ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Электр энергетикаси. Иссиқлик энергетикаси /

Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш Қоидалари (ЎзР ВМ 26.12.2018 й. 1050-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Махкамасининг

2018 йил 26 декабрдаги

1050-сон қарорига

1-ИЛОВА



Электр тармоғи хўжалиги

объектларини муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналарини (кейинги ўринларда муҳофаза зоналари деб аталади) ўрнатиш, шунингдек, муҳофаза зоналари доирасида жойлашган ер участкаларидан (кейинги ўринларда ер участкалари деб аталади) фойдаланишни, ушбу объектларнинг хавфсиз ишлашини ва эксплуатация қилинишини таъминлайдиган алоҳида шартларни белгилайди.


2. Мазкур Қоидалар мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатьи назар, электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган ташкилотлар (кейинги ўринларда электр тармоғи хўжалиги объектлари деб аталади), шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилади.


3. Муҳофаза зоналарида ҳудудлардан фойдаланишнинг хавфсиз эксплуатация қилиниши шартларини таъминлайдиган ва электр узатиш линиялари ва электр тармоқлари хўжалигининг бошқа объектларини шикастланиши мумкинлигини истисно этадиган алоҳида шартлар белгиланади.


4. Муҳофаза зоналари чегараларини ўрнатиш талабларидан келиб чиқиб, мазкур Қоидаларга мувофиқ барча электр тармоғи хўжалиги объектлари учун муҳофаза зоналари белгиланади.


5. Муҳофаза зоналари, уларнинг ўлчамлари, тегишли электр таъминоти корхонаси тўғрисида маълумот, шунингдек, ушбу Қоидаларда назарда тутилган чеклашларга риоя этилиши шартлиги тўғрисида кўрсатмага эга бўлган огоҳлантириш белгиларини ўрнатиш йўли билан маркировкаланиши лозим.



2-БОБ. ЭЛЕКТР ТАРМОҒИ ХЎЖАЛИГИ

ОБЪЕКТЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ


6. Электр тармоғи хўжалиги объектлари қурилиши учун ер участкалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилади.


7. Электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зонаси ер участкаси ёки юзасидан тубигача сув маконидир. Уларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланишнинг алоҳида тартиби белгиланади. Мазкур Қоидаларга мувофиқ белгиланган электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари ажратилган ер участкалари ҳисобланади ва белгиланган тартибда давлат руйхатидан ўтказилиши керак.


8. Ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган жисмоний ва юридик шахслар трассаларнинг ижроия топогеодезия суратлари материалларини уларни ердан фойдаланишнинг тегишли хариталарига киритиш учун ҳудудий архитектура ва қурилиш органларига тақдим этишлари шарт.


9. Электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари ҳудудларни кадастр бўйича бўлинган ва ер участкалари кадастр бўйича суратга олинган ҳолда қишлоқ жойларда ер ресурслари туман хизматлари томонидан, шаҳарлар ва шаҳарчаларда - кўчмас мулк кадастри хизматлари томонидан натурада белгиланади ҳамда кадастр ишида қайд этилиши ва ер участкасининг кадастр режасида акс эттирилиши керак.


10. Ифлослантириш ва электр тармоғи хўжалиги объектларининг коррозияга учраши манбаи бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилишнинг лойиҳа-смета ҳужжатларида ифлосланиш ва коррозияга учрашни чекловчи ёки электр тармоғи хўжалиги объектларини ифлосланиш (коррозия) зонасидан чиқариш билан боғлиқ чора-тадбирлар назарда тутилиши керак.


11. Мавжуд электр тармоғи хўжалиги объектлари муҳофаза зоналарининг ер участкалари уларнинг мулкдорларидан, ер эгалари ва ердан фойдаланувчилардан, шу жумладан, ижарачилардан олиб қўйилиши мумкин эмас.


12. Давлат қўриқхоналари, табиий боғларнинг қўриқхона зоналари ва давлат резерватлари ва ҳоказоларнинг муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларида 110, 220 ва 500 киловольтли электр тармоғи хўжалиги объектлари қурилишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан йўл қўйилади.



3-БОБ. ЭЛЕКТР ТАРМОҒИ ХЎЖАЛИГИ

ОБЪЕКТЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ


13. Электр тармоғи хўжалиги объектлари ушбу электр тармоғи хўжалиги объектлари ўз ихтиёрида бўлган корхоналар томонидан муҳофаза қилинади.


14. Электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари қуйидагича ўрнатилади:

а) электр узатиш ҳаво линиялари бўйлаб - четдаги симлардан, уларнинг оғмаган ҳолатида электр узатиш линиясининг иккала томони бўйлаб (ҳаво электр узатиш линияси таянчи баландлигига мос бўлган баландликдаги) қуйидаги масофадаги параллель вертикал текисликлар билан чегараланган ер участкаси ва ҳаво макони қисми кўринишида кучланиши:

бир киловольтгача кучланишли линиялар учун - 2 метр (биноларнинг деворлари, конструкциялар ва ҳоказалар бўйлаб ўтказилган ўзини ўзи тутиб турувчи ёки изоляцияланган симли линиялар учун муҳофаза зонаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ўрнатилган бундай линиялардан рухсат этилган минимал масофалар билан аниқланади);

20 киловольт кучланишли линиялар учун - 10 метр (ахоли пунктлари чегараларида жойлашган ўзини ўзи тутиб турувчи ёки изоляцияланган симли линиялар учун 5 метр);

35 киловольт кучланишли линиялар учун - 15 метр;

110 киловольт кучланишли линиялар учун - 20 метр;

220 киловольт кучланишли линиялар учун - 25 метр;

500 киловольт кучланишли линиялар учун - 30 метр;

б) ер ости электр узатиш кабель линиялари бўйлаб - электр узатиш линиясининг иккала томонига параллель вертикал текисликлар билан чегараланган, четдаги кабеллардан 1 метр, агар кабель линиялари шаҳарларда йўлаклар остида ўтказилганда эса - бино ва иншоотлар томонга 0,6 метр ва кўчанинг транспорт ҳаракатланадиган қисми томонига 1 метр масофага четланган ер участкасининг юза қисми, унинг остида жойлашган (электр узатиш кабель линиялари ўтказилган чуқурликка мос чуқурликдаги) ер қаъри кўринишида;

в) сув ости электр узатиш кабель линиялари бўйлаб - линиянинг хар икки томони бўйлаб четдаги кабеллардан 100 метр масофадаги вертикал текислик билан чекланган сув юзасидан унинг тубигача бўлган сув макони кўринишида;

г) электр узатиш хаво линияларини сув ҳавзаларидан (дарёлар, каналлар, кўллар ва бошқалар) ўтишлари бўйлаб - сув ҳавзаларинг сув сатҳи устидаги (баландлиги электр узатиш ҳаво линияси таянчлари баландлигига мос бўлган) электр узатиш линиясининг иккала томонидан четдаги симлардан, уларнинг ўзгармаган ҳолатида кема юрадиган сув ҳавзалари учун 100 метр масофада, кема юрмайдиган сув ҳавзалари учун эса - электр узатиш ҳаво линиялари учун ўрнатилиши назарда тутилган муҳофаза зонаси масофада вертикал текисликлар билан чекланган ҳаво макони кўринишида;

д) подстанциялар атрофи бўйлаб - подстанция тўсиғининг барча томонларидан периметри бўйлаб, подстанциянинг бирламчи кучланишига нисбатан қўлланилган ҳолда ушбу банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган, масофада вертикал (баландлиги подстанциянинг энг баланд нуқтасига мос бўлган) текисликлар билан чекланган ер участкаси сатҳи ва ҳаво макони қисми кўринишида.

Электр узатиш линиялари билан яқин жойлашган бинолар ва иншоотлар, шунингдек, дарахтлар ва бошқа кўп йиллик ўсимликлар ўртасидаги рухсат этиладиган энг кам масофа Электр қурилмаларининг тузилиши қоидаларида белгиланади.

Мазкур Қоидаларнинг 12-бандида назарда тутилган ҳолатларда муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари ўлчови ва уларнинг режими Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда қарамоғида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган корхона томонидан белгиланади. Электр тармоғи хўжалиги объектларига хизмат кўрсатиш учун йўллар, кириш йўллари ва бошқа иншоотлар Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олган лойиҳалар асосида амалга оширилади.


15. Муҳофаза зоналарида электр тармоғи хўжалиги объектларининг хавфсиз ишлашининг бузилиши, шу жумладан уларнинг шикастланишига ёки йўқ қилиб ташланишига олиб бориши ва (ёки) фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва жисмоний ёки юридик шахсларнинг мулкига шикаст етказиши, шунингдек экологик зарар ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатни содир этиш, жумладан:

а) электр узатиш ҳаво линиялари симларига ва таянчларига бегона предметларни ташлаш, шунингдек, электр узатиш ҳаво линиялари таянчларига кўтарилиш;

б) техник қоидалар, нормалар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ яратилган электр тармоғи хўжалиги объектларига юриб ўтиш ва транспорт воситасида ўтиш жойларига ҳар қандай объектларни, предметларни (материалларни) жойлаштириш, шунингдек, электр тармоғи хўжалиги объектларига кириш йўлларини барпо қилмай туриб, бундай киришларга халақит берувчи ҳар қандай ишни амалга ошириш ва иншоотлар барпо этиш;

