язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат/ Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома (АВ томонидан 04.01.2019 й. 3113-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 04.01.2019 й. 2-мҳ-сон буйруғига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 4 январда 3113-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2019 йил 4 январдаги

2-мҳ-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни

амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги Қонунига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартибини белгилайди.


1-БОБ. НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ


1. Ўзбекистон Республикаси "Нотариат тўғрисида"ги Қонунининг (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 23-моддасига мувофиқ нотариуслар қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

битимларни тасдиқлайди;

васиятномаларни тасдиқлайди;

эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар беради;

меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради;

мерос мол-мулкининг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;

медиатор вазифасини бажаради;

ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди;

ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;

ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;

кўчмас мулк очиқ савдода сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома беради;

фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;

фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;

юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини тасдиқлайди;

далилларни таъминлайди;

фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;

ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

электрон ҳужжатнинг қоғоз шаклидаги ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга эканлигини тасдиқлайди;

жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари ва (ёки) бошқа ҳужжатларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади;

пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;

ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олади;

пул тўлаш учун чекларни тақдим этади ва чеклар бўйича пул тўланмаганлигини тасдиқлайди;

ижро хатларини ёзади;

векселларнинг протестларини амалга оширади;

денгиз протестларини амалга оширади;

нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини ҳамда реестрлардан кўчирмаларни беради.

Нотариуслар қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга оширишда аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилиши мумкин.


2. Нотариуслар ўз номига ва ўз номидан, хотини (эри) номига ҳамда унинг номидан, хотинининг (эрининг) ва ўзининг қариндош-уруғлари (ота-онаси, болалари, набиралари, туғишган ака-ука ва опа-сингиллари), улар билан васийлик ва ҳомийлик туфайли боғланган шахслар номига ҳамда уларнинг номидан нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Бундай ҳолларда нотариал ҳаракатлар бошқа нотариал идорада амалга оширилади. Қонун ҳужжатларига мувофиқ нотариал ҳаракатлар муайян нотариал идорада бажарилиши керак бўлган ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга ошириш жойи Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг (бундан буён матнда ҳудудий адлия органлари деб юритилади) ёзма кўрсатмасига асосан белгиланади.

3. Нотариус нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилувчиларнинг (уларнинг қонуний вакилларининг, шунингдек васий ва ҳомийларининг) ва юридик шахс вакилларининг шахсини аниқлайди.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилувчи фуқароларнинг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:

Ўзбекистон фуқароларининг шахси - Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти (идентификация ID-картаси);

16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг шахси - туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

ҳарбий хизматчиларнинг шахси - ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳномалар ёки ҳарбий билетлар (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билети бундан мустасно);

чет эл фуқароларининг шахси - уларнинг миллий паспорти (қонун ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси (идентификация ID-картаси) ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;

хорижда доимий яшаётган ва консуллик рўйхатида турган Ўзбекистон фуқароларининг шахси - Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти;

фуқаролиги бўлмаган шахс учун - Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси (идентификация ID-картаси).

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг шахсини ҳамда юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини аниқлашда нотариус тегишли ахборот ресурсларидан фойдаланади.

3-1. Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимига (бундан буён матнда Тизим деб юритилади) қуйидаги шахсларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (бундан буён матнда ЖШШИР деб юритилади) киритилиши шарт:

Ўзбекистон Республикасининг биометрик паспортга (идентификация ID-картасига) эга бўлган фуқаролари;

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига (идентификация ID-картасига) эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

ЖШШИР мавжуд бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

ЖШШИР мавжуд бўлган 16 ёшга тўлмаган фуқаролар.

16 ёшга тўлмаган фуқароларда ЖШШИР мавжуд бўлмаганда Тизимга уларнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномасининг серияси ва рақами киритилади.

Мазкур банд талаблари қонун ҳужжатларига мувофиқ яшаш гувоҳномасисиз (идентификация ID-картасисиз) ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинмаган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган чэт эл фуқароларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Юридик шахснинг солиқ тўловчининг идентификация рақами (бундан буён матнда СТИР деб юритилади) Тизимга киритилиши шарт.

4. Нотариус нотариал ҳаракат амалга оширишни сўраб мурожаат этган жисмоний шахснинг муомала лаёқатини у билан шахсий мулоқот давомида аниқлайди.

Нотариусга мурожаат этган шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёхуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асоси бўлсада (шубҳа туғдирсада), аммо шу фуқаронинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, у нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори мавжуд ёки мавжуд эмаслигини Тизим орқали текширади.

Нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи шахсларнинг босим ёки кучли руҳий ҳаяжонланиш остида деб ҳисоблаш учун асоси бўлса (шубҳа туғдирса) нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.

Агар мазкур шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Нотариус ушбу қарордан норози томоннинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.

Агар мазкур шахс суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишда муомала лаёқати чекланган шахс ҳомийсининг розилигини талаб этади.


5. Юридик шахслар иштирокидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширишда нотариус томонидан уларнинг ҳуқуқ лаёқати текширилади. Юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатини текшириш пайтида юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари билан танишиб чиқиши, шунингдек у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ҳамда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар уларнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини Тизим орқали текшириши шарт.

Юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари ва юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси Тизим орқали чоп этилади ва ҳужжатлар йиғмажилдига тикилади.


6. Нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларида амалга оширилади.

Нотариал ҳаракатлар нотариал идора биносидан ташқарида бажарилса, ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида нотариал ҳаракат амалга оширилган жойнинг манзили кўрсатилади ва нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳамда имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилади.

7. Қонуннинг 11-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади. Расмийлаштирилган ҳужжат матни фуқароларнинг талабига биноан нотариус томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.

Агар нотариал ҳаракат мурожаат қилган шахс тушунмаган ёки яхши билмаган тилда бажарилса, унда ҳужжат матни нотариус ёки мурожаат қилган шахс таклиф этган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувида ким томонидан таржима қилинганлиги, шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг номи, унинг рақами, берилган санаси ва шу ҳужжатни берган органнинг номи ҳамда матн мазмуни тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак. Бундай ҳолда мурожаат қилган шахс ўзи биладиган тилда исми, фамилияси, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди.


8. Нотариал ҳаракатлар мурожаат этувчилар томонидан нотариус иштирокида имзоланади ҳамда махсус мосламаларда уларнинг камида иккита бармоқлари излари сканер қилинади.

Агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин, бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ёзиб қўйилиши лозим. Бундай ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилади.

Агар нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаро саводсиз, кўзи ожиз бўлса ёки қандайдир сабаблар туфайли кўзи яхши кўра олмаса, шунингдек касаллиги туфайли битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни ўқий олмаса, нотариус унга ҳужжат матнини овоз чиқариб ўқиб беради ва бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган шахс мурожаат қилса ҳамда у саводсиз бўлса, нотариал ҳаракатни амалга ошириш пайтида у билан муомала қила оладиган ва битим, ариза ёки бошқа ҳужжатнинг мазмунини унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини ўз имзоси билан тасдиқловчи сурдо таржимон ҳозир бўлиши шарт.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган ҳамда муомала лаёқатига эга бўлган саводли фуқаро нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжат унинг ўзи томонидан ва сурдо таржимон томонидан имзоланиши мумкин.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли фуқаро ўз имзоси билан битим, ариза ёки бошқа ҳужжатнинг мазмунини ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини нотариус билан ёзма равишда билдирадиган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас. Ушбу ёзишмалар битим, ариза ёки бошқа ҳужжатлар билан бирга тикиб қўйилади.

Агар нотариус тегишли тилларни билмаса, ҳужжат таржимон томонидан таржима қилинади ва нотариус унинг ҳужжатга қўйган имзосининг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди.

Нотариус, башарти тегишли тилларни билса, бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди.

Таржимон ёки сурдо таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.

Фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганида, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра имзолаган фуқаро, ҳужжатни таржима қилиб берган таржимон (сурдо таржимон) ва бошқалар ҳам ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши тақиқланади.

Агар мурожаат этувчининг жисмоний нуқсони (бармоқларнинг йўқлиги, бармоқ излари йўқолганлиги ва бошқа) сабабли махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш имконияти мавжуд бўлмаса нотариал ҳаракатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видеоёзув воситаларида қайд этилади.


8-1. Тарафлар турли ҳудудларда жойлашган нотариал идорада масофадан туриб видеоконференцалоқа режимида битимларни нотариал тасдиқлаши мумкин ва бундай битим уларнинг биргаликдаги иштирокисиз амалга оширилаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида тарафлар нотариуслар ҳузурида бўлиши шарт.

Мазкур тартиб асосида барча турдаги битимларни тасдиқлаш мумкин. Бу каби битимларни тасдиқлашда тегишлилигига қараб битимларни тасдиқлашнинг умумий қоидалари қўлланилади.

Битимни нотариал тасдиқлаш тарафларнинг тегишли нотариусга бериладиган аризасига асосан амалга оширилади ва ариза нотариал тартибда шаҳодатлантирилмайди.

Бунда битимнинг биринчи тарафи мурожаат қилган нотариус қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

битимнинг биринчи тарафи томонидан тақдим қилинган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, шахсини тасдиқловчи (битимнинг иккинчи тарафининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси) ва бошқа ҳужжатларнинг қонунийлигини ўрганиб чиқади;

видеоконференцалоқа орқали битимни тасдиқлашда тегишли битим карточкасини яратади ва маълумотларни Тизимга киритади;

битимнинг биринчи тарафи билан ўзаро мулоқотда нотариус томонидан қандай турдаги битим тузилаётганлигини, битимнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиради, ушбу битим мазмуни тарафларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текширади, тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб бўлганлигини аниқлайди ҳамда ҳужжат матни билан тарафлар тўлиқ танишиб, нотариус томонидан овоз чиқариб ўқиб берилган ҳолда битимнинг биринчи тарафи томонидан имзоланади ҳамда бармоқ изларини сканер қилиш жараёнини видеоконференцалоқа орқали Тизимда тўлиқ қайд этади;

тарафлар ҳамда уларнинг ўзаро келишилган бошқа шартлари ҳақидаги маълумотлар асосида битим лойиҳасини электрон шаклда тузади;

Тизимда жойлаштирилган битим лойиҳасини чоп этади ва битимнинг тегишли қисмига битимнинг биринчи тарафига имзо қўйдиради ҳамда бармоқ изларини сканер қилиш жараёнини видеоконференцалоқа орқали Тизимда тўлиқ қайд этади ва битим билан бирга сақлайди.

Битимда тасдиқловчи ёзув кўрсатилиши лозим.


Мисол:

Мен Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳар, Тинчлик кўчаси, 1-уйда жойлашган, Нурафшон шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасининг нотариуси Р.Г.В., фуқаро Б.А.Г.нинг менинг ҳузуримда қўйган имзосини хақиқийлигини шаҳодатлайман.

Сотувчининг шахси аниқланди, муомалага лаёқатлилиги текширилди, яъни шахсий мулоқот давомида унинг муомалага лаёқатлилигига шубҳа туғилмади, нотариал ҳаракатни амалга ошириш давомида унинг муомалага лаёқатсиз эканлиги хақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас.

Шартнома сотувчининг ҳохиш-иродаси ва амалдаги қонун ҳужжатлари асосида видеоконференцалоқа орқали масофадан туриб расмийлаштирилаётганлигини тасдиқлайман. Уй-жой сотувчига тегишлилиги текширилди, бу жараён "Нотариус" ААТда видеоконференцалоқа орқали тўлиқ қайд этилди.

Сотувчи фуқаро Б.А.Г. томонидан тақдим қилинган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари Нурафшон шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасида сақланади.

Ушбу ҳужжат, уй-жой олди-сотди шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланиб, мазкур шартнома Тошкент шаҳар, М.Улуғбек тумани, Барака кўчасида жойлашган, М.Улуғбек туман 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси З.Г.Г. томонидан видеоконференцалоқа орқали тасдиқланган.


Нотариус битимни имзолаб, муҳр билан тасдиқлайди ва мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларни сканер қилиб Тизимга жойлаштиради.

Битимнинг иккинчи тарафи мурожаат қилган нотариус қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

Тизимга жойлаштирилган битим билан боғлиқ ҳужжатларни юклаб олади ва чоп этади;

Тизим орқали битимнинг биринчи тарафи мурожаат қилган нотариус билан видеоконференцалоқа орқали видеомулоқот ўрнатади, бунда нотариус ва нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи тарафлар тасвирга тўлиқ туширилиши шарт.

Шунингдек, нотариус битимнинг иккинчи тарафига қандай турдаги битим тузилаётганлигини, битимнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиради, ушбу битим мазмуни тарафларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текширади, тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб бўлганлигини аниқлайди ҳамда ҳужжат матнини сотиб олувчига тўлиқ таништириб, овоз чиқариб ўқиб беради. Битимнинг иккинчи тарафи томонидан битим имзолангандан сўнг, унинг бармоқ изларини сканер қилиш жараёни видеоконференцалоқа орқали Тизимда тўлиқ қайд этилади.

Битимда тасдиқловчи ёзув кўрсатилиши лозим.


Мисол:

Ушбу шартномани, мен Тошкент шаҳар, М.Улуғбек тумани, Барака кўчасида жойлашган, М.Улуғбек туман 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси З.Г.Г. тарафларнинг хоҳиш-иродаси ва амалдаги қонунларга асосан сотувчи - Б.А.Г. Нурафшон шаҳар 1-сон ДНИда бўлган ҳолда видеоконференцалоқа орқали масофадан туриб тасдиқладим. Бу жараён "Нотариус" ААТда видеоконференцалоқа орқали тўлиқ қайд этилди.

Сотувчи Б.А.Г.нинг шахси Нурафшон шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасининг нотариуси Р.Г.В. томонидан аниқланди ва сотиб олувчи А.А.В.нинг шахси мен, М.Улуғбек туман 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси З.Г.Г. аниқладим.

Сотиб олувчининг шахси аниқланди, муомалага лаёқатлилиги текширилди, яъни шахсий мулоқот давомида унинг муомалага лаёқатлилигига шубҳа туғилмади, нотариал ҳаракатни амалга ошириш давомида унинг муомалага лаёқатсиз эканлиги хақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас.


Электрон шаклда берилган ҳужжат қоғозда берилган ҳужжат билан тенг юридик кучга эга.

Тарафлар томонидан имзоланган ҳужжатлар битта йиғмажилд шаклига келтирилади, бунда махсус тешик очгич (люверс) ёрдамида тешган ҳолда ип ўтказиб тикилади, рақамланади, ҳужжатнинг охирги варағи ёрлиқ билан елимланган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланиб, муҳр босилади ва тегишли ёзув киритилади.

Яхлит ҳолга келтирилган битим битимнинг иккинчи тарафи мурожаат қилган нотариус томонидан сканер қилиниб Тизимда шу реестр рақам қайд қилинган карточкага жойлаштирилади.

Битим икки нусхада тузилади, бир нусхаси битимнинг иккинчи тарафи мурожаат қилган нотариал идорада сақланади ва иккинчи нусхаси битимнинг иккинчи тарафига берилади.

Битимнинг иккинчи тарафига унинг сўровига кўра битимнинг нусхаси ўзи мурожаат қилган нотариус томонидан чоп этиб берилиши мумкин.

8-2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар асосида нотариал ҳаракатни амалга оширишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ушбу ҳужжатнинг асл нусхаси тақдим этилмасдан, унинг ўрнига нотариал ҳаракатнинг ноёб рақами билан мурожаат қилинганда нотариус томонидан ушбу ҳужжатлар Тизим орқали ноёб рақам ёки мурожаат қилувчининг ЖШШИР орқали текширилади ва шу асосда нотариал ҳаракат амалга оширилади.

Ҳужжат ва унинг ноёб рақами шубҳа туғдирган тақдирда нотариус ушбу ҳужжатни тасдиқлаган нотариусга ёки идоравий нотариал архивга мурожаат қилиш орқали маълумотларга аниқлик киритиши мумкин.

Мазкур банднинг қоидалари 2020 йил 1 январдан кейин тасдиқланган ҳужжатларга нисбатан амал қилади.

9. Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун ҳужжатлар қуйидаги ҳолларда қабул қилинмайди:

қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган, шунингдек қаламда ёзилган ҳужжатлар;

бир неча варақларда баён этилиб, варақлари рақамланмаган ва ип ўтказиб тикилмаган ҳужжатлар, ҳужжатни берган ташкилот мансабдор шахсининг имзоси ва муҳри бўлмаган ҳужжатлар;

факсимиле имзо муҳри қўйилган ҳужжатлар.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан берилган ҳужжатларда муҳр бўлиши талаб қилинмайди.

Агар ҳужжатдаги мавжуд изоҳ берилмаган тузатишлар ёки бошқа камчиликлар тақдим этилган ҳужжатнинг мақсади учун аҳамиятсиз бўлса, нотариус бундай ҳужжатни нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун қабул қилишга ҳақли.

Битимларни тасдиқлашда ҳужжатларнинг ксеронусхаси унинг асл нусхаси ва дубликати ўрнини боса олмайди.


10. Тақдим этилган ҳужжатнинг айнанлигига шубҳа туғилса, нотариус бу ҳужжатни олиб қолиб, уни экспертизага юборишга ҳақлидир.

Нотариус ҳужжатни экспертизага юбориш тўғрисида қарор чиқаради ва унда қарор чиқарилган сана, қарор чиқарган нотариуснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, нотариал идоранинг номи, ҳужжатнинг номи, у кимнинг номига берилганлиги, нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун ҳужжат ким томонидан тақдим этилганлиги (фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат, юридик шахс бўлса унинг номи ва жойлашган ери (почта манзили), СТИР, ҳужжатни экспертизага юбориш заруратини келтириб чиқарган ҳолатлар, ҳужжат экспертиза қилиниши учун қаерга (қайси экспертиза муассасасига) юборилаётганлиги ва экспертиза ҳал этиши учун қўйилаётган саволлар кўрсатилади.

11. Мурожаат қилувчининг илтимосига кўра ҳужжат лойиҳаси нотариус томонидан ёки нотариуснинг топшириғи асосида нотариал идоранинг бошқа ходими томонидан ҳам тузилиши мумкин.


12. Нотариал тасдиқланадиган битим, ариза ва бошқа ҳужжатларнинг матни аниқ ва равшан ёзилган бўлиши лозим, битим, ариза ва ҳужжатнинг мазмунига тааллуқли сана ва муддатлар ҳеч бўлмаганда бир марта сўз билан, битим, ариза ва бошқа ҳужжатнинг матнида баҳолар кўрсатилса, рақам ҳамда сўз билан ёзилиши, юридик шахсларнинг номлари эса - уларнинг органлари жойлашган ерларини (почта манзилини) кўрсатган ҳолда қисқартиришларсиз ёзилиши, зарур ҳолларда эса банкдаги ҳисобрақам ва СТИРи кўрсатилиши лозим. Фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзили тўлиқ кўрсатилган ҳолда ёзилиши, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда чет эл фуқаролари қатнашаётган бўлса, уларнинг фуқаролиги ҳам кўрсатиб ўтилиши керак.

Бунда нотариал тасдиқланадиган битим, ариза ва бошқа ҳужжатларнинг мазмуни Тизимга аниқ ва тўлиқ киритилиши лозим.

13. Нотариал тасдиқланаётган ёки шаҳодатлантирилаётган битим, ариза ва бошқа ҳужжатлар бир неча алоҳида варақларда баён этилган тақдирда, улар ип ўтказиб тикилади, варақлари эса рақамланади ҳамда нотариал идоранинг муҳри қўйилган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланади.


14. Нотариал тасдиқланган ҳужжатдаги қўшимча ва тузатишлар тегишли шахсларнинг (битим иштирокчиларининг ҳамда битимни, аризани ва бошқа ҳужжатларни имзолаган бошқа шахсларнинг) имзосидан олдин изоҳланиши ва тасдиқловчи ёзувнинг охирида нотариуснинг имзосидан олдин такроран изоҳланиши, нотариуснинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши керак. Тасдиқловчи ёзувдаги тузатишлар нотариуснинг имзосидан олдин изоҳланиши ва имзоси ҳамда муҳри билан тасдиқланиши керак. Бунда, тузатишлар шундай қилиниши керакки, ўчирилган барча сўзларни ва рақамларни бошланғич матнда ўқиш имкони бўлиши лозим.

Нотариус томонидан ҳужжатнинг нусхасини шаҳодатлантиришда, ҳужжат нотўғри ёки имло хатолари билан ёзилган бўлса ёхуд унда изоҳ берилмаган тузатишлар мавжуд бўлса ёки ҳужжатнинг реквизитлари тўлиқ ёзилмаган бўлса, нотариус мурожаат қилган шахсга ҳужжатдаги камчиликларни тузатиб келишни ёки ҳужжатни такроран олишни тавсия қилади.

Нотариус ўз ташаббуси билан ёки манфаатдор шахсларнинг илтимосига кўра нотариал тасдиқлаб берилган ҳужжатнинг барча нусхаларига унинг моҳиятини ўзгартирмайдиган қўшимчаларни киритиши ёки унинг аниқ арифметик хатоларинигина тузатиши мумкин.


15. Битимларни тасдиқлашда, ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини, ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини, ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга қилинган таржимаси тўғрилигини тасдиқлашда, ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлашда тегишли ҳужжатларга тасдиқловчи ёзувлар ёзилади ҳамда нотариус томонидан имзоланиб, муҳр босилади.


16. Тасдиқловчи ёзувнинг матни техник воситаларда (компьютерда) ўчирилмасдан аниқ ёзилиши шарт. Очиқ жойларга чизиқ тортиб қўйилиши, ёзувлар ва бошқа тузатишлар ушбу Йўриқноманинг 14-банди асосида изоҳланиши керак.

Тасдиқловчи ёзувларини амалга ошириш учун тегишли ёзув матни бўлган штамплар ишлатилиши мумкин.

Тасдиқловчи ёзув тегишли ҳужжатга сиғмаган тақдирда, у ҳужжатга бириктириб қўйилган алоҳида қоғоз варағида давом эттирилиши ёки тўла баён этилиши мумкин. Бунда ҳужжат матни баён этилган варақлар ва тасдиқловчи ёзув варақлари махсус тешик очгич (люверс) ёрдамида тешган ҳолда ип ўтказиб тикилади, рақамланади, ҳужжатнинг охирги варағи ёрлиқ билан елимланган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланиб, муҳр босилади.


17. Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар Тизимга киритилади.

Ҳар бир нотариал ҳаракат алоҳида тартиб рақами билан рўйхатга олинади ва нотариус томонидан тасдиқланадиган ёки бериладиган ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида кўрсатилади.

Битта ҳужжатнинг бир нечта нусхаси тўғрилиги шаҳодатлантирилганда, улар битта тартиб рақами билан қайд этилади ва тасдиқловчи ёзувда ҳужжатнинг нечта нусхада тасдиқланганлиги кўрсатилади.

Тизимдаги тартиб рақамлари ҳар бир календарь йил бошида биринчи тартиб рақамидан бошланади.


18. Нотариус томонидан тасдиқланган ёки берилган, нусхалари нотариал идоранинг йиғмажилдларида сақланаётган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, номидан ёхуд топшириғига биноан нотариал ҳаракатлар бажарилган жисмоний ва юридик шахсларнинг ёки улар қонуний вакилларининг ёзма аризасига кўра йўқолган ҳужжатларнинг дубликатлари берилади. Нотариус Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар томонидан нотариусларга юборилган васиятномалар ва ишончномалардан ҳам улар йўқолган тақдирда дубликатлар беради.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларига берилган ишончномалар матнида ҳужжатнинг дубликатини олиш ваколати кўрсатилган бўлиши лозим.

Ҳужжат дубликатида тасдиқланган ва берилган асл ҳужжатнинг тўлиқ матни бўлиши шарт. Ҳужжатларнинг ксеронусхалари уларнинг асл (нусхаси) ва дубликати ўрнини боса олмайди.

Ҳужжат дубликатига белгиланган шаклдаги тасдиқловчи ёзув қайд этилади.

Нотариус томонидан тасдиқланган ёки берилган ҳужжатларнинг дубликатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) берилиши мумкин.

Васиятноманинг дубликати васият қилувчига, у вафот этганидан кейин эса васиятномада кўрсатилган ёки унинг қонун бўйича меросхўрларига (мерос трансмиссияси бўйича) ёхуд уларнинг вакилларига васият қилувчининг ўлим ҳақидаги гувоҳномаси ёки далолатнома ёзувидан кўчирма тақдим этилганидан кейин берилади.

Васиятномада кўрсатилган меросхўрлар вафот этган тақдирда, васиятноманинг дубликати васият қилувчининг ва ўзларидан олдинги меросхўрнинг (меросхўрларнинг) ўлим ҳақидаги гувоҳномасини (нотариал тартибда тасдиқланган гувоҳнома нусхасини) ёхуд ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидан кўчирмани, зарур ҳолларда меросхўрларнинг меросни қолдирувчи билан қариндошлик муносабатларини (агар бу ҳужжатлар илгари тақдим этилмаган бўлса) тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган меросхўрларга берилади.

Нотариуслар Қонуннинг 6-моддасида кўрсатилган жисмоний ёки юридик шахсларга уларнинг ёзма аризасига мувофиқ ҳамда суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органларининг қарорига (ажримига) ёхуд процессуал қонунларда белгиланган бошқа тартибда расмийлаштирилган талабномаларига асосан реестрдан кўчирма беради. Бунда 2019 йил 1 январга қадар амалда бўлган реестрларнинг (реестр китобларининг) кўчирма нусхалари берилиб, асл нусхаларини бериш ман этилади.

19. Нотариал ҳаракатларни амалга оширишга асос бўлган ҳужжатлар уларнинг рўйхати тузилган ҳолда битимнинг нотариал идорада қолдириладиган нусхасига, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага ва бошқа нотариал ҳаракатларда эса ҳужжатнинг нусхасига тикилади ва нотариал идора йиғмажилдларида сақланиши учун қўшиб қўйилади.


20. Қуйидаги ҳолларда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари нотариал идорада қолдирилмайди:

агар мулкдор ўзига қарашли кўчмас мулк ёки унинг бир қисмини тўла тасарруф этмаган тақдирда, шунингдек мулкдорлар кўчмас мулкнинг бир қисмини (умумий ҳужжат асосида тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг бир қисмини улардан бири ўзига тегишли улушини ёки улушидан бир қисмини) тасарруф этиш тўғрисидаги битимлар тасдиқланганда;

умумий улушли мулк қатнашчилари ўртасида кўчмас мулк ёки унинг бир қисмининг аниқ қисмини белгилаш, ўзгартириш ёки улар ўртасида кўчмас мулк ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисидаги шартномалар тасдиқланганда;

ижара шартномалари тасдиқланганда;

гаров (ипотека) шартномалари тасдиқланганда;

марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг) аризасига кўра умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берилганда;

эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар берилганда;

юридик шахснинг устав фондига (капиталига) кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаси киритилганда;

автомототранспорт воситаларини тасарруф этиш шартномалари тасдиқланганда;

мулкий муносабатлар билан боғлиқ бўлган қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун нотариус томонидан талаб қилиб олинган юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларнинг, улар вакилларининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларининг (аниқ битимни тузиш учун берилган ишончномалардан ташқари) асл нусхалари нотариал идорада олиб қолинмайди.

Юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг нусхалари уларга нотариуснинг "аслига тўғри" деган устхати ёзилиб, олиб қолинади.

Мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида келтирилган ҳужжатлардаги маълумотлар билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалининг ер участкасининг майдони ёки кўчмас мулк ёки унинг бир қисми миқдори тўғрисидаги маълумотлари ўртасида фарқ мавжуд бўлса, кўчмас мулк ёки унинг бир қисмига ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлар нотариал идорада қолдирилади.


21. Нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этади, агар:

бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг қалбакилаштирилганлиги яққол кўриниб турган бўлса ёки бунга шубҳа туғдирувчи етарли асосларнинг мавжудлиги, шунингдек мурожаат этувчи шахс томонидан уни идентификациялаш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаслик ҳолатлари ҳам нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ эмас деб ҳисобланади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда мурожаат этган шахснинг илтимосига биноан нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради ҳамда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахсга беради ва Тизимга бу ҳақида маълумот киритилади.

Рад этиш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

қарор чиқарилган сана, қарор чиқарган нотариуснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, нотариал идоранинг номи;

нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, турар жойи, агар юридик шахс бўлса, унинг тўлиқ номи ва жойлашган ери (почта манзили);

мурожаат қилувчи қандай нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраганлиги;

нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этишга сабаб бўлган ҳолатлар (қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда);

шикоят қилиш муддати ва тартиби.


22.

Бажарилаётган нотариал ҳаракат, шу жумладан нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахс тўғрисидаги маълумотлар Тизимга тўлиқ киритилганидан сўнг нотариал ҳаракат учун ундириладиган давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловларнинг миқдори Тизимда автоматик равишда ҳисобланади.

Тизим орқали тўлов квитанциялари нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсга чиқариб берилади ҳамда унинг Тизимга киритилган мобил телефони рақамига тўловларнинг миқдори, нотариал ҳаракатни тасдиқлаш коди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг "ишонч телефони" рақами кўрсатилган SMS хабар йўлланади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахснинг мобил телефони мавжуд бўлмаганда, истисно тариқасида, Тизимга у томонидан кўрсатилган, нотариал идорага бирга келган бошқа шахснинг мобил телефони рақамини, агар фақат ўзи келган бўлса, нотариуснинг мобил телефони рақамини киритишга рухсат этилади.

Нотариал ҳаракатлар тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар Тизимга келиб тушгандан ҳамда нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахс нотариал ҳаракатни тасдиқлаш кодини нотариусга берганидан сўнг амалга оширилади.

Тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумот Тизим орқали чоп этилади ва ҳужжатлар йиғмажилдига тикилади.

Битимлар давлат божининг имтиёзли тўланишига ҳуқуқ берувчи яқин қариндош бўлган шахслар ўртасида тузилаётган бўлса, уларнинг қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади ва уларнинг ксеронусхаси олиб қолинади.


23. Нотариус йўл қўйган хатоси натижасида ўзи амалга оширган нотариал ҳаракатнинг нотўғрилигини билиб қолган тақдирда, у ана шу нотариал ҳаракатни белгиланган тартибда бекор қилиш чораларини кўриш учун бу ҳақда прокурорга хабар қилишга мажбур. Нотариус прокурорни хабардор қилганлиги тўғрисида тегишли ҳудудий адлия органларини хабардор қилади.


23-1. Мазкур Йўриқнома 6-бандининг иккинчи хатбошиси, 8-бандининг иккинчи ва ўн биринчи хатбошилари ҳамда 88-бандида назарда тутилган ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнини мажбурий аудио ва видео қайд этилади.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнини аудио ва видео қайд этишда нотариус ва нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи шахслар тасвирга тўлиқ туширилиши шарт. Бунда нотариус томонидан қандай турдаги нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги, нотариал ҳаракат мазмуни, аҳамияти нотариус томонидан овоз чиқариб тарафларга тушунтириб берилганлиги ҳамда ҳужжат матни билан тарафлар тўлиқ танишганлиги ва уларнинг асл мақсадига мувофиқлигини тасдиқлаган ҳолда имзолаш ҳамда бармоқ изларини Тизимда сканер қилиш жараёни тўлиқ аудио ва видео қайд этилиши лозим.

Аудио ва видеоёзув файли нотариал ҳаракатга Тизим томонидан берилган реестр рақами билан номланади ва электрон ахборот ташувчи жисмларда сақланади.

Календарь йил якунида аудио ва видеоёзувлар файллари нусхалари DVD дискларга ёзилади ҳамда нотариал идоранинг темир жавони ёки сейфларида алоҳида пакетларда сақланади.

Электрон ахборот ташувчи жисмларда ёки DVD дискларда сақланаётган аудио ва видеоёзувлар файллари нотариус ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтказилганда текшириб кўрилган ҳолда далолатнома асосида қабул қилиниб, янги тайинланган ёки вазифаси юклатилган нотариусга топширилади.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнини қайд этилган аудио ва видеоёзувлар файллари белгиланган тартибда нотариал ҳаракатлар йиғма жилдлари билан идоравий нотариал архивларга топширилиши керак.


2-БОБ. НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАРНИНГ АЙРИМ

ТУРЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ҚОИДАЛАРИ


1-§. Битимни тасдиқлашнинг умумий қоидалари


24. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан тақдим қилинган битимларнинг лойиҳалари ёки нотариал идорада тузиладиган битим ва аризаларнинг лойиҳалари қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.

Битимларнинг матнида (тегишлилигига қараб):

у қандай битим эканлиги (битимнинг номи);

битим имзоланган сана сўзлар билан қайд қилиниши;

битим тасдиқланган нотариал идоранинг номи ва жойлашган ери (почта манзили) ва нотариуснинг исми, фамилияси, отасининг исми;

тарафларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзили, паспорти (идентификация ID-картаси) ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатининг рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, битим тарафларидан бири чет эл фуқароси бўлса, унинг фуқаролиги;

битимда юридик шахс иштирок этаётган ҳолларда юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами ва санаси, давлат рўйхатидан ўтказган органнинг номи;

битим предмети, унинг таркиби ва тавсифи;

битим предмети уни бошқа шахсга ўтказувчига қайси ҳужжатга асосан тегишли эканлиги ва бу ҳужжатларнинг ким томонидан ва қачон берилганлиги ёки тасдиқланганлиги;

битим предмети бошқа шахсга ўтказилиши тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги (Тизим орқали чиқарилган карточка рақами);

битим предметининг кадастр қиймати (агар мавжуд бўлса) ва тарафлар томонидан келишилган баҳо;

битим предмети учун ҳақ тўлашнинг шакли ва зарур ҳолларда муддатлари;

битим предметига нисбатан уни олувчида мулк ҳуқуқининг вужудга келиши;

битим предметига нисбатан мажбуриятларни олувчига ўтиши ёки бошқа ҳолатлар;

тарафларнинг ўзаро келишувига кўра қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ҳуқуқ ва мажбуриятларининг ўтиши ҳақидаги бошқа шартлар;

битим предмети уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бўлганида, мазкур уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолувчи шахслар рўйхати (олди-сотди шартномаларида);

битим предметига нисбатан мулк ҳуқуқининг ўтиши муносабати билан қонун ҳужжатлари талаблари тушунтирилганлиги, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозимлиги (давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мулклар бўйича);

битим неча нусхада тузилганлиги;

битимнинг мазмуни, аҳамияти нотариус томонидан тушунтирилганлиги, битим матни билан тарафлар тўлиқ танишганлиги ва тарафларнинг асл мақсадига мувофиқ келиши ўз аксини топиши керак.

Кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимларнинг тасдиқловчи ёзувда гербли (махсус) бланканинг (бланкаларнинг) серияси, тартиб рақами ва ҳудудий коди кўрсатилиши лозим.

Битимнинг барча нусхаларини тарафлар (уларнинг қонуний вакили, васий ёки ҳомийси) фамилияси, исми ва отасининг исмини тўлиқ ёзиб шахсан имзолайдилар.

Битимнинг барча нусхаларига нотариус тегишли тасдиқловчи ёзувни ёзиб, Тизимга қайд қилинган тартиб рақамини, ундирилган тўловлар (давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ) миқдорини кўрсатиб имзолайди ва муҳрини қўяди.


25. Битим вакил томонидан тузилган тақдирда, унинг ваколати текширилади.

Вакилнинг ваколати унинг номига берилган ишончнома ва (ёки) ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо) билан тасдиқланади.

Нотариус таъсис ҳужжати бўйича битимлар тузиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахсларнинг раҳбарларидан битимлар ва бошқа ҳаракатларни бажариш учун ишончнома талаб қилмайди. Бундай ҳолларда уларнинг мансаб мавқеини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.

Вакил томонидан тақдим этилган ишончнома шубҳа туғдирган тақдирда, нотариус уни тасдиқлаган тегишли мансабдор шахс (ташкилот) орқали тегишли равишда текшириши лозим. Нотариал тасдиқланган ишончноманинг бекор бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақидаги маълумот Тизим орқали текширилади.


26. Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар (кичик ёшдаги болалар) учун битимларни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 29-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганлардан ташқари, уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари тузиши мумкин.

Васийлик суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни унинг васийси амалга оширади.

Васийликдаги шахс номидан ҳадя шартномаси тузишга йўл қўйилмайди. Бу қоидалар ота-оналар (фарзандликка олувчилар) томонидан ўзларининг вояга етмаган болаларига васийлик, ҳомийлик қилувчилар сифатида тузиладиган битимларга ҳам тегишлидир.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 27-моддасининг иккинчи қисмида санаб ўтилганлардан ташқари, битимларни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. Бундай битимларни тузишда ота-онанинг ҳар иккисининг розилиги талаб қилинади.

Ҳомийлик суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқати чекланган деб топилган фуқаро битимларни ҳомийнинг розилиги билангина амалга оширади.

Васий ва ҳомий, уларнинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари васийлик ва ҳомийликдаги шахс билан битимлар тузишга, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс билан васий ёки ҳомийнинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари ўртасидаги суд ишларини юритишда васийлик ёки ҳомийликдаги шахснинг вакили бўлишга ҳақли эмас.

Ота-оналар, фарзандликка олувчилар, ҳомийлик ва васийлик қилувчилар қандайдир сабабларга кўра (хизмат сафарида бўлиш, бошқа жойда яшаши ва ҳоказо) битимни тасдиқлашга розилик бера олмасалар, битим васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида тасдиқланиши мумкин. Бу ҳолда Ўзбекистон Республикаси "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида"ги Қонунининг 37-моддаси талабларига риоя этилади.

Ота-она вафот этганда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганда, уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланганда, улар муомалага лаёқатсиз деб топилганда, касал бўлганда, узоқ муддат бўлмаганда, ота-она болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаганда, шу жумладан ота-она тарбия, даволаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардаги боласини олишдан бош тортганда, шунингдек ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш васийлик ва ҳомийлик органлари зиммасига юклатилади.

Васийлар васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсати билан васийликдаги шахс номидан нотариал тартибда тасдиқланиши лозим бўлган битимлар тузишга ҳақли.


27. Давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулк билан боғлиқ битимларни (мол-мулкни ижарага бериш ва ундан текин фойдаланиш шартномаларини бекор қилиш ҳақидаги битимлар, кўчмас мулкдан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳақидаги ҳамда транспорт воситасидан фойдаланиш ва уни бошқариш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно) тасдиқлашда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва (ёки) хатланмаганлиги Тизим орқали текширилади. Бунда, мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома чоп этилади ва тегишли ҳужжатлар йиғмажилди билан бирга тикилади.

Жисмоний ва юридик шахснинг талабига кўра унга тегишли мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги ҳақида маълумотнома белгиланган миқдордаги тўлов ундирилгандан сўнг берилади.

Кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базаси орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг электр энергияси, табиий газ етказиб бериш, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари, шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлиги текширилганидан кейин амалга оширилади. Бунда текшириш ўтказилган сана ва вақти кўрсатилган ҳамда махсус QR-кодга эга бўлган текшириш натижалари тўғрисидаги кўчирма чоп этилади ва тегишли ҳужжатлар йиғмажилди билан бирга тикилади.

Тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 ноябрдаги 726-сон қарори билан тасдиқланган Нотариуслар томонидан кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади.

28. Кўчмас мулк ёки автомототранспорт воситаси тарафлар ўртасидаги тўлов мажбуриятларини кейинчалик, яъни битимда кўрсатилган маълум муддатда амалга ошириш шарти билан бошқа шахсга ўтказилганда, нотариус томонидан тарафлар ўртасидаги тўлов ва бошқа мажбуриятлар амалга оширилгунга қадар битимда кўрсатилган муддатга кўчмас мулк ёки автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйилади.


29. Эр (хотин)нинг умумий биргаликдаги мулки бўлган кўчмас мулк ва автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битим тузиш учун хотиннинг (эрнинг) нотариус, Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган ёзма розилиги олиниши лозим.

Автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битим тасдиқлашда эр ёки хотин имзосининг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш эр ёки хотиннинг нотариал идорага шахсан ўзи келган ҳолларда талаб этилмайди. Бунда, нотариус эр ёки хотиннинг шахсини аниқлайди, имзонинг ҳақиқийлигини текширади, бу ҳақда аризага белги ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг номини, унинг рақамини, қачон ва ким томонидан берилганлигини ҳамда туғилган йилини кўрсатади.

Кўчмас мулк ва автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказаётган фуқаро эри ёки хотини йўқлиги (бева ёки бўйдоқ эканлиги) ҳақида ёзма ариза тақдим этганда, нотариус битимнинг иккинчи тарафини ариза билан таништиради ва ҳуқуқий оқибатини тушунтиради. Иккинчи тараф аризага фамилияси, исми, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди. Ушбу ҳолатни аниқлашда нотариусга тегишли равишда қуйидаги ҳужжатлар асос бўлади: фуқаронинг паспорти (идентификация ID-картаси), никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки ўлим ҳақидаги гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёхуд далолатнома ёзувларидан кўчирмалар. Ушбу ариза кўчмас мулк ва автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказаётган фуқаронинг шахсан ўзи томонидан берилади, битим вакил орқали тузилган тақдирда эса у томонидан ишончнома берувчининг эри ёки хотини йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда вакилдан бундай ариза олинади.

Эр ёки хотиндан бири вафот этганда уларнинг никоҳи давомида орттирилган умумий биргаликдаги мол-мулкига нисбатан ворислик қоидалари қўлланилади.

Эр (хотин)ни бедарак йўқолган деб топиш тўғрисида суд ҳужжати мавжуд бўлган ҳолларда нотариус битимни тасдиқлаши мумкин. Бу ҳолда нотариус Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 35-моддаси мазмунини битим матнида кўрсатиб ўтиши ва тарафларга тушунтириши лозим.

Никоҳ қайд этилгунга қадар сотиб олинган, мерос тариқасида ёки ҳадя шартномаси бўйича олинган, шунингдек никоҳ давомида сотиб олинган кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаси никоҳ шартномасига асосан тақсимлаб олинган бўлса ёки эр-хотин ўртасидаги мулкни бўлиш тўғрисидаги суд ҳужжати ёхуд нотариал тартибда расмийлаштирилган келишув мавжуд бўлса, кўчмас мулк ва автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимни тасдиқлаш учун эр ёки хотиннинг розилиги талаб қилинмайди.


30. Агар умумий улушли мулк иштирокчиларидан бири ўз улушини бошқа шахсга сотаётган ёки бошқача тарзда ҳақ эвазига бошқа шахсга бераётган бўлса, нотариус сотувчининг ёки бошқа шахсга бошқача тарзда ҳақ эвазига берувчи ушбу нияти ҳақида бошқа қолган мулкдорларни ўз улушини бошқа шахсга ҳақ эвазига ўтказаётганлиги тўғрисида, улушнинг нархини ва сотишнинг (тўлов мажбуриятини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва бошқа) шартлари тўғрисида ёзма равишда хабардор қилганлигига ишонч ҳосил қилмоғи зарур.

Агар қолган мулкдорлар имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқидан воз кечсалар ёки бу ҳуқуқни хабар қилинган кундан эътиборан бир ой давомида амалга оширмасалар, сотувчи ўз улушини ҳар қандай шахсга сотишга ҳақли бўлади.


31. Умумий улушли мулк иштирокчиларининг имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқидан воз кечиш тўғрисидаги аризалари умумий улушли мулкнинг бошқа мулкдорлари хабардор қилинганининг исботи бўла олади.

Умумий улушли мулк иштирокчилари имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқидан воз кечиш тўғрисидаги аризаларидаги имзоларининг ҳақиқийлиги нотариуслар, Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилади.

Умумий улушли мулк иштирокчиларининг умумий улушли мулкдаги сотилаётган улушни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақидаги аризаси мазмунида улуш сотилаётгани, улушнинг нархи ва бошқа шартларидан хабардор эканликлари кўрсатилиши шарт. Умумий улушли мулкнинг қолган мулкдорлари умумий улушли мулкдаги улушни олди-сотди шартномаси тасдиқланаётган нотариал идорага шахсан ўзлари келиб имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқидан воз кечиш аризасини берган ҳолларда ушбу аризадаги умумий улушли мулк иштирокчилари имзосининг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш талаб этилмайди. Ушбу ҳолда нотариус унинг шахсини аниқлайди, имзосининг ҳақиқийлигини текширади, бу ҳақда аризага белги ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг номини, унинг рақамини, қачон ва ким томонидан берилганлигини ҳамда туғилган йилини кўрсатади.

Агар сотувчининг аризаси унинг илтимосига кўра Қонуннинг 73-моддасига асосан битимни тасдиқлайдиган нотариус томонидан умумий улушли мулк иштирокчисига топширилган бўлса, унинг бир нусхаси олди-сотди шартномасининг нотариусда қоладиган нусхасига тикиб қўйилади.

Умумий улушли мулк иштирокчисидан жавоб олинган тақдирда, бу жавоб ҳам шартноманинг нотариусда сақланадиган нусхасига тикиб қўйилади. Умумий улушли мулк унинг иштирокчиларидан бирига сотилса, умумий улушли мулкнинг қолган иштирокчиларини бу ҳақда хабардор қилиш талаб этилмайди.


32. Умумий улушли мулкнинг қолган иштирокчилари мулкни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқидан воз кечган ёки сотиб олиш нияти ва шартлари тўғрисида хабар қилинган кундан бошлаб бир ой давомида бу ҳуқуқни амалга оширмасалар, нотариус тегишли улушини сотиш бўйича олди-сотди шартномасини тасдиқлайди.

Уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмидаги улушни бошқа шахсга ўтказишда олди-сотди шартномаси умумий улушли мулкнинг имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бошқа иштирокчиларининг яшаш манзили номаълум бўлган ҳолларда ҳам тасдиқланади. Мазкур ҳолда сотувчи ички ишлар органларининг Манзил-маълумотлар бюроси томонидан берилган тегишли маълумотномани нотариусга тақдим этиши керак.

Агар умумий улушли мулк мулкдорларидан бири вафот этган бўлса, нотариус сотувчидан унинг ўлим ҳақидаги гувоҳномасини талаб қилади. Нотариус Тизим орқали умумий улушли мулк мулкдорига нисбатан мерос иши очилган ёки очилмаганлигини текширади. Мерос иши очилиб, меросхўрлар таркиби аниқланган тақдирда, улар нотариал идорага таклиф қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 224-моддасига кўра умумий улушли мулк мулкдори бўлишлиги ва келажакда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланишлиги тўғрисида тушунтирилади ва уларнинг аризалари олинади ёки нотариус томонидан сотувчининг аризаси унинг илтимосига кўра Қонуннинг 73-моддасига мувофиқ имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга топширилади.

Бунда мерос иши очилганлиги тўғрисида Тизимда маълумот бўлмаган тақдирда нотариус тегишли улушини сотиш бўйича олди-сотди шартномасини тасдиқлайди.


33. Умумий улушли мулк иштирокчиларидан бир нечтаси сотилаётган улушни сотиб олиш истагини билдирсалар, сотиб олувчини танлаш ҳуқуқи сотувчига берилади. Сотилаётган улуш бошқа шахсга ўтказилганлиги тўғрисида мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи асосий ҳужжатга тегишли белги киритилиб, унга нотариуснинг имзоси ва муҳри қўйилади.


34. Умумий улушли мулкдаги мол-мулк иштирокчилари ўртасида умумий улушли мулк тақсимланган ва ундан улуш ажратилган ҳолатда улушни бошқа шахсга ўтказиш бўйича битим матнида мулкнинг аниқ қисмлари билан бир қаторда унинг арифметик улушлари ҳам кўрсатилади.


35. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 218 ва 224-моддаларига асосан, умумий улушли мулк иштирокчиси ўзининг улушини бошқа мулкка айирбошлаганида ёки уни бошқача тарзда ҳақ эвазига ўзга шахсга берганида, мазкур Йўриқноманинг 30 - 34-бандлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 ноябрдаги 726-сон қарори билан тасдиқланган Нотариуслар томонидан кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг маъмурий регламенти қоидалари қўлланилади.

36. Нотариал тасдиқланган битимни бекор қилиш алоҳида келишув тузиш йўли билан амалга оширилади. Агар битимда бир тараф ёки иккала тараф юридик шахс бўлса, битимни бекор қилиш вақтида юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига қараб битимни бекор қилиш ҳақидаги қарори (умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруғи ва ҳоказо) олинади. Битимнинг барча нусхаларига битим бекор қилинганлиги ҳақида ёзиб қўйилади ҳамда унга нотариуснинг имзоси ва муҳри қўйилади ҳамда Тизимга бу ҳақида маълумот киритилади. Битимнинг тарафларга берилган нусхаларини тақдим этиш имкони бўлмаган (йўқолган ёки бошқа) ҳолларда бу ҳақида ариза олинади.

Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимни бекор қилишда битим предмети кўчмас мулк бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилган тақдирда, Тизим орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалининг бино ва иншоотларнинг таркиби ва тегишлилиги тўғрисидаги белгиланган намунадаги маълумотномаси (бундан буён матнда кадастр маълумотномаси деб юритилади) олинади ҳамда кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги текширилади.

Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимни бекор қилишда, агар мулк эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлса, нотариус улардан иккинчисининг (мулк олувчининг) битимни бекор қилишга рози эканлиги тўғрисидаги нотариус, Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган аризасини талаб қилади.

Нотариус битимни ҳақиқий эмас деб топганлиги тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрими (бундан буён матнда суд ҳужжати деб юритилади)ни олган тақдирда, бу ҳақда битимнинг нотариал идора йиғмажилдларида сақланадиган асл нусхасига тегишли ёзув киритади, ўз имзоси ва муҳрини қўяди ва Тизимга маълумот киритади.

Битим суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилганда ёки тарафларнинг келишувига кўра бекор қилинганда нотариал идорада сақланаётган битим предметига оид мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг ксеронусхасини қолдириб, асл нусхасини мулкдорга ёки унинг меросхўрларига ёхуд вакилларига қайтариб беради. Нотариал идорада қолган битимнинг ксеронусхасига унинг қайтарилганлиги ҳақида ҳужжатни олган шахс имзо қўяди. Битимнинг асл нусхаси меросхўрларга берилган тақдирда, уларнинг меросхўр эканлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар текширилади ва уларнинг ксеронусхалари нотариал идорада қолдирилади.

Битимлар бекор қилинган вақтда тўланган давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловлар қайтарилмайди.


37. Дипломатик ваколатхонани ва ваколатхона бошлиғи қароргоҳини жойлаштириш учун кўчмас мулкни сотиб олиш ёки ижарага олиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 8 майдаги 207-сон қарори билан тасдиқланган Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари тўғрисидаги низомга мувофиқ бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини олдиндан хабардор қилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этади.



3-§. Корхонани сотиш шартномасини тасдиқлаш


57. Корхонани сотиш шартномасини тасдиқлашда, нотариусга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;

корхона сотувчиси ва сотиб олувчиси ваколатли органларининг корхонани сотиш ёки сотиб олиш тўғрисидаги қарори (умумий мажлис баённомаси ёки кузатув кенгашининг қарори ёхуд буйруқ ва ҳоказо);

мулкдорнинг розилиги (агар мулк хўжалик юритиш ёки оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган юридик шахсга тегишли бўлса);

инвентаризация далолатномаси;

баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи ва хулосаси (сотилаётган корхонада давлат улуши бўлган ҳолларда);

давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган сўнгги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

аудиторнинг корхона таркиби ва унинг қиймати тўғрисидаги хулосаси;

тарафлар томонидан тузилган, кўриб чиқилган ва имзоланган кредиторлар, улар қўяётган талаблар хусусияти, миқдори ва муддатлари кўрсатилган ҳолда корхона таркибига киритиладиган барча қарзлар (мажбуриятлар) рўйхати;

кредиторларга юборилган хабарнома ва уларнинг корхона қарзларини бошқа шахсга ўтказишга розилиги ҳақидаги нотариус, Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган аризалари (кредиторлар юридик шахс бўлган ҳолларда, уларнинг розилиги расмийлаштирилган хатлари);

корхона таркибидаги бино ва иншоотлар учун кадастр маълумотномаси;

ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар;

давлат солиқ хизмати органининг маълумотномаси;

тарафлар ўртасидаги тўлов мажбурияти бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Тарафлар шартномада харидорга топширилаётган корхона таркибидан алоҳида элементларни олиб ташлаш ҳуқуқига эгалар (алоҳида буюмлар, ҳуқуқлар ва мажбуриятлар).

Мазкур банднинг ўн биринчи ва ўн учинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотномалар нотариус томонидан курьерлик хизматидан фойдаланган ҳолда ёки идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан Тизим орқали автоматик тарзда олинади.


58. Корхонани сотиш шартномаси тасдиқланаётганда, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб қуйидагилардан бири бўлиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилган хусусийлаштирилган корхонага мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери;

нотариал тасдиқланган корхонанинг олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш шартномаси;

корхонанинг очиқ савдода сотиб олинганлиги тўғрисидаги ҳужжат (олди-сотди шартномаси ёки баённома);

корхонанинг ажратиб ва бўлиб олинганлиги шартномаси;

корхонага мулк ҳуқуқини тасдиқловчи суд ҳужжати;

корхонани сотувчи - юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари;

кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқини берувчи корхонанинг ижара шартномаси ва мулк ҳуқуқининг ўтганлиги ҳақидаги қўшимча келишув;

меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома;

мулк ҳуқуқини тасдиқловчи қонунга зид бўлмаган бошқа битимлар.

Бунда, корхонага бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ордер мазкур хусусийлаштирилган корхонанинг қуйидаги кўчмас мулклари учун (қонунга мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган объектлар бундан мустасно) ҳам мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади:

хусусийлаштирилган корхоналардаги давлат мулкини хусусийлаштиришда аниқланмаган кўчмас мулк;

хусусийлаштиришда тасарруф этиш ҳуқуқисиз фойдаланишга берилган, корхона ҳудудида жойлашган кўчмас мулк.


59. Корхонани сотиш шартномасини тасдиқлашда нотариус корхонани бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлигини Тизим орқали текширади.


60. Корхонани сотиш шартномаси матнида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

шартноманинг номи;

шартнома имзоланган сана сўзлар билан қайд қилиниши;

шартнома тасдиқланган нотариал идоранинг номи ва жойлашган ери (почта манзили) ва нотариуснинг исми, фамилияси, отасининг исми;

тарафларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзили, паспорти (идентификация ID-картаси) ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатининг рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, битим тарафларидан бири чет эл фуқароси бўлса, унинг фуқаролиги;

битимда юридик шахс иштирок этаётган ҳолларда юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами ва санаси, давлат рўйхатидан ўтказган органнинг номи;

сотилаётган корхонанинг жойлашган ери (почта манзили);

корхона сотувчисининг банкдаги ҳисобрақами;

сотувчининг корхонага нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар;

сотилаётган корхонанинг таркиби;

корхона таркибига кирувчи мулкларнинг тавсифи;

сотилаётган корхонанинг баҳоси;

сотиб олувчи томонидан ер участкасидан фойдаланиш қоидалари;

корхона сотувчисининг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари бўйича маълумот;

тарафлар ўртасида ҳисоб-китобни амалга ошириш тартиби ва уни тасдиқловчи ҳужжат тўғрисидаги маълумот;

корхонани сотиш шартномасидан пайдо бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш зарурлиги ва унинг тартиби;

топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан корхонани топшириш тартиби ва муддати;

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 482, 486, 489 - 496-моддалари талаблари тушунтирилганлиги;

тарафларнинг шартнома шартларини бузишдаги жавобгарлиги;

шартномадан келиб чиқадиган низоларни бартараф этиш тартиби;

қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар.



6-§. Мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш


73. Мулк ижараси шартномасини тасдиқлашда нотариус қуйидагиларни талаб қилади:

мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

ижара нарсаси умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;

хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий органларидан (Тошкент шаҳрида - "Тошкент шаҳар уй-жойларга давлат ордерлари ва маълумотномалар бериш маркази" давлат унитар корхонасидан) олинган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 541-моддасига асосан ижарага берилаётган мол-мулк топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида топширилиши лозимлиги тарафларга тушунтирилади ва бу ҳақда шартнома матнида кўрсатилади.


74. Кўчмас мулк ижара шартномасини нотариал тартибда тасдиқлашда нотариус қуйидагиларни талаб қилади:

мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

ижарага берилаётган турар жойда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган шахслар ҳақида ички ишлар органи томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирма;

мулкдорнинг ижарага берилаётган турар жойда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган вояга етган оила аъзоларининг (эри (хотини) ва уларнинг фарзандлари) розилиги.

Агар:

кўчмас мулк умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;

хусусийлаштирилган турар жой ижарага берилганда, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий органлари (Тошкент шаҳрида - "Тошкент шаҳар уй-жойларга давлат ордерлари ва маълумотномалар бериш маркази" давлат унитар корхонаси) томонидан берилган хусусийлаштиришда розилик берган шахслар ҳақидаги маълумотнома (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ва уларнинг розилиги;

кўчмас мулк гаровга қўйилган бўлса, гаровга олувчининг розилиги ҳам талаб этилади.

Корхонани ижарага бериш шартномасини тасдиқлашда қўшимча равишда кредиторларга берилган хабарнома талаб этилади.


75. Юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини нотариал тасдиқлашда, қўшимча равишда юридик шахс ваколатли органларининг кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ҳақидаги ҳужжат (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо) талаб этилади.



7-§. Мулкдан текин фойдаланиш шартномасини тасдиқлаш


76. Мулкдан текин фойдаланиш шартномасини тасдиқлашда нотариус қуйидагиларни талаб қилади:

мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

текин фойдаланишга берилаётган мулк умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;

васийликдаги шахсга қарашли бўлган мол-мулк текин фойдаланишга берилганда, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги (автомототранспорт воситалари учун).

Текин фойдаланишга берилаётган мулк давлат рўйхатидан ўтказиладиган мулк бўлса, нотариус Тизим орқали мазкур мулкнинг бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлигини текшириши лозим.


77. Кўчмас мулкдан текин фойдаланиш шартномасини тасдиқлашда мазкур Йўриқноманинг 74 - 75-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар талаб қилинади.



8-§. Лизинг шартномасини тасдиқлаш


78. Лизинг шартномасини тасдиқлашда нотариус томонидан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

лизинг олувчи (лизинг берувчи)нинг ваколатли органининг лизинг олиш (лизинг бериш) тўғрисидаги ҳужжати (қарори, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо);

лизинг объектини сотиб олинганлиги тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжат;

лизинг объектининг тавсифи ҳақидаги ҳужжат (иккала тараф томонидан имзоланган бўлиши керак);

лизинг шартномаси бўйича лизинг тўловларининг бажарилиш графиги (иккала тараф томонидан имзоланган бўлиши керак).

79. Лизинг шартномаси матнида қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

шартноманинг номи;

шартнома имзоланган сана сўзлар билан қайд қилиниши;

шартнома тасдиқланган нотариал идоранинг номи ва жойлашган ери (почта манзили) ва нотариуснинг исми, фамилияси, отасининг исми;

тарафларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзили, паспорти (идентификация ID-картаси) ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатининг рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, битим тарафларидан бири чет эл фуқароси бўлса, унинг фуқаролиги;

юридик шахс иштирок этаётган ҳолларда юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами ва санаси, давлат рўйхатидан ўтказган органнинг номи;

лизинг объектининг тавсифи (лизинг объектининг миқдори, сифати, рўйхати, қиймати ва бошқалар);

лизинг тўловларининг умумий суммаси, яъни шартнома баҳоси;

тарафларнинг лизинг объектини олиш ва бериш билан боғлиқ мажбуриятлари;

лизинг объектини бериш тартиби, шу жумладан, лизинг объектини етказиб бериш, монтаж қилиш ва фойдаланишга топшириш тартиби;

лизинг тўловларини тўлаш шартлари, миқдорлари, муддатлари ва тартиби;

лизинг объектидан фойдаланиш, унга қараш, уни сақлаб туриш ва таъмирлаш юзасидан тарафларнинг мажбуриятлари;

шартноманинг амал қилиш муддати;

сотувчи ва лизинг объектини танлаш учун масъул тараф.

Лизинг шартномасига қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.


80. Лизинг объектига бўлган мулк ҳуқуқи лизинг олувчи томонидан сотиб олингунга қадар лизинг берувчига тегишли бўлади.


81. Лизинг объектининг олди-сотди шартномаси лизинг берувчи ва сотувчи ўртасида тузилиб, унга кўра лизинг берувчи лизинг олувчининг топшириғига биноан лизинг объектини кейинчалик лизинг олувчига бериш учун ўз мулки қилиб олади.

Лизинг объекти олди-сотди шартномасини тузиш пайтида лизинг берувчи лизинг объекти қайси мақсадда сотиб олинаётганлигидан сотувчини олдиндан хабардор қилиши, буни олди-сотди шартномасида қайд этиши шарт.



9-§. Тугатилаётган юридик шахсга тегишли бўлган

мол-мулкни унинг муассислари (иштирокчилари)

ўртасида тақсимлаш


82. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 55-моддасига мувофиқ юридик шахс тугатилаётганда (суд тартибида, ихтиёрий равишда), кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилганидан кейин қолган мол-мулк шу мол-мулкка ашёвий ҳуқуқларга ёки ушбу юридик шахсга нисбатан мажбурий ҳуқуқларга эга бўлган муассисларга (иштирокчиларга), агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, топширилади ва улар ўртасида тақсимланади.


83. Тугатилаётган юридик шахсга тегишли бўлган мол-мулкни унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимлаш (бўлиш) тўғрисидаги шартномани тасдиқлашда нотариусга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

юридик шахс муассислари (иштирокчилари)нинг ёки муассиснинг юридик шахсни тугатиш ҳақидаги қарори;

юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки органи томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга юборилган ёзма хабар;

юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган тугатувчини - тугатиш комиссияси ёки жисмоний шахснинг тайинланганлиги, тугатиш тартиби ва муддатлари белгиланганлиги тўғрисидаги юридик шахс муассисларининг (иштирокчиларининг) умумий мажлис баённомаси ёки органнинг қарори;

юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор суд томонидан қабул қилинган тақдирда, тугатувчи юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишилган ҳолда тайинланганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

тугатувчининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат;

дебитор ва кредиторлар рўйхати;

тугатувчининг юридик шахсни тугатилиши ҳақида кредиторларни ёзма равишда хабардор қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

тугатилаётган юридик шахснинг молия-хўжалик фаолияти текширилганлиги ҳақидаги тегишли давлат солиқ хизмати органининг текширув маълумотномаси;

тугатилаётган юридик шахснинг молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисобот;

тақсимланаётган мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;

тугатилаётган юридик шахснинг тугатиш баланси.



10-§. Қарз шартномасини тасдиқлаш


84. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига мувофиқ қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.


85. Қарз шартномаси тарафлардан бирининг талаби бўйича хоҳлаган нотариал идорада тасдиқланиши мумкин.

Қарз шартномаси тасдиқланаётганда нотариус тарафларнинг ҳақиқий истакларини аниқлаши лозим. Шартномада қарзнинг қайтарилиш муддати, жойи ва мажбурият бажарилишини таъминлаш усуллари ҳақида нотариус томонидан тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак. Лозим бўлса, нотариус тарафларнинг хоҳиш-истакларини аниқлаш мақсадида ариза олиши мумкин.


86. Қарз шартномаси бўйича қарз олган шахс томонидан тўлов муддати ўтказиб юборилганда, Қонуннинг 73-моддасига мувофиқ қарз берувчининг илтимосига кўра нотариус қарздорга мулкни қайтариш ёки қарз суммасини қайтариб бериш тўғрисидаги қарз берувчининг аризасини қарз олган тарафга аризани топшириш нотариал ҳаракатини амалга ошириши ва бу ҳақда гувоҳнома бериши мумкин. Шартнома мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда эса нотариус Қонуннинг 76 - 80-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 18 январдаги 26-сонли қарори билан тасдиқланган Нотариусларнинг ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар рўйхатига мувофиқ ижро хатини ёзади.

Қарз шартномаси бўйича фоизларни белгилаш юзасидан шартлар тарафлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 734-моддасида кўрсатилган тартибда белгиланади.



11-§. Васиятномаларни тасдиқлаш


87. Васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим.

Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.

Васиятнома ёзилган жойи, санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши шарт.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабабларини кўрсатилган ҳолда, васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда, нотариус Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқарога мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмуни, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслиги тушунтиради ва бу ҳақда васиятнома матнида қайд этади.

Шунингдек, васиятнома матнида васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзили ёзилади.

88. Васиятномани имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилиши лозим.


89. Васият қилувчининг илтимосига биноан васиятномани тасдиқлашда гувоҳлар иштирок этиши мумкин. Бундай ҳолда васиятноманинг ҳар икки нусхасига бу ҳақда ёзиб қўйилади.


90. Васият қилувчининг хоҳишига кўра васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқилмасдан (махфий васиятнома) тасдиқланади.

Махфий васиятномани васият қилувчи ҳақиқий саналмаслик хавфи остида ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши, фамилияси, исми ва отасининг исмини тўлиқ ёзиши лозим. Бу ҳақда нотариус васият қилувчидан оғзаки сўрайди ва тасдиқловчи ёзувда кўрсатади. Васиятнома икки гувоҳ ва нотариус иштирокида хатжилдга солиниб, хатжилд елимланиши лозим, гувоҳлар ўз фамилияси, исми, отасининг исмини ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзилни кўрсатган ҳолда хатжилдга имзо қўядилар. Гувоҳлар имзо қўйган хатжилд гувоҳлар ва нотариуснинг иштирокида бошқа хатжилдга солинади ва бу хатжилд ҳам елимланади, унга нотариус тасдиқловчи ёзувни ёзиб қўяди.

Махфий васиятнома Тизимда қайд этилиб, васиятномалар турадиган йиғмажилдда сақланади.


91. Нотариус томонидан васият қилувчининг васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги аризаси нотариал шаҳодатлантирилиши керак.

Нотариус васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида ариза олган тақдирда васиятноманинг нотариусда сақланаётган нусхасига белги қўяди ва Тизимга бу хусусда маълумот киритади. Васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида ариза нотариал идорада юритиладиган битимларни бекор қилиш тўғрисидаги алоҳида йиғмажилдда сақланади.

Васият қилувчи ўзида сақланаётган васиятнома нусхасини тақдим этган тақдирда, васиятноманинг ўзгартирилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида бу нусхага ҳам ёзиб қўйилади.

Васият қилувчи исталган вақтда васиятномани ўзгартириш ва бекор қилиш ҳақида Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ хоҳлаган нотариал идорага мурожаат этиши мумкин. Бундай ҳолда нотариус васиятномага ўзгартириш киритилганлиги ёки уни бекор қилинганлиги тўғрисида Тизимга маълумот киритади.


92. Қонуннинг 26-моддасида назарда тутилган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган васиятноманинг ҳамда уни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўладиган ҳужжатнинг биттадан нусхаси васият қилувчи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойдаги идоравий нотариал архивга сақлаш учун кечиктирмай юборилиши шарт. Идоравий нотариал архив ходими томонидан шу куннинг ўзида Тизимга ушбу васиятнома ҳақидаги маълумот киритилади.

Нотариус сақлаш учун келиб тушган васиятномани текшириб кўриши ва унинг қонун ҳужжатларига номувофиқлигини аниқлаган тақдирда, бу хусусда васият қилувчига ва васиятномани тасдиқлаган мансабдор шахсга маълум қилиши шарт.


93. Нотариус васиятномани тасдиқлашда васият қилувчига Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1127 ва 1142-моддалари мазмунини тушунтириши ва бу ҳақда васиятнома матнида кўрсатиб ўтиши лозим.



13-§. Мерос мулкини қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўриш


104. Мерос мол-мулкини қўриқлашга доир ишларни амалга ошириш жараёнида нотариус ушбу мол-мулкни қўриқланишини таъминловчи қуйидаги чора-тадбирларни кўради:

мерос очилган жойини аниқлайди;

яшаш жойи маълум бўлган меросхўрларни мерос очилганлиги ҳақида хабардор қилади;

ўлим фактини тасдиқлаш учун ўлим ҳақидаги гувоҳномани ёки ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидан кўчирмани талаб қилади, гувоҳноманинг нусхаси мерос ишида қолдирилади;

мерос мол-мулкини қўриқлашга дастлабки чора-тадбирлар кўрилган ёки кўрилмаганлигини, агар кўрилган бўлса, унда бу чора-тадбир ким томонидан кўрилганлигини, мерос қолдирувчининг мол-мулки турган хона (хоналар) муҳрланганлигини, бу хонанинг (хоналарнинг) калити кимдалигини аниқлайди;

мерос бўлиб қолган мол-мулкни рўйхатга олиш тўғрисида меросхўрлар ёки бошқа манфаатдор шахсларни хабардор қилади.


105. Мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаб келаётган меросхўрлар ёки бошқа шахслар ўз хоҳишлари билан рўйхатга олиш учун мол-мулкни тақдим этган тақдирдагина нотариус ушбу мол-мулкни рўйхатга олади.

Агар мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаб келаётган меросхўрлар ёки бошқа шахслар мол-мулкни рўйхатга олишга қаршилик қилишса, нотариус мол-мулкни хатлаш учун тақдим этишдан бош тортганлик тўғрисида далолатномани тузади ва меросхўрларни бу ҳақда хабардор қилади, уларга бу масала юзасидан даъво билан судга мурожаат этиш ёки даъвони таъминлаш мақсадида суд тартибида мол-мулкни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқларини тушунтиради.

Агар рўйхатга олиш учун жойига чиқилганда, рўйхатга олиниши лозим бўлган мол-мулк мавжуд бўлмаса ва меросхўрлар ёки бошқа шахслар томонидан олиб кетилган бўлса, нотариус мол-мулк мавжуд эмаслиги тўғрисида ёки мол-мулк олиб кетилганлиги тўғрисида далолатнома тузади ва бу ҳақда меросхўрларга ёки бошқа манфаатдор шахсларга хабар беради, уларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мол-мулкни қайтариш талаби билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этиш ҳуқуқини тушунтиради.


106. Рўйхатга олиш далолатномасида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

мерос мол-мулки тўғрисидаги хабар ёки уни қўриқлашга доир чора-тадбирлар кўриш тўғрисидаги топшириқнинг келиб тушган санаси;

рўйхатга олиш санаси, рўйхатга олишда иштирок этувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

мерос қолдирувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг вафот этган санаси;

рўйхатга олинаётган мол-мулкнинг жойлашган жойи, нотариус келишидан олдин хона (хоналар) муҳрланганлиги ва муҳрлаш ким томонидан амалга оширилганлиги, пломба ва муҳрлар бузилмаганлиги ҳақидаги маълумотлар;

далолатномада кўрсатилган барча мол-мулкларнинг батафсил тавсифи.


107. Рўйхатга олишни амалга оширишда иштирок этган меросхўрлар ва бошқа манфаатдор шахсларнинг келишувига кўра рўйхатга олинаётган ҳар бир мерос мол-мулки алоҳида баҳоланиши керак. Келишув бўлмаганида эса мерос мол-мулкига ёки унинг келишувга эришилмаган қисмига нисбатан баҳолаш мерос мол-мулкининг баҳоланишини талаб қилган шахснинг ҳисобидан баҳоловчи ташкилот томонидан амалга оширилади.

Агар меросхўрлар томонидан мерос қабул қилинмаса, баҳоловчи ташкилотнинг хизмат ҳақи мерос мол-мулки ҳисобидан ундирилади.


108. Кўчмас мулклар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиали томонидан ёки баҳоловчи ташкилотлар, автомототранспорт воситалари эса баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланади.


109. Рўйхатга олиш далолатномасининг ҳар бир бетида буюмлар (предметлар) миқдори ва уларнинг баҳоси натижаларига, рўйхат тугаганида буюмлар (предметлар) миқдори ва уларнинг баҳоси умумий натижаларига якун ясалади.

Рўйхатга олиш далолатномасига мерос қолдирувчининг барча мол-мулки киритилади.

Қўшнилар ва бошқа шахсларнинг айрим буюмлари уларга тегишли эканлиги тўғрисидаги аризалари рўйхатга олиш далолатномасига киритилади, манфаатдор шахсларга судга даъво билан мурожаат этиб, ушбу мол-мулкни рўйхатдан чиқариш тартиби тушунтирилади.

Рўйхатга олиш далолатномаси камида уч нусхада тузилиб, битта нусхаси мерос ишига тикилади, иккинчиси тилхат билан мерос бошқарувчилари ва мерос мол-мулкини сақлаш учун топширилган шахсларга, учинчиси меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома билан биргаликда меросхўрларга берилади.


110. Вафот этган шахсдан қолган пул маблағлари меросхўрларга гувоҳнома берилгунга қадар ёки мерос олиш ҳуқуқи бўйича мерос мулкини давлат фойдасига ўтиш ҳолларида нотариуснинг депозит ҳисобрақамига топширилади.

111. Олтин, кумуш, платина ва тангадаги, қуймадаги ва хом турдаги платина гуруҳдаги металларга, чет эл валютасига, чет эл валютасида берилган тўлов ҳужжатларига, ҳужжатли шаклдаги қимматли қоғозларга, қимматбаҳо металлардан, тошлардан ишлаб чиқарилган буюмларга, шунингдек қимматбаҳо тошларга алоҳида рўйхат тузилади, улар конвертга ёки юмшоқ идишга солинади, муҳрланади, пломбаланади ва рўйхатга олинган куннинг кейинги кунидан кечиктирмай, меросхўрларга берилгунича ёки мерос олиш ҳуқуқи бўйича мерос мол-мулки давлатга ўтиш ҳолатида давлат фойдасига топширилгунга қадар, тегишли банкка сақлаш учун топширилади.

Ҳужжатсиз шаклдаги қимматли қоғозлар ҳисобга олиш регистрларидаги ёзувлар тарзида тегишли инвестиция воситачиси ёки Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида сақланади.

Базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кам бўлган нархдаги қимматбаҳо ашёлар (буюмлар) мерос мол-мулки сақлаш учун топширилган шахсларда қолдирилади.

Қимматбаҳо ашёлар (буюмлар)нинг рўйхати уч нусхада тузилади. Улардан бири қимматбаҳо ашёлар (буюмлар) билан тегишли банкка берилади, иккинчиси мерос ишига тикилади ва учинчиси меросхўрларга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома билан бирга берилади.


112. Агар рўйхатга олиш вақтида эскириши сабабли ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган нарсалар ёки уй ҳайвонлари мавжуд бўлса, меросхўрларнинг розилиги билан уларнинг бирига, меросхўрлар бўлмаганида эса нотариус томонидан мерос мулкини сақлаш учун тайинланган бошқа шахсларга далолатнома тузиш орқали топширилади.


113. Озиқ-овқат маҳсулотларини нотариус меросхўрларга, улар бўлмаганда тегишли ташкилотларга реализация учун топширади. Озиқ-овқат маҳсулотларини топшириш алоҳида далолатнома бўйича амалга оширилади.


114. Акциялар, облигациялар, векселлар ва бошқа қимматли қоғозларни рўйхатга олиш далолатномасида ҳар бир акциялар, облигациялар, векселлар ва бошқа қимматли қоғозларни чиқарган ташкилот номи, серияси ва рақами уларнинг номинал қиймати ва сони кўрсатилади.


115. Омонат дафтарчалари ва марҳумга тегишли бўлган нарсаларга ломбард томонидан берилган гаров патталари рўйхатга олинади ва меросхўрларга сақлаш учун берилади. Меросхўрлар бўлмаган тақдирда, нотариус томонидан мерос мулкини сақлаш учун тайинланган бошқа шахсларга топширилади.


116. Марҳумнинг мол-мулки таркибида бўлган барча турдаги қурол, шу жумладан, ов милтиғи ва портловчи моддалар махсус рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига топширилади.

117. Мерос қолдирувчига тегишли бўлган орден, медаллар, фахрий унвонлар, кўкрак нишонлари, шунингдек уларни тақдирлаш тўғрисидаги ҳужжатлар эсдалик сифатида сақлаш учун мерос қолдирувчининг оила аъзоларида қолдирилади ёки меросхўрларнинг розилиги билан улар музейларга топширилиши мумкин.


118. Мол-мулкни рўйхатдан ўтказиш вақтида нотариус қайси мол-мулкни оддий уй-рўзғор буюмларига, қайсиларини эса қимматбаҳо ашёлар (буюмлар) таркибига киритиш масаласини ҳал этиши лозим.

Мол-мулкни оддий уй-рўзғор буюмлари қаторига киритишнинг асосий хусусияти, бу уларни нафақат мерос қолдирувчи томонидан, балки мерос қолдирувчи билан бирга яшаган меросхўрлар ёки бошқа шахсларнинг кундалик маиший эҳтиёжларини қондириш учун улардан фойдаланилганлиги ҳисобланади.

Қимматбаҳо ашёлар (буюмлар) таркибига зеб-зийнатлар, қимматбаҳо металлардан ишланган буюмлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар, ноёб нарсалар, ноёб дарахт навларидан ясалган мебеллар, ноёб санъат асарлари, қимматбаҳо гиламлар, шунингдек қимматбаҳо сервислар, нодир китобларнинг махсус тўпламлари, қимматбаҳо тўпламлар киритилади.


119. Меросхўрлар ўртасида мерос мол-мулкини қимматбаҳо ашё (буюм) ёки оддий уй-рўзғор буюмларига киритилиши тўғрисида келиб чиққан низо суд томонидан ҳал этилади.


120. Мерос қолдирувчининг шахсий буюмлари, шунингдек касбий фаолиятига оид предметлари (масалан, мусиқа асбоблари, тиббий анжомлар ва ҳоказо) рўйхатга олиниши шарт.


121. Агар мол-мулкнинг таркибида қимматбаҳо қўлёзмалар, адабиёт асарлари, тарихий ёзишмалар мавжуд бўлса, ушбу ҳужжатлар алоҳида рўйхатга олиниб, меросхўрларга ёки тегишли ташкилотларга сақлаш учун топширилади, меросхўрлар мавжуд бўлмаган тақдирда, нотариус ушбу ҳужжатлар ва қимматбаҳо ашёлар (буюмлар) сақланадиган хонани (хоналарни) муҳрлаб қўяди.


122. Мерос таркибида бошқаришни талаб қиладиган мол-мулк мавжуд бўлса, шунингдек мерос қолдирувчининг кредиторлари меросхўрлар томонидан меросни қабул қилиб олгунига қадар даъво қўзғатган ҳолларда, нотариус мерос мол-мулкини бошқарувчисини тайинлайди ва бу ҳақда қарор чиқаради.

Нотариус Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига кўра мол-мулкни ишончли бошқариш муассиси сифатида иштирок этиб, ишончли бошқарувчи билан мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини тузади.


123. Нотариус мерос мол-мулки сақлаш учун топширилган шахсларни, васий ва ҳомийларни ҳамда мерос бошқарувчиларини мерос мол-мулкини талон-торож қилганлик, бошқа шахсга ўтказганлик ёки уни яширганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилишлари ва зарар етказганликлари учун моддий жавобгарликка тортилишлари тўғрисида огоҳлантиради. Қилинган огоҳлантириш тўғрисида кўрсатилган шахслардан тилхат олинади. Бу ҳақда сақланишга топширилаётган мерос мол-мулкини рўйхатга олиш далолатномасида ёки мерос мол-мулкини сақлаш учун топшириладиган шахсларни тайинлаш тўғрисидаги қарорида баён этилиши мумкин.

Мерос бошқарувчилари ва сақловчилар агар меросхўр бўлмасалар, мерос мол-мулкини сақлаганлик учун меросхўрлардан ҳақ олишга ҳақлидир. Кўрсатиб ўтилган шахсларнинг мерос мол-мулкини сақлаш ва бошқариш учун қилган зарур харажатлари ҳам қопланади, бунда мол-мулкдан фойдаланиш ҳисобига амалда олинган фойда чегириб ташланади.


124. Нотариуслар меросхўрлар томонидан мерос қабул қилиб олингунига қадар, агар мерос қабул қилиб олинмаган бўлса, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома давлатга берилгунига қадар, мерос мол-мулки ҳисобидан мерос мол-мулки билан боғлиқ харажатларни тўлаш тўғрисида фармойиш беради.

Фармойишнинг бир нусхаси мерос ишига тикилади. Ушбу фармойиш нотариал ҳаракат деб ҳисобланмайди ва бунинг учун давлат божи олинмайди.

Қонунларда мерос мол-мулки ҳисобидан харажатларни қоплашнинг бошқа ҳоллари ҳам белгиланиши мумкин.


125. Агар шахс нотариусга дафн этиш бўйича қилинган харажатларни қоплаш илтимоси билан мурожаат этса, меросхўрлар эса меросни қабул қилишган (меросни олиш тўғрисида ариза тақдим этишган, уларни бошқаришга киришган) бўлса ва улар харажатларни тўлашдан ихтиёрий равишда бош тортишса, нотариус ариза берувчига харажатларни қоплаш тўғрисида меросхўрларга нисбатан даъво аризаси билан судга мурожаат этиш тартибини тушунтиради.

Қилинган сарф-харажатларни тасдиқлаш учун нотариус дафн ташкил қилиш бўйича хизмат идоралари комиссиясининг далолатномаларини, даволаш муассасаларининг маълумотномаларини, суд ҳужжатининг нусхасини, меросхўрларни чақириш бўйича эълонларнинг нашр этилганлиги учун тўлов қоғозини ва бошқа ҳужжатларни талаб қилади.


126. Мерос қолдирувчининг кредиторлари васиятномани ижро этувчига (меросни бошқарувчига) ёки меросхўрларга мерос қолдирувчининг мажбуриятларидан келиб чиқадиган ўз талабларини қўйишга ҳақлидирлар.

Мерос очилган жой бўйича нотариус мерос қолдирувчининг кредиторларидан аризаларни қабул қилади.

Аризалар ёзма равишда баён этилиши ва қарз мажбуриятларининг бажарилиши муддатидан қатъи назар, нотариус томонидан қабул қилиниши лозим. Келиб тушган ариза тўғрисида нотариус васиятномани ижро этувчини (меросни бошқарувчини) ёки меросхўрларни хабардор қилади.



14-1-§. Медиатор вазифасини бажариш

145-1. Нотариус фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан мулкий ва мерос масалалари бўйича ўзаро мақбул қарор қабул қилиш учун тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида низода медиатор сифатида иш юритади.

Нотариус фақат нотариуслар томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар юзасидан келиб чиққан низолар бўйича медиатор вазифасини бажаради.


145-2. Тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин.

Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этади.


145-3. Нотариус қуйидаги низолар бўйича медиатив келишувни тасдиқлайди:

оилавий низолар (эр-хотиннинг мол-мулкини бўлиш);

мерос билан боғлиқ низолар (мерос мол-мулкини тақсимлаш, меросхўрлар ўртасида улушларни бўлиш ва бошқалар);

бошқа низолар (пул мажбуриятлари, мулкни топшириш мажбуриятлари, қарз мажбуриятлари, гаров муносабатлари бўйича мажбуриятлар).


145-4. Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун тарафлар ўзаро келишувга кўра нотариал ҳаракатни амалга оширган нотариусга ёки бошқа нотариусга мурожаат қилиши мумкин.

Манфаатдор тараф низонинг иккинчи тарафига нисбатан қўйилаётган талаблар мазмунини изоҳлаган холда нотариусга келишув тартиб-таомилини қўллаш ҳақида ариза билан мурожаат этади. Нотариус қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда аризани ўрганиб чиқиб, тарафлар, низо предмети, ўтказилиш жойи ва вақти кўрсатилган низони медиация йўли билан ҳал этиш хақида тарафларга хат юборади.

Агар тарафлар нотариусга низолашаётган масала бўйича медиацияни қўллаш ҳақида биргаликда мурожаат этса, нотариус улардан ушбу масала бўйича медиация тартиб-таомилини амалга оширишга розилиги хақидаги оддий ёзма шаклдаги келишувни тақдим этишни сўрайди.


145-5. Тарафлар мулкий ёки мерос масаласи бўйича юзага келган низони нотариус орқали ҳал этишда нотариусга шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини, низо келиб чиқишига сабаб бўлган нотариал ҳаракат асли ёки нусхаси, ушбу низони ҳал этиш учун медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги оддий ёзма шаклда тузилган келишувни тақдим этади.


145-6. Медиация тартиб-таомили медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида тарафлар томонидан келишув тузилган кундан эътиборан бошланади.


145-7. Медиация тартиб-таомили амалга оширилаётганда нотаруис тарафларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклашга, уларнинг у ёки бу қарорни қабул қилишда босим ўтказишга ҳақли эмас.

Нотариус медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида бир вақтнинг ўзида ҳам тарафларнинг барчаси билан, ҳам тарафларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида учрашувлар ўтказади, уларга низони ҳал этишга доир оғзаки ва ёзма тавсиялар беради, медиация бошлангунига қадар медиация тарафларига медиациянинг мақсадини, шунингдек уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, тарафларнинг ўзаро фикр ва таклифларини алмашишларини таъминлайди, тарафлар томонидан низони тартибга солиш турини таклиф қилади.

Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувда:

тарафлар ҳақидаги;

низо предмети тўғрисидаги;

медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартиби, медиатор, тарафлар томонидан келишилган мажбуриятлар, уларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги;

медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган тил, жой ва сана тўғрисидаги;

медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган муддат ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак.


145-8. Медиацияни амалга ошириш муддати медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувда тарафлар томонидан ихтиёрий белгиланади. Бунда муддат ўттиз кундан ошмаслиги лозим. Зарур ҳолларда тарафларнинг ўзаро розилиги билан ушбу муддат ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин.


145-9. Нотариус томонидан қуйидаги ҳолларда медиацияни қўллаш тугатилади:

тарафлар томонидан медиатив келишув тузилганда;

низо хусусида ўзаро мақбул бўлган қарорга эришиш имконияти бўлмаганда;

мавжуд низо бўйича келишувга эришмай туриб медиацияни тугатиш тўғрисида тарафларнинг келишуви тузилганда (медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида ёзма келишув мавжуд бўлган тақдирда);

бирор-бир тараф медиацияни давом эттиришдан воз кечишини маълум қилганда;

медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддатлари ўтганда.


145-10. Тарафлар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижаларидан келиб чиқадиган низони ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, нотариус тарафлар ўртасида тузилган медиатив келишувни тасдиқлайди.

Медиатив келишувда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

тузилган жойи ва санаси;

тарафлар хақидги маълумотлар;

низо предмети;

медиация тартиб-таомилини амалга оширилганлиги, медиатор, тарафлар томонидан келишилган мажбуриятлар, уларни бажариш шартлари ва муддатлари;

медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган тил, жой ва сана;

ўзаро мақбул қарорга эришилганлиги;

медиатив келишувни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эканлиги;

медиатив келишувда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилиши;

медиатив келишув бажарилмаслигининг оқибатлари;

медиатив келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат этишга ҳақли эканлиги.


145-11. Медиатив келишув нотариусга камида уч нусхада тақдим этилади ва нотариал тартибда тасдиқланади, улардан биттаси нотариал идорада сақланади.



15-§. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга

бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар бериш


146. Нотариус эр-хотиннинг ёзма аризасига мувофиқ улардан бирига ёки ҳар иккисига никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради.


147. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома эр-хотиннинг мавжуд умумий мулки ҳисобланган мулкигагина берилади.

Нотариус эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномани бериш пайтида никоҳ тузилганлигини ҳамда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилади.


148. Эр-хотиндан бири вафот этган тақдирда эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг) ёзма аризасига кўра мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилиб, меросни қабул қилиб олган меросхўрлар бу хусусда хабардор қилинади.

Хабарномада эр-хотиннинг улушига мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берилган умумий мулк кўрсатилади, меросхўр норози бўлган тақдирда, ушбу масала бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Хабарнома почта орқали юборилади. Меросхўрлар нотариал идорага келганларида эса нотариус уларни ўз ҳиссасини талаб қилаётган эр ёки хотиннинг ёзма аризаси билан таништиради.

Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотинга (эрга) никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкнинг ярмиси учун берилиши мумкин.

Меросни қабул қилиб олган меросхўрларнинг ёзма аризасига кўра ва марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг) розилиги билан мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномада вафот этган эрнинг (хотиннинг) ҳам умумий мол-мулкдаги улуши белгиланиши мумкин.


149. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома матнида мол-мулкнинг тўлиқ тавсифи кўрсатилади.


150. Нотариус кўчмас мулк ёки автомототранспорт воситасига нисбатан берилган эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномага Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалида, ДЙҲХХ органларида рўйхатга олиниши ҳақида ёзиб қўяди ва тушунтиради.



16-§. Ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан

олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлаш


151. Нотариуслар жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди.


152. Фуқаронинг паспорти (идентификация ID-картаси) ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларининг нусхаси шаҳодатлантирилмайди, халқаро шартномаларда шаҳодатлантирилиши талаб қилинган ҳоллар бундан мустасно.

153. Кўчирма олинаётган ҳужжатда ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта алоҳида масалаларга оид қарорлар бўлган тақдирдагина кўчирманинг тўғрилиги шаҳодатланиши мумкин. Кўчирма ҳужжатнинг муайян масалага доир қисмининг тўла матнини акс эттириши керак.


154. Ҳужжат нусхасидан кўчирилган нусханинг тўғрилигини нотариуслар, башарти аввалги нусханинг тўғрилиги нотариал тартибда шаҳодатланган бўлса ёки ҳужжатнинг нусхаси унинг асл нусхаси тайёрланган ташкилот томонидан берилган бўлса, шаҳодатлайди. Ҳужжатнинг нусхаси унинг асл нусхаси тайёрланган ташкилот томонидан берилган бўлса, ҳужжатнинг нусхаси мазкур юридик шахснинг бланкасида баён этилган, муҳр босиб тасдиқланган ва унда шу ҳужжатнинг асли мазкур ташкилотда эканлиги ёзиб қўйилган бўлиши керак.


155. Ҳужжатнинг шаҳодатланаётган нусхаси ёки кўчирмаси унинг асли билан солиштирилиб чиқилади.


156. Шаҳодатлантирилган ҳужжатларнинг нусхаси ёки кўчирмаси нотариал идорада қолдирилмайди.



17-§. Ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга

тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлаш


157. Нотариус, башарти у тегишли тилларни билса, бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди.

Агар нотариус тегишли тилларни билмаса, таржима таржимон томонидан қилиниши мумкин, нотариус унинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлайди.


158. Таржима нотариусга маълум бўлган ва тегишли тилни билган таржимон томонидан қилиниши керак. Таржимоннинг тегишли тилни билиши унинг дипломи ёки махсус маълумотга эга эканлиги ҳақидаги сертификат ёхуд тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланади.


159. Нотариал ҳаракатни (битимни тасдиқлаш, нусхаларнинг ва шу кабиларнинг тўғрилигини шаҳодатлаш) амалга ошириш пайтида нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахсларнинг (улардан бирининг) илтимосига кўра айни вақтда бошқа тилга таржимаси ҳам қилинадиган бўлса, таржима асл нусха билан бир варақда, яъни иккала матн тик чизиқ билан бўлинган варақда ёнма-ён жойлашиши, асл матн чап томонда, таржима матни эса ўнг томонда бўлиши керак. Бунда ҳужжатнинг бутун матни ва муҳр ҳам таржима қилинади.

Агар таржима таржимон томонидан қилинса, унинг имзоси, фамилияси, исми, отасининг исми ҳужжатнинг таржима матни тагига қўйилади. Ҳужжатни имзоловчи шахслар ҳужжатнинг асл матни ва таржима қилинган матни тагига ўзларининг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзо қўядилар. Бунда ҳужжатнинг таржима матнидаги уларнинг имзолари таржимон имзосидан кейин қўйилади. Нотариуснинг тасдиқловчи ёзуви ҳужжатнинг асл матни ва таржима матни тагига қайд этилади.



18-§. Фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлаш


160. Нотариус фуқаронинг тирик эканлиги фактини унинг шахсий илтимосига кўра ва унинг иштирокида тасдиқлайди.

Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун фуқаронинг ёзма аризаси олинади.

Вояга етмаган шахснинг тирик эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек уни ўз ҳомийлигига олган ташкилотнинг ёзма илтимосига кўра амалга оширилади.


161. Нотариус мурожаат қилган шахсга фуқаронинг тирик эканлиги ҳолатини тасдиқловчи гувоҳнома беради.



19-§. Юридик шахснинг раҳбар органи томонидан

қарор қабул қилинганлиги фактини тасдиқлаш


162. Нотариус юридик шахснинг раҳбар органи йиғилишини чақирувчи органнинг хати ёки шахснинг аризасига кўра ушбу йиғилишда қатнашади.

Бунда нотариус юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини белгилаш учун юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини, юридик шахс раҳбар органининг қарор қабул қилиш борасидаги ваколатини Тизим орқали текширади.


163. Нотариус йиғилишда кворум мавжудлигини ва овозларни санаб чиқиш асосида қарор қабул қилиш учун керакли овозлар сони мавжудлигини қонун ҳужжатларига ва юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ аниқлайди.


164. Юридик шахснинг раҳбар органи томонидан ўтказилган йиғилиш баённомасига асосан юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини тасдиқлаш тўғрисида ҳамда ушбу қарорни қабул қилиш чоғида ҳозир бўлган иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) таркиби ҳақида гувоҳнома беради.



19-1-§. Далилларни таъминлаш

164-1. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда манфаатдор шахсларнинг илтимосига биноан нотариус судда ёки маъмурий органда иш юзага келган тақдирда, агар тақдим этиш кейинчалик мумкин бўлмай қолади ёки қийин бўлади деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлса, далилларни таъминлайди.

Нотариус далилларни нусха олиш, ёзиб олиш, тўплаш ва ўзида сақлаш орқали таъминлайди.


164-2. Нотариус Қонунда белгиланган тартибда далилларни таъминлаши мумкин.

Нотариус томонидан далилларни таъминлаш суддан олдин ҳам, суд жараёни мобайнида ҳам амалга оширилиши мумкин.

Бунда ариза берувчи нотариусга далилларни таъминлаши учун бу ҳақида ариза билан мурожаат қилади. Ариза умумий тартибда, далилларни таъминлаш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзилади.

Мазкур ариза нотариусга далиллардан нусха олиш, уларни ёзиб олиш, тўплаш ва сақлаш учун асос бўлади.

Нотариус далилларни таъминлаш ҳақида аризани қабул қилганидан сўнг, мазкур масалага алоқадор барча тарафларни далилларни таъминлаш жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилиши шарт.


164-3. Далилларни таъминлаш нотариус томонидан баённома тузиш орқали расмийлаштирилади. Баённомада қайси ҳолат бўйича далил таъминланаётганлиги, исботлаш предмети ва унинг мазмуни, аризачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилиши лозим.

Далилларни таъминлаш учун нотариус гувоҳларнинг кўрсатувларини ёзиб олади, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечиради ва гувоҳлантиради, экспертиза тайинлайди, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги фактларни тасдиқлайди.

Далилларни таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган ҳар бир ҳаракат баённомада акс эттирилиши ва уларда камида иккита холис иштирок этиши лозим.


164-4. Гувоҳларни сўров қилиш ва уларнинг кўрсатувларини ёзиб олиш, агар бу гувоҳлар келгусида ўтказиладиган суд жараёнида қатнаша олмаса, улар саломатлигининг аҳволи оғир бўлса ва ўз ихтиёрига кўра нотариус томонидан сўроқ қилинишига рози бўлса амалга оширилади. Гувоҳларнинг кўрсатувлари уларни сўроқ қилиш баённомасида қайд этилади. Ушбу баённома гувоҳ, гувоҳни сўроқ қилишда иштирок этган шахслар ва нотариус томонидан имзоланиши шарт.


164-5. Нотариус томонидан ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш ёки гувоҳлантириш, улар тақдим этилган тақдирда нотариал идора биносида, акс ҳолда, жойига чиқиб амалга оширилади ҳамда далилларнинг тавсифи ва ҳолатнинг мазмуни баённомада акс эттирилади.


164-6. Нотариус далилларни таъминлаш учун маълум бир соҳа мутахассисларининг хулосаси зарур деб ҳисобласа, у ҳолда экспертиза тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Мазкур қарор нотариус томонидан бир иш кунидан кечиктирмай экспертизани амалга оширувчи тегишли ташкилот, корхона, муассаса ёки мансабдор шахсга юборилади.


164-7. Нотариус баённомада гувоҳларни ва экспертларни ёлғон маълумот ёки ёлғон гувоҳлик берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантириши шарт.


164-8. Нотариус қуйидаги ҳолларда Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги фактларни тасдиқлашни амалга оширади:

тегишли домен ўғирланганда;

муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган контент (матн, аудио ва видео материаллар) ўғирланганда;

товар ёки хизмат кўрсатиш белгиларидан ноқонуний фойдаланилганда;

реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда реклама жойлаштирилганда;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг ишчанлик обрўси, шаъни ва қадр-қимматини камситувчи туҳмат ёки ҳақоратли маълумотлар жойлаштирилганда.

Манфаатдор шахс нотариусга Интернет жаҳон ахборот тармоғида далилларни таъминлашни сўраб аниқ сабабларни кўрсатган ҳолда мурожаат қилиши лозим. Бунда ариза берувчи аризада веб-портал ёки веб-сайт ёхуд веб-саҳифани аниқ кўрсатиши шарт.

Нотариус мазкур ариза кўрсатилган тегишли веб-портал ёки веб-сайт ёхуд веб-саҳифа бўйича фактларни кўздан кечиради.

Нотариус веб-портал ёки веб-сайт ёхуд веб-саҳифани кўздан кечираётган вақтда кўрсатилган манзилдаги маълумотлар ҳақиқатдан ҳам ариза берувчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зид эканлигига ишонч ҳосил қилиши шарт.

Нотариус тегишли веб-портал ёки веб-сайт ёхуд веб-саҳифани кўздан кечириб бўлганидан сўнг, ундаги фактларни қоғозда чоп этади ва аниқ манзилни кўрсатган ҳолда уларни тасдиқлайди.

Нотариус фактларни тасдиқлаш учун амалга оширган ҳаракатлар рўйхатини, кўрилган саҳифалар сонини, далилларнинг таркибини, веб-портал ёки веб-сайт ёхуд веб-саҳифа кўздан кечирилган сана ва жойни, манфаатдор шахслар тўғрисидаги ва нотариал идора тўғрисидаги маълумотларни баённомада қайд этади ҳамда тасдиқланган далилларни баённомага илова қилади.



20-§. Фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш


165. Нотариус фуқаронинг илтимосига кўра унинг нотариусга мурожаат қилган вақтда муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди.

Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун фуқаронинг ёзма аризаси олинади.

Вояга етмаган шахснинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек васийлик ва ҳомийлик органларининг илтимосига кўра амалга оширилади.


166. Нотариус мурожаат қилган шахсларга фуқаронинг муайян жойда эканлик ҳолатини тасдиқловчи гувоҳнома беради.



21-§. Фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган

шахс эканлигини тасдиқлаш


167. Нотариус фуқаро тақдим этган фотосуратдаги шахс шу фуқаронинг айнан ўзи эканлигини тасдиқлайди ва унинг тасдиғи сифатида гувоҳнома беради.

Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун фуқаронинг ёзма аризаси олинади.


168. Фотосурат гувоҳноманинг берилаётган нусхасининг юқори чап бурчагига қўйилиб, нотариуснинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади. Бунда муҳр қисман фотосурат устига, қисман эса гувоҳнома устига қўйилиши керак.



22-§. Ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлаш


169. Нотариус ўзига ҳужжат тақдим этилган вақтни тасдиқлайди.


170. Нотариус ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлашда ҳужжат тақдим этган жисмоний шахснинг шахсини ёки ваколатини ҳамда юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини ва вакилининг ваколатини аниқлайди. Бу нотариал ҳаракат манфаатдор шахснинг ёзма аризасига асосан амалга оширилади.


171. Нотариусга ҳужжат камида икки нусхада тақдим этилади. Ҳужжат бир варақдан ортиқ бўлса, варақлари рақамланиб, ип ўтказиб тикилади. Тасдиқловчи ёзув ҳужжатнинг тақдим этилган иккала нусхасига ҳам ёзилади, улардан бири нотариал идорада қолдирилади. Ҳужжатнинг иккинчи нусхаси йўқ бўлса, нотариус ҳужжатдан нусха олиб, уни нотариал идоранинг йиғмажилдларига тикиб қўяди ҳамда унга ҳам тасдиқловчи ёзув ёзади.


172. Бир шахс томонидан айни бир вақтда бир неча ҳужжат тақдим этилса, уларнинг ҳар бирига тасдиқловчи ёзув ёзилади ва тақдим этилган ҳар бир ҳужжат учун давлат божи олинади.



22-1-§. Муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти

тақдим этилган вақтни тасдиқлаш

172-1. Нотариус муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлайди.

Муаллиф ёки бошқа турдош ҳуқуқ эгаси муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектини нашриётга, оммавий ахборот воситаларига ёки учинчи шахсларга топширишдан олдин келгусида ўзининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлатиши мумкин. Бунинг учун у исталган нотариусга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


172-2. Муаллиф ёки турдош ҳуқуқ эгаси нотариусга ўз ҳуқуқларини келажакда ҳимоя қилиши лозим бўлган асарининг бирламчи манбасини тақдим этади.

Нотариус ушбу ҳужжатларни шахсан ўзи кўздан кечиради, уларда тузатиш йўқлигини текширади. Агар ҳужжатда тузатиш аниқланса, нотариус томонидан бу ҳақда ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида кўрсатилиши шарт.

Ҳужжатлар матни аниқ ва тушунарли, қалам билан ёзилмаган бўлиши лозим.


172-3. Муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни нотариус томонидан тасдиқлаш икки нусхада амалга оширилади. Бунда ҳужжатнинг ҳар бир нусхасига тасдиқловчи ёзув киритилади.

Ушбу тасдиқловчи ёзувда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

нотариуснинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

нотариал идоранинг тўлиқ номи;

муаллифлик ва (ёки) турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақт ва сана;

муаллиф ёки турдош ҳуқуқ эгасининг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг яшаш манзили.

Муаллиф ёки турдош ҳуқуқ эгаси томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳужжатлар тақдим этилганда, уларнинг ҳар бирига алоҳида тасдиқловчи ёзув киритилади. Бунда тасдиқланган ҳужжатларнинг бир нусхаси муаллиф ёки турдош ҳуқуқ эгасига берилади, иккинчи нусхаси нотариусда қолади.


172-4. Муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлаш муаллифлик ва турдош ҳуқуқнинг юзага келиши учун асос бўлмайди.



22-2-§. Электрон ҳужжатнинг қоғоз шаклидаги ҳужжат

билан бир хил юридик кучга эга эканлигини тасдиқлаш

172-5. Нотариус мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатларни амалга оширишда нотариал тартибда тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномаларнинг электрон шакли қоғоз шаклда тақдим этилган ҳужжатга мувофиқлигини тасдиқлайди.

Электрон ҳужжатнинг қоғоз шаклидаги ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга эканлигини тасдиқлаш 2020 йил 1 январдан бошлаб республика ҳудудида нотариуслар томонидан тасдиқлаб келинаётган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар учун амал қилади.

Бунда нотариус аризалар, ижара шартномалари ва ишончномаларни унинг номидан тасдиқланган ёки унда тараф сифатида иштирок этган шахснинг мурожаатига асосан бошқа нотариус томонидан тасдиқланган ҳужжатларнинг файл кўринишини унинг ноёб рақами ёки бошқа шу каби маълумотлари орқали Тизимдан электрон файл кўринишига ўтказиб олади.

Шундан сўнг, нотариус томонидан ҳужжатлар электрон файл кўринишидан қоғозга чиқариб олинади ва ушбу ҳужжатлар уларнинг асл нусхаси билан бир хил юридик кучга эга эканлиги тўғрисида тасдиқловчи ёзув ёзиб қўйилади. Бунда ҳужжатлар икки ёки ундан ортиқ варақдан иборат бўлса битта йиғмажилд шаклига келтирилади, махсус тешик очгич (люверс) ёрдамида тешган ҳолда ип ўтказиб тикилади, рақамланади, ҳужжатнинг охирги варағи ёрлиқ билан елимланган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланиб, муҳр босилади ва ушбу ҳужжатлар уларнинг асл нусхаси билан бир хил юридик кучга эга эканлиги тўғрисида тасдиқловчи ёзув ёзиб қўйилади.

Ҳужжатларнинг бир нусхаси мурожаат қилувчига берилади, иккинчи нусхаси нотариал идорада қолдирилади.

Ушбу ҳужжатларнинг тасдиқланган электрон шакли қоғоздаги ҳужжат билан бир хил юридик кучга эгадир.


172-6. Оддий ёзма шаклда тузилган аризалар ва битимларнинг, шунингдек шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон шаклини қоғоздаги ҳужжат билан тенг юридик кучга эгалигини тасдиқлашга йўл қўйилмайди.



23-§. Жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари

ва (ёки) бошқа ҳужжатларини бошқа жисмоний

ва юридик шахсларга топшириш


173. Нотариус жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари ва (ёки) ўзга ҳужжатларини уларнинг аризаларига кўра бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади. Аризалар ва (ёки) бошқа ҳужжатлар топширилганлигини маълум қилиш шарти билан почта орқали юборилади ёки бевосита тегишли шахсларга олганлиги ҳақида имзоси қўйилиб топширилади. Аризалар телефакс, компьютер тармоқлари ва бошқа техник воситалардан фойдаланиб ҳам узатилиши мумкин. Аризалар ва (ёки) бошқа ҳужжатларни топшириш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраган шахс қоплайди.


174. Нотариус нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ (ишончномани бекор қилиш ҳақидаги ариза, қарз шартномаси бўйича қарздорга аризани топшириш, кўчмас мулкни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга аризани топшириш ва ҳоказо) бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларини олиб бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ҳам топшириши мумкин.


175. Аризалар ва (ёки) бошқа ҳужжатлар нотариал идорага камида икки нусхада тақдим этилади. Улардан бири топширилганлигини маълум қилиш шарти билан почта орқали юборилади ёки бевосита тегишли шахсларга имзо қўйилиб топширилади. Иккинчи нусхаси нотариал идорада қолдирилади.

Ариза ва (ёки) бошқа ҳужжатлар почта орқали юборилган тақдирда, у олувчига нотариуснинг кузатув хати билан юборилади. Кузатув хатининг нотариал идорада қоладиган нусхасига шу аризанинг берилганлиги қайд этилган рақами кўрсатилади.

176. Шахснинг илтимосига кўра нотариус аризалар ва (ёки) бошқа ҳужжатларнинг топширилганлиги ҳақида гувоҳнома беради.



24-§. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни

депозитга қабул қилиш


177. Нотариус Қонуннинг 74-моддасига мувофиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилади.


178. Депозитга чет эл валютасидаги пул суммасини ҳам топшириш мумкин.


179. Давлат нотариал идоралари нотариуслари пул суммалари ва қимматли қоғозларни ҳудудий адлия органи томонидан тегишли банкларда очилган депозитга қабул қилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар пул суммалари ва қимматли қоғозларни тегишли банкларда очилган ўзларининг депозитига қабул қилади.

180. Юридик шахслар томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилишда нотариус қуйидаги ҳужжатларни талаб қилади:

пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш ҳақида ёзма ариза;

юридик шахс ижро органи раҳбарининг тайинланганлиги ҳақидаги ҳужжат (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо);

тегишли инвестиция воситачиси ёки Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан берилган қимматли қоғозлар эгаларининг рўйхати;

умумий мажлисда қатнашмаган кредиторларга (таъсисчи ёки акциядорга) умумий мажлис томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича юборилган хабарномалар реестри;

кредитор жойлашган манзилни тасдиқловчи ҳужжат.


181. Жисмоний шахслар томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилишда нотариус қуйидаги ҳужжатларни талаб қилади:

пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида ёзма ариза;

пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш учун асослар (қарз шартномаси, суд ҳужжатлари ва бошқалар);

пул суммалари ва қимматли қоғозлар топшириладиган кредиторларнинг рўйхати;

кредитор жойлашган манзилни тасдиқловчи ҳужжат.


182. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида ёзма аризада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (юридик шахснинг номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи);

кредиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми (юридик шахснинг номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи);

мажбурият қандай сабабларга кўра бевосита бажарилмаганлиги.


183. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш ҳақидаги аризалар нотариал тартибда тасдиқланади.

Тасдиқлов ёзувида пул суммаларининг қабул қилинганлиги кўрсатилади.

Депозитга қимматли қоғозлар қабул қилинганда аризада қимматли қоғозларнинг тури, сони, уларнинг рақами, серияси ва номинал қиймати ёзилиши лозим.


184. Нотариус пул суммалари ва қимматли қоғозлар олинганлиги тўғрисида кредиторни хабардор қилади.

Қарздор кредиторнинг манзилини кўрсатмаса ва бу манзил нотариусга маълум бўлмаса, қарздор томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозлар топширилганлиги ҳақида кредиторга хабар қилиш мажбурияти унинг ўзига юклатилиши тўғрисида нотариус огоҳлантиради.


185. Нотариус қарздорга топширилган пул суммалари ва қимматли қоғозлар кредиторга ёки унинг вакилига топширганлиги тўғрисида маълумотнома беради.


186. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида нотариуснинг хабарномасини олган кредитор ушбу нотариусга ёзма ариза билан мурожаат этади. Аризадаги имзонинг ҳақиқийлиги нотариал тартибда шаҳодатлантирилади.


187. Давлат нотариал идораси нотариуси кредитор ёки унинг вакилининг ёзма аризасига асосланиб, ҳудудий адлия органига кредиторларнинг рўйхатини илова қилган ҳолда пул суммалари ва қимматли қоғозларни топшириш ҳақида хат юборади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус кредитор ёки унинг вакилининг ёзма аризасига асосан банкка кредиторларнинг рўйхатини илова қилган ҳолда пул суммалари ва қимматли қоғозларни топшириш ҳақида хат ва тўлов топшириқномасини юборади.

188. Ҳудудий адлия органи давлат нотариал идораси нотариусининг хати асосида пул суммалари ва қимматли қоғозларни топшириш учун депозит ҳисобрақами очилган тегишли банкка тўлов топшириқномасини юборади. Тўлов топшириқномасига асосан кредитор ёки унинг вакилига тегишли банк томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозлар берилади.

189. Пул суммалари ва қимматли қоғозларнинг уларни депозитга топширган шахсга (қарздорга) қайтарилишига тўлов кимнинг фойдасига амалга оширилган бўлса, ўша шахснинг ёзма розилиги билан ёки суд қарорига биноан йўл қўйилади.


190. Депозитда сақланаётган пул суммалари ва қимматли қоғозлар ҳудудий адлия органларининг ёки хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг мулки ҳисобланмайди.

191. Депозитдаги кредиторларга берилиши лозим бўлган пул суммалари ва қимматли қоғозлар уч йил мобайнида сақланади. Ушбу муддатлар ўтгандан кейин талаб қилиб олинмаган пул суммалари ва қимматли қоғозлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.



25-§. Ижро хатларини ёзиш


192. Қарздордан пул суммаларини ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш учун нотариус қарздорликни белгиловчи ҳужжатларга ижро хатларини ёзади. Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун манфаатдор шахснинг ёзма аризаси олинади.


193. Ижро хатлари қуйидаги ҳолларда ёзилади:

тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлиги ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқласа;

даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб ўтган вақт уч йилдан ортиқ бўлмаса.

Агар ижро хати бериш ҳақидаги талаб учун қонун ҳужжатларида бошқа муддат белгиланган бўлса, ижро хати шу муддат ичида берилади.


194. Ижро хати олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 18 январдаги 26-сонли қарори билан тасдиқланган Нотариусларнинг ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар рўйхатида назарда тутилган ҳужжатлар икки нусхада тақдим этилади.


195. Ижро хати ёзиш мумкин бўлган муддат ундирувчида қарзни мажбурий ундириш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб ҳисобланади.


196. Ижро хатида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:

ижро хатини ёзаётган нотариуснинг фамилияси, исми, отасининг исми, ижро хатининг қайси ҳужжат асосида берилганлиги;

ундириб олувчининг номи ва манзили (жисмоний шахслар учун туғилган санаси ва жойи, иш жойи);

қарздорнинг номи ва манзили (жисмоний шахслар учун туғилган санаси ва жойи, иш жойи);

ундириб олиш амалга ошириладиган муддат;

Қонуннинг 80-моддаси талаблари тушунтирилганлиги;

ундириб олиниши керак бўлган суммалар ёки талаб қилиб олиниши керак бўлган нарсалар, шу жумладан, тўланиши керак бўлган пеня ва фоизлар;

ундириб олувчи тўлаган ёки қарздордан ундирилиши керак бўлган давлат божи ёки тариф суммалари;

ижро хати ёзилган сана (йил, ой, кун);

ижро хатининг реестрда қайд этилган тартиб рақами;

ижро хатини ёзган нотариуснинг имзоси;

нотариуснинг муҳри.


197. Ижро хати қарздорликни белгиловчи асл ҳужжатда қайд этилади. Қарздорликни белгиловчи асл ҳужжатда ижро хати ёзиш учун жой бўлмаган ҳолларда у алоҳида варақда амалга оширилади. Ушбу варақ қарздорликни белгиловчи асл ҳужжатга қўшиб тикилади, рақамланади ва муҳрланади.


198. Бир хил шаклдаги ҳужжатлар бўйича (масалан, банк қарзлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аъзолари томонидан умумий харажатларни қоплаш учун тўланадиган мажбурий бадаллар ва коммунал хизматлар учун тўланадиган мажбурий тўловлар ҳамда шу кабилар) бир қанча ижро хатлари беришни амалга ошириш пайтида нотариал идорада қарздорларнинг рўйхатлари олинади. Бунда қарздорларнинг тўлиқ номи ва манзили, тўлов муддатлари, ижро ёзуви бўйича қарз ундириш суммаси, зарур ҳолларда эса бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилади.


26-§. Векселни протест қилиш.

Чекни тўловга тақдим этиш ва чекнинг

тўланмаганлигини тасдиқлаш


199. Тарафларнинг келишувига мувофиқ қарз олувчи вексель берган бўлиб, бу вексель уни берувчининг (оддий вексель) ёки векселда кўрсатилган бошқа тўловчининг (ўтказма вексель) векселда назарда тутилган муддат келгач, қарзга олинган пул суммаларини тўлаш ҳақидаги ҳеч қандай шарт билан боғланмаган мажбуриятини тасдиқласа, тарафларнинг вексель бўйича муносабатлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


200. Нотариус пули тўланмаган, акцепт қилинмаган ва акцепт санаси кўрсатилмаган векселни қонун ҳужжатларига мувофиқ протест қилади.


201. Тўланмаганлик учун протест солинадиган векселлар нотариусга вексел бўйича тўлаш вақти ўтган куннинг эртасига топширилади.


202. Векселларга тўланмаганлик тўғрисидаги протест нотариуслар томонидан тўловчининг яшаш жойи (жойлашган ери) бўйича ёки тўлов жойи бўйича (домициллаштирилган векселлар, яъни тўлаш учун учинчи шахснинг қўлида бўлган векселлар) солинади, ноакцепт ва санаси кўрсатилмаган акцепт векселларга протест эса тўловчининг яшаш жойи (жойлашган ери) бўйича солинади.


203. Нотариус векселни протестга қабул қилиб олган кунда тўловчига ёки домицилиантга (домициялашган векселни тўловчи шахс) векселни тўлаш ёки векселни акцептлаш тўғрисидаги талабни қўяди.

Агар тўловчи (домицилиант) векселни тўлаган тақдирда нотариус унга протест қўймай, векселни уни тўлаган шахсга қайтаради, векселнинг ўзига тўлов ва белгиланган форма бўйича тегишли бошқа суммалар олинганлиги тўғрисида ёзиб қўяди.

Агар тўловчи ўтказиладиган векселга акцепт тўғрисида белги қўйдирган бўлса, вексел протест солинмаган ҳолда унинг сақловчисига топширилади.


204. Тўловчи (домицилиант) векселни тўлаш ёки акцептлаштиришдан бош тортган тақдирда ёхуд у нотариал идорага келмаган тақдирда, нотариус белгиланган формага вексел тўланмаганлиги ёки акцептланмаганлиги учун унга протест солиш тўғрисида далолатнома тузади, шунингдек векселнинг ўзига у тўланмаганлиги ёки акцептланмаганлиги учун тақиқ солинганлиги ҳақида белги қўяди.


205. Тўловчининг қаердалиги номаълум бўлган тақдирда векселга тўлов ёки акцепт тўғрисидаги талаб қўйилмаган ҳолда протест солинади, яъни протест тўғрисидаги далолатномага тегишли белги қўйилади.


206. Тўловчининг турар жойидаги нотариус тўловга тақдим этилган чекни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда қабул қилиб олади.

Чек тўланмаган тақдирда нотариус чекнинг тўланмаганлигини унга ёзиб қўйиш йўли билан тасдиқлайди ва буни Тизимда қайд этади. Чекка ёзиш билан бирга чек берувчига унинг чекини банк тўламаганлиги ва бу хусусида чекка ёзиб қўйилганлиги ҳақида билдириш хати юборилади.

Чек тўланмаган тақдирда нотариус чек сақловчининг илтимосига кўра ижро хатини ёзади.



27-§. Ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олиш


207. Нотариус ҳужжатларни сақлаш учун рўйхат бўйича қабул қилиб олади.

Рўйхат икки нусхада тузилиб, ҳужжатларни сақлаш учун топширган шахс ва нотариус томонидан имзоланади. Рўйхатнинг бир нусхаси нотариусда қолади, бошқа нусхаси ҳужжатларни сақлаш учун топширган шахсга берилади.

Агар ҳужжатлар лозим тарзда ўраб жойлаштирилган бўлса, шахснинг илтимосига кўра нотариус уларни рўйхатсиз ҳам қабул қилиб олиши мумкин. Ҳужжатлар ўрамига нотариуснинг муҳри қўйилади ҳамда у нотариус ва ҳужжатларни топширган шахс томонидан имзоланади. Бундай ҳолларда нотариус ҳужжатлар ўрамининг бут сақланиши учун жавоб беради.

Ҳужжатларни сақлаш учун топширган шахсга гувоҳнома берилади.


208. Қабул қилиб олинган ҳужжатлар нотариал идоранинг муҳри билан муҳрланган темир жавон ёки сейфларда алоҳида пакетларда сақланади.


209. Сақлаш учун қабул қилинган ҳужжатлар уларни сақлаш учун топширган шахсга ёки унинг қонуний вакилига гувоҳнома ва (ёки) рўйхатни тақдим этганидан кейин ёки суднинг қарорига кўра қайтарилади.


28-§. Денгиз протестларини амалга ошириш


210. Нотариус кема эгасининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун далил-исботларни таъминлаш мақсадида кема капитанининг кема сузиб бораётганда ёки у тўхтаб турган жойда содир бўлган ҳамда кема эгасининг олдига мулкий талаблар қўйиш учун асос бўлиши мумкин бўлган ҳодиса тўғрисидаги аризасини қабул қилади.

Денгиз протести ҳақидаги аризада юз берган ҳодиса тафсилотлари ва капитаннинг ўзига ишониб топширилган мулкнинг бут сақланишини таъминлаш юзасидан кўрган чора-тадбирлари баён этилган бўлиши керак.

Денгиз протести тўғрисидаги аризада баён этилган ҳолатларнинг тасдиғи сифатида кема капитани ариза билан бир вақтда ёки кема портга кирган кундан бошлаб, агар ҳодиса портда юз берган бўлса, у юз берганидан сўнг етти кундан кечиктирмай нотариусга кўздан кечириш учун кема дафтарини ва кема дафтаридан олиниб капитан томонидан тасдиқланган кўчирмани тақдим этиши шарт.


211. Денгиз протести ҳақидаги ариза кема портга кирган вақтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида берилади. Агар денгиз протести ҳақида ариза бериш заруратини келтириб чиқарган ҳодиса портда юз берган бўлса, протест ҳодиса юз берган вақтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида берилиши керак.

Протестни белгиланган муддатда беришнинг имкони бўлмаган тақдирда, бунинг сабаблари денгиз протести ҳақидаги аризада кўрсатилиши керак.


212. Нотариус капитаннинг аризаси, кема дафтаридаги маълумотлар, шунингдек капитаннинг ўзи ҳамда кема қўмондонлиги таркибидан камида икки гувоҳни ва кема командаси таркибидан икки гувоҳни сўроқ қилиш асосида денгиз протести ҳақида далолатнома тузади ва уни ўз имзоси ҳамда муҳри билан тасдиқлайди. Денгиз протести ҳақидаги далолатноманинг бир нусхаси капитанга ёки вакил қилинган шахсга берилади, капитаннинг аризаси ва кема журналидан кўчирма илова қилинган денгиз протести ҳақидаги далолатноманинг бошқа нусхаси эса нотариал идорада қолдирилади.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


213. Мазкур Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 5 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 14 январь, 1-2-сон, 18-модда