ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Қуролли кучлардаги кадрлар. Ижтимоий ҳимоя /

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 25.12.2018 й. ПҚ-4076-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 25 декабрдаги

ПҚ-4076-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида

тинчлик ва уруш даврида тиббий

кўрикдан ўтказиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказишни (кейинги ўринларда - тиббий кўрикдан ўтказиш) ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Тиббий кўрикдан ўтказиш қуйидагиларни аниқлаш мақсадида амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини (кейинги ўринларда - фуқаролар) саломатлигига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги (кейинги ўринларда - Мудофаа вазирлиги), Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси (кейинги ўринларда - Миллий гвардия), Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда - ПХДХ), Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда - ДХХ), Ўзбекистон Республикаси Электрон технологияларини ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда - ЭТРМ), Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда - ИИВ), Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (кейинги ўринларда - ФВВ) хизмат фаолияти ҳақиқий ҳарбий хизматга тенглаштирилган (кейинги ўринларда - тенглаштирилган хизмат) бошқа вазирлик ва идоралар (кейинги ўринларда - вазирлик ва идоралар)да ҳарбий хизматга яроқлилигини;

фуқаролар соғлиги ва жисмоний ривожланишининг ҳолатига нисбатан қўйиладиган талабларга мувофиқ уларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари (кейинги ўринларда - Қуролли Кучлар) турлари, қўшин шаклларига ва ҳарбий мутахассисликка тўғри тақсимлаш учун кўрсатмаларни;

ҳарбий хизмат (ҳарбий йиғинлар), тенглаштирилган хизматни ўташ даврида фуқаролар томонидан орттирилган касалланиш, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатланишнинг сабабий боғлиқлигини (кейинги ўринларда - касалланиш, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатланишнинг сабабий боғлиқлиги);

ҳарбий хизматчиларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг соғлиғини тиклаш турлари, ҳажми ва муддатини.


3. Тиббий кўрикдан ўтказиш Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, ПХДХ, ДХХ, ЭТРМ, ИИВ, ФВВ ҳарбий хизматга тенглаштирилган хизматни ўташ назарда тутилган вазирлик ва идораларда амалга оширилади.

4. Тиббий кўрикдан ўтказиш учун:

туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимлари (кейинги ўринларда - МИББ) ҳузурида ҳудудий тиббий комиссиялар (кейинги ўринларда - ҳудудий тиббий комиссиялар);

МИББ ҳузурида ҳамда тенглаштирилган хизмат ўташ кўзда тутилган вазирликлар ва идораларда - тиббий комиссиялар (кейинги ўринларда - тиббий комиссиялар);

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғиш пунктларида (кейинги ўринларда - йиғиш пункти) ҳарбий-тиббий комиссиялар (кейинги ўринларда - йиғиш пунктларидаги ҲТК);

Мудофаа вазирлиги, ДХХ, ИИВда харбий-тиббий комиссиялар (кейинги ўринларда - ҲТК) ташкил этилади;

ҲТК ва тиббий комиссияларни тузиш тартиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг хулосаларини расмийлаштириш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан ўрнатилган тартибда белгиланади.

Йиғиш пунктларидаги ҲТКлар ва ҳудудий тиббий комиссиялар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4630-сон қарори, мазкур Низом ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

5. ҲТК ва тиббий комиссиялар зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилади:

мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

ҳарбий-тиббий экспертизага услубий раҳбарлик қилиш, даволаш-профилактика муассасаларидаги даволаш-соғломлаштириш ишларини, Қуролли Кучларнинг ҳарбий-тиббий муассасалари, ҳарбий қисмлари, муассасалари, корхоналари ва ташкилотларидаги даволаш-диагностика ишларини, давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, ПХДХ, ДХХ, ЭТРМ, ИИВ, ФВВ ҳарбий хизматчиларининг (кейинги ўринларда - ҳарбий хизматчилар) тиббий текширувдан ўтказилиши ва даволанишини, шунингдек, мазкур Низомнинг 7-банди "а" - "в" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларнинг текширувдан ўтказилиши (кузатувда бўлиши) ва даволанишини ташкил этиш, ўтказиш ва натижалари устидан назорат қилиш;

ҳарбий хизматчилар, тенглаштирилган хизматни ўтаётган фуқаролар, ҳарбий йиғинларни ўтаётган фуқаролар, ҳарбий хизматни ёки тенглаштирилган хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўтаган фуқароларнинг касалланиши, шикастланиши, ярадорлиги, жароҳатланишини, шунингдек, уларнинг ўлимига олиб келган касалланиш, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатланишнинг сабабий боғлиқлигини аниқлаш;

фуқароларни ҳарбий хизматдан (тенглаштирилган хизматдан) бўшатиш вақтида саломатлигига кўра ҳарбий хизматга (тенглаштирилган хизматни ўташга) яроқлилигини аниқлаш;

ҳарбий тиббий экспертизанинг муаммоларини илмий тадқиқ қилиш;

ҳарбий тиббий экспертизани ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича мутахассис-шифокорлар ва ўрта бўғин тиббиёт ходимларини тайёрлаш.


6. ҲТК ва тиббий комиссияларнинг фаолиятини назорат қилиш, уларга услубий ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш вазирлик ва идораларнинг марказий ҳарбий тиббий комиссиялари (кейинги ўринларда - МҲТК) зиммасига юклатилади.



2-БОБ. ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ

ОБЪЕКТЛАРИ


7. Қуйидаги шахслар тиббий кўрикдан ўтказилади:

а) чақирув участкаларида қайд этилаётган фуқаролар;

б) муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган фуқаролар;

б-1) мукобил хизматга чақирилаётган фуқаролар;

в) сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олинаётган фуқаролар;

г) сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган фуқаролар;

д) контракт бўйича ҳарбий хизматга кираётган фуқаролар;

е) тенглаштирилган хизматга кираётган фуқаролар;

ж) ҳарбий хизматчилар;

з) тенглаштирилган хизматни ўтаётган фуқаролар;

и) ҳарбий таълим муассасаларига (кейинги ўринларда - ҲТМ) кираётган фуқаролар;

к) мудофаа ишлари бошқармалари (кейинги ўринларда - МИБ) ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказларига юборилаётган фуқаролар;

л) олий таълим муассасалари ҳузуридаги ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларига (ҳарбий таълим факультетлари, ҳарбий тайёргарлик ўқув марказлари, ҳарбий кафедралар, цикллар ва курслар) танлаб олинаётган (таҳсил олаётган) фуқаролар;

м) ҳарбий йиғинларга чақирилаётган фуқаролар;

н) ҳарбий йиғинларни ўтаётган фуқаролар;

о) ҳарбий йиғинларни ўтаган фуқаролар;

п) Қуролли Кучлар резерви ва захирасидаги фуқаролар (кейинги ўринларда - ҳарбий хизматга мажбурлар);

р) контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари;

с) ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароит билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишга тайинланаётган (кираётган) ёки ишлаётган ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматга мажбурлар, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчилари;

т) Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ўқишга (малака оширишга) юборилаётган (кираётган) контракт бўйича ҳарбий хизматчилар, ҲТМ курсантлари, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчилари.

8. Тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби, мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган фуқаролар соғлиғининг ҳолатига нисбатан қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда - Соғлиқни сақлаш вазирлиги) билан ҳамкорликда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.


9. Миллий гвардия ва ФВВга ҳарбий хизматга келаётган фуқароларни, шунингдек, Миллий гвардия ва ФВВнинг ҳарбий хизматчиларини ҳамда контракт бўйича ҳарбий хизматчиларининг оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказиш Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҲТК томонидан амалга оширилади.

ПХДХга ва ЭТРМга ҳарбий хизматга келаётган фуқароларни, шунингдек, ПХДХ ва ЭТРМ ҳарбий хизматчиларини ва контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ДХХ тасарруфидаги ҲТК томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.

Қуролли Кучлар авиациясининг учувчилар таркиби ва Қуролли Кучлар резерви ва захирасида турган учувчилар таркиби, учувчилар таркибини тайёрлаш бўйича ҲТМ курсантлари, ушбу йўналиш бўйича ҲТМга ўқишга кираётган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш тиббий-учувчилик комиссиялари томонидан Мудофаа вазирлиги белгилаган тартибда амалга оширилади.


10. Қутқарувчилар ва қутқарув хизматининг бошқа мутахассисларини тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби таркибига қутқарув хизмати ва қутқарув тузилмалари кирадиган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.



3-БОБ. ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА АМАЛГА ОШИРИШ


11. Ҳарбий-тиббий экспертиза тиббий текширув ва тиббий кўрик ўтказишни кўзда тутади.

Тиббий текширувда мазкур Низомнинг 2-бандида назарда тутилган мақсадларда тиббий кўрикдан ўтказиш олдидан фуқаронинг шикоятлари, анамнези ва тиббий текширув маълумотларини йиғиш ва таҳлил қилиш, лаборатория, тиббий ускуналар ёрдамида, морфологик ва бошқа тадқиқотларни ўтказиш йўли билан амалга ошириладиган комплекс диагностика чора-тадбирлари ўтказилади.

Мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган фуқароларнинг ҳар бир тоифаси учун ўтказиладиган мажбурий диагностик текширувлар рўйхати тегишли вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.


12. Фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш касалланиш, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатланишнинг аниқланиши оқибатида, айрим ҳолларда эса тиббий-экспертизада жараёнида аниқланганда амалга оширилади.

Тиббий-экспертизанинг якуний аниқланган ҳолати деганда фуқаро соғлиғининг шундай ҳолати тушуниладики, бунда тиббий текширув ва даволаш натижалари ҳудудий тиббий комиссия, МИББ ҳузуридаги тиббий комиссия, йиғиш пунктларидаги ҲТК ёки ҲТКга фуқаронинг ҳарбий хизматга (тенглаштирилган хизматга) яроқлилик тоифаси бўйича хулоса чиқаришга асос беради ҳамда кейинги даволанишлар ҳарбий хизматга (тенглаштирилган хизматга) яроқлилик тоифасини ўзгаришига олиб келмайди.

13. Сиртдан тиббий кўрикдан ўтказиш тақиқланади, қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.


14. Тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида ҳудудий тиббий комиссия, МИББ ҳузуридаги тиббий комиссия, йиғиш пунктларидаги ҲТК ва ҲТКлар томонидан фуқаронинг ҳарбий хизматга (тенглаштирилган хизматга), ҳарбий-ҳисоб мутахассислиги бўйича хизмат қилишга (ўқишга) яроқлилигини аниқлаш мақсадида фуқароларнинг соғлиғи ҳамда жисмонан ривожланиш ҳолати ўрганилади ва таҳлил қилинади ҳамда мазкур Низомда кўзда тутилган бошқа масалалар ҳал қилиниб, ёзма хулоса чиқарилади.

ҳудудий тиббий комиссия, МИББ ҳузуридаги тиббий комиссия, йиғиш пунктларидаги ҲТК ва ҲТКлар ўз хулосаларини маслаҳатлашган ҳолда, кенгашда қатнашаётган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилади.

ҳудудий тиббий комиссия, МИББ ҳузуридаги тиббий комиссия, йиғиш пунктларидаги ҲТК ва ҲТКларнинг хулосалари мансабдор шахслар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

15. Ҳудудий тиббий комиссия, МИББ ҳузуридаги тиббий комиссия, йиғиш пунктларидаги ҲТК ва ҲТКнинг фуқарога нисбатдан чиқарган хулосаси бўйича фуқаронинг ўзи ёки унинг қонуний вакили юқори турувчи тиббий комиссияга, ҲТК ёки судга шикоят қилиши мумкин.

Алоҳида ҳолларда юқори турувчи тиббий комиссия, ҲТК ёки суд қарори асосида фуқаро назорат текшируви ва қайта тиббий кўрикдан ўтказиш учун МҲТК юборилиши мумкин.


16. Мазкур Низомнинг 7-банди "а" - "г", "ж" - "с" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларга нисбатан ҳудудий тиббий комиссия, МИББ ҳузуридаги тиббий комиссия, йиғиш пунктларидаги ҲТК ва ҲТК томонидан чиқарилган хулоса, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, тиббий кўрик ўтказилган санадан бошлаб бир йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади. Ҳудудий тиббий комиссия, МИББ ҳузуридаги тиббий комиссия, йиғиш пунктларидаги ҲТК ва ҲТК томонидан қабул қилинган такрорий ёки навбатдаги хулосалар аввалги хулосани бекор қилади (вақтинча ҳарбий хизматга (тенглаштирилган хизматга) яроқсизлик ва касалланиш, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатланиш сабабий боғлиқлик тўғрисидаги хулосалар бундан мустасно). Ҳудудий тиббий комиссия, МИББ ҳузуридаги тиббий комиссия, йиғиш пунктларидаги ҲТК ва ҲТКнинг хулосалари белгиланган муддатда ижро этилмаган ҳолларда ва тиббий кўрикдан ўтказилаётган шахснинг мурожаатида ёки давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасалари ёхуд ҳарбий-тиббий муассасалар шифокорларининг хулосасида кўрсатилган муддатдан қатъи назар, ушбу шахснинг соғлиғи ҳолатида яққол ўзгаришлар қайд этилганда қайта тиббий кўрик ўтказилади.

