язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Банкротлик/ Санация/ Судгача санациядан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.07.1999 й. 362-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 26 июлдаги

362-сон қарорига

2-ИЛОВА


Судгача санациядан ўтказиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Банкротлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Корхоналар банкротлиги ва санацияси механизмини такомиллаштириш тўғрисида" 1999 йил 23 июлдаги ПФ-2342-сон Фармонига мувофиқ банкротлик белгиларига эга бўлган корхоналарни соғломлаштириш ҳамда уларнинг тўлов қобилиятини тиклаш мақсадида ўтказиладиган суддан олдин санациялаш масалаларини тартибга солади.

2. Суддан олдин санациялаш (бундан кейин - санациялаш деб аталади) банкротликнинг олдини олиш мақсадида қарздор корхона - юридик шахснинг муассислари (қатнашчилари), қарздорнинг кредиторлари ва бошқа шахслар, шу жумладан, давлат томонидан қарздор корхонанинг тўлов қобилиятини тиклаш бўйича чора-тадбирлардан иборат бўлади.

Суддан олдин санациялаш қарздор корхонанинг банкротлиги тўғрисида иш қўзгатилгунгача амалга оширилади ва қарздор корхонанинг тўлов қобилиятини, иқтисодий қувватини тиклаш ҳамда унинг келгусида самарали фаолиятни амалга ошириши учун шароитлар яратишни мақсад қилиб қўяди.


3. Давлат томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда қарздорни санациядан ўтказиш ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача бўлган муддатга жорий этилади.

4. Ушбу Низомнинг амал қилиши "Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санациялаш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги корхоналарини суддан олдин санациялашга татбиқ этилмайди.



II. САНАЦИЯЛАШ СУБЪЕКТЛАРИ

ВА ОБЪЕКТЛАРИ


5. Қарздор корхона - юридик шахснинг муассислари (қатнашчилари), қарздор корхона мулкининг эгаси, давлат органлари ва бошқа шахслар санациялаш субъектлари бўлиши мумкин.


6. Қарздор корхона санациялаш объекти ҳисобланади.


7. Қуйидагилар биринчи навбатда санация қилинади:

ҳаётий муҳим озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат халқ истеъмоли моллари ҳамда дори-дармонлар ишлаб чиқарувчи корхоналар;

давлат Мудофаа қудрати ва хавфсизлиги сақлаб турилишини таъминловчи корхоналар;

республика иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайдиган базавий тармоқлар (кон қазиш, энергетика, металлургия, кимё ва бошқа тармоқлар) корхоналари;

рақобатга бардошли, экспортбоп, импортнинг ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар;

замонавий, юқори унумли техника ишлаб чиқаришни ва иқтисодиёт соҳасига янги, прогрессив, ресурсни тежайдиган технологияларни жорий этишни таъминлайдиган корхоналар;

шаҳар асоси бўлган корхоналар ва уларга тенглаштирилган корхоналар;

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан таркибий қайта ўзгартириш ва молиявий соғломлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режалари маъқулланган корхоналар.

8. Фаолиятни давом эттириш учун қарздор корхонанинг тўлов қобилиятини тиклашнинг аниқ имконияти мавжудлигидан далолат берадиган молия ва хўжалик фаолияти таҳлили натижалари иқтисодий ночор корхоналарни санация қилинадиган объектлар қаторига киритишнинг асосий мезони ҳисобланади.



III. САНАЦИЯЛАШНИ ЎТКАЗИШНИНГ

ШАКЛ ВА УСУЛЛАРИ


9. Санациялаш ҳам тўланадиган, ҳам тўланмайдиган асосда давлат маблағлари иштирокида ёки иштирокисиз, шу жумладан, танлов асосида қуйидаги йўллар билан амалга оширилиши мумкин:

қарзларни ўзаро суришишни ташкил этиш;

тўлов муддати ўтган қарзларни тўлиқ ёки қисман тўлаш;

ишлаб чиқаришни рақобатбардошли маҳсулот чиқаришга қайта ихтисослаштириш;

четдан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш;

ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

қарздор корхонанинг тўлов қобилиятини тиклашдан ва унинг фаолиятини давом эттиришдан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан молиявий ёрдам кўрсатиш;

кредиторга тўловлар муддатини узайтириш ва (ёки) уларни бўлиб-бўлиб тўлаш ёки қарздор корхонанинг фаолиятини давом эттириш учун қарзлардан чегириш тўғрисида улар ўртасида аҳдлашувга эришишга йўналтирилган қарздор корхона ва кредитор (кредиторлар) ўртасида битим тузиш;

суддан олдин санациядан ўтказиш муддатида мажбурий тўловларни тўлаш ва кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш, ҳисобланган пеня ва жарималарни ҳисобдан чиқариш;

юридик шахс - қарздор корхонани қайта ташкил этиш;

қарздор корхонани молиявий соғломлаштиришга ёрдам берадиган бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш.


10. Давлат маблағларини жалб этган ҳолда санациялаш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларини қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссияси қарорига биноан судгача бўлган санациялаш муддатида мажбурий тўловларни тўлаш, илгари ажратилган давлат кредитларини қайтаришни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш, шунингдек ҳисобланган пеня ва жарималарни ҳисобдан чиқариш шаклида давлат маблағларини жалб этиш;

Давлат маблағларини жалб этган ҳолда санациялаш тартиботи Ҳуқумат қарорларига биноан бошқа чора-тадбирларни ўз ичига олиши мумкин;

давлат томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда санациялаш ўтказилишида қарздорга хизмат кўрсатувчи банкда илгари амал қилган ҳисоб рақамлари тўхтатилган ҳолда санациялаш бўйича сўмда ва (ёки) валютада ҳисоб рақами очилади;

Санация ҳисоб рақами иш тартиби белгиланган тартибда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.


IV. КОРХОНАЛАРНИ САНАЦИЯЛАШ

УЧУН МАБЛАҒЛАР МАНБАЛАРИ


11. Қуйидагилар санациялаш учун маблағлар манбалари ҳисобланади:

корхоналар эгалари, кредиторлар, бирлашмалар (хўжалик уюшмалари), бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг молиявий ёрдами;


V. МУЛКИДА ДАВЛАТ УЛУШИ БЎЛГАН КОРХОНАЛАРНИ

ҲАМДА ДАВЛАТ МАБЛАҒЛАРИНИ ЖАЛБ ЭТГАН

ҲОЛДА САНАЦИЯЛАШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА

УНИНГ ЎТКАЗИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


12. Устав фондида давлат улуши бўлган объектларни санациялаш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳайъати қабул қилади.

13. Устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг санациялаш ёки давлат маблағларини жалб қилиш тўғрисидаги мурожаатномаси Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига берилади.

Қарздор корхона санациялаш тўғрисида мурожаат қилганда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ҳисобот йилининг жорий даври ҳамда олдинги йилнинг бухгалтерия баланслари;

ички захиралардан фойдаланиш имкониятлари пухта таҳлил қилинган, шу жумладан, ишлаб чиқариладиган маҳсулотга ҳақ тўлашга қодир эҳтиёж мавжудлигини тасдиқловчи тегишли шартномалар кўрсатилган, Мулкдор томонидан тасдиқланган молиявий соғломлаштириш режаси;

корхонанинг қарзлари бўйича маҳаллий солиқ органи билан солиштириш далолатномаси;

ҳисоб рақамларининг ҳолати тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкнинг маълумотномаси.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси санациядан ўтказиш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.

14. Корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолаш ҳамда корхонани молиявий соғломлаштиришнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳайъати билан келишилган бизнес-режаси асосида санациялаш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Корхонага нисбатан судгача санациялаш муддатида мажбурий тўловларни тўлаш, илгари берилган давлат кредитларини қайтаришни кечиктириш ва (ёки) уларни бўлиб-бўлиб тўлаш, шунингдек ҳисобланган пеня ва жарималарни ҳисобдан чиқариш шаклида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш зарурати бўлганда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг қарори қарор қабул қилиш учун Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссиясига юборилади.

15. Мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналарни давлат маблағларини жалб этган ҳолда санациялашни ташкил этиш ва унинг мониторинги Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.


VI. САНАЦИЯЛАШНИ ТЎХТАТИШ


16. Санациялаш уни ўтказиш муддати тугаши, унинг самарасиз эканлиги аниқланиши, мазкур Низом ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари бажарилмаганлиги муносабати билан ва амалдаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа сабабларга кўра тўхтатилиши мумкин.

Давлат маблағларини жалб этган ҳолда санациялашни тўхтатиш ҳақидаги қарорни Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳайъати чиқаради.