язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Декабрь, 2018 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Саноат/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.12.2018 й. 1031-сон "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятини бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

19.12.2018 й.

N 1031



"ЎЗБЕККЎМИР" АКЦИЯДОРЛИК

ЖАМИЯТИНИ БОШҚАРИШ САМАРАДОРЛИГИНИ

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



"Ўзбеккўмир" АЖ фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш кейинги йилларда кон юзасини очиш ишлари норматив кўрсаткичларининг бажарилмаслиги, сифатли кўмир қазиб олиш таъминланмаслиги, кўмир қазиб олиш самарадорлиги даражаси замонавий талабларга мувофиқ эмаслиги истеъмолчиларнинг, шу жумладан, аҳолининг кўмир маҳсулотларига бўлган эҳтиёжининг ўсиб бораётган ҳажмлари қондирилмаслиги сабаблари эканлигини кўрсатди.

"Ўзбеккўмир" АЖни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари жорий этилишини таъминлаш, шунингдек, кўмир саноатини янада барқарор ва мувозанатли ривожлантиришга йўналтирилган долзарб вазифаларни амалга оширишда мувофиқлаштирилган ишлар даражасини ошириш, шунингдек, 2018-2022 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг кўмир маҳсулотларига бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг:

Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда ташкил этиладиган "ПрогрессГорТех" МЧЖнинг (Россия Федерацияси) шўъба хўжалик жамиятини "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг "Ўзбеккўмир" АЖ устав капиталидаги 45 фоиз миқдоридаги акциялари туркумининг ишончли бошқарувчиси (кейинги ўринларда ишончли бошқарувчи деб аталади) сифатида жалб этиш;

ишончли бошқарув даврида "Ўзбеккўмир" АЖнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини акциядорлик жамияти сифатида сақлаб қолиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. "Ўзбеккўмир" АЖ бошқарув органларига 2019 йил 1 февралгача бўлган муддатда ишончли бошқарувчи томонидан тақдим этиладиган "Ўзбеккўмир" АЖ фаолияти самарадорлигини янада ошириш бизнес-режасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.


3. Белгилансинки:

ишончли бошқарувчи "Ўзбеккўмир" АЖни бошқаришга хорижий мутахассисларни жалб этиш ҳуқуқига эга;

тасдиқланган бизнес-режани амалга ошириш учун ишончли бошқарувчининг ўз маблағлари ёки хорижий кредиторларнинг маблағлари жалб этилган тақдирда ушбу маблағлар асосланган ҳисоб-китоблар ва аудиторлик ташкилотининг хулосаси бўйича "Ўзбеккўмир" АЖнинг фойдаси ҳисобига қопланади.


4. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ икки ой муддатда ишончли бошқарувчи билан музокаралар олиб борсин ва унинг натижалари бўйича "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг "Ўзбеккўмир" АЖ устав капиталидаги 45 фоиз миқдоридаги акциялари туркумини уч йил муддатга ишончли бошқариш шартномаси тузилишини, "Ўзбеккўмир" АЖнинг бизнес-режаси параметрларига эришилган тақдирда шартномани узайтириш имкониятларини таъминласин. Шартномада:

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва ишончли бошқарувчининг жавобгарлиги ва ваколатларини чегаралаш;

ишончли бошқарувчининг таклифи бўйича ижро этувчи орган таркибини ва ташкилий тузилмани ўзгартириш;

технологик ва ишлаб чиқариш сиёсатини шакллантириш, очиқ кон ишларини амалга оширишни ривожлантиришнинг истиқбол режасини белгилаш, ўртача муддатли ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияси, ривожланишнинг инвестицион стратегияси ва "Ўзбеккўмир" АЖнинг харид фаолиятини белгилаш бўйича ишончли бошқарувчининг таклифлар киритиш ҳуқуқи назарда тутилсин.


5. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ишончли бошқарувчининг тавсиялари бўйича 2013-2016 йиллар даврида "Ўзбеккўмир" АЖ томонидан олинган Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг кредитлари ва фоизларини қайтариш муддатларини оптималлаштириш бўйича 2019 йил 1 февралгача таклифлар киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ишончли бошқарувчига "Ўзбеккўмир" АЖнинг инвестиция активларини ишончли бошқарувчи лицензиясини белгиланган тартибда берсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 20 декабрь