Мазкур Низомнинг 7-банди "д", "е" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларга нисбатан ҲТК томонидан чиқарилган хулоса кадрлар бўлинмалари томонидан татбиқ қилиш учун тиббий кўрикдан ўтказиш санасидан бошлаб олти ой мобайнида ҳақиқийдир.

17. Мазкур Низомнинг 7-банди "а", "и" - "м", "о", "п" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишни амалга оширувчи тиббий комиссиялар таркиби (жарроҳ, терапевт (катта шифокор вазифаси жарроҳ ёки терапевт зиммасига кжланади), дерматовенеролог, стоматолог, офтальмолог, оториноларинголог, психиатр ва невропатолог) туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бирлашмалари (органлари) раҳбарларининг тақдимномасига кўра қабул қилган қарорлари билан тасдиқланади.

Мазкур Низомнинг 7-банди "б" - "в" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишни амалга оширувчи ҳудудий тиббий комиссиялар таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4630-сон қарори билан белгиланган тартибда тасдиқланади.

Мазкур Низомнинг 7-банди "а" - "в", "и" - "м", "о", "п" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишдаги мунозарали масалалар таркибига олий малака тоифасига эга шифокор-мутахассислар жалб қилинадиган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўсмирлар ва чақирув ёшидаги ёшларга тиббий ёрдамни ташкил этиш маркази ҳузуридаги республика муқобил тиббий комиссияси (кейинги ўринларда - РМТК), маҳаллий ҳудудларда эса таркибига олий ва биринчи малака тоифасига эга шифокор-мутахассислар жалб қилинадиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббий марказларининг Ўсмир ва чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдамни ташкил этиш бўлинмалари томонидан белгиланган тартибда ҳал этилади.

Мазкур Низомнинг 7-банди "д", "e", "с", "т" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишдаги мунозарали масалалар МҲТК томонидан белгиланган тартибда ҳал этилади;

Ҳудудий тиббий комиссиялар томонидан қабул қилинган хулосаларнинг асосланганлигини назорат қилувчи ва мазкур Низомнинг 7-банди "б" кичик бандида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишни амалга оширувчи йиғиш пунктларидаги ҲТК таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4630-сон қарори билан белгиланган тартибда тасдиқланади.

Ҳудудий тиббий комиссиялар, МИББ ҳузуридаги тиббий комиссиялар ва йиғиш пунктларидаги ҲТКлар ишини ташкил қилиш учун давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларидан шифокор-мутахассислар билан бирга ўрта бўғин тиббиёт ходимлари ҳам жалб қилинади.

18. Фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун жалб этиладиган давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларининг шифокор-мутахассислари, ўрта бўғин тиббиёт ходимларининг иш ўрни, лавозими ва ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади. Агар шифокор-мутахассислар, ўрта бўғин тиббиёт ходимларининг тиббий кўрикдан ўтказишдаги иштироки доимий яшаш жойларидан бошқа ҳудудларга бориш билан боғлиқ бўлса, уларнинг сафар харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар бўйича қопланади.



4-БОБ. ФУҚАРОЛАРНИ ЧАҚИРУВ УЧАСТКАЛАРИДА

ҚАЙД ЭТИШ ҲАМДА МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ ВА

МУҚОБИЛ ХИЗМАТГА ЧАҚИРИШ ВАҚТИДА

ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ


19. Мазкур Низомнинг 7-банди "а" кичик бандида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкиллаштириш таркибига МИББ вакиллари ва шифокор-мутахассислар киритилган тегишли комиссиялар зиммасига юкланади.


20. Фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

21. МИББ ҳудудий тиббий комиссия ва МИББ ҳузуридаги тиббий комиссиянинг (қайд этиш комиссияси) катта шифокорлари билан биргаликда мазкур Низомнинг 7-банди "а" - "б-1" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларни тайёрлашда уларнинг соғлиғи ҳамда жисмоний ривожланиши ҳолатини аниқлаш учун ҳар томонлама ўрганишларини ташкил этади ва ўтказади.

Шу мақсадда МИББ қуйидагиларни талаб қилиб олади ва ўрганади:

а) рухий-асаб, тери-таносил касалликлари ва наркологик диспансерлар, фтизиатрия ва пульмонология (силга қарши диспансерлар) ҳамда ОИТСга қарши курашиш марказлари, шунингдек санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бошқармаларидан - ҳисобда турувчи шахслар рўйхатларини;

б) даволаш-профилактика муассасаларидан - амбулатория шароитида даволанувчи беморларнинг тиббий карталар ва уларга илова қилиб тикилган варақларни, касаллик тарихидан кўчирмалар, диспансер ва шифокор кузатуви ҳақидаги маълумотлар, шифокорларнинг хулосалари ҳамда фуқароларнинг соғлиғини тавсифловчи бошқа тиббий ҳужжатларни;

в) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бўлимларидан - ногирон деб топилган шахслар тўғрисидаги маълумотномаларни;

г) ақли заиф ва тарбияси оғир бўлганлар учун мўлжалланган махсус ёрдамчи мактаблардан - тиббий-педагогик тавсифномаларни;

д) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан - жиноий жавобгарликка тортилган, терговда бўлган, судланган, қонунбузарлик ҳолатларини содир этганлиги сабабли рўйхатда турган, шу жумладан, тиббий кўрсатмаларга боғлиқ бўлмаган ҳолда гиёҳванд ва психотроп моддаларни истеъмол қилган шахслар тўғрисидаги маълумотларни.


22. Даволаш-профилактика муассасалари ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар 10 кунлик муддат ичида МИББнинг сўровномасига асосан тиббий ҳужжатлар (стационар шароитда даволанадиган беморларнинг тиббий карталари ва уларга тиркалган варақалар, касаллик тарихидан кўчирмалар, тиббий текширувлар ва шифокор кузатуви натижалари, рентгенограммалар, махсус услубдаги текширувлар баённомалари (таърифи) ва ҳ.к.) ҳамда фуқаролар соғлиғини тавсифловчи бошқа маълумотларни тақдим этади.

Мазкур Низомнинг 7-банди "а" кичик бандида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш якунлангач МИББ 10 кунлик муддат ичида тиббий ҳужжатларни тегишли даволаш-профилактика муассасаларига қайтаради.


23. Мазкур Низомнинг 7-банди "а" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилишидан олдин улар учун ҳар йили тиббий кўриклар, текширувлар (кузатувлар), шунингдек, даволаш-соғломлаштириш тадбирлари ва профилактик эмлашлар амалга оширилади.

Тиббий кўриклар, текширувлар (кузатувлар), даволаш-соғломлаштириш тадбирлари ҳамда профилактик эмлашларни ташкил этиш ва ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органлари ва давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари зиммасига юкланади.

Тиббий кўриклар, текширувлар (кузатувлар), даволаш-соғломлаштириш тадбирлари ҳамда профилактик эмлашларни ўтказиш ва ташкиллаштириш тартиби, уларнинг ҳисобини юритиш ва улар бўйича ҳисобот бериш ишлари устидан назоратни амалга ошириш тартиби Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


24. Мазкур Низомнинг 7-банди " - "б-1" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишдан олдин давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан уларда оғиз бўшлиғи санацияси ҳамда мажбурий диагностик текширувлар, шунингдек, зарур ҳолларда тиббий кўрсатмаларга асосан бошқа текширувлар ўтказилади.

Мазкур Низомнинг 7-банди "б" - "б-1" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларнинг қон гуруҳи ва резус мансублиги (фактори) аниқланган бўлиши керак.

Охирги профилактик эмлашлар ҳақидаги маълумотлар (профилактик эмлашлар режасига асосан) фуқаронинг ҳарбий гувоҳномасига, қон гуруҳи ва резус мансублиги (фактори) ҳақидаги маълумотлар эса унинг паспорти ҳамда ҳарбий гувоҳномасига қайд этилади.


25. Тиббий кўрикдан ўтказиш ушбу амалиёт учун махсус жиҳозланган МИББ чақирув пункти ва МИБ йиғиш пунктида амалга оширилади.

Шифокор-мутахассислар хоналари тиббий кўрикдан ўтказиш учун зарур бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминланади.

26. Мазкур Низомнинг 7-банди "а", "б" - "б-1" кичик бандларида назарда тутилган фуқаролар сони ҳудудий тиббий комиссиялар ва МИББ ҳузуридаги тиббий комиссиялар томонидан тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида бир иш куни мобайнида 50 нафардан ошмаслиги лозим.

МИБ йиғиш пунктида чақирув гуруҳлари тузилиши вақтида бир иш куни мобайнида тиббий кўрикдан ўтаётган шахслар сони 100 нафардан ошмаслиги лозим.

27. Мазкур Низомнинг 7-банди "б", "б-1" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларни дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш ҳудудий тиббий комиссиялар томонидан ташкил этилади.

28. Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари эксперт ҳужжатларга (касаллик тўғрисидаги гувоҳнома, маълумотномалар, тиббий кўрикдан ўтиш варақаси ва тиббиётга оид бошқа ҳужжатлар) киритилади.

Эксперт ҳужжатларининг шакллари тегишли вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.


29. Чақирилувчининг соғлиги ҳолатини аниқлашда шифокор-мутахассислар бир тўхтамга кела олмаган ҳолларда, ҳудудий тиббий комиссия ва МИББ ҳузуридаги тиббий комиссия уни амбулатор ёки стационар равишда тиббий текшириш уни давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасасига юборади. Йўлланмада дастлабки ташхис ва тиббий текширувда айнан нимага аниқлик киритилиши лозимлиги кўрсатилади.

Мазкур Низомнинг 7-банди "а" - "б-1" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларнинг амбулатор (стационар) текшируви бепул ўтказилади.

Тиббий текширув натижалари кўриб чиқиш учун ҳудудий тиббий комиссия ёки МИББ ҳузуридаги тиббий комиссияга тақдим қилинади, улар чақирилувчининг соғлиғи, жисмоний ривожланиши ҳолати ва бошқа барча маълумотларни инобатга олган ҳолда унинг ҳарбий хизматга яроқлилиги масаласини ҳал қилади.

30. Мазкур Низомнинг 7-банди "а" - "б-1" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари асосида, тиббий кўрикдан ўтказиш кунида шифокор-мутахассислар хулосаларига кўра ҳудудий тиббий комиссиялар ёки МИББ ҳузуридаги тиббий комиссиялар ва йиғиш пунктларидаги ҲТКлар қуйидаги тоифа ва чекланиш даражаси (соғлиқ ва жисмоний ривожланиш ҳолатининг кўрсаткичи) бўйича ҳарбий хизматга яроқлилик тўғрисида хулоса қабул қилади:

А - ҳарбий хизматга яроқли (чекланиш даражаси - 1, 2).

Бу тоифага Қуролли Кучлар, қўшинларнинг барча турларида ҳамда барча ҳарбий мутахассисликлар бўйича ҳарбий хизмат ўташ (таҳсил олиш) учун соғлиғи ва жисмоний ривожланишида чекланишлар мавжуд бўлмаган фуқаролар киради.

В - айрим чекланишлар билан ҳарбий хизматга яроқли (чекланиш даражаси - 3).

Бу тоифага ҳаво-десант қўшинларида (кейинги ўринларда - ҲДҚ) ва уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмларда ҳарбий хизмат ўташига, алоҳида ҳарбий мутахассисликлар бўйича хизмат қилишга (таҳсил олишга) монелик қиладиган касалликлари ёки жисмоний нуқсонлари мавжуд бўлган фуқаролар киради. ҲДҚга тенглаштирилган ҳарбий қисмларга хизмат ўташ шароитлари ҲДҚдаги шароитларга тенглаштирилган ҳарбий қисм ва бўлинмалар киради.

С - чекланган равишда ҳарбий хизматга яроқли (чекланиш даражаси - 4).

Бу тоифага Қуролли Кучлар, қўшинларнинг айрим бир турида ҳамда муайян ҳарбий мутахассислик бўйича ҳарбий хизмат ўташига (таҳсил олишга) монелик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари мавжуд бўлган фуқаролар киради.

D - вақтинча ҳарбий хизматга яроқсиз (чекланиш даражаси - 5).

Бу тоифага саломатлигига кўра ҳарбий хизматга чақирилиш муддатини кечиктиришга ва даволаш-соғломлаштириш чораларини ўтказишга муҳтож бўлган фуқаролар киради. Ушбу хулосада фуқарони ҳарбий хизматга вақтинча яроқсиз деб ҳисоблаш даврининг муддати белгиланади.

Е - тинчлик даврида ҳарбий хизматга яроқсиз, уруш даврида чекланган равишда ҳарбий хизматга яроқли (чекланиш даражаси - 6).

Бу тоифага тинчлик даврида Қуролли Кучлар қўшинларнинг барча турларида ҳарбий хизмат ўташга монелик қилувчи касаллик ёки жисмоний нуқсонлари мавжуд бўлган, аммо Қуролли Кучларнинг иккинчи тоифали резерв ҳисобида турган фуқаролар киради.

F - ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда ҳарбий хизматга яроқсиз (чекланиш даражаси - 7).

Бу тоифага ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташга ва Қуролли Кучлар резерви ҳисобида туришга монелик қилувчи касаллик ёки жисмоний нуқсонлари мавжуд бўлган фуқаролар киради.


