язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Январь, 2019 й./ Тадбиркорлик/ Инвестициялар/ "Наманган" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" давлат унитар корхонасининг Устави (ЎзР ВМ 27.12.2018 й. 1054-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 27 декабрдаги

1054-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Наманган" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси"

давлат унитар корхонасининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Наманган" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) оператив бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки негизида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади, у ўзига бириктирилган мулкка нисбатан, қонунчиликда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, мулкдор (ёки унинг топшириғига биноан унинг томонидан масъул этиб тайинланган давлат органи - муассис) топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.


2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, шу жумладан, валюта ҳисоб рақамларига, эмблемага, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.


4. Дирекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - "Namangan" erkin iqtisodiy zona Direktsiyasi" davlat unitar korxonasi;

қисқартирилган номи - "Namangan" EIZ Direktsiyasi" DUK;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственное унитарное предприятие "Дирекция свободной экономической зоны "Наманган";

қисқартирилган номи - ГУП "Дирекция СЭЗ "Наманган";

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - "Directorate of free economic zone "Namangan" State Unitary Company;

қисқартирилган номи - "Directorate of FEZ "Namangan" SUC.


5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Наманган вилояти, Чуст шаҳри, Чарағон кўчаси, 1-уй.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда Муассис деб аталади) ҳисобланади.


7. Дирекция ўз номидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.


8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларда қатнашчи (акциядор, аъзо) бўлиши мумкин.


9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.



2-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИНГ

МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


10. "Наманган" эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда "Наманган" ЭИЗ деб аталади) ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, "Наманган" ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш йўли билан оператив бошқариш, "Наманган" ЭИЗ қатнашчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишлар (хизматлар)ни бажаришдан (кўрсатишдан) фойда олиш Дирекция фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.


11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

Наманган вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) қабул қилинган қарорларига мувофиқ "Наманган" ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, уларнинг реестрини юритиш;

Маъмурий кенгаш қарорларига мувофиқ инвесторлар билан "Наманган" ЭИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисида битимлар, давлат мулкини "нол"га тенг харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида "Наманган" ЭИЗ қатнашчилари билан шартномалар тузиш;

"Наманган" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни қидириш ва жалб этиш;

ишлаб чиқилган "Наманган" ЭИЗ бош режаси ва Маъмурий кенгаш қарори билан маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштиш;

"ягона дарча" тамойили асосида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур бўлган барча рухсатномалар беришни ташкил этиш;

белгиланган тартибда танлаб олинган инвесторлар томонидан ўз зиммаларига қабул қилинган мажбуриятларнинг зарур тарзда бажарилишини тизимли назорат қилиш, кейинчалик натижаларни Маъмурий кенгашга тақдим этиш;

"Наманган" ЭИЗ ҳудудида жойлашган давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектларини ўзига берилган ваколатлар доирасида бошқариш;

"Наманган" ЭИЗ ҳудудидаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва корхоналарнинг доимий фаолият юритишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда "Наманган" ЭИЗ қатнашчиларига кўмаклашиш;

"Наманган" ЭИЗни ривожлантириш дастурининг амалга оширилишини таъминлаш;

экологик ҳолатнинг яхшиланиши юзасидан назоратни таъминлаш, шунингдек, "Наманган" ЭИЗ ҳудудида жойлашган тарихий-маданий бойликларнинг бут сақланиши учун жавоб бериш;

"Наманган" ЭИЗ фаолиятини бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ушбу Уставда назарда тутилган тегишли фаолият турининг лицензияланиши зарурлиги белгиланган тақдирда, Дирекция фаолиятнинг ушбу турини лицензия олмасдан, тегишли лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битими асосида амалга оширишга ҳақлидир.


12. Дирекция қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларини амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


13. Дирекция Муассисга ва Маъмурий кенгашга ҳисобот беради.