в) тақсимлаш қурилмалари ва подстанцияларнинг тўсилган ҳудуди доирасида ва хоналарида бўлиш, тақсимлаш қурилмалари ва подстанцияларнинг эшиклари ва люкларини очиш, ўчириб-ёқишларни ва электр тармоқларга улашларни (ушбу талаб ўрнатилган тартибда рухсат этилган ишларни амалга ошириш билан банд бўлган ходимларга татбиқ этилмайди) амалга ошириш, подстанцияларнинг кириш ва тақсимлаш қурилмалари, электр узатиш хаво линиялари муҳофаза зонаси доирасида, шунингдек, электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зоналарида олов ёқиш;

г) болалар ва спорт майдончаларини, стадионларни, бозорларни, савдо шохобчаларини, дала шийпонларини, моллар учун қўраларни, ҳар қандай турдаги машина ва механизмлар учун гаражлар ва турар жойларни жойлаштириш, ўрнатилган тартибда рухсат этилган ишларни бажариш билан боғлиқ бўлмаган кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш (электр узатиш ҳаво линияларининг муҳофаза зонасида);

д) ахлатхоналарни жойлаштириш;

е) зарба берувчи механизмлар билан ишларни амалга ошириш, массаси 5 тоннадан ортиқ оғирликларни ташлаш, емирувчи коррозияловчи моддаларни ва ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш ва қуйиш (электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зонасида) тақиқланади.


16. Кучланиши 1000 вольтдан юқори бўлган электр тармоғи хўжалиги объектлари учун ўрнатилган муҳофаза зоналарида мазкур Қоидаларнинг 15-бандида келтирилган ҳаракатлардан ташқари қуйидагилар тақиқланади:

а) ҳар қандай, шу жумладан ёқилғи-мойлаш материаллари сақланадиган омборларни жойлаштириш;

б) ҳар қандай учиш аппаратларини, шу жумладан варрақларни, учиш аппаратларининг спорт моделларини (электр узатиш ҳаво линияларининг муҳофаза зоналарида) учириш;

в) кемалардан лангар ташлаш ва уларни (сув ости электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зоналарида) ташланган лангарлар, занжирлар, чуқурликни ўлчайдиган асбоблар, судралма аравалар ва траплар билан ўтиш;

г) кемаларни кранларининг ва бошқа механизмларининг кўтарилган стреласи билан (электр узатиш хаво линияларининг муҳофаза зонасидан) ўтиши.

д) 500 кВ ЭУЛ муҳофаза зонасида, темир йўлдан ташқари, барча транспорт воситаларининг тўхташи тақиқланади.


17. Ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган корхонанинг ёзма розилигисиз электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари доирасида юридик ва жисмоний шахслар учун қуйидагилар тақиқланади:

а) ҳар қандай бино ва иншоотларни қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ёки бузиш;

б) ҳар қандай турдаги кон, портлатиш, мелиорация, шу жумладан ерга вақтинчалик сув бостириш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш;

в) дарахтлар ҳамда буталарни экиш ва кесиш;

г) сув ҳавзаси тубини чуқурлаштириш, тупроқни кавлаб олиш ва ортиш-тушириш ишлари, балиқ ва бошқа сув жониворларини сув ости чангаклари билан тутиш, сув ўсимликларини чиқариб олиш, (электр узатиш сув ости кабель линияларининг муҳофаза зонасида);

д) кемаларнинг вертикал бўйича энг юқори габаритидан (юк билан ёки юксиз) электр узатиш ҳаво линиялари симларигача рухсат этилган минимал масофадан кам масофада, шу жумладан тошқин даврида сув сатҳининг максимал кўтарилиши ҳисобга олинган ҳолда ўтиш;

е) умумий баландлиги йўлнинг сатҳидан (юк билан ёки юксиз) 4,5 метрдан ортиқ бўлган машина ва механизмларнинг ўтиши (электр узатиш ҳаво линияларининг муҳофаза зонасида);

ж) 0,3 метрдан ортиқ чуқурликда, шудгорланадиган ерларда эса 0,45 метрдан ортиқ чуқурликда қазиш ишларини амалга ошириш, шунингдек тупроқни текислаш (электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зонасида);

з) агар сув оқими баландлиги 3 метрдан ортиқ бўлиши мумкин бўлса - қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини суғориш;

и) баландлиги 4 метрдан ортиқ қишлоқ хўжалиги машиналари ва ускуналарини қўллаган ҳолда дала қишлоқ хўжалиги ишларини (электр узатиш хаво линияларининг муҳофаза зонасида) ёки ерни хайдаш билан боғлиқ дала қишлоқ хўжалиги ишларини олиб бориш (электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зонасида) таъқиқланади.