31. А, В ва С яроқлилик тоифалари тайинланган фуқароларга нисбатан Қуролли Кучларнинг айнан қайси турида хизматни ўташ бўйича яроқлилик тоифаси ҳам белгилаб қўйилади.


32. Мазкур Низомнинг 7-банди "а" кичик бандида назарда тутилган фуқароларда ногиронлик мавжуд бўлганда ёки муддатли ҳарбий ва муқобил хизматни ўташга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлари топилиб, тиббий-эксперт томонидан қайд этилганда, улар даволанишга муҳтож сифатида МИББ ҳисобига қўйилмайди. Мазкур фуқаролар, шунингдек, болаликдан ногиронлиги бўлган ва биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳарбий хизматга яроқлилик тоифаси ҳақида якуний хулоса қабул қилинади.

33. Мазкур Низомнинг 7-банди "а" кичик бандида назарда тутилган фуқароларга нисбатан, комиссиянинг хулосаси билан қўшимча равишда мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказларда таҳсил олишга яроқлилиги аниқланиши мумкин.

Мазкур Низомнинг 7-банди "к" кичик бандида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш МИББ ҳузуридаги тиббий комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказларида транспорт воситалари ҳайдовчилари сифатида тайёргарликка жалб этиладиган фуқаролар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ИИВ томонидан тасдиқланадиган ҳайдовчилар ва ҳайдовчиликка номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом талабларига мувофиқ қўшимча тиббий кўрикдан ўтказилади.


34. Мазкур Низомнинг 7-банди "а" - "б-1" кичик бандларида назарда тутилган фуқаролар узоқ муддатли (бир ойдан ортиқ) тиббий текширувга (даволанишга) муҳтож бўлса, ўн икки ойгача муддатга даволанишга (тиббий кузатувга) муҳтожлиги тўғрисида хулоса чиқарилади.

Саломатлигига кўра муддатли ҳарбий хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш бир йил мобайнида тақдим этилиши мумкин, шундан сўнг соғлиқ ҳолатидан келиб чиққан ҳолда яроқлилик тоифаси тўғрисида якуний хулоса қабул қилинади.


35. Мазкур Низомнинг 7-банди "б" - "б-1" кичик бандларида назарда тутилган, даволанишга ва тиббий назоратга муҳтож фуқаролар туман (шаҳар) МИББ томонидан ҳисобга олинади. Улар тўғрисидаги маълумотлар битта рўйхат билан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига юборилади, рўйхатда даволанишга муҳтож бўлган ва чақирув вақтига қадар чекланган ёки ундан юқори яроқлилик тоифасигача даволаса бўладиган шахслар қайд этилади.

36. Тиббий текширув (даволаниш) якунлангач, фуқаро қайта тиббий кўрикдан ўтказилади ва муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин.

МИББ ҳузуридаги қайд этиш комиссияси ёки МИББ ҳузуридаги ҳудудий комиссия ёхуд МИББ ҳузуридаги Қуролли Кучларни бутлаш комиссияси иши тугагунига қадар фуқарони тиббий текширувдан ўтказишни (даволашни) якунлашнинг имкони бўлса, унга нисбатан ҳарбий хизматга вақтинча яроқсизлиги ҳақидаги хулоса қабул қилинмайди. Бундай ҳолатда шифокор-мутахассис фуқаронинг тиббий текширувга (даволанишга) муҳтожлиги ҳақида ҳамда такрорий тиббий кўрикдан ўтиш учун келиш муддатини кўрсатган ҳолда хулоса беради.

Фуқаронинг ҳарбий хизматга вақтинча яроқсизлик муддати тугаганидан сўнг унинг ҳарбий хизматга яроқлилиги ҳақида якуний хулоса чиқарилади.


37. Мазкур Низомнинг 7-банди "б" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар ҳарбий хизматга вақтинча яроқсиз деб топилган фуқаролар тиббий текширувдан (даволанишдан) бош тортган ёки қочган ҳолларда олти ойдан сўнг қайта тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим. Агар қайта тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида фуқаролар соғлиғининг салбий томонга ўзгариши ёки муддатли ҳарбий, муқобил ёки сафарбарлик чақируви резерви хизматини ўташга монелик қиладиган касаллик ва шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) асоратлари аниқланмаса, соғлиғининг ҳолатига нисбатан қўйилган талаблар бўйича ҳарбий хизматга яроқли деб топилади.


38. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органлари ва давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, шунингдек, МИББ бошлиқлари фуқароларни тиббий текшириш (даволаш) ишларини ўз вақтида ўтказиш учун тегишли чоралар кўради.


39. Мазкур Низомнинг 7-банди "б" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар бевосита ҳарбий хизмат ўташ жойига жўнатилишидан аввал, саломатлигига кўра чақирувга лойиқ бўлмаганлиги сабабли муддатли ҳарбий хизматга нотўғри чақирилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, йиғиш пунктида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

Чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш йиғиш пунктларидаги ҲТКлар томонидан амалга оширилади.

Ҳарбий хизмат жойларига жўнатишдан олдин ўтказиладиган назорат тиббий кўриги вақтида фуқароларнинг соғлиги ҳолатида ҳарбий хизматга яроқлилик тоифасини ўзгартириб юборадиган салбий ўзгаришлар ёки оғиз бўшлиғи санацияси ўтказилмаганлиги аниқланса, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги Раҳбарият кенгаши (кейинги ўринларда - Раҳбарият кенгаши) МИББ ҳузуридаги Қуролли Кучларни бутлаш комиссиясининг хулосаларини бекор қилиб, ўз хулосаларини чиқаради.

Қўшинларни муддатли ҳарбий хизматчилар билан бутлаш наряди бажарилганидан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий кўптармоқли тиббиёт марказларининг Ўсмирлар ва чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўлинмалари мутахассислари кейинги чақирув тадбирлари бошлангунига қадар ҳудудий тиббий комиссиялар ва МИББ ҳузуридаги тиббий комиссиялар шифокорларига методик, амалий ёрдам кўрсатади, жойларда ўтказилаётган даволаш-соғломлаштириш ишларини назорат қилади.

40. Мазкур Низомнинг 7-банди "б" кичик бандида назарда тутилган фуқароларда (қўшинларга жўнатиш вақтида) белгиланган ҳужжатларнинг барчаси мавжудлиги учун МИБ бошлиқлари, тиббий ҳужжатларнинг тўлиқ ва сифатли расмийлаштирилганлиги учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бирлашмаларининг (органларининг) раҳбарлари ҳамда йиғиш пунктларидаги ҲТКлар раислари масъулдирлар.

Йиғиш пунктларидаги ҲТКлар фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган муддатларда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўсмирлар ва чақирув ёшидаги ёшларга тиббий ёрдамни ташкил этиш маркази ва МҲТКга тақдим қилади.

41. МИБ йиғиш пунктидан қайтарилган ҳар бир фуқаро бўйича хизмат текширувини ўтказиш учун йиғиш пунктларидаги ҲТКлар раислари томонидан МИББ номига расмий хизмат хати жўнатилиб, унда фуқаронинг қайтарилиши сабаблари кўрсатилади.

42. Йиғиш пунктларидаги ҲТКларнинг ҳарбий хизматга яроқлилик тоифаси бўйича хулосаларидан норози бўлиб мурожаат қилган фуқаролар Раҳбарият кенгашлари қарори асосида Мудофаа вазирлиги ҲТКга ёки МҲТКга назорат тиббий кўригидан ўтиш учун юборилади. Ҳарбий-тиббий муассасаларда назорат тиббий текширув ва тиббий кўрикдан ўтказиш фақат Мудофаа вазирлиги МҲТК раисининг рухсати билан амалга оширилади.

Айрим ҳолатларда фуқаролар бевосита МҲТКга юборилишлари мумкин. Зарурат туғилганда, тиббий текширув ўтказиш учун тегишли вазирлик ва идораларнинг бош тиббий мутахассислари жалб этилади.

Тиббий текширувдан сўнг текширув натижалари қайд этилган эксперт ҳужжат (тиббий кўрикдан ўтказиш варақаси, маълумотнома, касаллик тўғрисида гувоҳнома ва ҳ.к.) тақдим этилади ва унинг асосида йиғиш пунктларидаги ҲТК томонидан фуқаронинг ҳарбий хизматга яроқлилиги тўғрисида якуний хулоса қабул қилинади.

43. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органлари ҳамда Қуролли Кучлар тасарруфидаги ҳарбий қисмлар, муассасалар, ҲТМлар, корхона ва ташкилотларнинг тиббиёт хизмати ўртасида чақирилувчиларнинг соғлигини ўрганиш, уларга нисбатан профилактика ва даволаш-соғломлаштириш тадбирларини ўтказишда узвий боғлиқликни таъминлаш мақсадида МИББ муддатли ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларнинг бошқа ҳужжатлари билан бир қаторда, амбулатор шароитда даволанувчи беморнинг тиббий варақаси билан бирга ҳарбий қисмга (муассасага) чақирув участкасида қайд этиш вақтида ва муддатли ҳарбий хизматга чақириш вақтида ўтказилган тиббий текширув ва тиббий кўрикдан ўтказиш маълумотлари киритилган илова варағини ҳам юборади.



5-БОБ. ФУҚАРОЛАРНИ САФАРБАРЛИК

ЧАҚИРУВИ РЕЗЕРВИДАГИ ХИЗМАТГА ҚАБУЛ

ҚИЛИШДА ВА ХИЗМАТНИ ЎТАШ ДАВРИДА

ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ


44. Мазкур Низомнинг 7-банди "в" кичик бандида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ҳудудий тиббий комиссия зиммасига юкланади.

Мазкур Низомнинг 7-банди "в" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар мажбурий диагностик текширувлардан ўтказилади.

Мажбурий диагностик текширувлар давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларида бепул амалга оширилади.

45. Мазкур Низомнинг 7-банди "в" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилганидан сўнг ҳудудий тиббий комиссиялар уларга нисбатан мазкур Низомнинг 30-бандида келтирилганидек ҳарбий хизматга яроқлилик тўғрисидаги хулосаларни қабул қилади.

46. Даволашга ва тиббий кузатувга муҳтож фуқаролар туман (шаҳар) МИББ томонидан ҳисобга олинади. Улар тўғрисидаги маълумотлар даволаш-соғломлаштириш чораларини ўтказиш учун туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига юборилади.

Тиббий текширув (даволаниш) якунига етгач, мазкур Низомнинг 7-банди "в" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар қайта тиббий кўрикдан ўтказилади ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилинишлари мумкин (чақирув даврида).

49. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органлари билан ҳарбий қисм тиббиёт хизмати ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш мақсадида МИББ томонидан ҳарбий йиғинга юборилаётган, мазкур Низомнинг 7-банди "г" кичик бандида назарда тутилган фуқароларнинг амбулатор бемор тиббий варақалари билан биргаликда илова қилиб тикиладиган варақалар ҳам юборилади.

Мазкур Низомнинг 7-банди "г" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар ҳарбий йиғин жойларига етиб келгач, биринчи сутка давомида ҳарбий қисм тиббий хизмати томонидан Мудофаа вазирлигига қарашли госпиталлар (поликлиникалар) шификор-мутахассислари билан ҳамкорликда уларнинг лаборатор-инструментал текширув хулосалари ўрганиб чиқилади ва тана кўриги ўтказилади.

Лаборатор-инструментал текширувлар хулосаларини ўрганиш ва тана кўриги вақтида мазкур Низомнинг 7-банди "г" кичик бандида назарда тутилган фуқароларда стационар шароитда даволанишни талаб этадиган ва ҳарбий йиғин ўташга монелик қиладиган ўткир касалликлар, жарохатлар аниқланса, улар соғломлаштириш учун чақирув жойидаги МИБга қайтарилади ҳамда ҳарбий йиғинларга кейинги ойларда юборилиши лозим. Ушбу фуқароларда E ва Ғ яроқлилик тоифалари бўйича хулоса беришни назарда тутувчи касалликлар ёки шикастланиш (ярадорлик, жарохат) асоратлари аниқланса, улар йиғинга жалб қилинган жойдаги Мудофаа вазирлиги ҲТКга тиббий кўрикдан ўтиш учун юборилади.

50. Бир ойлик ҳарбий йиғинларни ўташ даврида мазкур Низомнинг 7-банди "г" кичик бандида назарда тутилган фуқарода стационар равишда даволанишни талаб этадиган ва ҳарбий йиғин ўташ учун монелик қиладиган касаллик, жароҳат аниқланган ҳолларда, у тиббий текширув (даволаш) учун ҳарбий-тиббий муассасага юборилади. Стационар даволаниш муддати 10 суткадан ошиб кетса ёки ҳарбий йиғинни ўташга монелик қиладиган касалликлар аниқланган ҳолларда, фуқаро соғломлаштириш ва тиббий кўрикдан ўтиш учун йиғинга жалб қилинган жойдаги Мудофаа вазирлиги ҲТКга юборилади.

Зарурат туғилганда, мазкур Низомнинг 7-банди "г" кичик бандида назарда тутилган, бир ойлик ҳарбий йиғинни ўтаётган фуқаро сафарбарлик чақируви резерви батальони командирининг қарорига асосан ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки ҳарбий-тиббий муассаса бошлиқлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказиш учун ҲТКга юборилади.