14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;

Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;

Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;

Дирекция мулки билан амалга оширилган битимларни ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш ва Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;

Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва оралиқ, тугатиш балансини тасдиқлаш;

меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш;

меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш.


15. "Наманган" ЭИЗ мустақил бюджети ва "Наманган" ЭИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Маъмурий кенгаш томонидан амалга оширилади.


16. Дирекциянинг жорий фаолиятига раҳбарликни Маъмурий кенгаш томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Директор амалга оширади.


17. Директор ижро этувчи орган ҳисобланади.


18. Директор:

қонун ҳужжатлари талабларини бажаришга, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилашга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норма ва қоидаларга риоя қилинишини таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

"Наманган" ЭИЗни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини ташкил қилади;

Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқаришнинг энг замонавий усулларини жорий этиш чора-тадбирларини амалга оширади;

Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан, хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди;

ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини (контрактларини) тузади, ўзгартиради ва уларнинг амал қилишини тугатади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;

кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади;

Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар ва кўрсатмалар чиқаради;

Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;

Дирекция томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;

Дирекцияга юкланган мақсадлар ва вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.


19. Директор:

Муассисга Дирекция фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради;

Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг қондирилиши, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги, Дирекциянинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан, шу жумладан Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқолган тақдирда, етказилган зарар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради;

"Наманган" ЭИЗнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланадиган мустақил бюджет маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига "Наманган" ЭИЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни келишиш учун белгиланган тартибда тақдим этади.


20. Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



4-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИ


21. Дирекциянинг устав фонди "Наманган" ЭИЗ фаолиятини оператив бошқаришни амалга ошириш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.


22. Дирекция устав фондининг миқдори 1,0 млрд сўмни ташкил қилади.



5-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИНИ

КЎПАЙТИРИШ ВА КАМАЙТИРИШ ТАРТИБИ


23. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Муассис қарорига биноан амалга оширилади.



6-БОБ. ДИРЕКЦИЯ МУЛКИНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ


24. Муассис томонидан Дирекцияга оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мол-мулкини ташкил қилади.


25. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.


26. Маъмурий кенгаш Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек, ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.


27. Директор Муассис билан келишган ҳолда Дирекция мулкини қуйидагича тасарруф этиши мумкин:

асосий воситаларни сотиш, уларни ижарага ёки гаровга бериш;

мол-мулкни бошқа хўжалик жамиятининг устав фондига улуш сифатида киритиш;

бошқа хўжалик жамиятларининг акциялари (улушлари)ни сотиб олиш ва сотиш;

мол-мулкни бошқача тарзда тасарруф этиш.



7-БОБ. ДИРЕКЦИЯ БЮДЖЕТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


28. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

давлат мулки бўлган ва "Наманган" ЭИЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган даромадларнинг бир қисми;

хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

ЭИЗ қатнашчиларининг ажратмалари ва ЭИЗ қатнашчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлар;

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларидаги маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.



8-БОБ. ЗАХИРА ФОНДИНИ ВА БОШҚА

ФОНДЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


29. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек, бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.



9-БОБ. ДАРОМАД (ФОЙДА)НИ ТАҚСИМЛАШ

ВА ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


30. Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция тасарруфида қолади ва ундан Муассис қарорига биноан фойдаланилади.


34. Муассис ўз қарори билан ўзга юридик ва жисмоний шахсларга хайрия мақсадлари учун йўналтириладиган пул маблағларининг чекланган суммасини, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.


35. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарларини қоплаш ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.



10-БОБ. ҲИСОБОТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


36. Дирекция ҳисобот даври тугагач ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.


37. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолиятини назорат қилиш Маъмурий кенгаш томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


38. Директор ҳар чоракда Дирекция фаолиятининг натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.



11-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


39. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.


40. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.



12-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИ ТУГАТИШ

ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


41. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёхуд қайта ташкил этилиши мумкин.


42. Дирекцияни тугатиш Дирекция фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади.

Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 29 декабрь