18. Кучланиши 1000 вольтгача бўлган электр тармоғи хўжалиги объектлари учун ўрнатилган муҳофаза зоналарида мазкур Қоидаларнинг 17-бандида назарда тутилган ҳаракатлардан ташқари, электр таъминоти корхонасининг рухсатисиз:

а) ҳар қандай, шу жумладан ёқилғи-мойлаш материаллари сақланадиган омборларни жойлаштириш;

б) кемалар, баржалар ва сузувчи кранларнинг туриши учун тўхташ жойларини ташкил қилиш, кемалардан лангар ташлаш ва уларни ташланган лангарлар, занжирлар, чуқурликни ўлчайдиган асбоблар, судралма аравалар ва траплар билан ўтиши (сув ости электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зоналарида);

в) варрақларни, учиш аппаратларини, шу жумладан бошқарилмайдиган учиш аппаратларини учириш тақиқланади.


19. Мазкур Қоидаларнинг 17 ва 18-бандларида назарда тутилган ҳаракатларни амалга оширишга ёзма розилик олиш учун манфаатдор шахслар тегишли электр тармоғи ҳўжалиги объектларининг эксплуатацияси учун жавобгар бўлган, ихтиёрида электр тармоғи ҳўжалиги объектлари бўлган ташкилотга ёзма ариза билан мурожаат этади.

Ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган ташкилот ариза келиб тушган кундан бошлаб 2 кун мобайнида уни кўриб чиқади ва тегишли ҳаракатларни амалга оширишга розилиги (рози эмаслиги) тўғрисида ёзма хабар беради.

Мазкур Қоидаларнинг 17 ва 18-бандларида назарда тутилган ҳаракатларни амалга оширишга ёзма розилиги (рози эмаслиги) ариза берган шахсга тақдим этилади ёхуд унга почта орқали, тақдим этилганлиги тўғрисида хабар қилинган ҳолда юборилади. Аризачи, шунингдек, ихтиёрида электр тармоғи ҳўжалиги объектлари бўлган ташкилот томонидан факсимал ёки электрон алоқа воситалари орқали хабардор қилинади, агар аризада шундай хабардор қилиш сўралган бўлса.

Ихтиёрида электр тармоғи ҳўжалиги объектлари бўлган ташкилотларнинг мазкур Қоидаларнинг 17 ва 18-бандларида назарда тутилган ҳаракатларни амалга оширишга рози бўлмаслигига, тегишли ҳаракатлар билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талаблар бузилса ва тегишли электр тармоғи ҳўжалиги объектларининг ишлаб туришига зарар етказиши мумкин бўлганда рухсат этилади. Тегишли ҳаракатларни амалга оширишга норозилик тўғрисидаги қарор асосланган бўлиши ва унда аризачи томонидан тегишли ишларнинг (ҳаракатларнинг) амалга оширилиши оқибатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бузилишига изоҳлар мавжуд бўлиши керак.

Муҳофаза зоналарида харакатларни амалга оширишга ёзма рухсат олган шахслар, ҳаракатларни электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофазасини таъминлайдиган талабларга риоя этган ҳолда амалга оширишлари шарт.


20. Агар электр хўжалиги объектлари ўрмон массивлари орқали ўтса, бевосита симларга яқин жойда турган дарахтлар электр тармоғи хўжалигини эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан кесилади. Электр тармоғи хўжалиги объектлари истирохат боғлари, боғлар ва бошқа кўп йиллик дарахтлар орқали ўтса, дарахтларни кесиш электр тармоғи хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилот томонидан амалга оширилади. Томонларнинг келишувига кўра эса ушбу дарахтлар ўз ихтиёрида бўлган ташкилот томонидан ёки боғлар ва бошқа кўп йиллик дарахтларнинг эгалари бўлган жисмоний шахслар томонидан электр тармоғи хўжалиги объектларидан фойдаланувчи корхона томонидан белгиланадиган тартибда кесилади.

Тор йўллар очиш учун дарахтларни кесиш электр тармоғи хўжалиги объектлари эгалари томонидан ўрмон хўжалиги ташкилотларининг шартлари бўйича амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 22 ноябрдаги 506-сон қарори билан тасдиқланган Ўрмонни парвариш қилиш учун кесиш қоидаларини бузган электр тармоғи хўжалиги объектлари эгалари бунинг учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.


21. Авария ҳолатларининг олдини олиш учун электр тармоғи хўжалиги объектларида ушбу электр тармоғи хўжалиги объектлари трассасига туташиб кетган ўрмон массивларида айрим дарахтларни ушбу дарахтлар тегишли бўлган ташкилотнинг рухсати билан, кейинчалик ўрмон кесиш чипталари (далолатномалари)ни белгиланган тартибда расмийлаштирган ва кесиш жойини кесиш қолдиқларидан тозалаган ҳолда кесишга рухсат берилади.


22. Кабель лангар, балиқчилик чангаги ёки бошқа усул билан юқорига кўтарилган тақдирда капитанлар, кема эгалари кабелни холи қилиш чораларини кўришга ва юз берган воқеа тўғрисида энг яқиндаги ҳудудий электр тармоқлари корхонасига хабар қилишга мажбурдир.


23. Муҳофаза зонаси, темир йўлларнинг ажратилган полосаси ва (ёки) муҳофаза зонаси, автомобиль йўлларининг ажратилган полосаси ва (ёки) йўл чети полосаси, қувур ўтказгичларнинг, алоқа линияларининг ва бошқа объектларнинг муҳофаза зоналари билан мос келса (кесишса), ҳудудларнинг мос келган участкаларида ушбу объектларни эксплуатация қилиш билан боғлиқ ишларни олиб бориш, манфаатдор томонлар билан келишилган ҳолда ушбу объектларнинг муҳофаза зоналарини, йул чети зоналарини, ажратилган полосаларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи қонунчиликка мувофиқ, агар авария ҳолатлари содир бўлса, ўзаро муносабатлар келишуви тузилган ҳолда олиб борилади.


24. Узилган, ерда ётган ёки осилиб турган электр узатиш ҳаво линияси симини кўрган, шунингдек, таянчнинг йиқилиши ёки симнинг узилиши хавфини сезган фуқаролар бу ҳақда дарҳол энг яқиндаги ҳудудий электр тармоқлари корхонасига хабар бериши шарт.


25. Электр тармоғи хўжалиги объектлари устида ва улар яқинида ҳаво кемаларининг парвози, ҳаво маконидан бошқача тарзда фойдаланиш, шунингдек, электр тармоғи хўжалиги объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғидан фойдаланишни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.


26. Кўрсатиб ўтилган ишларни амалга оширишга ёзма розилик олган шахслар уларни электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналарида ушбу объектларнинг сақланишини таъминловчи шарт-шароитларга риоя қилган ҳолда бажаришлари шарт.


27. Электр тармоғи хўжалиги объектлари мҳофаза зоналари яқинида уларнинг шикастланишига олиб келиши мумкин бўлган портлатиш, қурилиш ишлари ва бошқа ишларни олиб борувчи ташкилотлар ишларни бажариш бошланишидан камида ўн икки кун олдин электр тармоғи хўжалиги объектлари ўз ихтиёрида бўлган корхоналар билан электр тармоғи хўжалиги объектлари сақланишини таъминловчи ушбу ишларни бажариш шартлари ва тартибини келишишга ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўришга мажбур.


28. Электр тармоғи хўжалиги объектлари муҳофаза зоналарида портлатиш ишларини олиб боришга ёзма розилик ушбу ишларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг тегишли рухсатномаси тақдим этилгандан кейин берилади.

Ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган ташкилотларнинг электр тармоғи ҳўжалиги объектларининг муҳофаза зоналарида портлатиш ишларини олиб боришга ёзма розилик бериш рад этилишининг сабаблари кўрсатилган ва асосланган бўлиши керак. Розилик беришнинг рад этилиши бўйича белгиланган тартибда шикоят аризаси берилиши мумкин.


29. Ўзларининг ер участкалари орқали электр тармоғи хўжалиги объектлари ўтадиган юридик ва жисмоний шахслар ушбу объектлар сақланишини таъминлашга кўмаклашадиган ўзларига боғлиқ барча чораларни кўришга, электр тармоғи хўжалиги объектлари эгалари билан ушбу ишларни амалга ошириш жойи ва муддатлари олдиндан, мазкур Қоидаларнинг 19-бандида назарда тутилган тартибда келишилмасдан бинолар ва иншоотлар қурилишига йўл қўймасликка мажбур.


30. Худудий электр тармоқлари корхоналари ва бошқа шахслар томонидан мазкур Қоидаларнинг 15 ва 16-бандларида тақиқланган ёки ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган корхонанинг ёзма рухсатисиз мазкур Қоидаларнинг 17 ва 18-бандларида назарда тутилган ҳаракатлар амалга оширилганлиги аниқланган тақдирда, ушбу шахслар бундай ҳолатлар мавжудлиги тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органига ариза юборадилар, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.


31. Электр тармоғи хўжалиги объектларини қайта қуриш ва кўчириш электр тармоғи хўжалиги объектлари эгалари билан келишилган техник шартлар бўйича, ишларни бажарувчилар, асосий қурилишни ёки ишни амалга оширувчи ер участкалари эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер эгалари ҳисобига амалга оширилади.


32. Ер ишларини амалга оширувчи шахслар томонидан ушбу ишларни олиб боришнинг техник ҳужжатларида кўрсатилмаган ер ости кабеллари аниқланган тақдирда, аниқланган кабеллар атрофида иш олиб боришни дарҳол тўхтатишга, уларнинг сақланишини таъминлаш чораларини кўришга ва бир кун мобайнида бу ҳақда ушбу кабель линияси эгасига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органига хабар беришга мажбур.



4-БОБ. МУҲОФАЗА ЗОНАЛАРИДА ЭЛЕКТР

ТАРМОҒИ ХЎЖАЛИГИ ОБЪЕКТЛАРИНИ

ЭКСПЛУАТАЦИЯ ҚИЛИШ


33. Агар электр тармоғи хўжалиги объектлари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва махсус режимли объектлар ҳудудидан ўтса, у ҳолда тегишли ташкилотлар электр тармоғи хўжалиги объектлари эгаларига сутканинг исталган вақтида кўздан кечириш ва ишларни бажариш учун рухсатнома бериши керак.


34. Муҳофаза зоналари ва ўрмон сўқмоқларида электр тармоғи хўжалиги объектлари эгаларига:

электр тармоғи хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш учун зарур бўлган йўллар, кириш йўлаклари ва бошқа иншоотлар қуришга (ер ажратиш ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига туташишга қўшимча келишувлар бўйича);

кейинчалик албатта кўмиб ташлаган ва ерларни текислаган ҳолда ушбу электр тармоғи хўжалиги объектларини таъмирлаш учун чуқурлар ва хандақлар ва котлованлар очишга;

ўрмон сўқмоғининг белгиланган кенгликда бўлишини таъминлаш учун дарахтларни кесишга рухсат берилади.


35. Қишлоқ хўжалиги экинлари экишга мўлжалланган ерларда электр тармоғи хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш ва таъмирлаш ишларини олиб боришга (авария-тиклаш ишларидан ташқари), қоидага кўра, ушбу ерлар қишлоқ хўжалиги экинлари билан банд бўлмаган пайтда рухсат берилади.

Аварияларни бартараф этиш ишлари (экин бор-йўқлигидан қатьи назар) исталган даврда ўтказилиши мумкин. Кўрсатиб ўтилган ишлар бажарилгандан кейин электр тармоғи хўжалиги объектлари эгалари қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ерларни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун яроқли ҳолатга келтиришлари, шунингдек, агар электр тармоғи хўжалиги объектларининг шикастланиши ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, шу жумладан, ижарачилар томонидан мазкур Қоидалар талаблари бузилиши оқибатлари бўлмаса, авария-тиклаш ишларини амалга оширишда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, шу жумладан, ижарачиларга етказилган зарарни қоплаши керак.


36. Электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зонаси темир йўл ёки автомобиль йўллари полосаси, қувурлар, алоқа линиялари, электр тармоғи хўжалигининг бошқа объектлари ва ҳудуднинг мос келиш участкаларидаги ўзга объектларнинг қўриқланадиган зоналарига тўғри келиб қолганда, ушбу зоналардан фойдаланиш томонларнинг келишувига кўра манфаатдор корхоналар томонидан амалга оширилади.


37. Йўл қопламалари ва тупрок олинишини талаб этувчи электр тармоғи хўжалиги объектларини таъмирлаш ишлари (авария-тиклаш ишларидан ташқари), бундай ишларни олиб бориш шартлари тегишли йўл ташкилотлари билан, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари доирасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилгандан кейин олиб борилиши мумкин. Кўрсатиб ўтилган ишларни бажариш шартлари тўғрисидаги маълумот электр тармоғи хўжалиги объектлари эгаларига тегишли орган томонидан ишларни бажариш зарурлиги тўғрисида билдиришнома олинган кундан бошлаб уч кун муддатда юборилиши керак. Иш жойларини ўраш тегишли органлар билан келишилади.

Авария-тиклаш ишлари уларни амалга ошириш шартлари олдиндан келишилмасдан, бироқ ишлар бажариладиган жойга йўл ташкилоти ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вакилини албатта чақирган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу ишларни бажарувчи электр тармоғи хўжалиги объектлари эгалари транспорт ва йўловчилар учун зарур огоҳлантириш белгилари қўйган ҳолда авария жойларини айланиб ўтиш йўллари қуришлари ҳамда ишларни бажариш тугаллангандан кейин тупроқни текислаши ва йўл қопламаларини тиклаши керак.


38. Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида ушбу электр тармоғи хўжалиги объектлари шикастланганлигини огоҳлантиришда ҳамда барча юридик ва жисмоний шахсларнинг мазкур Қоидалар талабларига риоя этишини таъминлашда электр тармоғи хўжалиги объектлари эгаларига кўмаклашадилар.



5-БОБ. МУҲОФАЗА ЗОНАЛАРИ ДОИРАСИДА

ИШЛАРНИ БАЖАРИШ ШАРТЛАРИ


39. Саноат қурилиши ва бошқа қурилиш учун, шунингдек, қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ажратиладиган участкаларда электр тармоғи хўжалиги объектлари мавжуд бўлган тақдирда мазкур участкаларни олган ташкилотлар улардан фойдаланишни электр тармоғи хўжалиги объектларининг тегишли эгалари билан келишиши шарт.


40. Электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган ер участкаларида қурилишга розилик олиш учун қурувчилар томонидан ушбу объект лойиҳаси мазкур электр тармоғи хўжалиги объектлари эгасига тақдим этилиши керак.

Авария вазиятларида лойиҳасиз бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ишлари ва бошқа ишларни бажариш (ер ости кабель линиялари трассаларида чуқур қазиш, йўлларни вақтинча айланиб ўтиш, кириш йўлини ёпиш ва сув чиқариш учун тупроқни қазиш, далаларни текислаш, қозиқоёқ қоқиш, тўсиқ учун таянч ўрнатиш, тупроқ намунаси олиш, турли мақсадлар учун хандақ қазиш ва бошқалар) учун электр тармоғи хўжалиги объектлари эгаларининг ёзма розилиги олиниши керак.


41. Лойиҳасиз амалга оширилаётган ишлар бажарилаётган зонада ер ости электр кабеллари бўлиши мумкинлигини аниқлаш учун ишларни бажарувчилар томонидан вилоят, туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими)дан ахборот олиниши керак.

Электр тармоғи хўжалиги объектлари муҳофаза зонасида амалга ошириладиган ишларнинг буюртмачиси (қурувчи) ишлар бошланишидан камида 3 сутка олдин электр кабели жойлашган жойни техник ҳужжатлар бўйича аниқ белгилаш, уларнинг чуқурлигини аниқлаш ва қурилаётган объект иншоотлари билан ўзаро жойлашишини аниқлаш учун электр тармоғи хўжалиги объектлари эгасининг вакилини чақириши шарт.


42. Ер ости электр кабелларининг аниқ жойлашишини белгилаш ишлар бажариладиган зонада уларнинг бутун узунлиги бўйича амалга оширилади ҳамда бунинг учун электр тармоғи хўжалиги объектлари эгаси жавоб беради.


43. Қурилиш узоқ муддат давомида олиб борилган тақдирда ишларни бажариш зонасида йўл ости электр кабелларининг аниқлаштирилган трассаси бўйи 1,5-2 метр бўлган кўрсаткич қозиқлар билан белгиланиши керак. Кўрсаткич қозиқлар трассанинг тўғри участкаларида барча трасса бурилишларида трассанинг тўғри ўқидан 0,5 метр чекланишнинг барча нуқталарида ҳар 15 - 20 метрга, шунингдек, ишлар қўлда бажариладиган тупроқни қазиш чегараларида ўрнатилади.

Кўрсаткич қозиқлар ўрнатиш, қудуқ қазиш ишлари электр тармоғи хўжалиги объектлари эгасининг вакили иштирокида қурувчининг кучи ва маблағлари ҳисобига бажарилади.

Трассани кўрсаткич қозиқлар билан белгиламасдан ер ишларини амалга оширишга йўл қўйилмайди.


44. Электр кабелларининг муҳофаза зоналарида ишлар бошлангунгача ишларни бажарувчилар ер ости электр кабеллари трассаларининг жойлашиши, уларнинг жойидаги белгиланиши билан танишиши керак. Уларга шунингдек электр кабеллари сақланишини таъминловчи қўлда ва механизация усулида ер ишларини бажариш тартиби тўғрисида йўриқномалар берилади. Бундан ташқари, улар электр кабелларида одамларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган кучланиш борлигини ҳисобга олган ҳолда электр токи уриш хавфи, шунингдек, кўрсатиб ўтилган электр кабель линиялари шикастлантирилганлиги учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилишлари керак.

Электр кабелларининг муҳофаза зоналарида ишларни олиб боришда ушбу электр кабеллари эгасининг вакилини чақириш зарурлиги кўрсатилиши, зарур ҳолларда эса, қўлда бажариладиган ишларнинг схемаси берилиши керак.

Электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналаридаги ишлар уларнинг бажарилиши учун масъул шахснинг кузатувида бажарилиши керак.


45. Ҳаво ва кабель линияларининг муҳофаза зонасида ишларни бажарувчилар ишлар бошланишидан камида 3 сутка олдин электр тармоғи хўжалиги объектлари эгасига телефонограмма орқали ёки шахсан ишларни бажаришда вакиллари ҳозир бўлиши зарур бўлган ишларни бажариш санаси ва соати тўғрисида маълум қилишлари керак.

Кўрсатиб ўтилган вакиллар иш бажарилаётган жойга келмаган тақдирда ишларни бажарувчилар бир сутка мобайнида бу ҳақда электр тармоғи хўжалиги объектлари эгасига хабар беришлари шарт.

Электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зонасида кўрсатиб ўтилган вакиллар ҳозир бўлмаган ҳолда ер ишларини бажариш тақиқланади.


46. Ер ости кабелларининг бевосита яқинида тупроқ ишларини фақат белкураклар ёрдамида, қаттиқ зарб бермасдан бажаришга йўл қўйилади, зарбали асбоблар (лом, кирка)дан фойдаланиш тақиқланади.


47. Ишлаб турган кабель электр тармоқлари коммуникациялари билан кесишган жойларда ер ишлари қонунчиликда назарда тутилган электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак.


48. Ихтиёрида қурилаётган ёки ишлаётган электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган ташкилотлар кўрсатиб ўтилган объектларни бегона токлардан ҳимоя қилиш чораларини кўриши керак.


49. Ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган корхоналарнинг ходимларига таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш учун бошқа ташкилотларнинг ҳудудида жойлашган электр тармоғи хўжалиги объектларига белгиланган тартибда тўсиқсиз кириш ҳуқуқи берилади.


50. 500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво линиялари билан кесишиш жойларидаги автомобиль йўлларида ушбу линияларнинг муҳофаза зоналарида транспорт тўхташини тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилиши керак.


51. Табиий офатлар туфайли электр тармоғи хўжалиги объектлари шикастланганда, шунингдек, шикастланишининг олдини олиш мақсадида туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига зарур ҳолларда ўз ваколатлари доирасида электр тармоғи хўжалиги объектлари шикастланишини бартараф этиш ва шикастланишининг олдини олиш ишларига ташкилотларни жалб қилиш ҳуқуқи берилади. Бундай ҳолатларда бажарилган ишларга ҳақ тўлаш ва сарфланган моддий ресурслар қийматини қоплаш ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган корхоналар томонидан амалга оширилади.


52. Электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналаридаги ва улар яқинидаги юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган корхоналар ходимларининг электр тармоғи хўжалиги объектлари сақланишини таъминлашга ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир талабларини бажаришга мажбур.

Ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган корхоналарнинг ходимлари юридик ва жисмоний шахслар томонидан муҳофаза зоналарида мазкур Қоидалар талаблари бузилган ҳолда бажарилаётган ишларни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.


53. Электр тармоғи хўжалиги объектлари, уларнинг элементлари шикастланган тақдирда ишларни бажарувчи бу ҳақда дарҳол ушбу электр тармоғи хўжалиги объектларининг эгаларига маълум қилиши ва шикастланишни зудлик билан бартараф этишда ёрдам кўрсатиши, шу жумладан, ишчи кучи ва механизмлар ажратиши шарт.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


54. Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш Қоидалари талаблари бузилганлиги тўғрисида далолатномалар (кейинги ўринларда Далолатнома деб аталади) ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган ташкилотларнинг ваколатли мансабдор шахслари томонидан, мазкур Қоидаларга иловадаги шаклда тузилади.

Далолатнома икки нусхада тузилади, улардан биттаси мазкур Қоидалар талабларини бузган шахсга тақдим этилади, иккинчи нусхаси ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган ташкилотда қолади.

Мазкур Қоидалар бузилганлиги тўғрисида далолатномалар тузишга ваколатли мансабдор шахслар рўйхати хар йили тасарруфида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган корхона раҳбари томонидан тасдиқланади.


55. Мазкур Қоидалар талабларига риоя этиш билан боғлиқ низолар, шунингдек, муҳофаза зонасида электр тармоғи хўжалиги объектларини ўрнатиш, қўриқлаш ва фойдаланиш тартиби бузилганда пайдо бўладиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


56. Мазкур Қоидалар талабларини бузган шахслар жавобгарликка тортиладилар ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зарарни қоплайдилар.






Қоидаларга

ИЛОВА



Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш

қоидаларининг талаблари бузилганлиги тўғрисида

ДАЛОЛАТНОМА


томонидан

(юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг Ф.И.О.)



бузилганлиги юзасидан

________________ ш.

20__ йил "___"_____________

Далолатнома тузилган вақт: соат ___________ __________ дақиқа.

Биз, имзо қўйганлар:



(ихтиёрида электр хўжалиги объектлари бўлган

        

ташкилот ваколатли шахсларининг лавозимлари ва Ф.И.О)


иштирокида

(юридик шахс вакилининг лавозими ва Ф.И.О., ёки жисмоний шахснинг Ф.И.О.)


ушбу далолатномани қуйидагилар тўғрисида туздик:

20__ йил "___" _____________



(мазкур Қоидалар талаблари бузилганлиги ҳолати)

      

.

Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишига



сабаб бўлган.

Имзолар:

Ихтиёрида электр хўжалиги объектлари

бўлган ташкилотнинг ваколатли шахси





Ф.И.О.


(имзо)

Далолатнома билан танишдим:

юридик шахс ёки жисмоний шахс вакили





Ф.И.О.


(имзо)

Далолатнома тузилаётган шахс имзо чекишдан бош тортган ҳолатда, бу ҳақда қайд этилиб, далолатнома тузувчилар яна бир бор имзо чекмоқдалар ________________

Имзо чекишдан бош тортди



(юридик шахс вакилининг ёки жисмоний шахснинг Ф.И.О)

*) Мазкур Далолатнома юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 29 декабрь








































Время: 0.1452
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск