмайдиган савдо божхона режими остида жойлаштирилган товарлар йўқолган тақдирда ёхуд улардан бож олинмайдиган савдо дўконида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига кириб келаётган ва Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан чиқиб кетаётган жисмоний шахсларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинмаган хорижий шахсларга чакана сотишдан бошқа мақсадларда фойдаланилганда, бундай товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга мувофиқ божхона тўловлар тўланиши;

бож олинмайдиган савдо божхона режими остида жойлаштирилмаган товарлар сотилиши;

бож олинмайдиган савдо дўконида ёнғин хавфсизлигини таъминлашҳамда санитария меъёрлари ва талабларига риоя этилиши учун белгиланган тартибда жавоб беради.


22. Лицензиат, агар товарлар енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида ёки сақлаш ва сотишнинг нормал шароитларида табиий камайиш туфайли йўқолган ёки қайтариб бўлмайдиган тарзда йўқолган тақдирдагина божхона тўловларининг тўланиши учун жавоб бермайди.


23. Божхона назорати ва божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун, зарурат бўлганда, лицензиат томонидан божхона органининг мансабдор шахсларига бож олинмайдиган савдо дўкони омборида жиҳозланган бино ва алоқа воситалари берилади.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР ҲУЖЖАТЛАР


24. Лицензия олиш учун лицензия даъвогари лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами кўрсатилган, лицензия бериш тўғрисидаги ариза. Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия даъвогарининг электрон манзили кўрсатилиши мумкин;

лицензия даъвогарининг эгалигида бўлган ва бож олинмайдиган савдо дўкони сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган савдо заллари, ёрдамчи бинолари ваомборлари, улар жойлашган жой, уларнинг жиҳозланиши, видеокузатув тизими, асбоб-ускуналар ва моддий-техника билан таъминланганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

бож олинмайдиган савдо дўконинингсавдо заллари, ёрдамчи бинолариҳамда омборларининг тарҳи ва чизмаси;

бож олинмайдиган савдо дўконида сотилиши мўлжалланаётган товарлар рўйхати;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига мувофиқ божхона тўловлари тўланиши таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Лицензия даъвогаридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.


25. Ҳужжатлар лицензия даъвогари томонидан лицензияловчи органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия даъвогарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия даъвогарининг электрон манзили кўрсатилганлиги унинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилиги ҳисобланади.


26. Ҳужжатлар лицензияловчи органининг жавобгар шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси мазкур орган томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана кўрсатилган ҳолда лицензия даъвогарига юборилади (топширилади).


27. Нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тақдим этганлиги учун лицензия даъвогари қонунга мувофиқ жавоб беради.



4-БОБ. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


28. Лицензия бериш мазкур Низомнинг 2-иловасидаги схема бўйича амалга оширилади.


29. Лицензия бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


30. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия даъвогарининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.


31. Лицензия бериш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш, улар бўйича хулосалар тайёрлаш учун лицензияловчи органнинг ҳудудий божхона бошқармаларида эксперт комиссиялари ташкил этилади. Эксперт комиссиясининг таркиби ва унинг тўғрисидаги низом лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади.


32. Лицензия даъвогарининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда, улар қабул қилинган кунда, кўриб чиқиш учун бож олинмайдиган савдо дўкони ташкил этилаётган ҳудуддаги эксперт комиссиясига юборилади.

Эксперт комиссияси йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни, лицензиялаш талаблари ва шартларига риоя этилишини ўрганиш учун бевосита бож олинмайдиган савдо дўконини ташкил этиш жойига борган ҳолда кўриб чиқади ва улар бўйича лицензия даъвогарини лицензиялаш талаблари ва шартларига мувофиқлиги тўғрисида эксперт хулосасини тайёрлайди.


33. Лицензияловчи орган беш кун муддатда эксперт комиссияси хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Лицензияловчи орган лицензия даъвогарини қабул қилинган қарор тўғрисида мазкур орган тегишли қарорни қабул қилганидан кейин уч кун ичида хабардор қилиши шарт.

Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда, банк ҳисоб варағи реквизитлари ва лицензия бериш учун давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади).


34. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Бошқа асослар бўйича, шу жумладан лицензия беришнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги сабаби билан лицензия беришнинг рад этилишига йўл қўйилмайди.


35. Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда, рад этишнинг сабаблари ва лицензия даъвогари кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такрор тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.


36. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия даъвогарининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўн кундан кўп бўлмаган муддатда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.

Бунда такроран тақдим этилган ҳужжатлар эксперт комиссиясининг кўриб чиқиши учун улар қабул қилган кунда юборилади.

Эксперт комиссияси такроран тақдим этилган ҳужжатларни олти кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади ва улар бўйича лицензия даъвогарининг лицензиялаш талаблари ва шартларига мувофиқлиги тўғрисида эксперт хулосасини тайёрлайди.

Лицензияловчи орган тўрт кун муддатда, эксперт комиссиясининг хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


37. Лицензия даъвогарларининг аризаларини такроран кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия даъвогарининг аризасини такроран кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган деб ҳисобланади.


38. Лицензия лицензия талабгори томонидан лицензия берилиши учун давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан кейин уч кун муддатда расмийлаштирилади.


39. Лицензия электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилади, лицензияловчи орган раҳбарининг, у бўлмаганда ўринбосарининг электрон рақамли имзоси билан имзоланади ва "Лицензия" ахборот тизимлари комплекси орқали лицензиатга юборилади.

Лицензия даъвогари "Лицензия" ахборот тизимлари комплексидан фойдаланиши учун идентификациялашнинг ягона тизими (OneID)да рўйхатдан ўтади.


40. Лицензияда қуйидагилар бўлиши керак:

лицензиатнинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва жойлашган жойи;

божхона тўловлари миқдорлари ва уларни тўлашни таъминлаш шакли тўғрисидаги маълумотлар;

бож олинмайдиган савдо дўконининг савдо заллари, ёрдамчи биноларива омбори жойлашган жой.


41. Агар лицензиат унга лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан уч ой ичида лицензияловчи органга лицензия берганлик учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган бўлса, лицензияловчи орган мазкур лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.


42. Бож олинмайдиган савдо дўконифаолиятини амалга ошириш учун лицензиатнинг лицензия олиши ва ундан фойдаланиши борасидаги лицензияловчи орган билан лицензия даъвогари ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган лицензия шартномаси тузилади.

Лицензия шартномаси лицензияловчи орган ва лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгиловчи ҳужжат ҳисобланади.

Лицензия шартномаси "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасида кўрсатилган маълумотларни ўз ичига олган бўлиши лозим.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ


43. Лицензиат ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.


44. Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


45. Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги, тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолдаги аризани олган кундан эътиборан беш кун ичида амалга оширилади.

Лицензиянинг қайта расмийлаштирилиши учун йиғим ундирилмайди.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА

ШАРТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


46. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензияловчи орган томонидан ҳудудий божхона бошқармаларини жалб қилган ҳолда назорат қилинади.


47. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур маълумотларни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор чиқариш ёхуд судга мурожаат қилиш.


48. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, унинг бир нусхаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.


49. Давлат ёнғин назорати органлари томонидан белгиланган тартибда давлат ёнғин назорати олиб борилганда, бож олинмайдиган савдо дўконининг савдо заллари, ёрдамчи бинолари ва омборларида ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилганлиги ҳолатлари аниқланганда, аниқланган ҳолатлар бўйича лицензияловчи органга хабар берилади.


50. Давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган тартибда давлат санитария назорати олиб борилганда, бож олинмайдиган савдо дўконининг савдо заллари, ёрдамчи бинолари ваомборлариниариза берилган товарларни, шу жумладан озиқ-овқат товарларини сақлаш шарт-шароитларининг номувофиқлиги ҳолати аниқланганда, аниқланган кмчиликлар тўғрисида лицензияловчи органга хабар берилади.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


51. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддаларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда амалга оширилади.


52. Лицензия амал қилиш муддатининг тўхтатиб турилиши ёки бож олинмайдиган савдо дўконининг тугатилиши тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб,бож олинмайдиган савдо дўконига товарларнинг янги туркумларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди.


53. Бож олинмайдиган савдо дўконини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб бож олинмайдиган савдо божхона режими остида жойлаштирилган ва бундай омборда сақланаётган товарларга вақтинча сақлаш божхона режимида сақланаётган товарлар сифатида қаралади.

Тугатилаётган бож олинмайдиган савдо дўконида товарларнинг вақтинча сақлаш режимида бўлишининг умумий муддати дўкон тугатилган санадан бошлаб олтмиш кундан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


54. Лицензиат лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилиши тугатилиши ёки унинг бекор қилиниши тўғрисидаги қарорини олган санадан бошлаб уч кун муддатда лицензияловчи органга лицензиянинг бекор қилиниши ёки амал қилишининг тўхтатилиши кунида тугатилаётган бож олинмайдиган савдо дўконида сақланаётган товарлар тўғрисида тўлиқ ҳисобот тақдим этади.


55. Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб етти кун муддатдан кечикмай, тугатилаётган бож олинмайдиган савдо дўконида сақланаётган товарларни хатловдан ўтказади.


56. Бож олинмайдиган савдо дўконитугатилган тақдирда,унда сақланаётган товарлар бошқа божхона омборига ёки бож олинмайдиган бошқа савдо дўконига олиб ўтилиши ёки товарни бож олинмайдиган савдо дўконига жойлаштирган шахс ёхуд унинг ваколатли шахси томонидан:

лицензия бекор қилинганда - товарларбож олинмайдиган савдо дўконига жойлаштирилган санадан бошлаб;

бошқа ҳолатларда - тугатиштўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб бошқа божхона режимига жойлаштирилиши керак.


57. Лицензиянинг амал қилиши тўхгатилиши муносабати билан бож олинмайдиган савдо дўконитугатилган тақдирда лицензиатдан тугатиш санасидан эътиборан божхона органлари томонидан таъсис этилган божхона омборлари учун белгиланган, товарлар сақланганлиги учун божхона йиғимлари ундирилади.

Лицензия бекор қилинганлиги муносабати билан бож олинмайдиган савдо дўконитугатилган тақдирда лицензиат томонидан олиб кирилган, шу жумладан чиқариб юборилган товарлар турган бутун даврга божхона органлари томонидан таъсис этилган божхона омборлари учун белгиланган, товарлар сақланганлиги учун божхона йиғимларини тўлаши шарт.


58. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин.

Суд лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва лицензияни бекор қилишни асоссиз деб топган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавоб беради.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИНИ

ЮРИТИШ


59. Лицензияловчи орган берилган лицензиатлар реестрини электрон шаклда "Лицензия" ахборот тизимлари комплекси орқали юритади.


60. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилади:

юридик шахс - лицензиатнинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, раҳбарининг Ф.И.О., телефон (факс);

лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳамда тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензиянинг амал қилишини тугатиш асослари ва санаси;

лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси.


61. Лицензияловчи орган ҳар ярим йилда камида бир марта божхона органларининг расмий нашрларида лицензиялар реестри ва реестрга киритилаётган ўзгартиришлар эълон қилинишини таъминлайди.


62. Лицензиялар реестридаги мавжуд маълумотлар танишиб чиқиш учун очиқ бўлиб, лицензияловчи органнинг веб-сайтига ва "Лицензия" ахборот тизимлари комплекси жойлаштирилади.



9-БОБ. ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШ

ТАРТИБИ


63. Лицензия берилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида давлат божи ундирилади ва у Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


64. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Бож олинмайдиган савдо дўконларида

товарларни сотиб олишга

БУЮРТМАНОМА

(хорижий давлатнинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси, халқаро ташкилот ваколатхонасининг,


ва унга тенглаштирилган ваколатхонанинг номи)

ваколатини бераман

(хорижий давлатнинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси, халқаро ташкилот ваколатхонаси ва унга

тенглаштирилган ваколатхонанинг харидни амалга ошириш ваколати берилган шахсининг фамилияси, исми,

отасининг исми, тоифаси, шунингдек, аккредитация карточкаси рақами)


Қуйидаги товарларни


(товарларни сотиб олишнинг мақсади)



сотиб олиш учун:

Т/р

Товарнинг номи

Сони

Биттасининг қиймати

Умумий қиймати

1.





2.





3.





4.








(буюртманома тузилган сана)


(хорижий давлатнинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси,

халқаро ташкилот ваколатхонаси ва унга тенглаштирилган ваколатхона

бошлиғининг фамилияси, исми, отасининг исми, имзоси)





Низомга

2-ИЛОВА



Бож олинмайдиган савдо дўкони

фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

   

Босқичлар




Субъектлар




Тадбирлар


Бажариш муддатлари








1-босқич

Лицензия даъвогари


1. Бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомда назарда тутилган лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Лицензияловчи органга ҳужжатларни бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этади.

Лицензия даъвогарининг хоҳишига кўра



































2-босқич

Лицензияловчи орган


     

1. Лицензияловчи органининг жавобгар шахси ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилиб, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана кўрсатилган ҳолда лицензия даъвогарига юборилади (топширилади).

2. Ҳужжатларни кўриб чиқиш учун бож олинмайдиган савдо дўкони ташкил этилаётган ҳудуддаги эксперт комиссиясига юборади.

    

Ҳужжатларни қабул

қилиш куни
































3-босқич



Эксперт комиссияси


       

1. Ҳужжатларни, лицензиялаш талаблари ва шартларига риоя этилишини ўрганиш учун бевосита бож олинмайдиган савдо дўконини ташкил этиш жойига борган ҳолда кўриб чиқади, лицензия даъвогарининг лицензиялаш талаблари ва шартларига мувофиқлиги тўғрисида эксперт хулосасини тайёрлайди.

2. Лицензия даъвогари лицензия бериш рад этилиши учун асос бўлган сабабларни бартараф этгандан сўнг, такроран тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади.


     

1. Ҳужжатларни қабул қилган кундан бошлаб 20 кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

2. Ҳужжат такроран тақдим этилгач 6 кун ичида



































4-босқич

Лицензияловчи орган


    

1. Эксперт комиссияси хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабулқилади.


2. Лицензия даъвогарини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.


3. Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда, рад этишнинг сабаблари ва лицензия даъвогари кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такрор тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборади (топширади).

      

       

1. 5 кун ичида (такрорий мурожаатда - 4 кун ичида)

2. Қарор қабул қилишдан сўнг 3 кун ичида

3. Қарор қабул қилишдан сўнг3 кун ичида









































Лицензиат


    

Лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

     

     

Лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома юборилган пайтдан эътиборан уч ойдан кечикмай







































5-босқич









  







  


Лицензия даъвогари


1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни қайта тақдим этиш ҳуқуқига эга

Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддатда







































  

6-босқич

Лицензияловчи орган


1. Лицензиат томонидан лицензия берилгани учун давлат божии тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганда, лицензияни электрон ҳужжат кўринишида расмийлаштиради ва "Лицензия" ахборот тизимлари комплекси орқали юборади.

2. Лицензиялар реестрига тегишли маълумотларни киритади.

Давлат божи тўлангач  уч кун муддатда























Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 19 декабрь