51. Бир ойлик ҳарбий йиғинга чақирилган ва ҳарбий йиғинни ўташ даврида шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) олган, мазкур Низомнинг 7-банди "г" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар, уларнинг ҳарбий хизматга яроқлилик тоифаси ўзгариши ёки ўзгармаслигидан қатъий назар тиббий кўрикдан ўтказилади, бир ойлик ҳарбий йиғинни ўташ даврида касалланганлар эса касаллик уларни ҳарбий хизматга яроқсизликка олиб келадиган ҳолатларда тиббий кўрикдан ўтказилади.


52. Мазкур Низомнинг 7-банди "г" кичик бандида назарда тутилган, ҲТК томонидан тиббий текширув ва тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича саломатлигига кўра E ва F яроқлилик тоифалари тайинланган фуқароларга эксперт ҳужжатлари расмийлаштирилади ҳамда бошқа тиббий ҳужжатлар билан бир қаторда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун МҲТКга юборилади.



6-БОБ. ҲТМ ЎҚИШГА КИРАЁТГАН

ФУҚАРОЛАРНИТИББИЙ КЎРИКДАН

ЎТКАЗИШ


53. Ҳарбий хизматни ўтамаган ва ҲТМга ўқишга кираётган номзодларни (кейинги ўринларда - номзодлар) тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш:

Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия учун - туман (шаҳар) МИББнинг;

ДХХ учун - ДХХ ҳудудий бошқармалари ҳарбий-тиббиёт хизматларининг зиммасига юкланади.

МИББнинг (ДХХ ҳудудий бошқармалари ҲТКнинг) йўлланмасига кўра номзодлар тиббий кўрикдан ўтказилишидан олдин давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида (ДХХ ҳарбий-тиббий муассасаларида) мажбурий диагностик текширувлардан ўтадилар.

Ташхисга аниқлик киритиш мақсадида номзод МИББ ҳузуридаги тиббий комиссияси (ДХХ ҳудудий бошқармалари ҲТК) томонидан амбулатор (стационар) равишда тиббий текширувдан ўтказиш учун давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларига юборилиши мумкин.

54. Номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ёш фуқаролар орасидан (ДХХ ҲТМга кираётган номзодлардан ташқари) икки босқичда: бирламчи - МИББ ҳузуридаги тиббий комиссиялар, якуний - ҲТКлар томонидан барча мажбурий диагностик текширувлардан ўтказилган ҳолда;

ҳарбий хизматчилар таркибидан (ДХХ ҲТМга кираётган номзодлардан ташқари) тегишли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги ҲТК томонидан;

ДХХ ҲТМ кираётган номзодлар икки босқичда: бирламчи - ДХХ ҳудудий бошқармаларнинг ҲТК, якуний - ҲТМ ҳузуридаги ҲТК томонидан;

Номзодларнинг тиббий текширув натижалари эксперт ҳужжатларига, ҳарбий хизматчилар таркибидаги номзодларнинг тиббий текширув натижалари эса, шу жумладан, уларнинг тиббий китобчаларига ҳам қайд этилади.


55. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академиясига ўқишга танлаб олинаётган олий тиббий таълим муассасалари талабалари Мудофаа вазирлигига тегишли ҳарбий-тиббий муассасаларида барча мажбурий диагностик текширувлардан ўтказилгандан сўнг ҲТК томонидан белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилади.

56. Номзодни якуний тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида, зарурат туғилганда, мажбурий диагностик текширувлардан ташқари ҲТК раисининг йўлланмасига биноан номзод лаборатор, рентгенологик ва бошқа қўшимча тиббий текширувлар, ҳатто, ҳарбий-тиббий муассасада стационар равишда текширувдан ўтказилиши ҳам мумкин.

Номзодни ўқишга киришга яроқсизлиги тўғрисидаги ХТК хулосаси ҳаққоний ва қатъий асосланган бўлиши керак. Саломатлигига кўра танлов ўтказишга йўл қўйилмайди.


57. Тиббий кўрикдан ўтказиш натижаларига кўра номзодларга нисбатан тиббий комиссия ва ҲТК томонидан қуйидаги хулосалар қабул қилинади:

(ҲТМ, факультет номи кўрсатилади)га ўқишга киришга яроқли;

кейинги тиббий кўрикдан ўтказиш шарти билан стационар (амбулатор) равишда текширувдан ўтиши лозим;

(ҲТМ, факультет номи кўрсатилади)га ўқишга киришга яроқсиз.


58. Қуролли Кучлар Академиясига ўқишга кираётган офицерлар таркибидаги контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши қуйидаги тартибда амалга оширилади:

бирламчи - тегишли вазирлик ва идоралар ҲТК томонидан;

якуний - Мудофаа вазирлиги марказий поликлиникаси ҲТК томонидан.

Қуролли Кучлар Академиясига ўқишга кираётган, шунингдек, хорижий давлатларнинг ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга (малака оширишга) юборилаётган номзодларнинг тиббиёт китобчаларида сўнгги уч йил давомида диспансеризация натижалари ҳақидаги маълумот бўлмаса, улар стационар равишда текширув ва тиббий кўрикдан ўтказиш учун Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталига юборилади.

Офицерлар таркибидаги контракт бўйича ҳарбий хизматчиларни малака ошириш факультетларига ўқишга кириш вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш тегишли вазирлик ва идоралар ҲТКда амалга оширилади.

59. Оддий аскар ва сержантлар таркибидаги контракт бўйича харбий хизматчиларни ҲТМ, офицерларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсига ўқишга ёки чет давлатлар ҲТМга ўқишга (малака оширишга) юбориш вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш тегишли вазирлик ва идоралар ҲТКда амалга оширилади.

60. Якуний тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида саломатлигига кўра ҲТМга ўқишга киришга яроқсиз деб топилган номзодларнинг эксперт ва ҳисобот ҳужжатлари ҲТК иши якунланганидан сўнг уч кунлик муддатда МҲТКга юборилади.

ҲТМдан келиб тушган эксперт ҳужжатлари (касаллик тўғрисида гувоҳнома, маълумотномалар, тиббий кўрикдан ўтказиш варақаси ва бошқа тиббий ҳужжатлар) МҲТКда ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш якунларига қараб, йилнинг 1 сентябрига қадар хизмат текшируви ўтказиш учун номзодларни дастлабки саралашдан ўтказган МИБ, ҲТКга юборилади.

МИБ (МИББ) бошлиқлари ва ҲТК раислари томонидан ўтказилган хизмат текшируви материаллари йилнинг 1 ноябрига қадар МҲТКга тақдим қилинади.


61. Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтига танлаб олинаётган олий таълим муассасалари талабалари Мудофаа вазирлиги ҳарбий-тиббий муассасаларида барча мажбурий диагностик текширувлардан ўтказилгандан сўнг ҲТК томонидан белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилади.


7-БОБ. ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРНИ

ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ


62. Ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун йўлланма ҳарбий қисм командирлари (муассаса бошлиқлари), ҳарбий прокуратура органлари ёки суд томонидан берилади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш учун йўлланма тегишли командир (бошлиқ)нинг қарорига асосланган ҳолда штаб бошлиғи (лавозими унга тенглаштирилган) ва ундан юқори лавозимда турган бошлиқ ҳамда кадрлар бўлинмаси бошлиғи томонидан имзоланиши мумкин.

Тиббий кўрикдан ўтказишга йўлланаётган ҳарбий хизматчиларнинг қуйидаги ҳужжатлари ҲТКга тақдим этилади:

йўлланаётган шахснинг ҳарбий унвони, фамилияси, исми, шарифи, туғилган йили, эгаллаб турган лавозими, қачон, қайси МИББ томонидан ҳарбий хизматга чақирилганлиги, тиббий кўрик ўтказишдан кўзланган мақсад ва дастлабки ташхис кўрсатилган йўлланма;

шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;

хизмат ва тиббий тавсифномалар;

тиббий китобча.

Шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) олганлиги сабабли тиббий кўрикдан ўтказишга юборилаётган ҳарбий хизматчиларга шикаст (ярадорлик, жароҳат) олиш ҳолати тўғрисидаги маълумот берилган ҳужжат ҳам тақдим этилади.

Тиббий текширув ёки даволаш жараёнида ҳарбий хизматчида F яроқлилик тоифаси тайинлашни кўзда тутадиган касаллик ёки шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) асоратлари аниқланган ҳолатларда ҳарбий хизматчи хизмат қилаётган (ўқиётган) ҳарбий қисм командирига (муассаса бошлиғи) хабар берилган ҳолда, тиббий кўрикдан ўтказиш ҳарбий-тиббий муассаса бошлиғининг кўрсатмасига биноан амалга оширилади ва бу ҳақидаги маълумот касаллик тарихида қайд этилади.


63. Ҳарбий-тиббий муассасаларда даволанаётган фуқароларда (шу жумладан муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлган ва Қуролли Кучлар резервига бўшатилаётган ҳарбий хизматчиларда) стационар даволанишдан сўнг, алоҳида ҳолатларда - касаллик ёки шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) асоратлари бўйича аниқланган тиббий-эксперт оқибати қайд этилганда ҲТК томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.


64. Алоҳида ҳолатларда ҲТК хулосасига кўра, ҳарбий хизматчилар ташхисга аниқлик киритиш ёки махсус даволаниш учун давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги ихтисослаштирилган даволаш-профилактика ёки илмий-тадқиқот муассасаларига юборилиши мумкин. Тиббий текширувлар (даволаниш) якунлангач, ҳарбий хизматчилар ҲТК томонидан қайта тиббий кўрикдан ўтказилади. Ўтказилган тиббий текширув (даволаниш)га сарф қилинган тўлов қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


65. Муддатли ҳарбий хизматчилар контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш вақтида бирлашмалар комиссиялари томонидан ҳарбий-касбий саралашдан ўтказилгач, ҲТК томонидан мазкур Низомнинг 104-банди тўртинчи ва бешинчи хатбошида қайд этилган тиббий ҳужжатларни тақдим этмаган ҳолда тиббий кўрикдан ўтказилади.

Ҳарбий хизмат ўташ муддатини узайтириш тўғрисида янги контракт тузиш истагини билдирган шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар қисм командирининг (муассаса бошлиғи) қарорига биноан, ҳарбий хизматда бўлишнинг белгиланган ёш чегарасидан ўтганлар эса янги контракт тузиш ҳолатларида мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказилади.

66. Тиббий кўрикдан ўтиш натижалари асосида ҲТК ҳарбий хизматчиларга нисбатан қуйидаги хулосаларни чиқаради:

А - ҳарбий хизматга яроқли;

В - айрим чеклашлар билан ҳарбий хизматга яроқли;

С - чекланган равишда ҳарбий хизматга яроқли;

D - вақтинча ҳарбий хизматга яроқсиз;

E - тинчлик даврида ҳарбий хизматга яроқсиз, уруш даврида чекланган равишда ҳарбий хизматга яроқли;

F - ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда ҳарбий хизматга яроқсиз;

санаторий (санаторий ихтисоси кўрсатилади) шароитида даволаниши лозим.

Чекланиш билан яроқлилик тўғрисида хулоса қабул қилинганда, ҲТК ўз хулосасида қайси турдаги хизмат ва ишларга қарши кўрсатмалар мавжудлигини якка тартибда кўрсатиши мумкин.


67. Ҳарбий хизматчини касаллиги туфайли таътилга чиқариш ёки хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод қилишга (кейинги ўринларда - озод қилиш) муҳтожлиги тўғрисидаги хулоса ҳарбий хизматга вақтинча яроқсизлик кўзда тутилган ҳолатларда берилади.

Ҳарбий хизматчининг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришга кириша олиши мумкин бўлган муддат бир ойдан кам бўлмаган ҳолатларда ҲТК касаллик туфайли таътилга муҳтожлик тўғрисида хулоса чиқаради.

Судланган ёки интизомий ҳарбий қисмда жазони ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда ҲТК томонидан уларнинг касаллик туфайли таътилга муҳтожлиги тўғрисидаги хулоса қабул қилинмайди. Уларнинг даволаниши ҳарбий госпиталь ёки интизомий ҳарбий қисм тиббиёт пунктида якунланиши лозим.

Муддатли ҳарбий хизматчилар касаллик таътили тугаганидан сўнг мажбурий тарзда ҳарбий хизматга яроқлилик тоифасини аниқлаш учун тиббий кўрикдан ўтказилади, бунда эксперт ҳужжати ва чиқиш эпикризида тиббий кўрикдан ўтказиладиган манзил (ҲТК ёки ҳарбий-тиббий муассаса) кўрсатилиши зарур.


68. Касаллик таътилининг давомийлигини касаллик ёки шикастланишнинг (ярадорлик, жароҳатнинг) хусусияти, оғирлик даражаси ва асоратларига қараб ҲТК белгилайди. Ҳарбий хизматчига касаллик таътили 30 суткадан 60 суткагача бўлган муддатга берилади.

Муддатли ҳарбий хизматчиларга касаллик таътили алоҳида ҳолатларда 60 суткадан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчига касаллик туфайли бериладиган таътил ҳар сафар 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин. Контракт бўйича ҳарбий хизматчининг узлуксиз даволаниш вақти, касаллик туфайли бериладиган таътил муддатини қўшиб ҳисоблаганда, тўрт ойдан ошмаслиги лозим (сил касаллигига чалинганлар учун - ўн икки ой). Зарурат туғилганда, даволаниш муддати қонун ҳужжатларига мувофиқ узайтирилиши мумкин. Даволаниш ва касаллик таътилининг белгиланган энг кўп муддатлари ўтганидан сўнг контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматга яроқлилигини аниқлаш учун тиббий кўрикдан ўтказилади.

Ҳарбий хизматчи-аёлларга ҲТК хулосаси асосида қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларга ҳомиладорлик ва туғуруқ бўйича таътиллар берилади.

Касаллик туфайли таътилга муҳтож бўлган ҲТМ курсантларини (тингловчиларини) ўқув жараёни узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ҲТК таътил ўрнига ўқув машғулотларига қатнашиш шарти билан таътилнинг кўзда тутилган муддатида хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳарбий хизматчиларни ҳарбий хизматдан бўшатиш вақтида касаллиги туфайли хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод қилиш ёки таътилга муҳтожлик тўғрисидаги хулосалар чиқарилмайди (мазкур Низомнинг 72-бандида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно).

Ҳарбий хизматчининг ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш имконияти тикланмаслиги юзасидан шубҳага ўрин қолдирмайдиган асослар мавжуд бўлган ҳолатларда, ҲТКнинг ҳарбий хизматга вақтинча яроқсизлик тўғрисидаги хулосаси чиқарилмайди, аксинча хизматчининг ҳарбий хизматга яроқлилик тоифаси тўғрисидаги масала ҳал этилади.


69. Мазкур Низомнинг 67-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилмаган ҳолатларда, ҲТК ҳарбий хизматчининг 7 суткадан 15 суткагача бўлган муддатга хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод қилишга муҳтожлиги тўғрисида хулоса чиқаради.

ҲТК ҳарбий хизматчининг хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод қилишга муҳтожлиги тўғрисида такрорий хулоса чиқарилиши мумкин, лекин озод қилишнинг умумий муддати 30 суткадан ошмаслиги лозим.


70. Соғлиғининг ҳолати бўйича ҳарбий хизматга нотўғри чақирилган муддатли ҳарбий хизматчиларни (касаллик ёки шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) оқибатларининг сабаби Қуролли Кучлардаги хизмат билан боғлиқ бўлмаганда) тиббий кўрикдан ўтказиш стационар текширувдан сўнг ҲТКлар томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати ёки унинг ҳудудий бошқармалари (органлари) шифокор-мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилади. Ҳамкорликда ўтказилган тиббий кўрик маълумотлари касаллик тарихига, ҳарбий хизматчининг тиббий китобчасига қайд этилади, мутахассис-шифокорларнинг шахсий имзоси ва муҳри билан тасдиқланади, эксперт ҳужжатларида (касаллик тўғрисидаги гувоҳнома, маълумотнома, тиббий кўрикдан ўтказиш варақаси ва бошқа тиббиётга оид ҳужжатларда) кўрсатиб ўтилади.

ҲТКнинг ҳарбий хизматга яроқсизлик тўғрисидаги хулосаси МҲТК томонидан тасдиқланганидан сўнг улар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиладилар.


71. Саломатлигига кўра ҳарбий хизматга нотўғри чақирилган ва Қуролли Кучлар сафидан қайтарилган муддатли ҳарбий хизматчилар қўшимча тиббий текширув ва такрорий тиббий кўрикдан ўтказилмайди.

Саломатлигига кўра ҳарбий хизматга нотўғри чақирилган муддатли ҳарбий хизматчини Қуролли Кучлардан бўшатишнинг ҳар бир ҳолати бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органлари томонидан МИБ билан ҳамкорликда батафсил хизмат текшируви ўтказилиб, мазкур Низомнинг 7-банди "б" кичик бандида назарда тутилган фуқароларни тиббий текширув ва тиббий кўрикдан ўтказиш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Хизмат текшируви натижаларига кўра хатоликларга йўл қўйган мутахассис-шифокорлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органлари раҳбарларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

Хизмат текшируви ҳужжатларининг нусхалари жорий йилнинг 1 июнига қадар МҲТК ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўсмирлар ва чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдамни ташкил этиш марказига тақдим этилади.

Муддатли ҳарбий хизматчини саломатлигига кўра Қуролли Кучлардан бўшатишнинг ҳар бир ҳолати тўғрисида (сабабий боғлиқлигидан қатъий назар) МИБ бошлиқлари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органлари раҳбарлари ёзма равишда хабардор қилинади.


72. Агар контракт бўйича ҳарбий хизматчига F яроқлилик тоифаси тайинланган бўлса ҳамда у ҳарбий хизматдан бўшаш тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириш даврида саломатлигига кўра ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажара олмаса, ҲТК ҳарбий хизматга яроқсизлик ҳақидаги хулоса билан биргаликда ҳарбий хизматдан бўшатиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун зарур бўлган, бироқ 30 суткадан ортиқ бўлмаган муддатга хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод қилишга муҳтожлиги тўғрисида қўшимча хулоса чиқаради.

Агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахсда алоҳида олганда юзага чиқиш даражаси бўйича фуқаролар соғлиги ҳолатига нисбатан қўйиладиган талабларда кўзда тутилган чекланиш даражасига етмаган, аммо биргаликда D, E ёки F тоифалар бўйича яроқсизликни келтириб чиқарадиган бир нечта касаллик аниқланган бўлса, комиссия юқорида кўрсатилган хулосалардан бирини чиқаради. Бунда якка ҳолда баҳолаш пайтида касалликларнинг ўзаро алоқадорлиги ва уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришга таъсири, касалликни олдиндан тахмин қилиш, тиббий кўрикдан ўтаётган шахснинг ёши, умумий хизмат муддати ва бошқа мезонларни ҳисобга олиш зарур.

Агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахсда фуқаро соғлиғининг ҳолатига нисбатан қўйиладиган талабларда назарда тутилмаган касаллик аниқланган бўлса, ҲТК фуқаро соғлиғининг ҳолатига нисбатан қўйиладиган мавжуд талаблар, патологик жараёнга, организмнинг зарарланган аъзоси ёки тизимига энг ўхшаш ҳолатлар асосида хулоса чиқаради.


73. Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда уларнинг ҳарбий хизматга яроқлилик тоифасини якка тартибда баҳолаш усули ҳар бир ҳолатда қўлланилиши лозим. ҲТК уларнинг ҳарбий мутахассислиги, тайёргарлиги, иш тажрибаси, маълумоти, ёши, амалда меҳнатга лаёқатлилиги, ҳарбий қисм қўмондонлиги ва шифокорининг фикрлари, тиббий кўрикдан ўтаётган шахснинг йўналтирилиши ва унинг соғлиғи ҳолатига энг кўп мувофиқ келадиган ишда фойдаланишни инобатга олади.

74. ҲТК томонидан С яроқлилик тоифаси тайинланган, ҳарбий хизматда бўлишнинг белгиланган ёш чегарасига етмаган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар соғлиғининг ҳолати, тайёргарлиги ва хизмат тажрибасини инобатга олган ҳолда улар бажара оладиган бошқа лавозимларга ўтказилиши мумкин.

Ҳарбий хизматчига ҲТК томонидан E ёки F яроқлилик тоифалари тайинланиб, тегишли МҲТКда тасдиқланган эксперт ҳужжатлари келиб тушгандан сўнг ҳарбий қисм командири (муассаса бошлиғи) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатда уни Қуролли Кучлар сафидан бўшатиш тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштиради.


75. Бўйи 190 см ва ундан баланд бўлган муддатли ҳарбий хизматчилар, ҲТМ курсантларига нисбатан тегишли аломатларга қараб ҲТК томонидан асосида уч ойдан кўп бўлмаган муддатга белгиланган озиқ-овқат меъёрининг тенг ярми миқдоридаги қўшимча овқат билан таъминлаш тўғрисида хулоса чиқарилади.

Қўшимча овқат билан таъминлаш муддатини узайтириш зарурияти туғилганда такрорий хулоса чиқарилади.

Ушбу хулосанинг чиқарилишига сабаб бўлувчи ҳолатлар: кайфиятни ёмонлашишига оид шикоятлар, очлик ҳисси, овқатланишдан сўнг тўйиш ҳиссининг йўқлиги, шунингдек, ҳарбий хизматчи вазнининг салбий томонга ўзгариши.


76. Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш, ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш, фавқулодда вазиятлар шароитида вазифаларни бажариш, қўшинлар иштирокидаги махсус ҳаракатлар (операциялар) ёки бошқа жанговар ҳаракатларни ўтказиш вақтида касаллик орттирган ёки шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) олган ҳарбий хизматчиларни, шунингдек, жанговар ҳаракатлар олиб борилган хорижий давлатларда ҳарбий хизматни ўташ даврида, чет элда разведка ва контрразведка ишларини олиб борган даврида касалланган ҳарбий хизматчилар, муддатидан қатъий назар, стационар равишда даволангандан сўнг баъзи ҳолларда касаллик ёки шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) асорати бўйича тиббий-эксперт оқибати қайд этилганда тиббий кўрикдан ўтказилади.


77. Ҳарбий йиғинларни ўташ даврида шикастланиш (ярадорлик ва жароҳат) олган фуқаролар, ҳарбий хизматга яроқлилик тоифасининг ўзгариш ёки ўзгармаслигидан қатъий назар, ҳарбий йиғинларни ўташ даврида касаллик орттирган фуқаролар эса касаллик уларнинг ҳарбий хизматга яроқлилик тоифаси ўзгаришига сабаб бўлганда ёки уни ҳарбий хизматга яроқсизликка (шу жумладан вақтинчалик) олиб келганда тиббий кўрикдан ўтказилади.


78. Контракт бўйича ҳарбий хизматчи ёки унинг оила аъзолари даволанишни давом эттириш учун бир даволаш-профилактика (ҳарбий-тиббий) муассасасидан бошқасига ўтказилишга муҳтож бўлса, шунингдек, ҳарбий хизматнинг умумий давомийлиги йигирма йил ва ундан ортиқ бўлган, ҳарбий хизматдан бўшатилган офицерлар стационар даволанишга ёки санаторий-курорт муассасаларида даволанишга (бир йилда бир марта) муҳтож бўлиб, уларнинг даволаниш манзилига бориш ва қайтишда темир йўл, ҳаво, сув ва автомобиль (таксидан ташқари) транспортидан фойдаланиш зарурати туғилса, ҲТК уларни кўчиришга ва транспортдан фойдаланишга муҳтожлиги тўғрисида хулоса чиқаради. Кўрсатиб ўтилган офицерлар ҳарбий хизматининг умумий давомийлиги йигирма беш йил ва ундан ортиқ бўлган тақдирда, ҲТК уларнинг оила аъзоларига ҳам кўчиришга ва транспортдан фойдаланишга муҳтожлиги тўғрисида хулоса чиқаради.

79. Ҳарбий хизматнинг умумий давомийлиги йигирма йил ва ундан ортиқ бўлган, ҳарбий хизматдан бўшатилган офицерлар, шунингдек, ҳарбий хизматда бўлишнинг умумий давомийлиги йигирма беш йил ва ундан ортиқ бўлган офицерларнинг оила аъзолари даволаниш учун давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларига (шу жумладан, идоравий, ҳарбий-тиббий ёки санаторий-курорт муассасаларига) бораётганда, бундан ташқари, касаллиги сабабли таътилга, ҳарбий хизматдан бўшатилгандан сўнг танланган яшаш жойига бораётганда ҳарбий хизматчилар кузатиб борувчига мухтож бўлса, ҲТК кузатиб борувчиларга мухтожлик тўғрисида, уларнинг сонини кўрсатган ҳолда, хулоса чиқаради.

Тиббий кўрикдан ўтувчининг саломатлиги, унинг тиббий ёрдам ва ўзгалар кўмагига муҳтожлик ҳолатига қараб, ҲТК тиббий кўрикдан ўтувчи ва уни кузатиб борувчи шахсларнинг тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ҳарбий ташувчи ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда ҳаво ёки темир йўл транспортида юришга муҳтожлиги ҳақида хулоса чиқариши мумкин.

Изоляцияга муҳтож беморга нисбатан ҲТК у ва беморни кузатиб борувчи шахсларнинг белгиланган манзилгача темир йўл транспортининг алоҳида купесида кетишлари лозимлиги ҳақида хулоса чиқаради.


80. Соғлиғи туфайли мамлакатнинг алоҳида ҳудудларида ҳарбий хизматни ўташга (яшашга) яроқлилигини аниқлаш учун контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказиш ҳарбий хизматчиларнинг оғир иқлим шароитларида ҳарбий хизматни ўташи ва унинг оила аъзолари яшашига қарши тегишли вазирлик ва идоралар томонидан белгиланган тиббий кўрсатмалар инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.

81. Ҳарбий хизматчилар идоравий тиббий таъминот хизмати томонидан диспансеризация қилинади. Диспансеризацияни ташкиллаштириш ва ўтказиш тартиби тегишли вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.

Диспансеризация даврида ҳарбий хизматчиларда ҳарбий хизматни ўташга монелик қиладиган шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) асоратлари ёки касалликлар аниқланса, улар стационар текширувдан ўтиш ва даволаниш учун ҳарбий-тиббий муассасаларга юборилади ва кейин ҳарбий хизматга яроқлилик тоифасини аниқлаш учун ҲТК томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.


82. Мазкур Низомнинг 7-банди "т" кичик бандида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш пайтида уларда касаллик, шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) оқибатлари мавжуд бўлганида тиббий комиссия ёки ҲТК мамлакатнинг тиббий кўрикдан ўтказилаётган шахс юборилаётган географик иқлим шароитларида патологик жараённинг ривожланишини олдиндан инобатга олган ҳолда хулоса чиқаради.

Мазкур шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш, тиббий комиссиялар ва ҲТК хулосаларининг баён этилиши, шунингдек, эксперт ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби тегишли вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.



8-БОБ. ҲДҚ ВА УЛАРГА ТЕНГЛАШТИРИЛГАН

ҲАРБИЙ ҚИСМЛАРГА ХИЗМАТГА ТАНЛАНАЁТГАН

ВА УЛАРДА ХИЗМАТНИ ЎТАЁТГАН ҲАРБИЙ

ХИЗМАТЧИЛАРНИ ТИББИЙ КЎРИКДАН

ЎТКАЗИШ


83. Фуқароларни ҲДҚ ва уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмлардаги хизматга яроқлилигини аниқлаш учун тиббий кўрикдан ўтказиш тегишли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги ҲТК томонидан амалга оширилади.

Тиббий кўрикдан ўтказилаётган шахслар мажбурий диагностик текширувларга қўшимча равишда организмнинг оғир жисмоний зўриқишлар ва паст атмосфера босимидаги фаолиятга мослашувини аниқлаш текширувларидан ўтади.


84. ҲТК ҲДҚ ва уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмларга хизматгатанланаётган фуқаролар ва уларда хизматни ўтаётган ҳарбийхизматчиларга нисбатан қуйидаги мазмундаги хулосалар чиқарилади:

ҲДҚ ва уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмлардаги хизматга яроқли;

айрим чекланишлар билан ҳарбий хизматга яроқли;

ҲДҚ ва уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмлардаги хизматга яроқсиз;

чекланган равишда ҳарбий хизматга яроқли;

тинчлик даврида ҳарбий хизматга яроқсиз, уруш даврида чекланган равишда ҳарбий хизматга яроқли;

ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда ҳарбий хизматга яроқсиз;

ҲДҚ ва уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмлардаги хизматга яроқли. 6-12 ойдан (муддат кўрсатилсин) сўнг қайта тиббий кўрикдан ўтказиш шарти билан парашют билан сакрашга вақтинча яроқсиз.

стационар (амбулатор) равишда текширувдан ўтказилиб, сўнгра тиббий кўрикдан ўтиши лозим.

Махсус бўлинмаларда (ҳарбий қисмлар) хизмат қилиш учун саралаб олинаётган фуқароларни, бундай бўлинмаларда (ҳарбий қисмлар) хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда ҲТК ўз хулосасида текширилувчи қайси бўлинмада хизмат қилиши мумкинлигини кўрсатишга ҳақли.


85. ҲДҚ ва унга тенглаштирилган қисмларда ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида уларда парашют билан сакрашга монелик қиладиган касалликлар ёки шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) асоратлари аниқланганда ҲТК кейинчалик тиббий кўрикдан ўтказиш шарти билан мазкур ҳарбий хизматчиларнинг парашют билан сакрашга вақтинча яроқсизлиги (муддати кўрсатилган ҳолда) тўғрисида хулоса чиқаради. ҲТК тиббий кўрикдан ўтаётган шахснинг парашют билан сакрашга яроқлилик тоифаси тўғрисидаги хулоса чиқаришда Мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланган Қуролли Кучлар авиациясининг учувчилар таркибини тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом талабларига таянади.

Такрорий тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида ҲТК парашют билан сакрашга яроқлилик тўғрисидаги хулоса чиқаришда ҲДК ва унга тенглаштирилган ҳарбий қисмлардаги хизматга яроқлилик масаласини ҳам кўриб чиқади.



9-БОБ. ҲАРБИЙ МЕҲНАТНИНГ СОҒЛИҚ УЧУН

ХАВФЛИ ВА ЎТА ОҒИР ШАРОИТИ БИЛАН БОҒЛИҚ

МУТАХАССИСЛИГИ БЎЙИЧА ИШГА ТАЙИНЛАНАЁТГАН

(ҚАБУЛ ҚИЛИНАЁТГАН) ВА ИШЛАЁТГАН ҲАРБИЙ

ХИЗМАТЧИЛАР, ИШЧИ ВА ХИЗМАТЧИЛАРНИ

ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ


86. Мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳарбий қисм тиббиёт хизмати бошлиғи ҳамда қўмондонлик вакили иштирок этиши шарти билан тегишли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги ҲТК томонидан амалга оширилади.


87. Ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароити билан боғлиқ лавозимлар ва ҳарбий ҳисоб мутахассисликлари рўйхати тегишли вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.


88. Мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган фуқароларни дастлабки тиббий кўрикдан ўтказмасдан ишга тайинлаш тақиқланади.


89. Ҳарбий қисм қўмондонлиги мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган, тиббий кўрикдан ўтказиш лозим бўлган фуқаролар рўйхатини тиббий кўрикдан ўтказиш мақсади, иш стажининг давомийлиги, дозиметрик назоратнинг шахсий воситаларидан олинган маълумотларни кўрсатган ҳолда ҲТКга аввалдан тақдим этади. Тиббий кўрикдан олдин қўмондонлик вакили ҲТК аъзоларини тиббий кўрикдан ўтаётган шахсларнинг иш шароитлари билан таништиради, ҳарбий қисм тиббиёт хизмати бошлиғи эса ҲТК аъзоларига уларнинг комиссиялараро даврдаги саломатлигига оид тиббий кузатув натижалари ҳақида ахборот беради.

Мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш тиббий кўрсатмаларга қараб, лекин бир йилда камида бир марта амалга оширилади.

Мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар тиббий кўриклар оралиғида қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда тиббий кўрикка чақирилади.


90. Мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган фуқароларнинг тиббий кўрикдан ўтказишга ўз вақтида юборилишига ҳарбий қисм командири (муассаса бошлиғи) ва тиббиёт хизмати бошлиғи жавобгардир.


91. Мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар турли сабабларга кўра (таътил, хизмат сафари, касаллик ва бошқа сабаблар) ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтмаган тақдирда, ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароитлари билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишга қўйилмайди.


92. Мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган фуқароларга нисбатан тиббий комиссиялар ва ҲТК қуйидаги хулосаларни чиқаради:

(тиббий кўрикдан ўтказилаётган шахсга қайси турдаги ишлар рухсат берилганлиги кўрсатилади) ишга яроқли;

кейинчалик тиббий кўрикдан ўтказиш шарти билан стационар (амбулатор) равишда текширувдан ўтиши лозим;

олти-ўн икки ойдан кейин (муддати кўрсатилади) тиббий кўрикдан ўтказиш шарти билан (тиббий кўрикдан ўтказилаётган шахс қайси турдаги ишларга рухсат берилмаганлигини кўрсатилади) ишга вақтинча яроқсиз;

(тиббий кўрикдан ўтказилаётган шахсга қайси турдаги ишлар рухсат берилмаганлиги кўрсатилади) ишга яроқсиз. Ҳарбий хизматга яроқли (яроқсиз) (ҳарбий хизматга яроқлилик тоифаси кўрсатилади).


93. Мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар соғлигидан шикоят қилган, соғлиғи ҳолати сабабли ишдан вақтинча четлатилган ва касаллик туфайли таътилдан қайтиб келган, бошдан кечирган касаллик ёки олган шикастланишларига (ярадорлик, жароҳатларига) кўра ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароити билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишлашга яроқсиз деб топилиши мумкин бўлганлигида, ушбу шахслар навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим.


94. Олти - ўн икки ойдан кейин тиббий кўрикдан ўтказиш шарти билан ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароити билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишлашга аввал вақтинча яроқсиз деб топилган шахслар стационар равишда тиббий текширувдан ўтиш ва тиббий кўрикдан ўтказиш учун юборилади (ҳомиладорлик туфайли таътил берилган аёллар бундан мустасно).


95. Мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар ҳарбий меҳнатнинг зарарли ва салбий омиллари билан зарарланганлиги гумон қилиниб, стационар тиббий текширувдан ва тиббий кўрикдан ўтказиш учун ҳарбий-тиббий муассасаларга йўлланаётганда меҳнат шароити ва мутахассис иш жойининг санитар-гигиеник тавсифномаси тўғрисидаги маълумот акс этган ҳужжат тақдим этилади.

Мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар стационар тиббий текширувдан ўтказилгандан сўнг касбий касаллиги туфайли ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароити билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишлашга яроқсиз деб топилиши (вақтинча ёки доимий) тахмин қилинган ҳолатларда, МҲТК раисининг кўрсатмасига биноан ҲТК ишида қатнашиш учун тегишли вазирлик ва идораларнинг санитария-эпидемиология хизмати тиббий мутахассислари жалб этилади.


96. Ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароити билан боғлиқ бўлган мутахассислиги бўйича ишлашга тайинланаётган ва ишлаётган, мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида уларнинг ўз шикоятлари ва бу шикоятларнинг тавсифи, техника хавфсизлиги ва санитария қоидаларининг бузилиш ҳолатлари, бошидан ўтказган заҳарланиш ҳолатлари ёки юқумли касалликлар, дозиметрия назоратининг шахсий воситаларидан олинган маълумотлари, касбий анамнез маълумотлари, тиббий текшириш ва даволаш натижалари, ҳарбий меҳнатнинг зарарли ҳамда салбий омиллари билан ўткир ва сурункали шикастланиш ҳолатларида эса комиссиялараро даврда тиббий кўрикдан ўтаётган шахслар саломатлигининг тиббий кузатуви натижалари, тиббий кўрикдан ўтаётган шахснинг ҳарбий мутахассислик бўйича хизматга яроқлилиги тўғрисида ҳарбий қисм тиббиёт хизмати бошлиғининг фикри инобатга олинади.


97. Ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароити билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишлашга яроқлиликни якка тартибда баҳолаш вақтида ҲТКнинг ишга яроқлилик тўғрисидаги хулосаси патологик жараённинг компенсация даражаси, ҳарбий мутахассислик, умумий ва касбий меҳнат стажи, тиббий кўрикдан ўтаётган шахснинг амалий меҳнат қобилияти ва йўналиши, қўмондонлик ва ҳарбий қисм тиббий хизмати бошлиғининг фикри ҳисобга олинган ҳолда чиқарилади.


98. Алоҳида олганда ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароити билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишлашга монелик қилмайдиган бир нечта касалликлар мавжуд бўлган тақдирда, ҲТК ишга яроқлилик ёки яроқсизлик тўғрисидаги хулосани касалликлар тавсифи ва функционал бузилишларнинг ифодаланганлик даражасини ҳисобга олиб, қатъий равишда якка тартибда чиқаради.


99. Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар ҳамда ҳомиладорлиги аниқланган аёллар ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароити билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишлашга йўл қўйилмайди. Аёллар эмизиш даврида ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароити билан боғлиқ бўлган мутахассислиги бўйича ишлашга йўл қўйилмайди.


100. Ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароити билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишга тайинланаётган (қабул қилинаётган) ҳамда ишлаётган, мазкур Низомнинг 7-банди "с" кичик бандида назарда тутилган фуқароларда ўтказиладиган тиббий текширувлар ҳажми, шунингдек, ҳарбий меҳнатнинг кўрсатиб ўтилган зарарли ва салбий омилларининг таъсири остида ишлаётганлар ўртасида ўтказиладиган даволаш-профилактика тадбирлари тегишли вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.


101. Ҳарбий меҳнатнинг соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир шароити билан боғлиқ мутахассислиги бўйича ишлаётган ҳамда касб касаллиги, шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) асоратлари мавжуд бўлган ишчи ва хизматчилар касбий меҳнатга лаёқатлигини йўқотиш даражасини аниқлаш мақсадида қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган тартибда тиббий кўрикдан ўтказиш учун тиббий-меҳнат экспертиза комиссиясига (кейинги ўринларда - ТМЭ) юбориладилар.



10-БОБ. ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА МАЖБУРЛАРНИ

ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ


102. Ҳарбий хизматга мажбурларни тиббий кўрикдан ўтказиш МИББ бошлиғининг, Миллий гвардия, ЭТРМ, ИИВ, ФВВ, ПХДХ ва ДХХ ҳарбий қисм командирлари (бўлинма раҳбарлари) фармойишига (алоҳида ҳолатларда МҲТК раисининг қарорига) биноан қуйидаги мақсадларда ўтказилади:

муддатли ҳарбий ва муқобил хизматга чақиришда;

контракт бўйича ҳарбий хизматга киришда;

ўқув, текширув ва махсус йиғинларга чақиришда;

ҳарбий хизматга мажбурларнинг соғлиғига оид шикоятлари ёки улар соғлигидаги ўзгаришлар ҳақидаги бошқа маълумотлар (даволаш-профилактика муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари ва бошқалардан келган хабарлар ёки ҳужжатлар) мавжуд бўлганда;

ҳисобга олиш мақсадларида.


103. Резервга олинган ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий йиғинларга жалб этиш йилида ва йиғинлар бошланишидан кўпи билан 2 ой аввал МИББ ҳузуридаги тиббий комиссиялар томонидан мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказилади.

104. Контракт бўйича ҳарбий хизматга кираётган ҳарбий хизматга мажбурларни тиббий текширувдан ўтказишни ташкил этиш бўйича жавобгарлик тегишли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги ҲТК зиммасига юкланади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматга кираётган ҳарбий хизматга мажбурлар тиббий кўрикдан ўтказиш бошлангунга қадар ҲТКга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари (паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта, ҳарбий гувоҳнома);

рухий-асаб, тери-таносил касалликлари ва наркологик диспансерлар, фтизиатрия ва пульмонология (силга қарши деспансерлар) ҳамда ОИТСга қарши курашиш марказлари, шунингдек санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бошқармаларидан маълумотномалар;

амбулатор равишда даволанган беморнинг тиббий варақасидаги охирги беш йил давомида олиб борилган қайдлардан кўчирма.

мажбурий диагностик текширув натижалари.

Мажбурий диагностик текширувлар МИББнинг (ДХХ ҳудудий бошқармалари ҲТКнинг) йўлланмасига асосан Мудофаа вазирлиги ҳарбий-тиббий муассасаларида (ДХХ ҳарбий-тиббий муассасаларида) ўтказилади.

105. Контракт бўйича ҳарбий хизматга чақирилаётган ҳарбий хизматга мажбурларга нисбатдан ҲТК томонидан чиқариладиган хулосалар мазкур Низомнинг 7-банди "б" кичик бандида назарда тутилган фуқароларга чиқариладиган хулосалар билан бир хил бўлади.

106. Ҳарбий хизматга яроқлилик тоифаси якка тартибда аниқланиши кўзда тутилган касалликлар, шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) оқибатлари мавжуд бўлган шахсларга нисбатдан тиббий комиссия ва ҲТК томонидан ҳарбий хизматга яроқлилик тўғрисида хулоса ҳарбий хизматга яроқлиликни энг юқори даражада чеклаш асосида чиқаради.

Контракт бўйича ҳарбий хизматга кираётган ҳарбий хизматга мажбурларга чиқарилган ҲТК хулосалари қатъий равишда МҲТК да кўриб чиқилиши ва асосланиши лозим.

Контракт бўйича ҳарбий хизматга кираётган ҳарбий хизматга мажбурларга ҳарбий хизматга вақтинча яроқсизлик кўзда тутилган хулоса беришда ҲТК даволаш-соғломлаштириш муолажалари ўтказилиши учун зарур муддатга хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш тақдим қилинганлиги тўғрисида қўшимча хулоса чиқаради.

107. Резервдаги ҳарбий хизматга мажбур шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш учун йўллашда МИББ унинг қачон ва нима сабабдан резервга бўшатилганлигини кўрсатиб ўтади. Саломатлигига кўра ҳарбий хизматдан бўшатилганларга ҳарбий хизматга мажбур шахс хизматдан бўшатилишига асос бўлган эксперт ҳужжати, шунингдек, унинг шахсий йиғма жилдини ҲТКга тақдим этилиши шарт. Резервдаги ҳарбий хизматга мажбур шахс ушбу ҳужжатлари билан бирга МҲТКга юборилади ва унинг хулосасига биноан қайта тиббий кўрикдан ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги, тиббий текширув ва тиббий кўрикдан ўтказиш тури белгиланади. ҲТК томонидан ҳарбий хизматга яроқлилик тўғрисида, шу жумладан, чекловлар билан хулоса чиқарилганда, эксперт ва тиббий ҳужжатлар ҳамда хизматдан бўшатилгандан сўнг ўтказилган тиббий назорат натижалари ва иш жойидан тавсифномалар билан бирга МҲТКга кўриб чиқиш учун юборилади.

Хизмат вазифасига нолойиқ топилган ёки суд ҳукми қонуний кучга кирганлиги туфайли ҳарбий хизматдан бўшатилган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар бўшатилиш даврида ҳарбий хизматга яроқлилигини аниқлаш бўйича тиббий кўрикдан ўтказилмайдилар (ҳарбий хизматдан бўшатилгандан кейин аниқланган ва хизмат даврида ташхиси қўйилмаган эндоген руҳий касалликка чалинган, бўшатилишининг сабаби ушбу касаллик оқибатидаги хатти-ҳаракатлар туфайли бўлган шахслар бундан мустасно).

108. Сафарбарлик эълон қилинганда, шунингдек, фавқулодда вазиятларда ёки Ўзбекистон Республикасига қарши қуролли тажовуз рўй берганда аҳолини ҳимоя қилиш учун жалб қилинадиган резерв ва захирадаги ҳарбий хизматга мажбурлар навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин.


109. Ҳарбий хизматга мажбур шахс касаллик ташхисини аниқлаш учун давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида амбулатор ёки стационар равишда тиббий текширувдан ўтишга юборилиши мумкин.


110. Ҳарбий хизматга мажбурлар резерв тоифаси, ҳарбий-ҳисоб мутахассислиги ва хизматдаги мақсадларига кўра МИББ ҳузуридаги тиббий комиссиялар томонидан такрорий тиббий кўрикдан ўтказилади.

Тиббий комиссиялар ёки ҲТК томонидан Е яроқлилик тоифаси тайинланган ва ҳарбий хизматга мажбурлар рўйхатига ўтказилган шахслар 27 ёшга тўлгунларига қадар ҳар 3 йилда бир марта такрорий тиббий кўрикдан ўтказилади.

Тегишли вазирлик ва идоралар томонидан белгиланган касаллик ва шикастланиш (ярадорлик, жарохат) туфайли саломатлигига кўра тиббий комиссиялар ёки ҲТК томонидан аввал Ғ тоифаси ёки руҳий ва хулк атвор бузилишлари (руҳиятга фаол таъсир этувчи воситаларни истеъмол қилиш натижасида келиб чиққан руҳий ва ҳулқ-атворнинг бузилишларидан ташқари), эпилепсия ва эпилептик тутканоқлар, кафт ёки бармоқларнинг нуқсонлари ёки шакл бузилишлари ёки йўқлиги, ясси оёқлилик ёки оёқ панжасининг бошқа шакл ўзгаришлари ёки бармоқларнинг нуқсонлари, бош суягининг жароҳати ва жарроҳлик амалиётидан кейинги нуқсонлари аниқланиб E яроқлилик тоифаси тайинланган шахслар такрорий тиббий кўрикдан ўтказилмайди.

Резерв ёки захирада турган офицерларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг даврийлиги Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади.


111. Аввал Е яроқлилик тоифаси тайинланган фуқароларга давлат соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилган тиббий текширувлар натижасида аввал қўйилган ташхис ўзгартирилган ёки улар соғлом деб топилган ҳолатларда улар такрорий тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин.


112. Агар резервдаги (истеъфодаги) ҳарбий хизматга мажбур шахс ҳарбий хизматдан бўшатилиш давридаги ўзининг ҳарбий хизматга яроқлилигини аниқлаш ёки ҲТКнинг шу давр учун чиқарган хулосасини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги масалани кўтарса (ҳарбий хизматдан бўшатилишнинг асосини ўзгартириш мақсадида), МИББ унинг аризаси, шахсий йиғма жилди, тиббий китобчаси ҳамда мурожаат йўлловчи ёки даволаш-профилактика ва ҳарбий-тиббий муассасалардан олинган бошқа тиббий ҳужжатларни МҲТКга юборади.

МҲТК зарурат туғилганда, қўшимча тарзда, мурожаатчининг ҳарбий хизматни ўташ давридаги ва ҳарбий хизматдан бўшатилгандан кейинги яқин вақт ичидаги саломатлигини тавсифловчи барча тиббий ва бошқа ҳужжатларни сўраб олади ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар бош тиббий мутахассислари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқади. Агар бунда ҳарбий хизматдан бўшатилиш даврида амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом талабларига мувофиқ мурожаат қилган шахснинг илтимосини қаноатлантириш учун асослар мавжуд бўлса, МИББ резервдаги (истеъфодаги) ҳарбий хизматга мажбур шахсни ҳозирги вақтда ҳарбий хизматга яроқлилигини аниқлаш мақсадида тиббий кўрикдан ўтказиш учун МИББ ҳузуридаги тиббий комиссияга ёки ҲТКга юборади.

Резервдаги (истеъфодаги) ҳарбий хизматга мажбур шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари эксперт ҳужжатига киритилади. Бунда касаллик ёки шикастланиш (ярадорлик, жароҳат)нинг сабабий боғлиқлилиги тўғрисидаги масала тиббий комиссия ёки ҲТК томонидан кўриб чиқилмайди.

Эксперт ва тиббий ҳужжатлар кўриб чиқиш учун МИББ ёки ҲТК томонидан МҲТКга юборилади. Ушбу ҳужжатлардан ташқари МҲТКга тиббий кўрикдан ўтаётган шахснинг шахсий ва нафақа йиғма жилдлари, ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатилишидан кейинги даврларга оид барча тиббий ҳужжатлари, ТМЭКнинг тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги далолатномалари ҳам тақдим этилади. Тиббий комиссия ёки ҲТК хулосасининг асосланганлигини кўриб чиқиш вақтида, касаллик ёки шикастланиш (ярадорлик, жароҳат)нинг ҳарбий хизмат билан боғлиқлиги тўғрисида шубҳасиз маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, МҲТК уларнинг сабабий боғлиқлиги тўғрисидаги хулосани қабул қилади.

Алоҳида ҳолларда резервдаги (истеъфодаги) ҳарбий хизматга мажбур шахс тиббий кўрикдан ўтиш учун бевосита МҲТКга мурожаат қилиши мумкин, резервдаги (истеъфодаги) ҳарбий хизматга мажбур шахснинг тиббий китобчаси ва бошқа тиббий ҳужжатлари ўрганиб чиқилгандан сўнг, зарур ҳолларда, у МҲТК раиси томонидан ҳарбий хизматга яроқлилигини аниқлаш мақсадида тиббий кўрикдан ўтказиш учун тегишли тиббий комиссия ёки ҲТКга юборилиши мумкин.



11-БОБ. ҲАРБИЙ ХИЗМАТНИ (ҲАРБИЙ

ЙИҒИНЛАРНИ) ЎТАЁТГАН(ЎТАБ БЎЛГАН)

ФУҚАРОЛАРДА ОРТТИРИЛГАН КАСАЛЛИК ЁКИ

ОЛИНГАН ЖАРОҲАТЛАРИНИНГ (ЯРАДОРЛИК,

ШИКАСТЛАНИШЛАРНИНГ) САБАБИЙ

БОҒЛИҚЛИГИНИ АНИҚЛАШ


113. Мазкур Низомнинг 7-банди "г", "ж", "н", "с", "т" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг барча ҳолатларида ҲТК томонидан уларнинг орттирган касалликлари ва олган шикастланишларининг (ярадорликлари, жароҳатлари) сабабий боғлиқлиги аниқланади, касаллик орттирган ва шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) олган ушбу шахслар тергов остида бўлган ёки уларга нисбатан қўзғатилган жиноий иш судга оширилган ҳолатлар бундан мустасно.


114. Мазкур Низомнинг 7-банди "о", "п" кичик бандларида назарда тутилган фуқароларнинг орттирган касаллик ва олган шикастланишлари (ярадорликлари, жароҳатлари) нинг сабабий боғлиқлиги МҲТК томонидан улар рўйхатда турган МИББ бошлиқларининг йўлланмасига асосан қуйидаги ҳолатларда кўриб чиқилади:

фуқаро ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўташ даврида ҲТК томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган, даволанишда бўлган ёки саломатлигига кўра ҳарбий хизматдан бўшатилган бўлса;

фуқаро ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўташ даврида касаллик орттирган ёки шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) олган ёхуд орттирилган касаллик ёки олинган шикастланишнинг (ярадорлик, жароҳатнинг) асорати у ҳарбий хизматдан бўшатилгандан (ҳарбий йиғинлар тугагандан) кейин аниқланган бўлса, шикастланиш (ярадорлик, жароҳатнинг) олиниши ёки, шу жумладан, ўлимга олиб келган касалликнинг бошланишини ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўташ даври билан боғлаш мумкин бўлган ҳолларда.


115. Тиббий комиссия ва ҲТК касалликлар мавжудлигида қуйидаги мазмундаги хулосаларни қабул қилади:

а) "касаллик фронтда бўлганлиги билан боғлиқ":

агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахс касалликни Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳаракатдаги армия сафида, 1939 йилда Халхин-Гол кўли, 1938 йилда Хасан кўли бўйидаги жанглар, 1939 йилда Ғарбий Белоруссия ва Ғарбий Украинанинг СССР билан бирлашиш давридаги жанговар ҳаракатларда, 1939-1940 йиллар Совет-Финляндия урушида, 1945 йил Япония билан урушда, 1924-1958 йиллар Хитойда, 1956 йил Венгрияда, 1962-1964 йиллар Жазоирда, 1962-1975 йиллар Мисрда, 1961-1969 йиллар Яман Араб Республикасида, 1961-1972 йиллар Вьетнамда, 1967-1973 йиллар Сурияда, 1975-1979 йиллар Анголада, 1967-1969 йиллар Мозамбикда, 1970 йил Камбожада, 1972-1973 йиллар Бангладешда, 1960-1970 йиллар Лаосда, 1982 йил Сурия ва Ливанда ва 1978-1989 йиллар Афғонистонда олиб борилган жанговар ҳаракатларда орттирган ёки ушбу воқеалардан олдин орттирилган касаллик кечишининг ривожланиши (оғирлашуви) қайд этилган ёки агар сурункали, секинлик билан оғирлашувчи касаллик тиббий кўрикдан ўтаётган шахснинг ҳаракатдаги армия сафидан бўшатилгандан кейин биринчи беш йил ичида берилган тиббий ҳужжатларда ёки касаллик кечишининг ўзига хос хусусиятларига кўра касаллик бошланишини унинг юқорида кўрсатилган воқеаларда қатнашиш даври билан боғлаш мумкин бўлса;

б) "касаллик ҳарбий хизматни ўташ даврида орттирилган":

агар касаллик тиббий кўрикдан ўтаётган шахсда ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўташ даврида юзага келган ёки кўрсатилган даврда муддатли ҳарбий хизматга (ҳарбий йиғинларга) чақирилгунга, контракт бўйича ҳарбий хизматга киргунга қадар юзага келган касалликнинг ривожланиши (оғирлашуви), шунингдек, сурункали, секин ривожланиб борувчи касалликнинг ташхиси ҳарбий хизматдан бўшатилгандан сўнг қўйилган бўлса, тиббий ҳужжатлар ва касаллик кечишининг ўзига хос хусусиятлари касалликнинг бошланишини ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўташ даври билан боғлаш имконини берса;

агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахсда касаллик ҳаракатдаги армия таркибига кирмаган ҳарбий қисм, орган ва муассасаларда ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўташ даврида ёки жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган давлатга чиқиб кетгунга қадар юзага келган ҳамда ушбу давлатдаги ҳарбий хизмат касалликни ривожлантирмаган (оғирлаштирмаган) бўлса;

агар шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўташ даврида олинган, аммо тиббий кўрикдан ўтказиш пайтида шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) олинишнинг сабаблари тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаса;

в) "касаллик ҳарбий хизмат мажбуриятларини ижро этишда орттирилган" - қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда.

г) "касаллик Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлардаги хизмат билан боғлиқ эмас":

агар касаллик тиббий кўрикдан ўтаётган шахсда у ҳарбий хизматга (ҳарбий йиғинларга) чақирилгунига, контракт бўйича ҳарбий хизматга киргунига қадар юзага келган ва ҳарбий хизмат (ҳарбий йиғинлар) даврида унинг ҳарбий хизматга яроқлилик тоифасини ўзгаришига сабаб бўладиган даражада ривожланмаган (оғирлашмаган) бўлса;

агар касаллик тиббий кўрикдан ўтаётган шахсда у ҳарбий хизматдан бўшатилганидан, ҳарбий йиғинлар тугаганидан кейин юзага келган бўлиб, бунда касаллик бошланишини ҳарбий хизмат (ҳарбий йиғинлар) ўташ даври билан боғлашнинг имкони бўлмаса.


116. Тиббий комиссия ва ҲТК шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) мавжудлигида қуйидаги мазмундаги хулосалар қабул қилади:

а) "шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишда олинган" - агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахс шикастланиш (ярадорлик, жароҳат)ни Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш, ҳаракатдаги армия сафидаги ҳарбий хизмат даврида ҳарбий хизмат мажбуриятларини (хизмат мажбуриятларини) ижро этиш ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини қўриқлаш чоғида олинган бўлса;

б) "шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) ҳарбий хизмат мажбуриятларини ижро этишда олинган":

агар шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) тиббий кўрикдан ўтаётган шахс томонидан Қуролли Кучларининг Умумҳарбий Низомларида кўзда тутилган ҳарбий хизмат мажбуриятларни ижро этишда олинган бўлса;

агар шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) тиббий кўрикдан ўтаётган шахс томонидан фавқулодда вазиятлар шароитида, қўшинлар иштирокидаги махсус ҳаракатлар (операциялар) ўтказилаётганда ёки қуролли тўқнашувлар даврида вазифаларни бажариш вақтида; жанговар ҳаракатлар олиб борилган хорижий давлатларда ҳарбий хизматни ўташ даврида, хорижий давлатларда разведка ва контрразведка ишларини олиб борган даврда олинган бўлса;

агар шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) тиббий кўрикдан ўтаётган шахс томонидан ҳаракатдаги армия таркибига кирмаган ҳарбий қисмларда, штаб ва муассасаларда ўқув, махсус ва назорат йиғинларини ўташ даврида, шунингдек, ҳарбий хизмат манфаатлари йўлида бирор-бир ҳаракатни амалга ошириш чоғида олинган бўлса;

агар зарарланиш тиббий кўрикдан ўтаётган шахс томонидан ҳарбий хизмат мажбуриятларини ижро этиш чоғида ҳарбий меҳнатга оид омилларнинг соғлиққа таъсирлари натижасида олинган бўлса. Ушбу хулоса тегишли вазирлик ва идоралар санитария-эпидемиология хизматлари мутахассислари иштирокида ҲТК томонидан қабул қилиниб, кейин МҲТК да кўриб чиқилади;

агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахс шикастланишни (ярадорлик, жароҳатни) хизмат мажбуриятларини ижро этиш чоғида ҳашарот ёки судралиб юрувчининг чақиши, ҳайвон томонидан етказилган тан-жароҳати оқибатида олган бўлса;

агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахс шикастланишни (ярадорлик, жароҳатни) давлат ёки жамоатчилик олдидаги мажбуриятлар, шунингдек, жамоат ташкилотларининг махсус топшириқларини, гарчи бу топшириқлар ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ бўлмаса-да, бажариш вақтида олган бўлса;

агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахс шикастланишни (ярадорлик, жароҳатни) донорлик вазифасини бажариш туфайли олган бўлса;

в) "шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) ҳарбий хизмат мажбуриятларини ижро этиш билан боғлиқ бўлмаган бахтсиз ҳодиса оқибатида олинган":

агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахс шикастланишни (ярадорлик, жароҳатни) Қуролли Кучлар Умумҳарбий Низомларида кўзда тутилган ҳарбий хизмат мажбуриятларини ижро этиш билан боғлиқ деб топилмаган ҳолатларда олган бўлса;

агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахс шикастланишни (ярадорлик, жароҳатни) хизмат текшируви, тергов олди текширув ва тергов натижасида аниқланган қонунбузарлик ҳаракати оқибатида олган бўлса;

агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахс ўзига қасддан танага шикаст (ярадорлик, жароҳати) етказган, аммо бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилмаган ёки унга нисбатан жиноят иши тергов ёки суд органлари томонидан тўхтатилган бўлса;

г) "шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлардаги хизмат билан боғлиқ эмас":

агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахс шикастланишни (ярадорлик, жароҳатни) ҳарбий хизматга (ҳарбий йиғинларга) чақирилгунига, контракт бўйича ҳарбий хизматга киргунига қадар олган ва ҳарбий хизмат (ҳарбий йиғин) даврида унинг ривожланиши (кечишини оғирлашиши) кузатилмаган бўлса.

117. Радиация омилларининг таъсири билан боғлиқ бўлмаган, аммо Чернобль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ бўлган касалликларнинг сабабий боғлиқлигини белгилаш вақтида ҲТК томонидан қуйидаги таҳрирда хулоса қабул қилинади: "касаллик Чернобль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини бартараф этиш ишларини бажариш билан боғлиқ".


118. Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш, фронтда бўлиш, ҳарбий хизмат мажбуриятларини ижро этишда олинган шикастланишнинг (ярадорлик, жароҳатнинг) сабабий боғлиқлиги тўғрисидаги ҲТК хулосаси хизмат ва тергов олди текширувлари ёки жиноий иш материалларига кўра берилган шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) олишнинг ҳолати бўйича ишончли маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжат асосида қабул қилинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш, фронтда бўлиш, ҳарбий хизмат мажбуриятларини ижро этишда орттирилган касаллик ёки олинган шикастланишнинг (ярадорлик, жароҳатнинг) сабабий боғлиқлиги тўғрисидаги ҲТК хулосасини қабул қилиш учун тиббий кўрикдан ўтаётган шахснинг ҳарбий гувоҳномасидаги ҳарбий қисмнинг гербли муҳри билан тасдиқланган ёзувлар, шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) олганлиги тўғрисида ҳарбий қисм командирининг буйруғидан кўчирма, шунингдек, архив муассасаларидан олинган маълумотномалар ҳамда шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) ҳолати тўғрисидаги бошқа ишончли маълумотлар асос бўлиши мумкин.

Гувоҳларнинг кўрсатмалари Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш, фронтда бўлиш, ҳарбий хизмат мажбуриятларини ижро этишда орттирилган касаллик ва олинган шикастланишларнинг (ярадорликлар, жароҳатларнинг) сабабий боғлиқлигини белгилаш учун асос бўла олмайди.


119. Касалликлар билан бир қаторда шикастланишнинг (ярадорлик, жароҳатнинг) асоратлари ҳам мавжуд бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳарбий йиғинларни ўтаётган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш чоғида уларнинг сабабий боғлиқлиги тўғрисидаги ҲТК хулосаси алоҳида тарзда мазкур Низомнинг 115, 116-бандларида назарда тутилган шаклларда қабул қилинади.


120. Агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахсда турли шароитларда орттирилган (олинган) бир неча касалликлар ёки шикастланишларнинг (ярадорликлар, жароҳатларнинг) асоратлари аниқланган бўлса, уларнинг сабабий боғлиқлиги тўғрисидаги ҲТК хулосалари ҳам шикастланиш ҳолатлари ҳисобга олинган ҳолда алоҳида тарзда қабул қилинади.


121. Тергов остида бўлган ёки қўзғатилган жиноий иш судга оширилган ҳарбий хизматчилар, ҳарбий йиғинларни ўтаётган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишда, касалликнинг сабабий боғлиқлиги тўғрисида қуйидаги мазмундаги хулоса чиқарилади: "иши терговда", қавс ичида эса қуйида келтирилган таърифлардан бири кўрсатилади: "касаллик Қуролли Кучлардаги хизмат билан боғлиқ эмас"; "касаллик ҳарбий хизматни ўташ даврида орттирилган" ёки "касаллик ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетган даврда орттирилган". Шикастланишларнинг (ярадорликлар, жароҳатларнинг) сабабий боғлиқлиги ҳам шундай шаклда кўрсатилади. Агар тергов тўхтатилган бўлса, бу масала мазкур Низомнинг 115, 116-бандларида назарда тутилган тартибда ҳал қилинади.


122. Касалликнинг, шикастланишнинг (ярадорлик, жароҳатнинг) Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш, фронтда бўлиш, ҳарбий хизмат мажбуриятларини ижро этиш билан сабабий боғлиқлиги тўғрисидаги ҲТК хулосаси бошқа хулосалар қатори тиббий кўрикдан ўтаётган шахсга оид тиббий ҳужжатларга шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) олинган, касаллик орттирилган ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатга таянган ҳолда киритилиши шарт.

Эксперт ҳужжатларини (касаллик тўғрисидаги гувоҳномалар, маълумотномалар, тиббий кўрикдан ўтказиш варақаси ва тиббиётга оид бошқа ҳужжатлар) расмийлаштириш чоғида мазкур қайдни ёзиш учун асос бўлган ҳужжатлар мажбурий тарзда кўрсатилган ҳолда, шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) олинган, касаллик орттирилган ҳолатлар баён этилади, шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) асоратларининг объектив текшируви натижалари келтириб ўтилади, шунингдек, бошқа аниқланган касалликлар билан бир қаторда ушбу асоратларнинг тўлиқ ташхиси кўрсатилади.

Шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) олинганлиги, касаллик орттирилганлиги ҳақиқийлигини ва ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг асоратлари тиббий кўрикдан ўтаётган шахснинг ҳарбий хизматга (ҳарбий мутахассислиги бўйича хизмат ва бошқаларга) яроқлилигини чеклаши ёки чекламаслигидан қатъий назар, шикастланиш (ярадорлик, жароҳат) ёки касалликнинг, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш, фронтда бўлиш, ҳарбий хизмат мажбуриятларини ижро этиш билан сабабий боғлиқлиги тўғрисидаги ҲТК хулосаси эксперт ҳужжати (касаллик тўғрисидаги гувоҳнома, маълумотнома, тиббий кўрикдан ўтказиш варақаси ва тиббиётга оид бошқа ҳужжатлар)да қайд этилади.



12-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


123. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 26 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 31 декабрь, 52-сон, 994-модда
















































Время: 0.1892
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск